Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари /

Психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 638-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

638-сон қарорига

5-ИЛОВА



Психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларига (мактаб, мактаб-интернатларга) (кейинги ўринларда - ихтисослаштирилган таълим муассасалари) юбориш бўйича психологик-тиббий-педагогик комиссияларни (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил этиш ва уларнинг фаолияти, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни уларнинг психофизик имкониятларига мос равишда таълим олишларини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Комиссиялар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий халқ таълими бошқармаси) томонидан уларнинг ҳузурида ташкил этилади.

Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.


3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шу жумладан, мазкур Низомга амал қилади.


4. Комиссия ўз фаолиятини қарорлар қабул қилишда холислик, очиқлик, шаффофлик, ошкоралик ва коллегиаллик тамойилларига асосланган ҳолда олиб боради.


5. Комиссия фаолияти халқ таълими бошқармалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари (кейинги ўринларда - соғлиқни сақлаш бошқармаси) томонидан мувофиқлаштирилади.

Комиссия ўз фаолиятини амалга оширишда халқ таълими, соғлиқни сақлаш, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш органлари, шунингдек, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун ваколатли ташкилотлар, шу жумладан, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Комиссиянинг мақсади 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни аниқлаш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига (6 ёшдаги болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги тайёрлов гуруҳларига) юбориш учун хулоса беришдан иборат.


7. Комиссия қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:

болаларни жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонларини аниқлаш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирокида кўрикдан ўтказади;

болаларни кўрикдан ўтказишда улар билан бевосита мулоқот қилади ва улардаги нуқсонларни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганади;

боланинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонлари ҳақида яшаш жойидаги шифохона врачлари томонидан қўйилган ташхиснинг ишончлилигини ўрганади;

болаларнинг ривожланишидаги нуқсонларни комплекс равишда текшириш натижалари асосида уларнинг имкониятларини аниқлайди;

боланинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонига қўйилган ташхис ўз тасдиғини топса, уларни тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш учун хулоса беради;

болаларни бир ихтисослаштирилган таълим муассасасидан бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасасига ёки инклюзив шароитда таълим олиши учун умумтаълим муассасасига ўтказиш юзасидан хулоса беради;

болаларни инклюзив шароитда таълим олиши учун умумтаълим ташкилотларига юбориш учун йўлланма беради;

болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг тегишли муассасасига ўтказиш юзасидан хулоса беради;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлайдиган педагог, психолог, тиббиёт ходимлари ҳамда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга зарур маслаҳатлар беради;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.



3-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Комиссия ҳар йили 20 майга қадар тегишли халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаларининг қўшма қарорига асосан тузилади.


9. Комиссиянинг таркиби тоқ сонда камида 7 нафар аъзодан иборат бўлади.

Комиссия таркибига олий психологик, тиббий, педагогик маълумотга ҳамда 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали мутахассислар - психолог, педагог-дефектологлар (олигофренопедагог, сурдопедагог, тифлопедагог, логопед), психоневролог, невропатолог, ортопед, оториноларинголог, окулист, педиатр врачлар киритилади.

Бунда, тегишли йил учун Комиссия таркибига киритилган мутахассис келгуси икки йил мобайнида Комиссия таркибига аъзо сифатида киритилиши мумкин эмас, раис, раис ўринбосари ва котиб бундан мустасно.


10. Комиссия раиси этиб ҳудудий халқ таълими бошқармаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари этиб соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари тайинланади.


11. Ҳудудий халқ таълими бошқармасининг Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш шўъбаси раҳбари Комиссия котиби ҳисобланади.


12. Комиссия раиси Комиссия ишини ташкил этади, иш режаларни тасдиқлайди, йиғилиш ўтказиладиган вақт ва жойни белгилайди, Комиссияга юклатилган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади.


13. Ҳудудий халқ таълими бошқармаси Комиссия фаолияти учун зарур шароитлар яратиб беради.


14. Комиссия йиғилиши раис томонидан тасдиқланган режага асосан иш ҳажмини инобатга олган ҳолда июнь ойининг биринчи иш кунидан октябрь ойининг охирги иш кунига қадар ҳар ҳафтада камида бир маротаба, шундан кейин келгуси йил учун ташкил этиладиган Комиссия ўз фаолиятини бошлагунига қадар ҳар ойда камида бир маротаба ўтказилади.


15. Комиссия аъзолари Комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ёки Комиссия йиғилишини ўтказиш зарурати йўқлиги ҳақида Комиссия котиби томонидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.


16. Комиссиянинг барча аъзолари Комиссия йиғилишида иштирок этишлари шарт.


17. Комиссия йиғилишида Комиссия аъзоларининг хулосалари асосида қарор қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.

Баённома Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.


18. Болани ихтисослаштирилган таълим муассасасига юбориш бўйича хулоса қабул қилинган тақдирда, унда ихтисослаштирилган таълим муассасасига юборилаётган бола билан олиб бориладиган таълим-тарбия ва даволаш-тузатиш ишлари бўйича тавсиялар ҳам кўрсатилиши лозим.


19. Комиссия котиби томонидан Комиссиянинг иш фаолиятига доир қуйидаги ҳужжатлар юритилади:

Комиссияга тушган аризаларни қайд қилиш дафтари;

Комиссия йиғилиши баённомаларини қайд қилиш дафтари ва баённомаларнинг нусхалари.



4-БОБ. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҲУЖЖАТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


20. Комиссия хулосасини олиш учун боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза;

боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси;

боланинг таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

боланинг ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиган болалар учун);

боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:

боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисида педиатрнинг хулосаси;

психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;

оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун нутқ ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, аудиограмма маълумотлари);

офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун батафсил ташхиси);

ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун).


21. Мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатлари тақдим этилган бола Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида текширувдан ўтказилади.


22. Боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бола текширувдан ўтказиладиган кун ҳақида Комиссия котиби томонидан хабардор қилинади.


23. Текширувга олиб келинган болалар Комиссия томонидан уларнинг индивидуал хусусиятлари, ёши, жинси, жисмоний ва психик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда комплекс текширувдан ўтказилиши лозим.


24. Болалар Комиссия кўрсатмаларга мувофиқ ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирокида Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта аъзолари томонидан текширувдан ўтказилади.


25. Комиссия аъзолари томонидан болаларни кўрикдан ўтказиш, улар билан бевосита мулоқот қилиш ва улардаги нуқсонларни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганиш натижасида уларнинг жисмоний ёки психик нуқсонига қўйилган ташхис ўз тасдиғини топса, уларни ихтисослаштирилган ёки инклюзив таълим ташкил этилган умумтаълим муассасаларга юбориш юзасидан хулоса берилади.


26. Комиссия хулосаси боланинг таълим олиши учун махсус шароитларга эга бўлиш ҳуқуқини таъминловчи ҳужжат ҳисобланади.


27. Текширувдан ўтказилган бола юзасидан Комиссия йиғилиши баённомаси ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга беш кун ичида берилиши шарт.


28. Комиссия томонидан берилган хулоса ва тавсияларнинг асослилиги учун Комиссия раиси ва аъзолари жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасасига юбориш ҳудудий халқ таълими бошқармаси томонидан Комиссиянинг хулосасига кўра ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади.


30. Комиссия фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь




































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск