ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Умумий қоидалар /

Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш Дастури (ЎзР Президентининг 05.11.2021 й. ПҚ-5280-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 5 ноябрдаги

ПҚ-5280-сон қарорига

1-ИЛОВА



Спорт-таълим муассасалари фаолиятини

2025 йилгача ривожлантириш

ДАСТУРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 июндаги "2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5160-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Дастур спорт таълими тизимини ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда улар бўйича дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.



2-БОБ. СПОРТ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Спорт таълими тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишларга асосан амалга оширилади:


а) спорт таълими тизимининг мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, малакали профессионал педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш:

тренер-ўқитувчилар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишларида таълимнинг педагогика, дидактика, амалий педагогик психология, методика, умумкасбий ва махсус фанларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ўқув материалларини ва педагогик баҳолашни ишлаб чиқиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

таълим беришнинг замонавий назарияларини ўзлаштириш, педагогик психологияни тушуниш, педагогик компетентлик ҳамда шахсга йўналтирилган ёндашувлар асосларини эгаллашни кўзда тутган ҳолда тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш;

спорт-таълим муассасаларида тренер-ўқитувчиларнинг сифат таркибини, хусусан бакалавр даражасига эга бўлган тренерлар сонини босқичма-босқич ошириш;

спорт таълими тизими учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини, шу жумладан ёш кадрлар кириб келишини рағбатлантиришни қўллаб-қувватлаш;

аввало олис ва чекка ҳудудларда жойлашган, ўқувчилар сони кам бўлган спорт мактаблари тренерларига қўшимча янги ихтисосликлар ва малакаларни ўзлаштиришга имкон берадиган спорт таълими инфратузилмасини шакллантириш;

спорт таълими соҳасида раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича стандартлаштирилган дастур ишлаб чиқиш ҳамда "Спорт таълими соҳасида менежмент" йўналиши бўйича малака ошириш тизимини яратиш;

спорт-таълим муассасалари раҳбар ходимлари лавозимига номзодлар ўртасида танлов асосида саралаш амалиётини жорий қилиш ва уларни рағбатлантиришни кучайтириш;

тренер-ўқитувчиларнинг масофадан малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими самарадорлигини ошириш ва қамровини кенгайтириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш мазмуни ва усулларини янгилаш, баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш;

тренерлар тайёрловчи тегишли йўналишидаги олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим йўналишлари учун қабул квоталарини ошириш, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг асосланган тавсиясига асосан тренерларга эҳтиёж катта бўлган олис ва чекка ҳудудлардаги абитуриентлар учун умумий қабул квоталари доирасида имтиёзли қабул квоталарини белгилаш механизмини жорий этиш;

ўқувчи-спортчиларнинг умумий ва махсус жисмоний ҳамда техник-тактик даражасини баҳолашга йўналтирилган халқаро тажрибалардан фойдаланиб спортчининг сифат даражасини баҳолаш миллий тизимини яратиш;

тренерларнинг малака талабларини, шунингдек, янгиланган стандартларини жорий этиш учун эгалланадиган амалий кўникмаларни аниқлашнинг янги усулларини жорий этиш;

ёш тренерларни, уларнинг хизмат мавқеи ўсишини ҳисобга олган ҳолда, касбий қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликда ишлаш механизмини такомиллаштириш;

спорт-таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини такомиллаштириш;

спорт-таълим муассасаларининг таъсис ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, замонавий бошқарувни жорий қилиш, уларнинг спортчилар, тренерлар ва жамият олдидаги масъулиятини ошириш;

спорт таълими тизимини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган халқаро меъёрлар ва стандартларни имплементация қилиш;


б) иқтидорли ва истеъдодли ёшлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш:

спорт мусобақаларини ўтказиш механизмларини қайта кўриб чиқиш ва қобилиятли, иқтидорли спортчиларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш, баҳолаш мезонларини мос равишда тегишли халқаро қоидаларга ва мезонларига мослаштириш;

спорт мактаблари, шу жумладан уларнинг филиалларини ташкил этиш;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари контингентини олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича шакллантириш;

республика олий спорт маҳорати мактабларининг илмий салоҳиятга эга тренерлар жамоасини спорт мактабларида иқтидорли ўқувчилар билан ишлашга ва спорт даражаси сифатини баҳолашга жалб қилиш;

спорт-таълими муассасаларига ўқувчиларни қабул қилишда шаффофликни таъминлаш;

спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни қабул қилишда уларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларини муваффақиятли топширганлигига алоҳида эътибор қаратиш;

давлат буюртмасига асосан спорт-таълим муассасалари томонидан разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш тизимини жорий этиш;

ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган янги тизимини жорий қилиш мақсадида махсус спорт тизимини бошқариш платформасини яратиш ва келгусида унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш;

спорт-таълим муассасалари ўқувчиларининг якка тартибдаги иш дафтарлари, карточкалар, тарқатма ва саноқ материаллари мазмуни ва дизайнини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

етук ва профессионал спортчиларни тайёрлаш учун спорт-таълим муассасаларининг спорт федерация (ассоциация)лари билан ҳамкорлигини кучайтириш;

халқаро тажрибани ўрганиш асосида иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, халқаро спорт майдонларида муносиб қатнашадиган профессионал спортчиларни тайёрлаш учун уларнинг кўникма ва билимини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастурлари ва методикаларини амалиётга жорий этиш.


в) ўқитиш усулларини такомиллаштириш, машғулот жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш:

кичик ёшдан ўқувчиларда соғлом, кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш ҳамда спорт турини танлаш, спортда натижага эришишни мустақил режалаштириш қобилиятини ривожлантириш;

замонавий дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар учун ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда мультимедиа иловаларини яратиш;

спорт-таълим муассасалари кутубхоналарини ўқувчилар мустақил тайёрланадиган замонавий (smart) марказларга айлантириш, уларнинг фойдали майдонларини кенгайтириш ва моддий-техник жиҳозлаш, ягона ахборот тизимига бирлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон ресурсларига улаш;

спорт-таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, муқобил ёндашувларни ўрганишга ва илмий асослашга йўналтирилган амалий характердаги илмий изланишларни ривожлантириш;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида бир-бири билан узвий боғлиқ бўлмаган фанлар асосида тузилган ўқув дастурларидан босқичма-босқич воз кечиш, ўқув режалари ва таълим дастурлари сонини оптималлаштириш;

олимпия ва паралимпия спорт турларининг тарихи, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси, спортчилар ва тренерларни комплекс тайёрлаш каби масалаларга қаттиқ эътибор қаратиш;


г) ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни, уларнинг жисмонан соғлом ва бақувват шаклланишини таъминлаш:

спорт-таълим муассасалари шуғулланувчилари ўртасида соғлом овқатланиш тамойилларини оммалаштириш;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ўқувчиларини овқатлантириш ҳамда хўжалик хизматларини аутсорсинг шартлари асосида амалга ошириш;

саломатликни муҳофаза қилиш ва спортда фармакологик таъсирга эга дори препаратлари ва бошқа моддалардан қонуний фойдаланиш борасида спортчилар, тренерларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш тадбирларини ўтказиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тарбиясида муаммолари бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишларини олиб бориш;

ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда спорт-таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида зўравонлик (буллинг)нинг олдини олишга қаратилган дастурларни жорий этиш;


д) жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчиларга кўрсатиладиган спорт хизматлари сифатини яхшилаш:

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар таълим оладиган спорт-таълими муассасалари бинолари, иншоотлари, спорт базалари ва бошқа объектларига қўйиладиган талабларни белгилаш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар ўқитиладиган таълим муассасаларини зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, касбларга ўқитиш учун зарур бўладиган ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчиларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, таълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич ва бошқалар), шунингдек, тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар ва бошқалар) билан таъминлаш;

жамоатчилик ўртасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган болаларнинг билим олиш ҳамда спорт билан шуғулланиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчиларнинг мослашиши ва интеграцияси учун олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларини махсус жиҳозлар билан таъминлаш;

е) спорт-таълим муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш:

барча спорт-таълим муассасаларини ягона маълумотларни узатиш тармоғига бирлаштириш ҳамда фойдаланиш учун рухсат этилган Интернет тармоғи ресурсларини автоматик фильтрлаш орқали "Хавфсиз Интернет" концепциясини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

ички локал тармоқларни яратиш, ўқув синфхоналарини, ўқитувчилар ҳамда муассаса маъмуриятини ахборот-коммуникация технологиялари ва воситалари, хусусан компьютер техникаси, интерактив доска, планшет ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирилиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, янгиликлар, хавф-хатарлар ва муаммоларга ўз вақтида муносиб равишда эътибор қаратиш учун ахборот алмашинувининг самарали тизимини шакллантириш;

спорт-таълим муассасаларининг мавжуд дарслик ва ўқув-услубий адабиётларини тўлиқ электрон форматга ўтказиш;

спорт-таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давомати мониторингини таъминловчи биометрик тизимни жорий этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари ривожланишининг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда спорт таълими тизимида компьютерлаштириш даражасини ошириш;

ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янги авлод дарслик ва ўқув-услубий адабиётларини тайёрлаш ва чоп этишни ташкиллаштириш;

спорт таълими тизими бошқаруви соҳасига илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг замонавий ютуқларини жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш;

бюджетдан ташқари манбалардан, ҳомийлардан маблағлар тушиши ва тақсимланишини назорат қилиш мақсадида рақамли онлайн-платформаларни яратиш;

спорт таълими тизимида мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш жараёнини тизимли ташкил этиш чораларини кўриш;

электрон китобларни мобил ускуналарга юклаб ва кўчириб олиш мақсадида кутубхоналарда QR-код ёрдамида электрон китоблар ҳақидаги ахборотларни жойлаштириш тизимини яратиш;

спорт-таълим муассасаларида ўқувчиларнинг спорт натижаларини QR-кодлантириш;


ж) спорт таълими тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмини яратиш:

спорт таълими тизими давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, классификацияси, хизматга қабул қилишнинг шаффоф механизмлари (танлов асосида), кадрлар захирасини шакллантириш, одоб-ахлоқ нормаларига риоя этилишини таъминлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

спорт таълими тизимида давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш, коррупциянинг юзага келиш хавфи ва мансаб суиистеъмолчилигини камайтириш имконини берадиган давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизимини яратиш;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш орқали спорт-таълим муассасалари ва аҳоли билан ўзаро ишлашда ортиқча маъмурий сарф-харажатларга барҳам бериш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва услубларини жорий этиш;

иш вақти ва моддий ишлаб чиқариш ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларини кенг жорий этиш ҳисобига спорт таълими тизими ходимларининг меҳнат унумдорлигини ошириш;

спорт-таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш борасида улар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлигини кучайтириш;

спорт-таълим муассасаларидаги ускуналар, махсус транспорт воситалари, компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, қурилиш материаллари, сунъий ҳамда табиий майдон қопламалари ва инвентарлардан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, бюджет маблағларидан тўғри фойдаланиш;

спорт мусобақалари, конференция, кўргазма ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали мамлакатнинг спорт таълими соҳасидаги ютуқларини кенг ёритиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;


з) спорт-таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни молиялаштириш самарадорлигини ошириш:

илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларида илғор технологиялар ва муҳандис ечимларига таяниш, мазкур ишларни амалга оширишда инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан кенг фойдаланиш, уларни шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш;

спорт таълими тизимида қулай инвестиция муҳитини яратиш, хусусий секторни спорт-таълим муассасаларининг қувватларини оширишга янада рағбатлантириш ва манфаатдорлигини ошириш;

нодавлат спорт-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, спорт таълими тизимида рақобат муҳитини ошириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ва бошқа спорт-таълим муассасаларидан етишиб чиққан Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатлари (кубоклари) ғолиб ва совриндорлари бўлган спортчиларнинг мактаблари (клублари)ни ташкил этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

оилавий нодавлат спорт таълими тизимини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

"Замонавий спорт иншооти" лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида спорт-таълим муассасалари учун халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда янги турдаги спорт иншоотларни барпо этиш ва муқаддам қурилган янги биноларни замонавий иншоотлар намунасига мослаштиришни таъминлаш;

олимпия ва паралимпия захиралари коллежларида тиббиёт бўлимларини ташкил этиш, уларни кардиология, травматология, стоматология ва бошқа зарур йўналишлар бўйича замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда малакали мутахассисларни жалб қилиш;

спорт-таълим муассасаларининг ўқув хоналари ва лабораторияларини замонавий мебель, жиҳозлар, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникалари, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш;

спорт-таълим муассасаларида пуллик хизматларни кўрсатишни кенгайтириш, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш амалиётини жорий этиш;

спорт-таълим муассасаларини электр энергияси, табиий газ, кўмир, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 5 ноябрь












































Время: 0.1514
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск