ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Саноат, эренгетика ва бошка ишлаб чикариш объектларникуриш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2021 й. ПҚ-5193-сон "Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси қурилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2021 й.

N ПҚ-5193



СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА ҚУВВАТИ

1 500-1 600 МВТ БЎЛГАН БУҒ-ГАЗ ЭЛЕКТР

СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва "Stone City Energy" компанияси (Нидерландия) (кейинги ўринларда - Инвестор) ўртасида 2020 йил 26 сентябрда 1,2 млрд АҚШ долларига тенг бўлган Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириш бўйича келишувнинг асосий шартлари акс эттирилган ҳужжат имзоланганлиги;

б) Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Инвестор томонидан "SCE Quvvat" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) ташкил этилганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 22 апрелда инвестиция битими имзоланганлиги (кейинги ўринларда - Инвестиция битими) ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ва 25 йил давомида эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, жами 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

г) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 22 апрелда Инвестиция лойиҳаси доирасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) имзоланганлиги ҳамда ушбу битимга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 30 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиши;

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ тимсолида ягона харидорга сотиш мажбуриятини олганлиги;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл валютасида имтиёзли, қопланмайдиган шартсиз банк кафолати тақдим этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги имзоланган Инвестиция битими тасдиқлансин.

Белгилансинки, Инвестиция битими унда кўрсатилган шартларга мувофиқ кучга киради.


3. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижасида Инвестиция лойиҳаси доирасида имзоланган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигига Лойиҳа компанияси ва Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этаётган кредиторлар билан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар Лойиҳа компанияси томонидан бажарилмаган тақдирда Лойиҳа компанияси ҳуқуқларини кредиторларга бериш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.

5. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБнинг чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолатини тақдим этишга;

Инвестиция лойиҳаси эҳтиёжи учун табиий газ етказиб берувчи сифатида иштирок этишга;

Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган электр энергияси нархларини, истисно тариқасида, чет эл валютасига боғлаган ҳолда белгилашга рухсат берилсин.


6. "Ўзтрансгаз" АЖ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ Лойиҳа компаниясига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини таъминласин.

Бунда, "Ўзтрансгаз" АЖнинг айби билан табиий газ етказиб берилмаслиги натижасида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан Лойиҳа компаниясига етказилган зарарлар, шу жумладан барча турдаги жарима ва бой берилган фойда суммаларини тўлаб бериш мажбурияти юзасидан, агарда шартномада бошқа шартлар кўрсатилмаган бўлса, табиий газ етказиб берувчилар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ олдида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ регресс тартибида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилсин.

Молия вазирлиги "Ўзтрансгаз" АЖ билан биргаликда уч ой муддатда янги электр станциясини табиий газ билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш мақсадида лойиҳа майдонигача янги газ қувурини 2023 йилнинг учинчи чорак якунига қадар қуриш учун молиялаштириш манбаини аниқласин.

"Ўзтрансгаз" АЖ ушбу газ қувури қурилишини белгиланган муддатларда якунлаш чораларини кўрсин.


7. Сув хўжалиги вазирлиги Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ Лойиҳа компаниясига техник сув етказиб бериш тўғрисида шартномалар имзоланишини таъминласин.


8. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тўланиши лозим бўлган барча солиқлар ва йиғимлар амалга оширилган ҳолда, хорижий кредиторларнинг лойиҳаларни молиялаштиришда анъанавий қўллайдиган рискни бошқариш талабларига мувофиқ кредит маблағлари сарфини назорат қилиш, чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақларини очиш ҳамда республикада очилган банк ҳисобварақларидан хорижда очилган банк ҳисобварақларига Инвестиция лойиҳаси доирасида олинган кредитларни қайтариш мақсадида пул маблағларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги хорижий пудратчиларга, етказиб берувчиларга ёки хорижий кредиторларга тўловларни тўғридан-тўғри чет элдаги банк ҳисобварақларидан амалга ошириш.


9. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган ер участкасининг Давлат активларини бошқариш агентлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур бандга асосан ажратилган ер участкасининг Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.

Лойиҳа доирасида ижарага бериладиган ер участкаси учун тўлов Лойиҳа компанияси томонидан амалга оширилиб, тўлов қиймати ер солиғи қийматига тенглаштирилсин.

10. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


11. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ҳамда Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилишини таъминласин.


12. Лойиҳа компаниясининг талабномаларига (буюртманомаларига) асосан:

Ташқи ишлар вазирлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари белгиланган тартибда, расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин;

Ички ишлар вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар расмийлаштирилишини, берилишини (муддати узайтирилишини) ҳамда вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 апрелдаги "Сурхондарё вилоятида 900 МВт қувватга эга комбинацияланган циклли иссиқлик электр станциясининг қурилиши" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4286-сон қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этиш ҳамда Лойиҳа компаниясига талаб этиладиган ҳажмлар ва параметрларда табиий газ етказиб бериш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири А.С. Султанов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб, ижро учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 24 июль












































Время: 0.1927
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск