ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари битирувчиларини "юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим ташкилотлари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2021 й. 705-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 22 ноябрдаги

705-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик

техникумлари битирувчиларини "юриспруденция"

мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни

амалга оширувчи олий таълим ташкилотлари

бакалавриатига ўқишга қабул қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ҳудудий адлия органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари (кейинги ўринларда - юридик техникумлар) битирувчиларига йўлланмалар бериш, абитуриентларни "юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи давлат олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда - олий таълим ташкилотлари) бакалавриатига тест синовларисиз якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ўқишга қабул қилиш ҳамда ўқиш тугагандан сўнг олий таълим ташкилотлари бакалавриати битирувчиларининг тақсимотга мувофиқ узлуксиз ишлаб беришини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абитуриент - олий таълим ташкилотлари бакалавриатига тест синовларисиз якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури асосида ҳудудий адлия органи йўлланмаси бўйича кираётган юридик техникум битирувчиси;


масъул вазирликлар ва идоралар - бўйсинувида олий таълим ташкилотлари бўлган тегишли вазирликлар ва идоралар;


махсус комиссия - ҳар йили ҳудудий адлия органи бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган юридик техникумлар битирувчиларига йўлланмалар бериш масаласини кўриб чиқувчи комиссия;


олий таълим ташкилотлари қабул комиссияси - ҳар йили олий таълим ташкилотлари ректорлари буйруғи билан ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари бакалавриатига қабулни ташкил этишни, шу жумладан, абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилиш ва уларга маслаҳат хизматлари кўрсатишни амалга оширувчи комиссия;


суҳбат комиссияси - олий таълим ташкилотлари бакалавриатига қабул қилиш учун абитуриентлар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш мақсадида олий таълим ташкилотлари тақдимотига асосан масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарининг буйруғи билан ташкил этиладиган комиссия;


тақсимот комиссияси - битирувчиларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, узлуксиз ишлаш жараёнини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг буйруғи билан уларнинг масъул ходимлари, ҳудудий адлия органлари ва олий таълим ташкилотлари раҳбар ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган комиссия;


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари битирувчиларига ҳудудий адлия органлари томонидан берилган йўлланмаларнинг ягона реестри (Йўлланмалар ягона реестри) - ҳудудий адлия органлари томонидан берилган йўлланмалар ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган тарзда йиғиш (киритиш), қайта ишлаш, янгилаш, сақлаш ва таҳлил қилишга мўлжалланган ахборот тизими;


ҳудудий адлия органлари - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари.


3. Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига абитуриентларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Юридик техникумлардаги таълим шаклидан қатъи назар, олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги, сиртқи ва кечки (сменали) таълим шаклларига абитуриентларни қабул қилиш қабул параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда, ҳар бир олий таълим ташкилоти бўйича ўринлар сони ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ юридик техникумлар битирувчиларига бериладиган йўлланмалар тақсимотига мос равишда белгиланади.


5. Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда ўтказиладиган якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра олий таълим ташкилотлари ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.


6. Якка тартибдаги суҳбатда қуйидагилар аниқланади:

мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниш (давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, шунингдек, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги);

ихтисосликни танлашда мотивация (ҳуқуқшунос касбининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш);

шахсий-касбий хусусиятлар (ўқишга қобилият, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият, интизомлилик, ҳамжиҳатлик, масъулиятлилик, қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси, шунингдек, ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари);

юриспруденция соҳасидаги билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлиги (профессионал таълими даражасида юриспруденция соҳасида ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш кўникмаларининг мавжудлиги).



2-БОБ. ҲУДУДИЙ АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

ЮРИДИК ТЕХНИКУМЛАР БИТИРУВЧИЛАРИГА

ЙЎЛЛАНМАЛАР БЕРИШ


7. Махсус комиссия ҳар йили, қоида тариқасида, тегишли ўқув йилининг 10 июнидан кечикмай 7 нафар кишидан иборат таркибда тузилади. Махсус комиссия таркибига адлия органлари ва муассасалари ходимлари киритилади.

Махсус комиссия таркибига келишув асосида бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам киритилиши мумкин.

Йўлланма олиш учун кўзи ожиз абитуриент мурожаат этганида, махсус комиссия таркибига Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакили киритилади.

Махсус комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

Ҳудудий адлия органлари бошлиқлари лавозими бўйича махсус комиссиянинг раиси ҳисобланади.

Махсус комиссияга комиссиянинг бошқа аъзолари фаолиятини ўзаро умумий мувофиқлаштирувчи раис бошчилик қилади. Махсус комиссия фаолиятини ташкилий таъминлаш унинг котибига юкланади.


8. Юридик техникумлар битирувчилари ҳар йили 20 июндан кечикмай махсус комиссияга йўлланма беришни сўраб онлайн платформа орқали ариза билан мурожаат қилади.

Бунда, мазкур Низомга 2-иловада кўрсатилган барча олий таълим ташкилотларида ўқиш учун йўлланма сўраб мурожаат қилиш мумкин. Юридик техникумлар битирувчилари онлайн платформада ўзлари учун устувор ҳисобланган олий таълим ташкилотларини кетма-кетликда танлайди.

Махсус комиссия фақат комиссия ташкил этилган тегишли ўқув йили битирувчиларининг аризаларини кўриб чиқади.


9. Аризага мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган йўлланма олиш учун минимал талабларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар махсус онлайн платформага ҳар бир ўқувчи ва техникумнинг масъул ходимлари томонидан бутун ўқиш даврида юклаб борилади ҳамда ўқувчининг портфолиоси шакллантирилади. Онлайн платформада мавжуд бўлмаган ҳужжатларни аризага илова қилиш ман этилади.

Онлайн платформани юритиш регламенти Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


10. Махсус комиссия ҳар йили 20 июндан 30 июнга қадар юридик техникумлар битирувчиларининг аризаларини кўриб чиқади.

Аризалар Махсус комиссия мажлисларида кўриб чиқилади.


11. Махсус комиссиянинг мажлислар ўтказиш жадвали ҳудудий адлия органлари бошлиқлари буйруғи билан тасдиқланади. Мажлисга таклиф этилган юридик техникумлар битирувчилари рўйхати буйруққа илова қилинади.


12. Мажлислар ўтказиш жадвали юридик техникумнинг расмий веб-сайтида, қоида тариқасида, мажлис бошланишига камида бир ҳафта қолганда эълон қилинади.


13. Махсус комиссия мажлиси, қоида тариқасида, юридик техникум биноларида ўтказилади. Махсус комиссия мажлиси комиссия аъзоларининг барчаси иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.


14. Махсус комиссия мажлисида юридик техникум битирувчиси юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, шунингдек, маънавий-ахлоқий фазилатларини аниқлаш учун танловдан ўтади. Бунда, комиссия тақдим этилган ҳужжатлар бўйича қўшимча саволлар бериши мумкин. Танловни ўтказиш тартиби ҳамда баҳолаш мезонлари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Танлов жараёни реал вақт режимида (онлайн) кузатиб борилишини таъминлайдиган хонада ўтказилади.


15. Йўлланма бериш масаласи кўриб чиқилаётганда, махсус комиссия қуйидаги асосий минимал талабларни ҳисобга олади:


а) ўқувчи кундузги таълим шаклида ўқиганда:

юридик техникум битирувчисининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари бўйича 71 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қилиши керак;

битирувчининг чет тилини B2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқловчи амалдаги давлат малака сертификатига ёки халқаро сертификатга эга эканлиги;

юридик техникум битирувчисининг маънавий-маърифий ва жамоат ишлари, лойиҳалар ва танловларда фаол иштирок этиши, шахсий ютуқлар мавжудлиги (тегишли ташкилотнинг биринчи раҳбари, биринчи навбатда юридик техникум директори томонидан тасдиқланган ҳужжатлар асосида);

юридик техникум битирувчисининг юридик техникумда ўрнатилган ички тартиб-қоидаларга, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши ва намунали хулқ-атворга эгалиги;


б) ўқувчи сиртқи ёки масофавий таълим шаклларида ўқиганда:

юридик техникум битирувчисининг умумий ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари бўйича 85 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қилиши керак;

битирувчининг чет тилини B2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқловчи амалдаги давлат малака сертификатига ёки халқаро сертификатга эга эканлиги;

юридик техникум битирувчисининг юридик техникумда ўрнатилган ички тартиб-қоидаларга, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши ва намунали хулқ-атворга эгалиги.

Мазкур бандда кўрсатилган асосий минимал талабларга тегишли масалаларни кўриб чиқишда битирувчининг юридик техникумдаги бутун ўқиш даври ҳисобга олинади.

Ушбу асосий минимал талабларга жавоб бермаган битирувчилар танловда иштирок этмайди.


16. Танловда иштирок этган битирувчилар жами 150 балл билан қуйидагича баҳоланади:

тақдим этилган ҳужжатлар учун - 100 баллгача;

ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, шунингдек, маънавий-ахлоқий фазилатларини аниқлаш учун - 50 баллгача.


17. Танлов натижаси бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга юридик техникум битирувчиси ўзи биринчи танлаган олий таълим ташкилотига йўлланма олишга даъвогар бўлади.

Қолган битирувчилар мазкур Низомга 2-иловада белгиланган олий таълим ташкилотлари бўйича махсус электрон дастур орқали ўзи танлаган олий таълим ташкилотларидан бирига устуворлиги бўйича баллар кетма-кетлигида тақсимланади.


18. Махсус комиссиянинг юридик техникум битирувчисига йўлланма бериш ёки йўлланма беришни рад этиш ҳақидаги қарори мажлисда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ҳамда уларнинг ҳар бир номзод бўйича хулосаси комиссия мажлиси баённомасида акс эттирилади.

Махсус комиссия мажлиси баённомаси мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланиб, раис томонидан тасдиқланади.


19. Махсус комиссиянинг қарори асосида йўлланма оладиган юридик техникум битирувчилари рўйхатини кўрсатган ҳолда ҳудудий адлия органи бошлиғи буйруғи расмийлаштирилади.

Бунда, юридик техникум битирувчисига йўлланма бериш ҳақида қабул қилинган қарор холислиги учун шахсий жавобгарлик ҳудудий адлия органи бошлиғи зиммасига юкланади.


20. Юридик техникумларнинг битирувчиларига бериладиган йўлланмалар "юриспруденция" мутахассислигида юридик кадрларни тайёрловчи олий таълим ташкилотлари бўйича мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ тақсимланади.


21. Йўлланма бериш ҳақидаги буйруқлар бир кун ичида фельдъегерлик хизмати орқали Йўлланмалар ягона реестрига тегишли маълумотларни киритиш учун Адлия вазирлигига юборилади.

Адлия вазирлиги Йўлланмалар ягона реестрини юритишга масъул ҳисобланади.



3-БОБ. ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛГАН БИТИРУВЧИЛАР

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


22. Абитуриентларни қабул қилиш параметрлари ҳақидаги маълумот, олий таълим ташкилотлари расмий веб-сайтига қабул параметрларига оид ҳужжат қабул қилинганидан кейин беш кундан кечикмасдан жойлаштирилади.


23. Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим ташкилотлари қабул комиссияси томонидан 5-25 июль кунлари қабул қилинади.


24. Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига қабул қилиш учун ҳужжатлар Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тақдим этилади.

Абитуриентлар реал вақт режимида олий таълим ташкилоти ректори номига ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризани мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ электрон шаклда тўлдиради.


25. Қабул қилиш тўғрисидаги электрон аризага диплом ва унинг иловаси электрон шаклда илова қилинади.

Аризага илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат ҳақиқийлиги сақланишини таъминловчи (ҳар бир дюймга 200 нуқтадан кам бўлмаган) алоҳида файл кўринишида бўлиши керак. Ҳар бир файл ўлчами 10 Мбдан ошмаслиги лозим.

Аризани ҳужжатлар "PDF" (portable document format) форматида сканер қилинган нусхалари кўринишида илова қилинган ҳолда жўнатишга йўл қўйилади.


26. Агар барча зарур ҳужжатлар мазкур Низомнинг 23-25-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ тақдим этилган ва Йўлланмалар ягона реестрида йўлланма мавжуд бўлган тақдирда, 72 соат ичида ҳужжатларни қабул қилиш бўйича тегишли дастурий таъминот томонидан автоматик равишда ноёб рақам бериш орқали ариза рўйхатга олинади ҳамда абитуриентга белгиланган муддатда ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш ҳақида аризада кўрсатилган электрон почта манзили ёки телефон рақами бўйича тегишли хабарнома (смс хабарнома) юборилади.

Ҳужжатлар қабул қилинган вақт ариза учун ноёб рақам олинган вақт ҳисобланади.


27. Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича абитуриентлардан электрон шаклда ҳужжатларни қабул қилиш бўйича тегишли дастурий таъминотларнинг Йўлланмалар ягона реестри билан интеграция қилинган ҳолда ишлашини таъминлаш олий таълим ташкилотлари буюртмасига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


28. Агар тақдим этилган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 23-25-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаган ва Йўлланмалар ягона реестрида йўлланма мавжуд бўлмаган тақдирда, 72 соат ичида аризада кўрсатилган электрон почта манзил ёки телефон рақами бўйича абитуриентга тегишли хабарнома (смс-хабарнома) юборилади. Бунда, абитуриентга кўрсатиб ўтилган камчиликларни тузатиш ва ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар уларни такроран тақдим этиш имконияти берилади.

Ҳужжатлар қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман қилинади.


29. Рўйхатга олинган қабул қилиш тўғрисидаги аризалар сони ҳар куни олий таълим ташкилотлари расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



4-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ СУҲБАТНИ

ЎТКАЗИШ


30. Якка тартибдаги суҳбат 10-25 август кунлари 7 нафар кишидан иборат таркибда тузиладиган суҳбат комиссияси томонидан ўтказилади.

Холисона сабабларга кўра ушбу муддатларда суҳбат ўтказиш имконияти бўлмаса, олий таълим ташкилотлари якка тартибдаги суҳбат ўтказиш муддатини ўзгартириши мумкин. Бунда, абитуриентлар белгиланган муддатдан камида бир ҳафта олдин якка тартибдаги суҳбат ва уни ўтказиш жадвали ҳақида хабардор қилинади.

Якка тартибдаги суҳбат жараёни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали онлайн трансляция қилинади.


31. Суҳбат комиссияси таркибига масъул вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим ташкилотлари ходимлари киритилади.

Суҳбат комиссияси таркибига келишув асосида бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам киритилиши мумкин.

Якка тартибдаги суҳбатда кўзи ожиз абитуриент қатнашаётган тақдирда, суҳбат комиссияси таркибига Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакили киритилади.

Махсус комиссия таркибига киритилган шахсларнинг суҳбат комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

Суҳбат комиссияси ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

Суҳбат комиссиясига комиссиянинг бошқа аъзолари фаолиятини ўзаро умумий мувофиқлаштирувчи раис бошчилик қилади. Суҳбат комиссияси фаолиятини ташкилий таъминлаш унинг котиби зиммасига юкланади.


32. Якка тартибдаги суҳбат ўтказилишига қадар маслаҳатлар ташкил этилади, маслаҳатлар жадвали олий таълим ташкилотлари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.


33. Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш учун бино ва аудиторияларни тайёрлашни ташкил этиш учун жавобгарлик олий таълим ташкилотлари қабул комиссияси масъул котиби зиммасига юкланади.


34. Якка тартибдаги суҳбат ўтказиш жадвали олий таълим ташкилотлари расмий веб-сайтида, қоида тариқасида, суҳбат бошланишидан беш кун олдин жойлаштирилади.


35. Якка тартибдаги суҳбат олий таълим ташкилотларидаги таълим тилларида ўтказилади. Якка тартибдаги суҳбат тили абитуриентнинг ўзи томонидан аниқланиб, унинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризасида кўрсатилади.


36. Абитуриентлар якка тартибдаги суҳбатдан ўтишлари учун навбат билан киритилади. Якка тартибдаги суҳбатдан олдин абитуриент паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.


37. Абитуриентнинг якка тартибдаги суҳбатга уяли телефон ва бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб ва шпаргалкалар олиб кириши ва фойдаланиши қатъиян тақиқланади.


38. Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш давомида суҳбат комиссияси томонидан абитуриентга мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонлардан келиб чиққан ҳолда саволлар берилади.

Тасдиқланган саволлар рўйхати олий таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтига якка тартибдаги суҳбат бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.

Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш давомида абитуриентга қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта абитуриент билан якка тартибдаги суҳбат 30 дақиқагача давом этади.

Мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган йўналишлар бўйича саволлар абитуриент томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда махсус электрон дастур орқали тасодифий равишда танланади.

Абитуриент томонидан тасодифий равишда танланган саволлар комиссия масъул котиби томонидан сухбат ўтказилаётган хонадаги принтерда чоп этилади ва абитуриентга тақдим қилинади.

Якка тартибдаги суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баллар қўйиш йўли билан баҳоланади. Мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳар бир мезон бўйича максимал балл 25 баллни ташкил этади.


39. Якка тартибдаги суҳбат натижаларини аниқлаш учун суҳбат комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги баҳолаш варақасини тўлдиради ва уни суҳбат комиссияси котибига тақдим этади. Суҳбат комиссияси котиби абитуриентга суҳбат комиссияси аъзолари томонидан қўйилган ўртача баллни ҳисоблаб чиқади.

Якка тартибдаги суҳбат натижалари рейтинг тизими бўйича, абитуриентга қўйилган баллар (0 дан 100 гача оралиқда) асосида аниқланади.

Суҳбат комиссияси баённомасида абитуриентлар рўйхати белгиланган параметрларга мувофиқ камайиб бориш тартибида, энг юқори балл олган абитуриентдан бошлаб жойлаштирилади.


40. Якка тартибдаги суҳбат жараёни ва натижалари суҳбат комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган ва раис томонидан тасдиқланадиган баённомада қайд этилади.

Якка тартибдаги суҳбат жараёни ва натижаларини қайд этишда видео ва аудиоёзувлардан фойдаланилади.


41. Суҳбат натижалари олий таълим ташкилотлари расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилгандан сўнг кейинги иш кунида эълон қилинади.


42. Абитуриентларни қабул қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилмайди:

жадвал бўйича якка тартибдаги суҳбатга келмаганда (0 балл қўйилади);

якка тартибдаги суҳбатда белгиланган максимал баллнинг 70 фоизи ва ундан кам балл тўпланганда.


43. Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига абитуриентларни қабул қилиш учун якка тартибдаги суҳбатни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.


44. Якка тартибдаги суҳбат натижалари юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг буйруғи билан абитуриентларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссияси таркибига тегишли фанлар бўйича экспертлар, шикоят кўзи ожиз абитуриент томонидан берилганда эса Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакили ҳам киритилади.

Махсус комиссия ва суҳбат комиссияси таркибига киритилган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

Апелляция комиссияси унинг аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияси фаолиятига умумий раҳбарликни унинг раиси амалга оширади, комиссия баённомалари котиб томонидан расмийлаштирилади.


45. Якка тартибдаги суҳбат натижаларидан норози бўлган абитуриент Апелляция комиссиясига суҳбат натижаси эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ёзма тартибда апелляция бериш ҳуқуқига эга.


46. Апелляция комиссияси тақдим этилган апелляцияни у тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида кўриб чиқади. Апелляция кўриб чиқиладиган кун ҳақида абитуриентга хабар берилади.


47. Апелляция комиссияси томонидан апелляция фақат абитyриент иштирокида, суҳбат жараёни ёзиб олинган видеотасвир асосида кўриб чиқилади.


48. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси:

эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этади ва суҳбат натижаларини ўзгаришсиз қолдириради;

эътироз асосли бўлса, апелляцияни қаноатлантиради ва суҳбат натижаларига ўзгартириш киритади.


49. Якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган абитуриентлар қабул комиссиясига якка тартибдаги суҳбат ўтказилган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида ҳужжатларнинг аслини тақдим этади.

Ҳужжатларда, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатларда сохталаштириш ва қалбакилаштириш аниқланган тақдирда, абитуриент якка тартибдаги суҳбатдан четлаштирилади (олий таълим ташкилотлари талабалар сафидан четлаштирилади), ҳужжатлари эса белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилади.


50. Суҳбат натижалари 30 августга қадар абитуриентларни бакалавриатга қабул қилиш учун олий таълим ташкилотларига юборилади.



5-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

ЎҚИШ УЧУН ТЎЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ


51. Олий таълим ташкилоти бакалавриатига қабул қилиш тўғрисидаги ректор буйруғи, қоида тариқасида, 5 сентябрдан кечиктирмасдан қабул қилинади.


52. Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари олий таълим ташкилоти ректори буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб берилади, олий таълим ташкилоти ректори ва бош бухгалтери имзоси билан юридик шахслар учун 3 нусхада ва жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади ҳамда ўқишга қабул қилинган абитуриентга дарсларга қатнашишга рухсат этилади.

Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар учун тўловлар ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.


53. Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига ҳудудий адлия органларининг йўлланмаларига кўра ўқишга қабул қилинган талабалар махсус уч йиллик дастур бўйича таълим оладилар. Бунда, улар ўқишни 2-курсдан давом эттирадилар.



6-БОБ. ТАҚСИМОТГА МУВОФИҚ ОЛИЙ ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИ БИТИРУВЧИЛАРИНИНГ

УЗЛУКСИЗ ИШЛАБ БЕРИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш


54. Олий таълим ташкилотлари бакалавриати битирувчиларини (кейинги ўринларда - битирувчи) узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили тақсимот комиссиялари томонидан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган аризаларга асосан амалга оширилади.


55. Тақсимлаш жараёнида тақсимот комиссиялари битирувчининг рейтинг натижаларини, оилавий ҳолатини ва таклиф этилган иш ўрнида ишлаш хоҳишини ҳисобга олади. Энг юқори рейтинг натижасига эга бўлган битирувчилар ўз танлови бўйича мавжуд иш ўринларига ишга жойлашишда биринчи навбатда талабгор бўлади.

Тақсимот комиссиялари томонидан битирувчиларни олий таълим ташкилотларида ўқиш учун йўлланма берилган ҳудуддаги тегишли ташкилотлардаги бўш иш ўринларига узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш амалга оширилади.


56. Тақсимот комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби масъул вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади.


57. Битирувчи магистратурага ўқишга кирганда уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти мазкур Низомга мувофиқ магистратурани тамомлагандан сўнг бошланади.


58. Битирувчиларни ишга тақсимлаш, қоида тариқасида, битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.


59. Тақсимот комиссиялари қарорлари комиссия мажлисларида қабул қилинади ва баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечикмай фельдъегерлик хизмати орқали Ишга жойлашиш учун йўлланмалар ягона реестрига тегишли маълумотларни киритиш учун ҳудудий адлия органларига юборилади.


60. Ишга жойлашиш учун йўлланмалар ягона реестрига тегишли маълумотлар киритилганидан кейин ҳудудий адлия органи, тегишли ташкилот - иш берувчи, олий таълим ташкилотлари ва битирувчи ўртасида узлуксиз ишлаб беришнинг аниқ шартларини ҳамда битирувчининг мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи тўрт томонлама шартнома 4 нусхада тузилади.

Шартнома намунаси белгиланган тартибда масъул вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.


61. Олий таълим ташкилотлари тақсимот комиссиясининг битирувчини ишга тақсимлаш ҳақидаги қарори қабул қилингандан сўнг уч кундан кечиктирмай ишга юборилаётган ҳар бир битирувчига олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма беради.



2-§. Битирувчиларни ишга қабул қилиш ва уларнинг

меҳнат фаолиятини ташкил қилиш


62. Битирувчилар ишга тақсимланганидан кейин бир ойдан ошмаган муддатда тўрт томонлама шартномада кўрсатилган иш жойида ҳозир бўлишлари ва меҳнат фаолиятини бошлашлари шарт.


63. Иш берувчи тўрт томонлама шартномага ва ишга йўлланмага мувофиқ битирувчи билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузади.


64. Иш берувчи битирувчи иш жойида ҳозир бўлиб, меҳнат фаолиятини бошлаганидан сўнг беш кун муддат ичида Ишга жойлашиш учун йўлланмалар ягона реестрига бу ҳақида тегишли маълумот киритади.

Олий таълим ташкилотлари битирувчининг ишга келгани ва жойлашгани ҳақидаги маълумотлар Ишга жойлашиш учун йўлланмалар ягона реестрига киритилганидан сўнг ҳар бир битирувчи ҳисобини юритиб бориши шарт.


65. Битирувчининг уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати қуйидагиларни ўз ичига олади:

йўлланма берилган ҳудуддаги турли ташкилотларда ва лавозимларда ишлаш муддати;

муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ муддатлари.

Ижтимоий меҳнат таътили муддати уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддатига киритилмайди.


66. Тақсимот бўйича узлуксиз ишлаб беришга юборилган битирувчи ишга жойлашгандан сўнг иш берувчи унга тегишли меҳнат шароитларини яратади, зарур ҳолларда турар жой билан таъминлаш чораларини кўради.


67. Битирувчининг уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати тугагандан сўнг ишни давом эттириш ҳақидаги масала меҳнат соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи ва ходим ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.


68. Битирувчи узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида у тақсимот бўйича юборилган ташкилот тугатилса, меҳнат шартномаси (контракт) иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинса, битирувчи ҳудудий адлия органини уч кун ичида хабардор қилиши шарт. Ҳудудий адлия органининг мурожаати бўйича тақсимот комиссияси тегишли ҳудуддаги бошқа ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларига улар тақдим этган талабномалар асосида битирувчини тақсимлашни амалга оширади.


69. Ушбу Низомга мувофиқ узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимланган битирувчида узлуксиз ишлаб бериш жойини ўзгартириш учун асосли сабаблар вужудга келган тақдирда (никоҳ тузиш, доимий яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб кетиш ва бошқалар) битирувчи тақсимот комиссиясига узлуксиз ишлаб бериш жойини ўзгартириш учун тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилишга ҳақли.

Тақсимот комиссияси ўн беш кун ичида битирувчининг мурожаатини ва тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича битирувчига мажбурий ишлаб бериш учун бошқа жойни ушбу Низом талабларига мувофиқ белгилаб беради.


70. Мазкур Низомга мувофиқ битирувчи меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли узлуксиз ишлаб беролмаган ҳолатларда унинг кейинги меҳнат фаолияти тўғрисидаги қарор тақсимот комиссияси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


71. Ҳудудий адлия органи томонидан берилган йўлланма икки йил мобайнида амал қилади.


72. Йўлланма олмаган юридик техникум битирувчиларининг ҳужжатлари махсус комиссия қарори чиққандан сўнг бир йил давомида электрон дастурий таъминотда сақланади ва ундан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Олий таълим ташкилотлари бакалавриатига қабул қилинган абитуриентларнинг якка тартибдаги суҳбат натижаларидан тегишли кўчирмалар уларнинг шахсий йиғмажилдига тикиб қўйилади, қабул қилинмаган абитуриентларнинг якка тартибдаги суҳбат натижалари олти ой давомида сақланади ва ундан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.


73. Махсус комиссия ва суҳбат комиссияси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчилик ҳужжатларида ўқув машғулотларини олиб борганлик учун белгиланган соатбай ҳақ тўлаш шартларида таълим муассасасининг бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


74. Мазкур Низомда белгиланган муддатлар холисона сабабларга кўра Адлия вазирлиги томонидан ўзгартирилиши мумкин. Бунда тегишли шахслар камида ўн кун олдин муддатлар ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилинади.


75. Олий таълим ташкилоти битирувчига дипломнинг асл нусхасини у узлуксиз ишлаб бериш муддатини тамомлаганидан сўнг бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасидаги ёзув ҳамда битирувчи узлуксиз ишлаб берган ташкилотнинг ёзма тасдиғига мувофиқ ҳудудий адлия органлари томонидан Ишга жойлашиш учун йўлланмалар ягона реестрига бу ҳақида киритилган тегишли маълумот асосида беради.


76. Узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида битирувчи билан меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинса, бир кун ичида иш берувчи ҳудудий адлия органига буйруқ нусхасини илова қилган ҳолда хабар қилади.


77. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик

техникумлари битирувчиларини "юриспруденция"

мутахассислиги бўйича юридик кадрларни

тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим

ташкилотлари бакалавриатига ўқиш

қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

Ҳудудий адлия органлари томонидан йўлланмалар бериш

1-босқич


Йўлланмалар беришни ташкил этиш


1. Ҳудудий адлия органлари томонидан юридик техникумлар битирувчиларига йўлланмалар бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссия тузиш.


2. Юридик техникумлар битирувчилари томонидан Махсус комиссияга йўлланма беришни сўраб ариза билан мурожаат қилиш.


3. Махсус комиссиянинг мажлислар ўтказиш жадвалини тасдиқлаш ва юридик техникумлар расмий веб-сайтига жойлаштириш.


4. Махсус комиссия томонидан юридик техникум битирувчиларининг аризаларини кўриб чиқиш ва танлов ўтказиш.

Ҳар йили, 10 июндан кечикмай




Ҳар йили, 20 июндан кечикмай




Мажлис бошланишига камида бир ҳафта қолганда




Ҳар йили 20 июндан 30 июнга қадар


2-босқич


Йўлланмалар бериш


1. Йўлланма бериш тўғрисидаги ҳудудий адлия органи бошлиғи буйруғини расмийлаштириш.


2. Йўлланма бериш ҳақидаги буйруқларни фельдъегерлик хизмати орқали Йўлланмалар ягона реестрига тегишли маълумотларни киритиш учун Адлия вазирлигига юбориш.


30 июндан кечикмай



Буйруқ чиқарилгандан сўнг бир кун ичида



Абитуриентларни олий таълим ташкилотлари бакалавриатига

ўқишга қабул қилиш

3-босқич


Олий таълим ташкилотлари қабул комиссиясига

ҳужжатларни топшириш


1. Олий таълим ташкилотлари расмий веб-сайтига абитуриентларни қабул қилиш параметрлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш.


2. Реал вақт режимида ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризани электрон шаклда тўлдириш.


3. Қабул қилиш тўғрисидаги электрон аризага тегишли ҳужжатларни электрон шаклда илова қилиш.



Қабул параметрларига оид ҳужжат қабул қилинганидан кейин



беш кундан кечикмасдан



5 июль - 25 июль



4-босқич


Ҳужжатларни текшириш, аризаларни рўйхатдан ўтказиш

ва камчиликлари ҳақида хабар бериш


1. Аризаларни барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган ва Йўлланмалар ягона реестрида йўлланма мавжуд бўлган тақдирда, ноёб рақам бериш орқали рўйхатга олиш ва электрон почта манзили ёки телефон рақами бўйича абитуриентга тегишли хабарнома (смс хабарнома) юбориш.


2. Агар тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга номувофиқ бўлса ва Йўлланмалар ягона реестрида йўлланма мавжуд бўлмаган тақдирда, электрон почта манзили ёки телефон рақами бўйича абитуриентга камчиликларни тузатиш ва ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар уларни такроран тақдим этиш ҳақида тегишли хабарнома (смс-хабарнома) юбориш.


Ариза берилгандан сўнг 72 соат ичида





Ариза берилгандан сўнг 72 соат ичида



  

5-босқич


Якка тартибдаги суҳбатни ташкил этиш ва ўтказиш

1. Якка тартибдаги суҳбат ўтказиш жадвалини тасдиқлаш ва олий таълим ташкилотлари веб-сайтига жойлаштириш.


2. Мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунишни, ихтисосликни танлашда мотивация, шахсий-касбий хусусиятлари, юриспруденция соҳасидаги билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлигини аниқлаш учун комиссия томонидан якка тартибда суҳбат ўтказиш.


Суҳбат бошланишидан

беш кун олдин




10 август - 25 август



  

6-босқич


Якка тартибдаги суҳбат натижаларини

Давлат комиссиясига юбориш


1. Якка тартибдаги суҳбат натижаларини рейтинг тизими (0 дан 100 баллгача) асосида аниқлаш ҳамда комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган мажлис баённомасига киритиш.


2. Якка тартибдаги суҳбат натижаларини абитуриентларни бакалавриатга қабул қилиш учун олий таълим ташкилотларига юбориш.


30 августга қадар



7-босқич


Олий таълим ташкилоти бакалавриатига қабул қилиш тўғрисидаги ректор буйруғини қабул қилиш


5 сентябрдан кечиктирмасдан



8-босқич


Якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган абитуриентлар томонидан олий таълим ташкилоти қабул комиссиясига ҳужжатларнинг асл нусхаларини

тақдим этиш


Суҳбат ўтказилган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида



9-босқич

Қабул қилишни расмийлаштириш, ўқиш учун

тўловни амалга ошириш


1. Ўқиш учун контрактлар тузиш.


2. Олий таълим ташкилотлари ҳисоб рақамига ўқиш учун тўловларни амалга ошириш.


3. Талабаликка тавсия этилган абитуриентларга дарсларга қатнашишга рухсат бериш тўғрисидаги олий таълим ташкилотлари ректорлари буйруғини расмийлаштириш.


5 сентябрдан кейин


Шартнома шартларида

белгиланган муддатда



5 сентябрь



Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг тақсимотга

мувофиқ узлуксиз ишлаб беришини амалга ошириш

10-босқич


Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш

учун тақсимлаш


1. Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлашни масъул вазирликлар ва идоралар томонидан тузиладиган тақсимот комиссиялари томонидан амалга ошириш.


2. Узлуксиз ишлаб беришнинг аниқ шартларини ҳамда битирувчининг мажбуриятларини аниқ белгилаб, ҳудудий адлия органи, тегишли ташкилот - иш берувчи, олий таълим ташкилотлари ва битирувчи ўртасида 4 нусхада шартнома тузиш.


3. Олий таълим ташкилотлари томонидан ҳар бир ишга юборилаётган битирувчига олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма бериш.


Қоида тариқасида, битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай




Тақсимот комиссиялари қарорлари қабул қилингандан сўнг




Тақсимот комиссияси қарори қабул қилингандан сўнг уч кундан кечиктирмай



11-босқич


Битирувчиларни ишга қабул қилиш

ва уларнинг меҳнат фаолияти


1. Битирувчининг тўрт томонлама шартномада кўрсатилган иш жойига келиши ва меҳнат фаолиятини бошлаши.


2. Иш берувчи томонидан битирувчи томонидан тақдим этилган битирувчининг ишга келгани ва жойлашгани ҳақидаги ҳужжатни тўлдириш ва кейинчалик уни ҳар бир битирувчи ҳисобини юритиб бориш учун олий таълим ташкилотларига тақдим этиш.


3. Иш берувчи томонидан тўрт томонлама шартномага мувофиқ ва ишга йўлланма асосида битирувчи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини тузиш.


Тақсимотдан кейин

бир ойдан ошмаган муддатда








Битирувчи ишга келганидан сўнг беш кун муддат ичида






Н изомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик

техникумларининг битирувчиларига бериладиган

йўлланмаларни "юриспруденция" мутахассислиги

бўйича юридик кадрларни тайёрловчи

олий таълим ташкилотлари бўйича

ТАҚСИМОТИ*

Т/р

Олий таълим ташкилоти номи

Йўлланмалар умумий сони**

1.

Тошкент давлат юридик университети

***

2.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

***

3.

Самарқанд давлат университети

15 фоиз

4.

Наманган давлат университети

15 фоиз

5.

Термиз давлат университети

15 фоиз

6.

Қорақалпоқ давлат университети

10 фоиз

     

Изоҳ.


*) Ўзбекистон Республикаси адлия вазири меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, "юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим ташкилотларининг бўйсунуви бўйича вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда мазкур рўйхатга, йўлланмалар сонига (фоизларга) ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда янги олий таълим ташкилотларини киритиш ҳуқуқига эга.


**) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари битирувчилари сонининг фоизи.


***) Махсус комиссия тузилишидан олдин ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан келишган холда белгиланади.




Н изомга

3-ИЛОВА





ректори



(олий таълим ташкилоти номи)


  



га



(Ф.И.О.)


      






дан



(абитуриентнинг Ф.И.О (тўлиқ ёзилади)


А Р И З А


"Юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик

кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим

ташкилоти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисида

Менга

йўналишида таълим олиш учун суҳбатдан


(таълим йўналишининг номи) (ўзбек, рус)


        

ўтишимга рухсат беришингизни сўрайман.

Маълумотим

.


(ўрта махсус)


(таълим муассасасининг номи)


ни

йилда тамомлаганман.

Таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом): серия

N

Суҳбатдан

тилида ўтаман.


(ўзбек, рус)


Туғилган вақтим ва жойим:


йил,



(йил)  (ой)  (кун)


(туғилган жойи)

Доимий яшаш манзилим:


(мамлакат, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй рақами тўлиқ)

Биометрик паспорт (идентификация ID-картаси) маълумоти:

(серия)


(номер)


(қачон ва ким томонидан берилган)

Халқаро ёки миллий олимпиадаларда, танловларда ҳамда спорт мусобақаларида

          

қатнашганлиги ҳақида маълумот (агар қатнашган бўлса)


(олимпиада фани,

танлов фани (ихтисослиги), спорт мусобақаси тури, ўтказилган вақти, эгалланган ўрин)

Ногиронлиги ҳақида маълумот


(номи ва гуруҳи, ҳужжат реквизитлари)

Суҳбат ўтказиш қоидалари билан танишдим.

(абитуриентнинг Ф.И.О.)


(имзо)


(ариза берилган сана)




Низомга

4-ИЛОВА



"Юриспруденция" мутахассислиги бўйича юридик

кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим

ташкилотлари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш

бўйича суҳбатдан ўтган абитуриентнинг жавобларини

БАҲОЛАШ ВАРАҚАСИ

Сана ____________

Абитуриентнинг Ф.И.О.___________ __________________________________

Т/р

Баҳолаш мезонлари

Баллар

1.

Давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, шунингдек, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги


2.

Ихтисосликни танлашда мотивация (ҳуқуқшунос касбининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими)


3.

Шахсий-касбий хусусиятларни (ўқишга қобилият, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият, интизомлилик, ҳамжиҳатлик, масъулиятлилик, қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси, шахсий ютуқлар мавжудлиги, шунингдек, ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари)


4.

Профессионал таълими даражасида юриспруденция соҳасида ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш кўникмаларининг мавжудлиги


Изоҳ




Суҳбат ўтказиш бўйича комиссия аъзоси:

(Ф.И.О.)


(имзо)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 23 ноябрь







































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск