язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Малака ошириш ва қайта тайёрлаш/ Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 30.09.2021 й. 616-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 30 сентябрдаги

616-сон қарорига

3-ИЛОВА



Касбий малака ва билимларни ривожлантириш

бўйича тармоқ кенгашлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари (кейинги ўринларда - Тармоқ кенгаши) фаолият юритишининг тартибини белгилайди.


2. Тармоқ кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Тармоқ кенгаши фаолиятига тааллуқли қарорлари, шунингдек, ҳузурида Тармоқ кенгаши ташкил этилган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг (кейинги ўринларда - масъул ташкилот) тегишли фармойишлари ва қарорлари асосида амалга оширади.


3. Тармоқ кенгашнинг фаолияти Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш (кейинги ўринларда - Республика кенгаши) томонидан мувофиқлаштирилади.


4. Тармоқ кенгаши тўғрисидаги низом, унинг таркиби ва фаолиятининг регламенти масъул вазирлик (идора) томонидан Республика кенгаши билан келишган ҳолда тасдиқланади.



2-БОБ. ТАРМОҚ КЕНГАШИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Қуйидагилар Тармоқ кенгашининг вазифалари ҳисобланади:

меҳнат бозори мониторинги асосида тармоқларнинг малака ҳамда билимларга бўлган эҳтиёжлари ва тенденцияларини аниқлаш;

тармоқлар малака доираларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва такомиллаштириш;

касбий стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар фаолиятни мувофиқлаштириш;

норасмий ва информал ўқитишнинг натижаларини тан олиш, валидация ва аккредитация (сертификатлаш) қилиш тизимини шакллантириш, шу жумладан, малакаларни баҳолаш марказлари фаолиятини ташкил қилиш;

ёшларни касбга йўналтириш ва ахборот материалларини ишлаб чиқиш ишларини ташкил этиш;

тармоқ малакалари доиралари ва касбий стандартлардан келиб чиққан ҳолда, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторини такомиллаштириш.


6. Мазкур вазифаларни бажариш учун Тармоқ кенгаши қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ҳар йили камида икки марта меҳнат бозори мониторингини ташкил қилади, тармоқда касбий малакалар ва кўникмалар бўйича меҳнат бозори эҳтиёжларини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

б) касбий фаолиятнинг тегишли соҳалари бўйича касбий стандартлар ва тариф-малака талабларини ишлаб чиқиш ва янгилашни мувофиқлаштиради ҳамда касбий стандартлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этади;

в) айнан шу тармоққа хос бўлган касбий фаолият турлари бўйича малакани холис, профессионал баҳолашни мувофиқлаштиради, шу жумладан:

малакаларни баҳолаш марказлари (МБМ) вазифаларини бажариш учун ташкилотларни танлаб олиш, уларга малакаларни холис баҳолаш бўйича ваколатлар бериш ҳамда танлаш ва ваколатлар бериш жараёнида улар томонидан тақдим этилган маълумотларни текширишни;

ҳар бир малакаларни баҳолаш маркази учун малакалар холис баҳоланадиган касб малакасининг номини белгилашни;

тегишли малакалар бўйича баҳолаш воситаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг экспертизадан ўтказилишини;

малакаларни баҳолаш марказлари фаолиятини назорат қилишни;

малакаларни баҳолаш натижаларига алоқадор шикоятларни кўриб чиқиш бўйича апелляция комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишни;

малакаларни холис баҳолаш тўғрисидаги ахборотни тегишли маълумотлар реестрига жойлаштиришни ташкил этади;

г) умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларида касбга йўналтириш тадбирларини амалга оширишни мувофиқлаштиради;

д) таълим муассасаларига дуал таълим усулида ўқитиш, шу жумладан, талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш масалалари бўйича кўмаклашади;

е) касбий фаолиятнинг турлари бўйича малакалар ва кўникмаларни ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ва меҳнатга ҳақ тўлашга оид меъёрларни аниқлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

ж) тармоқ кенгаши фаолияти ҳақидаги маълумотларни акс эттирган ва умумфойдаланишга мўлжалланган ахборот ресурсларини шакллантиради;

з) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари билан касбий малакалар ва кўникмалар бўйича ўзаро ҳамкорликни ташкил этади.


7. Тармоқ кенгаши қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тармоқ кенгаши кўриб чиқадиган масалалар бўйича экспертларни ўз ишига жалб қилиш, ўз олдида турган вазифаларни ҳал қилиш учун уларнинг таркибида секциялар, комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиш;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларидан, бошқа ташкилотлардан, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларидан, компетенцияни баҳолаш марказларидан вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотларни сўраб олиш;

ўз мажлисларига профессионал таълим муассасалари, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказлари, компетенцияни баҳолаш марказлари раҳбарларини, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари вакилларини таклиф қилиш.

Тармоқ кенгашига давлат бошқаруви органи ва хўжалик бирлашмаси томонидан ваколати доирасида бошқа ҳуқуқлар берилиши ҳам мумкин.

Тармоқ кенгаши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Тармоқ кенгаши қуйидаги мажбуриятларга эга:

Республика кенгашига тегишли тақвим йилидаги фаолияти тўғрисида ҳар йили ахборот тақдим этиш;

малакаларни баҳолаш марказлари ташкил этилгани ва тугатилгани тўғрисидаги ахборотни Республика кенгашига тақдим этиш;

ўз фаолияти бўйича архив ишларини ва иш юритишни ташкил этиш.



3-БОБ. ТАРМОҚ КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Тармоқ кенгаши таркибига тегишли давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари, профессионал ҳамжамиятлар, таълим ва илмий муассасалар, касаба уюшмалари тармоқ кенгашлари вакиллари киради.

Тармоқ кенгаши таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 декабрдаги ПҚ-4939-сон қарори билан тасдиқланган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун масъул вазирлик, идора, таълим ва илмий муассасалар рўйхатига мувофиқ тасдиқланган таълим ва илмий муассасалар вакиллари ҳам киритилади.


10. Тармоқ кенгаши раис, раис ўринбосари, Тармоқ кенгаши аъзолари ва котибидан иборат.

Масъул вазирлик (идора) раҳбари ёки унинг ўринбосарларидан бири Тармоқ кенгаши раиси ҳисобланади.

Масъул вазирлик (идора)нинг бошқа вазифаларни бажаришдан озод қилинган ва умумий штат бирликлари сони доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш шароити бўйича мустақил бўлим бошлиғига тенглаштирилган ходими Тармоқ кенгаши котиби этиб тайинланади.


11. Тармоқ кенгаши аъзолари сони ва унинг таркиби Республика кенгаши билан келишилган ҳолда шакллантирилади ва тасдиқланади.


12. Тармоқ кенгаши мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Тармоқ кенгаши мажлисида унинг аъзоларининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Тармоқ кенгаши аъзоси тармоқ кенгашининг мажлисларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб қатнашиш, шунингдек, кун тартибидаги масалалар бўйича ўз мулоҳазаларини олдиндан юбориб, тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тармоқ кенгаши қарорлари мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинган ҳисобланади.

Алоҳида ҳолларда, тармоқ кенгаши раисининг қарорига мувофиқ қарорлар мажлис ўтказилмасдан, сиртдан овоз бериш йўли билан қабул қилиниши ҳам мумкин.


13. Тармоқ кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар баён билан расмийлаштирилади ва раис ҳамда котиб томонидан имзоланади.


14. Тармоқ кенгаши фаолиятига унинг раиси раҳбарлик қилади. Қуйидагилар тармоқ кенгаши раисининг вазифаларига киради:

Тармоқ кенгаши мажлисларини чақириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш;

мажлислар кун тартибини тасдиқлаш;

тармоқ кенгашига юкланган вазифаларни бажариш учун комиссиялар ва ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

тармоқ кенгашининг Республика кенгаши, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш.


15. Тармоқ кенгаши котиби қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

иш юритишни ва архив юритишни амалга оширади, тармоқ кенгаши аъзоларига зарур материалларни юборади;

тармоқ кенгашига келаётган, шу жумладан,тармоқ кенгаши иш режасини шакллантириш ва амалга ошириш масалалари бўйича материалларни ва таклифларни умумлаштиради;

Тармоқ кенгаши аъзоларига Тармоқ кенгаши ишига тааллуқли бўлган маълумотларни етказиб беради;

Тармоқ кенгаши мажлисларини чақиришни таъминлайди;

Тармоқ кенгаши мажлисларида масофадан туриб иштирок этаётган кенгаш аъзолари билан алоқани таъминлайди, шунингдек, сиртқи овоз бериш ҳолларида Тармоқ кенгаши аъзолари кун тартибидаги масалалар бўйича берган овозларини ҳисобга олади;

Тармоқ кенгашнинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти ваколатига кирадиган масалалар, шу жумладан, зарур материаллар ва ҳужжатларни экспертиза учун тақдим этиш бўйича доимий ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

экспертлар, манфаатдор таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


16. Тармоқ кенгаши ўз фаолиятини самарали амалга ошириш мақсадида касбий стандартлар, малакаларни баҳолаш, меҳнат бозорини таҳлил қилиш, таълим сифатини ўрганиш ва Тармоқ кенгаши фаолиятининг бошқа асосий йўналишлари бўйича ишчи экспертлар гуруҳларини ташкил этишга ҳақли.


17. Ўз фаолиятида ошкоралик ва очиқликни таъминлаш мақсадида Тармоқ кенгаши тегишлилига кўра масъул вазирлик (идора)нинг расмий сайтида ўз фаолияти ва қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради.


18. Тармоқ кенгаши аъзоларига ҳақ тўланмайди.


19. Тармоқ кенгаши ишига жалб қилинган (Тармоқ кенгаши аъзоси бўлмаган) экспертлар меҳнатига ҳақ тўлаш фуқаролик-ҳуқуқий кўринишдаги шартномаларга кўра амалга оширилади. Бундай ҳолларда масъул вазирлик (идора) буюртмачи томон ҳисобланади.



4-БОБ. ТАРМОҚ КЕНГАШИГА БИРИКТИРИЛГАН

ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ МУАССАСАЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


20. Тармоқ кенгашининг доимий ишчи органи соҳага оид илмий-тадқиқот ва таълим ташкилотлари, йирик тармоқ корхоналари, ходимлар билан ишлаш бўйича тузилмалар бўлиши мумкин. Доимий ишчи орган:

Тармоқ кенгашининг илмий-методик таъминотини амалга оширади;

малакаларни баҳолашучун баҳолаш воситаларини экспертизадан ўтказади;

Тармоқ кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тақдим этади;

меҳнат бозорини мониторинг қилишда, унинг касб малакаси ва кўникмаларига бўлган эҳтиёжини қондиришда иштирок этади;

ёшларни касбга йўналтириш усулларини синовдан ўтказади ва жорий қилади;

Тармоқ кенгаши буюртмаларига ва топшириқларига кўра ўз ваколатига кирувчи бошқа функцияларни бажаради.


21. Тармоқ кенгашининг топшириқларини бажариш бириктирилган таълим ва илмий ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.


22. Таълим ва илмий ташкилотларнинг тармоқ кенгаши билан молиявий-хўжалик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 31 декабрдаги ПҚ-4939-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Тармоқ кенгашининг фаолияти масъул ташкилот маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


24. Тармоқ кенгаши фаолиятини ташкил этиш учун масъулият тегишли ташкилот раҳбари зиммасига юкланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 сентябрь