ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Статистика. Ҳисобот / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 11.08.2021 й. ЎРҚ-707-сон "Расмий статистика тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 07.05.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 26.06.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.08.2021 й.

N ЎРҚ-707



РАСМИЙ СТАТИСТИКА ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 7 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади расмий статистика соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг амал қилиши расмий статистикани тайёрловчиларга ва ундан фойдаланувчиларга, респондентларга ҳамда маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларга, шунингдек улар ўртасида юзага келадиган, расмий статистикани тайёрлаш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ бўлган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши расмий статистика сифатида қаралмайдиган статистикага нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Расмий статистика тўғрисидаги қонунчилик


Расмий статистика тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг расмий статистика тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


идентификатор - статистик бирликни унинг номи, географик жойлашуви ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари асосида идентификациялаш имконини берувчи белгилар кетма-кетлиги;


индивидуал маълумотлар - статистик бирликни тавсифловчи, уни бевосита ёки билвосита идентификациялаш имконини берувчи бирламчи маълумотлар;


маъмурий маълумотлар - давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ўз ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ шакллантириладиган маълумотлар;


метамаълумотлар - фойдаланувчиларга маълумотларнинг манбалари, услубиятлари, таърифлари, таснифлари ва сифати тўғрисида ахборот тақдим этиш йўли билан статистика маълумотларини ҳамда жараёнларини стандартлаштирилган тарзда тавсифловчи маълумотлар;


миллий статистика тизими - расмий статистикани биргаликда тайёрлайдиган ва тарқатадиган давлат статистика органлари ҳамда расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари мажмуи;


расмий статистикани тайёрловчи - миллий статистика тизимининг бир қисми бўлган, статистика маълумотларини расмий статистика соҳасидаги статистика дастурларига мувофиқ тайёрлайдиган давлат бошқаруви органи ва (ёки) унинг бўлинмаси;


статистика маълумотлари - статистика кузатувлари натижасида ва (ёки) маъмурий маълумотлар асосида тайёрланган иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий, экологик хусусиятга ҳамда бошқа хусусиятга эга ахборот;


статистика маълумотларини тайёрлаш - статистика маълумотларини йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ фаолият;


статистик бирлик - статистика кузатувига олиниши лозим бўлган жисмоний ёки юридик шахс (шу жумладан унинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналари) ёхуд уй хўжалиги;


таснифлаш - расмий статистика соҳасида қабул қилинган усуллар ва белгиларга мувофиқ объектлар тўпламини ўхшашлиги ёки фарқи бўйича алоҳида кичик тўпламларга ажратиш.



5-модда. Расмий статистика


Расмий статистика ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ давлат статистика органлари ва расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан тайёрланадиган ҳамда тарқатиладиган статистика маълумотларидан иборатдир.



6-модда. Расмий статистиканинг асосий принциплари


Расмий статистиканинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

мустақиллик;

тушунарлилик ва шаффофлик;

аниқлик ва ишончлилик;

беғаразлик ва холислик;

статистик махфийлик;

долзарблик.



2-БОБ. РАСМИЙ СТАТИСТИКА СОҲАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Расмий статистика соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

миллий статистика тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш;

миллий статистика тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

расмий статистика соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

расмий статистика соҳасидаги давлат дастурларининг (бундан буён матнда статистика дастурлари деб юритилади) ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

расмий статистика соҳасининг мақсадли давлат дастурлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика

қўмитасининг расмий статистика соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий статистика соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

статистика дастурларининг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради ва амалга оширилишини мониторинг қилади;

расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан биргаликда амалга оширади;

расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштиради;

расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг статистика услубиятларини халқаро тавсияларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказади;

статистика услубиятларини ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика кузатувларининг шаклларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда жорий этади;

расмий статистикани тайёрловчилар билан статистика маълумотлари ва метамаълумотлар алмашинувини йўлга қўяди;

статистика кузатувларини ўтказиш, расмий статистика маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот тизимлари билан уйғунлашувни амалга оширади;

статистика кузатувларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек бошқа статистика мақсадларида фойдаланиш учун статистика регистрларини ишлаб чиқади ҳамда юритади;

расмий статистика соҳасидаги ташкилий ва услубиятга оид ишларни амалга ошириш мақсадида маслаҳатлашув ва ишчи гуруҳлар тузади;

миллий статистика тизими доирасида расмий статистика маълумотларини мувофиқлаштирилган ҳолда тарқатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан келишилган ҳолда расмий статистика соҳасидаги ягона атамаларни ишлаб чиқади;

расмий статистика соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштиради;

расмий статистика соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Статистика кенгаши


Статистика кенгаши ваколатли давлат органи ҳузуридаги расмий статистиканинг ривожлантирилиши, фаолият кўрсатиши ва мувофиқлаштирилиши масалалари бўйича коллегиал маслаҳат органидир.

Статистика кенгашининг таркиби давлат бошқаруви органларининг, илмий-тадқиқот ташкилотларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек статистика бўйича миллий экспертлар орасидан тузилади.

Статистика кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ваколатли давлат органининг тегишли бўлинмаси Статистика кенгашининг ишчи органидир.



11-модда. Расмий статистикани тайёрловчиларнинг

фаолиятини мувофиқлаштириш


Расмий статистикани тайёрловчилар статистика маълумотларини ишлаб чиқишда халқаро даражада тавсия этиладиган тушунчаларга, таснифларга ва услубиятга амал қилади.

Ваколатли давлат органи расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг фаолиятини статистика дастурлари доирасида мувофиқлаштиради.

Расмий статистикани тайёрловчилар статистика маълумотларини тайёрлаш услубиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради.

Расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг статистика услубиятларида халқаро тавсияларга номувофиқлик аниқланган тақдирда ваколатли давлат органи статистика услубиятлари аудити якунларига кўра ушбу тайёрловчиларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга.

Миллий статистика тизимига кирувчи расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан статистика маълумотларини шакллантириш ва ваколатли давлат органи билан ахборот алмашинувини таъминлаш учун масъул бўлган бўлинмалар ташкил этилади.

Расмий статистикани тайёрловчилар ҳамда маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ўзларида мавжуд бўлган статистика маълумотларини ва (ёки) маъмурий маълумотларни ваколатли давлат органига статистика дастурларида белгиланган тартибда ва муддатларда бепул тақдим этади.



3-БОБ. РАСМИЙ СТАТИСТИКАНИ ТАЙЁРЛОВЧИЛАРНИНГ,

РЕСПОНДЕНТЛАРНИНГ, МАЪМУРИЙ МАЪЛУМОТЛАРНИ

ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИЛАРНИНГ ҲАМДА РАСМИЙ

СТАТИСТИКАДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12-модда. Расмий статистикани тайёрловчилар


Давлат статистика органлари расмий статистиканинг асосий тайёрловчиларидир.

Статистика дастурларига расмий статистикани тайёрловчилар сифатида киритилган давлат бошқаруви органлари расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларидир.

Расмий статистикани тайёрловчилар ушбу Қонунга ва статистика дастурларига мувофиқ расмий статистикани тайёрлашни, тарқатишни ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.



13-модда. Давлат статистика органлари


Ваколатли давлат органи, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг статистика бошқармалари, туманларнинг (шаҳарларнинг) статистика бўлимлари давлат статистика органларидир.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари давлат статистика органларининг ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг статистика бошқармалари, туманларнинг (шаҳарларнинг) статистика бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил бўлиб, бевосита ваколатли давлат органига бўйсунади.

Давлат статистика органларини молиялаштириш ва уларнинг моддий-техника таъминоти статистика дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



14-модда. Давлат статистика органларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Давлат статистика органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, банклардан ҳамда бошқа ташкилотлардан статистика кузатуви шаклларини олиш ва статистика кузатуви маълумотларидан статистика мақсадларида фойдаланиш;

статистик бирликлар фаолиятининг статистика кузатувларини ўтказиш ва олинган бирламчи маълумотлардан статистика мақсадларида фойдаланиш;

жисмоний шахс бўлган респондентларни статистика кузатувларида иштирок этганлиги учун рағбатлантиришни амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, шунингдек бошқа ташкилотлардан статистика дастурларини бажариш учун зарур бўлган ахборотни сўраш ҳамда олиш;

расмий статистикани тайёрлаш учун зарур бўлган статистика маълумотларини йиғишга жисмоний ва юридик шахсларни қонунчиликка мувофиқ шартнома асосида жалб этиш;

статистика маълумотларини йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлашнинг замонавий усуллари ва воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларни миллий статистика тизимига жорий этиш;

статистика маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар бериш ва статистика маълумотларига тегишли тузатишлар киритиш;

статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чораларини қонунга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида қўллаш.

Давлат статистика органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат статистика органлари:

расмий статистиканинг асосий принципларига риоя этилишини ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика услубиятларининг бирлигини таъминлаши;

мамлакатни, ҳудудларни, тармоқлар ва соҳаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг бажарилиши жараёни юзасидан статистика кузатувларини ташкил этиши;

статистика маълумотларини йиғишни, уй хўжаликларининг статистика кузатувларини, рўйхатга олишларни, бир маротабалик ҳисобга олишларни, танланма сўровларни ва бошқа статистика кузатувларини ўтказишни ташкил этиши ҳамда таъминлаши;

статистика дастурларининг бажарилишини таъминлаши;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини статистика маълумотлари билан таъминлаши;

халқаро ва минтақалараро статистик қиёслашларни амалга ошириши;

статистика мақсадларида фойдаланиш учун статистика регистрлари ва таснифлаш тизимининг юритилишини таъминлаши шарт.

Давлат статистика органларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



15-модда. Расмий статистиканинг бошқа

тайёрловчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бирламчи маълумотлар манбаларини танлаш, расмий статистикани тайёрлаш учун зарур бўлган маълумотларни бевосита респондентлардан олиш ва йиғиш;

жисмоний шахс бўлган респондентларни статистика кузатувларида иштирок этганлиги учун рағбатлантиришни амалга ошириш;

респондентлар учун бирламчи маълумотларни йиғиш усулларини белгилаш.

Расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари қонунчиликка мувофиқ ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари:

расмий статистиканинг асосий принципларига риоя этилишини ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика услубиятларининг бирлигини таъминлаши;

статистика дастурларининг бажарилишини таъминлаши;

статистиканинг сифати таъминланишини, маълумотларни тақдим этишга доир харажатларни ва респондентларнинг зиммасидаги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда бирламчи маълумотларни йиғишни амалга ошириши;

йиғилган маълумотларга ушбу Қонун ҳамда "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларига мувофиқ ишлов бериши, уларни тарқатиши ва сақлаши;

респондентларни ўтказилаётган статистика кузатувларининг мақсади ва ҳуқуқий асослари тўғрисида, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва олинадиган индивидуал маълумотларнинг махфийлиги таъминланиши ҳақида хабардор қилиши шарт.

Расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари зиммасида қонунчиликка мувофиқ ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



16-модда. Респондентлар


Расмий статистикани тайёрловчиларга индивидуал ва бошқа маълумотларни статистика мақсадларида тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахс респондентдир.

Респондентлар расмий статистикани тайёрловчилардан статистика кузатувларининг мақсади ва ҳуқуқий асослари тўғрисида тушунтиришлар ҳамда маълумотлар, шунингдек олинган индивидуал маълумотларнинг махфийлиги таъминланиши ҳақида ахборот олишга ҳақли.

Статистика дастурларига биноан статистика кузатувларини ўтказиш чоғида респондентлар, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно:

расмий статистикани тайёрловчиларга ишончли ва тўлиқ маълумотларни расмий статистикани тайёрловчи томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда бепул тақдим этиши;

агар тақдим этилган маълумотлар ўз хулосаларига ёки расмий статистикани тайёрловчиларнинг хулосаларига кўра тўғри, долзарб ва (ёки) тўлиқ бўлмаса, расмий статистикани тайёрловчилар томонидан белгиланган муддатларда маълумотларни тузатиши, янгилаши, тўлдириши ҳамда уларга тақдим этиши шарт.

Респондентлар статистика маълумотларини расмий статистикани тайёрловчиларга қоғоз шаклида ёки электрон шаклда тақдим этиши мумкин. Бунда статистика маълумотларини йиғиш усуллари расмий статистикани тайёрловчилар томонидан белгиланади.

Мамлакатни демографик ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим йўналишлари бўйича ўтказиладиган рўйхатга олишларда иштирок этувчи респондентлар рўйхатга олиш варағининг шаклига биноан ишончли индивидуал маълумотларни тақдим этишига ҳақли ҳамда рўйхатга олишларни ўтказиш жараёнларига монелик қилмаслиги шарт.



17-модда. Маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар


Маъмурий маълумотларни расмий статистикани тайёрловчиларга тақдим этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари маъмурий маълумотларни етказиб берувчилардир.

Жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар базаларига эга бўлган маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан индивидуал маълумотларни маъмурий мақсадларда шакллантириш;

маъмурий маълумотларни шакллантириш учун бирламчи маълумотлар манбаларини танлаш;

маълумотларни йиғиш усулларини белгилаш, зарур бўлган маълумотларни бевосита жисмоний ёки юридик шахслардан, уй хўжаликларидан олиш ва йиғиш.

Жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар базаларига эга бўлган маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар расмий статистикани тайёрловчиларга:

ўз тасарруфида мавжуд бўлган маъмурий маълумотларни;

статистика маълумотлари сифатини баҳолаш имконини берувчи метамаълумотларни бепул тақдим этиши шарт.

Расмий статистикани тайёрловчиларга маъмурий маълумотларни тақдим этиш бир йиллик статистика дастурида белгиланган шакллар ва даврийлик бўйича амалга оширилади.



18-модда. Расмий статистикадан фойдаланувчилар


Жисмоний ва юридик шахслар (шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналари) расмий статистикадан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.

Расмий статистикадан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

расмий статистикани тайёрловчиларнинг расмий веб-сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган статистика маълумотларидан эркин фойдаланиш;

расмий веб-сайтларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаган очиқ статистика маълумотларини олиш мақсадида расмий статистикани тайёрловчиларга сўров билан ёки уларни эълон қилиш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилиш.

Расмий статистикадан фойдаланувчилар ўз маҳсулотларида (ишларида ва хизматларида) ўзи фойдаланган статистика маълумотларининг манбаларини кўрсатиши шарт.

Индивидуал маълумотлардан ва махфий маълумотлардан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш ушбу Қонуннинг 30 ва 31-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. СТАТИСТИКА ДАСТУРЛАРИ, КУЗАТУВЛАРИ

ВА РЕГИСТРЛАРИ, РЎЙХАТГА ОЛИШЛАР, УЛАРНИ

ТУЗИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


19-модда. Статистика дастурлари


Ваколатли давлат органи расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари, расмий статистикадан фойдаланувчилар, респондентлар ва маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар билан ҳамкорликда статистика дастурларининг тайёрланишини таъминлайди.

Статистика дастурлари кўриб чиқиш учун Статистика кенгашига киритилади.

Ваколатли давлат органи миллий статистика тизимига кирувчи расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан биргаликда статистика дастурларининг бажарилишини таъминлайди.

Статистика дастурлари кўп йиллик ва бир йиллик бўлиши мумкин.



20-модда. Кўп йиллик статистика дастури


Кўп йиллик статистика дастури умуман миллий статистика тизими учун ишлаб чиқилади ва расмий статистиканинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилайди.

Кўп йиллик статистика дастури миллий статистика тизимини ривожлантириш концепциясидан, стратегик мақсадларидан ва устувор йўналишларидан, шунингдек расмий статистикасини ривожлантиришга доир дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш механизмларидан иборатдир.



21-модда. Бир йиллик статистика дастури


Бир йиллик статистика дастури кўп йиллик статистика дастурини бажариш мақсадида ишлаб чиқилади.

Бир йиллик статистика дастурида қуйидаги вазифалар назарда тутилади:

расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

расмий статистикани тайёрловчилар томонидан ўтказилиши лозим бўлган статистика кузатувларини ташкил этиш;

маъмурий маълумотларни тайёрлаш ва расмий статистикани тайёрловчиларга тақдим этиш;

статистика регистрларини ишлаб чиқиш ва юритиш;

расмий статистикани тарқатиш.

Бир йиллик статистика дастури ҳар бир расмий статистикани тайёрловчи томонидан ишлаб чиқиладиган ва тарқатиладиган статистика маълумотларининг уларни бажариш даврийлиги ҳамда муддатлари кўрсатилган ҳолдаги рўйхатини ўз ичига олади.



22-модда. Статистика дастурларини

тасдиқлаш ва молиялаштириш


Кўп йиллик ва бир йиллик статистика дастурлари Статистика кенгаши томонидан кўриб чиқилганидан кейин ваколатли давлат органи уларни тасдиқлаш учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Кўп йиллик статистика дастурлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бир йиллик статистика дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Расмий статистикани тайёрловчиларга статистика дастурларини бажариш учун молиявий ва моддий-техника ресурслари берилади.

Статистика дастурларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Статистика дастурларига киритилмаган ишларни молиялаштириш мазкур ишларни бажариш ташаббуси билан чиққан жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



23-модда. Статистика кузатувлари


Статистика кузатувлари респондентларнинг индивидуал ва бошқа маълумотларини бирламчи йиғиш жараёнлари бўлиб, бу жараёнлар расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистика услубиятларидан фойдаланган ҳолда, статистика мақсадларида амалга оширилади.

Статистика кузатувлари ялпи ва танланма бўлиши мумкин, шунингдек статистика дастурларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Ялпи статистика кузатувлари ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган статистика ҳисоботи шакллари асосида ўтказилади.

Танланма статистика кузатувлари расмий статистикани тайёрловчилар томонидан тасдиқланган статистика кузатувлари шакллари асосида ўтказилади. Расмий статистикани тайёрловчилар томонидан ўтказиладиган танланма статистика кузатувларида респондентлар ва уй хўжаликлари ихтиёрий асосда иштирок этади.



24-модда. Рўйхатга олишлар


Рўйхатга олиш ялпи ҳисобга олиш асосида аҳолининг, уй-жойнинг сони ва таркиби, иқтисодий бирликларнинг таркиби ҳамда ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар олинишини таъминлайдиган тадбирдир.

Рўйхатга олиш мамлакатни демографик ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим хусусиятлари ҳамда йўналишлари бўйича ўтказилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида амалга оширилиши мумкин.

Респондентларнинг индивидуал маълумотларини йиғиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Рўйхатга олиш дастурида белгиланган саволларга мувофиқ амалга оширилади.

Рўйхатга олиш маълумотлари статистика кузатувлари, маъмурий маълумотлар асосида ёки уларнинг умумлашмаси асосида шакллантирилиши мумкин.

Рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор санаси ва муддати, шунингдек молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.



25-модда. Статистика регистрлари


Статистика мақсадларида фойдаланиш учун зарур бўлган статистика бирликларининг ва улар тавсифларининг рўйхатлари, шу жумладан идентификаторлар статистика регистрларидир.

Жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги регистрларни ва маълумотлар базаларини яратадиган ҳамда юритадиган давлат органлари ва уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар расмий статистикани тайёрловчиларга статистика регистрларини шакллантириш ҳамда ўз вақтида янгилаш учун зарур бўлган ахборотни бепул тақдим этади.



5-БОБ. СТАТИСТИКА МАЪЛУМОТЛАРИ,

УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ

ВА МАХФИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ


26-модда. Маъмурий маълумотлардан фойдаланиш


Маъмурий маълумотлар расмий статистикани тайёрловчилар томонидан фақат статистика мақсадларида фойдаланилади.

Маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ва бошқа юридик шахслар ўз тасарруфидаги мавжуд маълумотларни тақдим этиш чоғида махфийлик тўғрисидаги қоидаларни важ қилиб кўрсатиши мумкин эмас, бундан қонунда маълумотларни тақдим этиш ва улардан статистика мақсадларида фойдаланиш тўғридан-тўғри истисно этилган ҳоллар мустасно.



27-модда. Индивидуал маълумотлардан

статистика мақсадларида фойдаланиш


Расмий статистикани тайёрловчилар тасарруфидаги мавжуд индивидуал маълумотлардан фақат статистика мақсадларида, жамланма статистика маълумотларини шакллантириш учун фойдаланилади.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан халқаро ташкилотлар томонидан индивидуал маълумотлардан тергов, назорат қилиш, суд муҳокамаси, маъмурий қарорлар қабул қилиш мақсадида ёки жисмоний ва юридик шахсларга ёки уй хўжаликларига тааллуқли бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.



28-модда. Махфий статистика маълумотлари


Расмий статистикани тайёрлаш учун йиғиладиган, ишлов бериладиган ва сақланадиган статистика маълумотлари, агар улар жисмоний ёки юридик шахсларни бевосита ёки билвосита идентификациялаш имконини берса ҳамда уларга тааллуқли индивидуал маълумотларни ошкор қилса, махфий ҳисобланади.

Қуйидагилар махфий статистика маълумотлари жумласига киради:

статистик бирлик тўғрисидаги индивидуал маълумотлар ошкор этилган тақдирда, уни идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар;

статистика маълумотларининг махфийлиги таъминланишини талаб этадиган умумлаштирилган кўрсаткичлар;

қонунга мувофиқ давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир жумласига киритилган ахборот.



29-модда. Расмий статистиканинг махфийлигига

риоя этиш мажбуриятини олувчи шахслар


Расмий статистика соҳасидаги вазифалар ўз зиммасига олинаётганда унинг махфийлигига риоя этиш мажбурияти:

расмий статистикани тайёрловчиларнинг барча штатдаги ва вақтинчалик ходимлари;

рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этаётган, миллий статистика тизимига дахлдор бўлмаган шахслар томонидан имзоланади.

Расмий статистиканинг махфийлигига риоя этиш мажбурияти ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан вазифалар бажарилиши тугаганидан кейин ҳам ёки махфийликка риоя этиш тўғрисидаги имзоланган ҳужжатда белгиланган муддат ичида амал қилишини давом этади.



30-модда. Индивидуал маълумотлардан фойдаланиш


Ўз хизмат вазифалари доирасида расмий статистикани тайёрлашда иштирок этувчи шахслар индивидуал маълумотлардан расмий статистикани тайёрлаш учун зарур бўлган доирада фойдаланади.

Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистикадан фойдаланувчиларга индивидуал маълумотларни ошкор қилмайди.

Агар маълумотларга ишлов беришда идентификаторларни чиқариб ташлаш назарда тутилган бўлса ёки респондентларни идентификациялаш мумкин бўлмаса, индивидуал маълумотлар ишлаб чиқарилиши ва эълон қилиниши мумкин.

Ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тарафлар ўртасида имзоланган келишувлар асосида индивидуал маълумотларни, шу жумладан идентификаторларни расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларидан олиш ҳуқуқига эга.

Расмий статистикани тайёрловчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги индивидуал маълумотларни ваколатли давлат органидан фақат статистика мақсадлари учун олиши мумкин:

идентификаторларсиз маълумотларни;

фақат статистика регистрларидан олинган идентификаторли статистик бирликлар тўғрисидаги маълумотларни.

Ваколатли давлат органи томонидан индивидуал маълумотларни расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларига тақдим этишнинг ҳар бир ҳолати имзоланган келишув асосида амалга оширилади.



31-модда. Махфий статистика маълумотларидан

илмий-тадқиқот мақсадлари учун фойдаланиш


Расмий статистикани тайёрловчилар илмий-тадқиқот ишларини амалга оширувчи шахсларнинг сўровига кўра уларга махфий статистика маълумотларидан эгасизлантирилган шаклда фойдаланиш имкониятини бериши мумкин.

Илмий-тадқиқот мақсадлари учун тақдим этиладиган махфий статистика маълумотлари таркибида идентификаторлар бўлиши мумкин эмас. Махфий статистика маълумотлари илмий-тадқиқот мақсадлари учун зарур бўлган ахборот билан чекланади.

Индивидуал маълумотларни ҳимоя қилиш тартибининг бузилиши хавфи мавжуд бўлмаса, махфий статистика маълумотларидан фойдаланиш имконияти берилади.

Махфий статистика маълумотлари шартнома асосида берилади, шартномада маълумотлардан фойдаланиш мақсади, шартлари ва расмий статистикадан фойдаланувчининг тадқиқот натижалари ҳақида хабар беришга, маълумотларни эълон қилмасликка ҳамда учинчи шахсларга бермасликка доир мажбуриятлари кўрсатилади.

Шартномада маълумотларни тайёрлаш натижасида юзага келган қўшимча харажатлар учун компенсация сифатида ҳақ тўлаш назарда тутилади.

Илмий-тадқиқот лойиҳаси доирасида махфий статистика маълумотлари билан ишлайдиган шахслар респондентларни ҳар қандай усулда идентификациялашга, учинчи шахсларга индивидуал маълумотларни ёки улар асосида ҳисоб-китоб қилинган умумлаштирилган кўрсаткичларни ошкор қилишга, махфий статистика маълумотларидан шартномада кўрсатилган мақсадлардан фарқ қиладиган мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилмаслиги керак.



32-модда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш


Расмий статистикани тайёрловчилар индивидуал маълумотларни, умумлаштирилган махфий кўрсаткичларни ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик учун барча тартибга солувчи, маъмурий, техник ва ташкилий тусдаги чораларни таъминлайди.

Расмий статистикани тайёрловчиларнинг индивидуал маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятига эга бўлган ходимлари, шу жумладан вақтинча ёлланган ходимлари тегишли лавозимдаги фаолияти вақтида ва фаолиятини тугатганидан кейин ушбу маълумотларнинг махфийлигига риоя этиши шарт.

Расмий статистикани тайёрловчилар статистика мақсадлари учун зарур бўлган вақт ичида идентификаторли индивидуал маълумотларга ўзи белгилаган тартибга мувофиқ ишлов бериши ва уларни сақлаши мумкин.

Идентификатор тўғридан-тўғри идентификациялашни таъминлаши, яъни алоҳида статистик бирликни битта идентификатор ёки идентификаторлар комбинацияси асосида идентификациялашни таъминлаши мумкин.

Статистик бирликни идентификациялаш бошқа қўшимча маълумотлар ёрдамида билвосита усуллар билан ҳам аниқланиши мумкин.

Идентификаторли индивидуал маълумотларни йиғишнинг барча шакллари, шу жумладан электрон шакллари статистика мақсадлари учун зарур бўлмай қолиши билан дарҳол йўқ қилиниши лозим.



6-БОБ. РАСМИЙ СТАТИСТИКАНИНГ СИФАТИНИ

ТАЪМИНЛАШ, УНИ ТАРҚАТИШ ВА ЭЪЛОН ҚИЛИШ


33-модда. Расмий статистиканинг сифатини таъминлаш


Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистиканинг сифатини доимий асосда баҳолаб боради. Сифат кафолатини таъминлаш учун расмий статистика расмий статистиканинг қамрови, тушунчалари, статистик бирликлари ва таснифларига тааллуқли умумий принциплар ҳамда усуллар асосида тайёрланади ва тарқатилади.

Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистиканинг сифатини яхшилаш мақсадида маълумотларни таҳлил этиш ва таҳрир қилиш, турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириш, маълумотларни статистика мақсадларида бир-бирига боғлашни ва солиштиришни амалга ошириш ҳамда баҳолашнинг статистик усулларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Расмий статистикани тайёрловчилар тайёрлаш жараёнида фойдаланиладиган манбалар ва усулларни, шунингдек якуний маълумотлар тўпламларини ҳужжатлаштириб боради. Расмий статистикадан фойдаланувчилар статистика маълумотларининг манбалари ва уларни тайёрлаш усуллари ҳамда расмий статистика маълумотларининг сифати тўғрисида метамаълумотлар ёрдамида хабардор қилинади.



34-модда. Расмий статистиканинг сифатини баҳолаш


Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистикадан фойдаланувчилар билан расмий статистиканинг сифати масалалари юзасидан мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказади.

Расмий статистикадан фойдаланувчилар билан маслаҳатлашувлар қуйидагилар орқали амалга оширилади:

фойдаланувчилар ўртасида сўровлар ўтказиш;

статистика дастурларининг ва статистика кузатувлари шаклларининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш.

Расмий статистикани тайёрловчилар статистика маълумотларининг мазмуни ва сифатини янада яхшилаш учун респондентлардан ушбу маълумотларнинг мазмуни ва сифати ҳақидаги фикрларини сўраб олади.

Ички ва ташқи экспертлар миллий статистика тизимининг институционал муҳити, жараёнлари ва натижаларини баҳолашни амалга ошириши мумкин.



35-модда. Статистика услубиятлари


Расмий статистикани тайёрлаш ҳамда тарқатиш чоғида фойдаланиладиган усуллар, қоидалар ва принциплар тизими статистика услубиятларидир.

Расмий статистикани шакллантириш чоғида статистика услубиятини қўллаш мажбурийдир.

Статистика услубиятини тайёрлаш ва тасдиқлаш расмий статистикани тайёрловчилар томонидан халқаро услубиятлар ҳамда тавсияларга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг, шунингдек бошқа шахсларнинг статистика услубиятини шакллантиришга аралашишига йўл қўйилмайди.

Расмий статистикани тайёрловчилар статистика услубиятини баҳолаш ва такомиллаштириш мақсадида илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ўзлари йиғадиган маълумотларнинг мазмунини, услубиятини ва рўйхатини, шу жумладан уларни ўзгартириш тартибини ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда ҳамда расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан ихтиёрийлик асосида келишиб олади.



36-модда. Расмий статистикани эълон қилиш


Расмий статистика мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек жамоатчиликни хабардор қилиш, расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун эълон қилинади.

Расмий статистика расмий статистиканинг асосий принципларига тўла мувофиқ ҳолда, шунингдек айрим статистика маълумотларининг махфийлигини таъминлаш ҳамда барчага тенг фойдаланиш имкониятини бериш орқали эълон қилинади.

Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистикани статистика дастурида ва расмий статистикани эълон қилиш жадвалида назарда тутилган муддатларда эълон қилиши шарт.

Таркибида давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган расмий статистика маълумотлари эълон қилинмайди ҳамда қонунда белгиланган тартибда тақдим этилади.

Жамоатчилик расмий статистикани эълон қилиш муддатининг ҳар қандай ўзгариши тўғрисида эълон қилишнинг режалаштирилган санасига қадар хабардор қилинади.

Расмий статистика метамаълумотлар ва тушунтирувчи изоҳлар билан бирга эълон қилинади. Расмий статистикадан фойдаланиш расмий статистикани тайёрловчиларнинг расмий веб-сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида расмий статистикани эълон қилиш орқали таъминланади.

Расмий статистикани тайёрловчилар қўшимча равишда ишлов берилган статистика маълумотларини, босма нашрларни ва бошқа материалларни расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг сўровига кўра пулли асосда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Келгусида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган дастлабки статистика маълумотлари эълон қилинганда, улар дастлабки маълумотлар сифатида кўрсатилади.

Статистика услубиятларидаги ўзгаришлар туфайли келиб чиққан ўзгаришлар тўғрисидаги ахборот расмий статистикани тайёрловчиларнинг расмий веб-сайтида жамоатчиликни бу ҳақда хабардор қилиш мақсадида олдиндан эълон қилинади.



37-модда. Расмий статистикани тарқатиш


Расмий статистикани тарқатиш ваколатли давлат органи томонидан мувофиқлаштирилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38-модда. Халқаро ҳамкорлик


Расмий статистикани тайёрловчилар ўз ваколатлари доирасида статистика услубиятларини, амал қилинадиган принциплар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича, шунингдек ахборот айирбошлаш бўйича бошқа мамлакатларнинг расмий статистикани тайёрловчилари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



39-модда. Низоларни ҳал этиш


Расмий статистика соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



40-модда. Расмий статистика тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Расмий статистика тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



41-модда. Айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган "Давлат статистикаси тўғрисида"ги 441-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 12, 219-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган "Давлат статистикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 442-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 12, 220-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 20 декабрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларига солиқ солиш ва уларнинг ҳисобот бериш тизими тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-16-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 415-модда) 3-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 3 сентябрда қабул қилинган "Давлат санитария назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига ва "Давлат статистикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-253-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 333-модда);


5) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 3 январда қабул қилинган "Давлат статистикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-315-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 1, 1-модда);


6) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-396-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 12, 452-модда) 26-моддаси;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 145-моддаси.



42-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



43-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



44-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 август


"Халқ сўзи", 2021 йил 12 август


























































Время: 0.1310
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск