ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий ташкилотлар /

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.09.2021 й. 616-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 30 сентябрдаги

616-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат

бозори тадқиқотлари институти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институтининг (кейинги ўринларда - Институт) ҳуқуқий мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Институт:

меҳнат бозори, иш билан таъминлаш, меҳнат муносабатлари, касбий малака ва билимларни ривожлантириш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меъёрлаш, меҳнат соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича илмий-тадқиқот муассасаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 31 декабрдаги ПҚ-4939-сон қарори билан тасдиқланган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш қарорларига, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири буйруқларига, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳисобот беради.


5. Институтнинг фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


6. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штамп ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


7. Институтнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти;

қисқартмаси - Меҳнат институти;

б) инглиз тилида:

тўлиқ - Institute for Labor Market Research under the Ministry of Employment and Labor Relations;

қисқармаси - Labor institute;

в) рус тилида:

тўлиқ - Институт исследований рынка труда при Министерстве занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан;

қисқартмаси - Институт труда.


8. Институт жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Умид кўчаси, 16-уй.



2-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли бандлиги, шу жумладан, меҳнат миграцияси жараёнлари, меҳнат муносабатлари ва меҳнатга ҳақ тўлашни такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

меҳнат бозорининг ривожланиш тенденцияларини, унинг касбий-малака тузилмасини, меҳнат бозорининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш;

касбий малака, билим ва кўникмалар миллий тизимида ўрганишлар ўтказиш ва ўрганиш натижаларига мувофиқ тизимни такомиллаштириш ишларини ташкил этиш;

меҳнат муҳофазаси ва гигиенасини такомиллаштириш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш;

меҳнатни меъёрлаш масалалари бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш.


10. Институт ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни бажаради:


а) аҳоли бандлиги, шу жумладан, меҳнат миграцияси жараёнлари, меҳнат муносабатлари ва меҳнатга ҳақ тўлашни такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш соҳасида:

фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар ўтказишда ва устувор йўналишларни шакллантиришда, инновацион лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, аҳоли бандлиги, меҳнат муносабатлари, касбга тайёрлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларида жаҳондаги замонавий тенденцияларни таҳлил қилишда иштирок этади;

аҳоли бандлигининг умумий кўрсаткичлари ва таркибини аниқлашга йўналтирилган амалий танланма ва ялпи (зарур ҳолларда) тадқиқотлар ўтказадива ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси бўйича ва ҳудудлар кесимида иш билан бандлар ва ишсизларнинг ҳисоб-китоб миқдори тўғрисидаги ҳисоботларни шакллантиради;

ташқи ва ички меҳнат миграцияси жараёнларини ўрганади, меҳнат миграциясининг асосий тенденциялари ва йўналишларини, шунингдек, қайтиб келган меҳнат мигрантлари ижтимоий мослашуви хусусиятларини аниқлайди;

иш берувчилар ва ходимлар ўртасида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича сўровномалар ўтказади ва уларга асосланиб, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш шароитида меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш механизмларининг самарадорлигини ўрганади, хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, уларни такомиллаштириш ҳамда меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлиги билан алоқасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Вазирликка бандлик соҳасида қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этади;

меҳнат бозорини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини оширишнинг асосий йўналишлари, стратегиялари, истиқболга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ҳудудларда иш ўринларини ташкил этиш ва бандлик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мониторинг қилишда иштирок этади;

докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида меҳнат бозори ва ижтимоий-меҳнат муносабатларини чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган стажер-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мустақил изланувчанлик асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашда иштирок этади;

халқаро ташкилотларнинг буюртмаси бўйича ёки ҳамкорликда меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳасида хорижий шериклар билан биргаликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширади;


б) меҳнат бозорининг ривожланиш тенденцияларини, унинг касбий-малака тузилмасини, меҳнат бозорининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш соҳасида:

кадрлар тайёрлашга давлат буюртмасини шакллантириш жараёнида иш билан банд аҳолининг таркибидаги миқдор ва сифат ўзгаришларини ҳисобга олиб, кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганади ва прогноз қилади;

бандлик даражаси ва тузилмасига таъсир қилувчи тенденциялар ва омилларни, меҳнат бозоридаги ўзгаришларни ўрганади;

инсон капитали, профессионал таълимни ва ходимларнинг малака даражаларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат муносабатлари учун ижтимоий стандартлар ва меъёрларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ресурсларининг прогноз балансларини, демографик ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли прогнозларини тайёрлайди;

иш билан таъминлашнинг ҳудудий ва тармоқ дастурларини ижтимоий-иқтисодий баҳолаш бўйича услубий ёндашувларни ишлаб чиқади;

меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳасидаги социологик тадқиқотларни, шунингдек, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар буюртмаси билан бошқа дала тадқиқотларини ўтказади;


в) касбий малака, билим ва кўникмалар миллий тизимида ўрганишлар ўтказиш ва ўрганиш натижаларига мувофиқ такомиллаштириш ишларини ташкил этиш соҳасида:

меҳнат бозори мониторинги асосида тармоқларнинг малака ва билимларга бўлган эҳтиёжлари ва тенденцияларини ўрганади;

тармоқ малака доираларини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

касбий стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

норасмий ва информал ўқитишнинг натижаларини тан олиш, валидация ва аккредитация (сертификатлаш) қилиш тизимини шакллантириш, шу жумладан малакаларни баҳолаш марказлари фаолиятини ташкил қилишда иштирок этади;

ёшларни касбга йўналтириш, профессиограмма ва ахборот материалларини ишлаб чиқиш ишларини ташкил этишда қатнашади;

тармоқ кенгашларининг, шу жумладан касбий стандартларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш борасидаги фаолиятини услубий, ташкилий ва ахборот жиҳатидан таъминлайди;

компетенцияларни баҳолаш бўйича фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар регистрини ҳамда тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрини жорий этади, юритади ва ривожлантиришни ташкил этади;

тасдиқланган малакага эга шахсларни ҳақиқатда ушбу малакага мувофиқлиги даражасини ўрганади ва таҳлил қилади;

тармоқ малакалар доиралари ва касбий стандартлардан келиб чиққан ҳолда, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини, таълим тизими классификаторлари ва стандартларини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашга оид меъёрларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

миллий малака тизими жорий этиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини мониторингини амалга ошириш кўрсаткичлари тизими ва методикасини ишлаб чиқади;

миллий малака тизимининг ҳолати ва ривожланишининг мониторингини олиб боради;

миллий малака тизими иштирокчиларининг фаолиятини ҳудудий меҳнат ва таълим бозорлари даражасида ташкил қилиш ва такомиллаштириш бўйича фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари ва индикаторлари рўйхатини шакллантиради;

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳаларида дастурлар, ўқув қўлланмалари, илмий асарлар тўпламлари, илмий-амалий конференциялар материаллари, методик кўрсатмалар, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқади ва нашр этади;


г) меҳнат муҳофазаси ва гигиенасини такомиллаштириш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш соҳасида:

меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси соҳасидаги илмни ривожлантириш стратегияси, устувор йўналишлари ҳамда уларни амалга оширишнинг ташкилий-молиявий механизмлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат муҳофазаси, меҳнат гигиенаси ва меҳнат шароитларини яхшилаш соҳаларидаги давлат, тармоқ ва мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

меҳнат муҳофазаси ва меҳнат гигиенаси соҳасидаги давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси бўйича қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатларни тизимли равишда хатловдан ўтказади;

меҳнат муҳофазаси соҳасидаги давлат бошқаруви асосларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда хавфсиз меҳнат стандартлари тизимини, меҳнат муҳофазаси ва меҳнат гигиенаси соҳасидаги тармоқлар норматив ҳужжатларини ишлаб чиқади;

иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишларнинг сабабларини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

саноат ва иш муҳитининг зарарлилик даражасини баҳолаш, меҳнатни муҳофаза қилиш воситаларини синовдан ўтказиш, малакани баҳолаш методикаларини валидация (аттестация) қилиш;

шахсий ва жамоавий ҳимоя воситаларини сертификатлаш бўйича техник регламент соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

шахсий ва жамоавий, шу жумладан хорижда ишлаб чиқарилган ҳимоя воситаларини сертификатлашни амалга оширади, шунингдек тегишли сифат сертификатларини беради;

меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси соҳасида даврий равишда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга оширади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш режалари ҳамда жадваллари тасдиқланишини таъминлайди;

меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси бўйича ходимларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун ўқув-тематик режаларини, ўқув модулларини тайёрлайди ва тасдиқлайди;

меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтган кадрларнинг ягона ахборот-маълумот базасини яратади ва янгилаб боради;

бакалавриат ва магистратуранинг тегишли таълим йўналишларида янги ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратишга кўмаклашиш орқали ўқув-методик ишларнинг сифати ва даражасини оширади;

бакалавр ва магистрларни тайёрлашда илмий-методик жиҳатдан кўмаклашади, шунингдек, Институт базасида меҳнат муҳофазаси ва гигиенасининг тегишли соҳаларида олий таълимдан кейинги таълим институтини ташкил этиш йўли билан юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси соҳасида мутахассислар тайёрловчи таълим муассасалари учун илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини нашр этишга тайёрлаш ишларида иштирок этади;


д) меҳнатни меъёрлаш масалалари бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш соҳасида:

ташкилотлар буюртмаларига биноан шартнома асосида меҳнатни меъёрлаш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, экспертизадан ўтказади ва амалга оширади;

Вазирликка бандлик ва меҳнат муносабатлари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун киритади, тегишли норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва илмий-методик кўрсатмалар беришда кўмаклашади;

умумий ва махсус техник регламентларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнатни меъёрлаш бўйича норматив ҳужжатлар фондини яратади, юритади ва янгилайди;

меҳнатни меъёрлаш бўйича норматив ҳужжатлар ахборот ресурслари маълумотлар базаларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг ягона тизимини яратади;

меҳнатни меъёрлаш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда манфаатдор томонларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишнинг йиллик графикларини шакллантиради.



3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Институт ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларидан унга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Институтга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, шу жумладан, хорижий ташкилотларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўз ваколатларини бажариш доирасида халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни, шу жумладан, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

аҳоли бандлигини яхшилаш ва меҳнат бозорини ривожлантиришнинг долзарб ва истиқболли вазифаларини ҳал қилиш учун ташкил этилган ишчи гуруҳлар йиғилишларида иштирок этиш;

касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқлар ва ҳудудий кенгашларнинг ишчи гуруҳлари йиғилишларида ҳамда мажлисларида, бандлик, меҳнат муносабатлари, касбий малака ва билимларни ривожлантириш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги экспертлар кенгаши ҳамда комиссиялари, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар ишларида иштирок этиш;

бандлик ва меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофазаси ҳамда кадрлар салоҳияти, билим ва кўникмаларни ривожлантириш соҳаларида халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

бандлик ва меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси ҳамда касбий малака ва билимларни ривожлантириш соҳаларида ноширлик, илмий-техник ахборотни тарқатиш фаолиятини амалга ошириш;

ташкилотларнинг буюртмалари бўйича бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида шартномалар асосида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таржима қилиш, жорий қилишни амалга ошириш;

бандлик ва меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси ҳамда касбий малака ва билимларни ривожлантириш масалалари бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар, форумлар, давра суҳбатлари ва Институт ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича жамоатчилик тадбирларини ўтказиш;

касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими бўйича юклатилган вазифаларни бажаришга вазирликлар, идоралар, таълим, илмий ва бошқа муассасалар, шунингдек давлат ташкилотларидан мутахассисларни жалб қилиш;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Вазирлик ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишган ҳолда, илмий даражалар беришга ихтисослашган кенгаш ташкил этиш.

Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Институт ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Институт ўз фаолиятида бевосита Вазирликка бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


14. Институт фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


15. Институт директори:

Институт ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ҳамда Институтга юкланган вазифалар ва функциялар амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради;

Институтда илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишлар олиб бориш учун шарт-шароитлар яратади;

Институт илмий кенгашининг тавсиялари асосида ўқув-мавзули режалар, дастурлар ва илмий-методик ишлар режаларини тасдиқлайди;

Институт фаолиятини янада такомиллаштиришга тааллуқли концепциялар, дастурлар ва комплекс тадбирларнинг бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилади;

Институт ва Меҳнатни меъёрлаш маркази ходимлари, шунингдек, Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш курслари тингловчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Институтнинг штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Институт ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Институт номидан хўжалик шартномалари тузади, ишончномалар беради;

Вазирлик билан келишган ҳолда ишларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиқиб, зарур бўлганда, Институтнинг тузилмаси ва штатдаги ходимлар сонига ўзгартиришлар киритади (бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган тузилмалар ва штат бирликлари юзасидан).

Директор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


16. Институт директори Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Вазирлик томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар, шу жумладан бири Меҳнатни меъёрлаш маркази директори ҳисобланадиган ўринбосарга эга бўлади.


17. Директор ўринбосарлари:

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этади;

Вазирлик қарорлари ва буйруқларини, Институт директори буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

таркибий бўлинмалар фаолиятига тааллуқли масалалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун директорга тақдим этади;

директорга Институтнинг таркибий бўлинмаларида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар беради, уларнинг касбий маҳоратини, малакасини, амалий тажрибасини, ишчанлик ва руҳий-ахлоқий фазилатларини юқори даражада таъминлаш, касбий малакаларини ривожлантириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

Институт таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, муҳокамалар якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўришни ташкил этади.


18. Директор бўлмаган даврда унинг ваколатларини директорнинг биринчи ўринбосари амалга оширади.


19. Институт ҳузурида директор, фаолиятнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), Институт таркибий бўлинмалари раҳбарлари, Фанлар академияси вакиллари, шунингдек, турдош илмий-тадқиқот институтларида ва ташкилотларда ишлайдиган етакчи олимлар, малакали мутахассислардан иборат таркибда Илмий кенгаш ташкил этилади.

Илмий кенгаш ишини Илмий кенгашнингилмий котиби ташкил этади.

Илмий кенгаш:

Институт томонидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишлари дастурлари, режалари ҳамда тематикасини кўриб чиқади ва маъқуллайди;

лойиҳалар ва лабораториялар раҳбарларининг амалга оширилаётган ишларнинг бориши ва натижалари ҳақидаги ҳисоботларини эшитади, ўтказилган илмий-тадқиқот ишларининг натижалари ва сифатига, уларни амалиётга жорий қилиш борасида йил якунлари бўйича баҳо беради;

ҳисобот даврида лойиҳалар (лабораториялар) фаолияти натижаларини баҳолаш асосида лойиҳалар доирасидаги тадқиқотларни давом эттириш ёки лойиҳаларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Институт жорий фаолиятини молиялаштиришнинг чекланган меъёрларини аниқлайди, Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг чекланган миқдорларини белгилайди;

Илмий кенгашнинг иш тартиби Институтнинг иш режаларига мувофиқ ташкил этилади.


20. Институт илмий котиби:

Илмий кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ахборот-таҳлил бўйича таъминлашни амалга оширади;

илмий-тадқиқот ишларининг дастурлари ва режаларини ишлаб чиқишни ташкил этади, тадқиқотларга ўз вақтида ва сифатли тайёргарлик кўришни назорат қилади;

Институтнинг мамлакат ва хориж илмий-тадқиқот муассасалари билан алоқалар ўрнатишини амалга оширади;

Институт ходимларининг таҳлилий ва ахборот материаллари билан ишлаш методикаси бўйича ўқув машғулотларини ташкил қилади.

Илмий котиб лавозимга Институт директори томонидан тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


21. Институт тадқиқотларининг энг муҳим йўналишлари бўйича тузилган лойиҳалар ва лабораториялар Институтнинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади.

Илмий-тадқиқот лойиҳаларини (лабораторияларини) юқори малакали мутахассислар, биринчи навбатда, иқтисодиёт соҳасидаги вазирлик ва идораларда, илмий-тадқиқот ташкилотларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар орасидан танлаб олиб тайинланган раҳбарлар бошқаради.

Лойиҳа раҳбарлари лавозимига Институт директори томонидан тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Илмий лойиҳалар бандликка кўмаклашиш, меҳнат муносабатларини ривожлантириш, меҳнат бозорини, меҳнатни муҳофаза қилишни, касбий стандартларни ва малакани ривожлантириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, меҳнат миграцияси бўйича энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун ташкил этилади ҳамда уларга қўйилган вазифаларни бажаргандан сўнг тарқатиб юборилади.


22. Институт таркибида ихтисослашган тадқиқот бўлинмалари билан бир қаторда меҳнатни меъёрлаш маркази, илмий-ёрдамчи, техник, маъмурий-хўжалик бўлинмалари ва бошқа хизматлар фаолият юритади.


23. Муайян тадқиқотларни амалга ошириш учун Институт фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиши мумкин.



5-БОБ. ХОДИМЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ШАКЛЛАРИ ВА ТИЗИМИ


24. Ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, Институт маъмурияти билан ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилиги, Институтнинг ички тартиб-қоидалари, бошқа норматив ҳужжатлар, жамоа шартномаси, индивидуал меҳнат шартномалари ҳамда мазкур Низомга асосланиб, тартибга солинади.


25. Институт ходимларига ушбу Низомга иловага мувофиқ Вазирлик марказий аппарати ходимлари учун таққосланадиган лавозимлар бўйича белгиланган иш ҳақи, мукофот ва моддий ёрдам шароитлари татбиқ этилади, шунингдек, уларга ишлаган даври учун устама тўланади.

Меҳнат институти ходимлари ва жалб қилинган мутахассислар учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан иш ҳақи фондининг 50 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш учун махсус маблағлар ажратилади.

Алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни моддий рағбатлантириш учун моддий рағбатлантиришнинг махсус фонди ҳисобидан уларнинг лавозим маошининг икки баравари миқдоригача мукофот тўланади.


26. Институт ходимлари лойиҳа раҳбарлари (лабораториялар) ва бошқа таркибий бўлинмалар таклифлари асосида Илмий кенгаш билан келишган ҳолда мукофотланади.


27. Институт Вазирлик билан келишилган ҳолда раҳбар, илмий-ёрдамчи, илмий, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг штат жадвалини тасдиқлайди, амалдаги қонунлар ва норматив хужжатларга асосланган ҳолда ходимларни моддий рағбатлантириш тизими ва шаклларини белгилаб беради.



6-БОБ. МАРКАЗНИНГ МУЛКИ ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ


28. Институт мулки асосий фондлардан (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), айланма маблағлардан, шунингдек, молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган молиявий ресурслар ва бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади. Институт мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


29. Институт белгиланган тартибда ўзига бириктирилган мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади. Институт унга туташ ер майдонига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


30. Институтнинг интеллектуал мулк объектлари жумласига барча тадқиқот материаллари (илмий концепция ва ҳисоботлар, таҳлилий маълумотномалар, нашрлар, тадқиқот натижалари, прогноз баҳолари, рефератив, услубий-инструктив материаллар, дастурий маҳсулотлар ва институт маълумотлар базалари ва бошқалар), шунингдек, Институт буюртмаси асосида ижрочи ташкилотлар томонидан шартномалар асосида олиб борилган тадқиқотлар киради. Интеллектуал мулк хусусиятига қараб, унга бўлган ҳуқуқ Институтга, муаллифлар гуруҳига ёки Институт тадқиқотчисига тегишли бўлиши мумкин.

Институтда интеллектуал мулк ҳуқуқининг тақсимланиши директор томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.


31. Институт маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

жорий сақлаш ва моддий-техник базани ривожлантириш, ахборот босма нашрларига, шу жумладан, чет эл нашрларига обуна ташкил этиш ва Институтнинг бошқа эҳтиёжлари учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган маблағлар;

грант танловлари натижалари бўйича ажратилган маблағлар;

вазирликлар, идоралар ва банкларнинг буюртма-аризалари бўйича тадқиқотлар учун ажратилган маблағлари;

халқаро молия институтлари ва донорлик ташкилотларининг грантлари;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари доирасида, Институтнинг ўз фаолияти, шу жумладан тижорат банкларидаги депозитларга пул маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

банк ва бошқа кредиторлар кредитлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


32. Иқтисодий, илмий-техник ва бошқа хўжалик ҳисобидан олиб бориладиган фаолият учун, шунингдек, хайрия, ҳомийлик ва беғараз тушумлар орқали олинган мол-мулк ва маблағлар Институт мулкидир.


33. Институт ўзига тегишли бўлган асосий воситалар, муомаладаги активлар ва бошқа моддий бойликларни белгиланган тартибда сотиш, бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларга ўтказиш, алмаштириш, ижарага бериш, вақтинча фойдаланиш ёки қарз олиш учун бепул бериш, шунингдек, уларни балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.


34. Институт ихтиёрида қолган фойда Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва зарур жамғармаларни шакллантириш учун сарфланади. Институт жамғармаларига пул маблағларни киритиш меъёрлари, ҳажми ва тартиби Институт директори томонидан тасдиқланадиган Жамғармалар тўғрисидаги низом билан белгиланади.



7-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ҲАМДА УНИНГ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИ

ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАРИ


35. Институт фаолияти самарадорлиги мунтазам равишда баҳоланишдан ўтказилади.


36. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Институт фаолиятини баҳолаш мезонларига ҳамда унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини аниқловчи ишчи индикаторларга асосланади.


37. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Институт раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (тақдирлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари белгиланади;

Институт фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


38. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


39. Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 сентябрь

































Время: 0.0193
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск