ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикасининг 15.12.2021 й. ЎРҚ-737-сон "Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги Конституциявий Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.07.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.11.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ

15.12.2021 й.

N ЎРҚ-737



ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 19 ноябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади


Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартибини белгилашдан иборат.



2-модда. Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунчилик


Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Конституциявий Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Конституциявий Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


комендантлик соати - сутканинг махсус берилган рухсатномаларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз кўчаларда ҳамда бошқа жамоат жойларида ёхуд турар жойдан ташқарида бўлишга тақиқ белгиланган вақти;


фавқулодда ҳолат - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқларига нисбатан ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклайдиган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими;


фавқулодда ҳолат жорий этилаётган ҳудудларнинг чегаралари (бундан буён матнда фавқулодда ҳолат жорий этилаётган ҳудудлар деб юритилади) - Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ёхуд бир ёки бир неча маъмурий-ҳудудий бирликлари ёхуд уларнинг қисмини қамраб олувчи фавқулодда ҳолат режими амал қилиши доираси;


Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси - Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан фавқулодда ҳолат даврига тузиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи;


ҳудуд коменданти - ҳудуд комендатураси фаолиятига раҳбарлик қилувчи ҳамда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга оширувчи мансабдор шахс;


ҳудуд комендатураси - фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларни бошқариш учун ташкил этиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи.



4-модда. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадлари


Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадлари уни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишдан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлиги ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.



2-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТНИ ЖОРИЙ

ЭТИШ ҲОЛЛАРИ ВА ТАРТИБИ


5-модда. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш ҳоллари


Фавқулодда ҳолат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади. Бундай ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

реал ташқи хавф, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ва (ёки) ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга уринишлар, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек зўравонлик ҳаракатлари билан бир вақтда юз берадиган, фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид солувчи ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни ёки айрим жойларни тўсиш ёки босиб олиш, қонунга хилоф қуролли тузилмаларни тайёрлаш (ташкил этиш) ва уларнинг фаолияти, миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар;

кенг қамровли авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилишини талаб этадиган йирик ҳалокатлар, табиий офатлар, эпидемиялар ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, фавқулодда экологик вазиятлар.



6-модда. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш


Фавқулодда ҳолат Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони дарҳол оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони уч сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони


Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида қуйидагилар белгиланади:

фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;

фавқулодда ҳолатни жорий этиш заруратининг асоси;

фавқулодда ҳолат жорий этилаётган ҳудуднинг чегаралари;

фавқулодда ҳолат режимини таъминлайдиган кучлар ва воситалар;

фавқулодда чоралар рўйхати ва уларни қўллаш чегаралари, вақтинчалик чекловларнинг қатъий рўйхати;

фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган фавқулодда чораларни амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари;

фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида ташкил этиладиган махсус давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ваколатлари;

фармон кучга кирадиган сана ва вақт, шунингдек фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги

фармонини тасдиқлаш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси ўтказиладиган жойга дарҳол, махсус чақирувсиз етиб келиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккала палатаси қўмиталарида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сиёсий партиялар фракциялари томонидан дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу фармонни тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқади ҳамда қўшма қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш масаласига доир қўшма қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тасдиқланмаган фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда аҳоли фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида қандай тартибда хабардор қилинган бўлса, худди шундай тартибда хабардор қилинади.



9-модда. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари


Фавқулодда ҳолат жорий этилганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун даври мобайнида ўз ишини давом эттиради ва тарқатиб юборилиши мумкин эмас.



10-модда. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати


Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати ўттиз суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас.

Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда аҳоли фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида қандай тартибда хабардор қилинган бўлса, худди шундай тартибда хабардор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини узайтириш тўғрисидаги фармони ушбу Конституциявий Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тасдиқланади.



11-модда. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш


Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тўлиқ ёки қисман, шу жумладан муддатидан илгари тугатилади. Бу ҳақда аҳоли фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида қандай тартибда хабардор қилинган бўлса, худди шундай тартибда хабардор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги фармони ушбу Конституциявий Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тасдиқланади.



3-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТ ШАРОИТЛАРИДА

ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ФАВҚУЛОДДА ЧОРАЛАР

ВА ВАҚТИНЧАЛИК ЧЕКЛОВЛАР


12-модда. Фавқулодда ҳолат жорий этилганда

қўлланиладиган фавқулодда чоралар

ва вақтинчалик чекловлар


Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида қуйидаги фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши назарда тутилиши мумкин:

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг), маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш эркинлигига нисбатан чекловлар, шунингдек мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режими, шу жумладан мазкур ҳудудга, зарур бўлганда эса Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудига чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши ҳамда ушбу ҳудудларда туришига нисбатан чекловлар;

жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш;

фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга, шу жумладан товарларни реализация қилишга, ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга нисбатан чекловлар;

озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби;

йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек бошқа оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш ёки чеклаш;

транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш ва уларни кўздан кечиришни амалга ошириш;

хавфли ишлаб чиқаришлар ҳамда портловчи, радиоактив, шунингдек хавфли кимёвий ва биологик моддалардан фойдаланадиган ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш;

фавқулодда ҳолатлар муносабати билан моддий ва маданий қимматликларнинг йўқ қилинишига, ўғирланишига ёки шикастланишига аниқ таҳдид мавжуд бўлган тақдирда, уларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, кўчмас объектларга, шу жумладан моддий маданий мерос объектларига нисбатан эса уларни муҳофаза қилишга доир тегишли чоралар кўриш.

Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларга қараб, мазкур модданинг биринчи қисмида, шунингдек ушбу Конституциявий Қонуннинг 13 ва 14-моддаларида назарда тутилган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловларнинг бутун мажмуи ҳам, уларнинг айримлари ҳам жорий этилиши мумкин.



13-модда. Ушбу Конституциявий Қонун 5-моддасининг иккинчи

хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда жорий

этилган фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган

фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар


Ушбу Конституциявий Қонун 5-моддасининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда, фавқулодда ҳолат жорий этилаётган ҳудудда ушбу Конституциявий Қонуннинг 12-моддасида кўрсатилган фавқулодда чораларга ва вақтинчалик чекловларга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони билан қуйидаги қўшимча фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар назарда тутилиши мумкин:

комендантлик соатини жорий этиш;

ҳудудий мудофаа тадбирларини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклаш шартлари ва тартиби кўрсатилган ҳолда бундай фаолиятни чеклаш, шунингдек босма маҳсулотни, радиоузатувчи, овоз кучайтирувчи воситаларни, нусха кўпайтириш техникасини вақтинча олиб қўйиш ёки хатлаш, журналистлар аккредитациясини ўтказишнинг алоҳида тартибини белгилаш;

фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишга монелик қилаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тўхтатиб туриш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий кўригини, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширувини, ашёларни, уй-жойни ва транспорт воситаларини кўздан кечиришни ўтказиш;

қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддаларни, махсус воситаларни, заҳарли моддаларни реализация қилишни тақиқлаш, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари ва препаратлар, этил спирти, алкоголь маҳсулотлари муомалада бўлишининг алоҳида режимини белгилаш. Алоҳида ҳолларда фуқаролардан қуролни ва ўқ-дориларни, ташкилотлардан қуролни ва унинг ўқ-дориларини, махсус воситалар ва заҳарли моддаларни, шунингдек жанговар ва ўқув-жанговар ҳарбий техникани, портловчи ва радиоактив моддаларни вақтинча олиб қўйиш;

фавқулодда ҳолат режимини бузаётган ва фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда яшамайдиган шахсларни белгиланган тартибда ушбу ҳудуддан ташқарига ўз ҳисобидан чиқариб юбориш, уларда маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса харажатларнинг ўрнини кейинчалик суд тартибида ушбу шахслардан ундирган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чиқариб юбориш.



14-модда. Ушбу Конституциявий Қонун 5-моддасининг учинчи

хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда жорий

этилган фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган

фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар


Ушбу Конституциявий Қонун 5-моддасининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда, фавқулодда ҳолат жорий этилаётган ҳудудда ушбу Конституциявий Қонуннинг 12-моддасида кўрсатилган фавқулодда чораларга ва вақтинчалик чекловларга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони билан қуйидаги қўшимча фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар назарда тутилиши мумкин:

аҳолини хавфсиз ҳудудларга вақтинча яшаб туриш учун стационар ёки кўчма турар жойлар мажбурий равишда берилган ҳолда эвакуация қилиш;

карантин жорий этиш, санитария-эпидемияга қарши, ветеринария тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;

давлат захираларини жалб этиш, мулкчилик шаклларидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этиш, уларнинг иш режимини ўзгартириш, мазкур ташкилотларни фавқулодда ҳолат шароитларида зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш ва ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини фавқулодда ҳолат шароитларида зарур бўлган бошқача тарзда ўзгартириш;

авария-қутқарув ишларини ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш зарурати билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда мазкур ишларни амалга ошириш учун меҳнатга лаёқатли аҳолини, юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига мажбурий равишда риоя этган ҳолда жалб этиш.



15-модда. Сайловлар ва референдумлар ўтказишни чеклаш


Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун муддати давомида сайловлар ва референдумлар ўтказилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг айрим жойида жорий этилган фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун даври мобайнида ушбу жойда жойлашган халқ депутатлари Кенгашларига сайлов ва фуқаролар йиғинлари раислари сайлови ўтказилмайди.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахслар ваколатларининг муддати тугаган тақдирда уларнинг ваколатлари муддати, агар мазкур органлар ва шахсларнинг ваколатлари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган тартибда тўхтатиб турилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даври тугагунига қадар узайтирилади.



16-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг

амал қилишини тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, вазирликлар ҳамда идоралар буйруқлари ва қарорларининг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг амал қилишини ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонига зид бўлган тақдирда, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддатига тўхтатиб туришга ҳақли.



4-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

ДАВРИДА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИГАН МАХСУС

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ


17-модда. Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш

бўйича махсус давлат бошқаруви органлари


Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишга оид масалаларни дарҳол ҳал этиш ва тадбирларни амалга ошириш мақсадида фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин бўлиб, улар жумласига қуйидагилар киради:

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси (бундан буён матнда Давлат комиссияси деб юритилади);

ҳудуд комендатураси.

Икки ва ундан ортиқ ҳудудлар комендатураси ташкил этилган тақдирда, Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тузилади.



18-модда. Давлат комиссиясининг асосий

вазифалари ва функциялари


Давлат комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудни бошқариш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш;

фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида жабрланган фуқаролар вақтинча яшаш, шунингдек уларга зарур ёрдам кўрсатиш учун стационар ёки кўчма турар жойларга вақтинча жойлаштирилишини ташкил этиш;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудларда давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, бошқа ташкилотларнинг ҳамда ҳудудлар комендатураларининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш;

фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида ўтказиладиган тадбирларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш.

Давлат комиссияси қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва ҳудудлар комендатураларининг фаолиятини мувофиқлаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

Давлат комиссиясининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш масалалари юзасидан давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва ҳудудлар комендантларини эшитади;

давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа ташкилотлардан ва ҳудудлар комендантларидан Давлат комиссиясининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ҳамда маълумотларни сўраб олади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва ҳудудлар комендатуралари томонидан фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишга доир тадбирларнинг бажарилишини назорат қилади;

таҳлилий, экспертга оид ва бошқа ишларни бажариш учун давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этади;

ушбу Конституциявий Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида, 13 ва 14-моддаларида кўрсатилган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилишининг самарадорлигини кўриб чиқади. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар тўлиқ ёки қисман бартараф этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентига фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ёки фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида тегишли таклифлар киритади.

Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тегишли лойиҳаларини кўриб чиқиш учун киритади.



19-модда. Давлат комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш


Давлат комиссияси давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар вакилларидан ва ҳудудлар комендантларидан иборат таркибда тузилади.

Давлат комиссиясининг таркиби ва Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Давлат комиссиясининг фаолияти раисдан, котибдан ва бошқа аъзолардан иборат таркибда амалга оширилади.

Давлат комиссиясининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.

Давлат комиссияси аъзоларининг ва унинг ишини таъминлаш учун жалб этиладиган мутахассисларнинг иш ўринлари ҳамда асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланиб қолади.

Давлат комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, унинг раиси томонидан чақирилади, қарорлари эса баённома шаклида расмийлаштирилади. Давлат комиссияси аъзолари мажлисларда алмаштириш ҳуқуқисиз иштирок этади.

Давлат комиссиясининг мажлис кун тартибидаги ҳар бир масалага доир қарорлари очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ҳамда, агар Давлат комиссияси аъзолари умумий сонининг кўпчилиги улар учун овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Давлат комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади. Давлат комиссиясининг ўз ваколатларига мувофиқ қабул қилинадиган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳудудларнинг комендатуралари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши шарт.



20-модда. Ҳудуд коменданти


Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ҳудуд коменданти тайинланади.

Ҳудуд коменданти Ўзбекистон Республикаси Президентига, Давлат комиссияси тузилганда эса Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Давлат комиссияси раисига бўйсунади.

Ҳудуд коменданти:

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш масалалари юзасидан барча давлат бошқаруви органлари (уларнинг таркибий бўлинмалари), маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар томонидан тегишли ҳудудда бажарилиши шарт бўлган буйруқлар ва фармойишларни ўз ваколатлари доирасида чиқаради;

комендантлик соатининг вақтини ва амал қилиш муддатини белгилайди;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режимини белгилайди;

қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, махсус воситаларни, заҳарли моддаларни, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини ва препаратларни, этил спиртини, алкоголь маҳсулотини реализация қилишни тақиқлаш бўйича чоралар кўради;

фуқаролардан вақтинча олиб қўйилган қуролни ва ўқ-дориларни, ташкилотлардан вақтинча олиб қўйилган қуролни ва унинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, портловчи, заҳарли ҳамда радиоактив моддаларни, шунингдек жанговар ва ўқув-жанговар техникани сақлаш тартиби ва жойларини белгилайди;

фавқулодда ҳолат режимини бузаётган шахсларни фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуддан ташқарига, уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига хавф туғдирмайдиган ҳудудга белгиланган тартибда чиқариб юборади;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда ушбу Конституциявий Қонуннинг 12, 13 ва 14-моддаларида назарда тутилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонига мувофиқ ҳали қўлланилмаган қўшимча фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни қўллаш зарурати ҳақидаги асослантирилган таклифлар билан Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Давлат комиссияси раисига мурожаат қилади;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминлашга доир тадбирларни қўшимча равишда молиялаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд аҳолисини юзага келган фавқулодда ҳолат ҳамда фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган айрим фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни бажариш тартиби ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилади;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда журналистларни аккредитация қилишнинг алоҳида тартибига риоя этилишини ҳамда уларнинг иш тартибини таъминлайди;

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда аҳолининг нормал ҳаёт фаолиятини сақлаб туриш ва таъминлаш учун зарур чоралар кўради.

Ҳудуд коменданти фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият кўрсатувчи давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг), маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг барча мажлисларида иштирок этишга ҳамда ушбу Конституциявий Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича таклифлар киритишга ҳақли.

Ҳудуд коменданти ҳудуд комендатурасига раҳбарликни амалга оширади. Ҳудуд комендатурасининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳудуд комендатурасининг ташкил этилиши фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият юритувчи давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини тўхтатиб турмайди.



5-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТ РЕЖИМИНИ

ТАЪМИНЛОВЧИ (САҚЛОВЧИ) КУЧЛАР

ВА ВОСИТАЛАР


21-модда. Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш

учун кучлар ва воситалар


Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситаларидан фойдаланилади.



22-модда. Фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи

кучлар ва воситалар фаолиятини мувофиқлаштириш


Фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун ҳудуд комендатураси таркибида ҳудуд коменданти томонидан тегишли давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакиллари орасидан тезкор штаб тузилади.

Тезкор штабга ҳудуд коменданти раҳбарлик қилади.



23-модда. Фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш

учун қўшимча кучлар ва воситаларни жалб этиш


Алоҳида ҳолларда, ушбу Конституциявий Қонуннинг 21-моддасида кўрсатилган кучлар ва воситаларга қўшимча равишда, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари жалб этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қуйидаги вазифаларни бажариш учун жалб этилади:

фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режимини сақлаб туриш;

аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек атроф-муҳит учун юқори хавф туғдирадиган объектларни муҳофаза қилиш;

қурол, жанговар ва махсус техника қўлланилган ҳолда зўравонлик ҳаракатлари билан бирга юз берадиган тўқнашувларда иштирок этаётган қарама-қарши курашаётган тарафларни ажратиш;

қонунга хилоф қуролли тузилмалар фаолиятига чек қўйишда иштирок этиш;

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг кучлари таркибида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда, шунингдек одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи - бешинчи хатбошиларида кўрсатилган вазифаларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда, ушбу модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда бажаради.



6-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТ ШАРОИТЛАРИДА

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАР, ШУНИНГДEК

МАНСАБДОР ШАХСЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


24-модда. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида

жисмоний ва юридик шахслар мулкий ва ижтимоий

ҳуқуқларининг кафолатлари


Ушбу Конституциявий Қонун 14-моддасининг бешинчи хатбошисига мувофиқ авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш учун жалб этилган шахслар меҳнатига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳақ тўлаш кафолатланади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Банд бўлмаган аҳоли орасидан авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш учун жалб этилган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида ёки бундай ҳолатларни йўқ қилиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар қўлланилиши муносабати билан жабрланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган шартлар асосида ва тартибда турар жойлар берилади, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланади, ишга жойлашишда кўмак берилади ва зарур ёрдам кўрсатилади.

Ушбу Конституциявий Қонун 14-моддасининг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар оқибатида зарар кўрган шахсларга ушбу зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.



25-модда. Фавқулодда ҳолатни таъминлашда (сақлаб туришда)

иштирок этган шахсларга бериладиган қўшимча

кафолатлар ва компенсациялар


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳамда Мудофаа вазирлигининг ходимларига ва ҳарбий хизматчиларига, шунингдек фавқулодда ҳолат режимини таъминлашда (сақлаб туришда) иштирок этган бошқа шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган қўшимча кафолатлар ва компенсациялар татбиқ этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни ҳисобга олиш тартиби, шунингдек мазкур шахсларга нисбатан қўшимча кафолатлар ва компенсациялар қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



26-модда. Фавқулодда ҳолат шароитларида фавқулодда

чоралар ва вақтинчалик чекловларни қўллаш чегаралари


Фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқ ва эркинликларининг, шунингдек юридик шахслар ҳуқуқларининг алоҳида чекловлари белгиланишига сабаб бўладиган ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатадиган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар қонунга мувофиқ вужудга келган фавқулодда ҳолат талаб этадиган чегаралар доирасида амалга оширилиши керак.

Фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланиладиган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларига зид бўлмаслиги керак. Фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши инсон ва фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24, 25, 26-моддаларида, 27-моддасининг биринчи қисмида, 30, 31 ва 44-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш учун асос бўла олмайди.

Ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар қатъийдир, улар кенгайтириб талқин этилмайди ва бошқа чекловлар белгиланишига йўл қўйилмайди.



27-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни,

жанговар ва махсус техникани ҳамда ўқотар қуролни

қўллаш шартлари ва чегаралари


Жисмоний куч ишлатишнинг, махсус воситаларни, жанговар ва махсус техникани ҳамда ўқотар қуролни қўллашнинг қонунларда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлари ва чегаралари фавқулодда ҳолат шароитларида ўзгартирилмайди.

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлашга (сақлаб туришга) жалб этилган шахсларнинг ўз ваколатлари доирасидан чиқиши, шунингдек қонунга хилоф равишда куч ишлатиши, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаши қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



28-модда. Комендантлик соати қоидаларини бузган шахсларни

маъмурий йўл билан ушлаб туриш тартиби


Комендантлик соати қоидаларини бузган шахслар комендантлик соати тугагунига қадар ушлаб турилади, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган (ўз шахси ҳақидаги маълумотларни яшираётган) шахслар эса ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра кўпи билан йигирма тўрт соат муддатга ушлаб турилиши мумкин.

Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнида бўлган нарсалар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечирилиши мумкин.

Ички ишлар органи бошлиғининг маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Ички ишлар органи бошлиғининг комендантлик соати қоидаларини бузган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги қарорининг қонунийлиги ва ушлаб турилган шахсларни сақлаш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш прокурор томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг хавфли юқумли касалликлари юзага келиши ҳамда тарқалиши хавфи туфайли чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган тақдирда, фавқулодда ҳолат режимини бузган, мазкур жойда яшамайдиган ҳамда ушбу жойдан ташқарига чиқариб юборилиши лозим бўлган фуқаролар шу шахслар учун белгиланган тиббий кузатув муддати тугагунига қадар умумий асосларда ушлаб турилади.



29-модда. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини

тугатишнинг ҳуқуқий оқибатлари


Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқларини вақтинча чеклаш билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳудуд комендантининг буйруқлари ва фармойишларининг амал қилиши фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши тугатилиши билан бир вақтда тугатилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш фавқулодда ҳолат режимини бузиш тўғрисидаги маъмурий ишни юритишнинг тугатилишига ва маъмурий йўл билан ушлаб турилган шахсларнинг ёки мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун ўзига нисбатан маъмурий қамоққа олиш тарзидаги маъмурий жазо қўлланилган шахсларнинг дарҳол озод этилишига сабаб бўлади.



30-модда. Фавқулодда ҳолат жорий этилган

ҳудудда одил судловни амалга ошириш


Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Мазкур ҳудудда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ташкил этилган барча судлар фаолият кўрсатади.

Фавқулодда судларнинг бирор-бир шаклини ёки турини яратишга, худди шунингдек тезлаштирилган ёки фавқулодда суд ишларини юритишнинг ҳар қандай шакллари ва турларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият кўрсатаётган судлар томонидан одил судловни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, судларда кўриб чиқиладиган ишларнинг судловга тегишлилиги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарорига кўра ўзгартирилиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31-модда. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб

хизмат қилган ҳолатларнинг сабаблари ва оқибатларини

бартараф этишга доир ишларни молиялаштириш


Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этишга доир ишларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида Давлат комиссиясига ва (ёки) ҳудуд комендантига ҳаёт кечириш учун зарур бўлган ва ижтимоий соҳа объектларини, уй-жой фондини тиклашга, фуқароларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга, фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда жойлашган тегишли ташкилотларга компенсациялар тўлашга йўналтирилаётган маблағларни белгиланган тартибда тасарруф этиш вазифалари топширилиши мумкин.



32-модда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотини фавқулодда

ҳолатни жорий этиш ва унинг амал қилиш даврини

тугатиш тўғрисида хабардор қилиш


Ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактдан (Нью-Йорк, 1966 йил 16 декабрь) келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги қўшма қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан уч кунлик муддатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибини мазкур халқаро шартномада назарда тутилган инсоннинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ҳажми ҳамда фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари тўғрисида хабардор қилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши узайтирилган тақдирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида қандай тартибда хабардор қилинган бўлса, худди шундай тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хабардор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибини фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши тугатилганлиги ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари қоидаларининг амал қилиши тўлиқ ҳажмда тикланганлиги тўғрисида хабардор қилади.



33-модда. Чегарадош давлатларни фавқулодда ҳолат

жорий этилганлиги тўғрисида хабардор қилиш


Ўзбекистон Республикасининг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги қўшма қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 24 соат ичида чегарадош давлатларни фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилади.



34-модда. Халқаро инсонпарварлик ёрдами


Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда халқаро инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



35-модда. Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



36-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг

ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти

тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



37-модда. Қонунчиликни ушбу Конституциявий

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



38-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.




Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 16 декабрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 16 декабрь




















































Время: 0.1802
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск