ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.08.2021 й. ПҚ-5234-сон "Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.08.2021 й.

N ПҚ-5234



СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА МАХСУС РЕЖИМНИ ЖОРИЙ

ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги "Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4996-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосидаги инновацион бизнес-моделлар, маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш усуллари ривожланиши учун қулай ва мақбул экотизим яратиш, уларни белгилаб берилган устувор тармоқлар ва соҳаларда тезкорлик билан жорий этиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида:


1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг экспериментал инновацион тадқиқотлар доирасида Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни (кейинги ўринларда - махсус режим) жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилансинки:

а) махсус режим этиб унинг доирасида сунъий интеллект технологияларига асосланган тажриба-синов ишларини амалга ошириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва хизматларни кўрсатиш (кейинги ўринларда - тажриба-синов лойиҳалари) билан боғлиқ фаолият юритувчи юридик шахслар ҳамда илмий ташкилотлар учун зарурий ташкилий-ҳуқуқий шароит яратиш, дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларда енгиллик яратиш тушунилади;

б) махсус режим Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг (кейинги ўринларда - IT-парк) алоҳида бўғини бўлиб, унинг иштирокчилари IT-парк резидентлари ҳисобланади ва улар ўз фаолиятини экстерриториаллик принципи асосида амалга оширади;

тажриба-синов лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги ПҚ-4996-сон қарори билан тасдиқланган Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари ҳамда устувор тармоқлар ва соҳалар доирасида амалга оширилади;

в) махсус режим талабгорлари учун тажриба-синов лойиҳалари доирасида фаолиятга рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган ҳолда олиш тизими жорий қилинади. Бунда:

махсус режим талабгорларининг аризалари беш иш куни ичида тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади;

рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ваколатли давлат органи томонидан қисқартирилади;

рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун белгиланган тўлов миқдорлари 2 бараварга камайтирилади;

ваколатли давлат органи тегишли фаолиятни амалга оширишнинг камайтирилган талаблари ва шартларини белгилайди;

г) махсус режим иштирокчиларига тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5099-сон Фармони билан IT-парк резидентларига берилган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилади;

ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга кетган харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4862-сон қарорида белгиланган тартибда давлат томонидан компенсация қилинади;

зарур бўлган маълумот ҳамда ҳужжатларни (давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгиларига эга бўлган маълумотлар бундан мустасно), шунингдек, шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни вазирлик, идора ва ташкилотлардан олиш ҳуқуқи берилади;

д) махсус режим фаолиятининг муддати беш йилни ташкил этади ҳамда унинг фаолият муддатини узайтириш "Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштириш комиссияси)нинг қарори асосида амалга оширилади;

е) тажриба-синов лойиҳалари бир йилдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.


3. Белгилансинки:

а) махсус режим иштирокчилари:

лойиҳалар тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилгандан сўнг уларни тўлиқ амалиётга жорий қилишга рухсат олиши мумкин;

маҳсулотни реализация қилишда ва хизматларни кўрсатишда буюртмачиларни тажриба-синовдан ўтказилаётганлиги тўғрисида огоҳлантиради ва уларнинг тегишли рўйхатини юритади;

тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олинган рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган талаблар ва мажбуриятларга тўлиқ риоя қилиши шарт;

б) махсус режимва унинг иштирокчилари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштиришни таъминлашга масъул - Мувофиқлаштириш комиссияси;

в) махсус режим фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқариш соҳасидаги ишчи орган - Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳисобланади.

Бунда, махсус режим иштирокчиларининг илмий фаолиятини кузатиб боришга Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ходимлари жалб қилинади.


4. Белгилаб қўйилсинки, махсус режим фаолияти бўйича масъул органлар ва тузилмалар қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

а) Мувофиқлаштириш комиссияси:

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан махсус режим доирасида амалга ошириладиган ишларнинг ўз вақтида бажарилишини тизимли назорат қилади;

тегишли ваколатли давлат органи билан тузилган шартномалар асосида махсус режим иштирокчилари томонидан шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни қайта ишлаш тартиби ва шартларини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни белгилайди;

тегишли ваколатли давлат органи билан биргаликда махсус режим иштирокчиларига сунъий интеллект технологияларига асосланган дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида енгиллик яратиш ҳамда иштирокчиларнинг рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олишини таъминлайди;

амалдаги қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш ҳақида қарор қабул қилади;

сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, яратиш, амалга ошириш ва фойдаланишнинг алоҳида шартлари ҳамда тартибини белгилайди;

б) ишчи орган:

амалдаги қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш тартиблари бўйича таклифларни тайёрлайди;

махсус режим иштирокчиларига тажриба-синов лойиҳалари доирасида зарур бўладиган маълумотлар рўйхатини шакллантиради;

махсус режимнинг эксперт кенгашлари низоми, шунингдек, унинг иштирокчиси билан тузиладиган фаолият шартлари тўғрисидаги шартнома шаклини тасдиқлайди;

тажриба-синов лойиҳаларини татбиқ этишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида иштирокчиларга махсус режим доирасида енгиллик яратиш бўйича таклифларни тайёрлайди;

махсус режим жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;

махсус режим таркибига иштирокчиларни киритиш ва чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим қилади;

махсус режим иштирокчиларини тажриба-синов лойиҳалари муддати давомида ташкилий-ҳуқуқий, консультатив қўллаб-қувватлайди;

в) Мувофиқлаштириш комиссияси ва тегишли ваколатли давлат органнинг қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари:

шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда,шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни тақдим этади;

рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда беради.


5. Вазирлар Маҳкамаси йигирма кун муддатда қуйидагиларни назарда тутадиган Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режимни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

махсус режим ишчи органининг фаолиятини ташкил этиш;

талабгорлар томонидан махсус режимда иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилиш, аризани кўриб чиқиш, уларни махсус режим иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби ва иштирокчи мақомидан маҳрум қилиш асослари;

талабгорларга қўйиладиган талаблар, махсус режим иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга берилаётган имтиёзлар ва преференциялар рўйхати;

устувор йўналишлардаги соҳалар бўйича эксперт кенгашлари таркиблари.


6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича ишларни ташкил этсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 26 августдаги

ПҚ-5234-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги "Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6079-сон Фармонида:


а) 1-иловада:


2.3-параграфнинг ўн биринчи хатбошисидаги "Интернет буюмлар" сўзлари "Буюмлар интернети" сўзлари билан алмаштирилсин;


2.5-параграфнинг йигирма саккизинчи хатбошисидаги "Интернет буюмлар" сўзлари "Буюмлар интернети" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 17-илованинг I-бўлими 1-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

1.

Агросаноат мажмуида сунъий интеллект технологиялари элементларини ўз ичига олган ягона интеграцион платформани ташкил қилиш бўйича"Рақамли қишлоқ хўжалиги" ахборот тизимини яратиш.

1. Қишлоқ хўжалиги ва шу мақсадларда фойдаланиш учун берилган бошқа тоифадаги ерларнинг интеграциялашган ягона ахборот тизимини яратиш.


2021 йил

ноябрь


Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро молия институтлари маблағлари

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Қ. Юлдашев), Ахборот технологиялари вазирлиги (О. Пекось), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан агрегатлашган ахборотларни қабул қилиш тажриба лойиҳасини амалга ошириш.


2022йил

июль

3. Тизимда хўжалик юритувчи субъектлар, банклар ва суғурта компанияларининг ишини таъминлаш. Экспортни ташкил этиш платформаси ва бошқа интернет тармоқлари (техникаларни бошқариш) платформаси фаолиятини йўлга қўйиш. "Рақамли дала", "Рақамли боғ" ва "Рақамли пода" каби бир қатор платформаларнинг иловаларини жорий этиш. "Ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат" платформасини яратиш.


2023 йил

январь

в) 17а-илованинг 1-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

1.

Космик аппаратлар ва учувчисиз учиш аппаратлари орқали олинадиган, ерни масофадан зондлашнинг катта ҳажмдаги маълумотлари асосида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб, тупроқнинг ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳолатини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси ишини мониторинг қилиш бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш.


1. Лойиҳа-техник ҳужжатини ишлаб чиқиш ва уни белгиланган тартибда келишиш.


2021 йил

сентябрь


ХМИ ва ХҲМТ маблағлари ва грантлар,

ижрочилар маблағлари

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Қ. Юлдашев), Ахборот технологиялари вазирлиги (О.Пекось), "Ўзбеккосмос" агентлиги (Ш.Кадиров), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахмонов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л. Кудратов), Тошкент давлат аграр университети (Б. Сулайманов), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти


2. Дастурий таъминот ва аппарат-дастурий комплекслари ишлаб чиқарувчиси ва интеграторини аниқлаш.


2021 йил

октябрь


3. Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва тажриба-синов лойиҳасини жорий этиш.


2021 йил

декабрь


      

г) 24-иловада:


7-позициясидаги "Интернет буюмлар" сўзлари "Буюмлар интернети" сўзлари билан алмаштирилсин;


34-позициясидаги "Интернет буюмлар" сўзлари "Буюмлар интернети" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги ПФ-6108-сон Фармони билан тасдиқланган Ахборот технологиялари, биология, кимё ва геология-минералогия фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Dsc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этиладиган илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари рўйхатининг "Ахборот-коммуникация технологиялари" бўлими қуйидаги мазмундаги 2-позиция билан тўлдирилсин:

2.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 мартдаги "Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2834-сон қарорида:


а) 3 ва 4-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) 6-бандда:

учинчи хатбошидаги "Университет ва Марказнинг" сўзлари "Университетнинг" сўзи билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги "Университетда дарс бериш ва Марказда" сўзлари "Университетда дарс бериш ва" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3549-сон қарори 5-бандининг биринчи хатбошисидаги "129" рақами "142" рақами билан алмаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5006-сон қарори 7-иловасининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 август






















































Время: 0.1882
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск