ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

"Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2021 й. 575-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар

учун интернат уйлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйларининг (кейинги ўринларда - "Мурувват" болалар интернат уйлари) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Мурувват" болалар интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 4 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар (кейинги ўринларда - васийликка олинувчилар) учун тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.


3. "Мурувват" болалар интернат уйлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


4. "Мурувват" болалар интернат уйлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишган ҳолда Агентлик томонидан белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

"Мурувват" болалар интернат уйлари тугатилганда васийликка олинганларнинг Агентлик томонидан белгиланган тартибда бошқа "Мурувват" болалар интернат уйларига ўтказилиши таъминланади.


5. "Мурувват" болалар интернат уйларида васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан назорат Агентлик ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


6. "Мурувват" болалар интернат уйлари уставлари Агентлик томонидан тасдиқланади.


7. "Мурувват" болалар интернат уйлари фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) томонидан мувофиқлаштирилади.


8. "Мурувват" болалар интернат уйларидаги ўринлар сони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари мажбурий ҳисобга олинган ҳолда, Агентлик томонидан белгиланади.


9. "Мурувват" болалар интернат уйлари тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасаси сифатида давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади.



2-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар "Мурувват" болалар интернат уйларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш;

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда ногиронлиги бўлган болаларни бепул ҳар йили икки марта тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш;

ногиронлиги бўлган болаларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлиги бўлган шахслар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурларини ташкил этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш.


11. "Мурувват" болалар интернат уйлари уларга юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажарадилар:


а) ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш соҳасида:

васийликка олинган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштиради, тарбия-таълим ишларининг замонавий шакллари ва методларини жорий этади;

васийликка олинган болаларнинг ривожланишида ижтимоий динамикасида ўзгаришлар бўлган тарбияланувчиларни ўқитишда интеграцион ёндашувларни қўллаш мисолида жамиятга интеграция қилиш ҳамда уларни тадбиркорлик субъектларининг иштирокида бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида инновацион алтернатив моделларни ишлаб чиқади.

"Мурувват" болалар интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминотини тўлиқ давлат томонидан амалга оширилишини таъминлайди;

васийликка олинган болаларга малакали мутахассислар томонидан ўз вақтида ва сифатли ижтимоий, маиший ва маданий хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

васийликка олинган болаларга саломатлигини мустаҳкамлаш ва даволанишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади;

оилаларда яшайдиган, руҳий бузилиши намоён ёки сезиларли намоён бўлган ногиронлиги бўлган болаларга кундузги парвариш қилиш гуруҳларида комплекс тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва улар учун ўқув-тарбия жараёнини ташкил этади;

интернат уйида бириктирилган тиббиёт муассасалари, ўрта, махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари билан аниқ чора-тадбирлар асосида иш жараёнини ташкил этади;


б) ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаш соҳадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф қилади ва тегишли таклифларни Агентликка киритиб боради;


в) ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш соҳасида:

касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб, такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирларни амалга оширади;

мунтазам илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш юзасидан Агентликка таклифлар киритади;


г) дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда ногиронлиги бўлган болаларни бепул ҳар йили икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, режали соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш соҳасида:

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлашда муассасани биринчи тиббий ёрдам учун зарур дори воситалари ва малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни ҳар йили икки марта бириктирилган соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар ва олий тиббий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади;

тиббий кўрсатмага мувофиқ бепул амбулатор, стационар ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш чораларини кўради;


д) ногиронлиги бўлган болаларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлиги бўлган шахслар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларни тиббий кўрсаткичлар бўйича протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни эҳтиёжга мувофиқ шахсий гигиена воситалари билан таъминлайди;


е) ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш соҳасида:

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни ривожлантиришга оид дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришга қаратилган янги услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этади ҳамда тегишли таклифларни Агентликка киритади;


ж) маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурлари, ташкил этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш соҳасида:

"Мурувват" болалар интернат уйларида мунтазам маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилади;

турли кўрик-танловлар ва кўргазмалар ташкил этади ҳамда васийликка олинган болалар иштироки натижасида келажакка умид, интилишларини орттириш ҳамда вақтларини сермазмун ўтишига шарт-шароит яратади.


12. "Мурувват" болалар интернат уйларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиш, жумладан, кундузги қатнов ҳамда интернат тизими (ҳафтасига 6 кунгача келиш) шаклида пуллик хизмат кўрсатиши мумкин.



3-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. "Мурувват" болалар интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 4 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар қуйидаги ташҳислар билан қабул қилинади:

мўътадил даражадаги ақлий заифлик;

оғир даражадаги ақлий заифлик;

чуқур даражадаги ақлий заифлик;

болаларни ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга қабул қилишга тўсқинлик қилувчи гемипарез, парапарез ва тетрапарез асоратлари бўлган мўътадил даражадаги ақлий заиф болалар церебрал фалажлиги;

интеллектнинг қўпол бузилишига олиб келган болалар шизофренияси;

деменция.

Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.


14. Қуйидагилар "Мурувват" болалар интернат уйларига қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:

тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ ҳуружлари содир бўладиган эпилепсия, серияли тутқаноқ ҳуружларига, эпилептик статусга, номозшомсимон онг хиралашиш ҳолатларига, дисфорияларга мойиллик;

беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва ҳулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар;

улар билан касалланганда болани умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитиш мумкин бўлган ҳар қандай руҳий касалликлар;

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

"Мурувват" болалар интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига юборилади.


15. "Мурувват" болалар интернат уйларига юбориш, шунингдек, биридан иккинчисига ўтказиш Агентликнинг Васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш (кўчириш) бўйича доимий фаолият юритувчи махсус комиссияси (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) қарорига мувофиқ ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Махсус комиссия таркиби камида 5 нафар аъзодан, шу жумладан Махсус комиссия раиси ва котибидан иборат бўлади.

Махсус комиссия ҳудудий бошқармаларнинг васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга расмийлаштириш масалалари бўйича ишларини мувофиқлаштириб боради.

"Мурувват" интернат уйларига расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг хаққонийлиги юзасидан масъулият ҳудудий бошқарма бошлиқларига юкланади.


16. Ҳудудий бошқармаларда бошқарма бошлиғи буйруғи билан тиббий-ижтимоий муассасаларга васийликка олинувчиларни расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) ташкил этилади.

Ота-онанинг, фарзандликка олувчининг, васийлик ва ҳомийлик бўйича ваколатли давлат органи томонидан тайинланган васий ёки ҳомийнинг васийликка олинаётганни "Мурувват" болалар интернат уйига расмийлаштириш учун доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлим) бошлиғи номига аризаси, кундузги парваришлаш гуруҳига "Мурувват" болалар интернат уйи директори номига аризаси асосида ҳудудий бўлим васийликка олинувчилар ҳужжатларининг тўлиқлигини текшириб, уларни ҳар бир васийликка олинувчи бўйича алоҳида жилдларга жойлаштирган ҳолда ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ҳудудий бошқармаларга юборади.

Ишчи гуруҳ камида 5 нафар аъзодан - ҳудудий бўлим бошлиғи раислигида, шифокор-психиатр ва маҳаллий интернат уйларининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарларидан иборат таркибда тузилади.

Ҳудудий бўлимлар томонидан қуйидаги маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали олинади:

"Мурувват" болалар интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (16 ёшдан катта шахслар учун шахсини тасдиқловчи хужжат);

васийликка олинаётганни "Мурувват" болалар интернат уйига расмийлаштириш тўғрисида ариза бераётган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

пенсия гувоҳномаси (мавжуд бўлса);

руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслигини тасдиқловчи ҳужжат;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;

"Мурувват" болалар интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг 2 дона (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

руҳий-асаб касалликлари диспансери тиббий-маслаҳат комиссияси хулосаси;

халқ таълими органлари ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.


17. Ногиронлиги бўлган болаларни ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парваришлаш гуруҳига қабул қилишда ота-оналар (васийлар ёки ҳомийлар, фарзандликка олувчилар) ва "Мурувват" болалар интернат уйи директори ўртасида беғараз шартнома тузилади, унда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилади.

Шартномада қуйидагилар белгиланади:

кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар рўйхати;

"Мурувват" болалар интернат уйлари мутахассислари томонидан кундузги парваришлаш гуруҳи негизида ўтказиладиган тадбирлар;

ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар ёки ҳомийлар томонидан уй шароитларида ўтказиладиган тадбирлар.


18. "Мурувват" болалар интернат уйларига юборилаётган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун мазкур Низом 16-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари, қуйидаги ҳужжатлар ҳам тақдим этилади:

туман (шаҳар) ҳокимининг ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарори нусхаси;

ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар тўғрисидаги маълумотлар (ота-онаси шахсини тасдиқловчи хужжатининг ёки уларнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, суднинг ҳукмлари ёки қарорлари, ота-онасининг узоқ давом этган касаллиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онасининг йўқлигини ёки уларнинг ўз фарзандларини тарбиялашга имконият йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;

васийликка олинганнинг ота-онасидан кейин қолган мол-мулкининг (агар бор бўлса) рўйхати, рўйхатда унинг қаердалиги, уни сақлаш учун кўрилган чора-тадбирлар ва унинг сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

васийликка олинганга бириктирилган уй-жой майдони тўғрисидаги ҳужжатлар (ордер, уй дафтари, уй-жой режаси нусхаси, туман (шаҳар) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалининг уй-жой эгаси ва унинг хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

васийликка олинганнинг фойдасига алиментлар ундириш тўғрисидаги суд қарорининг нусхаси, агар бор бўлса - омонат дафтарчаси.


19. "Мурувват" болалар интернат уйларидаги васийликка олинганлар уларнинг жинси, жисмоний ҳолати, ақлий заифлик даражаси ҳамда ёши ҳисобга олинган ҳолда, қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

ётадиганлар гуруҳлари (ёши ва жинсидан қатъи назар, ҳаракатланиш функцияси кучли бузилган, ўзгалар парваришига муҳтож болалар);

эмакловчилар гуруҳлари (ёши ва жинсидан қатъи назар, ҳаракатланиш функцияси чекланган, ўзгалар парваришига муҳтож болалар);

аралаш гуруҳлар - 10 ёшгача бўлган болалар;

10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ва 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар учун алоҳида-алоҳида гуруҳлар.

Гуруҳлардагилар сони 5, 6 нафардан бўлиши керак.


20. Бундан ташқари, "Мурувват" болалар интернат уйларидаги барча васийликка олинганлар, меҳнат кўникмаларини эгаллаш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг интеллектуал ривожланишига мувофиқ равишда тарбиялаш гуруҳларига бўлинади.

Меҳнатга ўргатиладиган болалар гуруҳига қуйидагилар киради:

меҳнатга ўргатишга тайёрлаш гуруҳи;

меҳнатга ўргатиш гуруҳи.

Меҳнатга ўргатиш гуруҳларидаги болалар сони 5 ёки 6 кишидан бўлиши керак.


21. Якка тартибдаги дастур бўйича гуруҳлардаги васийликка олинганларни ҳар бир боланинг имконияти ва эҳтиёжларига қараб белгилаш фақат халқ таълими органлари ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси асосида амалга оширилади.



4-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИДА ВАСИЙЛИККА ОЛИНГАНЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. "Мурувват" болалар интернат уйларида васийликка олинганларни тиббий-ижтимоий таъминлаш, тарбиялаш, ўқитиш, меҳнат кўникмаларига ўргатиш тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

Кундузги парваришлаш гуруҳига қабул қилинган ногиронлиги бўлган болалар тўлиқ давлат таъминотида бўлмайди, шу сабабли уларга тайинланган пенсия ва нафақалар тўлиқ ҳажмда тўланади.


23. "Мурувват" болалар интернат уйларидаги васийликка олинганлар белгиланган тартибда қуйидагилар билан таъминланади:

инсон шаънини ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муносабатда бўлиш;

қариндошлар, танишлар ва дўстлари билан телефон орқали сўзлашувлар йўли билан алоқа боғлаш, бошқа алоқа воситалари ва учрашувлар орқали мулоқотда бўлиш, жўнатмалар, бандероллар, буюмлар, хат ва телеграммаларни олиш ва жўнатиш;

бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа буюмлар ва тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомлар билан;

эҳтиёж бўлганда бепул протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан таъминланадилар.


24. Ногиронлиги бўлган болаларни кундузи парваришлаш ҳафтасига беш марта (душанба-жума кунлари) соат 9 дан 17 гача амалга оширилади.

Васийликка олинганларнинг кундузги парваришлаш гуруҳида бўлиши "Мурувват" болалар интернат уйи директори томонидан тасдиқланадиган ички тартиб-қоидалар билан тартибга солинади.


25. Васийликка олинганлар ота-оналари, васийлар ёки ҳомийлар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларининг, "Мурувват" болалар интернат уйлари раҳбарлари ва ходимларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят билдириш ҳуқуқига эга.


26. Тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш "Мурувват" болалар интернат уйларининг штатдаги тиббий ходимлари томонидан, тиббий кўрсатмага мувофиқ тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан таъминланади.

Васийликка олинганнинг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этганда маъмурият бу ҳақда унинг ота-онасини ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларни, васийларини, қариндошларини, улар бўлмаганда эса васийликка олинганнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини зудлик билан хабардор қилади.

Ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар вафот этган тақдирда васийликка олинганлар физиологик имкониятларига ва соғлиғининг ҳолатига мувофиқ, уларни дафн этишда қатнашиш, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар оғир касалланганда эса уларни бориб кўриш ҳуқуқига эга. Йўл харажатлари "Мурувват" болалар интернат уйлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


27. Вафот этган васийликка олинганни дафн этиш билан боғлиқ харажатлар "Мурувват" болалар интернат уйларининг харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, қариндошларининг ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади.


28. Васийликка олинганнинг "Мурувват" болалар интернат уйи ҳудудидан ташқарига чиқиши фақат директорнинг рухсати билан, ходимларнинг ёки ота-онанинг ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ҳамроҳлигида амалга оширилади.

Васийликка олинган ўзбошимчалик билан "Мурувват" болалар интернат уйлари ташқарисига чиққан тақдирда маъмурият зудлик билан бу ҳақда унинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, васийликка олинганнинг яшаш ва борадиган жойидаги ички ишлар органларига, Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар қилади ҳамда биргаликда уни топиш ва қайтариб олиб келиш чора-тадбирларини кўради.


29. Васийликка олинганларнинг "Мурувват" болалар интернат уйларидан вақтинчалик кетишига, врачнинг кетиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосасини ҳисобга олган ҳолда, кўпи билан 1 ой муддатга рухсат берилиши мумкин. Бунинг учун директорнинг розилиги билан, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, қариндошлари ёхуд бошқа шахсларнинг ёзма мажбурияти мавжуд бўлиши керак.


30. Васийликка олинганларни озиқ - овқат, кийим-бош, пойабзал ва ашёвий таъминотнинг бошқа буюмлари ҳамда юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик томонидан белгиланади.

Кундузги парваришлаш гуруҳидаги ногиронлиги бўлган болалар "Мурувват" болалар интернат уйлари учун овқатланиш нормаларига мувофиқ уч марта овқатлантириш билан таъминланадилар.


31. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар васийликка олинганлар билан бирор-бир чеклашларсиз кўришиб туриш, "Мурувват" болалар интернат уйларининг тиббий-ижтимоий фаолияти, фарзандларининг тиббий-ижтимоий реабилитациясининг бориши билан танишиш ҳуқуқига эга.


32. Ҳудудий бошқармалар ҳар чоракда "Мурувват" болалар интернат уйларининг васийликка олинганлари ва кундузги парваришлаш гуруҳидаги ногиронлиги бўлган болалари тўғрисидаги маълумотларни Агентлик томонидан белгиланадиган ҳисобот шаклларига мувофиқ Агентликка тақдим этадилар.


33. Васийликка олинган 18 ёшга тўлганда Агентлик томонидан белгиланган тартибда бўш жой мавжуд бўлган катталар "Мурувват" интернат уйига ўтказилади.

Меҳнат кўникмаларини эгаллаган васийликка олинганлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронликнинг III гуруҳини белгилаш тўғрисидаги хулосаси асосида (меҳнат тавсиялари мавжуд бўлган тақдирда) ота-онаси (васийлари) ҳузурида доимий яшаш учун рўйхатдан чиқарилади, етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар эса қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жойлар билан таъминланадилар.


34. "Мурувват" болалар интернат уйларидан чиқаришда васийликка олинганларга қуйидаги ҳужжатлар берилади:

"Мурувват" болалар интернат уйида бўлганлик тўғрисидаги маълумотнома;

соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома (тиббий ҳужжатлар);

боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки ногиронлиги бўлган болага (болалар уйларида тарбияланаётган болалардан ташқари) ижтимоий нафақа тўлаш тўғрисидаги гувоҳнома - мавжуд бўлганда;

халқ таълими органлари ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси;

ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.

"Мурувват" болалар интернат уйларининг васийликка олинганларини рўйхатдан чиқаришда (мавжуд бўлса) унинг мол-мулкка, пул маблағларига (илгари у ёки унинг ота-онаси эгаллаган) уй-жой майдонига ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, пенсия ва омонат дафтарчаси ҳамда бошқа ҳужжатлар ҳам берилади.

Бундан ташқари, васийликка олинганларга 2 тўплам ички кийимлар, кийим-бош ва пойабзал берилади.


35. "Мурувват" болалар интернат уйи директори васийликка олинганларни "Мурувват" болалар интернат уйларига қабул қилиш ва улардан чиқариш учун ушбу Низом ва "Мурувват" болалар интернат уйи устави талабларига мувофиқ шахсан жавоб беради.



5-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИДА ТАРБИЯ-ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


36. Васийликка олинганларни таъминлаш, тарбиялаш ва ўқитиш тартиби уларнинг индивидуал хусусиятлари, ёши, жинси, руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Маиший шарт-шароитлар реабилитация жараёнига кўмаклашиши, васийликка олингандаги эмоционал зўриқишни йўқотиш учун шароитлар яратиши керак.


37. Васийликка олинганларни ўқитишнинг махсус дастури бўйича ҳаётий кўникмаларга ўргатиш "Мурувват" болалар интернат уйи тарбиячилари томонидан, зарурат бўлганда эса, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, шунингдек соғлиқни сақлаш, маданият, спорт муассасалари ва бошқа ташкилотлар педагогларини жалб этган ҳолда амалга оширилади.


38. Таълимнинг ҳар бир босқичида ўқитиш ёши ва давомийлиги тиббий-психологик-педагогик комиссия томонидан белгиланади. Ҳар бир босқичдаги ўқитишнинг давомийлиги тўғрисидаги қарор "Мурувват" болалар интернат уйларининг тиббий-психологик-педагогик комиссияси томонидан қабул қилинади.


39. Васийликка олинганларнинг таълимтарбия жараёни якка тартибдаги махсус дастурлар бўйича, уларнинг ривожланишидаги нуқсонларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


40. Тиббий-педагогик асослаш билан таъминланган кун тартиб-қоидалари таълим, меҳнат, ҳордиқ ва турли тадбирларни уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилади, ногиронлиги бўлган болалар ҳаёт фаолиятини чеклаш даражасини ҳисобга олган ҳолда тузилади.

Васийликка олинганларнинг меҳнат тарбияси ўқитишни меҳнат кўникмаларига эга бўлиш билан уйғунлаштириш асосида ушбу "Мурувват" болалар интернат уйининг тиббий-реабилитация комиссияси томонидан тузилган ногиронлиги бўлган болани ривожлантириш ва реабилитация қилиш якка тартибдаги дастурига мувофиқ, тиббий кўрсаткичлар ва педагогик тавсияларни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилади.



6-БОБ. ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ВА

ПЕДАГОГИК КУЗАТУВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


41. Васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ва психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш мақсадида "Мурувват" болалар интернат уйларида тиббий-психологик-педагогик комиссия (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади.


42. Комиссия "Мурувват" болалар интернат уйининг мутахассис ходимларидан иборат бўлади. Комиссия таркиби "Мурувват" болалар интернат уйи директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига комиссия ишига бошчилик қиладиган "Мурувват" болалар интернат уйининг директори, "Мурувват" болалар интернат уйи директорининг даволаш ишлари бўйича ва ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари, шифокор-психиатр, шифокор-педиатр киради.

Комиссия қуйидаги вазифаларни бажаради:

васийликка олинганларни доимий ижтимоий-психологик кузатувини интернат уйи директори томонидан тасдиқланган ижтимоий-психологик кузатув дастури асосида амалга оширади;

васийликка олинганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

ташхис, психологик-профилактик, коррекция, маслаҳат ва реабилитация ишларини амалга оширади;

"Мурувват" болалар интернат уйининг тарбиячилари, педагоглари, маъмурияти ва бошқа ходимлари билан психологик-профилактика, маслаҳат, таълим (семинарлар, тренинглар) ишларини олиб боради;

васийликка олинганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар билан маслаҳат ва реабилитация ишларини бажаради.


43. Комиссия аъзолари:

васийликка олинганларнинг "Мурувват" болалар интернат уйидаги ҳаётга мослашиш учун зарур бўладиган имкониятларини аниқлаш ва ривожлантириш чораларини кўради;

васийликка олинганларнинг имкониятларини ривожлантиришнинг тиббий-ижтимоий ва психологик-педагогик муаммоларини ташхислайди;

васийликка олинганларнинг имкониятларини ривожлантириш ва реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури амалга оширилишини таъминлайди.



7-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


44. "Мурувват" болалар интернат уйларига ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


45. "Мурувват" болалар интернат уйлари ҳузурида тасдиқланган ётоқ ўринлари фонди доирасидаги бўш ўринлар ҳисобига ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парваришлаш гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.


46 "Мурувват" болалар интернат уйларида бўш ўринлар мавжудлиги тўғрисидаги ахборот "Мурувват" болалар интернат уйларининг расмий веб-сайтларида, шунингдек уларнинг маъмурий биносида кўринарли жойлардаги стендларда эълон жойлаштириш йўли билан манфаатдор шахслар, шу жумладан ота-оналар, фарзандликка олувчи, ҳомий ёки васийлар эътиборига етказилади.


47. Тиббий хизмат кўрсатиш "Мурувват" болалар интернат уйларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан бир қаторда) индивидуал ёндашув асосида васийликка олинганларнинг соғлиғи, жисмоний ривожланиши, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши учун жавоб берадилар.

"Мурувват" болалар интернат уйларида даволаш-маслаҳат ёрдами ва ўтказилган даволаш-профилактика тадбирларини таҳлил қилиш тегишли Агентлик билан келишган ҳолда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


48. "Мурувват" болалар интернат уйлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-реконструкция ишлари, тиббий-ижтимоий хизмат ҳамда психологик таъминот Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Бу ишларни амалга оширишда "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш республика васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) Агентликка услубий-амалий ёрдам кўрсатади.


49. "Мурувват" болалар интернат уйларининг ходимлари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом нормаларига ва ички меҳнат тартиб-қоидаларига, касбий ахлоқ-одоб қоидаларига қатъий амал қилиш;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатиб боришнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

ўз касб малакасини мунтазам ошириб бориш.


50. "Мурувват" болалар интернат уйларининг маъмурияти "Мурувват" болалар интернат уйлари мутахассис ходимларининг касбий маҳорати доимий такомиллаштириб борилиши учун жавоб беради.


51. "Мурувват" болалар интернат уйларининг ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Мурувват" интернат уйларини бошқаришда ушбу Низомда белгиланган тартибда қатнашиш;

касб шаънини ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

соғлиқни сақлаш тизимидаги тегишли муассасаларда бепул тиббий кўрикдан ўтиш;

тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ва тиббиёт марказларида бепул малака ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга эга бўлиш.


52. "Мурувват" болалар интернат уйлари ходимлари ва раҳбарларининг лавозим мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек "Мурувват" болалар интернат уйи устави билан белгиланади.



8-БОБ. "МУРУВВАТ" БОЛАЛАР ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИНИ БОШҚАРИШ


53. "Мурувват" болалар интернат уйларини бошқариш демократия, ошкоралик ва "Мурувват" болалар интернат уйи жамоасининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари бўйича асосида амалга оширилади.


54. "Мурувват" болалар интернат уйига бевосита раҳбарликни олий маълумотга эга бўлган директор амалга оширади. Директорни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш республика васийлик кенгаши билан келишган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.

55. Директор "Мурувват" болалар интернат уйида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг аҳволи учун тўлиқ жавоб беради.


56. "Мурувват" болалар интернат уйи директори:

"Мурувват" болалар интернат уйи номидан фаолият кўрсатади ва унинг манфаатларини ифодалайди;

"Мурувват" болалар интернат уйи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

қонунчилик ҳужжатларида ва "Мурувват" болалар интернат уйи уставида белгиланган тартибда "Мурувват" болалар интернат уйи мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида "Мурувват" болалар интернат уйининг барча ходимлари ва васийликка олинганлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

тегишли органларга кўриб чиқиш учун "Мурувват" болалар интернат уйининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни, тарбия ва таълим ишларини такомиллаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва "Мурувват" болалар интернат уйи фаолиятининг бошқа масалалари бўйича таклифлар киритади ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

тегишли буйруқ чиқариш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар йўли билан рағбатлантириш ва интизомий танбеҳ бериш чораларини амалга оширади.


57. "Мурувват" болалар интернат уйларида васийликка олинганларни таъминлашнинг махсус шарт-шароитлари таъминланади, улар қуйидагиларни назарда тутади:

ҳудудни ҳимоя қилиш;

васийликка олинганларни ҳам бир-бирларининг, ҳам атрофдагиларнинг салбий таъсиридан юқори даражада ҳимоя қилиш;

интернат уйи ҳудудидан ташқарига эркин чиқишни чеклаш;

васийликка олинганларни сутка давомида, шу жумладан ухлаш учун ажратилган вақтда ҳам назорат қилиш.



9-БОБ. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


58. "Мурувват" болалар интернат уйларининг хоналари техника хавфсизлиги қоидаларига ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ жиҳозланади ва улардан фойдаланилади.


59. "Мурувват" болалар интернат уйлари фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


60. "Мурувват" болалар интернат уйлари белгиланган тартибда ташкилот томонидан тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


61. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


62. Штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик томонидан белгиланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


63. "Мурувват" болалар интернат уйлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


64. "Мурувват" болалар интернат уйларининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


65. "Мурувват" болалар уйларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь




































Время: 0.2012
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск