ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Умумий қоидалар /

Мижозларни рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.09.2021 й. 3322-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг 06.09.2021 й. 20/5-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 30 сентябрда 3322-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2021 йил 6 сентябрдаги

20/5-сон қарорига

ИЛОВА



Мижозларни рақамли идентификация

қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ банклар, микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва тўлов ташкилотлари (бундан буён матнда кредит ва тўлов ташкилотлари деб юритилади) томонидан жисмоний шахсларни (бундан буён матнда мижоз деб юритилади) рақамли идентификация қилиш тартиби ва шартларини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ички назорат қоидалари - кредит ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;


рақамли идентификация - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида мижознинг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни;


рақамли аутентификация - аввал идентификация қилинган мижоздан реал вақт режимида олинган фотосурат ёки видеотасвирни дастлабки идентификация маълумотлари билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштириш орқали мижознинг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни;


Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати.


2. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозларни рақамли идентификация қилиш тизимини йўлга қўйишдан олдин:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг эҳтимолий таваккалчилик даражасини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, бошқариш, ҳужжатлаштириш ва уни камайтириш чораларини кўриши;

ўз ички қоидаларида мижозларни рақамли идентификация қилиш тартибини белгилаши шарт.


3. Кредит ва тўлов ташкилотлари:

мижознинг идентификация маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича зарур бўлган ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриши;

идентификация маълумотларининг ишончлилиги ва тўғрилигини таъминлаши;

идентификация маълумотларининг сохталаштирилишига, рухсатсиз ўзгартирилишига ва ошкор қилинишига қарши чораларни кўриши;

идентификация маълумотларини сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаши;

тўлов хизматларини кўрсатишда ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ операцион хатарларни камайтириш ва уларни назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини, шу жумладан мижозни рақамли идентификация қилиш пайтида хавфсизликни таъминлаши;

алоқа каналлари орқали кредит ва тўлов ташкилотлари хизматларидан фойдаланишда мижоз учун кўп факторли аутентификация (мобил телефонга боғланиш ёки SMS хабар юбориш ёхуд электрон почта, шунингдек ижтимоий тармоқлар орқали мижознинг шахсини қўшимча равишда текшириш ва тасдиқлаш) тартиб-қоидаларини қўллаши;

соҳага доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот хавфсизлиги бўйича зарурий талабларни қўллаши керак.



2-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ РАҚАМЛИ

ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ


4. Рақамли идентификация Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.


5. Мижозларни рақамли идентификация қилишда кредит ва тўлов ташкилоти томонидан қуйидаги усуллардан фойдаланилади:

мижоз томонидан тақдим қилинган маълумотларга таянган ҳолда кредит ва тўлов ташкилотининг ходими томонидан мижоз шахсини текшириш ва идентификация қилиш;

кредит ва тўлов ташкилотининг ахборот тизимлари томонидан реал вақт режимида инсон омилисиз мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилиш.


6. Кредит ва тўлов ташкилотлари мазкур Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошисида қайд этилган усул бўйича мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилишда:

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг) ички назорат қоидалари талабларига мувофиқ тегишли маълумотларга эга бўлган қисмлари фотосуратларини мижоздан қабул қилади;

мазкур Низом талабларига мувофиқ мижознинг фотосурати ва (ёки) видеотасвирини қабул қилади;

"Электрон ҳукумат" тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларига (бундан буён матнда марказий маълумотлар базаси деб юритилади) сўров юбориш орқали ундаги маълумотлар билан солиштиради;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатда жойлашган фотосуратни мазкур Низомга мувофиқ қабул қилинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир билан, шунингдек марказий маълумотлар базасида жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) солиштиради;

мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақамини айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади;

ички назорат қоидаларига мувофиқ мижознинг юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кириши ёки кирмаслиги нуқтаи назаридан текширувни амалга оширади.

Кредит ва тўлов ташкилотининг масъул ходими мижоз билан онлайн видеоконференцалоқа сеансини ўрнатиб, қабул қилинган ҳужжатларнинг айнан унга тегишлилигини текширади.


7. Кредит ва тўлов ташкилотларининг ахборот тизими мазкур Низомнинг 5-банди учинчи хатбошисида қайд этилган усул бўйича мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилишда:

а) мижоздан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси) серияси ва рақамини ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва туғилган санасини ёхуд ушбу маълумотлардан барчасини ҳамда мазкур Низомга мувофиқ фотосуратини ёки видеотасвирини реал вақт режимида олади;

б) марказий маълумотлар базасига сўров юборади ва мижознинг қуйидаги шахсий маълумотларини олади:

рақамли фотосурати (агар мавжуд бўлса);

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

биометрик паспорт ёки идентификация ID-картасининг берилган санаси, унинг амал қилиш муддати ҳамда берилган жойи;

давлат тилида фамилияси, исми, отасининг исми (лотин ёзувида);

жинси, туғилган мамлакати, туғилган жойи, миллати, фуқаролиги ҳамда доимий ёки вақтинча яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар;

в) мижоздан реал вақт режимида олинган фотосуратни ёки видеотасвирдаги фотосуратни марказий маълумотлар базасидан олинган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради;

г) мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақамини айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади;

д) қабул қилинган маълумотларни ички назорат қоидаларига мувофиқ Рўйхат билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради.


8. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозни рақамли идентификация қилишда ўз ахборот тизимларидан ёки шартнома асосида учинчи шахслар томонидан тақдим этилган ахборот тизимларидан фойдаланади.


9. Мижозларни рақамли идентификация қилиш учун фойдаланиладиган ахборот тизимлари:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган бўлиши;

ахборотни узатишда ўзаро шифрлашни таъминлаши;

фақат реал вақт режимида яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишни таъминлаши;

фотосурат ва (ёки) видеотасвирни алмаштириш ҳамда бузишдан, илгари яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишдан ҳимояланган бўлиши;

идентификация қилишда мижозлар томонидан бошқа мижозларнинг фотосурати ва (ёки) видеотасвиридан фойдаланишга бўлган уринишларни аниқлаш имконини бериши керак.


10. Мижозни рақамли идентификация ёки рақамли аутентификация қилишда:

фотосурат ва (ёки) видеотасвир рангли бўлиши;

видеотасвир товушли бўлиши;

фотосурат ва (ёки) видеотасвирда мижознинг ўзидан бошқа шахслар бўлишига йўл қўйилмаслиги;

мижознинг юзи қисман ёки тўлиқ яширилмаган бўлиши, мижознинг юзига соя тушмаслиги, шунингдек мижоз юзни қоплайдиган кўзойнакда (шаффоф ойнали кўзойнакдан ташқари) бўлмаслиги;

фотосурат ва (ёки) видеотасвирда мижознинг юзи яққол кўриниши керак.



3-БОБ. РАҚАМЛИ ИДЕНТИФИКАЦИЯНИ ҚЎЛЛАШ


11. Рақамли идентификация қилиш мазкур Низомда белгиланган талабларни инобатга олган ҳолда қуйидаги хизматларни кўрсатишда қўлланилиши мумкин:

электрон ҳамёнларни очиш ва уларни бошқариш;

банк ҳисобварағини, шунингдек банк картасини очиш ва уларни бошқариш;

банк карталари ёки электрон пуллар тизимларидан фойдаланилган ҳолда трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга ошириш;

онлайн-микроқарз олиш.


12. Кредит ва тўлов ташкилотлари рақамли идентификациядан ўтган мижозлар билан амалга ошириладиган қуйидаги операцияларга нисбатан ички назорат қоидаларига мувофиқ таваккалчилик даражасини баҳолаган ҳолда чекловларни ўз ички қоидаларида ўрнатишлари шарт:

электрон пуллар эгаси томонидан амалга ошириладиган бир операциянинг максимал суммаси;

электрон пуллар эгасининг битта электрон қурилмасида сақланаётган электрон пулларнинг максимал суммаси;

электрон пуллар эгаси томонидан календарь ой давомида амалга оширилган транзакциялар суммасининг йиғиндиси;

банк ҳисобварағининг (картасининг) эгаси томонидан календарь ой мобайнида амалга ошириладиган транзакциялар суммасининг йиғиндиси;

онлайн-микроқарз миқдори.

Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозларни рақамли идентификация қилиш, аввал идентификация қилинган мижозларни эса рақамли аутентификация қилиш юзасидан ҳар бир мижоз томонидан амалга ошириладиган операцияларга таваккалчилик даражасини баҳолаган ҳолда чекловлар ўрнатиши мумкин.

Бунда, кредит ва тўлов ташкилотлари мижозларни ички назорат қоидаларига мувофиқ лозим даражада текширишлари ва скоринг таҳлилини амалга оширишлари керак.


13. Кредит ёки тўлов ташкилотлари мижозни ахборот тизимлари орқали рақамли идентификация ёки рақамли аутентификация қилган ҳолда унга тегишли банк карталарини масофадан туриб блокдан чиқариши мумкин, бунда бу ҳақида дарҳол мижознинг шахсан ўзига бошқа алоқа каналлари орқали хабар берилиши лозим.


14. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозларнинг белгиланган чекловларни четлаб ўтишга қаратилган уринишларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан чоралар кўришлари керак.


15. Қуйидаги ҳолатларда мижозлар рақамли идентификация қилинмайди:

мижоз ва (ёки) мижоз томонидан амалга оширилаётган операция ички назорат қоидаларига мувофиқ юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кирган тақдирда;

мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилганда;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги фотосуратнинг ушбу Низомга мувофиқ олинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир ҳамда марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) мослигига шубҳа мавжуд бўлганда;

мижоздан олинган маълумотлар марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган маълумотларга мос келмаганда ёки мос келишини текширишнинг иложи бўлмаганда;

фотосурат ва (ёки) видеотасвир ушбу Низом талабларига мос келмаганда;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича шубҳалар мавжуд бўлганда.


16. Рақамли идентификация қилишда мижознинг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан қисман ёки тўлиқ мос келган тақдирда кредит ва тўлов ташкилотлари ички назорат қоидаларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт.


17. Мижозни рақамли идентификация қилиш натижаси бўйича мижоз анкетасини тўлдириш ва юритиш ички назорат қоидаларида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозни рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилишнинг сифати учун жавобгардирлар.


19. Мижозларни рақамли идентификация қилишни йўлга қўйган кредит ва тўлов ташкилотлари ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботни тақдим этади:

мижозларни рақамли идентификация қилиш тизимини йўлга қўйиш санаси;

мижозларни рақамли идентификация қилиш жараёнларининг тўлиқ тавсифи;

кредит ва тўлов ташкилотлари томонидан мижозларни рақамли идентификация қилиш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати.


20. Кредит ва тўлов ташкилотлари рақамли идентификация қилинган мижозлар бўйича ички назорат қоидаларида кўзда тутилган маълумотларга қўшимча равишда, мижозлардан олинган фотосуратлар ва (ёки) видеотасвирларни, мижоз шахсини текшириш ва идентификация қилиш амалга оширилган аниқ сана ва вақти қайд этилган ҳужжатларни, шунингдек марказий маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда маълумотларни текшириш натижаларини мижозлар анкеталари билан биргаликда ички назорат қоидаларига мувофиқ беш йил давомида сақлашлари шарт.


21. Кредит ва тўлов ташкилотларининг ахборот тизимлари рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилинган мижозлар ва уларнинг сони ҳақида тезкор маълумот олиш имкониятини таъминлаши лозим.


22. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозни рақамли идентификация қилиш натижасида олинган маълумотларга ўзгартиришлар киритишда ушбу Низом талабларига амал қилишлари керак.


23. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 сентябрь

























































Время: 0.0083
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск