ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш Стратегияси (ЎзР Президентининг 29.11.2021 й. ПФ-27-сон Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 29 ноябрдаги

ПФ-27-сон Фармонига

2-ИЛОВА



2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида

жамоат хавфсизлигини таъминлаш

тизимини ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш зарурати мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор йўналишларни белгилаб олишни талаб этади.


2. 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия)нинг мақсади мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича ҳуқуқий, услубий, илмий, ташкилий чораларни ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишдан иборат.


3. Стратегиянинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, тизимлаштириш ҳамда мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш;

жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пробация фаолиятини уйғунлаштириш;

жамоат тартибини сақлаш, шу жумладан оммавий тадбирларни ўтказишга жалб қилинадиган вазирлик ва идоралар куч ва воситаларининг биргаликдаги ҳаракатланиш алгоритмини ишлаб чиқиш ва уни доимий такомиллаштириб бориш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига замонавий шакл ва иш усулларини ҳамда илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш;

жамоат хавфсизлиги тизимини рақамлаштиришни 90 фоизга етказиш орқали хизмат фаолиятида инсон омилини минималлаштириш;

профилактик ҳисоб, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишини кескин камайтириш.


4. Стратегияда белгиланган чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясига асосланган ҳолда 2025 йил якунига қадар тўлиқ амалга ошириш назарда тутилган.


5. Стратегияда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали бажарилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири шахсан масъул ҳисобланади.


6. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Стратегияда белгиланган вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили қўшма дастур ва "йўл харита"ларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиради.



2-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


7. Жамоат хавфсизлиги соҳасида ягона қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пробация соҳасидаги муносабатлар ва ваколатларни тартибга солувчи 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва идоравий норматив ҳужжатлар нормалари ва қоидаларини бирлаштириш.


8. Жамоат хавфсизлигига хавфларнинг ҳолати ва даражаларини белгиловчи мезонларни ва асосий кўрсаткичларни (индикаторларни) ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш.


9. Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат органлари ҳамда сервис-хизмат кўрсатиш субъектларининг мазкур йўналишдаги вазифа ва функцияларини белгиловчи ягона қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


10. Профилактик ҳисоб, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга ўрнатиладиган чекловлар, шунингдек, уларнинг зиммасига юкланадиган мажбуриятлар доирасини ва уларга риоя этилишини таъминлаш механизмларини аниқ белгилаш.


11. Илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда йўл ҳаракатини ташкил этишда ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг фаолиятини ва ўзаро ҳамкорлигини "Равон йўл" тамойили асосида ташкил этиш, мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ваколатлари доирасини аниқ белгилашни назарда тутган ҳолда, ушбу соҳадаги муносабатларни тўғридан-тўғри қонун нормалари билан тартибга солиш, "Йўл - пиёда учун" тамойилини кенг жорий этиш.


12. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузувчиларга, оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларини содир этганларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, шу жумладан илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш тарзидаги жиноий-ҳуқуқий таъсир чорасини жорий қилиш.


13. Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


14. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш.


15. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга ваколатли бўлган давлат органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда фаол қаршилик кўрсатиш ҳаракатларининг олдини олиш тартиб ва механизмларни белгилаш.


16. Мажбурий жамоат ишлари жазосини қўллашга доир нормаларни, ушбу жазони ижро этиш механизмларини такомиллаштириш.


17. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини банд бўлмаган шахсларга тайинлаш амалиётига доир муаммони бартараф этиш.


18. Жазони ўташдан бўйин товлаган шахсларнинг жазосини оғирроқ жазога алмаштириш тартибларни такомиллаштириш.


19. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштиришда шахсни тиббий кўрикдан ўтказишни ва унга нисбатан процессуал ҳаракатларни марказнинг ўзида амалга ошириш тартибини жорий этиш.


20. Қурол айланмаси устидан назоратни кучайтириш, қурол эгаларини тиббий чекловлар бўйича даврий равишда текшириш бўйича аниқ тартибни белгилаш, ўқотар ов қуролига эгалик қилиш мезонларини қайта кўриб чиқиш.


21. Жамоат хавфсизлигини таъминлашда республика овчилик жамиятларининг ролини ошириш ва масъулиятини кучайтириш.


22. Пиёдаларни йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.


23. Қониқарсиз ҳолати йўл-транспорт ҳодисасига, айниқса, ўлимга олиб келган йўл ёки муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари тасарруфида бўлган ташкилотлар ёки орган раҳбарларидан моддий зарарни ундириш тартибини жорий этиш ҳамда уларнинг жавобгарлигини белгилаш.


24. Транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этиладиган "йўлда безорилик" ҳолатлари билан ифодаланадиган хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш.



3-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

УСЛУБИЙ АСОСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


25. Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.


26. Республика бўйича маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш.


27. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, гуруҳий қонунбузарликлар ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш бўйича 14 та (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар) "Ҳудуд методикаси"ни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.


28. Жамоат хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг куч ва воситаларини бошқаришнинг ягона марказлашган тизимини ташкил этиш.


29. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмаларини босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказиш ҳамда ягона бошқарув тизими асосида туманлараро хизмат ўташ тамойилига мувофиқ қайта ташкил этиш.


30. Ички ишлар органлари таркибида туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш.


31. Хизмат вазифаларини бажаришда қулайликлар яратишни ва иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун янги формали кийим-бош намунасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда уларни сифатли ва мос ўлчамдаги формали кийим-бош билан таъминлаш.


32. Жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг маст ҳолатда содир этилганлигини, шунингдек, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик чеклови ўрнатилган шахсни ушбу чекловга риоя этмаганлигини аниқлаш ва тасдиқлаш тартибини ишлаб чиқиш.


33. Алкоголли ичимликка ружу қўйган, гиёҳванд, захарванд, тажовузкор руҳий касал шахсларни мажбурий даволаш бўйича намунавий дастур ишлаб чиқиш.


34. Экстремистик ва ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар билан ишлаш ва уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш бўйича намунавий методикани ишлаб чиқиш.


35. Интернет тармоғида жамоат хавфсизлиги учун хавф туғдирадиган таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш бўйича комплекс ташкилий-методик асослар ва ҳаракатлар механизмларини яратиш.


36. Гуруҳий қонунбузарликлар ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш вақтида Миллий гвардия ва ички ишлар органлари томонидан фойдаланиладиган махсус техник воситаларни, шунингдек, тезкор ахборот алмашиш, қуйи тизимдаги бўлинмаларни оқилона бошқариш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш.


37. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида бажариладиган диссертацион тадқиқотлар мавзуларини шакллантиришда жамоат хавфсизлигини таъминлаш амалиётидаги долзарб муаммоларнинг ечимларига йўналтирилган масалаларга устувор аҳамият қаратиш бўйича таъсирчан механизмларни йўлга қўйиш.


38. Профилактик ҳисоб, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ўрнатилган чекловларга риоя этишини ва уларнинг зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришини таъминлаш, текшириш ва назорат қилиш, шунингдек, ушбу шахсларга тарбиявий ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш бўйича "Ҳаракатлар протоколи"ни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.


39. Давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимига ва йўл инфратузилмасини такомиллаштириш жараёнига жорий этиш.


40. Транзит ва давлат ички транспорт оқими учун мақбул шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган халқаро автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш.



4-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

ИЛМИЙ АСОСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


41. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятининг таркибий қисмларини ифодаловчи масалаларни чуқур илмий ўрганиш асосида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия таълим муассасалари ўқув жараёнида "Жамоат хавфсизлиги асослари" фанини жорий этиш, шу жумладан "Жамоат хавфсизлиги асослари" дарслигини тайёрлаш, шунингдек, республика таълим муассасаларида криминология фани ўқитилишини ривожлантириш.

42. Профилактика инспекторларининг маъмурий ҳудудда иш фаолиятини олиб бориши бўйича тўлиқ механизмларни назарда тутувчи "шаҳар инспектори" ва "қишлоқ инспектори" моделларини яратиш, жорий этиш ва улар бўйича ўқитишни ташкил этиш.


43. "Жамоат хавфсизлиги асослари" фани предметига кирадиган соҳаларни ягона илм соҳасига бирлаштирган ҳолда, "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш" ихтисослигини киритиш.


44. Жамоат хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш, илмий тадқиқ қилиш борасида Жамоат хавфсизлиги университетини таянч методик базага айлантириш.

45. Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини "илмий диагноз" асосида аниқлаш ва "илмий диагноз хулосаси" билан "E-jamoat havfsizligi" ахборот тизими орқали расмийлаштириш тартибини жорий қилиш.


46. Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни илмий баҳолаш асосида таҳлил қилиш ва "илмий баҳолаш хулосаси"ни расмийлаштириш тартибини жорий қилиш.


47. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ва Жамоат хавфсизлиги университети томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар Академияси билан биргаликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги муаммоларни ҳал қилиш йўналишида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар шакллантирилиши ва амалга оширилишини таъминлаш.

48. Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси негизида жамоат хавфсизлиги асослари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш.



5-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


49. Ҳар бешта маҳалла учун битта маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканини намунавий лойиҳа асосида ташкил этиш.


50. "Жиноят ўчоқлари" ҳисобланган ҳудудларда тунги вақтда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимларидан иборат автопатруль, отлиқ ва пиёда патрулларнинг узлуксиз фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг ваколат доирасини белгилаш ва функционал мажбуриятларини тасдиқлаш.


51. Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларидаги оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларда, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда Миллий гвардия бўлинмалари томонидан жамоат тартибини сақлаш бўйича фаолият олиб боришнинг батафсил ва аниқ ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш.


52. Оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ходимларини обрўсизлантириш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам беришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.


53. Ички ишлар органларининг ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар билан курашиш фаолиятини, шу жумладан, ташкилий-тузилмавий асосларини яратган ҳолда такомиллаштириш.


54. Кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишни, шу жумладан уларнинг ёшлар томонидан нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши ҳолатларининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш.


55. Миллий гвардия ва ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлашга масъул бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколатини кенгайтириш.


56. Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида биргаликда ишлаш механизмларини белгилаш.


57. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясига доир имтиёзлардан фойдаланишида инсон омилини чеклайдиган автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш.


58. Ҳудудий ички ишлар органларининг маъмурий биноларини қўриқлашни Миллий гвардия қўриқлаш хизмати томонидан шартнома асосида амалга оширилиши тизимини жорий этиш.


59. Ҳудудий ички ишлар органлари патруль-пост хизмати бўлинмалари таркибида босқичма-босқич отлиқ отрядларни ташкил этиш.


60. Ота-онаси назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларда яшаётган вояга етмаганлар билан ишлашнинг янгича тизимини яратиш.


61. Транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишини назарда тутган ҳолда, республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


62. Транспорт ва пиёдаларнинг ҳаракатни тўхтатиши ва бошлаши тўғрисида огоҳлантиришнинг замонавий сигнал берувчи тизимларини жорий этиш, пиёдалар учун янги турдаги ўтиш жойларини ташкил этиш.


63. Йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш ҳисобидан йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишини минимал даражага келтириш.


64. Йўл қурилиши соҳасига оид норматив ҳужжатларга (ШНҚ, Давлат стандарти ва бошқ.) замон талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


65. Жамоат ва махсус транспорт учун алоҳида ҳаракатланиш йўл полосаси ва замонавий велосипед йўлкалари ташкил этиш.


66. Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жамоат хавфсизлигини, шу жумладан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи бўлинмаларини замонавий махсус техника воситалари билан таъминлаш.



6-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

ШАКЛ ВА УСУЛЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


67. Содир этилган жиноятларнинг асл омилларини аниқлаш ва бартараф этишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ваколат доирасини аниқ белгилаш.


68. Бозорлар атрофидаги тирбандликларни бартараф этиш ва фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида ва транспорт воситалари сонини ҳисобга олган ҳолда, йирик бозорлар атрофида ушбу бозорларнинг даромадлари ҳисобидан кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари қурилишини ташкил этиш.


69. Шаҳар ва туманларнинг аҳоли гавжум жойларида пиёдалар йўлакчаларига пиёдалар бошқарадиган светофорларни ўрнатиш.


70. "Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади" шиори остида умумтаълим муассасаларида "Йўл ҳаракати қоидалари" бўйича ўқув тадбирларини ташкил этиш.


71. Умумтаълим муассасаларида "Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари"ни, маҳаллаларда "Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари"ни ташкил этиш.


72. Мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш тизимини жорий этиб, йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий ҳамда кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш.


73. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маъмурий амалиёт бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг лавозимларини офицерлик таркибига ўтказиш ҳамда биринчи навбатда олий юридик маълумотли ходимлар билан бутлаш тартибини жорий этиш.


74. Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш бўлинмалари ҳамда "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш.


75. Фуқаролар орасидан фавқулодда вазиятларда жалб этиладиган Миллий гвардиянинг сафарбарлик захираларини яратиш тизимини жорий этиш.


76. Ички ишлар органлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди органларнинг маҳаллалар кесимида уюшмаган ёшлар билан ишлашини ташкил этиш бўйича ўзаро боғланган тўлиқ механизмларни жорий этиш.


77. "Ижтимоий профилактика", "пробацион профилактика", "тергов профилактикаси", "суд профилактикаси"ни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси турлари сифатида жорий этиш ва уларни қўллашнинг аниқ механизмларини белгилаш.


78. Мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш, нотинч оилалар ҳамда оилавий зўравонлик қурбонлари билан ижтимоий профилактика тадбирларини янгича ёндашув - "Хавфсиз хонадон" ва "Хавфсиз ҳовли" тизими асосида амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш.


79. Маъмурий назорат ва профилактик ҳисоб институтлари негизида профилактик назорат институтини жорий қилиш.


80. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш, жумладан йўлларда инспекторларнинг патруль хизматини фақат авто- ва мототранспорт воситаларида олиб бориши тартибини жорий этиш.


81. Фавқулодда вазиятларда ва алоҳида шароитларда ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмалари ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича куч ва воситаларининг тезкор ва ягона идоралараро бошқарувини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш.


82. Аҳолига эҳтимолий ёки содир бўлган фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғинлар тўғрисида хабар бериш ва маълумот етказиш тизимини янада такомиллаштириш.


83. Кўп қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин ўчириш бўйича самарали тизимни жорий этиш.


84. Тунги вақтларда аҳоли яшаш пунктларининг ёритилиши ва видео кузатув қамровини кенгайтириш.


85. Жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган куч ва воситаларни марказлашган тарзда бошқариш тартибини самарали йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳузурида ягона мувофиқлаштирилган идоралараро бошқарув тизимини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солувчи аниқ ва батафсил ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш.


86. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ҳарбий хизматчи ва ходимларини суғурталаш институтини такомиллаштириш.


87. "Жамоат хавфсизлиги фидойиси" идоралараро кўкрак нишонини таъсис этиш.


88. Профилактик ҳисоб, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар билан якка тартибдаги суҳбатларни махсус "суҳбат хонаси"да ўтказиш тартибини жорий қилиш.


89. Ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари хизмат фаолиятида скутер воситасидан фойдаланиш амалиётини синовдан ўтказиш.


90. Ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида ёшлар орасидан "Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳларини ташкил этиш, уларни жамоат хавфсизлиги тизимига жалб этиш ҳамда гуруҳ аъзоларига ҳуқуқ-тартибот идораларининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тегишли имтиёзларни бериш.



7-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ФАОЛИЯТИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ


91. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қоғоз шаклидаги иш юритишни максимал даражада қисқартириб, фақат электрон шаклда юритиладиган ҳужжатлар улушини 90 фоизга етказиш.


92. Миллий гвардия ва ички ишлар органларидан жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган бўлинмаларнинг ахборот тизимлари (пробациянинг марказлашган электрон тизими, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизими) базасида "E-jamoat havfsizligi" ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга тўлиқ татбиқ этиш.


93. Жамоат тартибини бузган, қайта жиноят содир этган шахсларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш ва ахборот тизими орқали даврий мониторинг қилиб бориш тартибини йўлга қўйиш.


94. Фуқароларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар масалалари бўйича ортиқча овора бўлишининг олдини олиш, соҳа ходимларининг вақтини тежаш, ўз вақтида ва тезкорлик билан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида маъмурий иш юритувни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш.


95. Профилактик ҳисоб, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг жамоат хавфсизлиги хизматига келиб рўйхатдан ўтишини таъминлашда бармоқ изини таниб олиш тизимидан фойдаланиш амалиётини жорий этиш.


96. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда "Равон ва хавфсиз йўл" концепцияси асосида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


97. Ички ишлар органлари конвой бўлинмалари фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизимини жорий этиш.


98. Пробация назоратидаги шахсларнинг яшаш, иш ва ўқиш жойида эканлигини текшириш мақсадида GPS технологияли қурилмаларни амалиётга жорий этиш.


99. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.


100. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тирбандликларни масофадан туриб бартараф этиш мақсадида йўллардаги барча светофорларнинг ахборот бошқаруви тизимига уланишини таъминлаш, соҳага интеллектуал тизимларни жорий этиш.


101. Миллий гвардиянинг умумий раҳбарлиги остида ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди давлат органлари ходимларининг махсус тайёргарлик даражасини ошириш, алоҳида шароитларда биргаликда ҳаракат қилишига доир амалий кўникмаларини ривожлантириш бўйича ўқув машқларини тизимли равишда ўтказиш, ўқув машқларини рақамли технологиялар орқали мониторинг қилиш амалиётини йўлга қўйиш.



8-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


102. Стратегия ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа мутасадди органларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ва идоравий норматив ҳужжатлар ишлаб чиқишда услубий асос бўлиб хизмат қилади.


103. Стратегияда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг қонунга хилоф тажовузлардан ҳимояланганлик ҳолати сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилади.


104. Жиноятлар, шу жумладан такроран содир этилган жиноятлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, ходимларнинг хизмат фаолиятини фуқароларга кўмаклашишга йўналтириш орқали аҳолининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органларига ишончи ортишига эришилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 1 декабрь
































Время: 0.1847
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск