ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиқ ҳисоботи. Солиқ ҳисоботи шакллари /

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2021 й. 707-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 22 ноябрдаги

707-сон қарорига

2-ИЛОВА



Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан

солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган

харажатларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда айрим якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад - ҳисобот даврида товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан тушган жами тушум суммаси;


соф даромад - товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромаддан ушбу товарларнинг (хомашёнинг) ҳужжатлар билан тасдиқланган таннархи, уларни сотиб олиш, сақлаш, сотиш ва маъмурий харажатлар чегирилган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорнинг ихтиёрида қолган даромад (фойда) суммаси.



2-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР УЧУН

ДАРОМАДЛАРНИ ВА ТОВАР ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ РЕГИСТРЛАРИ


3. Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ солинадиган даромадларни ва харажатларни ҳисобга олиш регистрларида даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт.

Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш регистрлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш дафтари;

товар чеклари дафтари ёки назорат-касса техникаси чеки.

Бунда, даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари дафтар шаклида (кейинги ўринларда - ҳисобга олиш дафтари) тикилади, унинг биринчи варағи якка тартибдаги тадбиркор тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади.

Ҳисобга олиш дафтарининг кейинги варақларида фаолият туридан келиб чиқиб:

чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромадларини ҳисобга олиш регистрлари;

хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромадларини ҳисобга олиш регистрлари;

харажатларни ҳисобга олиш регистрлари ўз фаолияти учун лозим бўладиган миқдорда (варақда) тикилади.


4. Аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни назорат-касса техникасини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган фаолият турлари билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор товар чеклари дафтарини давлат солиқ хизмати органларига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиши лозим.

Товар чеклари дафтари якка тартибдаги тадбиркорнинг аризасига асосан у рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатларнинг ҳисобини юритиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


5. Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари рақамлар қўйилган, ип ўтказиб боғланган ҳолда тегишли давлат солиқ хизмати органларининг муҳри билан тасдиқланади ва якка тартибдаги тадбиркорга бир иш кунидан кечиктирмай тақдим қилинади.

Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркорда охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан беш йил мобайнида сақланади.



3-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР

ТОМОНИДАН ДАРОМАДЛАР ВА ТОВАР

ОПЕРАЦИЯЛАРИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


6. Ўз фаолиятининг хусусиятига кўра аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни назорат-касса техникасини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар товар чеклари дафтарини юритишлари шарт.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни назорат-касса техникасини қўллаган ҳолда амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар чеклари дафтари юритилмайди.


7. Ҳисобга олиш дафтаридаги ёзувлар уларнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун у билан бирга сақланадиган ҳужжатлар асосида юритилади.

Қуйидагилар якка тартибдаги тадбиркор томонидан харид қилинган товарлар (хизматлар) манбаини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади:

шартнома;

ҳисобварақ-фактура;

банкдаги ҳисобварағидан товарлар (хизматлар)ни пул ўтказиш йўли билан сотиб олганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси;

товарлар (хизматлар) сотиб олинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.


8. Қуйидагилар товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади:

назорат-касса техникаси чеклари нусхалари - назорат-касса техникаси қўлланилиши орқали товарлар сотилганда (шу жумладан, виртуал касса);

банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари чеклари нусхалари - ҳисоб-китоб терминали қўлланилганда;

банкдаги ҳисобварағига тушган пул маблағлари - товарлар (хизматлар) пул ўтказиш йўли билан сотилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси;

товар чеклари дафтари - товар чеки берилганда;

товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.


9. Сотилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар реквизитлари (товарлар, хизматлар номи, ўлчов бирлиги, товарларни харид қилиш, сотиш ва кўрсатилган хизматлар суммаси) тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олиш дафтарида календарь ой якунланганидан сўнг кейинги ойнинг учинчи кунидан кечиктирмасдан тегишли ёзувлар билан қайд этилади.

Календарь ой давомида сотилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар суммаси назорат-касса техникаси кўрсаткичи, банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари чеклари, ёзилган товар чеклари суммаси ҳамда банкдаги ҳисобвараққа пул кўчириш орқали тушган пул маблағларининг умумий суммаси билан мос тушиши керак.


10. Ҳар бир мижозга товарлар (хизматлар)нинг реализация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар товар чеклари дафтарининг алоҳида варағида акс эттирилади. Товар чеклари дафтаридаги варақа икки нусхада тўлдирилади, бир нусхаси қирқиб олинади ва харидорга берилади, иккинчи нусхаси товар чеклари дафтарида тикилган ҳолда қолади.

Бунда, харидорга бериладиган ва ўзида қоладиган товар чеклари дафтаридаги варақда барча ёзувлар айнан бир хил бўлиши керак.


11. Товар чеклари дафтаридаги варақларда қуйидаги ёзувлар:

якка тартибдаги тадбиркор томонидан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси-товар чеклари дафтарини давлат солиқ хизмати органида рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилгунга қадар барча варақларда якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил равишда киритилади;

қолган ёзувлар - товар чеки харидорга берилгунга қадар сотиш, хизмат кўрсатиш ва буюртмаларни бажариш пайтида киритилади.


12. Товар чеклари дафтарининг варақлари тўлдирилганда:

харидорга сотиладиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловнинг умумий суммаси акс эттирилади;

битта харидорга сотиладиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун товар чеки битта варақда расмийлаштириб берилади;

товарлар (хизматлар) нархи, ўлчами, сони ва жами суммаси тўғрисидаги маълумотлар рақамлар билан киритилади.

Товар чеклари дафтари тўлишига қадар якка тартибдаги тадбиркор давлат солиқ хизмати органларида қўшимча фақат битта янги товар чеклари дафтарини рўйхатдан ўтказиши мумкин.



4-БОБ. СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАРНИНГ

СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН ДАРОМАДЛАРИНИ

АНИҚЛАШ МЕЗОНЛАРИ


13. Якка тартибдаги тадбиркорнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади қуйидаги мезонлар асосида аниқланиши мумкин:

тақдим этиладиган ҳисобот маълумотлари;

тижорат банкларида очилган банк ҳисобварақларида амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар;

тақдим этилган солиқ ҳисоботи камерал солиқ текшируви орқали таҳлил қилинганда қўшимча аниқланган даромадлар;

сайёр солиқ текширувини ўтказиш давомида ҳақиқатда олинган даромадлар ҳамда уларнинг шаклланиши манбалари ва харажатларни таҳлил қилиш натижалари.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан давлат солиқ хизмати органларига ҳисобот тақдим этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


14. Якка тартибдаги тадбиркорнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади бир календарь йилдаги ойлар давомида ўсиб борувчи тушумдан келиб чиқиб аниқланади.


15. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади миқдори фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор учун барча фаолиятидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган жами тушумидан келиб чиқиб аниқланади.



5-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР

ТОМОНИДАН ДЕКЛАРАЦИЯ АСОСИДА ДАРОМАД

СОЛИҒИНИ ТЎЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


16. Календарь йилда товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (кейинги ўринларда - даромад солиғи) қатъий белгиланган миқдорда ёки жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашни танлашга ҳақли.

Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ тўлаш тартибини қуйидагилар орқали танлашга ҳақли:

тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида танланган солиқ тўлаш тартибини кўрсатиш;

доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмасдан танланган солиқ тўлаш тартиби тўғрисида билдириш хати тақдим этиш.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан билдириш хати белгиланган муддатда тақдим этилмаслиги унинг солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.


17. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан даромад солиғи фақат жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўланади.


18. Даромад солиғини жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашни танлаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан доимий яшаш жойидаги солиқ органига:

жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай;

янги рўйхатдан ўтган ёки тадбиркорлик фаолиятини қайта бошлаган тадбиркорлик субъектлари томонидан рўйхатдан ўтказилган ойнинг охирига қадар дастлабки тарздаги декларация тақдим этилади.


19. Даромад солиғи якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этилган дастлабки декларация ёки солиқ органининг хабарномаси асосида, ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 15-кунига қадар тўланади.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган даврда дастлабки декларация асосида даромад солиғининг ҳисобланиши тўхтатиб турилади.


20. Якка тартибдаги тадбиркорлар жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади.

Бунда, якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатда амалга оширилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаддан чегириб ташлаш ҳуқуқига эга.

Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини бутунлай тўхтатмоқчи бўлса, фаолиятини тўхтатишидан ўн кун олдин рўйхатдан ўтказилган жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этади.


21. Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг йиллик суммаси якка тартибдаги тадбиркор томонидан ўтган ҳисобот йили давомида тўланган солиқ суммасидан қатъи назар ҳисобот йилида ҳақиқий олинган даромад миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Бунда, ҳисобланадиган солиқ суммаси ҳисобот йили давомида мазкур Низомнинг 19-бандига асосан тўланган солиқ суммасига нисбатан камайишга ҳисобланиши мумкин.


22. Йил якуни билан ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг йиллик суммаси билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши лозим.

Фаолиятини бутунлай тўхтатмоқчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорнинг жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияси асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг йиллик суммаси билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ фаолиятини тўхтатгунига қадар солиқ тўловчи томонидан тўланиши ёки унга қайтарилиши лозим.


23. Агар солиқ тўловчи жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса, шунингдек, олдин тақдим этилган декларацияда нотўғри маълумотлар аниқланган ва солиқ тўловчи томонидан жами йиллик даромади тўғрисидаги декларациянинг ўзгарганлиги ҳақидаги ариза белгиланган муддатларда тақдим этилмаган тақдирда, солиқ органи солиқ суммасини ўзидаги мавжуд ахборот асосида ҳисоблашга ва тўланиши лозим бўлган, ҳисобланган солиқ суммаси тўғрисида солиқ тўловчига ўн кунлик муддатда тўлов хабарномасини топширишга ҳақли.

Солиқ тўловчи томонидан жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация ёки тўғриланган декларация тақдим этилган тақдирда, солиқнинг якуний суммаси ушбу декларацияни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


24. Даромад солиғини жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашга ўтказилган якка тартибдаги тадбиркор томонидан Ҳисобга олиш дафтари юритилмаганлиги ёки белгиланган тартибда юритилмаганлиги аниқланган тақдирда, солиқ амалга оширилган фаолият турлари учун белгиланган қатъий миқдордаги суммадан кам бўлмаган миқдорда тўланади.



6-БОБ. СОФ ДАРОМАДНИ АНИҚЛАШ ВА ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД

СОЛИҒИНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ


25. Якка тартибдаги тадбиркорнинг соф даромади ҳисобот даврида товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган жами даромаддан ушбу товарлар (хомашё)нинг таннархи ва мазкур Низомнинг 7-бобида кўрсатилган товарлар (хомашё)ни сотиб олиш, сақлаш, сотиш ва маъмурий харажатлар чегирилган ҳолда аниқланади.


26. Даромад солиғи якка тартибдаги тадбиркорнинг соф даромадини Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ белгиланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.



7-БОБ. ТОВАРЛАР (ХИЗМАТЛАР)НИ РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДДАН

ЧЕГИРИЛАДИГАН ХАРАЖАТЛАР


27. Қуйидагилар товарлар (хомашё)ни сотиб олиш харажатлари ҳисобланади:

товарлар (хомашё)ни сотиб олиш нархи;

манзилга бориш ва келиш учун йўл харажатлари;

товарлар (хомашё)ни олиб келиш бўйича транспорт харажатлари;

меҳмонхона хизматидан фойдаланиш учун қилинган харажатлар.


28. Қуйидагилар товарлар (хомашё)ни сақлаш харажатлари ҳисобланади:

жой ижараси (омборхона, айвон ва ҳ.к.) учун тўловлар;

товарларни қадоқлаш харажатлари;

коммунал тўловлар;

савдо (хизмат кўрсатиш) объектларини иситиш ёки совитиш мосламаларини харид қилиш ёки таъмирлаш харажатлари.


29. Қуйидагилар товарлар (хизматлар)ни сотиш харажатлари ҳисобланади:

товарлар (хизматлар)ни етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари;

реклама харажатлари;

савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси учун ижара шартномасига асосан тўланган тўлов.


30. Қуйидагилар маъмурий харажатлар ҳисобланади:

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжатлар учун тўловлар;

тадбиркорлик фаолияти учун солиқ тўловлари;

ишчи ва ходимлар учун иш ҳақи тўловлари.


31. Мазкур бобда кўрсатилганлардан ташқари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа харажатлар ҳам товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган жами даромаддан чегириладиган харажатлар сифатида ҳисобга олиниши мумкин.


32. Шартнома, ҳисобварақ-фактура, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги банк ҳужжатлари, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари чеклари мазкур бобда кўрсатилган товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдаи олинган жами даромаддан чегириладиган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.


33. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ режимини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблашнинг тўғрилиги ҳамда уларнинг қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида тўланиши юзасидан жавобгардир.


35. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳисоблаб чиқарилиши, тўланиши лозим бўлган солиқлар ва йиғимлар устидан назорат ҳамда тегишли чоралар давлат солиқ хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ

солинадиган даромадлар ва чегириладиган

харажатларнинг ҳисобини юритиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Якка тартибдаги тадбиркор


Якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат солиқ хизмати органларига ариза тақдим этади.


Рўйхатдан ўтгандан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмай









2-босқич

Давлат солиқ хизмати органи


Якка тартибдаги тадбиркорнинг аризасига асосан даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларини у рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказади ва муҳр билан тасдиқлайди.


1 иш кунидан кечиктирмай









3-босқич

Якка тартибдаги тадбиркор


Сотилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар реквизитлари тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш дафтарида тегишли ёзувлар билан қайд этади.


Кейинги ойнинг 3 кунидан кечиктирмай









4-босқич

Давлат солиқ хизмати органи


Якка тартибдаги тадбиркорнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадини бир календарь йилдаги ойлар давомида ўсиб борувчи тушумдан келиб чиқиб аниқлайди.


Йил давомида









5-босқич

Якка тартибдаги тадбиркор


Даромад солиғини жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашни танлаган якка тартибдаги тадбиркорлар доимий яшаш жойидаги солиқ органига янги рўйхатдан ўтган ёки тадбиркорлик фаолиятини қайта бошлаган тадбиркорлик субъектлари томонидан рўйхатдан ўтказилган ойнинг охирига кадар дастлабки тарздаги декларация тақдим этади.


Жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай









6-босқич

Якка тартибдаги тадбиркор


1. Якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация ёки солиқ органининг хабарномаси асосида, ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 15-кунига қадар тўлайди.



Ойнинг 15 кунига қадар


2. Якка тартибдаги тадбиркорлар жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади.


Кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай

                     

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 23 ноябрь

















































Время: 0.0174
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск