ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлашни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш /

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш Концепцияси (ЎзР ВМ 13.10.2021 й. 643-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 13 октябрдаги

643-сон қарорига

1-ИЛОВА



Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник

иммунологияси маркази фаолиятини самарали

ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли

кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

БОЛАЛАР ОНКОЛОГИЯСИ ВА ГЕМАТОЛОГИЯСИ

ХИЗМАТИ ҲОЛАТИ


Ўзбекиситон Республикасида аҳоли, хусусан гўдаклар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда баркамол ва соғлом авлод бўлиб етишиши имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, миллий генофондни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, кўлами, сифати ва қулайлигининг йил сайин ортиб боришига олиб келмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилга келиб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 200 та аёллар скрининг хоналари ташкил этилиб, ногиронлик билан туғилиш кўрсаткичи 30 фоизгача, гўдаклар ҳамда 5 ёшгача болалар ўртасидаги ўлим кўрсаткичлари 2018 - 2019 йилларга нисбатан 1,2 баробаргача камайди.

Республика бўйлаб онкологик бемор болаларга нур терапияси учун амалиётга 18 та замонавий чизиқли тезлаткичга эга радио ва гамматерапевтик ускуналар татбиқ этилди.

Шу билан бирга, болалар ўртасида гематологик ва онкологик касалликлар билан касалланиш кўраткичи ортиб бормоқда.

Хусусан, болалар ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг болага нисбатан 9,2 ни ташкил этиб, жароҳатланишдан (травматизм ва бахтсиз ҳодисалар) кейин 2-ўринда қолмоқда. Бу кўрсаткич АҚШ да 2,0, Россияда 2,8 ва Қозоқистонда 2,7 ни ташкил этади.

Ўзбекистонда йилига ўрта ҳисобда 1 300 нафаргача 0 - 18 ёш бўлган болаларда гематологик ва онкологик касалликлар биринчи бор қайд этилиб, жами касалланганлар сони 100 минг болага нисбатан 7,5 ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич АҚШ да 17,0, Россияда 11,2 ва Қозоғистонда 9,7 ни ташкил этади.


1. Болаларга гематология ва онкология йўналишлари бўйича юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишда бугунги кунда ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан:


а) маъмурий-ташкилий тузилма ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида:

соҳанинг яхлит вертикал тизими ташкил этилмаган;

республика болалар онкологияси (115 ўрин) ҳамда болалар гематологияси (435 ўрин) вилоят (туман, шаҳар) даражасида икки йўналишдаги алоҳида тиббиёт муассасаларида ташкил этилган бўлиб, мазкур йўналишдаги беморларни даволашда мультидисциплинар ёндошув мавжуд эмас;

ҳудудий болалар гематология ва онкологияси бўлимлари мослаштирилган биноларда ташкил этилган, мазкур инфратузилма қувватлари мавжуд эҳтиёжни қаноатлантирмайди ҳамда амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига тўлиқ жавоб бермайди - кичик жарроҳлик амалиётлари ва тиббий муолажаларни ўтказиш хоналари, оғир ҳолатдаги беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун стерил палаталар мавжуд эмас;

оғир беморларга яшаш сифатини яхшилаш мақсадида паллиатив тиббий хизмат, уларни парвариш қиладиган оила аъзоларини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашга доир дастур ва ижро механизми ишлаб чиқилмаган.


б) кадрлар билан таъминланганлик, илмий салоҳият ва замонавий амалиётларни татбиқ этиш соҳасида:

республика бўйича жами 83 нафар (ҳар бир ҳудудда ўртача 4 нафар) "болалар онкологи ва гематологи" бўйича мутахассислар фаолият юритади, илмий даражага эга ходимлар 6 нафарни (1 нафар фан доктори, 5 нафар фан номзоди) ташкил этади;

соҳадаги юқори технологияли амалиётларнинг улуши 10 фоизни ташкил этади, бугунги кунда ўта зарур ҳисобланган ўзак ҳужайра трансплантацияси, иммунофенотипик, молекуляр-генетик текширувлар каби замонавий диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмас;

соҳа бўйича илмий изланиш ва фундаментал, амалий ва инновацион (грант) лойиҳаларнинг йўқлиги соҳа ривожига, шунингдек, касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичларини камайтириш борасидаги ишларга салбий таъсир этмоқда.


в) дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар ҳамда зарур сарф анжомлари билан таъминланиш соҳасида:

гематологик касалликларга чалинган беморларнинг дори воситалари билан таъминланиши ўртача 30 фоизни, онкологик беморлар учун эса 85 фоизни ташкил этмоқда;

дори воситалари билан қамраб олинмаган гематологик касалликка чалинган болаларга бир даво курси давомида (2 йил) умумий ҳисобда 10 минг АҚШ долларигача, онкологик беморларга эса бир даво курси учун (7-10 кун) 4 млн сўмгача маблағ сарфламоқда;

қайд этилган тиббиёт муассасаларида ўқув-амалий ва илмий лабораториялар талаб даражасида ташкил этилмаган, замонавий лабораторияларда диагностик асбоб-ускуналар салмоғи 45 фоизни ташкил этади, шу билан бирга лаборатория материаллари (реактив, реагент, бутловчи ва сарфлаш анжомлари ва бошқалар) билан етарли таъминланмаган;

молиявий харажатларнинг асосий қисми иш хақига сарфланиб, ўқув-амалий ва илмий лабораториялар фаолиятини самарали ташкил этишга етарли маблағ йўналтирилмаган.


г) халқаро ҳамкорлик соҳасида:

бугунги кунда Россия (Д. Рогачев номидаги Миллий болалар гематология, онкология ва иммунологияси илмий-тадқиқот маркази), Германия (Шарите клиникаси), Корея (авлиё Мария госпитали) каби давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари мавжуд бўлиб, унинг доирасида фақатгина мураккаб ташхисли беморлар консултацияси амалга оширилади.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БОЛАЛАР

ГЕМАТОЛОГИЯСИ ҲАМДА ОНКОЛОГИЯСИ

ХИЗМАТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


2. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ва жиҳозлаш концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори билан белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши режалаштирилган.

Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.


Марказнинг мақсадлари:

Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, болаларга кўрсатиладиган гематологик, онкологик ва клиник иммунологик тиббий ёрдам сифатини халқаро стандартлар даражасигача кўтариш;

болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида илмий-амалий изланишларни олиб бориш;

болаларда гемобластоз, солид ўсмалари, марказий ва периферик нерв тизими ўсмалари, гематопоэтик депрессиялар, ирсий ҳамда орттирилган иммун ва қон касалликларини даволашнинг ҳамда тиббий реабилитациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини Марказ фаолиятига жорий қилиш;

хавфли ўсмалар, шу жумладан, лимфоид ва гематопоэтик хавфли ўсмалар, қон касалликлари ва иммун механизмларга таъсир ўтказган бошқа патологиялари мавжуд болаларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, ихтисослашган юқори технологик ёрдам ҳамда тиббий реабилитация ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, бу каби патологиялари мавжуд болаларни қонуний вакили билан биргаликда санатор даволашни амалга ошириш.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, БОШҚАРИШ

ВА ЖИҲОЗЛАШ


3. Болаларга гематологик ва онкологик хизмат кўрсатишда халқаро талабларга жавоб берадиган мутлақо янгича ёндашувни шакллантириш мақсадида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда дастлабки босқичда 240 ўринли алоҳида бинога (кейинги ўринларда - Бино) жойлаштирилади. Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари қошида жами - 345 ўринни ташкил этган болалар гематология, онкология ва клиник иммунология бўлимлари фаолият юритади. Бунинг натижасида республика миқиёсида болалар учун алоҳида бўлган 585 стационар ўринли гематологик, онкологик ва клиник хизмат кўрсатиш ташкил этилади.


4. Бино корпусларида болалар гематология, онкология ва клиник иммунология касалликлари аниқланган беморлар учун мультиихтисослашган хизмат кўрсатиш мақсадида таркибида барча тор мутахассислардан иборат маслаҳат поликлиникаси фаолият юритади.


5. Бинода стационар шароитда даволанувчи беморлар учун қабул бўлими, тегишли клиник бўлимлар ташкил этилади.


6. Бино стационар бўлимларида палаталар бир ва икки кишилик бўлиб, мустақил санитария хонасига эга бўлади. Палаталарда махсус кондинционер-вентиляция мосламаси ёрдамида стерил ҳолатни сақловчи микроиқлим шароити яратилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, беморнинг ҳар хил инфекциялар билан мулоқотда бўлишининг олдини олиш имкониятини яратади.


7. Бино таркибида жарроҳлик бўлими, бокс хоналаридан ташкил топган реанимация бўлими ва алоҳида стерил бокс хонали трансплантация бўлими ташкил этилади.


8. Бино стационар бўлимларида муолажа хонаси, қон қуйиш, кимёвий дори воситаларини тайёрлаш, стернал ва эндолюмбал пункция амалиёти ва бошқалар учун алоҳида хоналар ажратилади.


9. Бинонинг пастки қаватларида алоҳида кундузги даволаш бўлими жойлаштирилади.


10. Диагностика йўналиши бўйича одатдаги тадқиқот усуллари билан бир қаторда халқаро стандартларга мос келадиган қуйидаги бўлимлар - Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказлари учун умумий хизмат қиладиган лабораториялар ва бўлимлар ташкил этилади:


а) юқори технологияли диагностика усуллари:

"Янги форматдаги бактериологик лаборатория";

"Молекуляр генетика, цитогенетика ва цитофлуометрия лабораторияси";

"Морфология, гистология ва иммуногистокимё лабораторияси";

"Иммунофенотиплаш ва HLA генотипи лабораторияси";

"Иммуннокимё лабораторияси";

замонавий ультратовуш диагностикаси (УЗД);

рақамли рентген аппарати ёрдамида текшириш;

денситометрия текшируви.


б) мақсадга мувофиқлик ва энг мақбул йўлларни танлаш тамойилидан келиб чиқиб Марказ ривожланишининг иккинчи босқичида қуйидаги умумий хизмат қиладиган бўлим ва бўлинмалар учун янги бинолар қурилади:

мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ);

магнит-резонанс томография (МРТ);

нур терапияси бўлими;

"Ўзак ҳужайралари банки";

трансплантология бўлими;

"Қон банки" бўлими.


11. Онкогематология беморлари учун марказлашган умумий озиқ-овқат таъминоти блоки яратилади. Маҳсулотларга махсус иссиқлик билан ишлов берилади ва нур билан дезинфекция қилинади, қадоқланган, стерил шаклдаги таомлар беморлар палатасига етказиб берилади.


12. Марказда ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида рўйхатга олинган онкогематологик беморлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизими - "Канцер-регистр" яратилади.


13. Даволанаётган бемор болаларнинг узоқ вақт давомида стационар даволанишини эътиборга олиб Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида таълим олишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бемор болалар учун мактаб ташкил этилади. Мактабда республика миқёсида ўқишни давом эттириш учун офлайн ва онлайн ўқитиш тизими жорий этилади, бу бемор болаларнинг ўқув фанларини самарали ўзлаштиришига, дастурдан қолиб кетмаслигига имкон беради.


14. Гематология, онкология ва клиник иммунология, жумладан, лейкоз касалликлари бўлган бемор болаларнинг протокол бўйича тўлиқ ҳамда узлуксиз даволаниши жараёнини амалга ошириш учун кундузги даволаниш шароитида ота-оналари билан бирга бўлишларини таъминловчи ҳамма қулайликларга эга бўлган 200 ўринли "Хостел" халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида ташкил этилади.



4-БОБ. МАРКАЗНИ САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


15. Марказда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналиши бўйича илмий изланишларни олиб бориш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилади.


16. Марказнинг илмий бўлимида "Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг ҳудудий бўлимлари билан ишлаш", "Халқаро алоқалар", "Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш", "Иммунология", "Ирсий коагулопатиялар ва тромбозлар", "Болалар онкологияси ва радиацион терапияси", "Жарроҳлик, анестезиологик ва реанимацион тадқиқотлар" йўналишларида ўқув жараёнлари ва илмий изланишлар олиб борилади.


17. Марказ ходимларининг салоҳиятини юксалтириш мақсадида улар етакчи маҳаллий ва хорижий тиббий таълим муассасалари ҳамда клиникаларида жарроҳлик, трансплантология, анестезиология ва реанимация, транфузиология, радиология, радиацион терапия, замонавий молекуляр-генетик лаборатория ва бошқа йўналишлар бўйича қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.


18. Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларидаги гематология ва онкогематология бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш учун ҳудудий мутахасссислар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини ошириш жараёнлари амалга оширилади.



5-БОБ. МАРКАЗНИНГ ИСТИҚБОЛДАГИ

УСТУВОР МАҚСАДЛАРИ


20. Марказнинг истиқболдаги устувор мақсадлари қуйидагилардан иборат:

болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган нуфузли даволаш муассасаси мавқеига эга бўлиш;

кадрлар салоҳияти, олимлар ва профессорлар таркиби борасида республиканинг энг йирик илмий-амалий ва ўқув марказлари қаторидан жой олиш;

йилига бирламчи аниқланган 1 500 та бемор болаларни қабул қилиш даражасига етиш;

болаларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантациясини амалга ошириш;

замонавий биобанкни яратиш;

канцер-регистрни яратиш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 14 октябрь




























Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск