ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчиларга хизмат кўрсатиш. Автовокзаллар. Автомобиллар тўхташ жойлари. Аэровокзаллар. Темирйўл станциялари /

Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 06.10.2021 й. 3323-сон билан рўйхатга олинган транспорт вазирининг 25.09.2021 й. 14-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 6 октябрда 3323-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

транспорт вазирининг

2021 йил 25 сентябрдаги

14-сон буйруғига

ИЛОВА



Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи

автостанциялари тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль транспортитўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон "Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанцияларининг фаолият юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


автовокзал (автостанция) - транспорт-экспедиция, ташиш фаолиятини амалга оширувчи ва йўловчиларга бошқа хизматлар кўрсатувчи ташкилот;


чипта кассаси - йўл чипталарини сотиш ва йўловчиларга йўналишлар тўғрисида маълумот беришга мўлжалланган пункт;


перрон - автовокзал (автостанция)ларда ёки бекатларда йўловчиларнинг автотранспорт воситаларига қулай ва хавфсиз ўтиши, чиқиши ва тушиши учун мўлжалланган майдонча;

перрон (чипта) назоратчиси - автотранспорт воситаларининг санитария-гигиена ҳолатини, йўл ҳужжатлари ва чипталарнинг мавжудлиги ва ҳолатини, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ жўнатилишини назорат қилувчи шахс;


йўловчиларнинг айнан бир вақтдаги сиғими - автовокзалларда (автостанцияларда) жўнатилаётган ва кириб келаётган ҳамда бир вақтнинг ўзида йўловчилар кутиш залларида ва йўловчилар хоналарида сиғиши мумкин бўлган йўловчиларнинг умумий сони;


автовокзал (автостанция) ишларининг технологик жараёни - автовокзал (автостанция) хизматларини ташкил этиш жараёни, автотранспорт воситаларини қабул қилиш ва жўнатиш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича доимий равишда бажариладиган операцияларнинг ўзаро боғлиқлиги ва мунтазамлилиги;


станция ҳудуди - автовокзалнинг (автостанциянинг) автотранспорт воситалари жўнатилиши ва кириб келишиҳамда уларга техник хизмат кўрсатилиши учун мўлжалланган ҳудуди.


2. Автовокзалнинг (автостанциянинг) ўтказиш имконияти бир сутка ичида автовокзалдан (автостанциядан) йўналишга жўнатилиши мумкин бўлган автотранспорт воситаларининг жами сонидан келиб чиқиб аниқланади.



2-БОБ. АВТОВОКЗАЛЛАРГА (АВТОСТАНЦИЯЛАРГА)

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


3. Автовокзаллар (автостанциялар) аҳоли яшаш жойларида ҳамда автомобиль йўллари трассаларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва халқаро, шаҳарлараро ҳамда шаҳар атрофида қатновчи автотранспорт воситалари йўналишларида уларнинг ҳаракатини тезкор бошқариш, фойдаланиш учун хизмат хоналари ва ҳайдовчиларнинг дам олиш хоналарини жойлаштириш учун ташкил этилади.


4. Мазкур Низомнинг иловасида келтирилган мезонларга мувофиқ автовокзалнинг тоифаси ва автостанциянинг класси ҳисобга олинган ҳолда уларнинг ҳудудида қуйидагилар жойлаштирилиши лозим:

йўловчилар кутиши учун мўлжалланган бинолар ва хоналар;

чипта кассалари;

ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар;

ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган меҳмонхоналар;

маъмурият хонаси;

умумий овқатланиш шаҳобчалари;

тиббий пунктлар;

қўл юкини (багажни) сақлаш хоналари;

йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш қурилмалари ўрнатилган хоналар;

маданий-маиший ва санитария-гигиена хоналари;

йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари;

рейслар оралиғида автотранспорт воситалари тўхтаб турадиган майдончалар;

техник кўрикдан ўтказиш ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш постлари;

шаҳар йўловчилар транспорти (метрополитендан ташқари) кириб келиши ва туриши учун мўлжалланган автовокзал олди майдони;

автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ҳамда чиқариш ва тушириш перронларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўриндиқли аравачалари учун мўлжалланган йўллар;

ногиронлиги бўлган шахсларни ўриндиқли аравачалар билан чиқариш ва тушириш учун мўлжалланган жойлар.


5. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйича тўсиқлар ҳамда йўловчиларнинг кутиш залларида, чипта кассаларида ва йўловчилар кўп тўпланадиган бошқа жойларда видеокузатиш камералари ўрнатилади.


6. Автовокзалларга кириш ва чиқиш жойларида йўловчилар ҳамда уларнинг қўл юкини (багажини) текшириш учун турғун металл детекторлар билан жиҳозланган текшириш постлари ташкил этилади.


7. Автовокзалларнинг тоифалари ва автостанцияларнинг классларини аниқлаш мазкур Низомнинг иловасида келтирилган мезонларга мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. АВТОВОКЗАЛЛАРНИНГ (АВТОСТАНЦИЯЛАРНИНГ)

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Қуйидагилар автовокзалларнинг (автостанцияларнинг) асосий вазифалари ҳисобланади:

диспетчерлик хизматини йўлга қўйиш орқали йўловчи ташиш хавфсизлиги қоидалари талабларини инобатга олган ҳолда автовокзал (автостанция) бўйича автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалига риоя қилинишини ташкил этиш, автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, йўл варақалари ва диспетчерлик ҳужжатларини расмийлаштириш, йўловчиларда чипталар мавжудлигини назорат қилиш;

автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчиларга йўналишда ҳаракатланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, хусусан янги очилаётган йўналишлар, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалидаги ўзгаришлар, йўналишга жўнатилаётган автотранспорт воситаларидаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш;

йўловчиларга автовокзалларда (автостанцияларда) маиший хизмат кўрсатиш, маданий-маиший ва санитария-гигиена хизмати кўрсатилишини таъминлаш ҳамда ҳайдовчилар учун маиший шароитлар яратиш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш, уларга дам олиш учун мебеллар билан жиҳозланган хоналар тақдим этиш;

автотранспорт воситаларини қўриқлаш, уларни рейслар оралиғида техник кўрикдан ўтказиш пунктларини ташкил этиш, автотранспорт воситалари салонларини тозалаш, йўналишга чиқишдан олдин ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиш;

ташувлар ҳисобини юритиш, йўловчилар оқимини ўрганиш;

ёнғинга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, автовокзал (автостанция) ҳудуди санитария-гигиеник жиҳатдан тоза сақланишини таъминлаш.



4-БОБ. АВТОВОКЗАЛЛАРНИНГ (АВТОСТАНЦИЯЛАРНИНГ)

ИШЛАШ РЕЖИМИ ВА ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНИ


9. Автовокзал (автостанция) иш кунининг бошланиш ва тугаш вақти автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалидан келиб чиққан холда автовокзал (автостанция) раҳбари томонидан тасдиқланади.


10. Узлуксиз тартибда (туну кун) фаолият юритмайдиган автовокзаллар (автостанциялар) биноси йўловчилар кириши учун биринчи автотранспорт воситаси жўнаб кетишидан (кириб келишидан) камида 30 дақиқа олдин очиқ бўлиши ва ҳаракатланишнинг суткалик жадвали бўйича охирги автотранспорт воситаси кириб келгандан (ёки жўнаб кетгандан) кейин камида 30 дақиқадан сўнг ёпилиши керак.


11. Автовокзалда (автостанцияда) узоқ вақт дам олиш учун мўлжалланган хоналар мавжуд бўлган тақдирда автовокзал (автостанция), ишлаш режимидан қатъи назар, унга йўловчиларнинг туну кун кириши ва чиқишини таъминланиши керак.


12. Тушлик пайтидаги танаффус ёки хоналарни тозалаш вақтида автовокзални (автостанцияни) ёпиб қўйишга йўл қўйилмайди. Кутиш зали ҳамда ёш болали йўловчилар учун мўлжалланган хона автовокзалнинг (автостанциянинг) бутун иш куни мобайнида фойдаланиш учун очиқ бўлиши керак.


13. Чипта кассаларининг иш вақти автовокзалнинг (автостанциянинг) ишлаш режимига мувофиқ ёки йўловчилар учун қулай бўлиши керак.


14. Автовокзалнинг (автостанциянинг) ҳаракат йўналиши бўйича автотранспорт воситаларининг станция ҳудудига кириши, унда ҳаракатланиши ва ундан чиқиши белгиланади.

Ҳаракат йўналишини ишлаб чиқишда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

чиқиш ва киришда ўнг томонга бурилиш;

ҳаракатнинг ҳар бир йўналиши учун автотранспорт воситаларининг атрофдаги кўчалардан қайрилиб келиш манзиллари;

йўловчиларни чиқариш ва тушириш платформаларига автотранспорт воситаларини ҳаракат йўналиши бўйича ўнг томонда қўйиш;

автотранспорт воситалари ҳаракатланиш йўллари йўловчилар ҳаракатланиш йўллари билан кесишмаслиги.


15. Йўловчилар ҳаракат йўналиши бўйича автовокзал (автостанция) ҳудудида қуйидагилар жойлаштирилиши лозим:

хизмат бинолари, йўловчиларга хизмат кўрсатадиган бинолар ва ёрдамчи бинолар, уларнинг номи ва тартиб рақами;

йўловчиларга маълумот берувчи воситалар (автотранспорт воситаларининг жўнаб кетиш ва кириб келиш вақти кўрсатилган жадваллар, чипталарнинг нарх жадвали, қатнов йўналишларининг схемаси).


16. Станция ҳудуди чизмасида мавжуд иншоотлар ва бинолардан ташқари қуйидагилар кўрсатилади:

автотранспорт воситаларининг кириш ва чиқиш йўналишлари ҳамда йўловчиларнинг автовокзал (автостанция) ҳудудидан чиқиш йўналишлари кўрсаткичлари жойлаштирилган пунктлар;

автотранспорт воситаларининг рейслар оралиғида тўхтаб туриши учун белгиланган жойлар (постлар);

автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун мўлжалланган пунктлар;

йўналишсиз таксилар ва бошқа автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган жойларнинг кўрсаткичлари.

Автовокзалнинг (автостанциянинг) асосий кириш жойига туташиб кетган станция ҳудудининг бир қисми, қоида тариқасида, автотранспорт воситалари тўхташи учун мўлжалланмайди.


17.Фавқулодда вазиятлар (ёнғин, зилзила, сув тошқини ва бошқалар) вақтида йўловчилар ва автовокзал (автостанция) ходимларини эвакуация қилиш режасида одамлар ва моддий бойликларни автовокзаллар (автостанциялар) биноларидан эвакуация қилиш йўллари белгиланади.



5-БОБ. АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

ҲАРАКАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЙЎЛОВЧИЛАРГА

МАДАНИЙ-МАИШИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


18. Автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудида йўловчилар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатига фақат бунинг учун махсус ташкил этилган ва жиҳозланган, тегишли белгилар, техник воситалар орқали ёки автовокзал (автостанция) ходимлари томонидан бериладиган овозли сигналлар билан белгиланадиган жойларда рухсат этилади.


19. Йўловчиларнинг автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ҳаракат қилиш йўлининг узунлиги имкон қадар қисқа бўлиши, йўловчилар оқими кесишмаслиги ҳамда ҳар бир йўналиш учун алоҳида бўлиши зарур.


20. Кутиш зали автотранспорт воситалари кириб келиши ва жўнаб кетишини кутаётган йўловчилар учун мўлжалланади.


21. Ёш болали йўловчилар учун мўлжалланган хонадан кичик ёшдаги ёки ногиронлиги бўлган боласи бўлган йўловчилар ва ҳомиладор аёллар бепул фойдаланади. Ёш болали йўловчилар учун мўлжалланган хонани жиҳозлашда санитария-гигиена талабларига риоя қилиниши керак.

Кичик ёшдаги ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган йўловчилар ёш болали йўловчилар учун мўлжалланган хона навбатчиси орқали навбатдан ташқари чипта билан таъминланади.


22. Ҳайдовчилар узоқ вақт дам олиши учун мўлжалланган хоналар йўл ҳужжатлари ва паспорт ёки идентификация ID-картаси кўрсатилган тақдирда келишилган ҳолда йўловчиларга ҳам тақдим этилиши мумкин.



6-БОБ. АВТОВОКЗАЛЛАРНИНГ (АВТОСТАНЦИЯЛАРНИНГ)

АХБОРОТ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


23. Ахборот хизмати йўловчиларга автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши, юриш ва қўл юкини (багажни) ташиш шартлари ҳамда автовокзал (автостанция) томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақида ишончли маълумотни тезкор тақдим этиш мақсадида ташкил этилади.


24. Йўловчиларга маълумот бериш қуйидагилар орқали таъминланади:

визуал хабардор қилиш;

товушли хабардор қилиш;

маълумотнома бюроси;

"Call center" ахборот хизмати;

автоматик маълумотлар бериш қурилмалари.

Йўловчиларга барча маълумотлар бепул тақдим этилади.


25. Йўловчиларни маълумотлар билан визуал хабардор қилиш схемалар, жадваллар ҳамда ахборот таблоларикўринишида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

платформалар ва постлар кўрсатилган ҳолда автотранспорт воситаларининг жўнаб кетиш ва кириб келиш жадвали;

автовокзал (автостанция) томонидан хизмат кўрсатиладиганйўналишлар, ушбу йўналишларда йўл ҳақи ва багаж ташиш нархлари;

автовокзал (автостанция) жойлашган аҳоли пунктида мавжуд бўлган йўналишлар схемалари;

бепул ва имтиёзли юриш ҳамда чипталарни навбатсиз харид қилиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар тоифалари рўйхати;

йўловчиларни суғурталаш тартиби ва турлари ҳақидаги маълумотлар;

йўловчиларга автовокзал (автостанция) ҳудудида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва автовокзал (автостанция) чипта кассалари ҳамда бошқа хизматларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар;

яқин вақт ичида амалга оширилиши кутилаётган қатновларнинг вақти ва жойи, шунингдек қатнов вақтини кечиктириш ёки кўчириш ҳақидаги маълумотлар;

турли йўналишлар бўйича кутиш майдончалари, шунингдек маданий-маиший ва санитария-гигиена хоналарининг кўрсатгичлари.


26. Йўловчиларни маълумотлар билан визуал хабардор қилиш воситаларини автовокзалда (автостанцияда) йўловчиларнинг ҳаракатланиш йўналишларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш зарур.


27. Йўловчиларни маълумотлар билан товуш орқали хабардор қилиш автовокзал (автостанция) ҳудудида радиоретрансляция тармоғи орқали амалга оширилади.


28. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида автовокзалда (автостанцияда) "Call center" ахборот хизмати ташкил этилиши мумкин.


29. Автовокзалда (автостанцияда) йўловчилар қуйидаги маълумотларни олиши мумкин бўлган автоматик қурилмалар ўрнатилиши тавсия этилади:

йўловчиларни қизиқтираётган рейслар учун чипталарнинг мавжудлиги;

автотранспорт воситаси келишигача қолган вақт;

кассаларнинг жойлашган жойи ва ишлаш тартиби;

йўловчиларга автовокзал (автостанция) ҳудудида кўрсатилаётган хизматлар рўйхати ва нархлари;

хизмат кўрсатиш жараёнидан йўловчилар норози бўлган ҳолларда улар мурожаат қилиши мумкин бўлган автовокзалнинг (автостанциянинг) мансабдор шахслари телефон рақамлари.



7-БОБ. ЧИПТА КАССАЛАРИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


30. Чипталар сотуви чипта кассалари ёки ахборот тизимлари (махсус веб-сайтлар, мобил иловалар, ижтимоий тармоқлар ва бошқалар) орқали ташкил этилади.


31.Чипта кассаларининг қуйидаги 3 тоифаси ташкил этилади:

чипталарни олдиндан сотиш;

чипталарни жорий (кундалик) рейслар бўйича сотиш;

чипта олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган йўловчиларга чипталар сотиш (бериш).



8-БОБ. БАГАЖ ВА ҚЎЛ ЮКИНИ ВАҚТИНЧА

САҚЛАШ ХОНАЛАРИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


32. Халқаро ва шаҳарлараро (вилоятлараро) йўловчиларга хизмат кўрсатувчи автовокзалларда (автостанцияларда) қўл юки ва багажни вақтинча сақлаш учун сақлаш хоналари ташкил этилади.

Сақлаш хоналари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда жиҳозланади.


33. Қўл юки ўзи билан бирга йўл чипталари мавжуд бўлган фуқаролардангина қабул қилинади.

Сақлаш учун қабул қилинаётган буюмларнинг ўлчамлари автотранспорт воситаларида ташиш учун йўл қўйиладиган меъёрлардан ортиқ бўлмаслиги керак. Сақлаш учун буюмлар ҳар қандай ўрамда қабул қилинади.

Бошқа йўловчиларнинг буюмларини ифлос қилиши ёки уларга шикаст етказиши мумкин бўлган буюмлар ҳамда тез ёнадиган, портловчи, заҳарловчи, ўткир ва бадбўй ҳидли моддалар сақлаш учун қабул қилинмайди.


34.Сақлаш хонасининг иши сақлаш учун қабул қилинган буюмнинг ўрнигамахсус жетон ёки квитанция берган ҳолда ташкил этилиши мумкин.



9-БОБ. ШАҲАР, ШАҲАР АТРОФИ, ШАҲАРЛАРАРО

ВА ХАЛҚАРО ЙЎНАЛИШЛАРДА БАНД БЎЛГАН

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ИШИНИ

ДИСПЕТЧЕР ХИЗМАТИ ОРҚАЛИ БОШҚАРИШ


35. Қуйидагилар автовокзал (автостанция) диспетчерлик хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

автотранспорт воситалари томонидан ҳаракатланиш жадвалига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

автовокзал (автостанция) ҳудудига тегишли йўллар доирасидаги йўналишларда автотранспорт воситалари ҳаракатини назорат қилиш;

бир-бирига боғлиқ ва яқин автовокзаллар (автостанциялар) ва ҳайдовчиларни ҳаракат, метеорологик ва йўл шароитлари тўғрисида хабардор қилиш;

автотранспорт воситалари ҳаракатланиш жадвалида кўрсатилган вақтдан четга чиққан ҳолларда уларнинг режага кўра ҳаракатланиши мунтазамлилигини таъминлашга доир тезкор чора-тадбирлар кўриш.


36. Автотранспорт воситаси ҳайдовчиси автовокзалга (автостанцияга) келганидан кейин ўзининг келганлиги ҳақида диспетчерга ахборот беради.

Диспетчер диспетчерлик журналида ва ҳайдовчининг йўл ҳужжатида автотранспорт воситасининг келганлигини штамп-соатлар ёрдамида қайд этади.


37. Автотранспорт воситасини йўловчилар чиқариладиган майдонга ўтказиш пайтида навбатчи диспетчер автовокзал (автостанция) бўйича автотранспорт воситасига йўловчиларни чиқаришни бошлаш вақтини, платформанинг тартиб рақамини ва автотранспорт воситасининг жўнаш вақтини эълон қилади.


38. Автотранспорт воситасига йўловчиларни чиқаришдан олдин автовокзал (автостанция) навбатчи диспетчери ёки перрон (чипта) назоратчиси автотранспорт воситасининг жиҳозланганлиги ва санитария ҳолати, ҳайдовчида йўл ҳужжатларининг мавжудлиги (рейс жадвали, йўналиш схемаси ҳамда чипталарни ҳисобга олиш варақасининг мавжудлиги, чипталарнинг охирги тартиб рақами ёзилишининг тўғрилиги) ва уларнинг ҳолати текширилади.

Навбатчи диспетчер ёки перрон (чипта) назоратчиси томонидан автотранспорт воситасининг жиҳозланиши ва санитария-гигиеник ҳолатига оид барча камчиликлар ва нуқсонлар (агар мавжуд бўлса) тўғрисида ҳайдовчининг йўл варақасига ҳамда автотранспорт воситасининг ҳолати ва жиҳозланишини ҳисобга олиш дафтарига қайдлар киритилади.

Автотранспорт воситасини жиҳозлаш қоидалари бузилган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган автотранспорт воситаси йўналишга чиқишига йўл қўйилмайди ва бу ҳақда ташувчига хабар берилади. Бунда, ташувчи ҳаракат жадвалининг бажарилишини таъминлаш мақсадида автотранспорт воситасини соз ҳолатдаги бошқа автотранспорт воситаси билан алмаштириш чораларини кўриши керак.


39. Автотранспорт воситаси йўловчиларни ташиш учун бириктирилган платформага тўлиқ тайёр ҳолда ва белгиланган вақтдан кечиктирмай қўйилади. Бунда, шаҳарлараро йўналишда қатнайдиган автотранспорт воситаси йўналишга чиқишдан 15 дақиқа олдин, шаҳар атрофида қатнайдиган автотранспорт воситаси йўналишга чиқишдан 10 дақиқа олдин тегишли платформага қўйилади.


40. Йўловчилар автотранспорт воситасига ушбу рейс учун чипталар бўлган тақдирдагина чиқарилади.


41. Автотранспорт воситаси рейсга ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ автовокзал (автостанция) бўйича навбатчи диспетчер ёки перрон (чипта) назоратчиси томонидан жўнатилади. Бунда, навбатчи диспетчер ёки перрон (чипта) назоратчиси қуйидагиларни бажаради:

йўналишга чиқишдан беш дақиқа (транзит автотранспорт воситасида 3 дақиқа) олдин йўловчилар сонининг чипталарни ҳисобга олиш варақасига мувофиқлиги, уларда йўл чипталарининг мавжудлиги ва автотранспорт воситасида бўш ўринлар бор ёки йўқлигини текширади;

чипталарни ҳисобга олиш варақасига йўловчилар сонини ёзиб қўяди ва уни ҳайдовчига беради;

текшириш ўтказилганлигини тасдиқлаган ҳолда чипталарни ҳисобга олиш варақасига ўз имзосини (штамп) қўяди.


42. Чипталарни ҳисобга олиш варақасида кўрсатилган йўловчилар сони автотранспорт воситаси ўриндиқларининг сонига мувофиқ бўлиши лозим.

Йўловчи автотранспорт воситасига чиқиш учун келмаган тақдирда перрон хизмати ходими чипталарни ҳисобга олиш варақасига бу ҳақда белги қўяди ва бўш ўринлар сони ҳамда уларнинг тартиб рақамлари ҳақидаги маълумотларни диспетчерга беради.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


43. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


44. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Автовокзалларнинг тоифалари ва автостанцияларнинг

классларини аниқлаш

МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар номи


Автовокзаллар


Автостанциялар


йирик


катта


ўрта

кичик


I класс


II класс


III класс


IV класс


V класс


1.

Йўловчиларнинг айнан бир вақтдаги сиғими


500 дан

ортиқ


300 дан

500 гача


200 дан

300 гача


100 дан

200 гача


75 дан

100 гача


50 дан

75 гача


25 дан

50 гача


25

25

2.

Бир сутка ичида йўланишга жўнатилиши мумкин бўлган автотранспорт воситаларининг жами сони


-

-

-

-

150 дан

ортиқ


121 дан

150 гача


71 дан

120 гача


31 дан

70 гача


30 ва ундан кам


3.

Маъмурият хонаси


+

+

+

+

-

-

-

-

-

4.

Йўловчилар кутиши учун мўлжалланган бинолар ва хона


+

+

+

+

+

+

касса зали билан қўшилган


йўловчилар учун хона


йўловчилар учун усти ёпиқ айвон


5.

Маданий-маиший ва санитария-гигиена хона


+

+

+

+

+

+

+

+

+

6.

Чипта кассаси


+

+

+

+

+

+

йўловчилар кутиш зали билан қўшилган


битта чипта сотиш кассаси


битта чипта сотиш кассаси


7.

Ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган меҳмонхона, ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хона, қўл юкини (багажни) сақлаш хонаси ва тиббий пункт


+

+

+

+

+

-

-

-

-

8.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш қурилмалари ўрнатилган хона


+

+

-

-

-

-

-

-

-

9.

Йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари, рейслар оралиғида автотранспорт воситалари тўхтаб турадиган майдончалар, техник кўрикдан ўтказиш ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш пости


+

+

+

+

+

+ техник кўрик постидан ташқари


+ техник кўрик постидан ташқари

фақат йўловчиларни чиқариш ва тушириш майдончалари


фақат йўловчиларни чиқариш ва тушириш майдончалари


10.

Шаҳар йўловчилар транспорти (метрополитендан ташқари) кириб келиши ва туриши учун мўлжалланган автовокзал олди майдони


+

+

+

+

-

-

-

-

-

          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 октябрь















































Время: 0.1834
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск