ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.11.2021 й. 677-сон "Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
12.11.2021 й.
N 677
ОРОЛБЎЙИ МИНТАҚАСИ
ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КАРДИОЛОГИЯ
ВА КАРДИОХИРУРГИЯ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ
ТИББИЁТ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 сентябрь куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида ва фуқаролар иштирокида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, Оролбўйи ҳудуди аҳолисига кардиология ва кардиохирургия тиббиёт хизматларини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Урганч филиали негизида Оролбуйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳудуд аҳолисига, шу жумладан Оролбуйи минтақасидаги ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларининг туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларга ўз ихтисослиги бўйича юқори технологияга асосланган малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
ўз ихтисослиги бўйича методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга оширишга ҳамда клиник протоколларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
ўз ихтисослиги бўйича касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва касалликларни даволаш бўйича илғор усулларни ва технологияларни ишлаб чиқишга ҳамда амалиётга татбиқ этишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш;
ўз ихтисослиги бўйича касалликларни даволаш ва уларга ташхис қўйишнинг патентланган усуллари ва технологияларини доимий равишда такомиллаштириб бориш ҳамда уларнинг халқаро миқёсда эътироф этилишига эришиш;
Марказ тиббиёт ходимларининг касбий даражасини, шу жумладан мутахассисларнинг хорижий етакчи тиббиёт таълим муассасаларида ва клиникаларида ўз ихтисослиги бўйича касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий усуллари бўйича стажировкаларини ташкил этиш;
мавжуд тиббиёт техникалари паркининг доимий равишда янгилаб борилишини ва модернизация қилинишини таъминлаш, Марказни ўз ихтисослиги бўйича ҳозирги замон халқаро талабларига мос келадиган юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берадиган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш;
Марказ фаолиятини таъминлаш учун молиявий ва моддий-техник ресурсларни жалб қилиш бўйича менежмент ҳамда маркетинг ишларини ташкил этиш;
ўз ихтисослиги бўйича республика мақсадли дастурларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;
ўз ихтисослиги бўйича етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассисларини, консультациялар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун республикага таклиф этиш орқали кенг ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек мутахассислар алмашинувини таъминлаш.
3. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
давлат илмий дастурларини амалга ошириш доирасидаги грантлар;
пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Белгилансинки:
Марказ ҳудуд аҳолисига, шу жумладан Оролбўйи минтақасидаги ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларининг туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларга ўз ихтисослиги бўйича юқори технологияга асосланган малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатади;
Марказ томонидан аҳолига кўрсатиладиган бепул тиббий ёрдам Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган республика тиббиёт муассасаларига ажратиладиган маблағлар доирасида қопланади;
Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз муҳрига, Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағига эгадир;
Марказ директори Хоразм вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Марказ Устави ва тузилмасини тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин, шунингдек, Марказни амалий тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдирсин.
6. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Марказга ташкилий-методик раҳбарлик қилиш орқали амалиётга тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этсин ҳамда кадрлар малакасини ошириш, сайёр консультациялар, маҳорат дарслари ташкил этиб, ҳар томонлама амалий-услубий ёрдам кўрсатсин.
7. Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказини жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сон қарорига мувофиқ, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш тартиби Марказ учун 2022 йил 1 январдан бошлаб татбиқ этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказни жиҳозлаш учун 2021 йил республика бюджети параметрларида Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўзда тутилган маблағлар доирасида мазкур қарорнинг иловасига мувофиқ маблағни ажратилишини таъминласин.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Марказ учун жиҳозларни харид қилишга доир ишларни амалга ошириш бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги буюртмачи этиб белгилансин.
Бунда, харидлар натижасида иқтисод қилинган бюджет маблағлари Марказ учун сарфлов материаллари ҳамда реактивлар харид қилишга йўналтирилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги харидларни давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
бир ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатини тасдиқласин;
2021 йил 1 декабрдан бошлаб Марказни Давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига уланишини таъминласин.
11. Хоразм вилояти ҳокимлиги вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан:
Марказ очилиши ва ишга туширилиши билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ҳал этишга кўмаклашсин;
Марказга етакчи хорижий ҳамда маҳаллий, шу жумладан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази малакали мутахассисларини тизимли равишда жалб қилиш чораларини кўрсин;
жалб этилган малакали мутахассисларнинг яшаш, овқатланиш ва бошқа зарур харажатларини қоплаш чораларини кўрсин.
12. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Урганч филиалига тегишли Хоразм вилояти, Урганч тумани, Юқорибоғ қишлоғи Боғдорчи маҳалласи Шифонур кўчаси 1-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий масалалари бўйича ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2021 йил 12 ноябрдаги
677-сон қарорига
ИЛОВА
Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган
кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий
тиббиёт марказини жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар
РЎЙХАТИ
АҚШ долл.
Т/р |
Асбоб ускуналар |
Сон |
1 донаси нархи |
Жами |
1. |
Ўпканинг сунъий вентиляцияси қурилмаси |
3 |
29 000 |
87 000 |
2. |
Чақалоқлар учун ўпканинг сунъий вентиляцияси қурилмаси |
1 |
25 800 |
25 800 |
3. |
Беморлар транспортировкаси учун портатив ўпканинг сунъий вентиляцияси қурилмаси |
1 |
20 000 |
20 000 |
4. |
Катталар учун кардиохирургик инструментлар тўплами, коронар ва томир хирургияси учун |
1 |
23 800 |
23 800 |
5. |
Катталар учун кардиохирургик инструментлар тўплами, орттирилган туғма нуқсонлар хирургик давоси учун |
1 |
23 000 |
23 000 |
6. |
Катталар ва болалар учун стернотомия қурилмаси |
2 |
18 500 |
37 000 |
7. |
Юрак ичи текширувлари ва катетерлар абляциясини ЭФИ-тизими (радиочастотали деструктор) |
1 |
220 000 |
220 000 |
8. |
Мультиспирал компьютерли томограф (128 кесим) |
1 |
600 000 |
600 000 |
9. |
Инвазив датчикли хирургик кардиомонитор |
4 |
2 800 |
11 200 |
10. |
Наркоз ва седация кучини назорат қилувчи монитор |
1 |
15 000 |
15 000 |
11. |
4 та бемор учун марказий бошқарувли реанимацион бўлим учун монитор |
2 |
75 000 |
150 000 |
12. |
Инфузион насос (инфузомат) |
20 |
5 000 |
100 000 |
13. |
Дефибриллятор (монитор ва интрокардиал қошиқ билан) |
4 |
8 000 |
32 000 |
14. |
Қондаги газлар ва электролитлар автоматик анализатори |
1 |
10 000 |
10 000 |
15. |
Каогулометр |
1 |
1 500 |
1 500 |
16. |
Ярим автомат биохимик анализатор |
1 |
2 000 |
2 000 |
17. |
Автоматик биохимик анализатор |
1 |
30 000 |
30 000 |
18. |
Кислород концентаторлари |
5 |
2 500 |
12 500 |
19. |
400 литр ҳажмли буғли стерилизатор |
1 |
11 000 |
11 000 |
20. |
Паст ҳароратли плазмали стерилизатор |
1 |
35 000 |
35 000 |
21. |
Портатив ЭХОКГ ускуна |
1 |
12 000 |
12 000 |
22. |
Холтер-электрокардиография қурилмаси |
10 |
3 000 |
30 000 |
23. |
Қон босимини кунлик мониторинг қилиш тизими |
10 |
2 000 |
20 000 |
24. |
Диатермик қурилма (коагулятор) |
3 |
3 000 |
9 000 |
25. |
Лаборатория центрифугаси |
2 |
1 250 |
2 500 |
26. |
Флоуметр (томир датчики билан) |
1 |
36 000 |
36 000 |
27. |
Бевосита аутогемотрансфузия учун система |
1 |
50 000 |
50 000 |
28. |
Болалар учун бронхофиброскоп |
1 |
10 000 |
10 000 |
29. |
Реанимация бўлими учун болалар функционал ётоғи |
4 |
1 500 |
6 000 |
30. |
Стабилизатор |
2 |
6 000 |
12 000 |
31. |
Кислород станция |
1 |
50 000 |
50 000 |
32. |
Зарб-тўлқинли даволаш учун қурилма |
1 |
150 000 |
150 000 |
33. |
Спироэргометрия |
1 |
67 700 |
67 700 |
34. |
Реанимация бўлими учун тиббий консоль |
8 |
2 500 |
20 000 |
35. |
Велоэргометрия |
2 |
15 000 |
30 000 |
36. |
Тредмил тест қурилмаси |
1 |
18 000 |
18 000 |
37. |
Дизеллик электр генератор 100-500 кВА |
1 |
25 000 |
25 000 |
38. |
Умуртқа поғонасига компрессия ва декомпрессия қилиш ва вибрацион-иссиқлиқ ускунаси |
1 |
10 000 |
10 000 |
39. |
Портатив ЭХОКГ ускуна |
1 |
12 000 |
12 000 |
Жами |
104 |
- |
2 005 000 |
Изоҳ. Асбоб-ускуналар якуний нархлари танлов натижаларига асосан аниқланади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 13 ноябрь