ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Умумий овқатланиш /

Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.08.2021 й. 485-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 августдаги

485-сон қарорига

4-ИЛОВА



Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий

кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг (кейинги ўринларда - мавсумий кафелар) ишлаш тартибини белгилайди.



2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ариза берувчи - ушбу Низомнинг 4-бандига асосан умумий овқатланиш ташкилотларининг мавсумий кафеларини ўрнатиш (қуриш) учун мурожаат қилган юридик шахс;

енгил турдаги қурилмалар - енгил конструкциялардан барпо этилган, чуқурлаштирилган пойдеворларга ва ер ости иншоотларига (0,5 метрдан кўп) эга бўлмаган, бузиб олиб (бартараф этиб) кўчириш имконияти мавжуд объект;


лойиҳа ташкилоти - юридик шахсга тегишли умумий овқатланиш ташкилоти мавсумий кафесининг эскиз лойиҳасини тайёрлаб берувчи қурилиш лойиҳа ташкилоти;


мавсумий кафе - умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки стационар овқатланиш ташкилотидан 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, овқатланиш бўйича қўшимча хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, тасдиқланган талабларга мувофиқ жиҳозланган, шу жумладан, енгил турдаги қурилмалардан ташкил топган бино ёки иншоот.


3. Мавсумий кафелар умумий овқатланиш объекти жойлашган ҳудуд доирасида ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Мавсумий кафелар аҳоли пунктларининг шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари, умумий фойдаланишдаги ерлари ва транспорт мақсадаларига мўлжалланган ерларнинг фойдаланилмаётган қисмларида, ушбу ерлар доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда тузиладиган ижара шартномалари асосида ўрнатилиши (қурилиши) мумкин.

4. Ариза берувчига мавсумий кафени ўрнатиш (қуриш) бўйича рухсатнома Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти асосида берилади, қурилишга рухсат талаб қилинмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.


2-БОБ. МАВСУМИЙ КАФЕЛАРНИ ЎРНАТИШГА

(ҚУРИШГА) ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Қуйидагилар ариза берувчи учун мавсумий кафеларни ўрнатиш (қуриш) шартлари ҳисобланади:

мавсумий кафени жойлаштириш, ўрнатиш (қуриш) ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш;

мавсумий кафени мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ер участкасида жойлаштириш;

мавсумий кафени жойлаштиришда пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик, муҳандислик коммуникация тизимларидан фойдаланишга, бино ва иншоотларга кириб-чиқишга тўсқинлик қилмаслик;

мавсумий кафени туман (шаҳар) қурилиш бўлими билан келишилган эскиз лойиҳага мувофиқ жойлаштириш, фойдаланиш даврида унинг ўлчамлари ва архитектура кўринишини ўзгартирмаслик;

мавсумий кафедаги барча ёпиқ хоналар ва кабиналарга шамоллатиш (вентиляция қилиш) тизимини ўрнатиш, шунингдек, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси ва оқова сувнинг ташқи коммуникация тармоқларига уланиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда архитектура-режалаштириш топшириқлари ва алоҳида лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминлаш.


6. Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларини аризада кўрсатилган муддатнинг бошланиш санасидан кейин ўрнатиш зарур.


7. Умумий овқатланиш ташкилоти ёки унга қарашли мавсумий кафе фаолияти тугатилган тақдирда, мавсумий кафени қисмларга ажратиш (демонтаж қилиш) ташкилот фаолияти тўхтатилган ёки тугатилган санадан эътиборан ўн кундан кечиктирмай амалга оширилади.


8. Мавсумий кафелар тўғридан-тўғри стационар овқатланиш ташкилотига туташ ёки стационар овқатланиш ташкилотидан 5 метрдан ошмайдиган масофада, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, шаҳарсозлик нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши, ёнғинга қарши оралиқ масофалар сақланган ҳолда жойлашган бўлиши керак.


9. Мавсумий кафелар жойлашган ҳудудда фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёнғин ўчириш, бошқа тезкор хизматларнинг автотранспорт воситалари эркин ҳаракатланиши учун бино ва иншоотлар ўртасида очиқ масофа, ёпиқ ҳудудларда эса камида иккита кириш-чиқиш дарвозалари бўлиши лозим.


10. Мавсумий кафеларни жойлаштиришга қуйидаги ҳолларда рухсат берилмайди:

мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ер участкасидан ташқарида;

ШНҚ 2.07.01-03* "Шаҳарсозлик шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш" шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига 1-мажбурий иловада белгиланган ёнғинга қарши оралиқ масофаларда;

пиёдалар ер ости ўтиш жойларида;

метронинг техник воситаларидан 25 метрлик масофада;

метро станциялари ва пиёдалар ўтиш жойларидан 25 метрлик масофада;

биноларнинг аркаларида, гулзорларда, ўйин майдончаларида (болалар, дам олиш, спорт, шаҳар транспорт парклари учун);

турар жой бўлмаган биноларнинг биринчи қаватларидан юқорида жойлашган ва алоҳида кириш жойи бўлмаган стационар овқатланиш ташкилотларининг ер участкаларида;

шаҳар бўйлаб йўловчилар транспортининг тўхташ жойларида;

пиёдаларнинг ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан 5 метрли зонада.


3-БОБ. МАВСУМИЙ КАФЕЛАРНИНГ

ИШЛАШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


11. Мавсумий кафеларнинг ишлашига Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларида назарда тутилган талаблар татбиқ этилади.


12. Мавсумий кафелар хавфсизлик талабларига, техник регламентга, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига, бошқа белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этган ҳолда фаолият юритиши керак.


13. Мавсумий кафеларда истеъмолчилар танишиши учун қулай шаклда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси, мазкур Низомнинг 3-бандига мувофиқ ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ рухсатнома нусхалари жойлаштирилади.

14. Мавсумий кафеларда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб қилиш умумий овқатланиш ташкилотида мавжуд бўлган назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминалларини мажбурий қўллаш орқали амалга оширилади.

Мавсумий кафелар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширадилар.


4-БОБ. МАВСУМИЙ КАФЕЛАРНИ ЎРНАТИШ

(ҚУРИШ) ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


15. Мавсумий кафеларни ариза берувчилар томонидан ўрнатиш (қуриш)да шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини назорат қилиш туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан амалга оширилади.


16. Мавсумий кафелардан фойдаланишда ёнғинга қарши курашиш бўйича ШНҚ 2.07.01-03 "Шаҳарсозлик, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларининг ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш" шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига 1 ва 2-мажбурий иловаларда кўрсатилган ёнғин ва техника хавфсизлиги талабларига амал қилинмаган ҳолларда, ушбу Низом талаблари бузилган ҳисобланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

18. Умумий овқатланиш ташкилотларининг мавсумий кафелари муҳандислик-коммуникация тармоқларига истеъмолчи ёки суб-истеъмолчи сифатида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ уланади.


19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 3 август













































Время: 0.1835
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск