Внимание!

NB! Мазкур Конунга 2024 йил май ойидан киритиладиган ўзгартиришларни ЎзР 14.02.2024 й. ЎРК-907-сон Конунига каранг


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар. Ердан фойдаланиш /

Ўзбекистон Республикасининг 15.11.2021 й. ЎРҚ-728-сон "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.09.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 30.09.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.11.2021 й.

N ЎРҚ-728



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА МЎЛЖАЛЛАНМАГАН

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган

ер участкаларини хусусийлаштириш

тўғрисидаги қонунчилик


Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бўш турган ер участкаси - бинолар ва иншоотлар жойлашмаган, ҳеч қандай мажбуриятлар ёки тақиқлар ўрнатилмаган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликка мувофиқ ажратиб берилмаган, давлат мулки бўлган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси;


давлат кўчмас мулк объектлари - давлат мулки бўлган мулкий мажмуалар (корхоналар), бинолар ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар;


ер участкасини хусусийлаштириш - давлат мулки бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ва (ёки) юридик шахсларининг мулкига ўтказиш;


электрон онлайн-аукцион - аукцион шаклидаги электрон савдоларни ўтказиш усули бўлиб, бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ихтисослаштирилган электрон савдо майдончасида аукциондан потенциал харидорларнинг тенг равишда фойдаланиши асосида реализация қилинади;


қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси (бундан буён матнда ер участкаси деб юритилади) - қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси.



4-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришнинг

асосий принциплари


Ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

ихтиёрийлик;

ҳақ тўлаш;

хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг яхлитлиги;

очиқлик ва шаффофлик.



5-модда. Қонунийлик принципи


Ер участкаларини хусусийлаштириш ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мувофиқ тарзда амалга оширилиши керак.



6-модда. Ихтиёрийлик принципи


Ер участкаларини хусусийлаштириш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари ер участкаларини хусусийлаштиришга бўлган ўз ҳуқуқларини ўз ихтиёрига кўра ҳамда ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш учун мажбурлаш тақиқланади.



7-модда. Ҳақ тўлаш принципи


Ер участкаларини хусусийлаштириш пулли асосда амалга оширилади.



8-модда. Хусусийлаштириладиган ер участкаларининг

ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг

яхлитлиги принципи


Ер участкаларини ва уларда жойлашган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.



9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи


Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлиши керак.

Давлат органлари ва ташкилотлари ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.



10-модда. Хусусийлаштириш объектлари


Хусусийлаштириш объектлари қуйидагилардан иборат:

юридик шахсларга тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун берилган ер участкалари;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;

хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари;

бўш турган ер участкалари.



11-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришга

доир шаҳарсозлик талаблари


Ер участкаларини хусусийлаштириш аҳоли пунктларининг бош режаларига, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига ёки ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ҳужжатларга ёхуд ер участкаларидан фойдаланишнинг рухсат берилган турларига мувофиқ амалга оширилади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу Қонун кучга киргунига қадар вужудга келган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида хусусийлаштириш субъектларига тегишли бўлган ер участкалари, шунингдек хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, мазкур ер участкаларидан фойдаланишнинг асосий мақсадини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари тасдиқлангунига қадар сақлаб қолиш шарти билан хусусийлаштирилиши мумкин.



12-модда. Хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари


Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

фойдали қазилма конлари жойлашган ер участкалари, бундан захиралари фойдали қазилмалар захиралари давлат баланси ҳисобига олинмаган кенг тарқалган фойдали қазилмалар мустасно;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);

қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;

шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қонунчиликда чекловлар ўрнатилган ҳудудлардан фойдаланиш зоналарида жойлашган ер участкалари;

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари - махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;

кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари.

Ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи белгиланиши мумкин.



13-модда. Хусусийлаштириш субъектлари


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари хусусийлаштириш субъектларидир.

Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.


14-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари


Ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

хусусийлаштириш субъектлари томонидан ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш;

ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш.



15-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришдан

тушадиган маблағларни йўналтириш


Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар рўйхати ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган харажатлар чегириб ташланган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.



2-БОБ. ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

СОҲАСИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

аҳоли пунктларини ва ҳудудларни режалаштириш ҳамда ривожлантириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланиши ва эълон қилинишини ташкил этади;

ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш тартибини белгилайди;

хусусийлаштириладиган ер участкалари сотиб олиш қиймати миқдорини, шунингдек уни тўлаш тартибини белгилайди;

ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари классификаторини тасдиқлайди;

Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентни тасдиқлайди.



17-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер

участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

хусусийлаштириш мақсадида бўш турган ер участкаларининг аниқланиши ва электрон-онлайн аукционга қўйилишини таъминлайди;

ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлардан ҳудудларни ривожлантириш учун мақсадли равишда фойдаланилишини таъминлайди;

электрон онлайн-аукционга қўйилаётган бўш турган ер участкалари тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ер участкаларини

хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги:

кейинчалик электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш учун бўш турган ер участкаларини аниқлайди;

ер участкаларининг хариталарини тузади;

хусусийлаштириладиган ер участкаларининг майдони ва чегараларини белгилайди;

хусусийлаштирилиши лозим бўлган бўш турган ер участкалари бўйича материаллар тайёрлайди;

ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқининг давлат рўйхатига олинишини амалга оширади.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини

бошқариш агентлигининг ер участкаларини

хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:

хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектларининг аниқланишини ва уларнинг мазкур объектлар жойлашган ер участкалари билан бирга электрон онлайн-аукционга қўйилишини;

ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери берилишини ва тегишли реестр юритилишини;

савдолар ташкилотчиси орқали ер участкаларини хусусийлаштиришнинг очиқ ва шаффоф механизмини;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида ихтисослаштирилган электрон савдо майдончасининг фаолият кўрсатишини ва электрон онлайн-аукционлар ўтказилишини ташкил этишни таъминлайди.



20-модда. Давлат органларининг ҳамкорлиги


Давлат органлари ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларига тааллуқли қисм бўйича ахборот алмашиш ва маълумотлар базаларидан зарурий фойдаланиш имкониятини бериш орқали ҳамкорликни амалга оширади.



3-БОБ. ХУСУСИЙЛАШТИРИШ СУБЪЕКТЛАРИГА

ДОИМИЙ ФОЙДАЛАНИШ (ЭГАЛИК ҚИЛИШ), ИЖАРА

ЁХУД МЕРОС ҚИЛИБ ҚОЛДИРИЛАДИГАН УМРБОД ЭГАЛИК

ҚИЛИШ ҲУҚУҚЛАРИ АСОСИДА ТЕГИШЛИ БЎЛГАН

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ


21-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришга

доир аризани бериш ва кўриб чиқиш тартиби


Ер участкаларини хусусийлаштиришга доир ариза (бундан буён матнда ариза деб юритилади):

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси томонидан - тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун ўзига берилган ва доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси томонидан - якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан берилади.

Ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларига ўтганда уларга мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади.

Агар ер участкаси бир нечта хусусийлаштириш субъектининг биргаликдаги эгалигида ёки фойдаланишида бўлса, ариза барча субъектларнинг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузиладиган келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда суд томонидан белгиланадиган тартибда берилади.

Aриза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Aризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Aриза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Aризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Aризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади.

Ижобий қарор мавжуд бўлган хабарнома хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини аризачи томонидан тўлаш учун асосдир.

Салбий қарор мавжуд бўлган хабарномада ер участкасини хусусийлаштириш мумкин эмаслигининг асослантирилган сабаблари шаҳарсозлик ҳужжатларининг аниқ талабларига ёки қонунчилик нормаларига ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади.

Aризани кўриб чиқиш натижалари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



22-модда. Хусусийлаштириладиган ер участкасининг

майдони ва чегараларини аниқлаш


Хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрида кўрсатилган майдон ва чегаралар доирасида амалга оширилади. Мазкур ер участкаларини хусусийлаштиришда уларнинг майдони ва чегараларига ўзгартишлар киритишга йўл қўйилмайди.



23-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришни

рад этиш учун асослар


Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун асослар қуйидагилардан иборат:

ер участкаларини хусусийлаштириш учун ушбу Қонунда назарда тутилган асосларнинг мавжуд эмаслиги;

хусусийлаштириладиган ер участкасига нисбатан тугалланмаган суд ишларининг мавжудлиги;

хусусийлаштириладиган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан қўйилган тақиқнинг ёки белгиланган хатловнинг мавжудлиги;

аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида, аҳоли пункти қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларида, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва қуришга доир бошқа ҳужжатларда ёки ер участкасидан фойдаланишнинг рухсат берилган турларида ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотларнинг мавжудлиги;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида ариза топширилгунига қадар қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари мавжудлиги;

хусусийлаштириладиган ер участкасини сотишга ёки бошқача тарзда ўзга шахсга ўтказишга нисбатан тақиқнинг мавжудлиги;

аризада нотўғри, бир-бирига зид бўлган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги;

хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш ушбу Қонунда белгиланган муддатда амалга оширилмаганлиги ёки тўлиқ амалга оширилмаганлиги.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни бошқа сабабларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда, рад жавоби олинган кундан эътиборан бир ой ичида аризачи давлат хизматлари кўрсатилиши учун йиғимни тўламасдан қайта ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.



24-модда. Хусусийлаштириладиган ер участкасининг

сотиб олиш қийматини аниқлаш ва тўлаш


Хусусийлаштириш субъектига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қиймати юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган, тегишли ерлар учун хусусийлаштириш пайтида белгиланган ер солиғи базавий ставкасининг каррали миқдорларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ер участкаларининг, шунингдек хусусийлаштириш субъектларининг айрим тоифаларига, шу жумладан ер солиғини тўлашдан озод қилинган шахсларга нисбатан табақалаштирилган коэффициентларни белгилашга ҳақли.

Хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш ижобий қарорга эга бўлган хабарнома олинганидан кейин ўн иш куни ичида аризачи томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ЭЛЕКТРОН ОНЛАЙН-АУКЦИОН

ОРҚАЛИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ


25-модда. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш


Бўш турган ер участкалари аҳоли пунктларининг бош режаларига, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва қуришга доир бошқа ҳужжатларга, ер участкаларидан фойдаланишнинг рухсат берилган турларига мувофиқ аниқланади.

Бўш турган ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади.



26-модда. Давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган

ер участкаларини хусусийлаштириш


Хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари тасдиқланган хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аниқланади.

Хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари мазкур кўчмас мулк объектлари билан бирга электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади.


27-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон

онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма


Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма:

тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари томонидан;

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун -Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан берилади.



28-модда. Хусусийлаштириладиган ер участкасининг қиймати


Хусусийлаштириладиган ер участкасининг қиймати ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра белгиланади.

Электрон онлайн-аукционга қўйиладиган ер участкасининг бошланғич нархи унинг электрон онлайн-аукционга қўйилиш пайтидаги бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади.

Хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкасининг бошланғич нархи мазкур кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Закалат миқдори ва қадам нархи бошланғич нархдан фоизларда ва пулда ифодаланган тарзда белгиланади.



5-БОБ. ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН ЕР

УЧАСТКАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ


29-модда. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери


Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Ер участкаси унда жойлашган давлат кўчмас мулк объекти билан бир вақтда хусусийлаштирилган тақдирда, ер участкасига ва кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи учун ягона давлат ордери расмийлаштирилади.

Давлат ордерлари берилганлиги учун давлат божи ундирилмайди.



30-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасига

бўлган хусусий мулк ҳуқуқи


Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади.



31-модда. Хусусийлаштирилган ер участкалари

мулкдорларининг ҳуқуқлари


Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш.



32-модда. Хусусийлаштирилган ер участкалари

мулкдорларининг мажбуриятлари


Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари:

ер участкасидан фойдаланишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

бошқа ер участкаларининг мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт.



33-модда. Хусусийлаштириш субъектлари бўлмаган

шахсларда ер участкаларига бўлган мулк

ҳуқуқининг вужудга келиши


Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эллик юридик шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, агар қонунда бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмас.

Агар чет эл фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс, чет эллик юридик шахс, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада ер участкаларига мулк ҳуқуқи вужудга келса, ушбу ер участкалари бундай ҳолат юз берган пайтдан эътиборан олти ой ичида бегоналаштирилиши лозим.

Агар ер участкалари ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатда бегоналаштирилмаса, ушбу моддада кўрсатилган шахсларда уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага олишда устун ҳуқуқ сақлаб қолинган ҳолда ер участкалари давлат мулкига ўтказилади.



34-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг

хусусий мулки бўлган ер участкасига мулк

ҳуқуқининг бекор қилиниши

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасига мулк ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ер участкасига, шунингдек бинолар, иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи улар жойлашган ер участкаси билан бирга фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда бошқа шахсга ўтказилганда;

жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари, шунингдек бинолар, иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулк улар жойлашган ер участкалари билан бирга қайта сотиб олинганда;

қонунда белгиланган ҳолларда ер участкаси, шунингдек бинолар, иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулк улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара қилинганда;

қонунчиликда белгиланган ҳолларда ер участкаси, бинолар, иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулк улар жойлашган ер участкалари билан бирга реквизиция қилинганда;

ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ер участкасига қаратилганда.



35-модда. Ундирув қаратилган юридик ва жисмоний

ахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасининг

қийматини аниқлаш

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасига мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув қаратилганда ушбу ер участкасининг қиймати қонунга мувофиқ аниқланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган, олиб қўйилаётган ер участкасининг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган қиймати юзасидан судда низолашилиши мумкин.



36-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий

мулки бўлган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари

учун қайта сотиб олиш

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш:

фақат ер участкаси мулкдорининг ёзма розилиги олинганда амалга оширилади;

ер участкасининг мулкдори ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари номидан тенг шартлар асосида тузиладиган ер участкасининг олди-сотди шартномаси билан расмийлаштирилади;

башарти ер участкасининг шартнома қиймати давлат томонидан олдиндан тўланса, амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги эҳтиёжлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно);

республика аҳамиятига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);

тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш;

давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш фақат ер участкалари мулкдорлари билан қайта сотиб олишнинг шартнома нархи ва қайта сотиб олиш шартлари очиқ муҳокама қилинганидан кейин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан мажбурий равишда келишилганидан кейин амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасини қайта сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

давлат бошқаруви органларининг ташаббусига кўра - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича марказлаштирилган республика жамғармаси;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташаббусига кўра - тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича марказлаштирилган ҳудудий жамғармалар.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасининг қайта сотиб олиш қийматини тўлаш ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи давлатга ўтказиладиган пайтга қадар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда хусусий мулк бўлган ер участкасининг мулкдори ўртасидаги ер участкасининг олди-сотди шартномасини тузиш бўйича келишмовчиликлар суд тартибида ҳал этилади.



37-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий

мулки бўлган ер участкасини реквизиция қилиш

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкаси табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ҳолларида ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларда унинг мулкдоридан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин, бунда хусусий мулк бўлган ер участкасининг мулкдорига етказилган зарарларнинг ўрни қопланиб, унга реквизиция тўғрисида ҳужжат берилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасини реквизиция қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини фавқулодда ҳолатлар муносабати билан юзага келадиган таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.

Реквизиция амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ҳолатларнинг амал қилиши тугагач, реквизиция қилинган ер участкасининг собиқ мулкдори сақланиб қолган мол-мулкини ўзига қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юзага келган тақдирда, ер участкасини реквизиция қилиш зарурати мавжуд бўлмаганда ер участкаси ушбу ҳолатларнинг амал қилиш даврида вақтинча фойдаланиш учун эгалланиши мумкин ва ер участкасининг мулкдорига унинг ҳуқуқлари вақтинча чекланганлиги муносабати билан етказилган зарарларнинг ўрни қопланади.

Вақтинча эгалланган ер участкасини қайтаришнинг имкони бўлмаган тақдирда, унинг мулкдорига шу ер участкасининг бозор қиймати ва ер участкасини қайтариб беришнинг имкони йўқлиги муносабати билан етказилган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади.

Реквизиция қилинган ер участкасининг бозор қиймати ўрни ер участкаси мулкдорига қайси баҳолашга мувофиқ қопланган бўлса, ўша баҳолаш, ер участкасини реквизиция қилиш ёки ер участкаси мулкдорининг ҳуқуқларини вақтинча чеклаш муносабати билан етказилган зарарлар юзасидан мулкдор томонидан суд тартибида низолашилиши мумкин.



38-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий

мулки бўлган ер участкасини мусодара қилиш

Юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкаси жиноят-процессуал қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда мулкдордан суд қарори асосида олиб қўйилиши (мусодара қилиниши) мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


39-модда. Низоларни ҳал этиш


Ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



40-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер

участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



41-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 13 августда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги ЎРҚ-552-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 8, 463-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 272-моддаси;


3) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августда қабул қилинган "Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-708-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 8, 800-модда) 14-моддаси.



42-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



43-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



44-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 16 ноябрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 16 ноябрь











































Время: 0.2173
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск