ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Саноат, эренгетика ва бошка ишлаб чикариш объектларникуриш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.11.2021 й. ПҚ-3-сон "Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.11.2021 й.

N ПҚ-3



"СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ҚУВВАТИ 220 МВт

БЎЛГАН ГАЗ-ПОРШЕНЛИ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ

ҚУРИШ" ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Cengiz Enerji San. ve Tic A.Ş." (Туркия Республикаси) (кейинги ўринларда - Инвестор) ва "Cenergo" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) билан Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) амалга оширилиши режалаштирилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 28 июнда инвестиция битими имзоланганлиги (кейинги ўринларда - Инвестиция битими) ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ва 25 йил давомида эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, жами 140 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

в) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 28 июнда Инвестиция лойиҳаси доирасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) имзоланганлиги ҳамда ушбу битимга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 1,6 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиши;

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ тимсолида ягона харидорга сотиш мажбуриятини олганлиги;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл валютасида имтиёзли, қопланмайдиган шартсиз банк кафолати тақдим этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги имзоланган Инвестиция битими тасдиқлансин.

Белгилансинки, Инвестиция битими унда кўрсатилган шартларга мувофиқ кучга киради.


3. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижасида Инвестиция лойиҳаси доирасида имзоланган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


4. Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун хорижий валютада деноминацияланган қатъий тариф ўрнатилганлиги белгилаб қўйилсин.


5. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига Ўзбекистон Республикаси тижорат банкининг чет эл валютасида имтиёзли, қопланмайдиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолати тақдим этишга;

Инвестиция лойиҳаси мақсадлари учун табиий газ етказиб берувчи сифатида иштирок этишга;

Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган электр энергияси нархларини, истисно тариқасида, чет эл валютасига боғлаган ҳолда белгилашга рухсат берилсин.


6. "Ўзтрансгаз" АЖ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ Лойиҳа компаниясига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини таъминласин.

Бунда, "Ўзтрансгаз" АЖнинг айби билан табиий газ етказиб берилмаслиги натижасида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан Лойиҳа компаниясига етказилган зарарлар, шу жумладан барча турдаги жарима ва бой берилган фойда суммаларини тўлаб бериш мажбурияти юзасидан, агарда шартномада бошқа шартлар кўрсатилмаган бўлса, табиий газ етказиб берувчилар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ олдида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ регресс тартибида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилсин.

Сув хўжалиги вазирлиги Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ Лойиҳа компаниясига техник сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини таъминласин.


7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига тўланиши лозим бўлган барча солиқлар ва йиғимлар амалга оширилган ҳолда, хорижий кредиторларнинг лойиҳаларни молиялаштиришда анъанавий қўллайдиган рискни бошқариш талабларига мувофиқ кредит маблағлари сарфини назорат қилиш, чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақларини очишга ҳамда республикада очилган банк ҳисобварақларидан хорижда очилган банк ҳисобварақларига Инвестиция лойиҳаси доирасида олинган кредитларни қайтариш мақсадида пул маблағларини ўтказишга рухсат берилсин.


8. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган ер участкасининг Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.

Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан ажратилган ер участкасини Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.


9. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


10. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ҳамда Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков ва энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 11 ноябрь



















































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск