ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Бошқа масалалар /

Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.09.2021 й. 562-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 9 сентябрдаги

562-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим ташкилотлари,

академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари

ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил

этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар

иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни

рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари (кейинги ўринларда - мактаблар) ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларни ташкил этиш, ўтказиш, халқаро ва минтақавий олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ҳамда олимпиада ғолибларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


асосий олимпиада - умумтаълим фанлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан мактаблар ўртасида республика миқёсида тизимли равишда ҳар йили ташкил этиладиган олимпиада;


қўшимча республика олимпиадалари - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлар томонидан асосий олимпиадалардан ташқари, ўз ташаббуси билан ўтказиладиган олимпиадалар;


онлайн олимпиада - ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва асосий олимпиадаларга тайёргарлик кўриш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ҳамда фақат ахборот технологиялари (комьпютер, планшет, телефон ва бошқалар) орқали амалга ошириладиган олимпиадалар;


нуфузли халқаро олимпиадалар - Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорида белгиланган халқаро олимпиадалар;


минтақавий халқаро олимпиадалар - нуфузли халқаро олимпиадалар рўйхатига кирмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган ҳамда ғолибларининг мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига тенглаштирилган халқаро олимпиадалар;


олимпиадалар тақвими - ўқув йили давомида ўтказилиши режалаштирилган фан олимпиадаларининг режа-жадвали;


олимпиада ғолиблари - асосий олимпиада, қўшимча республика олимпиадаларида 1, 2, 3-ўринларни, халқаро олимпиадаларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган ўқувчилар;


ахборот тизими - Вазирликнинг олимпиадаларни ташкил қилиш ва ўтказишга мўлжалланган веб-сайти.


3. Фан олимпиадалари ягона илмий-услубий ёндашув асосида адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади.


4. Олимпиадалар учун тест топшириқлари, ёзма ва амалий ишларни (кейинги ўринларда - назорат материаллари) тайёрлаш, иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш ҳамда олимпиадаларни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.

Республика миқёсида ташаббус тартибида ташкил қилинадиган барча турдаги фан олимпиадалари Вазирлик билан келишган ҳолда ўтказилади ҳамда олимпиадалар тақвимига киритилади.


5. Олимпиадалар назорат материаллари ўқувчиларнинг билим, кўникмаларини стандарт ва ностандарт масалаларда, амалий топшириқларда қўллай олиш малакаларини ва компетенцияларини баҳолашга қаратилади.


6. Нуфузли халқаро олимпиадалар ва минтақавий халқаро олимпиадаларни ўтказиш тартиби ва шартлари уларнинг ташкилотчилари томонидан белгиланади.


7. Ўқувчилар олимпиадаларда ўз хоҳишларига кўра, ихтиёрий равишда қатнашадилар.



2-БОБ. АСОСИЙ ОЛИМПИАДАЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Асосий олимпиадаларнинг тегишли босқичини ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни бажариш учун Вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ташкил этадилар.



1-§. Ташкилий қўмита


9. Олимпиадаларни ташкил этиш учун Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий халқ таълими бошқармалари), туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳар бир олимпиада ҳамда унинг босқичларини ўтказиш бўйича республика ва ҳудудий ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - ташкилий қўмита) тузилади.


10. Қуйидагилар ташкилий қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:

олимпиада ўтказиладиган жойни белгилаш ва тасдиқлаш;

ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантириш;

олимпиада назорат материалларининг махфийлигини, олимпиадани мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;

олимпиаданинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;

барча олимпиада иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштириш;

олимпиада натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш.


11. Мактабларда ташкилий қўмитанинг вазифалари Педагогик кенгаш томонидан амалга оширилади.


12. Ташкилий қўмита таркибига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг масъул ходимлари ва бошқа маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари киритилиши мумкин.



2-§. Ҳакамлар ҳайъати


13. Олимпиадаларнинг барча босқичларида ташкилий қўмита томонидан 3 кишидан 7 кишигача таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.


14. Ҳакамлар ҳайъати:

олимпиада жараёнида бериладиган назорат материалларини экспертизадан ўтказади;

олимпиада иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни Вазирлик томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида холисона текширади, баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди;

натижаларни олимпиада ўтказилган куни эълон қилади;

ўтказилган олимпиада натижалари бўйича қарор қабул қилади ва уни ташкилий қўмитага тақдим этади.


15. Ҳакамлар ҳайъати таркибига мактаблар, нодавлат таълим ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтларининг юқори малакали мутахассислари жалб қилинади. Ҳар бир фан бўйича тузилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан ҳайъат раисини сайлайдилар.


16. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари олимпиада ғолибларини холисона аниқлашда ва назорат материалларининг маҳфийлигини таъминлашда шахсан жавобгар ҳисобланади.



3-§. Аудитория раҳбари ва назоратчилар


17. Ташкилий қўмита томонидан олимпиада бошланишидан олдин қуръа ташлаш йўли билан фан ўқитувчилари орасидан хоналарга аудитория раҳбари ва назоратчилари тайинланади.

Фан ўқитувчиси ўз мутахассислик йўналишида олимпиада ўтказилаётган аудиторияга раҳбар ёки назоратчи этиб тайинланишига йўл қўйилмайди.


18. Аудитория раҳбарлари:

иштирокчиларга олимпиаданинг тартиб-қоидалари тўғрисида қисқача тушунтиради;

олимпиада бошланиши ва тугаш вақтини эълон қилади ҳамда олимпиада жараёнини назорат қилади;

фан олимпиадаси жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилмаган ўқувчиларни олимпиададан далолатнома тузиб четлаштиради;

иштирокчиларнинг бажарган ишларини шифрлаб, текшириш учун ҳакамлар ҳайъатига топширади;

ҳакамлар ҳайъати томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ташкилий қўмитага тақдим этади.


19. Аудитория назоратчилари олимпиада ўтказилаётган ва ўзлари бириктирилган аудиторияда тартиб сақланишини таъминлайдилар ва аудитория раҳбарига қўйилган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашадилар.


20. Олимпиада ўтказиладиган аудиториялар видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Аудиторияда телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Кимё ва физика фанларида калкулятордан ҳамда математика фанида циркуль ва чизғичдан фойдаланишга рухсат этилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига олимпиада жараёнига халақит қилмаган ҳолда кузатишларига рухсат берилади.


21. Олимпиада ўтказилаётган жараёнда иштирокчиларнинг ўзаро гаплашиши, алоқа воситалари ва турли хил қўшимча манбалардан фойдаланиши тақиқланади.

Бундай ҳолатлар учун иштирокчи олимпиададан четлаштирилади, бажарган ишлари текширилмайди ва баҳоланмайди.



4-§. Апелляция комиссияси


22. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган уч нафаргача фан мутахассисларидан иборат таркибда тузилади.


23. Апелляция комиссияси томонидан олимпиада иштирокчиларининг аризалари олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади. Апелляция жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари, иштирокчи ва унинг фан ўқитувчиси иштирок этиши мумкин.


24. Апелляцияга олимпиадалар иштирокчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича натижа эълон қилингандан сўнг шу куннинг ўзида аризалар қабул қилинади.


25. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган иштирокчининг бажарган ишида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


26. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъатига апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, олимпиада натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади.



5-§. Иқтидорли ўқувчилар захираси


27. Иқтидорли ўқувчилар захираси ахборот тизимида шакллантирилади.


28. Иқтидорли ўқувчилар захирасига қуйидаги тоифадаги ўқувчилар киритилади:

асосий олимпиаданинг учинчи босқичида фанлар кесимида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;

минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари;

нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган ўқувчилар;

қўшимча республика олимпиадалари ғолиблари;

онлайн олимпиадалар ғолиблари.


29. Иқтидорли ўқувчилар захирасидаги ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар йиллар кесимида Вазирликнинг ахборот тизимида сақланади.



3-БОБ. АСОСИЙ ОЛИМПИАДАЛАРНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


30. Асосий олимпиадалар ушбу Низомга 1-иловада келтирилган фанлардан икки гуруҳга ажратилган ҳолда ўтказилади.

Бунда, нуфузли халқаро олимпиадалар ташкил қилинадиган фанлар мос келувчи биринчи гуруҳ (математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанлари) ва иккинчи гуруҳ (қолган фанлар) деб белгиланади.


31. Барча фанлардан назорат турлари, шакллари, баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан тасдиқланади.

Биринчи гуруҳдаги фанлар бўйича назорат турларида фанлар бўйича синовлар халқаро олимпиадаларнинг талаблари ва топшириқлари методологиясини қўллаган ҳолда ўтказилади.


32. Асосий олимпиадалар мактабларнинг 9-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўртасида ўтказилади.


33. Асосий олимпиадалар тўрт босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади:

биринчи босқич - мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар миқёсида сентябрь ойида;

иккинчи босқич - туман (шаҳар) миқёсида октябрь ойида;

учинчи босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ноябрь ойида;

тўртинчи босқич - республика миқёсида барча фанлардан апрель-май ойларида ўтказилади.

Тўртинчи босқичда умумтаълим мактабларининг 11-синф, касб-ҳунар мактаблари, академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари иштирок этадилар.

Биринчи босқич мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказилади.

Ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача ғолиб аниқланади ва мактаб педагогик кенгашининг (ёки нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг) қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

Иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилган ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчилари ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимига жойлаштирилади.

Биринчи босқични ўтказиш билан боғлиқ масалалар, назорат материалларининг махфийлигини, жараённинг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлашга мактаб директори масъул ҳисобланади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими биринчи босқич ташкил этилишини мувофиқлаштиради ҳамда адолатли ва шаффоф ўтказилиши бўйича назоратни амалга оширади.


34. Иккинчи босқич туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан биринчи босқичда ғолиб бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказилади.

Академик лицей ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг биринчи босқич ғолиблари иккинчи босқичда иштирок этмасдан тўғридан-тўғри учинчи босқичда иштирок этадилар.


35. Иккинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача (1, 2, 3-ўринлар) ғолиб аниқланади ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

Ташкилий қўмита тавсия этилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади ва тасдиқлайди.


36. Иккинчи босқични ташкил этишда:

иштирокчиларини олимпиадалар бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларига тегишли мактаб директорлари;

назорат материалларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ташкил этилишига - туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.


37. Ҳудудий халқ таълими бошқармалари туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан иккинчи босқич ўтказилишини назорат қилади.


38. Учинчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан ўтказилади.


39. Асосий олимпиадаларнинг учинчи босқичида:

иккинчи босқичда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;

академик лицейлар ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар томонидан тавсия этилган 3 нафаргача ўқувчилар;

ўтган ўқув йилида асосий олимпиаданинг учинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ва ҳозирда мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўтган ўқув йилида ғолибликни қўлга киритган фани бўйича иштирок этади.


40. Учинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар (1, 2, 3-ўринлар) ғолиблар аниқланади.


41. Иштирокчиларнинг олимпиадалар бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларини таъминлашга туман (шаҳар) ҳокимлари ва халқ таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.


42. Тўртинчи босқич республика миқёсида Вазирлик томонидан учинчи босқичда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган, умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ҳамда касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилади.


43. Тўртинчи босқич учун тест топшириқлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, бошқа турдаги назорат материаллари ҳамда уларни баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан тайёрланади.


44. Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида она тили ва адабиёт, математика фанларидан олимпиада икки (вилоят ва республика) босқичда ташкил қилинади ҳамда назорат материаллари Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади.


45. Тўртинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади.


46. Тўртинчи босқични ташкил этишда:

а) иштирокчиларнинг республика босқичи бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларига:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;

тизимидатаълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари;

нодавлат таълим ташкилоти раҳбарлари;

б) назорат материалларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф ва адолатли ўтказилишига - Вазирлик бевосита масъул ҳисобланади.



4-БОБ. ҚЎШИМЧА РЕСПУБЛИКА

ОЛИМПИАДАЛАРИ


47. Қўшимча республика олимпиадалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар ёки давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ташаббусига кўра ўтказилиши мумкин.


48. Қўшимча республика олимпиадаларини ўтказиш тартиби, ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари ёки таълим муассасаларини рағбатлантириш масалалари олимпиадаларни ўтказиш учун ташкил этиладиган ташкилий қўмита (ёки ташкилотчилар) томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.


49. Ўқувчилар ўртасида умумтаълим фанлари бўйича ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадалари Вазирлик билан келишилади.

Қўшимча республика олимпиадасини ўтказиш учун ташаббускор ташкилот томонидан Вазирликка ўтказилиши режалаштирилаётган олимпиада тўғрисида қуйидаги маълумотларни илова қилган ҳолда мурожаат юборади:

олимпиаданинг мақсади;

олимпиадани ўтказиш жойи ва вақти;

олимпиада ўтказилиши режалаштирилаётган фанлар рўйхати;

иштирокчилар учун қўйилган талаблар (синфи, ёши ва бошқалар);

ғолиб ва совриндорлар учун белгиланган мукофот жамғармаси ҳамда қўшимча имтиёзлар.

Вазирлик мурожаатни келиб тушган вақтдан бошлаб ўн кун мобайнида кўриб чиқади ҳамда қўшимча республика олимпиадасини ўтказишга розилик бериш ёки рад қилиш бўйича асослантирилган жавоб беради.


50. Қуйидаги ҳолларда олимпиадани ўтказишга рад жавоби берилиши мумкин:

олимпиадани ўтказишнинг мақсади амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган таълим соҳасидаги асосий принципларга мос келмаса;

олимпиадани ўтказиш жойи ва вақти иштирокчиларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирса.



5-БОБ. ОНЛАЙН ОЛИМПИАДА


51. Умумтаълим фанлари бўйича Вазирлик томонидан ўтказиладиган онлайн олимпиада мактабларнинг 4-11-синф ўқувчилари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўртасида ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш, асосий олимпиадаларга тайёргарлик кўриш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилади.


52. Онлайн олимпиадани ўтказиш тартиби, муддатлари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн олимпиада бошланишидан икки ҳафта олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.


53. Онлайн олимпиадада рўйхатдан ўтиш, иштирок этиш ва натижаларини аниқлаш ахборот тизими орқали амалга оширилади.


54. Онлайн олимпиаданинг техник таъминоти Вазирлик томонидан амалга оширилади.


55. Вазирлик томонидан ташкил қилинадиган онлайн олимпиадалар натижалари таълим муассасаси, ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантиришга асос бўлмайди.


56. Нодавлат ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган онлайн олимпиадаларини ўтказиш тартиби, ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари ёки таълим муассасаларини рағбатлантириш масалалари ташкилотчилар томонидан белгиланади.



6-БОБ. НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДАЛАРДА

ИШТИРОК ЭТУВЧИ ТЕРМА ЖАМОАГА

НОМЗОДЛАРНИ САРАЛАШ ТАРТИБИ


57. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш (кейинги ўринларда - саралаш) биринчи гуруҳ фанлардан уч босқичда ўтказилади.


58. Саралашнинг барча босқичларида иштирокчиларга синфидан қатъи назар, ҳар бир фан йўналишида бир хил назорат материаллари тақдим этилади ва натижалар ҳам синфларга ажратилмаган ҳолда эълон қилинади.


59. Саралашнинг биринчи босқичига қуйидаги тоифадаги ўқувчилар жалб қилинади:

тегишли ўқув йилида ўтказилган асосий олимпиаларнинг учинчи (вилоят) босқичида фанлар бўйича синфлар кесимида, баллар кетма-кетлигида 1-5-ўринларни эгаллаган 9-11-синф ва академик лицей ҳамда касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари;

минтақавий халқаро олимпиадаларда ўтган ва жорий ўқув йили давомида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар;

Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан тавсия қилинган ўқувчилар (ҳар бир фандан 5 нафаргача);

ўтган ўқув йилида нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган, ҳозирда умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар.


60. Саралашнинг биринчи босқичи Вазирлик томонидан ноябрь ойида ташкил қилинади ва иккинчи босқичга Республика миқёсида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларни қўлга киритган дастлабки 25 нафар иштирокчилар саралаб олинади.


61. Саралашнинг иккинчи босқичи доирасида ўтказилган синовлар натижалари бўйича баллар кетма-кетлигида энг юқори натижага эришган:

биология фанидан - 12 нафар;

кимё фанидан - 12 нафар;

информатика ва ахборот технологиялари фанидан - 12 нафар;

физика фанидан - 15 нафар;

математика фанидан - 18 нафар ўқувчилар учинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.


62. Вазирлик томонидан саралашнинг иккинчи босқич натижаларига кўра саралаб олинган ўқувчилар учун тажрибали ўқитувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва хорижий мутахассислар, шунингдек, халқаро танлов ва олимпиадалар совриндорлари бўлган тренерлар иштирокида маҳорат дарслари, кучайтирилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.


63. Ташкил этиладиган ўқув машғулотлари давомида ўтказиладиган учинчи босқич синов натижаларига кўра ҳар бир фан йўналишида энг юқори балларни қўлга киритган ўқувчилардан нуфузли халқаро олимпиадаларда белгиланган квоталар асосида Ўзбекистон терма жамоаси таркиби шакллантирилади.


64. Нуфузли халқаро олимпиадаларга саралашнинг барча босқичлари учун назорат материаллари ҳамда баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда, олимпиада ўтказиладиган жойларга етказилади.


65. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоа раҳбарлари ва уларнинг ёрдамчилари Вазирлик томонидан тайинланади.


66. Вазирлик ҳузурида математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё ва биология фанларидан маслаҳат кенгашлари ташкил қилинади.

Маслаҳат кенгашларига ўз фани бўйича юқори малакага эга бўлган тажрибали тренерлар, профессор-ўқитувчилар киритилади.

Маслаҳат кенгаши аъзолари терма жамоани нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлашда, маҳорат дарсларини ташкил қилишда иштирок этади.


67. Терма жамоа раҳбари ўз фани бўйича юқори малакага эга бўлиши, халқаро олимпиада топшириқларини инглиз тилидан давлат тилига бехато таржима қила олиши ҳамда ўқувчилар ишларини халқаро ҳакамлар ҳайъатига ҳимоя қила олиши лозим.


68. Минтақавий халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли халқаро олимпиадаларга ўтказилган саралаш босқичлари натижалари асосида ёки Вазирлик томонидан қўшимча саралашлар ўтказиш орқали шакллантирилиши мумкин.



7-БОБ. ОЛИМПИАДА ҒОЛИБЛАРИ ҲАМДА

УЛАРНИНГ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ

ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ


69. Асосий олимпиаданинг учинчи босқичида ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:

1 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари;

2 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари;

3 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари.

Асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичида ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:

1 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баравари;

2 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари;

3 ўринни эгаллаган ўқувчига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари.


70. Асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи электрон сертификатлар Вазирлик томонидан берилади ва унинг алоҳида электрон реестри юритилади.


71. Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича мазкур сертификатни олган ўқувчиларга ихтисослик фан сифатида математика фанидан давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади.


72. Вазирлик томонидан ҳар йили асосий олимпиаданинг республика босқичи ва республика босқичига тенглаштирилган минтақавий халқаро олимпиадалар ҳамда нуфузли халқаро олимпиадаларнинг ғолиблари рўйхати шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.


73. Нуфузли халқаро олимпиадалар ҳамда асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичи ғолиблари, уларнинг ўқитувчилари, таълим муассасалари директорлари белгиланган тартибда рағбатлантирилади.


74. Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади.

Бунда:

устамалар нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар бўйича айнан ғолибликни қўлга киритган фанидан дарс бераётган олимпиада ғолибига берилади;

таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари томонидан ғолибликни тасдиқловчи ҳужжат ёки сертификат тақдим қилинади.


75. Устама олишга даъвогар шахсда бир пайтда нуфузли халқаро ва асосий олимпиада (республика босқичи) ғолиби бўлганда унга энг юқори натижаси бўйича устама тайинланади ва тўлов амалга оширилади.


76. Олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш харажатлари Халқ таълими вазирлигига республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ушбу Низомга 2-иловада келтирилган рўйхатдаги минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолибларига тенглаштирилиб, мазкур олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичи ғолиблари учун белгиланган рағбатлантириш ва имтиёзлар қўлланилади.



8-БОБ. ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


77. Асосий олимпиадаларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳар йилги марказлашган харажатлар сметасида режалаштирилади.


78. Нуфузли ҳамда минтақавий халқаро олимпиадаларда ўқувчилар иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан суткалик, яшаш, транспорт ва виза харажатлари Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан ҳамда терма жамоанинг бошқа аъзоларини иштирокини таъминлаш ва бадал тўловлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг марказлашган харажатлари ҳисобидан қопланади.


79. Олимпиадада иштирок этган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва апелляция комиссияси аъзоларига ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг марказлашган харажатлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик ҳақ тўловлари амалга оширилади:

асосий олимпиаданинг учинчи босқичида - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида;

асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичи ҳамда нуфузли халқаро олимпиадаларга саралаш босқичларида - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 100 фоиз миқдорида.


80. Асосий олимпиадаларга ва нуфузли халқаро олимпиада саралаш босқичларига жалб қилинган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва апелляция комиссияси аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ кунлик, яшаш ва транспорт харажатлари уларнинг асосий иш жойидан қопланади.


81. Назорат материалларини тайёрлаш учун мактабларнинг, академик лицей, касб-ҳунар мактабларининг, олий таълим ва нодавлат таълим ташкилотларининг олий маълумотли ўқитувчилари ва бошқа мутахассислар жалб қилинади ҳамда уларга қуйидаги миқдорларда ҳақ тўланади:

асосий олимпиада ва онлайн олимпиадалар учун тайёрланган ҳар бир тест топшириғи (унинг ечими билан) учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 5 фоиз миқдорида;

асосий олимпиада ва онлайн олимпиадалар учун тайёрланган ҳар бир ёзма иш топшириғи (унинг ечими билан) учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида;

нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоани саралаш босқичлари учун тайёрланган ҳар бир ёзма иш топшириғи (унинг ечими билан) учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида;

асосий олимпиада, онлайн олимпиадалар ва нуфузли халқаро олимпиадалар учун тайёрланган битта назорат топшириғини (ёзма иш, тест) таржима қилганлик (ўзбек, рус, инглиз тилларига) учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 2 фоиз миқдорида.


82. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини қўшимча ўқитишга жалб қилинган:

маҳаллий мутахассисларга соатбай ҳақ тўлаш илмий даража ва унвонига (илмий даража ва унвонларга эга бўлмаган тренерлар учун илмий даражага эга бўлмаган ўқитувчи лавозимига) мувофиқ олий таълим муассасаси талабаларига ўқув машғулотларини ўтказганлик учун белгиланган миқдорларда;

хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаши ва келиб-кетиши билан боғлиқ тўловлар улар билан амалга оширилган келишувга асосан Вазирлик томонидан амалга оширилади.


83. Халқаро олимпиадаларда ўқувчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида, уларнинг юқори даражада тайёргарлик кўришлари учун Ўзбекистон Республика Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшлар оромгоҳи” да ўқув базаси ташкил этилади, барча зарур шароитлар таъминланади ва Вазирлик томонидан ўқув жараёнларига республика ва хорижлик малакали мутахассислар жалб қилинади.


84. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент таълим муассасалари агентлиги халқаро олимпиадаларга жалб қилинган маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда терма жамоа аъзоларини ётоқхона ва транспорт хизмати билан таъминлайди.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


85. Нуфузли халқаро олимпиадалар ҳамда минтақавий халқаро олимпиадаларда Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши Вазирлик томонидан мувофиқлаштириб борилади.


86. Асосий олимпиадаларнинг барча босқичларида, халқаро олимпиадаларга саралашнинг биринчи ва иккинчи босқичларида иштирокчиларнинг олимпиада ўтказиладиган жойга келиб-кетиши, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни кўриш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бўлинмалари зиммасига юклатилади.


87. Олимпиада ўтказиладиган жойнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги, ўқувчилар соғлиги билан боғлиқ масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинади.


88. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Синфлар кесимида асосий олимпиада

ўтказиладиган фанлар

РЎЙХАТИ


Т/р

I. Биринчи гуруҳ фанлар

Синфлар

9

10

11

1.

Математика

+

+

+

2.

Физика

+

+

+

3.

Кимё

+

+

+

4.

Биология

+

+

+

5.

Информатика ва ахборот технологиялари

+

+

+


II. Иккинчи гуруҳ фанлар


6.

Она тили ва адабиёт

+

+

+

7.

Ўзбек тили (бошқа тилларда таҳсил оладиганлар учун)

+

+

+

8.

Қорақалпоқ тили ва адабиёти

+

+

+

9.

Рус тили ва адабиёти

+

+

+

10.

Инглиз тили

+

+

+

11.

Немис тили

+

+

+

12.

Француз тили

+

+

+

13.

Тожик тили

+

+

+

14.

Қозоқ тили

+

+

+

15.

Тарих

+

+

+

16.

География

+

+

+

III. Махсус мактаб-интернат ўқувчилари учун фан

олимпиадаси ўтказиладиган фанлар рўйхати

17.

Она тили ва адабиёт

+

+

+

18.

Математика

+

+

+




Низомга

2-ИЛОВА



Мақоми асосий олимпиадаларнинг республика

босқичига тенглаштирилган минтақавий

халқаро фан олимпиадалари

РЎЙХАТИ

Т/р

Олимпиадалар номи

Инглиз тилида номланиши

1.

Халқаро Жаутиков олимпиадаси (математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича)

International Zhautykov Olympiad (IZho)

2.

Кавказ математика олимпиадаси

Caucasus Mathematic Olympiad (CMO)

3

Халқаро Менделеев олимпиадаси (кимё фани бўйича)

International Mendeleev Olympiad in Chemistry

4.

Осиё физика олимпиадаси

Asian Physics Olympiad (APhO)

5.

Осиё-Тинч океани минтақаси информатика олимпиадаси

Asian-Pacific Informatics Olympiad (APIO)

6.

Европа физика олимпиадаси

European Physics Olympiad (EuPhO)

7.

Халқаро география олимпиадаси

International Geographical Olympiad (IGeo)

8.

Халқаро математика мусобақаси

International Mathematical Competition (IMC)

9.

Халқаро иқтисод олимпиадаси

International Economics Olympiad (IEO)

10.

Халқаро лингвистика олимпиадаси

International Linguistics Olympiad

11.

Халқаро немис тили олимпиадаси

International German Olympics (IDO)

12.

Халқаро француз тили олимпиадаси

International French Language Olympiad (IFLO)

13.

Халқаро астрономия олимпиадаси

The International Astronomy Olympiad (IAO)

14.

Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадаси

International Junior Science Olympiad (IJSO)

15.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро физика олимпиадаси

International Al-Farghani Olympiad in Physics

16.

Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси

International Al-Biruni Olympiad in Chemistry

17.

Абу Али Ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадаси

International Avicenna Olympiad in Biology

Изоҳ. Мазкур рўйхатга Халқ таълими вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 сентябрь







































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск