Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

"Мурувват" ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2021 й. 575-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Мурувват" ногиронлиги бўлган шахслар

учун интернат уйлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) "Мурувват" ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларини (кейинги ўринларда - "Мурувват" интернат уйлари) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Мурувват" интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслари (кейинги ўринларда - васийликка олинувчилар) учун тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.


3. "Мурувват" интернат уйлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


4. "Мурувват" интернат уйлари Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.


5. "Мурувват" интернат уйлари тугатилганда Агентлик томонидан васийликка олинганларнинг белгиланган тартибда бошқа "Мурувват" интернат уйларига ўтказилиши таъминланади.


6. "Мурувват" интернат уйларида васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан назорат Агентлик ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


7. "Мурувват" интернат уйлари уставлари Агентлик томонидан тасдиқланади.


8. "Мурувват" интернат уйлари фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари (кейинги ўринларда-ҳудудий бошқармалар) томонидан мувофиқлаштирилади.


9. "Мурувват" интернат уйларидаги ўринлар сони Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мажбурий риоя этган ҳолда белгиланади.


10. "Мурувват" интернат уйларида даволаш-меҳнат ва фаоллаштирувчи терапияни амалга ошириш учун даволаш-ишлаб чиқариш (меҳнат) устахоналари, шунингдек, "Мурувват" интернат уйлари қишлоқ жойларда жойлашган ҳолларда зарур анжомларга, асбоб-ускуналарга ва транспортга эга бўлган ёрдамчи хўжалик ташкил этилади.


11. "Мурувват" интернат уйлари тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассаса сифатида давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилади.



2-БОБ. "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар "Мурувват" интернат уйларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш;

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили икки марта тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш;

ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурларини ташкил этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш.


13. "Мурувват" интернат уйлари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажарадилар:


а) ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш соҳасида:

"Мурувват" интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминотини тўлиқ давлат томонидан амалга оширилишини таъминлайди;

васийликка олинганларга малакали мутахассислар томонидан ўз вақтида ва сифатли ижтимоий, маиший ва маданий хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

васийликка олинганларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва даволанишлари учун зарур шарт-шароитларни яратади;

бириктирилган тиббиёт муассасалари, ўрта, профессионал ва олий таълим муассасалари билан аниқ чора-тадбирлар асосида иш жараёнини ташкил этади;


б) ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлаш соҳасидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф қилади ва Агентликка тегишли таклифлар киритиб боради;


в) ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўргатиш соҳасида:

касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, мавжудларини такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирларни амалга оширади;

мунтазам илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш юзасидан Агентликка таклифлар киритади;


г) дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ҳар йили икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, режали соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш соҳасида:

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлашда муассасани биринчи тиббий ёрдам учун зарур дори воситалари ва малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни ҳар йили икки марта соғлиқни сақлаш тизимидаги бириктирилган муассасалар ва олий тиббий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади;

тиббий кўрсатмага мувофиқ белгиланган тартибда амбулатор, стационар ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш чораларини кўради;


д) ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларни тиббий кўрсаткичлар бўйича протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни эҳтиёжга мувофиқ шахсий гигиена воситалари билан таъминлайди;


е) ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш соҳасида:

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришга қаратилган янги услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этади ва Агентликка тегишли таклифлар киритади;


ж) маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурлари ташкил этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш соҳасида:

"Мурувват" интернат уйларида мунтазам маданий-маърифий тадбирларни ўтказиб боради;

турли кўрик-танловлар ва кўргазмалар ташкил этади ҳамда васийликка олинган шахслар иштироки натижасида келажакка умид, интилишларини орттириш ҳамда вақтларини сермазмун ўтишига шарт-шароит яратади.


14. "Мурувват" интернат уйлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиш, жумладан, кундузги қатнов ҳамда интернат тизими (ҳафтасига 6 кунгача келиш) шаклида пуллик хизмат кўрсатиши мумкин.



3-БОБ. "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


15. "Мурувват" интернат уйларига Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслар қабул қилинади.


16. "Мурувват" интернат уйларига қуйидаги ташхислар билан васийликка олинганлар қабул қилинади:

мўътадил даражадаги ақлий заифлик;

оғир даражадаги ақлий заифлик;

чуқур даражадаги ақлий заифлик;

қолдиқ шизофрения;

деменция.


17. Қуйидагилар "Мурувват" интернат уйларига қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:

тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ ҳуружлари содир бўладиган эпилепсия, серияли тутқаноқ ҳуружларига, эпилептик статусга, номозшомсимон онг хиралашиш ҳолатларига, дисфорияларга мойиллик;

беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва ҳулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар;

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

"Мурувват" интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига юборилади.


18. Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

"Мурувват" интернат уйлари эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ташкил этилади. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида интернат уйлар ташкил этишнинг иложи бўлмаган ҳолларда эркаклар ва аёлларни битта интернат уйда, лекин алоҳида корпусларда жойлаштиришга йўл қўйилади.


19. "Мурувват" интернат уйларига юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш Агентликнинг Васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш (кўчириш) бўйича доимий фаолият юритувчи махсус комиссияси (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) қарорига мувофиқ ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Махсус комиссия таркиби камида 5 нафар аъзодан, шу жумладан Махсус комиссия раиси ва котибидан иборат бўлади.

Махсус комиссия ҳудудий бошқармаларнинг васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга расмийлаштириш масалалари бўйича ишларини мувофиқлаштириб боради.

"Мурувват" интернат уйларига расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг хаққонийлиги юзасидан масъулият ҳудудий бошқарма бошлиқларига юкланади.


20. Ҳудудий бошқармаларда бошқарма бошлиғи буйруғи билан тиббий-ижтимоий муассасаларга васийликка олинувчиларни расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) ташкил этилади.

Ота-онанинг, фарзандликка олувчининг, васийлик ва ҳомийлик бўйича давлат органи вакили томонидан тайинланган васий ёки ҳомийнинг васийликка олинаётганни "Мурувват" интернат уйига расмийлаштириш учун доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлим) бошлиғи номига мурожаати аризаси асосида ҳудудий бўлим васийликка олинувчилар ҳужжатларининг тўлиқлигини текшириб, уларни ҳар бир васийликка олинувчи бўйича алоҳида жилдларга жойлаштирган ҳолда ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ҳудудий бошқармаларга юборади.

Ишчи гуруҳ камида 5 нафар аъзодан - ҳудудий бўлим бошлиғи раислигида, шифокор-психиатр ва маҳаллий интернат уйларининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарларидан иборат таркибда тузилади.

Ҳудудий бўлимлар томонидан қуйидаги маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали олинади:

"Мурувват" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

васийликка олинаётган шахсни "Мурувват" интернат уйига расмийлаштириш тўғрисида ариза бераётган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий шахсини тасдиқловчи хужжат;

пенсия гувоҳномаси (мавжуж бўлса);

руҳий касаллик билан диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслигини тасдиқловчи ҳужжат;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;

"Мурувват" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг 2 дона (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.


21. "Мурувват" интернат уйларига қабул қилинаётган ҳар бир шахс учун шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Васийликка олинганларнинг шахсий йиғмажилдлари "Мурувват" интернат уйи директорида сақланади.


22. Васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатишни, уларни парваришлашни яхшилаш ҳамда уларнинг ижтимоий меҳнат реабилитацияси бўйича тадбирларни амалга ошириш мақсадида улар сақлаш режимига (ўрин-тўшаклар, кузатиш, сақлашнинг эркин тартиби), соғлиғи, ёши ва шахсий хоҳишига мувофиқ ҳолда алоҳида бўлимлар ва хоналар бўйича жойлаштирилади.



4-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ

ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ МАРКАЗЛАРИДА

САҚЛАНАЁТГАНЛАРНИ "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


23. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация қилиш марказларида (кейинги ўринларда - реабилитация марказлари) сақланаётган, мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган шахслар ички ишлар органлари томонидан "Мурувват" интернат уйларига жойлаштирилади.

"Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш учун юбориш белгиланган тартибда реабилитация маркази бошлиғининг буйруғи асосида Агентликнинг Васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш (кўчириш) бўйича доимий фаолият юритувчи махсус комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.


24. Реабилитация марказларидан "Мурувват" интернат уйларига юборилаётганлар мазкур Низомнинг 17-бандида кўрсатилган кўрсатмалар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари ва тегишли мутахассис шифокорлар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича ёзма хулоса расмийлаштирилади.


25. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни "Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилди:

"Мурувват" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи хужжат;

"Мурувват" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг соғлиғи ҳолати бўйича тиббий хулоса;

руҳий-асаб касалликлари, силга қарши курашиш, онкологик ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларининг хулосалари;

"Мурувват" интернат уйига жойлаштирилаётган шахснинг 2 дона (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома.

Мазкур бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар реабилитация марказлари томонидан тўпланади.


26. Реабилитация марказларида "Мурувват" интернат уйларига жойлаштирилаётган ҳар бир шахс учун икки нусхада шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

"Мурувват" интернат уйларига расмийлаштирилаётган шахсларнинг шахсий йиғмажилдлари бир нусхаси сақлаш учун "Мурувват" интернат уйи директорига белгиланган тартибда тақдим этилади.



5-БОБ. "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИДА

ВАСИЙЛИККА ОЛИНГАНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


27. "Мурувват" интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминоти тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.


28. "Мурувват" интернат уйларидаги васийликка олинганлар белгиланган тартибда қуйидагилар билан таъминланади:

инсон шаънини ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муносабатда бўлиш;

қариндошлар, танишлар ва дўстлари билан телефон орқали сўзлашувлар йўли билан алоқа боғлаш, бошқа алоқа воситалари ва учрашувлар орқали мулоқотда бўлиш, жўнатмалар, бандероллар, буюмлар, хат ва телеграммаларни олиш ва жўнатиш;

бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа буюмлар ва тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомлар билан таъминланиш;

бепул тиббий ёрдам, жумладан ихтисослашган тиббий ёрдам олиш;

интернат уйи томонидан ўтказиладиган маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, шу жумладан концерт дастурларида иштирок этиш;

карантин шароитларида яқинлари билан онлайн мулоқот қилиш;

эҳтиёж бўлганда, васийликка олинганларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан бепул таъминлаш.


29. Васийликка олинганлар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларининг, "Мурувват" интернат уйлари раҳбарлари ва ходимларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят билдириш ҳуқуқига эга.


30. Васийликка олинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш "Мурувват" интернат уйларининг штатдаги тиббий ходимлари томонидан, тиббий кўрсатмага мувофиқ тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан таъминланади.

Васийликка олинганнинг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этганда маъмурият бу ҳақда унинг қариндошлари, танишлари ва дўстларини зудлик билан хабардор қилади.


31. Вафот этган васийликка олинганни дафн этиш билан боғлиқ харажатлар "Мурувват" интернат уйларининг харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, қариндошларининг ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади.


32. Васийликка олинганнинг "Мурувват" интернат уйи ҳудудидан ташқарига чиқиши фақат "Мурувват" интернат уйи раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади.

Васийликка олинган ўзбошимчалик билан "Мурувват" интернат уйи ташқарисига чиққан тақдирда маъмурият ушбу ҳолат қайд этилган вақтдан бошлаб зудлик билан бу ҳақда ички ишлар органларига, Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига хабар қилади.


33. Васийликка олинганларнинг "Мурувват" интернат уйларидан вақтинчалик кетишига, врачнинг кетиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосасини ҳисобга олган ҳолда, кўпи билан 1 ой муддатга рухсат берилиши мумкин. Бунинг учун директорнинг розилиги билан, қариндошлари ва бошқа шахсларнинг ёзма мажбурияти мавжуд бўлиши керак.


34. Васийликка олинганларни озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал, ашёвий таъминотнинг бошқа буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик томонидан белгиланади.


35. Қариндошлар васийликка олинганлар билан бирор-бир чекланишсиз, лекин бошқа васийликка олинганларга зарар етказмасдан кўришиб туриш, шунингдек "Мурувват" интернат уйларининг тиббий-ижтимоий фаолияти, васийликка олинганнинг тиббий-ижтимоий реабилитациясининг бориши билан танишиш ҳуқуқига эга.


36. "Мурувват" интернат уйларида яшовчи васийликка олинганлар маъмурият рухсати билан ўзларига тегишли буюмлардан фойдаланишлари мумкин.


37. Ҳудудий бошқармалар ҳар чоракда "Мурувват" интернат уйларида васийликка олинганлар тўғрисидаги маълумотларни Агентлик томонидан белгиланадиган ҳисобот шаклларига мувофиқ Агентликка тақдим этадилар.


38. Васийликка олинганни "Мурувват" интернат уйларидан чиқариш:

Агентлик ҳудудий бошқармаси бошлиқларининг рухсати билан;

турар жой майдони, яшаш учун маблағлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда шахснинг шахсий аризасига биноан ёки васийликка олинганни таъминлаш ва зарур даражада парваришлашга қодир бўлган қариндошларининг илтимосига кўра, шунингдек, навбатдаги тиббий кўрикдан ўтказишда III гуруҳ ногиронлиги белгиланганда (меҳнат бўйича тавсиялар мавжуд бўлганда) амалга оширилади.


39. "Мурувват" интернат уйларидан чиқаришда васийликка олинганга қуйидаги ҳужжатлар берилади:

"Мурувват" интернат уйида бўлганлик тўғрисидаги маълумотнома;

соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома (тиббий ҳужжатлар);

ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.


40. "Мурувват" интернат уйидан кетишда васийликка олинганларга мавсум бўйича уларга бириктирилган кийим-бош, ички кийимлар, пойафзаллар берилади, шунингдек унинг "Мурувват" интернат уйида сақланаётган шахсий буюмлари қайтариб берилади.


41. "Мурувват" интернат уйи директори васийликка олинганларни "Мурувват" интернат уйларига қабул қилиш ва улардан чиқариш учун ушбу Низом ва "Мурувват" интернат уйи устави талабларига мувофиқ шахсан жавоб беради.



6-БОБ. ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК КУЗАТУВНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


42. Васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамни кўрсатиш мақсадида "Мурувват" интернат уйларида тиббий-психологик комиссия (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади. Комиссия "Мурувват" интернат уйининг мутахассис ходимларидан иборат бўлади. Комиссия таркиби "Мурувват" интернат уйи директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига мажбурий тартибда комиссияни бошқарадиган "Мурувват" интернат уйининг директори, "Мурувват" интернат уйи директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари, шифокор - психиатр киради.


43. Комиссия васийликка олинганларни доимий ижтимоий-психологик кузатувини "Мурувват" интернат уйи директори томонидан тасдиқланган ижтимоий-психологик кузатув дастури асосида амалга оширади.

Комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

васийликка олинганларнинг тиббий абилитация ва реабилитация жараёнларини кузатиш ва зарур коррекцион ишларни ташкил этиш;

васийликка олинганларнинг ижтимоий ҳамда психологик мослашувчанлигини ўрганиш ва тегишли тавсиялар бериш;

комиссия васийликка олинганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

ташхис, психологик-профилактик, коррекция, маслаҳат ва реабилитация ишларини амалга ошириш;

васийликка олинганларнинг ота-онаси (қариндошлари) ёки уларнинг ўрнини босувчилар билан маслаҳат ва реабилитация ишларини бажариш;

тиббий-ижтимоий-психологик муаммоларни аниқлаш;

ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини амалга ошириш.



7-БОБ. "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


44. Ходимларни ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


45. Тиббий хизмат кўрсатиш "Мурувват" интернат уйларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан бир қаторда) васийликка олинганларнинг соғлиғи, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши учун жавоб берадилар. "Мурувват" интернат уйларида даволаш-маслаҳат ёрдами ва ўтказилган даволаш-профилактика тадбирларини таҳлил қилиш тегишли Агентлик билан келишган ҳолда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

"Мурувват" интернат уйларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлик кўрсаткичларини алоҳида дастур асосида мунтазам равишда баҳолаб бориш, уларни ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига бириктириш, бепул даволаш ва соғломлаштириш йўли билан тиббий ёрдам амалга оширилади.


46. "Мурувват" интернат уйлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-реконструкция ишлари, тиббий-ижтимоий хизмат ҳамда психологик таъминот Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Бу ишларни амалга оширишда "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш республика васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) Агентликка услубий-амалий ёрдам кўрсатади.


47. "Мурувват" интернат уйларининг маъмурияти "Мурувват" интернат уйлари мутахассис ходимларининг касбий маҳорати доимий такомиллаштириб борилиши учун жавоб беради.


48. "Мурувват" интернат уйларининг ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Мурувват" интернат уйини бошқаришда мазкур Низомда белгиланган тартибда қатнашиш;

касб шаънини ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

соғлиқни сақлаш тизимидаги тегишли муассасаларда бепул тиббий кўрикдан ўтиш;

тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ва тиббиёт марказларида бепул малака ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга эга бўлиш.


49. "Мурувват" интернат уйларининг ходимлари қуйидагиларга мажбур:

мазкур Низом нормаларига ва ички меҳнат тартиб - қоидаларига, касбий ахлоқ - одоб қоидаларига қатъий амал қилиш;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатиб боришнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

ўз касб малакасини мунтазам ошириб бориш.


50. "Мурувват" интернат уйлари ходимлари ва раҳбарларининг лавозим мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек "Мурувват" интернат уйлари уставлари билан белгиланади.



8-БОБ. "МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИНИ БОШҚАРИШ


51. "Мурувват" интернат уйларини бошқариш демократия, ошкоралик тамойиллари бўйича ва "Мурувват" интернат уйи жамоасининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги тамойилари асосида амалга оширилади.


52. "Мурувват" интернат уйига бевосита раҳбарликни олий маълумотга эга бўлган директор амалга оширади. Директорни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тавсиясига кўра "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш Республика васийлик кенгаши билан келишган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.


53. "Директор "Мурувват" интернат уйида тиббий-ижтимоий ёрдам ҳамда маиший хизматнинг аҳволи учун тўлиқ жавоб беради.


54. "Мурувват" интернат уйи директори:

"Мурувват" интернат уйи номидан иш кўради ва унинг манфаатларини ифодалайди;

"Мурувват" интернат уйи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

қонунчилик ҳужжатларида ва "Мурувват" интернат уйи уставида белгиланган тартибда "Мурувват" интернат уйи мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида "Мурувват" интернат уйининг барча ходимлари ва васийликка олинганлар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

тегишли органларга кўриб чиқиш учун "Мурувват" интернат уйининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва "Мурувват" интернат уйи фаолиятининг бошқа масалалари бўйича таклифлар киритади ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

тегишли буйруқ чиқариш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар йўли билан рағбатлантириш ва интизомий танбеҳ бериш чораларини амалга оширади;

мазкур Низомнинг 13-бандидаги "Мурувват" интернат уйининг белгиланган вазифа ва функцияларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди.


55. "Мурувват" интернат уйларида васийликка олинганларни таъминлашнинг махсус шарт-шароитлари таъминланади, улар қуйидагиларни назарда тутади:

ҳудудни ҳимоя қилиш;

васийликка олинганларни ҳам бир-бирларининг, ҳам атрофдагиларнинг салбий таъсиридан юқори даражада ҳимоя қилиш;

унинг ҳудудидан ташқарига эркин чиқишни чеклаш;

васийликка олинганларни сутка давомида, шу жумладан ухлаш учун ажратилган вақтда ҳам назорат қилиш.



9-БОБ. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


56. "Мурувват" интернат уйларининг хоналари техника хавфсизлиги қоидаларига ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ жиҳозланади ва улардан фойдаланилади.


57. "Мурувват" интернат уйлари фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


58. "Мурувват" интернат уйлари белгиланган тартибда ташкилот томонидан тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


59. Штатлар жадвали Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда қабул белгиланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


60. "Мурувват" интернат уйлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


61. "Мурувват" интернат уйларининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда молия органлари томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


62. "Мурувват" интернат уйларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь


































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск