ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Санатория-курорт тартибида даволаш /

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 19.11.2021 й. 693-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 19 ноябрдаги

693-сон қарорига

ИЛОВА



Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга

санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар

бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар (кейинги ўринларда - йўлланмалар) бериш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда - давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.

Йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларга (кейинги ўринларда - санаторийлар) берилади.


2. Давлат хизмати Агентликнинг туман (шаҳар)лардаги "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда - ваколатли орган), Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ёхуд "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими (кейинги ўринларда - ЯМИҲ АТ) орқали ваколатли орган томонидан кўрсатилади.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда - ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Йўлланмалар умумий сони санаторийларнинг мавжуд ўринлари ҳамда тегишли молия йилида Давлат бюджетидан йўлланмалар учун мақсадли тартибда назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида белгиланади.


3. Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтагаи пенсия ёшидаги шахслар;

I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;

ёшга доир пенсия олувчилар.

Йўлланма бериладиган шахсларнинг ушбу банднинг иккинчи, учинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган тоифага кириши тўғрисидаги маълумотлар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан тақдим этилади.

4. Йўлланмаларни бериш даврийлиги (бирламчи мурожаат этганлар бундан мустасно) қуйидагилардан иборат бўлади:

а) ҳар йили - навбат асосида:

уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль АЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;

б) икки йилда бир маротаба - навбат асосида:

уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;

в) уч йилда бир маротаба - навбат асосида ёшга доир пенсия олувчиларга.


5. Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар тоифаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан аниқланади.

6. Давлат хизмати кўрсатиш мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


1-§. Мурожаатларни шакллантириш ва юбориш


7. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки ваколатли органга келиб мурожаат этадилар ёхуд давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТда рўйхатдан ўтадилар.

8. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган ходими кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан, ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТ орқали мурожаат этган тақдирда эса - мустақил тарзда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдирадилар.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси, мавжуд бўлса, ушбу Регламентнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар) нусхаси;

тиббий маълумотнома (даволовчи шифокор томонидан бериладиган санаторий-соғломлаштириш тавсия этиладиган маълумотнома).

Ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.


9. Қуйидаги касалликлар мавжуд бўлганда шахсга тиббий маълумотнома берилмайди:

беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва хулқий бузилишлар билан кечадиган руҳий касалликлар, хусусан тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик касалликлар;

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

Тиббий маълумотномаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни тегишли касалликлар бўйича ихтисослаштирилган санаторийларга йўлланма бериш юзасидан маълумотлар киритилиши мумкин.


10. Сўровнома зарур маълумотлар расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқланади.

11. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.


12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


13. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда уларнинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.


14. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга келиб мурожаат этганда, уларнинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган ходими томонидан тўлдирилиб, тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органнинг "IHMA Sanatoriya" модулига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТ орқали мурожаат қилинганда эса - сўровнома автоматик тарзда ваколатли органнинг "IHMA Sanatoriya" модулига юборилади.

15. "IHMA Sanatoriy" модулида келиб тушган сўровномаларнинг электрон реестри юритилади. Бунда, фуқаролар сўровномаларнинг кўриб чиқиш ҳолати ва навбати тўғрисидаги маълумотларни Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органга мурожаат қилиш ёки ЯИДХП ёхуд ЯМИҲ АТ орқали реал вақт режимида олиши мумкин.

16. Йўлланмалар санаторийларнинг мавжуд ўринларидан келиб чиққан ҳолда ажратилган бюджет маблағлари доирасида навбат асосида берилади.

Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар учун санаторийларга йўлланмалар биринчи навбатда берилади.

Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно) берилади.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланма амал қилиш муддати бошланишидан 20 кун олдин, бироқ 10 кундан кам бўлмаган муддатда "IHMA Sanatoriy" модули орқали электрон шаклда (электрон почта манзиллари мавжуд бўлганда), алоқа воситалари орқали қисқа матнли хабар (СМС) орқали ёки ваколатли органнинг ходимлари томонидан санаторийга жойлашиш навбати келиши ҳақида хабардор қилинади.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин уларга шакллантириладиган йўлланмадан фойдаланишни рад этиши ёки йўлланма амал қилиш муддатини бир ойга узайтириш ҳақида ваколатли органга мурожаат қилиши мумкин.

Бунда, фойдаланишни рад этган ёки йўлланма амал қилиш муддатини бир ойга узайтириш бўйича мурожаат қилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўрнига кейинги навбатдаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида белгиланган тартибда хабардор қилинади.

Мазкур банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган муддатдан ўтгандан сўнг 5 кун ичида йўлланмалардан фойдаланувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан йўлланма бўйича санаторийларга мурожаат қилинмаганда берилган йўлланма бекор қилинади, бундан мазкур Регламентнинг 28-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

Йўлланма олиш учун навбатга қўйилган шахс йўлланмадан фойдаланилмаганлиги муносабати билан электрон рўйхатдан чиқарилади ҳамда тизимда рўйхат автоматик равишда янгиланади.


17. Санаторийда соғломлаштириш учун берилган йўлланмада кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг тоифаси, йўлланманинг муддати ҳамда уни расмийлаштирган ваколатли органнинг номи тўлиқ кўрсатилиши лозим.


18. Ваколатли орган навбати келган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда йўлланмани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ёки ЯМИҲ АТ орқали электрон равишда юборади.

19. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган йўлланма тушганидан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юборади (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг сўровига кўра, уларга йўлланмани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши мумкин.


2-§. Йўлланмаларни тақсимлаш


20. Агентлик кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сони, имтиёз тоифаси ва йўлланмаларнинг бериш даврийлигига мувофиқ республика санаторийларига йўлланмаларни тақсимлаш режасини ҳар чоракда тасдиқлайди.

Бунда, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш учун йўлланмаларни тақсимлаш режасини инобатга олади.

23. Фойдаланилган йўлланмалар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5-кунига қадар ҳудудий бошқармалар томонидан Агентликка тақдим этилади.


24. Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.


25. Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Санаторийга битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (шу жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.


26. Санаторийга ташриф буюрган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзи билан бирга йўлланмадан ташқари шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан йўлланмага асосан берилган санаторий-курорт картасини олиб келиши лозим.


27. Санаторийларга қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.


28. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар саломатлигининг ҳолатига ёки бошқа асосли сабабларга кўра, шу жумладан фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқиб кетиши сабабли йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, йўлланмада кўрсатилган санаторийга келиш муддатидан камида уч кундан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақида Давлат хизматлари марказига ёки ваколатли органга хабар бериши ва йўлланмани қайтариши лозим. Давлат хизматлари маркази ходими бу ҳақида 1 соат мобайнида ваколатли органни хабардор қилади.

Йўлланма олиш навбати келган фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқиб кетган, шунингдек, йўлланмадан фойдаланиш муддатини узайтириш тўғрисида мурожаат қилган бўлса, фуқароларнинг навбат муддати фақат бир маротаба кейинги ойга кўчирилади.

29. Санаторий раҳбарлари соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторийда ҳақиқатда бўлган вақти, муддатидан олдин кетган бўлса, унинг сабаблари кўрсатилган маълумотларни йўлланманинг "Қайтариладиган қисми"га киритади ҳамда ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, ахборот тизими орқали ваколатли органга юборади.


30. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилган ва улар томонидан фойдаланилган йўлланмалар ҳисоби ваколатли органлар томонидан юритилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Ваколатли органлар йўлланмаларнинг жойларда ўз вақтида ва мақсадли берилиши, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланмаларни олишларида адолат тамойилларига ҳамда навбатлиликка қатъий амал қилинишини таъминлашда жавобгар ҳисобланади. Ҳудудий бошқармалар юқоридаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни олиб бориш учун масъул ҳисобланади.


32. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган хизматлар сифати учун санаторийлар раҳбарлари жавоб берадилар.


33. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


34. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.

Бунда, "Инсон" марказлари ва ЯМИҲ АТ орқали давлат хизматини кўрсатишда мазкур Регламент талабларига риоя этилиши Агентлик ва Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилинади.

35. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


36. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА


Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга

санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар

бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш

СХЕМАСИ


Босқичлар

   


     

Субъектлар

   


      

Тадбирлар

     


    

Муддатлар

       











1-босқич


Кексалар ва ногиронлиги

бўлган шахслар


     

Йўлланма олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки "Инсон" ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиш ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш

          


Хоҳишига кўра








2-босқич


         

1. Давлат хизматлари маркази ёки "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази

      


Сўровномани ахборот тизимида шакллантириш ҳамда "IHMA Sanatoriy" модулига юбориш


           

1. Сўровнома тўлдирилгандан

кейин 10 дақиқа ичида


2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими

        



2. Автоматик тарзда








3-босқич


"IHMASanatoriy" модули


      

1. Сўровнома тушганидан сўнг уни электрон реестрда қайд этиш.

      


         

1. Автоматик тарзда



2. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини тегишли Давлат хизматлари марказига, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига электрон тарзда юбориш.

     


2. Автоматик тарзда



3. Йўлланма расмийлаштирилган тақдирда, тегишли Давлат хизматлари марказига, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказига, ЯИДХП ва "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига электрон тарзда юбориш.

     


3. Навбати келганда








4-босқич


        

1. Давлат хизматлари маркази ёки "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази




2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими


         

1. Йўлланма тушганидан сўнг уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юбориш (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиш.


2. Мурожаатчи йўлланмани ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимидаги шахсий кабинетида юклаб олади.


3. Ўзи (ёки ишончли вакили) келиб мурожаат қилганда йўлланмани электрон ёки қоғоз шаклида бериш.


4. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни хабардор қилиш.

          


10 дақиқа ичида

          





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА

(сана)


(рақам)

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда

даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича

СЎРОВНОМА

I. Кекса ва ногиронлиги бўлган шахс тўғрисида маълумотлар:


1. Ф.И.О.



2. Туғилган йили ва санаси



3. Доимий рўйхатдан ўтган жойи



4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлганда)



5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда)



6. Телефон рақами



II. Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

1. Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси, мавжуд бўлса, ушбу Регламентнинг 4-бандида санаб ўтилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар) нусхаси



2. Тиббий маълумотнома



Ариза берувчининг имзоси






Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ АГЕНТЛИГИ


Санаторийда соғломлаштириш учун 000000-сон

ЙЎЛЛАНМА


1. Даволанувчининг Ф.И.О.:



2. Даволанувчининг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ким томонидан берилганлиги):



3. Даволанувчининг ЖШШИР:



4. Туғилган йили (йил, кун, ой,): 0000.00.00 йил


5. Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили:



6. Тиббий маълумотнома (рақами, қачон ким томонидан берилган):



7. Имтиёзли тоифаси:



8. Санаторий номи, телефон рақами:



9. Санаторий манзили:



10. Соғломлаштириш муддати:


12 кун

0000 йил 00.00 дан

0000 йил 00.00 гача

11. Йўлланмани расмийлаштирган ваколатли орган:



           

(қирқиш чизиғи)

Санаторий томонидан туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий

хизматларни ривожлантириш бўлимига 000000-сон йўлланманинг

ҚАЙТАРИЛАДИГАН ҚИСМИ

1. Даволанувчининг Ф.И.О.:



2. Даволанувчининг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ким томонидан берилганлиги).



3. Дам олувчининг ЖШШИР:



4. Туғилган йили (йил, кун, ой,): 0000.00.00 йил


5. Имтиёзли тоифаси:



6. Санаторий номи, телефон рақами:



7. Ҳақиқий соғломлаштирилган муддати:


00 кун


0000 йил 00.00 дан


0000 йил 00.00 гача


8. Изоҳ:



Эслатма: Йўлланма фақат унда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, шунингдек санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди. Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Санаторийга битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (шу жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.


QR-код жойи

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 ноябрь














































Время: 0.0571
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск