ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари /

Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 638-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

638-сон қарорига

2-ИЛОВА



Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари

бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган

таълим муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларнинг (кейинги ўринларда - алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар) таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда - ихтисослаштирилган таълим муассасалари) мақомини белгилайди ва уларнинг фаолиятини тартибга солади.


2. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ўз уставига амал қилади.


3. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.


4. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.


5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари аккредитацияси аттестация асосида, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - вазирлик) томонидан тасдиқланган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ўқитиш махсус ўқув дастурлари талаблари асосида билим олишни таъминлаш;

шахсга ва ижтимоий йўналтирилган таълим жараёнида ўқувчиларнинг энг мақбул ривожланишини таъминлаш мақсадида табақалаштирилган ва индивидуал таълимни ташкил этиш;

шахсий, оилавий, ижтимоий ҳаётда ва меҳнат фаолиятида хулқ-атворнинг энг мақбул моделини шакллантириш орқали шахсни тарбиялаш;

ўқувчиларни умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълим шароитида ўқишга тайёрлаш;

ўқувчиларнинг ижтимоий-ҳиссий ривожланиши, ҳаётий қобилиятларининг шаклланиши учун зарур коррекцион (тузатувчи) - ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш;

ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнида уларнинг психик функциялари ва саломатлиги тизимли тарзда кузатилишини ташкил этиш.



3-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этилади ва ҳудудий тегишлилик бўйича Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинади.


8. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси вазирлик билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий халқ таълими бошқармалари) ва соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан ҳудуддаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган, махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болаларнинг мавжуд контингентини биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича ташкил этилади.


9. Бундай болалар контингенти аниқланган тақдирда, вазирлик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига экологик қулай шароитлар мавжуд жойларда ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисида асосланган таклиф билан мурожаат қилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилаётган ҳудудда охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланиши керак.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларига, шунингдек, ҳудудий халқ таълими бошқармаларига бир ой муддатда ўрганиш ва экологик қулай минтақадаги мавжуд объектлардан намунавий бинони ёхуд ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этишда қўйиладиган норматив талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган махсус лойиҳа бўйича янги бино қуриш учун ер участкаси танлаш тўғрисида топшириқ беради.


11. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларининг ижобий хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир ҳафта муддатда қабул қилинади.


12. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги (I - VIII) турларга бўлинади:

I - кар (эшитмайдиган) болалар учун мактаб-интернатлар;

II - заиф эшитадиган ва кейинчалик кар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар (1, 2-бўлим);

III - кўзи ожиз (кўр) болалар учун "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;

IV - заиф кўрадиган ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;

V - нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VI - таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VII - психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VIII - ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар.


13. Зарур ҳолларда I ва II турлар, шунингдек, III ва IV турлар аралаш ҳолдаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиши мумкин.

Аралаш турдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этишда кар ва заиф эшитувчи (кейинчалик кар бўлган) болалар, кўр ва заиф кўрувчи (кейинчалик кўр бўлган) болалар синфлари бўйича таълимни алоҳида олиб бориш мажбурий шарт ҳисобланади.


14. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаб-интернатлар) ҳузурида болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида бир йил муддатли тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.

Тайёрлов гуруҳларида болаларни ўқитиш махсус ўқув дастурлари асосида олиб борилади.


15. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар сони 250 нафардан ошмаслиги керак.

Ўқувчилар сони 250 нафардан ошишига санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг ўқувчилар билан тўлдирилиш сиғимидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда вазирликнинг розилиги асосида йўл қўйилади.



3-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


16. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига болалар 7 ёшга тўладиган йилда, тайёрлов гуруҳларига 6 ёшдан қабул қилинади.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари учун белгиланган ёш меъёридан икки йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.


17. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия (кейинги ўринларда - психологик-тиббий-педагогик комиссия) хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия йўлланмаси болалар ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилинишига асос ҳисобланади.


18. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб ўқиш истагини билдирган болалар болани қабул қилаётган ихтисослаштирилган таълим муассасаси жойлашган ҳудуднинг психологик-тиббий-педагогик комиссияси йўлланмасига асосан қабул қилинади.


19. Болаларни қабул қилиш ўқув йили давомида амалга оширилади ва ихтисослаштирилган таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


20. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган ҳар бир болага ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун - васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;

психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаcи;

таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:

педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;

психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;

оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун - сўзлашув нутқи ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, аудиограмма маълумотлари);

офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун батафсил ташхиси);

ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун).


21. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган чин етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари яна қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши керак:

туман (шаҳар) ҳокимининг болага васий (ҳомий) тайинлаш ёки уни таълим муассасасига жойлаштириш ҳақидаги қарори нусхаси;

ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар (ота-оналарнинг паспортлари нусхалари ёки уларнинг вафоти ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, суднинг ҳукми ёки қарори, ота-онасининг сурункали касаллиги ёки қидирувда эканлиги ҳақидаги, ота-онасининг йўқлиги ёки уларнинг ўз фарзандларини тарбиялай олмаслиги ҳақидаги ҳужжатлар);

боланинг ота-онасидан қолган мулки (агар бўлса), унинг қаердалиги, уни сақлаш учун амалга оширилган чоралар ва бунга масъул шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган мулк рўйхати;

болага турар жой бириктирилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (далолатнома, уй дафтари, турар жой чизмаси нусхалари, турар жойнинг эгаси ва хусусийлаштирилганлиги ҳолати тўғрисида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан маълумотнома);

пенсия олувчи болаларнинг пенсия дафтарчаси, бола фойдасига алимент ундириш ҳақидаги суд қарори, омонат дафтарчаси.


22. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинади:

эшитишда нуқсони бўлган болалар (карлар, заиф эшитувчилар, кейинчалик кар бўлган болалар);

кўришда нуқсони бўлган болалар (кўрлар, заиф кўрувчилар, кейинчалик кўр бўлган болалар);

нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар церебрал фалажи, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги - паканалик);

психик ривожланиши суст болалар;

ақли заиф болалар;

мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар).


23. Мураккаб нуқсонли болаларни (агар ҳамроҳ нуқсонлардан бири ақлий заифлик бўлган ҳолларда) қабул қилиш психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси асосида, ота-оналари ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан, ўқув-тарбия жараёнида болалар билан бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида унинг ўзлаштирмаслиги олигрофрения даражасидаги ақли заифлик билан боғлиқлиги аниқланган ҳолда амалга оширилади.


24. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар қабул қилинмайди:

ақли ўта заиф болалар (имбицил, идиотия даражасидаги олигофрения);

хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;

кўр-кар-соқов болалар;

тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;

марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Ушбу тоифадаги болалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тегишли муассасаларга йўлланади ёки уларга якка тартибда уйида ўқитиш ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори ўқувчиларнинг қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.



4-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


25. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим олиши қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

таълим-тарбиянинг нуқсонларни тузатиш (коррекция)га йўналтирилганлиги;

таълим ва тарбия жараёнида ташхиснинг қўйилишига махсус ёндашув;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда табақалаштирилган ёндашувни амалга ошириш.


26. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш ва тарбиялаш жараёни ўқувчиларнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Ўқувчиларнинг билимлари улардаги нуқсонларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда баҳоланади.

Таълим-тарбия жараёни давлат таълим стандартларига мувофиқ вазирлик томонидан белгиланган тартибда, ўқув режалари ва дастурлари асосида, махсус коррекцион тузатиш усулларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.


27. Ўқиш ҳамда ихтиёрий равишда ижтимоий фойдали меҳнат ва дам олиш кўзда тутиладиган кун тартиби болаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасасида яшашини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


28. Нуқсонларни тузатиш (коррекция) таълим жараёнидаги барча дарсларда, синфдан ташқари ва бошқа тадбирларда амалга оширилади.


29. Ўқув хоналари зарур махсус жиҳозлар билан таъминланади.


30. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ривожланишдаги нуқсонларни бартараф этиш мақсадида бутун гуруҳ билан ва якка тартибда машғулотлар олиб борилади.


31. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ривожланишида мураккаб нуқсонли (2 та ва ундан кўп нуқсони бор бўлган) болалар учун махсус тузатувчи (коррекцион) гуруҳлар (синфлар) очилиши мумкин.

Ушбу гуруҳларга таълим олувчилар психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси ва боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан жойлаштирилади.


32. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларнинг сони, энг аввало, таълим жараёни учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ихтисослаштирилган таълим муассасаси турига, ундаги ўқувчилар контингенти ва синфларнинг тўлдирилишига кўра белгиланади:

Таълим йўналиши турлари ва синфлардаги болалар тоифалари

Синфларнинг ўқувчилар билан тўлдирилиши

Ўқувчиларнинг минимал сони

Ўқувчиларнинг максимал сони

1. I - II турлар:

Кар (эшитмайдиган) болалар учун

8

10

Заиф эшитувчилар ва кейинчалик кар бўлган (1, 2-бўлимлар) болалар учун

10

12

2. III - IV турлар:

Кўр (кўзи ожиз) болалар учун

8

10

Заиф кўрувчилар ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун

10

12

3. V тур:

Нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун

10

12

4. VI тур:

Полиомиелит хасталиги оқибатлари бўлган болалар учун

10

12

Церебрал фалажи оқибатлари бўлган болалар учун

10

12

5. VII тур:

Психик ривожланиши суст болалар учун

12

16

6. VIII тур:

Енгил даражадаги ақли заиф болалар учун

12

14

Ўрта ва оғир даражадаги ақли заиф болалар учун

8

10

*) Барча турдаги ихтисослаштирилган муассасаларда таълим олаётган мураккаб нуқсонли (ривожланишида 2 та ва ундан кўп нуқсон бўлган) болалар учун

6

8

33. Кўшимча синфларни очиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорларига мувофиқ, ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар молия бошқармалари ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармасининг тақдимотлари бўйича, белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги тарбия гуруҳларида ва ихтисослаштирилган мактаблардаги куни узайтирилган гуруҳларда болалар сони қуйидагича белгиланади:

Таълим йўналишлари турлари ва болалар тоифалари

Тайёрлов синфларидаги болалар сони

Тарбия гуруҳлари ва куни узайтирилган гуруҳларнинг минимал тўлдирилиши

Бошланғич синфлардаги болалар сони

Юқори синфлардаги болалар сони

1. I-II тур:



Кар (эшитмайдиган) болалар учун

8

8

12

Заиф эшитувчилар ва кейинчалик кар бўлган (1, 2-бўлимлар) болалар учун

8

8

12

2. III-IV тур:




Кўр (кўзи ожиз) болалар учун

10

10

12

Заиф кўрувчилар ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун

10

10

12

3. V тур:




Нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун

10

10

14

4. VI тур:




Полиомиелит хасталиги оқибатлари бўлган болалар учун

8

12

14

Церебрал фалажи оқибатлари бўлган болалар учун

8

8

10

5.VII тур:




Психик ривожланиши суст болалар учун

8

12

16

6. VIII тур:




Енгил даражадаги ақли заиф болалар учун

8

12

12

Ўрта ва оғир даражадаги ақли заиф болалар учун

8

10

10

*) Барча турдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқиётган мураккаб нуқсонли (ривожланишида 2 ва ундан кўп нуқсон бўлган) болалар учун

6

6

8

35. Ўқув йилининг бошланиши, ўқув машғулотлари ва таътилларнинг давомийлиги, шунингдек, якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг мажбурий умумий ўрта таълимнинг 11 йиллик дастурини тамомлаган битирувчиларга 9-синфда шаҳодатнома ва 11-синфда аттестат, мажбурий умумий ўрта таълимнинг 9 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар) дастурини тамомлаган битирувчиларга гувоҳнома берилади.


36. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқувчиларини бир синфдан иккинчи синфга ўтказиш педагогик кенгашнинг қарори асосида, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари ва педагог ходимлари хулосаси асосида амалга оширилади.


37. Ўқувчиларни бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасасига ёки инклюзив шароитда таълим олиши учун умумтаълим ташкилотига ўтказиш психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига кўра, боланинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Ўқувчиларни бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасасига ёки инклюзив шароитда таълим олиши учун умумтаълим ташкилотларига ўтказиш ушбу Низомга 1-илова билан тасдиқланган тартибга асосан амалга оширилади.


38. Ўқувчиларни ихтисослаштирилган таълим муассасасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тегишли муассасасига ўтказиш ушбу Низомга 2-илова билан тасдиқланган тартибга асосан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг маъмурияти мазкур турдаги ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқишга лаёқати бўлмаган ўқувчиларни тегишли муассасаларга жойлаштиришга кўмаклашиши шарт.


39. Таълим-тарбия ишлари ўқувчиларнинг оддий ўзига ўзи хизмат кўрсатишдан тортиб ихтиёрий ижтимоий фойдали меҳнатнинг ҳар хил турларигача бўлган турли хил фаолиятлари асосида ташкил этилади.


40. Ўқувчиларнинг жисмоний тарбияси кун тартибини тўғри ташкил этиш, ўқув юкламаси меъёрига қатъий риоя қилиш, даволаш тадбирларини ўтказиш, ўқувчиларга гигиена кўникмаларини сингдириш, жисмоний тарбия дарслари ва спорт билан шуғулланиш, соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.


41. Ўқувчиларнинг меҳнат таълими, касбга ўргатиш ва тарбияси тарбияланувчиларнинг психик ва жисмоний ривожланишининг ўзига хослиги, соғлиғи, имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


42. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ақлий, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун турли тўгараклар, клублар, студиялар, секциялар ташкил этилади.


43. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилади.


44. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитувчи ва тарбиячи лавозимида коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси бўйича олий маълумотли сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислари, шунингдек, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг фаолият тури (соҳаси) бўйича тегишли қайта тайёрлашдан ўтган мутахассис ходимлар фаолият юритади.


45. Таълим-тарбия жараёнини, унинг коррекцион йўналиши сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида кўришда нуқсони бўлган болалар учун "Нурли маскан" ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тайёрлов ва бошланғич синфларда ўқитувчи-тифлопедагоглар дарс беради.

46. Кўришда нуқсони бўлган ва заиф кўрувчи болалар учун "Нурли маскан" ихтисослаштирилган таълим муассасаларида кўзи ожиз ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга ўқув фанларидан (географиядан ташқари) дарс бериш уларнинг физиологик имкониятидан келиб чиқиб белиланади.

Кўзи ожиз ўқитувчиларга тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосасига асосан кўзи ожиз мутахассис котиб ажратилиши мумкин. Ушбу ходимга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўланади.

47. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида таълим жараёнини психологик жиҳатдан таъминлаш муассаса штатига кирувчи психолог томонидан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқувчиларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг махсус касбий тайёргарлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, шунингдек, уларга турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш мақсадида профессионал психологик ёрдам кўрсатиш хоналари ташкил этилади.



5-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА ДАВОЛАШ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


48. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация қилиш, санитария-гигиена ва профилактика тадбирлари ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.


49. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари болаларни даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш, касаллик ва унга ҳамроҳ хасталиклар хуружининг олдини олишга ва саломатлигини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширадилар.


50. Тиббиёт ходимлари педагогларга ўқувчиларнинг соғлиғи ва ривожланиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда уларга индивидуал ва табақалаштирилган ёндашишга кўмаклашадилар, уларга ўқувчиларни тиббий-педагогик коррекциялаш, касбга йўналтириш, кейинчалик иш билан таъминланиши бўйича, шунингдек, ота-оналарга ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга касалликларнинг олдини олиш мақсадида уй шароитида ҳимояловчи (махсус) тартибга амал қилиш бўйича тавсиялар берадилар.


51. Тиббий соғломлаштириш муолажалари, муайян даволаш курслари ҳар бир бола учун машғулотлар жадвали билан мувофиқлаштирилган ҳолда индивидуал равишда тузилади.


52. Даволаш даврида болалар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида тиббиёт ходимлари ишга лаёқати паст болаларга ҳафта давомида қўшимча дам олиш кунлари бериш орқали эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш тартибига амал қилишни, шунингдек, ҳафтанинг бир кунини очиқ ҳавода, жисмоний машқлар, спорт тадбирлари билан шуғулланиш ҳамда сайр қилишни тавсия этиши мумкин.


53. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ҳар бир болага тиббий карта юритилади, боланинг муассасада бўлиш муддати тугагач ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ундан кўчирма берилади.


54. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида дори-дармон ва физиотерапия ёрдамида даволаш ҳамда психотерапия, массаж, жисмоний машқлар, чиниқтириш ишлари олиб борилади.


55. Даволаш жисмоний тарбия машқлари даволаш жисмоний тарбия инструктори ёки махсус тайёргарликка эга бўлган ўқитувчи томонидан ўтказилади.


56. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида олиб борилаётган барча тиббий соғломлаштириш ва реабилитация тадбирларини ташкил қилиш ва олиб боришнинг тўғрилиги устидан назорат муассаса жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органларига юкланади.


57. Соғлиқни сақлаш органлари ихтисослаштирилган таълим муассасасини тиббиёт ходимлари штатлари билан тўлдиришда, ушбу ходимларнинг малакасини оширишда ҳамда даволаш-соғломлаштириш ишларининг замонавий усулларини мазкур муассасада кенг жорий қилишда, уларга малакали мутахассисларни маслаҳат ёрдами бериш учун жалб этишда кўмаклашади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ


58. Ўқувчилар, ота-оналар ёки ота-оналар ўрнини босувчи шахслар, педагогик, тиббий ва бошқа ходимлар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг таълим жараёни иштирокчилари ҳисобланади.


59. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари бепул умумий ўрта таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун белгиланган норма ва қоидалар асосида бепул озиқ-овқат билан таъминланиш, турли тадбирларда (конференциялар, олимпиадалар, кўргазмалар ва танловларда) қатнашиш ҳуқуқига эга.


60. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига йўлланган чин етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар мақоми бўйича "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларига тенглаштирилади.


61. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида чин етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, турли сабабларга кўра якшанба, байрам ва таътил кунлари уйларига кета олмайдиган ўқувчилар учун сутка давомида ишлайдиган гуруҳлар ташкил этилади.


62. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг ўқувчилари муассасанинг устави ва ички тартибига, шунингдек, санитария нормалари ва қоидаларига амал қилишлари шарт.


63. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқувчиларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларига ва ихтисослаштирилган таълим муассасасининг уставига мувофиқ белгиланади.


64. Тегишли соҳа бўйича олий маълумотли, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга шахслар ихтисослаштирилган таълим муассасаларида педагогик ва тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.


65. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг педагог-ўқитувчилари ўзларига юкланган мажбуриятлардан ташқари шахсни шакллантириш ва нуқсонларини коррекциялаш, жисмоний ва психик нуқсонларини бартараф этиш, нуқсонлар билан боғлиқ бўлган билиш фаолиятидаги ўзига хосликларни меъёрга келтириш, билимга оид қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантириш соҳасида иш олиб борадилар.


66. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг тарбиячиси ривожланишдаги нуқсонларни коррекциялаш ишларида ўқитувчи ишларини давом эттиради, жисмоний ёки психик нуқсонлар сабабли юзага келадиган психик ёки жисмоний ривожланиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда ўқувчиларга индивидуал ёндашувни амалга оширади, ўз гуруҳидаги ўқувчиларнинг ҳаёти ва саломатлиги сақланиши учун жавоб беради.


67. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари муассаса маъмурияти билан биргаликда болалар саломатлигини ҳимоя қилиш ва ўқувчиларнинг психофизик ҳолатини мустаҳкамлаш, диспансеризация, профилактика чора-тадбирларини ва эпидемияларга қарши санитария-гигиена тартибини, болаларни чиниқтириш, овқатланиши, шу жумладан, парҳез таомлар билан овқатланишини назорат қилиш учун жавоб берадилар.


68. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг таълим-тарбия фаолияти ва бу ерда фарзандига кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий ёрдам билан танишиш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


69. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига бевосита раҳбарлик қилиш вазирлик билан келишган ҳолда ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан тайинланадиган директор томонидан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори билан бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилади. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори билан меҳнат шартномаси ҳар йили янгидан тузилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори лавозимига вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланган малакавий талаблар қўйилади.


70. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида педагогик, методик ҳамда кузатув кенгашлари ташкил этилади ва фаолият юритади. Уларнинг фаолияти тартиби вазирлик томонидан белгиланади.



8-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА

МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


71. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайр-эҳсонлари ва мақсадли бадаллари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


72. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметалари асосида молиялаштирилади.


73. Штатлар жадвали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


74. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ишчи-ходимларининг иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


75. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишнинг ўртача суткалик нормалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига озиқ-овқат билан таъминланади.


76. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни таъминлаш ва ўқитиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш учун ота-оналардан ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан тўлов ундирилмайди.


77. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


78. Молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш молия органлари томонидан амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


79. Ихтисослаштирилган таълим муассасасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


80. Ихтисослаштирилган таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш, қоидага кўра, ўқув йили тугагач амалга оширилади, бунда, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишган ҳолда ўқувчиларни бошқа таълим муассасаларига кўчириш масъулиятини ўз зиммасига олади.






Низомга

1-ИЛОВА



Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни

бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан

бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасасига

ёки инклюзив шароитда таълим олиши учун

умумтаълим ташкилотларига ўтказиш

ТАРТИБИ


Мазкур Тартиб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчиларни (кейинги ўринларда - ўқувчилар) синфдан синфга, бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасасига (кейинги ўринларда - мактаб-интернат) ёки инклюзив шароитда таълим олиши учун умумтаълим ташкилотига (кейинги ўринларда - мактаб) ўтказишни белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


синфдан синфга ўтказиш - ўқувчини мактаб-интернатнинг бир синфидан бошқа параллел синфига ўтказиш;


бир хил турдаги мактаб-интернат - ўқувчиларнинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги ташхис натижалари бўйича ихтисослашувига кўра бир турга мансуб мактаб-интернат;


бошқа турдаги мактаб-интернат - ўқувчиларнинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги ташхис натижалари бўйича ихтисослашувига кўра бир турга мансуб бўлмаган мактаб-интернат.


2. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни синфдан синфга, бир мактаб-интернатдан бошқа мактаб-интернатга ва мактаб-интернатдан мактабга ўтказишга нисбатан ҳам татбиқ этилади.


3. Ўқувчиларни синфдан синфга, бир мактаб-интернатдан бошқа мактаб-интернатга ва мактаб-интернатдан мактабга ўтказиш масалалари умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсларнинг таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.


4. Ўқувчиларни синфдан синфга, бир мактаб-интернатдан бошқа мактаб-интернатга ва мактаб-интернатдан мактабга ўтказиш бепул амалга оширилади.



2-БОБ. ЎҚУВЧИНИ СИНФДАН

СИНФГА ЎТКАЗИШ


5. Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда - ота-оналар) ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга.


6. Ота-оналар фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб-интернат директори номига ариза билан мурожаат қилади.


7. Мактаб-интернат директори аризани қабул қилиб олган кундан бошлаб бир иш куни ичида кўриб чиқади ва ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.


8. Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб-интернат директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.


9. Синфдан синфга ўтказиш рад этилганлиги ҳақида мактаб-интернат директори томонидан уч кун ичида ота-оналарга ёзма равишда маълум қилинади.


10. Мактаб-интернат директорининг ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.


11. Ўз синфдошларига нисбатан уч ва ундан ортиқ катта ёш фарқи бўлган психик ривожланиши суст ёки ақли заиф болалар бир синфда камида икки чорак таълим олгач, уларнинг билим, кўникма ва малака даражасини инобатга олган ҳолда мактаб-интернатнинг тиббиёт ва педагог ходимлари хулосаси асосида педагогик кенгаш қарори билан фақат бир синф юқорига кўчирилиши мумкин.



3-БОБ. ЎҚУВЧИНИ БИР ХИЛ ТУРДАГИ БОШҚА

МАКТАБ-ИНТЕРНАТГА ЎТКАЗИШ


12. Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактаб-интернатдан бир хил турдаги бошқа мактаб-интернатга ўтказиш ҳуқуқига эга.


13. Ота-оналар фарзандини бир мактаб-интернатдан бир хил турдаги бошқа мактаб-интернатга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернат директори номига ариза билан мурожаат қилади.


14. Ариза мактаб-интернат директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернатга тақдим этиш учун мактаб-интернатдан белгиланган шаклдаги кетиш талони берилади.


15. Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб-интернат директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Аризага мактаб-интернатдан кетиш талони илова қилинади.


16. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директори ариза ва мактаб-интернатдан кетиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернатга тақдим этиш учун мактаб-интернатга белгиланган шаклдаги келиш талонини беради.


17. Ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернат директори мактаб-интернатга келиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади.


18. Мактаб-интернат директори ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади:

ўқувчининг мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

ўқувчининг тиббий картаси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг (кейинги ўринларда -психологик-тиббий-педагогик комиссия) ўқувчини мактаб-интернатга юбориш учун асос бўлган хулосаси;

халқ таълими бошқармасининг ўқувчини мактаб-интернатга юбориш тўғрисидаги йўлланмаси.


19. Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, мактаб-интернатга келиш талони ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактаб-интернатда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


20. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директори бошқа мактаб-интернатдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.


21. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директори мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


22. Мактаб-интернат директори ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактаб-интернатга маълумот учун юборади.


23. Ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.



4-БОБ. ЎҚУВЧИНИ БОШҚА ТУРДАГИ

МАКТАБ-ИНТЕРНАТГА ЎТКАЗИШ


24. Ўқувчи психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига ва ақлий лаёқатига кўра бир мактаб-интернатдан бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказилиши мумкин.


25. Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактаб-интернатдан бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш ҳуқуқига эга.


26. Ота-оналар фарзандини бир мактаб-интернатдан бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда халқ таълими бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.


27. Ариза психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан кўриб чиқилади.


28. Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ижобий хулосаси олингач, халқ таълими бошқармаси томонидан шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернатга тақдим этиш учун ўқувчини бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш тўғрисида йўлланма берилади. Йўлланма берилганлиги ҳақида ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернатга хат орқали маълум қилинади.


29. Ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернат директори халқ таълими бошқармаси томонидан юборилган хатни олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Мактаб-интернат директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади.


30. Ота-оналар халқ таълими бошқармаси томонидан берилган ўқувчини бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш тўғрисидаги йўлланмани психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси ҳамда мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директорига тақдим этади. Мактаб-интернат директори шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


31. Мактаб-интернат директори ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактаб-интернатга маълумот учун юборади.


32. Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, халқ таълими бошқармасининг ўқувчини бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш тўғрисида йўлланма берилганлиги ҳақидаги хати ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактаб-интернатда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


33. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернат директори бошқа мактаб-интернатдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.


34. Ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.



5-БОБ. ЎҚУВЧИНИ МАКТАБ-ИНТЕРНАТДАН

ИНКЛЮЗИВ ШАРОИТДА ТАЪЛИМ ОЛИШИ

УЧУН МАКТАБГА ЎТКАЗИШ


35. Ўқувчининг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсони енгил даражада бўлиб (психик ривожланишнинг орқада қолиши, енгил даражадаги ақли заифлик, заиф эшитувчи, заиф кўрувчи, болалар церебрал фалажи ва бошқалар), унинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган тақдирда, мактаб-интернатдан инклюзив шароитда таълим олиши учун мактабга ўтказилиши мумкин.


36. Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини мактаб-интернатдан инклюзив шароитда таълим олиши учун мактабга ўтказиш ҳуқуқига эга.


37. Ота-оналар фарзандини мактаб-интернатдан мактабга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда халқ таълими бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.


38. Ариза психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан кўриб чиқилади.


39. Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ижобий хулосаси олингач, халқ таълими бошқармаси томонидан шу куннинг ўзида ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун ўқувчини мактабга ўтказиш тўғрисида йўлланма берилади. Йўлланма берилганлиги ҳақида ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернатга хат орқали маълум қилинади.


40. Ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернат директори халқ таълими бошқармаси томонидан юборилган хатни олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Мактаб-интернат директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади.


41. Ота-оналар халқ таълими бошқармаси томонидан берилган ўқувчини бошқа турдаги мактаб-интернатга ўтказиш тўғрисидаги йўлланмани психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси ҳамда мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорига тақдим қилади. Мактаб директори шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


42. Мактаб директори ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактаб-интернатга маълумот учун юборади.


43. Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, халқ таълими бошқармасининг ўқувчини мактабга ўтказиш тўғрисида йўлланма берилганлиги ҳақидаги хати ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактаб-интернатда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


44. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори мактаб-интернатдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.


45. Мактаб-интернат директорининг ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруғи ҳамда мактаб директорининг ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилгач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.



6-БОБ. ЎҚУВЧИНИ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТДАГИ

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА ЎТКАЗИШ


46. Ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.


47. Ота-оналар фарзандини хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб-интернат директори номига ариза билан мурожаат этади. Аризага Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиянинг вояга етмаганни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш учун розилиги акс этган қароридан кўчирма илова қилинади.

48. Ариза мактаб-интернат директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мактаб-интернат директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга мазкур Тартибнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатларни олганлиги тўғрисида тилхат олади.


49. Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати ўқувчининг мактаб-интернатда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


50. Ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.


51. Мактаб-интернат директори томонидан хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказилаётганлиги сабабли ўқувчилар сафидан чиқарилган вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда ҳар ўқув йили чораклари охирида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига (бошқармасига) ва Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга тақдим этилади.


7-БОБ. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТДА ТАЪЛИМ ОЛГАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОСИНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ

МАКТАБ-ИНТЕРНАТГА ЎТКАЗИШ


52. Ота-оналар хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган фарзандини Ўзбекистон Республикасидаги мактаб-интернатга ўтказиш ҳуқуқига эга.


53. Хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини Ўзбекистон Республикасидаги мактаб-интернатга ўтказиш амалдаги қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб-интернатга (мактабга) ўтказилган ўқувчи ўн кун ичида сабабсиз ёки мактаб-интернат (мактаб) раҳбарияти ва синф раҳбарини хабардор қилмасдан дарс машғулотларига келмаса, мактаб-интернат (мактаб) директори бу ҳақида ота-оналарни, ўқувчининг яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияни ҳамда ўқувчи илгари таълим олган мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантиради ва бир вақтнинг ўзида ўқувчининг дарсларга келмаганлиги сабабларини аниқлаш ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради.

55. Жиноят содир этган вояга етмаганларни мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиянинг розилиги билан амалга оширилади.

56. Мазкур Тартиб талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

2-ИЛОВА



Алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ўқувчиларни ихтисослаштирилган

таълим муассасасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муассасасига ўтказиш

ТАРТИБИ


Мазкур Тартиб алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ўқувчиларни (кейинги ўринларда - ўқувчилар) жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) (кейинги ўринларда - мактаб-интернат)дан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муассасасига ўтказишни белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаси (кейинги ўринларда - даволаш-профилактика муассасаси) - руҳий ва асаб тизими касалликлари ва уларнинг асоратлари, сил касаллигининг барча турлари ва даврларида даволаниш учун мўлжалланган шифохоналар ҳамда барча турдаги болалар санаторийлари;


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муассасаси (кейинги ўринларда - "Мурувват" интернат уйи) - Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 4 ёшдан 18 ёшгача ногирон болалар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасаси.

2. Ўқувчиларни мактаб-интернатдан даволаш-профилактика муассасаси ёки "Мурувват" интернат уйига ўтказиш мактаб-интернат педагогик кенгашининг қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги болаларни ихтисослаштирилган муассасаларга (мактаб, мактаб-интернатларга) юбориш бўйича психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг (кейинги ўринларда - психологик-тиббий-педагогик комиссия) хулосасига кўра, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда - ота-оналар) розилиги билан амалга оширилади.

3. Мактаб-интернат раҳбарияти мазкур турдаги ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқишга лаёқати бўлмаган ўқувчиларни даволаш-профилактика муассасаси ёки "Мурувват" интернат уйига жойлаштиришга кўмаклашиши шарт.


4. Ўқувчиларни мактаб-интернатдан даволаш-профилактика муассасасига ҳамда "Мурувват" интернат уйига ўтказиш бепул амалга оширилади.



2-БОБ. ЎҚУВЧИНИ МАКТАБ-ИНТЕРНАТДАН

ДАВОЛАШ-ПРОФИЛАКТИКА МУАССАСАСИГА

ЎТКАЗИШ


5. Ўқувчининг ота-онаси ва мактаб-интернат раҳбарияти тиббий-ижтимоий реабилитацияга муҳтож ўқувчини ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг даволаш-профилактика муассасасига вақтинчалик ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга.


6. Ўқувчини мактаб-интернатдан даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш учун унинг ота-онаси ўтказиш сабабларини, даволаш-профилактика муассасаси номини кўрсатган ҳолда мактаб-интернат директорига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага боланинг ривожланиш тарихидан муфассал кўчирма ҳамда тиббиёт муассасаси даволовчи врачининг ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси илова қилинади.


7. Қуйидаги ҳолларда мактаб-интернат раҳбарияти ота-оналарнинг ёзма розилигини олган ҳолда ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш чораларини кўриши лозим:

мактаб-интернат тиббиёт ходими томонидан ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш тўғрисида тавсия берилганда;

тиббий кўрик пайтида ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланиб, уни стационар шароитда даволаш лозим деб топилганда.


8. Ота-оналарнинг аризаси ёки ёзма розилигига асосан ушбу масала мактаб-интернатнинг педагогик кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Педагогик кенгаш қарорига асосан мактаб-интернат директори психологик-тиббий-педагогик комиссияга тегишлилигига кўра қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

боланинг ривожланиш тарихидан муфассал кўчирма ҳамда тиббиёт муассасаси даволовчи врачининг ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси;

мактаб-интернат тиббиёт ходимининг ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш тўғрисидаги тавсияномаси;

ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланганлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказган врачнинг хулосаси.


9. Тақдим этилган ҳужжатлар психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан кўриб чиқилади.


10. Ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига қабул қилиш учун ота-оналар ёки мактаб-интернат раҳбарияти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси;

мактаб-интернат томонидан берилган ўқувчи таълим олаётган синф кўрсатилган маълумотнома;

мактаб-интернат томонидан берилган психологик-педагогик тавсифнома.


11. Ўқувчи даволаш-профилактика муассасасига қабул қилингач, унга касаллик тарихи очилади ҳамда шу кун ўқувчи даволаш-профилактика муассасасига ўтказилган кун ҳисобланади.

Даволаш-профилактика муассасаси шу куннинг ўзида ўқувчининг ота-онасига ва мактаб-интернатга ўқувчининг даволаш-профилактика муассасасига қабул қилинганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этади.


12. Ўқувчининг даволаш-профилактика муассасасидаги даволаниш муддати тугаганидан сўнг унинг ота-онасига ёки мактаб-интернатга даволаш-профилактика муассасаси раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган синф журналидан кўчирилган баҳолаш қайдномаси ҳамда ўқувчининг даволаш-профилактика муассасасида даволанганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.



3-БОБ. ЎҚУВЧИНИ МАКТАБ-ИНТЕРНАТДАН

"МУРУВВАТ" ИНТЕРНАТ УЙИГА ЎТКАЗИШ


13. Ўқувчининг ота-онаси ва мактаб-интернат раҳбарияти мактаб-интернатда таълим олишга лаёқатсиз, руҳиятида сезиларли нуқсонлар мавжуд бўлган, доимий тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож (этиологияси ҳар хил бўлган ўртача даражадаги ақлий заифлик (оғирлашган шакли), оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик ва ҳоказо) ногирон ўқувчиларни мактаб-интернатдан "Мурувват" интернат уйига ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга.


14. Ўқувчини мактаб-интернатдан "Мурувват" интернат уйига ўтказиш учун унинг ота-онаси ўтказиш сабабларини, "Мурувват" интернат уйи номини кўрсатган ҳолда мактаб-интернат директорига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага боланинг ривожланиш тарихидан муфассал кўчирма ҳамда тиббиёт муассасаси даволовчи врачининг ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси илова қилинади.


15. Қуйидаги ҳолларда мактаб-интернат раҳбарияти ота-оналарнинг ёзма розилигини олган ҳолда ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш чораларини кўриши лозим:

мактаб-интернат тиббиёт ҳамда педагог ходимлари томонидан муассаса раҳбариятига ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш тўғрисида тавсия берилганда;

тиббий кўрик пайтида ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланиб, уни "Мурувват" интернат уйига ўтказиш лозим деб топилганда.


16. Ота-оналарнинг аризаси ёки ёзма розилигига асосан ушбу масала мактаб-интернатнинг педагогик кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Педагогик кенгаш қарорига асосан мактаб-интернат директори психологик-тиббий-педагогик комиссияга тегишлилигига кўра қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

боланинг ривожланиш тарихидан муфассал кўчирма ҳамда тиббиёт муассасаси даволовчи шифокорининг ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси;

мактаб-интернат тиббиёт ҳамда педагог ходимларининг ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш тўғрисидаги тавсияномаси;

ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланганлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказган врачнинг хулосаси.


17. Тақдим этилган ҳужжатлар психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан кўриб чиқилади.


18. Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ўқувчини "Мурувват" интернат уйига ўтказиш тўғрисидаги хулосасига мувофиқ ўқувчи таълим олаётган мактаб-интернат директори ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади.


19. Ўқувчини мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.


20. "Мурувват" интернат уйига ўтказиш учун мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқарилган ўқувчининг ота-онасига мактаб-интернат раҳбарияти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ўқувчининг мактаб-интернат ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

ўқувчининг тиббий картаси;

мактаб-интернат томонидан берилган психологик-педагогик тавсифнома.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Мазкур Тартиб талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь




































Время: 0.0097
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск