ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари /

Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 638-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

638-сон қарорига

3-ИЛОВА



Санаторий туридаги ихтисослаштирилган

давлат таълим муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом алоҳида шароитларда даволаниш ва соғломлаштиришга, таълим ва тарбия олишга муҳтож болалар ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган ҳамда санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда - ихтисослаштирилган таълим муассасалари) фаолиятини тартибга солади.


2. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


3. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқув-тарбия, даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ва даволаниш, соғломлаштиришга муҳтож болаларга уларнинг билим олиш имкониятларига мувофиқ равишда умумий ўрта маълумотга эга бўлиш ва тарбия олишида ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.


4. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, ғазначилик бўлимларида шахсий ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампларга, бланкаларга эга бўлади.


5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари аккредитацияси аттестация асосида, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

шахснинг ақлий, ҳиссий ва жисмоний ривожланишига ёрдам берадиган шарт-шароитлар яратиш;

баркамол, жисмонан ва маънавий соғлом шахсни вояга етказиш, ўқувчиларда маданий-эстетик қадриятларни, фуқаролик ва ватанпарварлик ҳисларини шакллантириш;

давлат таълим стандартлари асосида сифатли таълим олиш, шу жумладан, касбга йўналтириш, болаларнинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли болаларни тақдирлаш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг психофизиологик ёш хусусияти, мойиллиги, қобилияти, қизиқиши, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси талабларига мувофиқ равишда реабилитация ҳамда даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўтказишни таъминлаш.



3-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ДАВЛАТ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этилади ва ҳудудий тегишлилик бўйича Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинади.


8. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳудудий халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан ҳудуддаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган, махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болаларнинг мавжуд контингентини биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича ташкил этилади.

Бундай болалар контингенти аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига экологик қулай шароитлар мавжуд жойларда ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисида асосланган таклиф билан мурожаат қилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилаётган ҳудудда охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланиши керак.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, вилоятлар халқ таълими бошқармаларига, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига бир ой муддатда ўрганиш ва экологик қулай минтақадаги мавжуд объектлардан намунавий бинони ажратиш ёхуд ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этишда қўйиладиган норматив талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган махсус лойиҳа бўйича янги бино қуриш учун ер участкаси танлаш тўғрисида топшириқ беради.


10. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларининг ижобий хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир ҳафта муддатда қабул қилинади.


11. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги турларга бўлинади:

сколиоз билан касалланган болалар учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар;

сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари хавфи бўлган гуруҳ болалари учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар.


12. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларнинг энг кўп сони 250 нафардан ошмаслиги керак.



4-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ТАРТИБИ


13. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига уларнинг турига мувофиқ ҳолда:

I-IV даража сколиоз билан касалланган;

сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликларига чалинган, алоҳида шарт-шароитларда даволаш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган мактаб ёшидаги болалар қабул қилинади.


14. Болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия (кейинги ўринларда - комиссия) хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Комиссия йўлланмаси болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилинишига асос ҳисобланади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бошқа вилоят ҳудудидан келиб ўқиш истагини билдирган болалар болани қабул қилаётган ихтисослаштирилган таълим муассасаси жойлашган ҳудуднинг Комиссияси йўлланмасига асосан қабул қилинади.


15. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.


16. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган ҳар бир болага ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун - васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди шакллантирилади ва тақдим этилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;

Комиссия хулосаcи;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:

педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;

психоневрологнинг тиббий ташхис билан асосланган ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи билан хулосаси;

оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи билан хулосаси;

офтальмологнинг кўриш органига тавсифи билан хулосаси;

ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган, сколиозга чалинган болалар учун);

врач-фтизиатрнинг хулосаси (туберкулез ва нафас олиш органларининг сурункали касалланиши хавфи остидаги болалар гуруҳлари учун);


17. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган чин етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида 16-бандда кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари яна қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши керак:

туман (шаҳар) ҳокимининг болага васий (ҳомий) тайинлаш ёки уни таълим муассасасига жойлаштириш ҳақидаги қарори нусхаси;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар (ота-оналарнинг паспортлари нусхалари ёки уларнинг вафоти ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, суднинг ҳукми ёки қарори, ота-онасининг сурункали касаллиги ёки қидирувда эканлиги ҳақидаги, ота-онасининг йўқлиги ёки уларнинг ўз фарзандларини тарбиялай олмаслиги ҳақидаги ҳужжатлар);

боланинг ота-онасидан қолган мулки (агар бўлса), унинг қаердалиги, уни сақлаш учун амалга оширилган чоралар ва бунга масъул шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган мулк рўйхати;

болага турар жой бириктирилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (далолатнома, уй дафтари, турар жой чизмаси нусхалари, турар жойнинг эгаси ва хусусийлаштирилганлиги ҳолати тўғрисида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан маълумотнома);

пенсия олувчи болаларнинг пенсия дафтарчаси, бола фойдасига алимент ундириш ҳақидаги суд қарори, омонат дафтарчаси.


18. Ихтисослаштирилган таълим муассасасига мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар) қабул қилинмайди.


19. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар қабул қилинмайди:

ақли заиф болалар;

хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;

юрак-қон томири касалликлари бор болалар;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;

кўр-кар-соқов болалар;

тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;

марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.


20. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори ўқувчиларнинг қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.



5-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


21. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитиш умумий ўрта таълим ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида олиб борилади.


22. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси умумий ўрта таълим давлат стандартларига мувофиқ 1-11-синфлар ҳажмида ўқувчиларга мажбурий умумий ўрта таълим берувчи соғломлаштириш таълим муассасаси ҳисобланади.


23. Даволаниш, соғломлаштириш ва таълим олишга муҳтож болалар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 1-11-синфларига Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси йўлланмалари асосида, психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қабул қилинади.


24. Болаларни қабул қилиш ўқув йили бошлангунгача амалга оширилади ва ихтисослаштирилган таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


25. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида болаларнинг бўлиши муддати тиббий кўрсатмаларга мувофиқ ва психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан, лекин 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасида бўлиши муддати тугаган болаларнинг муассасада бўлиш муддати қайта узайтирилмайди.


26. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари ривожланиши хавфи мавжуд гуруҳдаги болалар учун синфлар ва тарбияланувчилар гуруҳи тўлдирилиши камида 25 нафарни, сколиоз билан касалланган болалар учун синфлар ва тарбияланувчилар гуруҳи тўлдирилиши эса - камида 20 нафарни ташкил қилади.


27. Ўқув йилининг бошланиши, дарслар ва таътилларнинг давомийлиги, шунингдек, якуний давлат аттестациясини ўтказиш ва таълим олганлиги тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


28. Таълим олиш, ихтиёрий равишда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш, даволаниш ва дам олишни асосли равишда уйғунлаштиришни таъминлайдиган кун тартиби болаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаларида бўлиши муддатини ҳисобга олган ҳолда тузилади.


29. Дарснинг давомийлиги I синфда биринчи ярим йилликда - 35 дақиқа, иккинчи ярим йилликда ва бошланғич таълим (мактаб)нинг II-IV синфларида - 40 дақиқа, V ва кейинги синфларда - 45 дақиқа бўлади.


30. Болаларнинг меҳнат тарбияси ихтисослаштирилган таълим муассасаси педагогик ва тиббиёт ходимларининг тиббий кўрсатмалари ҳамда тавсияларига кўра таълимни эгалланган меҳнат кўникмалари билан уйғунлаштириш асосида амалга оширилади.


31. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар учун турли тўгараклар, қизиқишларига кўра клублар, секциялар (жумладан, врачлар тавсияларига кўра спорт секциялари) ва болаларнинг интеллектуал ҳамда ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган студиялар ташкил этилади.


32. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида таълим жараёнининг психологик таъминотини муассаса штатидаги психолог амалга оширади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқувчиларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг махсус касбий тайёргарлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, шунингдек, уларга турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш мақсадида профессионал психологик ёрдам кўрсатиш хоналари ташкил этилади.



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА ДАВОЛАШ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


33. Болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика чора-тадбирлари ихтисослаштирилган таълим муассасасининг штатдаги тиббиёт ва педагог ходимлари ҳамда таълим муассасасига бириктирилган соғлиқни сақлаш муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан муассасага қабул қилинган болаларнинг 3 йил давомида тўлиқ соғломлаштирилиши таъминланади.


34. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси тиббиёт ходимлари касалликнинг қайталаниши ҳолатлари (рецидивлари), ҳамроҳ касалликлар профилактикасига ва болалар соғлиғини яхшилашга қаратилган даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация чора-тадбирларини амалга оширади. Тиббиёт ходимлари ўз ишларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилишади.


35. Даволаш жисмоний тарбия машқлари даволаш жисмоний тарбия инструктори ёки тегишли тайёргарликка эга бўлган ўқитувчи томонидан ўтказилади.


36. Даволаш курслари билан белгиланган тиббий соғломлаштириш муолажалари ҳар бир бола учун машғулотлар жадвали билан мувофиқлаштирилган ҳолда индивидуал равишда режалаштирилади.


37. Даволаш даврида болалар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида тиббиёт ходимлари ишга лаёқати паст болаларга ҳафта давомида қўшимча дам олиш кунлари бериш орқали эҳтиёткорона муносабатда бўлиш тартибига амал қилишни, шунингдек, ҳафтанинг бир кунини очиқ ҳавода, жисмоний машқлар, спорт тадбирлари ҳамда сайр қилишга тавсия этиши мумкин.


38. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида ҳар бир бола учун тиббий карта юритилади, боланинг муассасада бўлиш муддати тугагач, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ундан кўчирма берилади.


39. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида барча тиббий-соғломлаштириш ва реабилитация чора-тадбирларининг тўғри ташкил этилиши ҳамда амалга оширилишини назорат қилиш ихтисослаштирилган таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари томонидан амалга оширилади.


40. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан ихтисослаштирилган таълим муассасасига унинг тиббиёт ходимлари штатини тўлдиришда, тиббиёт ходимлари малакасини оширишда, маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва даволаш-соғломлаштириш ишларининг замонавий методларини жорий этишга малакали мутахассисларни жалб этишда ёрдам кўрсатилади.



7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИДАГИ ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ

ИШТИРОКЧИЛАРИ


41. Ўқувчилар, ота-оналар ёки ота-оналар ўрнини босувчи шахслар, педагогик, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар ихтисослаштирилган таълим муассасасининг таълим жараёни иштирокчилари ҳисобланади.


42. Ўқувчилар бепул умумий ўрта таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда ихтисослаштирилган соғломлаштириш таълим муассасалари учун белгиланган нормалар асосида бепул озиқ-овқат билан таъминланиш, қизиқишларига қараб турли тўгараклар, клублар, секцияларга (жумладан, врач тавсияси билан спорт секцияларига), болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган студияларга қатнаш ҳуқуқига эга.


43. Ўқувчилар ихтисослаштирилган таълим муассасасининг устави ва ички тартибига, шунингдек, санитария нормалари ва қоидаларига амал қилишлари шарт.


44. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқувчиларининг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасасининг устави билан белгиланади.


45. Тегишли касбий маълумотга, тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий сифатларга эга шахслар ихтисослаштирилган таълим муассасаларида педагогик ва тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.


46. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг таълим-тарбиявий фаолияти, болага кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий ёрдам даражаси билан танишиш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


47. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тайинланган директор ихтисослаштирилган таълим муассасасига бевосита раҳбарлик қилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори билан бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилади. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори билан меҳнат шартномаси ҳар йили янгидан тузилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директорига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган малакавий талаблар қўйилади.


48. Директор ихтисослаштирилган таълим муассасаси номидан иш юритади ва унинг манфаатларини ифодалайди, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассаса мол-мулкини бошқаради ва шартномаларни имзолайди.


49. Директор:

ихтисослаштирилган таълим муассасаси ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва мазкур муассасага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг масъуллик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида ихтисослаштирилган таълим муассасасининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда таълим муассасаси фаолиятининг бошқа масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ таклифларни тегишли халқ таълими органларига киритади;

педагог ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Директор ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.


50. Ихтисослаштирилган таълим муассасасида психологик-тиббий-педагогик комиссия, педагогик, методик ҳамда кузатув кенгашлари ташкил этилади ва фаолият юритади. Ушбу кенгашларнинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади. Психологик-тиббий-педагогик комиссиялар фаолияти тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



9-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА

МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


51. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси фаолиятини молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайр-эҳсонлари ва мақсадли бадаллари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


52. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметалари асосида молиялаштирилади.


53. Штатлар жадвали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


54. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ишчи-ходимларининг иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


55. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг ўртача суткалик оқилона нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига озиқ-овқат билан таъминланади.


56. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни таъминлаш ва ўқитиш учун ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан тўлов ундирилмайди.


57. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


58. Ихтисослаштирилган таълим муассасасининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш молия органлари томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


59. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим масалалари бўйича халқаро фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.


60. Ихтисослаштирилган таълим муассасасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


61. Ихтисослаштирилган таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш, қоидага кўра, ўқув йили тугагач амалга оширилади, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишган ҳолда ўқувчиларни бошқа таълим муассасаларига ўтказиш масъулиятини ўз зиммасига олади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь











































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск