ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги Концепцияси (ЎзР Президентининг 29.11.2021 й. ПФ-27-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 29 ноябрдаги

ПФ-27-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) миллий хавфсизликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини белгиловчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Концепцияда қўлланилган асосий тушунчалар:


жамоат хавфсизлиги - жамиятнинг қонунга хилоф тажовузлар, ижтимоий ва миллатлараро низолар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа таҳдидлардан (кейинги ўринларда - таҳдидлар) ҳимояланганлик ҳолати бўлиб, у жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади ҳамда инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишини таъминлайди;


жамоат хавфсизлигини таъминлаш - давлат томонидан жамиятни таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун белгиланадиган ҳамда доимий равишда такомиллаштириб бориладиган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа комплекс ташкилий чора-тадбирларни қамраб олувчи яхлит тизим.


2. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги миллий манфаатлар:

жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, сиёсий ҳамда ижтимоий фаоллиги, фуқаролик масъулиятини ошириш асосида мамлакатда ҳуқуқий жамиятни барпо этиш ва мустаҳкамлаш;

ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш;

мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг фаол ва бунёдкор ролини, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

жамиятда миллатлараро ва динлараро муносабатларни, диний бағрикенглик маданиятини, дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва гуманизмни ҳар томонлама мустаҳкамлаш;

дунёда доимий равишда кечаётган ўзгаришлар ва улар билан боғлиқ реал ҳамда эҳтимолий таҳдидлар шароитида жамиятнинг ўзлигини (тили, маданияти, ижтимоий тузилиши, миллий ўзига хослиги ва динини), яъни ўзини ўзи сақлаб қолиш қобилияти ва салоҳиятини мустаҳкамлаш.


3. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

жамоат хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шу жумладан кенг қамровли мақсадли дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш;

жамиятнинг қонунга хилоф тажовузлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш, шу жумладан бундай тажовузларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг асосий омилларини аниқлаш ва бартараф этиш;

ижтимоий ва миллатлараро низоларнинг профилактикасини амалга ошириш;

ҳар қандай кўринишдаги террористик ва экстремистик фаолиятни аниқлаш ва унга чек қўйиш, коррупция, гиёҳванд ва психотроп моддалар, қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар, ноқонуний миграция ва одам савдоси ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига қарши қаратилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш;

ижтимоий инфратузилманинг, шу жумладан туризм объектларининг узлуксиз ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;

транспорт инфратузилмасини, транспорт воситаларининг хавфсизлик стандартларини ва йўл ҳаракати қоидаларини такомиллаштириш орқали йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида етказиладиган зарар ва ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш;

жиноят содир этишга мойил, маъмурий ва пробация назоратига олинган ҳамда ёт бўлган ғоялар таъсирига тушиб адашган шахсларнинг ижтимоийлашуви, шу жумладан уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали ушбу тоифадаги фуқаролар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўймаслик;

аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигини таъминлашда аҳолининг кўникмаларини шакллантириш ва доимий такомиллаштириб бориш;

вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;

жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларини кенг жорий этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинадиган ваколатли давлат органлари куч ва воситаларининг доимий тайёрлигини таъминлаш, тезкорлигини ошириш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг шахсий таркибини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш даражасини ошириш.


4. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолияти қуйидаги асосий тамойилларга таянган ҳолда амалга оширилади:

қонунийлик;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш;

очиқлик ва шаффофлик;

жамоат хавфсизлигига тажовуз қилувчи таҳдидларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларининг устуворлиги;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда барча ваколатли тузилмаларнинг ҳаракатлари изчиллиги ва бирдамлиги.


5. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш давлат идоралари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинувчи куч ва воситаларнинг ҳаракатлари ўзаро изчиллик ва бирликка асосланади ҳамда бу борадаги фаолиятда сансалорлик ва зиддиятларга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

СОҲАСИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ


6. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлардан иборат.

Жамоат хавфсизлигини таъминловчи субъектлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан иборат.

Бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этувчи субъектларга киради.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан ҳуқуқбузарлик, ижтимоий ва миллатлараро низоларнинг олдини олишга қаратилган комплекс мақсадли давлат дастурлари ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролар билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини бевосита таъминловчи субъектларнинг моддий-техник таъминотини, шунингдек, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мақсадли идоравий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

жамоат жойларида, шу жумладан йўлларда, транспорт ва туризм инфратузилмаси объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган барча куч ва воситалар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда ташкилий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

фуқаровий ҳамда хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари муомалада бўлиши соҳасига доир қоидалар ва тартибга, ушбу соҳадаги лицензия ва рухсат беришга оид талаблар ҳамда шартларга риоя этилишини таъминлайди;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлайди;

жамоат жойларида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг комплекс, тизимли таҳлилини олиб боради, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар ва тавсиялар киритади;

жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга чек қўйиш бўйича тадбирлар юзасидан умумий бошқарув тизимини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ҳақида кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боради, бу борада жамоатчилик фикрини ўрганади;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминология соҳасида илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий ишларни амалга оширади.

9. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мақсадли идоравий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга чек қўйиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

ўзига бириктирилган жамоат жойларида, шу жумладан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларидаги оммавий тадбирларда, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этади;

ваколати доирасида фавқулодда вазиятларда ва фавқулодда ҳолат эълон қилинган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлайди;

террорчиликка қарши операцияларни ўтказишда ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда иштирок этади;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ҳамда бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлайди;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий ишларни амалга оширади.


10. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширишда иштирок этади;

фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар юзага келишининг олдини олиш ҳамда профилактика тадбирларини ташкил этиш чораларини кўради;

аҳоли ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда улар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилишни ташкиллаштиради;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини бошқаради, шунингдек, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини ташкил этади;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббий ва моддий-техник ресурсларнинг давлат захира фондларини шакллантиришга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш чораларини кўради;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини ошириш соҳасидаги илмий-техник ва инновацион сиёсат олиб боришнинг устувор йўналишларини белгилайди ва мақсадли илмий-техник дастурларни тасдиқлайди.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати:

терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашади;

жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш чораларини кўради;

давлат чегарасида, жумладан чегара олди зонаси ва чегара олди минтақасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олади, уларга имкон берувчи омилларни аниқлайди ва бартараф этиш чораларини кўради;

террорчиликка қарши операция ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган куч ва воситалар фаолиятини мувофиқлаштиради, назорат қилади ҳамда ташкилий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида ва қонунчиликда белгиланган бошқа жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахслар, муомалада бўлиши чекланган ёки тақиқланган ашёлар ҳамда моддаларнинг давлат чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олади, аниқлайди ва уларга барҳам бериш чораларини кўради;

давлат ва жамиятга, жумладан жамоат хавфсизлигига террорчилик, қўпорувчилик ва бузғунчилик орқали таҳдид солувчи, миллий, этник, диний адоватни тарғиб этишга қаратилган салбий ҳаракатлар ҳақида тезкор маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва бундай ҳаракатларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш чораларини кўради.


12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга ваколатли давлат органларининг қонунларни аниқ ва бир хилда бажаришлари устидан прокурор назоратини амалга оширади ҳамда уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган профилактик ва махсус чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганади ҳамда ваколатли давлат органларининг қўшма йиғилишларида муҳокама қилади;

жамоат хавфсизлиги соҳасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш омиллари, сабаблари ва шарт-шароитлари юзасидан тизимли ва илмий таҳлилларни амалга оширади, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкиллаштиради;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан прокурор назорати ҳужжатларини қўллайди ва уларнинг бартараф этилишини таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва мавжуд воситаларни ягона ахборот платформасига интеграция қилишда тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилади;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот ишларини бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб боради.


13. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги:

жамиятда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишини ташкил этади;

оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

ваколати доирасида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ва итоат ҳиссини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғлом оила - соғлом жамият" ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритади, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмак берилишини ташкил этади;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлайди, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширади, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлайди;

маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.


14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

шаҳар ва ҳудудий инфратузилма бошқарувининг замонавий интеллектуал тизимлари жорий қилиниши ва ривожланиши билан боғлиқ масалалар, жумладан уй-жой коммунал хизматларини кўрсатиш, транспорт логистикаси, шошилинч хизматлар, уларни интеграциялаш ҳамда "Ақлли шаҳар" ва "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексига бирлаштириш бўйича ишларни олиб боради;

"Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш ва янада ривожлантириш бўйича тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқади, ягона технологик ёндашувни таъминлайди ва ягона талаблар, меъёрлар ҳамда мезонларни белгилайди, комплексни "Электрон ҳукумат" тизими ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялаш чораларини кўради;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича кадрларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.


15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

аҳолининг санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлашга доир давлат сиёсатини амалга оширишда кўмаклашади, мазкур йўналишда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

жамоат жойларида аҳоли соғлиғини сақлашни таъминлаш, аҳолини соғлом турмуш тарзига ундаш, фуқароларда ўзи ва бошқа одамлар саломатлиги учун жавобгарлик ҳиссини тарбиялаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

ўткир алкоголли мастлик ҳолатида жамоат жойларида бўлган, мустақил ҳаракат қилиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотган ҳамда ўзининг ҳаракатлари билан жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган шахсларга мастлик ҳолатини бартараф этиш мақсадида тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини амалга оширади;

алкоголизм, гиёҳвандлик, токсик моддаларни истеъмол қилиш, ўзгаларга хавф туғдирадиган бошқа касалликларга чалинган шахслар, шунингдек, руҳий касалларни тиббий ижтимоий реабилитация қилиш ишларини амалга оширади;

ижтимоий хавфли касалликларга чалинган, алоҳида тоифалардаги шахслар учун белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига ҳамда жамоат жойларида бўлиш учун чекловларга риоя этилишини назорат қилади.


16. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимлари, шошилинч тиббий ёрдам хизматлари, жамоат жойларидаги коммуникация, муҳандислик-техник воситалар ҳамда бошқа тизимларга қўйиладиган ягона ҳуқуқий талабларга риоя этиш чора-тадбирларини назорат қилади ва амалга оширади;

тегишли ҳудуддаги жамоат жойларида қурилиш нормаларига, техник эксплуатация қоидаларига, коммуникация, экология, санитария, эпидемиология стандартлари ва талабларига риоя қилинишини назорат қилади;

йўл ҳаракатини тартибга солиш ва мавжуд транспорт инфратузилмасидан оқилона фойдаланиш чораларини кўради;

жамоат хавфсизлигини бевосита таъминловчи субъектларни моддий-техник таъминлаш, уларнинг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.


17. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир давлат дастурларини, ҳудудий ва идоравий дастурларни амалга оширишда иштирок этади, шунингдек, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.


18. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар жамоат хавфсизлигини бевосита таъминловчи субъектларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдамни кўрсатиш йўли билан жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиши мумкин.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


19. Концепцияни амалга ошириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мақсадли ва манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган идоралараро амалий ўқув машғулотларини ўтказиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида малакали кадрларни тайёрлаш, уларни жой-жойига қўйиш, тизимли малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

жамоат хавфсизлигига хатарларнинг ҳолати ва даражаларини белгиловчи мезонларни ва асосий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолатининг жорий ва истиқболдаги ривожланишини прогноз қилиш, мавжуд ва юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни белгилаш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жамоат хавфсизлигига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга ошириш, уларни содир этган шахсларнинг белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини таъминлаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва тезкор бошқаришнинг ягона марказлашган тизимини жорий этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологияларни кенг жорий этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни татбиқ этиш чораларини кўриш, соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.


20. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга таҳдидлар, уларнинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари, жамоат хавфсизлигининг таъминланганлиги ҳолати белгиланган кўрсаткичлар асосида баҳоланади.


21. Жамоат хавфсизлиги манзилли ва мақсадли дастурлар, жамоат хавфсизлиги тизимини ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва уларни тизимли амалга ошириш орқали таъминланади.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


22. Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагиларга эришилади:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонунчилик янада такомиллаштирилади, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятлар бартараф этилади, миллий хусусиятлар ва шароитлар эътиборга олинган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба татбиқ этилади;

жамиятда тинчлик ва осойишталикнинг таъминланганлик даражаси оширилади, қонун устуворлиги мустаҳкамланади, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошади;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланади, соҳада жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик даражаси ошади;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усуллари ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилади.


23. Концепцияни амалга оширишнинг пировард натижаси жамоат хавфсизлигини, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини самарали татбиқ этиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли ва самарали механизмларини жорий этиш ҳисобланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахслари ўз хизмат мажбуриятлари юзасидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳамда уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминламаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 1 декабрь































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск