ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.2019 й. 391-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 майдаги

391-сон қарорига

5-ИЛОВА



Реабилитация марказига эга

давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган

мактабгача таълим ташкилоти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган ташкилот деб аталади) мақсадлари ва вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгаригини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом умумий типдаги давлат ташкилотлари, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.


3. Ихтисослаштирилган ташкилот ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, ушбу Низомга ҳамда ўз уставига мувофиқ олиб боради.


4. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолияти ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларнинг мактабгача таълим олишига, шунингдек уларни тарбиялаш ва реабилитация қилишга қаратилган.


5. Ихтисослаштирилган ташкилот аккредитацияси аттестация асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


6. Ихтисослаштирилган ташкилот юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва давлат тилидаги ўз номи ёзилган муҳрга ҳамда штампга, мустақил балансга, бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТНИНГ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

боланинг таълим олишга бўлган ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлаш;

болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, жамиятга мослаштириш, шунингдек, ривожланишидаги нуқсонларни коррекциялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг ёш ва ўзига хос имкониятларига, қобилиятлари ва эҳтиёжларига мувофиқ уларнинг жисмоний, ақлий ва маънавий камол топишини таъминлаш;

боланинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, унинг ижтимоий тажриба орттиришини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган болаларга, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга, шунингдек бундай болалар тарбияланаётган оилаларга малакали ижтимоий-маиший, ижтимоий-психологик, ижтимоий-педагогик, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жамиятдаги, оиладаги ҳаётга, ўқишга ва меҳнат қилишга имкон қадар тўлиқ ҳамда ўз вақтида мослашишига кўмаклашиш.


8. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, шунингдек, улар асосида ишлаб чиқилган таълим-тарбия ва коррекцион ишларни ташкил этиш дастурларига мувофиқ тарбияланувчиларга таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик ёрдам берилишини таъминлаш;

болаларда Ватанга муҳаббат, оилага ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллий қадриятлар ва урф-одатларга ҳурмат, ўзига ва атроф-муҳитга онгли муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

тиббий абилитация ва реабилитация ўтказиш, болалар ривожланишидаги нуқсонларни компенсация ва коррекция қилиш;

болаларга сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиш имконини берадиган шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг ижтимоий мослашувчанлигини ҳамда таълим ва тарбия олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;

болаларни умумтаълим муассасаларида ўқишга тайёрлаш;

ўқув жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш.



3-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ, ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ихтисослаштирилган ташкилотнинг муассисидир.


10. Ихтисослаштирилган ташкилот муассис томонидан ташкил этилади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


11. Ихтисослаштирилган ташкилот кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ва реабилитация марказидан иборат, шунингдек ўз тузилмасида болалар ва уларнинг қонуний вакиллари билан вақтинчалик яшайдиган хостелга эга бўлиши мумкин.


12. Ихтисослаштирилган ташкилотда муассис билан келишилган ҳолда фаолияти Ихтисослаштирилган ташкилот фаолиятининг устав турларига зид бўлмаган қўшимча бўлимлар, хизматлар, таркибий бўлинмалар очилиши мумкин. Барча таркибий бўлинмалар ўз фаолиятида Ихтисослаштирилган ташкилотнинг директорига бўйсунади.


13. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг бино ва иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилмасдан хусусийлаштирилиши, мусодара қилиниши ва қайта ихтисослаштирилиши мумкин эмас.


14. Ихтисослаштирилган ташкилот ўқув йили тугаганидан кейин қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

Ихтисослаштирилган ташкилотни қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида тарбияланувчиларни бошқа давлат мактабгача таълим ташкилотларига ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан боланинг қонуний вакиллари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



4-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


15. Ихтисослаштирилган ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тасдиқланган мослаштирилган таълим дастури асосида мустақил равишда ўз таълим дастурини ишлаб чиқиш;

боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлик қилиш;

мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича инновацион фаолиятда қатнашиш.

Ихтисослаштирилган ташкилот қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Ихтисослаштирилган ташкилот:

болаларнинг жисмоний ўсиши ва соғлиғи мустаҳкамланиши учун санитария-гигиена меъёрларига мувофиқ шарт-шароитлар яратиши ва уларга риоя этилишини таъминлаши;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли нозологияларни даволаш стандартларига мувофиқ болаларнинг абилитацияси ва реабилитациясини ўтказиш учун шарт-шароитларни яратиши;

таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган шакллар, усуллар ва воситаларнинг болаларнинг ёш, психик ва физиологик хусусиятлари, қизиқишлари, қобилиятлари, манфаатлари ва эҳтиёжларига мос келишини таъминлаши;

болалар тўғри овқатланишини ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиши;

болаларни шахсга йўналтирилган ёндашувни қўллаган ҳолда умумтаълим муассасаларида ўқишга сифатли тайёрлашни таъминлаши;

мактабгача таълим сифатини таъминлаш устидан назорат олиб боришда, саломатликни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, абилитация ва реабилитация тадбирларини ўтказишда ваколатли давлат органларига кўмаклашиши;

Ихтисослаштирилган ташкилотдаги гуруҳларни ихтисослаштирилган мактабгача таълимга қўйиладиган талабларга мувофиқ болалар билан тўлдирилиши.

зарур моддий-техник базаси ва малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлганда, асосий таълим-тарбия фаолияти билан бирга пулли даволаш-соғломлаштириш хизматларини кўрсатиши шарт.

Ихтисослаштирилган ташкилотнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.


17. Ихтисослаштирилган ташкилот қуйидагилар учун жавоб беради:

болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

болалар Ихтисослаштирилган ташкилотда бўлган вақтида уларнинг ҳаётини ҳимоя қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш;

белгиланган талабларга мувофиқ таълим-тарбия, коррекцион-педагогик ҳамда реабилитация жараёнларини амалга ошириш;

болани тарбиялаш ва таълим бериш масалалари бўйича унинг қонуний вакилларига маслаҳатлар билан ёрдам бериш;

умумтаълим дастурларини амалга оширишни тегишли сифатда ва белгиланган ҳажмда таъминлаш;

ушбу Низомда назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажариш.


18. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолияти устидан мониторинг ҳамда назорат ваколатли давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


19. Ўқув жараёнидан сиёсий мақсадларда ёки таълим олаётган болаларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид ҳаракатларни содир этишга ундаш учун фойдаланиш тақиқланади.



5-БОБ. КЎП ТАРМОҚЛИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ


20. Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот деб аталади) Ихтисослаштирилган ташкилотнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, у ерда тарбияланувчиларга таълим ва тарбия берилади.


21. Болаларни ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга қабул қилиш ушбу ташкилотда бўш жойлар бўлса, календарь йил давомида амалга оширилади.

Болалар уларнинг қонуний вакиллари розилиги билан қуйидагилар асосида қабул қилинади:

психологик-тиббий-педагогик комиссиясининг белгиланган тартибда берилган хулосаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича боланинг тиббий картаси ва профилактик эмлаш картаси.


22. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлиш даври ва болалар билан ўтказиладиган коррекцион ишлар муддати психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланади.

23. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган 2 ёшдан 7 ёшгача тарбияланувчилар контингентига мувофиқ қуйидаги гуруҳлар тузилади:

эшитишида оғир нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун;

кўришида оғир нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун;

психик ривожланишда кечикаётган тарбияланувчилар учун;

ақлий заифлик билан тарбияланувчилар учун;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун.


24. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда гуруҳлар болаларнинг тоифасига ва ёшига қараб тўлдирилади ҳамда тегишли равишда қуйидагиларни ташкил этади:

кар тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

заиф эшитувчи тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

кўзи ожиз тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

заиф кўрувчи тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 15 нафар ва кўпи билан 18 нафар тарбияланувчи;

гемипарез, монопарез, плегия асоратлари билан тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

болалар церебрал фалажи синдроми асоратлари билан тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

енгил даражада ақли заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи; ўрта даражада ақлий заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 6 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

аутизм билан уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

психик ривожланишида кечикаётган уч ёшдан катта болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

мураккаб нуқсонли (икки ва ундан ортиқ нуқсонли) тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи.


25. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда овқатланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади ва амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда тарбияланувчиларнинг овқатланишини ташкил этиш учун жавобгарлик Ихтисослаштирилган ташкилотнинг директори зиммасига юкланади.


26. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга қуйидаги нуқсонлари бўлган болалар қабул қилинмайди:

оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик;

шизофрения, ҳиссий ироданинг чуқур бузилишлари;

тез-тез такрорланувчи умумлашган эпилептик хуружлар;

турли сабабли психопатия ва психопатсимон ҳолатларнинг оғир шакллари;

асаб тизимининг органик шикастланганлиги сабабли сийдик ва нажас ушлаб туролмаслик;

юрак-қон томир, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизимининг хуруж ва декомпенсация босқичи;

кўзи кўр қулоғи карлар.


27. Болалар ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдан қуйидагилар асосида чиқарилади:

болани қонуний вакилларининг аризаси;

соғлиқни сақлаш органлари муассасаларининг тиббий кўрсатмалари;

Ихтисослаштирилган ташкилот ва боланинг қонуний вакилларнинг ўртасидаги шартнома шартларининг бажарилмаслиги;

Ихтисослаштирилган ташкилот тиббий-психологик-педагогик кенгашининг хулосаси;

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасида кўрсатилган боланинг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлиш муддати тугаши;

мактаб ёшига етиши (7 ёш).



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


28. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ болаларни таълим олиши, тарбиялашни, уларни парваришлашни ва болаларга коррекцион-педагогик ёрдамни кўрсатишни таъминлайди.


29. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдаги таълим-тарбия жараёнининг мазмун-моҳияти Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган таълим дастури асосида ишлаб чиқилган (шу жумладан, муаллифлик, мослаштирилган ва бошқа) дастур билан белгиланади.


30. Таълим-тарбия жараёни машғулотларнинг йиллик, тақвим-мавзули режалари ва жадвали билан тартибга солинади.


31. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот қонун ҳужжатларига ҳамда Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ болаларга таълим-тарбия бериш шакллари, воситалари ва усулларини танлайди.


32. Таълим-тарбия жараёни ишлаб чиқиладиган якка тартибдаги йўналиш асосида болаларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади. Машғулотлар фронтал, кичик гуруҳ ва якка тартибда олиб борилади. Гуруҳлар ва коррекцион-таълим кабинетлар зарур ихтисослаштирилган асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган бўлиши керак.


33. Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга қуйидаги тамойиллар асосида таълим берилади ва тарбияланади:

таълимнинг коррекцион йўналтирилганлиги;

ижтимоий мослашуви;

таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда таълимнинг махсус методологиясидан ва тоифаланган ёндашувдан фойдаланиш.


34. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади. Болалар ташкилотда бўладиган муддатга қараб гуруҳлар:

тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 10,5 соатгача);

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар (24 соат) бўлиши мумкин.


35. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ишлаш тартиби ва тарбияланувчиларнинг бўлиш муддати Ихтисослаштирилган ташкилотнинг уставида ва муассис қарорида белгиланади.


36. Ихтисослаштирилган ташкилот ва боланинг қонуний вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар бола ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга жойлаштирилганда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади. Бола ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўладиган вақт ушбу шартномада кўрсатилади.


37. Таълим-тарбия жараёни ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг махсус мактабгача таълим бўйича тегишли малакага эга педагог ходимлари томонидан ўтказилади. Таълим жараёнининг психологик-педагогик кузатуви психологлар томонидан амалга оширилади.


38. Педагог ходимлари таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот фаолиятига ва таълим-тарбия жараёнини ташкил этишга умумий раҳбарлик Ихтисослаштирилган ташкилотнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан амалга оширилади.


39. Таълим-тарбия давлат тилида ҳамда "Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ бошқа тилларда олиб борилади.



7-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ


40. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари қуйидагилардан иборат:

тарбияланувчилар;

педагог ходимлари;

тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар;

боланинг қонуний вакиллари.


41. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот тарбияланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бепул мактабгача таълим олиш;

реабилитация ва тиббий хизматлардан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган дори-дармонлар рўйхатига асосан дори воситалари билан бепул таъминланиш;

Ўзбекистон Республикасида тасдиқланган санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ овқатланиш.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот тарбияланувчиларининг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари ва Ихтисослаштирилган ташкилот уставига мувофиқ белгиланади.


42. Тегишли ихтисослаштирилган маълумотга, касбий тайёргарликка, юксак ахлоқий хислатларга эга шахслар Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда педагогика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.


43. Боланинг қонуний вакиллари ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг таълим-тарбия фаолияти, ўз фарзандига берилаётган таълим ва кўрсатилаётган реабилитация ёрдами билан ушбу ташкилотнинг ишига аралашмай танишиш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


44. Реабилитация тадбирлари Ихтисослаштирилган ташкилотнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланган реабилитация марказида штатдаги тиббиёт ва педагог ходимлари, шунингдек Ихтисослаштирилган ташкилотга ҳудудий бириктирилган соғлиқни сақлаш органлари муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.


45. Реабилитация марказининг тиббиёт ва педагог ходимлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаган даволаш стандартларига мувофиқ болаларнинг риволанишидаги нуқсонларини коррекция қилиш, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни тиббий реабилитация, абилитация қилиш ва ижтимоий мослашувга қаратилган реабилитация тадбирларини ўтказади.


46. Белгиланган даволаш курси доирасида реабилитация тадбирларини ўтказиш ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг ҳар бир тарбияланувчиси учун якка тартибда машғулотлар жадвалини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади.


47. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг тарбияланувчиларидан ташқари реабилитация маркази мазкур ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг тиббий-психологик-педагогик кенгаши кўрсатмасига кўра 2 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда мазкур қарорга 4-илова билан тасдиқланган психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасини бериш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар рўйхатида белгиланган ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган 2 ёшдан 7 ёшгача болаларни ҳам амбулатор шароитида қабул қилади ва реабилитация тадбирларини ўтказади.

Болаларни амбулатор шароитида қабул қилишда уларга кўрсатиладиган реабилитация муолажаларни даврийлиги якка тартибдаги реабилитация дастурида белгиланади, унда бир ой давомида реабилитация муолажалари курсини олиш, боланинг соғлиғи ҳолатига қараб ва Ихтисослаштирилган ташкилотни Тиббий-психологик-педагогик кенгашининг тавсиялари бўйича 3 ёки ундан кўпроқ ойдан сўнг муолажаларни такроран ўтказиш назарда тутилади.


48. Реабилитация марказида ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотининг ҳар бир тарбияланувчисига ҳамда амбулатор шароитида даволаниш курсидан ўтган бола учун белгиланган намунадаги тиббий картаси очилади. Тарбияланувчининг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлиш муддати тугагандан кейин ёки амбулатор шароитида даволаниш курси тугаганидан сўнг боланинг қонуний вакиллари яшаш жойи бўйича тиббиёт муассасси учун тиббий картасидан кўчирма берилади.


49. Реабилитация марказида беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади. Қабул қилиш жадвал бўйича белгиланган вақтда - ҳар куни 7,2 соатдан амалга оширилади.


50. Реабилитация маркази қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бола яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиниканинг йўлланмаси асосида, юқумли касалликлар билан алоқа бўлмаганлиги ҳақидаги маълумотномани албатта талаб қилган ҳолда, қўшимча пулли амбулатор хизматларини ташкил этишга ҳақли.


51. Тиббий жисмоний тарбия бўйича машғулотлар тиббий жисмоний тарбия инстуктори ёки тегишил тайёргарликка эга ўқувитувчи томонидан ўтказилади.


52. Реабилитация марказида барча соғломлаштириш ва реабилитация тадбирлари тўғри ташкил этилиши ҳамда ўтказилиши устидан назорат соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқариш органлари томонидан олиб борилади.

Соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқариш органлари реабилитация марказини тиббиёт кадрлари билан тўлдириш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек даволаш ва соғломлаштиришнинг замонавий технологиялари ҳамда усулларини кенг жалб қилиш, маслаҳатлари билан ёрдам кўрсатиши учун юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун масъулдир.


53. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг штатдаги ходимлари соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий текширувдан ўтади.


54. Тиббиёт ва педагог ходимлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ реабилитация жараёнини ташкил этиш учун жавоб беради. Реабилитация маркази фаолиятига ва реабилитация жараёнини ташкил этишга умумий раҳбарлик Ихтисослаштирилган ташкилотнинг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан амалга оширади.



9-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТ ХОСТЕЛИ


55. Ихтисослаштирилган ташкилотларга бола амбулатор шароитида белгиланган даволаш курси доирасида реабилитация муолажаларини оладиган даврда бола (болалар) ўз қонуний вакиллари билан биргаликда вақтинчалик яшаши учун хостел такшил этишга рухсат берилсин.


56. Хостеллар юридик мақомга эга бўлмайди ва Ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан бошқарилади.


57. Хостеллар асосан ўзини-ўзи молиялаштириш маблағлари хисобига сақланади. Шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик (беғараз) ёрдамлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағ жалб қилиниши мумкин.


58. Хостеллардан тушган тушумлар Давлат бюджетига ундириладиган солиқлар, Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинсин.


59. Хостеллардан фойдаланиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.



10-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


60. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолияти қуйидагилар ҳисобига молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайрия эҳсонлари;

пулли хизматлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ихтисослаштирилган ташкилот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча даромадлар олиш ҳуқуқига эга.


61. Ихтисослаштирилган ташкилотга қўшимча бюджет маблағларини жалб қилиш бюджетдан молиялаштиришни камайтиришга олиб келмайди.


62. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда болаларни сақлаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.


63. Ихтисослаштирилган ташкилот ўзи томонидан тасдиқланган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


64. Ихтисослаштирилган ташкилотда ходимлар иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ихтисослаштирилган ташкилотда раҳбарлар, педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек, тарбиячилар ёрдамчилари лавозим маошларига ҳамда базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўланади.


65. Ихтисослаштирилган ташкилот тегишли давлат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва статистик ҳисобот тақдим этади.


66. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг молия-хўжалик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назорат қилинади.


11-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

ТАШКИЛОТИНИ БОШҚАРУВИ


67. Ихтисослаштирилган ташкилот қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга ва Ихтисослаштирилган ташкилотнининг уставига мувофиқ бошқарилади.


68. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг бошқарув органлари қуйидагилардан иборат:

Педагогик кенгаши;

Кузатув кенгаши;

Ихтисослаштирилган ташкилот директори.


69. Ихтисослаштирилган ташкилот Педагогик кенгаши:

Ихтисослаштирилган ташкилотда таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади;

Ихтисослаштирилган ташкилот иш режасини ҳамда педагог ходимларнинг педагогик юкламасини белгилайди;

Ихтисослаштирилган ташкилот таълим дастурини амалга ошириш натижаларини баҳолайди;

Ихтисослаштирилган ташкилот боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлиги тартибини белгилайди;

Ихтисослаштирилган ташкилот педагог ходимлари малакасини ошириш, уларнинг ижодий ташаббусини ривожлантириш, таълим жараёнига фан ютуқларини ва илғор педагогик тажрибани жорий этиш масалаларини муҳокама қилади;

Ихтисослаштирилган ташкилот ходимларини маънавий ва моддий рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

Ихтисослаштирилган ташкилот директори ва педагог ходимлари ҳисоботларини эшитади.

Ихтисослаштирилган ташкилот Педагогик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.


70. Ихтисослаштирилган ташкилотда болани тарбиялаш, ривожлантириш ва таълим беришда кўмаклашиш мақсадида Кузатув кенгаши ташкил этилади. Унинг таркиби ушбу ташкилотга борадиган болаларнинг қонуний вакиллари, унинг ходимлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан тузилади.

Ихтисослаштирилган ташкилотнинг Кузатув кенгаши:

Ихтисослаштирилган ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Ихтисослаштирилган ташкилот директорининг унинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, молия-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги даврий ҳисоботларини эшитади;

Ихтисослаштирилган ташкилот директори, педагог ходимлари ва бошқа ходимлари фаолиятига тааллуқли ижтимоий сўровлар ўтказади;

Мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органларига Ихтисослаштирилган ташкилот ходимларини рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритади.

Ихтисослаштирилган ташкилотнинг Кузатув кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.


71. Ихтисослаштирилган ташкилот Кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


72. Ихтисослаштирилган ташкилотга Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

73. Директор Ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолиятига жорий раҳбарлик қилади ва Кузатув кенгашига ҳамда муассисга ҳисоб беради.


74. Ихтисослаштирилган ташкилот директорининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, уставда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, меҳнат шартномасида белгиланади.


75. Ихтисослаштирилган ташкилот директорининг лавозимига қўйиладиган малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


76. Директор:

Ихтисослаштирилган ташкилот номидан фаолият олиб боради, унинг манфаатларини ифодалайди, Ихтисослаштирилган ташкилот мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этади ва шартнома тузади;

Ихтисослаштирилган ташкилот ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва Ихтисослаштирилган ташкилотга юклатилган вазифалар ҳамда функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ваколати доирасида Ихтисослаштирилган ташкилотнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ўқув-моддий базани мустаҳкамлаш, таълим-тарбия ишларини такомиллашириш, малакали педагог ва тиббий кадрлар билан таъминлаш билан боғлиқ айрим масалаларни ҳал қилиш юзасидан ҳамда Ихтисослаштирилган ташкилот фаолиятига оид бошқа масалалар бўйича тегишли органларга кўриб чиқиш учун таклифлар киритади;

педагог, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномаларни тузади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


77. Уч нафар директор ўринбосари Ихтисослаштирилган ташкилотнинг таркибий бўлинмаларига жорий раҳбарлик қилади:

ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органи ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишув бўйича Ихтисослаштирилган ташкилот директори томонидан тайинланади;

даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органи томонидан тавсия этилади ҳамда мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органи ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишув бўйича Ихтисослаштирилган ташкилот директори томонидан тайинланади;

умумий масалалар бўйича директор ўринбосари мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органи ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишув бўйича Ихтисослаштирилган ташкилот директори томонидан тайинланади.


78. Ихтисослаштирилган ташкилот директори ўринбосарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари уставда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномасида белгиланади.



12-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТНИНГ

ТИББИЙ-ПСИХОЛОГИК-ПЕДАГОГИК КЕНГАШИ


79. Ихтисослаштирилган ташкилотда тиббий-психологик-педагогик кенгаши тузилади ва фаолият олиб боради, Ихтисослаштирилган ташкилот директори унинг раиси ва ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари, даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари, психолог, педагог ҳамда тиббиёт ходимлари унинг аъзолари ҳисобланади.


80. Тиббий-психологик-педагогик кенгаш:

бола Ихтисослаштирилган ташкилотнинг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотига қабул қилинганда унинг ўзига хос ва ёш хусусиятларини, соғлиғи ҳолати ва ривожланиш даражасини ҳисобга олиб коррекцион-педагогик ҳамда реабилитация тадбирларини ўтказиш юзасидан якка тартибдаги йўналишни ишлаб чиқади;

ўқув йили давомида 3 марта (сентябрь, январь ва майда) ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот тарбияланувчиларини текширади;

якка тартибдаги йўналишни амалга ошириш жараёнида бола ривожланиши динамикасини аниқлайди ва зарурат бўлса, унга ўзгартишлар киритади;

коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирлари натижалари, боланинг ўзига ўзи хизмат кўрсатиш кўникмалари даражаси ва ижтимоий мослашув динамикаси, таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириши мониторингини олиб боради ва баҳолайди;

бола ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлган муддат давомида уни психологик-тиббий-педагогик комиссияга қайта текширувга юбориш зарурати ҳақидаги масалани кўриб чиқади;

психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасида кўрсатилган боланинг бўлиш муддати тугашидан камида бир ой олдин боланинг қонуний вакилларини тарбияланувчининг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлиш муддати тугаганидан хабардор қилади ҳамда ушбу ташкилотларда бўлишини давом эттириш юзасидан уни психологик-тиббий-педагогик комиссияга текширувга юборади;

тарбияланувчиларни текшириш маълумотлари ёки коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирлари натижаларининг ижобий динамикаси асосида психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасида кўрсатилган бўлиш муддати тугашигача тарбияланувчини ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга;

Ихтисослаштирилган ташкилотнинг реабилитация марказида амбулатор шароитида белгиланган даволаш курси доирасида реабилитация муолажаларини олишга юборилган болаларни якка тартибда текширади ва боланинг ўзига хос ва ёш хусусиятларига, соғлиғи ҳолатига ва ривожланиш даражасига қараб коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирларини тайинлайди; бола коррекцион-педагогик ва реабилитация муолажаларини вақти ва даврийлиги билан олиши тўғрисида тавсиялар ишлаб чиқади;

боланинг қонуний вакиллари розилиги билан бола Ихтисослаштирилган ташкилот хостелида яшаши учун у амбулатор шароитида белгиланган даволаш курси доирасида реабилитация муолажаларини олиши зарурлиги ва унинг давомийлиги ҳақида хулоса беради.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


81. Ихтисослаштирилган ташкилотда сиёсий партиялар ва диний муассасаларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига ва фаолиятига йўл қўйилмайди.


82. Ихтисослаштирилган ташкилотда халқаро ҳамкорлик, педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ва тиббиёт ходимлари амалиётини ўтказиш ва малакасини ошириш белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 август




















































Время: 0.1969
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск