ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Сув транспорти /

Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 02.08.2021 й. 484-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 2 августдаги

484-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган

базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари (кейинги ўринлардан - Қоидалар) Ўзбекистон Республикаси сув объектларида кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан риоя этилиши лозим бўлган талабларни белгилайди.


2. Қоидалар талабларининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг (кеинги ўринларда - Инспекция) бошлиғи, катта офицери ва бош мутахассиси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) бош инспекторлари (кейинги ўринларда - мансабдор шахслар) томонидан амалга оширилади.


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


кичик ҳажмли кема - асосий двигателлар қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъи назар осма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар (эшкакли қайиқлар (эшкакли қайиқлар ва сув велосипедлари (катамаранлар)), елканли кемалар ҳаво босими билан тўлдириладиган ёки шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар;


кичик ҳажмли кемалар турадиган база (иншоот) - сув объектининг кичик ҳажмли кемалар туриши учун махсус жиҳозланган, шунингдек, улар сақланадиган бинолар, иншоотлар мажмуи билан туташган қирғоқ ҳудуди;


навигация - ҳудуднинг об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб сув объектларида кичик ҳажмли кемалардан (кейинги ўринларда - кема) фойдаланиш мумкин бўлган давр;


сузиш жойи - кема тури ва моделини инобатга олиб кемаларда сузишга рухсат этилган сув ҳавзаси ҳудуди;


сув объекти - сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек, коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари.



2-БОБ. КЕМАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАЛАБЛАРИ


4. Ҳудудий бошқармалар томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтказилган кемалардан фойдаланишга рухсат берилади.


5. Кемалардан сув объектларида навигация даври давомида, шунингдек, сел ва сув тошқини хавфи мавжуд бўлмаганда фойдаланиш мумкин.


6. Кемалардан фойдаланишга хавфсиз сузиш ва маневрлаш имкониятини таъминловчи, тўхташ жойи ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш, юк ортиш ва тушириш учун мўлжалланган иншоотлар ва қурилмалар мавжуд бўлган сув объектларининг белгиланган ҳудудларида рухсат берилади.


7. Сув объектларининг алоҳида қисмларида кемалардан фойдаланиш чекланиши мумкин. Бунда аҳоли ва фойдаланувчилар камида ўн кун олдин телекоммуникация, оммавий ахборот воситалари ва бошқа воситалар орқали ҳудудий бошқармалар томонидан огоҳлантирилади.


8. Моторли кемаларни тегишли кема ҳайдовчиси гувоҳномасисиз бошқариш тақиқланади.

Моторли кемаларни бошқаришни ўзга шахсга топширишга фақат ушбу шахсда тегишли кема ҳайдовчиси гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда, рухсат берилади.


9. Кема ҳайдовчиси гувоҳномаси ҳудудий бошқармалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтида кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларини тамомлаган белгиланган тартибда назарий ва амалий имтиҳонларни ижобий топширган жисмоний ва юридик шахсларга берилади.


10. Моторли кемаларни бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ нотариал тартибда расмийлашитирилиши шарт.

Кема эгаси бўлмаган шахсларга нотариал тартибда тасдиқланган кемадан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатсиз кемадан фойдаланиш тақиқланади.


11. Кемаларни сувга тушириш Инспекция ва ҳудудий бошқармалар масъул ходимлари томонидан сув объектларида белгилаб берилган жойда амалга оширилади.


12. Кема ҳайдовчилари ҳамда кемаларни сақлаш ва фойдаланишга масъул бўлган шахслар кемаларнинг хавфсиз сузишига, сувда фуқароларнинг хавфсизлигига, бахтсиз ҳодисалардан муҳофазаланишга ҳамда табиий атроф муҳит ифлосланишининг олдини олишга масъул.


13. Сув объектларида кемалардан фойдаланган ҳолда мусобақалар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишда ташкилотчилар томонидан тадбир ўтказиш санасидан ўн иш куни олдин тегишли ҳудудий бошқармага ёзма равишда маълум қилиниши шарт.


14. Сув объектларида ўтказиладиган машғулот, мусобақа ёки бошқа оммавий тадбирларда кемаларнинг хавфсиз сузиши ва иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга тадбир ташкилотчилари жавобгар ҳисобланади.


15. Кемалардан фойдаланишга фақат куннинг ёруғ вақтларида, кўриниш масофаси 1 кмдан кам бўлмаганда, тўлқинланиш 2 баллдан юқори бўлмаганда (тўлқиннинг баландлиги 0,75 метр) ҳамда улар турадиган базаларда (иншоотларда) зарур бўлганда ёрдам берадиган навбатчи қайиқлар бўлганда рухсат этилади.


16. Қуйидаги ҳолатларда кемалардан фойдаланишга рухсат берилмайди:

кема рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтмаганда ва борт рақамлари белгиланган тартибда кўрсатилмаганда;

кема белгиланган қутқарув, ёнғин ўчириш ва сув чиқариш воситалари билан таъминланмаганда ёки кемадаги жиҳозлар ва қутқарув воситалари кема билетида кўрсатилган жиҳозларга ва қутқарув воситаларига мос келмаганда;

кема ўзбошимчалик билан қайта жиҳозланганда, кемага унинг кема билетида кўрсатилмаган бошқа қўшимча жиҳозлар, шу жумладан, кемага унинг қувватидан ошиб кетадиган двигатель (ёки двигателлар), эшкакли қайиққа мотор ўрнатилганда;

кема техник носоз бўлганда, шу жумладан, унинг герметиклик ҳолати бузилганда, кема корпусида жойлашувидан қатъи назар, тешиклар бўлганда, кема конструкциясида кўрсатилган рулни бириктириш қурилмалари бўлмаганда, қисмлари ишдан чиққанда ёки ишончли ишлаши таъминланмаганда, ёқилғи сизиб чиққанда, двигателда титраш мавжуд бўлганда, тутун ўчиргич бўлмаганда ёки унинг носозлигида, двигателни масофадан туриб бошқариш тизими шикастланганда, реверс-редуктор ишончли ишламаганда, моторни ишга тушириш реверслари носоз бўлганда, фарқловчи чироқлар бўлмаганда ёки носозлигида.


17. Кемалардан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

кема ҳайдовчиси ва йўловчилари қутқарув жилетларисиз бўлиши;

12 ёшгача бўлган болаларни қутқарув жилетлари ва катта ёшли одамлар кузатувисиз олиб юриш;

йўловчи сиғими ва юк кўтариш маъёрларини бузиш;

кемани мастлик ҳолатида (алкоголь, гиёҳванд моддалар истеъмол қилган ва ҳоказо), сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, сув ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш;

ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, сув ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлган, кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи кема ҳайдовчиси гувоҳномаси бўлмаган шахсларга кемани бошқариш учун топшириш;

маневрлаш, товушли сигнал бериш қоидаларини бузиш, сув йўли белгилари ва кема қатнови белгиларига шикаст етказиш;

сузиш ҳудудларидан чиқиб кетиш, вақтинчалик ёки доимий сузиш учун ёпилган ҳудудларга рухсатсиз кириш ёки тақиқланган жойларда кемани атайин тўхтатиш;

пляжларда, аҳоли оммавий дам оладиган чўмилиш жойларида ҳаракат қилиш, пляжлар чегаралари ва аҳоли чўмиладиган жойлар чегараларида чўмилувчиларга кемада 150 метр масофагача яқинлашиш;

кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида 30 км соатдан, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида - 10 км соатдан ортиқ бўлган тезликда ҳаракат қилиш;

сув велосипедларида (катамаранларда) сув объектининг қирғоғидан 100 метрдан ортиқ масофага узоқлашиш (истироҳат боғларидаги сув объектлари бундан мустасно);

сузувчи навигация белгилари, юк ва йўловчи тушириш жойлари, кўприклар тагида тўхташ, маневр қилиш, дарё флоти транспортларининг бевосита яқинида тўхташ, бошқа сув кемаларига халақит бериш;

ҳаракат вақтида бир кемадан бошқасига ўтиш, кема бортига ўтириш, кемани силкитиш, ҳаракат вақтида палубасиз кемаларда одамларнинг жой алмашишига йўл қўйиш (авария-қутқарув ва қидирув ишларини олиб бораётган экипаж аъзоларидан ташқари);

бортдан ташқарига чиқиндиларни, ахлатларни ва бошқаларни ташлаш;

авария-таъмирлаш ишлари ҳудудида, земснарядлар, сув ости ва сув усти ўтказиш иншоотлари, кўприклар, каналлар ва шлюзларга яқинлашганда бошқа кемалардан айрилиш ва уларни қувиб ўтиш маневрларини амалга ошириш;

кўриш чегараланган пайтда, шу жумладан, туман вақтида ва бошқа мўлжални олиш қийин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитларида кемадан фойдаланиш ва хавфли юкларни ташиш;

кемани сузиш белгиларига боғлаб қўйиш;

кемалар ҳаракатланаётган пайтда одамларни бошқа кемага ўтказиш ва палубасиз кемалардан сувга шўнғиш;

кемалардан браконьерлик ва бошқа ноқонуний мақсадларда фойдаланиш;

ёқилғи қуйишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш.



3-БОБ. КЕМА ҲАЙДОВЧИЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Кема ҳайдовчилари мансабдор шахсларнинг талаблари асосида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

кема ҳайдовчиси гувоҳномасини (моторли кемаларни бошқаришда);

кема билетини;

кема эгаси бўлмаган шахс кемадан фойдаланган ҳолларда ушбу кема фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (моторсиз кемалар бундан мустасно).


19. Кема ҳайдовчисининг мажбуриятлари:

хавфсиз сузиш, одамларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига, инсон соғлиғини сақлашга ҳамда бахтсиз ҳодисалар ва табиий атроф муҳит ифлосланишининг олдини олган ҳолда ушбу Қоидалар талабларига риоя қилиш;

сув объектларига кемани туширишдан аввал кеманинг созлигини, қутқарув асбоб-анжомлари ва бошқа воситалар билан таъминланганлигини текшириш ҳамда сузиш жараёнида уларнинг техник ҳолатини кузатиб бориш;

йўловчиларни кемага чиқариш ва туширишда, сузиш жараёнида ушбу Қоидалар талабларига риоя қилинишини ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш;

кемага ва йўловчиларга хавф туғдирмаган ҳолда хавфга учраган ёки қурбон бўлиши мумкин бўлган барча шахсларга ёрдам кўрсатиш;

сувда жабрланганларга биринчи ёрдам бериш ва қутқарув хизматини чақиртириш;

кемадаги аварияли ҳолат бўйича ва бахтсиз ҳодисага учраган фуқаролар тўғрисида зудлик билан ҳудудий бошқармага хабар бериш;

ҳудудларда кема тоифасига қараб сузишни амалга ошириш, сузиш ҳудудида навигация, об-ҳаво ва сузиш шароитларини билиш;

кемада сузиш жараёнида кема эгаси ва бошқа шахслар қутқарув жилетларида бўлишини ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

сув объектларида кемаларнинг хавфсиз сузиши, сувда одамларнинг хавфсизлигини ва тартибни сақлаш бўйича Инспекция ва ҳудудий бошқармалар мансабдор ҳамда масъул шахсларининг талабларини бажариш;

Инспекция ва ҳудудий бошқармалар мансабдор шахсларининг қонуний талабларига асосан кемани тўхтатиш, кема ҳайдовчиси гувоҳномасини ва кема билетини тақдим этиш;

кемалар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш талабларини бажариш;

кемалар бошқа кемалар билан тўқнашганда кемадаги фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиш;

чўккан кемалар тўғрисидаги хабарни, чўккан жойи, вақти ва сабаблари тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан ҳудудий бошқармага етказиш;

кема бортининг ички томонида ва ён тахталарида, йўловчилар сиғими (юк кўтариши) тўғрисидаги маълумотлар ёзилган бўлишини таъминлаш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажариш.



4-БОБ. КЕМАЛАР ТУРАДИГАН БАЗАЛАРДАН

(ИНШООТЛАРДАН) ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


20. Кемалар турадиган базалар (иншоотлар) санитария-қўриқлаш зонасидан ташқарида марказлаштирилган хўжалик-истеъмол сув таъминоти манбалари ва санитария зоналаридан четда, сув оқими тез бўлмаган, тўлқинлардан ҳимояланган ҳудудларда жойлаштирилади.

Туриш базаси (иншооти) гидротехник иншоотлардан 500 метрдан кам бўлмаган, рекреацион зонадан 300 метр ва яшаш жойларидан 50 метрдан кам бўлмаган чегара масофасида жойлашиши керак.


21. Кемалар турадиган база (иншоот) аҳоли оммавий дам олиш масканлари (пляж), кемалар сузиши тақиқланган жойларни кўрсатувчи навигация белгилари билан жиҳозланган бўлиши, маълумот берувчи белгилар (тақиқловчи, огоҳлантирувчи, ёзувли) билан таъминланиши лозим. Тегишли белгилар кемалар турадиган база (иншоот) эгаси томонидан ўрнатилади ва қатнов даври бошланишидан аввал ҳудудий бошқармалар томонидан кўрикдан ўтказилади.


22. Кема турадиган база (иншоот) ҳудуди ёнғин хавфсизлиги, санитария-эпидемиологик ва экологик талабларга жавоб бериши лозим.


23. Кема турадиган базада (иншоотда) қуйидагилар тақиқланади:

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган кемаларни киритиш ва сақлаш;

тўхташ жойида кемалардан хавфсиз фойдаланиш талабларини бузиш;

белгиланган тўхташ жойида кириш-чиқиш тартибини бузиш.


24. Кемалар турадиган базада (иншоотда) кемаларни қайд этиш дафтари юритилиб, унда ҳар бир кеманинг тури, борт рақами, техник кўрикдан ўтказилган вақти, кема эгаси, унинг манзили ва телефон рақами ҳамда ушбу базада (иншоотда) туриш жойи кўрсатилади.


25. Кемалар турадиган базада (иншоотда) кемаларнинг кириши-чиқиши тегишли дафтарга тартиб билан ёзилиши керак, унда кеманинг борт рақами, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми, кема олинган вақт, сузиш йўналиши ва мақсади, тахминий қайтиш вақти ва аниқ қайтган вақти белгиланади.


26. Кемаларни қуйидаги ҳолларда кема турадиган базалардан (иншоотлардан) чиқариш тақиқланади:

кемани базадан чиқариш учун кема эгаси бўлмаган шахс мурожаат қилганда;

кема ҳайдовчиси гувоҳномаси ва кема билети бўлмаганда;

кеманинг йиллик техник кўрик муддати тугаганда;

кема техник носоз бўлганда;

белгиланган қутқарув анжомлари, ёнғинга қарши ва сув чиқариш воситалари мавжуд бўлмаганда;

кемада портловчи ва ёнувчи моддалар бўлганда;

об-ҳаво шароити сузиш учун хавф туғдирганда;

кема ҳайдовчиси алкоголь ичимликлар истеъмол қилган ва наркотик, психотроп моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлганда.


27. Кемалар турадиган базага (иншоотга) олиб келинган кема бузилган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатда бўлса, чиқиш (кириш) журналида унинг техник ҳолати тўғрисида қисқача ёзув қайд қилинади ва авария ҳолатлари тўғрисида ҳудудий бошқармага хабар берилади.



5-БОБ. КЕМАЛАРДАН ВА УЛАР ТУРАДИГАН

БАЗАЛАРДАН (ИНШООТЛАРДАН) ФОЙДАЛАНИШ

СОҲАСИДА НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


28. Кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қуйидаги назорат тадбирлари амалга оширилади:

кемаларни рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтказиш қоидалари, шунингдек, кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш;

сув объектларида кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланишда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш.


29. Кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари, шунингдек, бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва тегишли чоралар кўриш мақсадида рейд тадбирлари амалга оширилади.

Рейд тадбирларини амалга ошириш ҳудуди (сув объекти), муддати, давомийлиги Инспекция ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган режалар асосида белгиланади.


30. Кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари, шунингдек, бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланганда жавобгар шахсларга нисбатан Инспекция ва ҳудудий бошқармаларнинг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.


31. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида тузилган баённома кўриб чиқиш учун ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай судга юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага қуйидагилар илова қилинади:

маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;

маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтириш хати;

жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертнинг хулосаси, агар улар мавжуд бўлса;

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактини тасдиқловчи бошқа материаллар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Мазкур Қоидалар билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


33. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 3 август











































Время: 0.0103
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск