ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Уруғчилик. Наслчилик иши. Селекция. Тажриба хўжалиги /

Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш ва сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 641-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

641-сон қарорига

5-ИЛОВА



Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш,

дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш

ва сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки ишлаш, уруғлик чигитни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартибини белгилайди.


2. Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки ишлаш, уруғлик чигитни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


кам тукли уруғлик чигит - туклилиги уруғлик чигитнинг дастлабки массасидан 2,5 фоиздан кўп бўлмаган уруғлик чигит;


капсулаланган уруғлик чигит - унувчанликни ошириш ва ҳар хил касалликлардан сақлаш мақсадида чигит усти сувда эрийдиган юпқа биологик актив полимер қобиқ билан қопланган уруғлик чигит;


пахта ғарами - селекцион нави, авлоди ва саноат нави, типи, синфи бир хил бўлган пахтани қабул қилиш масканларида махсус сақлаш майдончаларида ғарамлаш;


репродукцион уруғликлар - элита уруғликлардан олинадиган кейинги авлод уруғликлар;


табиий туксиз уруғлик чигит - ингичка толали уруғлик пахталарни ғўлали жинлаш жараёнида олинган уруғлик чигит;


тукли уруғлик чигит - уруғлик пахталарни линтерлаш жараёнидан олинган уруғлик чигит;


туксиз уруғлик чигит - тукли уруғлик чигитларни аниқ экиш аппаратларида экиш мақсадида механик ёки кимёвий (концентрланган кислотали эритмалар ёрдамида) усулларда тайёрланган уруғлик чигит;


уруғлик пахта - ҳар бир пахта тупининг учинчи ҳосил шохидан 7-8-ҳосил шохларигача пишиб очилган кўсаклардан қўл билан терилган, махсус машиналар билан терилганда эса 60-65 фоиз кўсаклар очилган уруғлик даладан терилган ва экиш учун чигит олишга мўлжалланган пахта хомашёси;


уруғлик чигит - уруғлик пахтани дастлабки ишлаш натижасида олинган, экиш учун мўлжалланган чигит;


уруғлик тўдаси - бир турдаги (муайян экин, нав, репродукция, тоифа, генетик (нав) тозаликдаги, муайян йил ҳосилидан олинган) келиб чиқиши бир ҳужжат билан тасдиқланган махсус жамланган уруғликнинг бир хил микдори;



2-БОБ. УРУҒЛИК ПАХТАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА САҚЛАШ


Уруғлик пахта хомашёсининг сифатига

қўйиладиган техник талаблар


4. Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиб олиш ва жамлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.


5. Уруғлик пахтани ифлослигининг (ифлос аралашмаларнинг массавий нисбати), намлиги (намликнинг массавий нисбати) ва чигитнинг механик шикастланганлиги бўйича кўрсаткичлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан белгиланади ва 2 та синфга бўлинади.


6. Уруғлик пахта авлодига қараб: оригинал, элита, 1, 2, 3-репродукцияларга бўлинади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг рухсати билан уруғ етишмайдиган навларнинг биринчи терим I-саноат навига тегишли техник пахта хомашёсининг R4 авлодидан уруғлик чигит тайёрлаш ва ундан экишда фойдаланиш мумкин.


7. Уруғлик пахта 1-синфининг намлик, ифлослик ва механик шикастланганлик меъёрлари ошиб кетса, ушбу пахта 2-синфга ўтказилади, 2-синф меъёрларидан ошиб кетса, уруғлик пахта уруғлик фондидан чиқарилади ва тўда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан техник пахтага ўтказилади.


8. Пахта қабул қилувчи пахта тозалаш корхоналари, пахта - тўқимачилик кластерлари, уруғчилик кластерлари (кейинги ўринларда уруғлик тайёрловчи ташкилотлар) пахта териш мавсуми бошлангунга қадар уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиб олиш ҳамда сақлашга алоҳида тайёргарлик кўради.

Ушбу мақсадда тегишли омборхона ва айвонлар ўтган йиллардан қолган пахта ва чигит қолдиқларидан тозаланиши ҳамда зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов берилиши шарт.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) уруғлик пахта майдонларида ўтказилган апробация натижаларига мувофиқ уруғлик пахта хомашёсининг селекцион нави, синфи ва авлодлари бўйича тайёрланадиган уруғлик пахта хомашёси ҳажмини белгилайди;

ҳар йили 1 сентябрга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Марказ), Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларига, уруғлик тайёрловчи ташкилотларга етказилишини таъминлайди.

10. Уруғлик тайёрловчи ташкилотлар томонидан уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш ва тўдаларга жамлаш уруғлик тайёрлаш миқдорига асосан тасдиқланган жойлаштириш схемасига ҳамда апробация далолатномаларига мувофиқ амалга оширилади.


11. Уруғлик пахтани қабул килишда 1-СХ (пахта) шакл юкхатидаги ёзувлар апробация далолатномасига тўғри келиши шарт. Юкхати бўлмаса ёки ундаги ёзувлар апробация далолатномасига тўғри келмаса, уруғлик пахта майдонларини апробация қилган ташкилот вакили томонидан уруғлик ҳужжатлари аниқлангунга қадар қабул қилинмайди. Тегишли ҳужжатлар аниқланмаган тақдирда, уруғлик пахта хомашёси товар (техник) пахтага қабул қилинади.


12. Қабул қилинган уруғлик пахта ғарамларининг тўдалари аралашиб кетишининг олдини олиш мақсадида бошқа масканлардан келтирилган уруғлик пахталарнинг нав, авлод ва синфи бир хил бўлган тақдирда ҳам бир тўдага қўшиб юборилишига йўл қўйилмайди.


13. Уруғлик пахтани қабул қилишда хом терилган, сувдан қолган ва касалликка учраган (апробация натижаларига зид бўлган) пахтани қабул қилишга йўл қўйилмайди.


14. Хўжаликлардан қабул қилиб олинган уруғлик пахталар кондицион массасига кўра битта тўдага 250-300 тоннадан ошмаган ҳолда қабул қилиниб, қуйидаги белгилари, жумладан, селекцион нави, авлоди, нав тозалиги, дала гуруҳи, саноат нави, келиб чиқиши ва синфига қараб асосий ҳамда захирага ажратилиб, алоҳида-алоҳида тўдаларга жамланади.


15. Бир хил уруғлик материал олиш учун сентябрь ойида терилган уруғлик пахта тўдаси октябрь ойида терилган уруғлик пахтадан алоҳида тўдаларга жамланади.


16. Сентябрь ойида терилган уруғлик пахтани битта тўдага жамлаш давомийлиги 10-15 кундан ошмаслиги ҳамда уруғлик пахтанинг иккита авлоди, ҳар хил синфлари, шунингдек, асосий ва захира фондларини битта сақлаш майдончасида жамлашга йўл қўйилмайди.


17. Апробация далолатномаси асосида қишлоқ хўжалик зараркурандалари ва касалликлари билан зарарланган уруғлик пахта алоҳида майдончаларда жамланади.


18. Уруғлик пахталарни жамғариши тугалланмаган тўдаларни ташиш ва қайта ишлашга рухсат этилмайди.


19. Уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан қабул қилинаётган уруғлик пахтанинг ҳар бир тўдасини жамлаш билан бир пайтда тайёрлов маскани лаборанти ҳар куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида намуна танлаб олади.

Намуна олингандан сўнг Марказнинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг экинбоплик сифат кўрсаткичларини синовдан ўтказиш ва нав софлигини аниқлаш лабораториясига бир килограмм пахта чигити унинг механик шикастланганлик даражасини аниқлаш учун юборилади.

20. Уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғларни етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан аниқланган уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларидан уруғлик пахта қабул қилинади.


21. Уруғлик пахта сақланаётган ҳар бир омбор ёки ғарамга пахтанинг 8-ХЛ шаклли паспортидан кўчирма ёпиштириб қўйилади. Унда тўда рақами ва вазни, селекцион ва саноат нави, синфи, авлоди, нав тозалиги, апробация ўтказилгандан кейин аниқланган дала гуруҳи, омборхона ёки бунд (ғарам) рақами, қабул қилувчининг фамилияси кўрсатилади.


22. Пахтанинг районлаштирилган, истиқболли ва янги селекцион навларининг элита уруғлик пахталари янги қанор-қопларга солиниб, қопларнинг ички ва ташқи қисмига техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бўйича этикетка (ёрлиқ) қўйилган ҳолда қуруқ, тоза ва шамоллатиш тизими мавжуд усти ёпиқ омборларда сақланади. Қоплар махсус тагликлар устига тахлаб кўйилиб, ғарамнинг ўрта қисми очиқ қолдирилади.

Уруғлик пахтанинг бирламчи материаллари масъулияти чекланган жамият шаклидаги элита уруғчилик хўжаликларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бўйича сақланади.


23. Уруғлик пахтанинг биринчи ва кейинги авлодли ҳар бир жамланган тўдалари бошқа тўдалардан алоҳида ажратилиб, майдончаларда ғарамланади ҳамда янги брезент билан ёпилиб, арқонлари маҳкам тортилиб, намланишга ва уруғлик материалнинг бузилишига йўл қўйилмайдиган шароитда сақланади.


24. Ғарам кўтарилгандан кейин қўлда ёки механизм ёрдамида унинг узунаси бўйлаб беш кун муддат ичида туннел қазилади, туннелнинг баландлиги 1,8-2,0 метр, эни 0,8-1,0 метр бўлиши талаб этилади.


25. Туннел қазиш, тарашлаш ва қирқишдан чиққан уруғлик пахта пахта тозалаш корхоналарининг уруғчи агрономи, товаршунос, Марказнинг ҳудудий лабораторияси мудири иштирокида тузилган далолатнома асосида ушбу навнинг тегишли синфига мансуб техник пахта ғарамига ўтказилади.

26. Уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг масъул ходимлари томонидан уруғлик пахта ғарамларининг сақланиши, ташқи кўриниши кузатиб борилади ва ҳарорати ҳар беш кунда бир марта ўлчанади ва натижаси бўйича махсус дафтарларга қайд қилиб борилади. Бунда:

ғарамлардаги ҳарорат 8 жойдан (4 таси бурчаклар томондан, 4 таси эса ён, олд ва орқа томонлардан) 4 метр чуқурлиқда ўлчанади. Омборларда сақланган пахта бундлари (ғарам) эса эшик томонидан битта жойда, тепа қисмидан 4-6 жойдан ўлчанади ва ҳарорат ўлчагич ғарам ичида камида 30 дақиқа туриши керак;

уруғлик пахтанинг 3-4 метр чуқурлигидаги ҳарорати 30°С дан юқори бўлса, у ҳолда ҳавони тезда сўриш чораларини кўрилиши лозим.


27. Уруғлик пахтанинг элита авлоди ва янги селекцион навларининг биринчи авлоди уруғлик тайёрловчи ташкилотга тайёрлов масканидан қопларда ва авлодли уруғлик пахталар жамланган тўдаси бўйича алоҳида-алоҳида 1-ТХЛ шакл товар-транспорт юкхатида "уруғлик пахта" белгиси қўйилиб, усти мато ёки брезент билан ёпилган ҳолда юборилади.


28. Ҳар бир жўнатиладиган пахта тўдаси бирлигига тайёрлов масканининг бухгалтерияси томонидан 13-ХЛ шакли ўлчовномаси асосида 1-ТХЛ товар-транспорт юкхати 3 нусхада ёзилади. Унинг бир нусхаси пахтани жўнатувчи масканда қолади, биттаси пахтани қабул қилиб олувчи уруғлик тайёрловчи ташкилотга, бир нусхаси эса транспорт ташкилотига юборилади. Бу юкхатлари аниқ ҳисоб-китоб бланкалари ҳисобланади ва юк жўнатувчи томонидан махсус муҳрланган, тикилган журналларга қайд қилиб борилади.


29. Уруғлик тайёрловчи ташкилотга келган уруғлик пахтанинг ҳисобий ва кондицион вазни уни тайёрлов масканидан жўнатиш пайтидаги ифлослик ва намлик бўйича лаборатория таҳлиллари асосида ҳисоблаб чиқилади.


30. Жўнатиш ёки қабул қилиш жойида уруғлик пахтанинг саноат нави, синфи, намлиги, ифлослиги бўйича аниқланган сифати ҳар икки томон учун мажбурий ҳисобланади.



3-БОБ. УРУҒЛИК ПАХТАНИ ДАСТЛАБКИ ИШЛАШ,

ТАЙЁРЛАШ ВА ДОРИЛАШ УРУҒЛИК

ПАХТАНИ ДАСТЛАБКИ ИШЛАШ


31. Уруғлик пахта ғарамларда 1,5-2 ой давомида сифатли қилиб сақланиб, пахта хомашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг уруғлик чигит тайёрлаш цехларида қайта ишлашга рухсат этилади.


32. Уруғлик пахтани дастлабки ишлаш технологик жараёнларига пахтани узатиш, қуритиш, майда ва йирик ифлосликлардан тозалаш, жинлаш, чигитни линтерлаш, қоплаш ва вақтинча сақлаш жойларига ташиш киради.


33. Уруғлик пахта ғарамларини дастлабки ишлашда олинадиган уруғлик чигитларнинг сифат кўрсаткилари давлат андозалари талаблари асосида тайёрлаш мақсадида корхонанинг барча технологик линиялари ростланиб, юмшоқ режимда амалга оширилади.


34. Ҳар бир уруғлик пахта тўдасини дастлабки ишлаб чиқаришдан олдин ғарамдан кутиладиган маҳсулотларнинг кўрсаткичлари акс эттирилган 28-ХЛ топшириқномаси уруғлик пахта тайёрланган масканининг моддий жавобгар шахси ва уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг иқтисодиёт бўлими бошлиғи томонидан тузилиб, тасдиқлангандан кейин ишлаб чиқаришга берилади.


35. Узун толали уруғлик пахталар валикли жинларда тозаланади ва жинланган уруғлик чигитлар бир марта линтерланади.


36. 28-ХЛ топшириқномаси 5 нусхада уруғлик пахта тайёрланган масканнинг моддий жавобгар шахси, уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг иқтисодиёт бўлими бошлиғи, бош бухгалтери, бош муҳандиси, хомашё ва тайёр маҳсулот ҳамда техник назорат бўлими бошлиқлари томонидан имзоланади.


37. Ҳар бир уруғлик пахта ғарамини дастлабки ишлашдан олдин асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг технологик параметрлари ростланиб, селекцион навларнинг механик аралашувининг олдини олиш мақсадида барча ускуналар ва агрегатлар қолдиқ маҳсулотлардан тозаланади ҳамда 10 дақиқа давомида олинган уруғлик чигит уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг масъул мутахассислари, уруғлик чигит товаршуноси ва техник чигит товаршуноси иштирокида далолатнома тузилиб, техник чигитга ўтказилади.


38. Уруғлик пахтанинг селекцион навини дастлабки ишлаш кетма-кетлиги учинчи, иккинчи, биринчи ва элита авлоди бўйича амалга оширилади ҳамда юқори авлодли уруғлик тўдасини ишлашга ўтилса, дастлабки 10 дақиқа давомида олинган уруғлик чигит далолатнома асосида олдинги тугатилган авлоднинг уруғлик чигит тўдасига қўшилишига рухсат этилади.


39. Пахтани ишлаб чиқаришдан кейин чиқадиган маҳсулотлар хомашё ва тайёр маҳсулот бўлимининг товаршуноси томонидан қабул қилинади ва пахта толаси, момиқ, таркибида калта момиқ, улюк бўлган чиқитлар ва бошқа ажратмалар ҳар бир қайта ишланган пахта тўдаси бўйича алоҳида тортиб олинади.


40. Пахта ғарамларини дастлабки ишлашдан олинган маҳсулотлар 28-ХЛ топшириқномасида белгиланган режа меъёрларидан кам бўлиб, ишлаб чиқариш куйиндилари эса нав меъёрларидан кўп ёки аксинча бўлса, тайёрлов масканининг қабул қилувчиси шу оғишларга ёзма равишда тушунтириш бериши керак. Тушунтириш хати 28-ХЛ топшириқномасидаги ишлаб чиқариш топшириқномасига илова қилинади.


41. Уруғлик тайёрловчи корхоналарда уруғлик чигит тайёрлаш ишлари технологик ускуналар ўрнатилган ихтисослаштирилган цехларда амалга оширилади. Уруғлик чигит икки кўринишда, яъни тукли ва туксизлантирилган ҳолда тайёрланади. Механик туксизлантириш ўз навбатида бир ёки икки босқичда туксизлантириш технологияси билан амалга оширилиши мумкин.


42. Уруғлик чигитни тайёрлаш технологияси "Пахтасаноат илмий маркази" АЖ томонидан ишлаб чиқилган регламент асосида олиб борилиб, уруғлик чигитнинг сифати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келиши шарт.


43. Туксиз ва кам тукли уруғлик чигит белгиланган тартибда тасдиқланган намуналарга мос келиши керак. Туксиз ва кам тукли чигит уруғлик тайёрлаш цехига юборилган тукли уруғлик чигитларнинг механик шикастланганлиги 4,0 фоиздан кўп бўлмаслиги керак.


44. Уруғлик чигит тайёрлаш цехидаги асосий ва ёрдамчи технологик ускуналарни ростлаш ишлари бажарилгандан сўнг техник чигит қолдиқларидан тозаланиб, бир селекция навидан бошқа селекция навини тайёрлашга ўтганда уруғлик чигит тайёрлаш цехининг асосий ва ёрдамчи технологик ускуналарини тозалаш ишлари ўтказилади.

Тозалаш ишлари ўтказилганлиги тўғрисида уруғлик чигит тайёрлаш цехининг масъул ходимлари, Марказнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ходимлари иштирокида далолатнома тузилади.

45. Тозалаш, саралаш жараёнида 1 000 дона чигит массасининг ортиши камида 2 грамм бўлиши лозим. Тозалаш-саралаш жараёнидан чиқадиган техник чигит фракциясининг миқдори юқоридаги талаб бажарилган ҳолатда ростланади.



Уруғлик чигитни дорилаш


46. Уруғлик чигитни дорилашда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган, давлат кимё комиссиясининг синовидан ўтган ва ишлатиш бўйича қўлланма технологияси ишлаб чиқилган уруғ дорилагичлардан фойдаланилади. Дориланаётган уруғлик тўдалари тозаланган, сараланган, экиш сифат кўрсаткичлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаби даражасида бўлиши керак.


47. Уруғлик чигитни пуркаб дорилаш мосламалари яхши ва бир текисда ишлаши таъминланиши керак.


48. Уруғлик чигитларни дорилаш жараёнида сифатли сузпензия тайёрлаш, уруғларнинг сифатли дориланишини назорат қилишни таъминлаш ва ҳар бир уруғ дорилагичларнинг белгиланган меъёрларда ишлатилишини таъминлаш мақсадида дорилаш жараёнида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари иштирок этиши керак.


49. Дориланган уруғлик чигитлар қоплангандан кейин экинбоплик сифат кўрсаткичлари аниқланмагунга қадар омборларда сақланиши шарт.


50. Кимёвий препаратни қабул қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш ишлари меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


51. Уруғлик чигитларнинг дориланиш сифати тайёрланган намуна эталонларига мос келиши керак.


52. Уруғлик чигит тайёрлаш цехининг ҳамма ускуналари бир меъёрда ишлаётган ҳолатларда чигит узатиш бўйича иш унумдорлиги ва суспензия сарфи ҳар сменада камида 3 мартадан бириктирилган масъул ходимлар томонидан ўлчаниб турилади.


53. Туксизлантирилган уруғлик чигитнинг экиш учун мўлжалланган фракциясининг ўлчамлари бўйича бир текислилиги 94 фоиздан кам бўлмаслиги, тўкилган дорилаш аралашмасининг мавжудлиги эса 0,5 фоиздан ошмаслиги керак.


54. Капсулаланган уруғлик чигитларни тайёрлаш жараёни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаби асосида тайёрланади.


55. Дориланган уруғлик чигитлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича уч қатламли қоғоз қопларга қадоқланади. Бунда ишлаб чиқарувчилар тавсиясида белгиланган миқдорда қадоклаш ёки умумий вазнини 30 кг дан оширмасдан қопга солиш, ҳар бир қопнинг оғзи зич қилиб беркитилган бўлиши керак.


56. Қопланган уруғлик чигит техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан ҳар бир қоп устига ташкилот номи, маҳсулотнинг номи, ҳосил йили, тўда тартиб рақами, селекция нави, авлоди, унувчанлиги қайд этилган ёрлиқ ёпиштирилади.

Ёрлиқлар тўртбурчак шаклида, ўлчамлари камида 110х70 мм ва авлодлар бўйича қўйидаги рангга эга бўлиши керак:

- элита уруғлар - сариқ;

- репродукцион уруғлар (Р-1) - қизил

- репродукцион уруғлар (Р-2) - кўк

- репродукцион уруғлар (Р-3) - яшил

Агар ташқи бозорга экспорт қилинадиган бўлса, "Uzbek seeds" миллий бренди остида амалга оширилади.


57. Туксизлантирилган чигитлар учун ёрлиқда қўшимча равишда туксизлантириш усули кўрсатилади.

Дориланган, туксизлантирилган ва капсулланган уруғлик чигит қопларининг ёрлиқларида қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

- корхона номи;

- маҳсулотнинг номи;

- ҳосил йили;

- тўда тартиб раками;

- селекция нави;

- авлоди;

- унувчанлиги%;

- кимёвий препарат номи;

- вазни;

- ушбу стандартнинг белгиланиши;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқариладиган бўлса, O`zbekistonda ishlab chiqarilgan" сўзи.

Дориланган чигит қопларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан "Заҳарли модда билан дориланган" сўзлари ёзилади.


58. Саралашдан ажратилган тукли техник чигитлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналарига топширилади.


59. Уруғлик чигитларда бегона аралашмалар, бегона ўт уруғи, тирик зараркунанда ва уларнинг личинкалари бўлишига йўл қўйилмайди. Таркибида куйган чигит мавжуд уруғлик чигитни экишга рухсат этилмайди.



Уруғлик чигит тўдаларини сақлаш


60. Уруғлик чигитларни қабул қилиш ва сақлаш учун ажратилган омборлар зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов берилган, чигит қолдиқларидан тозаланган, том ва деворлари созланган, эшиклари зич ёпиладиган ва поллари асфальтланган, шамоллатиш тизими мавжуд бўлиши ҳамда барча техник талабларга жавоб бериши лозим.


61. Тозаланган уруғлик чигитнинг иккинчи ва учинчи авлодлари вақтинчалик дорилангунга қадар тўдаларда уюлиб, атрофига шу чигитдан қопланиб тўсиқ ясалган ҳолда узунлиги 20 метрдан ошмаган ва девордан 1 метр масофа қолдириб сақланади.


62. Туксизлантирилган ва кам тукли уруғлик чигитларни жойлаш ва маркалаш, қабул қилиш, сақлаш, жўнатиш ва сифат кўрсаткичларини назорат қилиш усуллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича олиб борилади.


63. Уруғлик чигитлар тўдаларда алоҳида-алоҳида қилиб ёғоч тагликлар устида таҳланиб сақланади. Таҳланган штабелларнинг метрдаги ўлчамлари қуйидагилардан ошмаслиги керак:

Номланиши

Узунлиги, метр

Эни, метр

Баландлиги, метр

Тукли чигитлар учун

20

15

3

Туксизлантирилган чигитлар учун

18

12

3

Кам тукли чигитлар учун

18

12

3

64. Штабеллар орасидаги масофа ҳамда штабеллар ва хона деворлари орасидаги масофа 1 метрдан кам бўлмаслиги керак.


65. Ҳар бир уруғлик чигит тўдасига паспорт осилади, унда:

уруғлик тайёрловчи ташкилот номи;

маҳсулотнинг номи;

тўда тартиб рақами;

селекция нави;

авлоди;

унувчанлиги;

дала гуруҳи;

тўданинг ҳақиқий ва кондицион массаси, кг;

ҳосил йили кўрсатилади.


66. Омборларда уруғлик чигитлардан ташқари жиҳоз ва бошқа маҳсулотлар сақланишига йўл қўйилмайди.


67. Йилдан-йилга сақлашга қолдирилган уруғлик чигитларнинг зараркунанда билан зарарланиши ҳамда экинбоплик сифат кўрсаткичлари бузилмаслиги мақсадида ваколатли идораларнинг тавсиясига асосан кимёвий қарши кураш ишлари олиб борилиши шарт.


68. Дориланган яроқсиз уруғлик чигитлар (дориланган ва капсулаланган уруғликлар) белгиланган тартибда йўқ қилинади.


69. Дориланган ва капсулаланган уруғлик чигитларни озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатишга ва ҳайвонларга беришга йўл қўйилмайди.


70. Сақланаётган уруғлик чигитларнинг сифати уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг мурожаатига кўра Марказнинг ҳудудий лабораторияларида ҳар икки ойда текширилади. Намуна олиш усуллари ва таҳлил қилиш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича олиб борилади.

71. Уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг аризасига асосан Марказ томонидан уруғлик чигит тўдалари идентификация қилиниб, олинган намуналарга синов натижалари бўйича мувофиклик сертификати берилади ва сертификатнинг амал қилиш муддати икки ойни ташкил этади. Муддат ўтгандан сўнг чигитнинг сифати қайта лаборатория таҳлилларидан ўтказилади.

72. Корхоналардан сертификатланмаган уруғлик чигитларни истеъмолчига сотиш ёки бериб юбориш тақиқланади.

Уруғлик чигит тўдалари дориланиб тайёрлангандан сўнг қўшимча равишда ишлов беришни (тозалаш, саралаш, калибрлаш ва бошқа техникалар) амалга оширишга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. УРУҒЛИК ЧИГИТНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА ХЎЖАЛИКЛАРГА ТАРҚАТИШ


73. Уруғлик чигитнинг ҳисоб-китоби уруғлик тайёрлаш цехи бухгалтери томонидан 47-ХЛ шаклдаги "Уруғлик чигитнинг омборхона ҳисоб-китоби" бўйича ҳақиқий вазнига қараб олиб борилади. Дафтарнинг саҳифалари рақамланиб тикилган, сургуч муҳр билан мустаҳкамланган бўлади. Олиб келинган уруғлик чигитнинг ҳар бир тўдасига дафтарнинг битта саҳифаси ажратилади.


74. Келтирилган уруғлик чигитни ҳисобга олиш учун жўнатувчининг юкхати қўшилган 49-ХЛ шаклдаги уруғлик чигит сертификатининг дубликати асос бўлади.


75. Уруғлик чигитни хўжаликларга бериш тайёрлов маскани томонидан пахтанинг районлашган селекция навларини жойлаштириш режасига қатъий амал қилинган ҳолда уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан миқдори ва сифати кўрсатиб ёзиб берилган режа асосида амалга оширилади.


76. Жўнатилаётган уруғлик чигитнинг ҳар бир тўдасига 1-ТХЛ товар-транспорт юкхати 3 нусхада ёзилади. Биринчи нусхаси уруғлик чигитни олиш учун берилган ишонч қоғози билан биргаликда бухгалтерияга топширилади ва у чигитни омборхонадан чиқим қилиш учун асос ҳисобланади. Иккинчи нусхаси хўжаликка жўнатилган чигитнинг кузатув ҳужжати ҳисобланади. Учинчи нусхаси чигитни тайёрлов масканидан олиб чиқиб кетиш учун рухсатнома ҳисобланади.


77. Ушбу юкхатлари аниқ ҳисоб-китоб бланкалари ҳисобланади ва юк жўнатувчи томонидан махсус муҳрланган, шнурланган, имзоланган журналларга қайд қилиб борилади.

Уруғлик чигит тўдаларидан экиш учун фойдаланиш ва ушбу уруғликларни экиш учун қуйидагиларни реализация қилиш тақиқланади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилмаган ғўза навлари ва дурагайларининг уруғликлари;

ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланган уруғликлар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмайдиган уруғлик.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


78. Уруғлик пахта ва уруғлик чигитни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёрлаш, қадоқлаш, ташиш ва тарқатиш жараёнларида амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бўйича уруғликларнинг сифати бузилишига сабабчи бўлган масъуллар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.


79. Уруғлик пахталарни дастлабки ишлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида олиб борилади.


80. Ушбу Низомда тартибга солинмаган масалалар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.




Низомга

ИЛОВА



Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш,

дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш,

сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич


Уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик ва уруғчилик кластерлари


Уруғлик пахта хомашёсини навлари, авлодлари ва синфлари бўйича алоҳида-алоҳида қабул қилиб олиш ва сақлашни ташкил этади.


сентябрь

октябрь ойларида




2-босқич


Пахта тозалаш корхоналари, пахта-тўқимачилик ва уруғчилик кластерлари


Уруғлик пахта хомашёсини навлари ва авлодлар бўйича алоҳида-алоҳида қайта ишлаш (тозаланади, сараланади, дориланади ва қоплаш) ва омборларда белгиланган тартибда сақлашни ташкил этиш.


декабрь






3-босқич


"Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази" ДУК


Тайёр уруғлик чигит партиялари сифат кўрсаткичлари бўйича лаборатория таҳлиларидан ўтказилади ва мувофиқлик сертификати берилади.


январь-февраль ойларида





4-босқич


Пахта тозалаш корхоналари, пахта-тўқимачилик ва уруғчилик кластерлар, Уруғчиликни ривожлантириш маркази


Ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш бўйича чиқарган қарорига мувофиқ уруғлик чигитни пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига, пахта-тўқимачилик ва уруғчилик кластерлар тарқатишни ташкил этиш.


март ойларида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь













































Время: 0.0199
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск