ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.12.2021 й. ПҚ-61-сон "Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.12.2021 й.

N ПҚ-61



ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА

МОЛИЯВИЙ МУСТАҚИЛЛИК БЕРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат олий таълим муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларини мустақил ҳал этиш, илмий-тадқиқот фаолиятига маблағларни жалб этиш имкониятини кенгайтириш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида:


1. Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилсин:

таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;

талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилашга оид қарорлар қабул қилиш;

профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш;

ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш;

бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;

автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари қуйидагиларни назарда тутувчи молиялаштириш тартибига ўтказилади:

барча таълим йўналишлари ва босқичлари бўйича бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдори ҳисоблаб чиқилади;

давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида бир талабага тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб белгиланади;

давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун бюджет маблағлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган битим асосида ажратилади (бундан мақсадли маблағлар, шу жумладан стипендия тўловлари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимояси учун қонунчиликда белгиланган маблағлар, олий таълимдан кейинги таълим харажатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида ажратиладиган бошқа маблағлар мустасно);

давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун ажратилган бюджет маблағлари (бундан мақсадли маблағлар мустасно) олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва ҳисобот даври охирида маблағларнинг қолдиғи олий таълим муассасаси ихтиёрида қолдирилади;

давлат буюртмаси сифатида ажратилган маблағлар ҳамда тўлов-контракт маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси тегишлилиги бўйича юқори турувчи вазирлик ва идорада рўйхатдан ўтказилади ҳамда улардан фойдаланиш Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси учун белгиланган тартибга ўхшаш тартибда амалга оширилади. Бунда, молия йили давомида даромадлар ва харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар Молия вазирлиги билан келишилмайди;

тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб, бироқ олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш, истиқболда ривожлантириш ҳамда таълим хизматлари бозоридаги ўзаро рақобат асосида белгиланади.


4. Белгилансинки, молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларида:

асосий воситаларни ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи - Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми - электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин мазкур олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни (бундан ер, бино, иншоотлар, жумладан оператив бошқарувга берилган бино ва иншоотлар ҳамда ўқув-илмий лаборатория жиҳозлари мустасно) сотишдан тушган маблағлар тўлиғича ўз ихтиёрида қолдирилади;

молиявий назорат тадбирларини холисона ва мустақил ўтказадиган ички аудит ва молиявий назорат хизмати ташкил этилади;

маблағларнинг сарфланиши юзасидан юқори турувчи вазирликка (идорага) ҳар чоракда белгиланган тартибда ҳисобот берилади;

Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, харид қилинган товарлар ва хизматлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда тасарруфидаги маблағлар, моддий бойликлар ва мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги бошқа маълумотлар ўз расмий веб-сайтларига мунтазам жойлаштириб борилади;

маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва стипендия тўловларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга ошириш учун жавобгарлик тегишли олий таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги "Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4391-сон қарорига асосан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига берилган ваколат ва ҳуқуқлар ушбу қарорга мувофиқ молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига татбиқ этилсин. Бунда:

молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет маблағларини олувчи давлат ташкилоти ҳисобланади;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати олий таълим муассасаси томонидан таълим хизматлари бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бироқ тегишли йўналиш бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади;

бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари кесимида қабул шартларида тўлов-контракт қиймати табақалаштирилган миқдорларда белгиланиши мумкин.


6. Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларида қуйидагилар кузатув кенгашларининг асосий ваколатлари этиб белгилансин:

олий таълим муассасасининг узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш;

олий таълим муассасасининг ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш, уларнинг ижросини муҳокама қилиш;

таълим йўналишлари, мутахассисликлар ҳамда ихтисосликлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

олий таълим муассасаси олдига қўйилган вазифалар ижроси, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича ректор ва проректорлар фаолиятини ўрганиш ҳамда ахборотини эшитиш;

олий таълим муассасасининг ички аудит ва молиявий назорат хизматига молиявий назорат ўтказиш учун қўшимча топшириқ бериш ҳамда назорат тадбирларининг натижаси юзасидан ҳисобот олиш;

олий таълим муассасасини ривожлантириш ва унинг молиявий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишида мақсадли капитал жамғармасини шакллантириш;

илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларининг инновацион ва бошқа жамғармалар маблағларини сарфлаш тартиби ва йўналишларини мустақил белгилаш;

олий таълим муассасаси раҳбари ва ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо бериш, улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқлаш;

олий таълим муассасаси ҳамда улар ҳузуридаги таълим ва илмий муассасаларнинг раҳбари ва ходимлари, профессор-ўқитувчилари, шунингдек, хорижий мутахассислар учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартибини мустақил белгилаш;

олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини, шу жумладан харажатларнинг тақсимланиш улушини мустақил белгилаш.


7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда уч ой муддатда давлат олий таълим муассасалари талабалари учун электрон шартномалар тузиш, тўлов-контракт асосида ўқитиш харажатларини онлайн тўлаш ва маблағлар ҳисобини юритиш бўйича ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда - Ахборот тизими) ишлаб чиқсин ҳамда Молия вазирлиги ва Марказий банкнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.

Белгилансинки, Ахборот тизимига уланиш идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча давлат олий таълим муассасалари учун мажбурий ҳисобланади.

Ахборот тизимини амалиётга жорий этиш, қўллаб-қувватлаш ва олий таълим муассасаларига шартнома асосида хизмат кўрсатиш вазифаси Олий таълим, фан ва инновациялар ҳузурлигидаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш марказига юклатилсин.

8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўйсунувида олий таълим муассасаси мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

халқаро молия ташкилотларини жалб қилган ҳолда 2022 йил якунига қадар давлат олий таълим муассасаларида бозор механизмларига асосланган бизнес жараёнларини жорий этиш, уларни хусусийлаштириш, улар фаолиятига корпоратив бошқарувни жорий этиш ҳамда тўлиқ молиявий мустақиллик бериш орқали таълим сифатини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

олий таълим муассасаси ҳамда битирувчилар ўртасида узвий алоқа ўрнатиш, уларнинг келгуси профессионал фаолияти, эришган ютуқлари ва тажрибаларини ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб бориш, улар билан талабалар ўртасида алоқа ўрнатиш, маҳорат дарслари ташкил этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин. Бунда, битирувчиларнинг келгусида эришган ютуқлари олий таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири ҳисобланади;

олий таълим муассасалари раҳбарларининг фуқароларга таълим хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш, таълим жараёнини илғор олий таълим стандартларига мувофиқлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка мунтазам равишда ҳисобот бериб боришини таъминласин.


9. Тиббиёт олий таълим муассасаларига уларнинг клиникаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур маблағлар сарфлашга рухсат берилсин.


10. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

давлат олий таълим муассасалари Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўлашдан озод этилганлиги;

молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига қонунчиликда олий таълим муассасалари учун назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилиши;

молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига ижтимоий солиқнинг 12 фоиз миқдордаги ставкаси қўлланилиши.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 сентябрдаги "Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6318-сон Фармони 3-бандида назарда тутилган божхона божидан озод қилиш бўйича имтиёз ўқув ҳамда илмий лаборатория жиҳозлари, махсус асбоб-ускуналар, ўқув, илмий-методик адабиётлар, ўқитишнинг техник воситалари, мультимедиа маҳсулотларини олиб кирувчи барча юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда божхона божидан озод қилинадиган товарлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

ички аудит ва молиявий назорат хизматлари учун давлат олий таълим муассасалари харажатларини "УзАСБО" дастурий мажмуаси орқали онлайн мониторинг қилиш имкониятини яратсин. Бунда, харажатларни амалга оширишда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликлар бўйича "таҳлика-таҳлил" тизимини йўлга қўйсин;

олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ажратмаларнинг Молия вазирлиги ахборот тизими орқали автоматик тарзда ўтказилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


13. Миллий телерадиокомпания Миллий ахборот агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда ушбу қарор мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга доир махсус медиа-режа ишлаб чиқсин ҳамда унинг ижросини таъминласин.


14. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги уч ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Молия вазирлиги билан биргаликда бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдори асосида молиялаштириш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини;

қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни.


15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 июль ва 2023 йил 1 январга қадар ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 24 декабрдаги

ПҚ-61-сон қарорига

1-ИЛОВА



Молиявий мустақиллик берилаётган

давлат олий таълим муассасалари

РЎЙХАТИ


1. Самарқанд давлат чет тиллар институти


2. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти


3. Тошкент давлат юридик университети


4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети


5. Тошкент молия институти


6. Тошкент давлат шарқшунослик университети


7. Тошкент фармацевтика институти


8. Тошкент давлат транспорт университети


9. Урганч давлат университети


10. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


11. Андижон машинасозлик институти


12. Тошкент кимё-технология институти


13. Самарқанд давлат университети


14. Ўзбекистон Миллий университети


15. Тошкент давлат техника университети


16. Тошкент тиббиёт академияси


17. Қорақалпоқ давлат университети


18. Қорақалпоғистон тиббиёт институти


19. Бухоро давлат университети


20. Бухоро давлат тиббиёт институти


21. Самарқанд давлат тиббиёт университети

22. Қарши давлат университети


23. Термиз давлат университети


24. Тошкент давлат аграр университети


25. Гулистон давлат университети


26. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети


27. Наманган давлат университети


28. Фарғона давлат университети


29. Геология фанлари университети


30. Андижон давлат университети


31. Андижон давлат тиббиёт институти


32. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети


33. Тошкент педиатрия тиббиёт институти


34. Тошкент давлат стоматология институти


35. Тошкент ахборот технологиялари университети


36. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети

37. "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" миллий тадқиқот университети

38. Тошкент архитектура-қурилиш университети

39. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети

40. Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт

Изоҳ:

2023 йил 1 январдан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Республика олий таълим кенгаши ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда мазкур рўйхатга қўшимча давлат олий таълим муассасаларини киритиш ҳуқуқи берилади.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 24 декабрдаги

ПҚ-61-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш

ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги "Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5787-сон Фармони 6-бандининг бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5987-сон Фармони 16-бандининг еттинчи хатбошиси "барча ажратмалардан" сўзларидан кейин "2025 йилга қадар" сўзлари билан тўлдирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-3389-сон қарори 4-бандининг учинчи хатбошисидан "ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда)" сўзлари чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги 43-банд билан тўлдирилсин:

"43. Олий таълим муассасалари томонидан хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни (муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан), сарфланадиган лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) харид қилиш".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги "Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4007-сон қарори 5-бандининг "а" кичик банди учинчи хатбошисидан "олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисобварақларида жамланадиган пуллик ўқиш контрактлари бўйича тушумлар, шунингдек," сўзлари чиқариб ташлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги "Тошкент шаҳрида Аджу университетини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4041-сон қарорида:


а) 4, 6, 7 ва 8-бандлардаги "2019/2020" рақамлари "2020/2021" рақамлари билан алмаштирилсин;


б) 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги "2019/2020 ва 2020/2021" сўзлари "2020/2021 ва 2021/2022" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги "Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4319-сон қарори 3-бандининг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги "Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4391-сон қарорида:


а) 7-банди қуйидаги таҳрирдаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Мазкур банднинг "а", "б" ва "в" кичик бандлари молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди;


б) 12-банднинг биринчи хатбошисидаги "2022" рақами "2025" рақами билан алмаштирилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 апрелдаги "Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4666-сон қарори 6-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Молия вазирлиги 2022/2023 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 50 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналиши бўйича давлат гранти асосида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш чораларини кўрсин".


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5020-сон қарори 15-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2021/2022 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг Кенгаши қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб берилади".


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 октябрдаги "Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5254-сон қарорининг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"11. Соғлиқ сақлаш вазирлиги 2022/2023 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 50 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналишида (Master of Healthcare Administration) давлат гранти асосида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва бошқа нодавлат олий таълим ташкилотларида тайёрлаш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда шартномалар тузилишини ва бу билан боғлиқ харажатларнинг мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин".


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 январдаги "Тошкент шаҳрида "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4942-сон қарори 3-бандининг олтинчи хатбошисидаги ва 9-бандининг "б" кичик бандидаги "2021/2022" рақамлари "2022/2023" рақамлари билан алмаштирилсин.


13. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 102-сон қарорида:


а) 3-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"2022 йил 1 январдан бошлаб, олий таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми эса электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин - мазкур олий таълим муассасасининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади";

олтинчи - ўнинчи хатбошилар тегишинча еттинчи - ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23-банди қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"олий таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми эса электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин - мазкур олий таълим муассасасининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади";

олтинчи - ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича еттинчи - ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


14. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги "Адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 124-сон қарорининг 5-бандидан ", шу жумладан Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг оширилган тўлов-контракт суммасини тўлашдан тушадиган маблағлар" сўзлари чиқариб ташлансин.


15. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 130-сон қарорининг 5-бандидан "олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда)," сўзлари чиқариб ташлансин.


16. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомда:


а) 4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт (шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт) шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларининг мазкур маблағлар бўйича молия йили охирига қолдиқ (тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилган маблағлар ҳам инобатга олинган ҳолда) қисмининг 4 фоизи миқдоридаги ажратмалар";


б) 5-банддаги "1 апрелидан" сўзлари "10 январидан" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 25 декабрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 26 декабрь









































Время: 0.2014
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск