Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

"Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2021 й. 575-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

575-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган

шахслар учун интернат уйлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларининг (кейинги ўринларда - "Саховат" интернат уйлари) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Саховат" интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган биринчи даражадаги қариндошлари ёки васийлари бўлмаган ёлғиз кексалар, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар (кейинги ўринларда -васийликка олинувчилар) учун тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.


3. "Саховат" интернат уйлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


4. "Саховат" интернат уйлари Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

"Саховат" интернат уйлари тугатилганда Агентлик томонидан васийликка олинганларнинг белгиланган тартибда бошқа интернат уйларига ўтказилиши таъминланади.


5. "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан назорат Агентлик ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


6. "Саховат" интернат уйлари уставлари Агентлик томонидан тасдиқланади.


7. "Саховат" интернат уйлари фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) томонидан мувофиқлаштирилади.


8. "Саховат" интернат уйларидаги ўринлар сони Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мажбурий риоя қилган ҳолда белгиланади.


9. "Саховат" интернат уйларида даволаш-меҳнат ва фаоллаштирувчи терапияни амалга ошириш учун даволаш-ишлаб чиқариш (меҳнат) устахоналари, шунингдек, "Саховат" интернат уйлари қишлоқ жойларда жойлашган ҳолларда зарур анжомларга, асбоб-ускуналарга ва транспортга эга бўлган ёрдамчи хўжалик ташкил этилади.


10. "Саховат" интернат уйи тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасаси сифатида давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади.



2-БОБ. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Қуйидагилар "Саховат" интернат уйларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш;

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили икки марта тиббий кўрикдан ўтказиш, санаторийларда режали соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурларини ташкил этиш орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг юртимизда диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ташрифларини ташкил этиш;

таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали ёшларни кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш.


12. "Саховат" интернат уйлари улар зиммасига юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ равишда қуйидаги функцияларни бажаради:


а) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш соҳасида:

"Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминотини тўлиқ давлат томонидан амалга оширилишини таъминлайди;

васийликка олинганларга малакали мутахассислар томонидан ўз вақтида ва сифатли ижтимоий, маиший ва маданий хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

васийликка олинганларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва даволанишлари учун зарур шарт-шароитларни яратади;

"Саховат" интернат уйларига бириктирилган тиббиёт муассасалари, ўрта, профессионал ва олий таълим муассасалари билан аниқ чора-тадбирлар асосида иш жараёнини ташкил этади;


б) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлаш соҳасидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф қилади ва Агентликка тегишли таклифлар киритиб боради;


в) ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш соҳасида:

касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжудларини такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирларни амалга оширади;

мунтазам илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш юзасидан Агентликка таклифлар киритади;


г) дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ҳар йили икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, санаторийларда режали соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш соҳасида:

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлашда муассасани биринчи тиббий ёрдам учун зарур дори воситалари ва малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни ҳар йили икки марта соғлиқни сақлаш тизимидаги бириктирилган муассасалар ва олий тиббий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади;

тиббий кўрсатмага мувофиқ белгиланган тартибда амбулатор, стационар ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш чораларини кўради;

васийликка олинганларни йилига бир марта санаторийларда соғломлаштириш тадбирларини амалга оширади;


д) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш соҳасида:

васийликка олинганларни тиббий кўрсаткичлар бўйича протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари билан таъминлайди;

васийликка олинганларни эҳтиёжга мувофиқ шахсий гигиена воситалари билан таъминлайди;


е) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш соҳасида:

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришга қаратилган янги услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этади ҳамда тегишли таклифларни Агентликка киритади;


ж) маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурлари ташкил этиш орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини таъминлаш соҳасида:

"Саховат" интернат уйларида мунтазам маданий-маърифий тадбирларни ўтказиб боради;

турли кўрик-танлов ва кўргазмалар ташкил этади ҳамда васийликка олинган шахслар иштироки орқали уларда келажакка умид, интилишларини орттириш ҳамда вақтларини сермазмун ўтказишилари учун шарт-шароит яратади;


з) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг юртимизда диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ташрифларини ташкил этиш соҳасида:

"Саховат" интернат уйлари саёҳатга мўлжалланган автобусларда Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ижрочилар маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда туроператорлар ва турагентлар билан шартнома тузган ҳолда мунтазам равишда "Саховат" интернат уйларидаги кексаларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштиради;


и) таълим муассасалари иштирокида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали ёшларда кексаларни эъзозлаш руҳиятини тарбиялаш соҳасида:

ёшларни "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганлар ҳолидан хабар олиш тадбирларини ташкил этади;

таълим муассасаларида ўтказиладиган "Кексалар маърифати" соатига ташрифлар уюштириш ва бошқа кўринишдаги тадбирларни амалга оширишга шарт-шароит яратади.


13. "Саховат" интернат уйлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиши, жумладан, кундузги қатнов ҳамда интернат тизими (ҳафтасига 6 кунгача келиш) шаклида пуллик хизмат кўрсатиши мумкин.

Бунда, кўрсатилган жами пуллик хизматларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади.



3-БОБ. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. "Саховат" интернат уйларига Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар қабул қилинади.


15. Қуйидагилар "Саховат" интернат уйларига қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:

тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик;

беморнинг ўзи ва атрофидагилар учун хавфли бўлган мойилликнинг қўпол бузилишлари ва ахлоқий дағаллик билан бирга кечадиган руҳий касалликлар;

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

"Саховат" интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар ҳудудий даволаш- профилактика муассасаларига юборилади.


16. "Саховат" интернат уйларига юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш Агентликнинг Васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш (кўчириш) бўйича доимий фаолият юритувчи махсус комиссияси (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) қарорига мувофиқ ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Махсус комиссия таркиби камида 5 нафар аъзодан, шу жумладан Махсус комиссия раиси ва котибидан иборат бўлади.

Махсус комиссия ҳудудий бошқармаларнинг васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга расмийлаштириш масалалари бўйича ишларини мувофиқлаштириб боради.

"Саховат" интернат уйларига расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги юзасидан масъулият ҳудудий бошқарма бошлиқларига юкланади.


17. Ҳудудий бошқармаларда бошқарма бошлиғи буйруғи билан тиббий-ижтимоий муассасаларга васийликка олинувчиларни расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) ташкил этилади.

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётган ёлғиз кексанинг, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексанинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлим) бошлиғи номига берилган аризаси асосида ҳудудий бўлим васийликка олинувчилар ҳужжатларининг тўлиқлигини текшириб, уларни ҳар бир васийликка олинувчи бўйича алоҳида жилдларга жойлаштирган ҳолда ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ҳудудий бошқармаларга юборади.

Ишчи гуруҳ камида 5 нафар аъзодан - ҳудудий бўлим бошлиғи раислигида, шифокор-психиатр ва маҳаллий интернат уйларининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарларидан иборат таркибда тузилади.

Ҳудудий бўлимлар томонидан қуйидаги маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали олинади:

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

пенсия гувоҳномаси (мавжуд бўлса);

расмийлаштирилаётган шахсга ногиронлик белгиланган тақдирда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг 2 дона (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

туман (шаҳар) ҳокимининг ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори нусхаси;

белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури.


18. "Саховат" интернат уйларига қабул қилинаётган ҳар бир шахс учун шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 17-бандида санаб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Васийликка олинганларнинг шахсий йиғмажилдлари "Саховат" интернат уйи директорида сақланади.


19. Васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатишни, уларни парваришлашни яхшилаш ҳамда уларнинг ижтимоий-меҳнат реабилитацияси бўйича тадбирларни амалга ошириш мақсадида улар сақлаш режимига (ўрин-тўшаклар, кузатиш, сақлашнинг эркин тартиби), соғлиғи, ёши ва шахсий хоҳиши ҳисобга олинган ҳолда алоҳида бўлимлар ва хоналар бўйича жойлаштирилади.



4-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

МАРКАЗЛАРИДА САҚЛАНАЁТГАНЛАРНИ

"САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА

ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


20. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация қилиш марказларида (кейинги ўринларда - реабилитация марказлари) сақланаётган, мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган шахслар ички ишлар органлари томонидан "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилади.

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун юбориш белгиланган тартибда реабилитация маркази бошлиғининг буйруғи асосида Агентликнинг Махсус комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.


21. Реабилитация марказларидан "Саховат" интернат уйларига юборилаётганлар мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган кўрсатмалар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари ва тегишли мутахассис шифокорлар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича ёзма хулоса расмийлаштирилади.


22. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни "Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш тўғрисида реабилитация марказида сақланаётган мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган шахсларнинг реабилитация маркази бошлиғи номига берилган аризаси;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг соғлиғи ҳолати бўйича тиббий хулоса;

руҳий-асаб касалликлари, силга қарши курашиш, онкологик ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларининг хулосалари;

"Саховат" интернат уйига жойлаштирилаётган шахснинг 2 дона (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг ногиронлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

Мазкур бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар реабилитация марказлари томонидан тўпланади.


23. Реабилитация марказларида "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётган ҳар бир шахс учун икки нусхада шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

"Саховат" интернат уйларига расмийлаштирилаётган шахсларнинг шахсий йиғмажилдларининг бир нусхаси сақлаш учун "Саховат" интернат уйи директорига белгиланган тартибда тақдим этилади.



5-БОБ. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИДА

ВАСИЙЛИККА ОЛИНГАНЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


24. "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминоти тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.


25. "Саховат" интернат уйларидаги васийликка олинганлар белгиланган тартибда қуйидагилар билан таъминланади:

инсон шаънини ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муносабатда бўлиш;

қариндошлар, танишлар ва дўстлари билан телефон орқали сўзлашувлар йўли билан алоқа боғлаш, бошқа алоқа воситалари ва учрашувлар орқали мулоқотда бўлиш, жўнатмалар, бандероллар, буюмлар, хат ва телеграммаларни олиш ва жўнатиш имконияти;

бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал, шахсий гигиена воситалари, бошқа буюмлар ва тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомлар билан таъминланиш;

бепул тиббий ёрдам, жумладан ихтисослашган тиббий ёрдам олиш;

интернат уйи томонидан ўтказиладиган маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, шу жумладан концерт дастурларида иштирок этиш;

интернат уйлари томонидан уюштирилган республикадаги диққатга сазовор жойларга ва зиёратгоҳларга ташрифларда иштирок этиш;

карантин шароитларида қариндошлари ва дўстлари билан онлайн мулоқот қилиш имконияти;

эҳтиёж бўлганда, васийликка олинганларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан бепул таъминлаш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пенсия ва нафақаларини белгиланган тартибда олиш.


26. Васийликка олинганлар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларининг, "Саховат" интернат уйлари раҳбарлари ва ходимларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят билдириш ҳуқуқига эга.


27. Васийликка олинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш "Саховат" интернат уйларининг штатдаги тиббий ходимлари томонидан, тиббий кўрсатмага мувофиқ тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан таъминланади.

Васийликка олинганнинг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этганда маъмурият бу ҳақда унинг қариндошлари, танишлари ва дўстларини зудлик билан хабардор қилади.


28. Вафот этган васийликка олинганни дафн этиш билан боғлиқ харажатлар "Саховат" интернат уйларининг харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, қариндошларининг ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади.


29. Васийликка олинганнинг "Саховат" интернат уйи ҳудудидан ташқарига чиқиши фақат "Саховат" интернат уйи раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади.

Васийликка олинган ўзбошимчалик билан "Саховат" интернат уйи ташқарисига чиққан тақдирда маъмурият ушбу ҳолат қайд этилган вақтдан бошлаб зудлик билан бу ҳақда ички ишлар органларига, Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармаларига хабар қилади.


30. Васийликка олинганларнинг қариндошлари, танишлари ва дўстлари улар билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.


31. Васийликка олинганларни озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал, ашёвий таъминотнинг бошқа буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик томонидан белгиланади.


32. Ҳудудий бошқармалар ҳар чоракда "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганлар тўғрисидаги маълумотларни Агентлик томонидан белгиланадиган ҳисобот шаклларига мувофиқ Агентликка тақдим этадилар.


33. Васийликка олинган шахсларни "Саховат" интернат уйларидан чиқариш:

Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармалари бошлиқлари рухсати билан;

турар жой майдони, яшаш учун маблағлар ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда ёки васийликка олинганни таъминлаш ва зарур даражада парваришлашга қодир бўлган қариндошларининг илтимосига кўра, шунингдек навбатдаги тиббий кўрикдан ўтказишда III гуруҳ ногиронлиги белгиланганда (меҳнат бўйича тавсиялар мавжуд бўлганда) амалга оширилади.


34. "Саховат" интернат уйларидан чиқаришда васийликка олинганга қуйидаги ҳужжатлар берилади:

"Саховат" интернат уйида бўлганлик тўғрисидаги маълумотнома;

соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома (тиббий ҳужжатлар).


35. "Саховат" интернат уйи директори васийликка олинганларни "Саховат" интернат уйларига қабул қилиш ва улардан чиқариш учун ушбу Низом ва "Саховат" интернат уйи устави талабларига мувофиқ шахсан жавоб беради.



6-БОБ. ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК

КУЗАТУВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


36. Васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида "Саховат" интернат уйларида тиббий-психологик комиссия (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади. Комиссия "Саховат" интернат уйининг мутахассис ходимларидан иборат бўлади. Комиссия таркиби "Саховат" интернат уйи директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига мажбурий тартибда комиссияни бошқарадиган "Саховат" интернат уйининг директори, "Саховат" интернат уйи директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари, шифокор-психиатр киради.


37. Комиссия васийликка олинганларни доимий ижтимоий-психологик кузатувини "Саховат" интернат уйи директори томонидан тасдиқланган ижтимоий-психологик кузатув дастури асосида амалга оширади.

Комиссия қуйидаги вазифаларни бажаради:

васийликка олинганларнинг тиббий абилитация ва реабилитация жараёнларини кузатиш ва зарур коррекцион ишларни ташкил этиш;

васийликка олинганларнинг ижтимоий ҳамда психологик мослашувчанлигини ўрганиш ва тегишли тавсиялар бериш;

комиссия васийликка олинганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

ташхис, психологик-профилактик, коррекция, маслаҳат ва реабилитация ишларини амалга ошириш;

тиббий-ижтимоий-психологик муаммоларни аниқлаш;

ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини амалга ошириш.



7-БОБ. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


38. "Саховат" интернат уйларига ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Тиббий хизмат кўрсатиш "Саховат" интернат уйларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан бир қаторда) васийликка олинганларнинг соғлиғи, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши учун жавоб берадилар. "Саховат" интернат уйларида даволаш-маслаҳат ёрдами ва ўтказилган даволаш-профилактика тадбирларини таҳлил қилиш тегишли Агентликнинг ҳудудий бошқармаси билан келишган ҳолда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


40. "Саховат" интернат уйлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-реконструкция ишлари, тиббий-ижтимоий хизмат ҳамда психологик таъминот Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Бу ишларни амалга оширишда "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш республика васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) Агентликка услубий-амалий ёрдам кўрсатади.


41. "Саховат" интернат уйларининг маъмурияти "Саховат" интернат уйлари мутахассис ходимларининг касбий маҳорати доимий такомиллаштириб борилиши учун жавоб беради.


42. "Саховат" интернат уйларининг ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Саховат" интернат уйини бошқаришда ушбу Низомда белгиланган тартибда қатнашиш;

касб шаънини ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

соғлиқни сақлаш тизимидаги тегишли муассасаларда бепул тиббий кўрикдан ўтиш;

тиббиёт ходимлари - Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ва тиббиёт марказларида бепул малака ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга эга бўлиш.


43. "Саховат" интернат уйларининг ходимлари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом нормаларига ва ички меҳнат тартиб-қоидаларига, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишга;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатиб боришнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

ўз касб малакасини мунтазам ошириб бориш.


44. "Саховат" интернат уйлари ходимлари ва раҳбарларининг лавозим мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек "Саховат" интернат уйлари уставлари билан белгиланади.



8-БОБ. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ

УЙЛАРИНИ БОШҚАРИШ


45. "Саховат" интернат уйларини бошқариш демократия, ошкоралик ва "Саховат" интернат уйи жамоасининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.


46. "Саховат" интернат уйига бевосита раҳбарликни олий маълумотга эга бўлган директор амалга оширади. Директорни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тавсиясига кўра "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб қувватлаш республика васийлик кенгаши билан келишган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.


47. Директор "Саховат" интернат уйида тиббий-ижтимоий ёрдам ҳамда маиший хизматнинг аҳволи учун тўлиқ жавоб беради.


48. "Саховат" интернат уйи директори:

"Саховат" интернат уйи номидан иш кўради ва унинг манфаатларини ифодалайди;

"Саховат" интернат уйи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

қонунчилик ҳужжатларида ва "Саховат" интернат уйи уставида белгиланган тартибда "Саховат" интернат уйи мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

директор ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида "Саховат" интернат уйининг барча ходимлари ва шу интернат уйда яшаётган васийликка олинганлар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

тегишли органларга кўриб чиқиш учун "Саховат" интернат уйининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва "Саховат" интернат уйи фаолиятининг бошқа масалалари бўйича тегишли органларга таклифлар киритади ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

тегишли буйруқ чиқариш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар йўли билан рағбатлантириш ва интизомий танбеҳ бериш чораларини қўллайди;

мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган "Саховат" интернат уйининг белгиланган вазифа ва функцияларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди.


49. "Саховат" интернат уйларининг маъмурияти "Саховат" интернат уйларида яшайдиган васийликка олинганлар томонидан жамоатчилик асосида ҳамда "Саховат" интернат уйи томонидан тасдиқланадиган амалдаги низомлар асосида фаолият юритадиган маданий-маиший комиссия, жамоатчилик кенгаши ёрдамида қуйидаги маиший ва маданий хизматлар кўрсатишни ташкил этади:

белгиланган тартибда туроператорлар ва турагентлар билан шартнома тузган ҳолда мунтазам равишда "Саховат" интернат уйларидаги кексаларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштириш;

умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, олий ва профессионал таълим муассасаларининг талабалари ва ёшларнинг бириктирилган тиббий-ижтимоий муассасаларда "икки авлод" учрашувларини ташкил этиш, улар билан турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, таълим муассасаларида ўтказиладиган "кексалар маърифати" соатига таклиф қилиш;

"Саховат" интернат уйларида концерт дастурлари, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар йил давомида ўтказиб борилиши юзасидан тасдиқланган режа-жадвал асосида ташкил этиш;

"Саховат" интернат уйларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун кутубхона фаолиятини ташкил этиш ва уни зарур ресурслар билан бойитиб бориш;

васийликка олинган шахсларнинг "Саховат" интернат уйи фаолиятидан норози бўлган тақдирда ҳамда интернат уйида 3 мартадан ортиқ ички тартиб қоидаларига риоя этмасдан, қолган яшовчилар тинчлигини бузиш ҳолатларини юзага келтирган шахслар бўйича "Саховат" интернат уйи маиший-маданий комиссия хулосасига асосан уларни бошқа "Саховат" интернат уйига ўтказиш юзасидан таклиф киритиш.


50. "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларни таъминлашнинг, қуйидагиларни назарда тутувчи махсус шарт-шароит таъминланади:

ҳудудни ҳимоя қилиш;

васийликка олинганларни ҳам бир-бирларининг, ҳам атрофдагиларнинг салбий таъсиридан юқори даражада ҳимоя қилиш;

унинг ҳудудидан ташқарига эркин чиқишни чеклаш;

васийликка олинганларни сутка давомида, шу жумладан ухлаш учун ажратилган вақтда ҳам назорат қилиш.



9-БОБ. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


51. "Саховат" интернат уйларининг хоналарини жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш техника хавфсизлиги қоидаларига ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга оширилади.


52. "Саховат" интернат уйлари фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


53. "Саховат" интернат уйлари белгиланган тартибда ташкилот томонидан тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


54. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


55. Штатлар жадвали Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда қабул белгиланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


56 "Саховат" интернат уйлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


57. "Саховат" интернат уйларининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда молия органлари томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


58. "Саховат" интернат уйларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь


































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск