ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.12.2021 й. 777-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 27 декабрдаги

777-сон қарорига

1-ИЛОВА



Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биржа - биржа савдоларини белгиланган қоидалар асосида олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, ташкил этувчи юридик шахс;


ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда - ҲККП) - клиринг электрон тизими орқали биржанинг фьючерс шартномалари бўйича клиринг, ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи биржанинг таркибий бўлинмаси бўлиб, фьючерс бозорида марказий контрагент вазифасини бажаради;


марказий контрагент - клиринг иштирокчилари учун клиринг хизматини кўрсатувчи ва фьючерс шартномаси бўйича томонлар учун контрагент вазифасини бажарувчи биржанинг таркибий бўлинмаси;


товар-хом ашё биржаларида товар деривативларини, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида ваколатли орган - Монополияга қарши курашиш қўмитаси (кейинги ўринларда - ваколатли орган);


фьючерс савдолари - фьючерс контрактларини сотиш бўйича ўтказиладиган биржа савдолари;


фьючерс контракти - базавий активни келажакда жорий бозор нархларида сотиш (харид қилиш) бўйича биржа савдоларига қўйиладиган контракт;


фьючерс шартномалари - биржа товарини етказиб беришни (етказиб бериш фьючерси) ёки биржа товарини етказиб бермаган ҳолда шартнома тарафлари ўртасида ҳисоб-китоблар амалга оширилишини (ҳисоб-китоб фьючерси) назарда тутадиган, келгусида бажариш мажбурияти билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) олди-сотди шартномалари;


клиринг - клиринг иштирокчилари, биржа аъзолари ва мижозларнинг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек, ушбу Низом, Фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда Фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига мувофиқ улар ўртасида амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар;


базавий актив - фьючерс контракти ижросини таъминлашда ҳисоб-китоб учун база ҳисобланадиган ва фьючерс контракти бўйича етказиб бериладиган товар;


мижоз - биржа томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик ва жисмоний шахс бўлиб, клиринг иштирокчиси ва биржа аъзолари унинг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан фьючерс шартномаларини тузишлари мумкин;


клиринг иштирокчиси - клиринг хизматларини кўрсатиш бўйича ҲККП билан шартнома тузган шахс;


ҳисоб-китоб нархи - белгиланган алоҳида услубга мувофиқ клиринг ҳисоб-китоблари учун қўлланиладиган нарх;


депозит маржа - фьючерс шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун клиринг иштирокчиси ҳисобварағида сақланадиган маблағлар миқдори (қиймати);


вариацион маржа - фьючерс савдолари ва клиринг ўтказилгандан сўнг базавий актив учун бозор нархининг ўзгариши натижасида очиқ позициялар бўйича шаклланган маблағлар кўринишидаги ўзаро томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятлар;


воситачилик йиғими - биржа савдолари электрон тизимида шартномалар қайд этилиши, шунингдек, клирингни амалга ошириш мақсадида ваколатли орган томонидан белгиланган тарифлар асосида акцептсиз тартибда биржа томонидан ундириладиган маблағ;


талабнома - фьючерс шартномаларини тузиш бўйича биржа аъзоси томонидан белгиланган тартибда бериладиган таклиф;


очиқ позиция - фьючерс шартномаларини тузиш натижасида клиринг иштирокчиси ва (ёки) унинг мижозларида шаклланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар йиғиндиси;


ёпиқ позиция - айнан битта очиқ позиция бўйича бекор қилинган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг йиғиндиси;


қисқа позиция - бир ёки бир нечта фьючерс контрактларини сотиш натижасида шаклланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар йиғиндиси;


узун позиция - бир ёки бир нечта фьючерс контрактларини харид қилиш натижасида шаклланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар йиғиндиси;


савдо сессияси - биржада белгиланган тартибда фьючерс савдолари ўтказиладиган вақт;


кейинги савдо сессияси - айнан битта фьючерс контракти бўйича жорий савдо сессиясидан кейинги савдо сессияси;


икки томонлама қарама-қарши аукцион - фьючерс бозорида сотувчи ва харидор ўртасида рақобат асосида электрон савдоларни ўтказиш шакли бўлиб, унда фьючерс шартномаси талаб ва таклиф буюртмалари кесишган нуқтада шаклланган нархда тузилади;


офсет битими - фьючерс контракти бўйича қарама-қарши позиция пайдо бўлиши билан олдин очилган позицияга мувофиқ мавжуд бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бекор қилувчи фьючерс шартномаси;


етказиб бериш учун хабарнома - сотувчи томонидан фьючерс контракти бўйича базавий активни етказиб беришга тайёрлиги тўғрисида белгиланган тартибда юбориладиган хабарнома;


харид қилиш учун хабарнома - харидор томонидан фьючерс контракти бўйича базавий активни харид қилишга тайёрлиги тўғрисида белгиланган тартибда юбориладиган хабарнома;


экспирация санаси - фьючерс контракти бўйича савдолар ўтказилиши мумкин бўлган сўнгги савдо куни;


рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашадиган давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар расмий каналлар орқали тақдим этиладиган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати.


3. Фьючерс савдолари мазкур Низом, шунингдек, унинг талаблари асосида товар-хом ашё биржалари ишлаб чиқадиган ва биржанинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига мувофиқ электрон шаклда ўтказилади.

Фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартиби ваколатли орган билан келишилади.


4. Таснифи биржанинг Листинг комиссияси ишлаб чиққан ва биржа бошқаруви (ижро этувчи орган) томонидан тасдиқланган фьючерс контрактлари биржада муомалага чиқарилади.


5. Биржада базавий активни етказиб беришни (етказиб бериш контракти) ҳамда ҳисоб-китобни амалга оширишни (ҳисоб-китоб контракти) назарда тутувчи фьючерс шартномалари тузилиши мумкин.


6. Биржада фьючерс шартномалари биржа аъзолари орқали тузилади.


7. Фьючерс савдоларида иштирок этиш учун биржа томонидан ташкил этиладиган алоҳида ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификат олган ҳамда биржада аккредитациядан ўтган, биржа аъзолари номидан биржа шартномлари тузишга ваколатли бўлган трейдерлар орқали иштирок этади.


8. Биржа аъзолари фьючерс шартномаларини ўз номидан ва ўз ҳисобидан ёки мижознинг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан тузишлари мумкин. Шартномани мижозларнинг топшириғига кўра ва ҳисобидан тузишда, биржа аъзоси айнан бир шартнома бўйича сотувчи (қисқа позиция) ва харидор (узун позиция) бўлиши мумкин.


9. Мижоз ва биржа аъзоси ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади.


10. Фьючерс шартномалари биржа томонидан белгиланадиган савдо сессиялари давомида тузилади.


11. ҲККП фьючерс шартномалари бўйича марказлаштирилган клирингни амалга оширади. Фьючерс шартномалари юзасидан клирингни ташкил этиш бўйича ҲККП мажбуриятларини бажариш биржа томонидан белгиланади.


12. Фьючерс шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, кафолат таъминоти маблағлари ҳисобини юритиш (клирингни ташкил этиш) ҲККП томонидан амалга оширилади. Клиринг иштирокчилари томонидан фьючерс савдоларида иштирок этиш учун хизмат кўрсатаётган биржа аъзоларига ва уларнинг мижозларига ҲККПда шахсий ҳисобварақалар очилади.


13. Фьючерс шартномаларини тузиш учун клиринг иштирокчилари, биржа аъзолари ва уларнинг мижозлари ўзларининг ҲККПдаги алоҳида шахсий ҳисобварақларига маблағлар ўтказади.


14. Фьючерс шартномаси электрон савдолар натижасига кўра биржа томонидан тегишли тартибда шартномалар реестрида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб электрон шаклда тузилган ҳисобланади.


15. Фьючерс контракти бўйича клиринг иштирокчилари ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш мақсадида биржа клиринг иштирокчиси ёки биржа аъзоси томонидан очиладиган позициялар миқдори, фьючерс контрактлари бўйича нархларнинг тебраниш лимитлари кафолатлаш маблағлари миқдорини белгилаши мумкин.


16. Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.



2-БОБ. ФЬЮЧЕРС САВДОЛАРИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


17. Фьючерс савдоларини назорат қилиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Фьючерс савдоларини назорат қилиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.


18. Биржа ҳар куни савдо натижалари тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органга тақдим этади.


19. Биржа ваколатли органга савдо жараёнини онлайн режимда кузатиш учун шароит яратади ва фьючерс савдолари электрон тизимига уланишни таъминлайди.


20. Ваколатли орган ва биржа нарх манипуляциялари аниқланганда, шунингдек, асоссиз ва кутилмаган нарх ўзгаришлари юзага келган ҳолатларда, фьючерс савдоларида очиқ позициялар бўйича чекловлар белгилашга ҳақли.


21. Ваколатли орган биржа савдоларининг бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган контракт ҳажмларининг максимал миқдорини (лимитини) белгилаш ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ушбу ҳажмларга ўзгартириш киритишга ҳақли.


22. Ваколатли орган фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляцияларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича биржага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма беради.


23. Ваколатли орган фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляцияларига йўл қўйган иштирокчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўради.


24. Ваколатли орган мазкур Низомнинг талабларига риоя этмаслик бўйича биржага нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўради.


25. Биржа ваколатли орган билан келишган ҳолда, фьючерс савдоларида нарх манипуляциясини ва рақобатга зид ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича биржа савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига биржанинг қўшимча ҳуқуқларини киритишга ҳақли.



3-БОБ. ФЬЮЧЕРС КОНТРАКТИНИ ОЧИШ


26. Фьючерс контрактининг таснифлари биржанинг Листинг комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва биржа бошқаруви томонидан тасдиқланади.


27. Фьючерс контракти таснифларига қуйидаги шартлар киритилади:

биржа томонидан белгиланган контракт рақами (коди);

товарнинг тўлиқ номи;

ўлчов бирлиги;

шартнома валютаси;

битта контрактдаги лот (ўлчов бирлигида товар миқдори);

нархнинг минимал ўзгариши (тик);

нархнинг минимал ўзгариши (тик) қиймати;

экспирация санаси;

етказиб бериш шартлари.


28. Биржанинг Листинг комиссияси томонидан фьючерс контракти товар-хом ашё биржалари ишлаб чиқадиган ва биржа кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фьючерс савдоларини ўтказиш қоидаларида белгиланган ҳолатларда, савдолардан чиқарилиши мумкин.



4-БОБ. САВДО СЕССИЯЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


29. Фьючерс контрактлари бўйича савдолар ҳар иш кунида биржа томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.


30. Трейдер томонидан киритилган талабномалар айнан мазкур фьючерс контракти бўйича савдолар сессиясида рўйхатга олинади.


31. Трейдер томонидан киритилган талабномалар фьючерс контрактининг барча муҳим шартларини ўз ичига олган бўлиши керак.


32. Трейдердан тушган талабномалар биржа томонидан талабномалар рўйхатида рўйхатга олинади.


33. Биржанинг талабномани рўйхатга олиши фьючерс контракти ва киритилган талабнома шартларининг савдо иштирокчилари томонидан сўзсиз қабул қилиниши ва бажарилиши лозимлигини билдиради.


34. Трейдер савдо жараёнида янги талабномалар бериши, ижро учун қабул қилинмаган талабномани бекор қилиши ёки ўзгартириши мумкин. Берилган талабномага ўзгартириш киритилиши аввал киритилган талабномани бекор қилиш ва мазкур талабномани янги талабнома сифатида қабул қилишга асос бўлади.


35. Фьючерс савдолари белгиланган савдо сессиялари жадвалига мувофиқ электрон шаклда икки томонлама қарама-қарши аукцион асосида ўтказилади.


36. Савдо сессияси давомида бажарилган талабномалар бўйича шартномалар биржа томонидан рўйхатга олинади ва шартномалар реестрига киритилади.


37. Шартномалар реестрини тузиш савдо жараёнида олиб борилади ва савдо сессияси якунига кўра расмийлаштирилади.


38. Биржа томонидан тузилган шартномалар реестрида рўйхатга олинган ҳужжат шартнома кучига эга деб ҳисобланади ва биржа аъзолари томонидан алоҳида ҳужжатларни имзолашни талаб этмайди.


39. Фьючерс шартномаларини рўйхатга олиш, шу жумладан, позицияларни мажбурий равишда ёпиш учун биржа аъзоси ва клиринг иштирокчисидан воситачилик йиғими ундириб олинади.


40. Биржа аъзоси томонидан тузилган ҳар бир фьючерс шартномаси талабномада кўрсатилган позиция (позициялар) очилишини англатади ва ижро этилишини талаб этади, офсет битимларини тузиш ҳоллари бундан мустасно.


41. Клиринг иштирокчилари, биржа аъзолари ёки уларнинг мижозлари позициялари ҲККП томонидан уларнинг шахсий ҳисобварақларида юритилади.


42. Фьючерс контрактлари таснифларида белгиланган тартибда савдоларда бозор хавф-хатарларини қисқартириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кўрсатмасига асосан ҲККП:

шартномалар бўйича нархларнинг чегаравий миқдорларини тасдиқлайди, бунда ҳар бир биржа аъзоси фьючерс шартномаларини тузишга мазкур чегаравий миқдорлар доирасида талабномалар бериши мумкин. Шартномалар бўйича нархларнинг чегаравий миқдори кейинги савдо сессияси учун олдинги савдо сессиясидан келиб чиқиб ҳисобланади;

очиқ позицияларнинг чекланишини - фьючерс контракти бўйича максимал позициялар сони ва мазкур позицияларни аниқлайди.


43. Шартномалар бўйича нархларнинг чегаравий миқдорларини кўпайтириш зарурати юзага келган тақдирда, биржа мазкур фьючерс контракти бўйича савдоларни тўхтатиши мумкин ва бу ҳақида ҲККПни хабардор қилиши керак бўлади.


44. Техник ва бошқа узилишлар бўлган тақдирда, биржа савдони тўхтатишга ва уни бошқа савдо сессиясига кўчиришга ҳақли.


45. Тўхтатилган савдони айнан шу куннинг ўзида қайта ўтказишнинг иложи бўлмаган тақдирда, ҲККП савдо тўхтатилгунга қадар рўйхатга олинган шартномалар бўйича клирингни амалга оширади.



5-БОБ. ФЬЮЧЕРС ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА

ҲИСОБ-КИТОБ ВА КЛИРИНГНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


46. Ҳисоб-китоб клиринг палатаси қуйидаги вазифаларни бажаради:

фьючерс савдолари бўйича марказий контрагент вазифасини амалга ошириш;

фьючерс савдоларида ўзаро ҳисоб-китоблар фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига мос келишини таъминлаш;

фьючерс шартномалари бўйича томонлар учун мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш;

фьючерс савдолари иштирокчилари маблағларининг сақланишини кафолатлаш.


47. Фьючерс бозорида молиявий кафолатлаш тизими қуйидаги элементлардан иборат:

кафолатлаш жамғармаси (депозит маржа);

вариацион маржа;

суғурталаш жамғармаси;

захира жамғармаси.

Кафолатлаш жамғармаси савдо иштирокчиларининг депозит маржаси ва бўш маблағлари ҳисобига шаклланади.

Суғурталаш жамғармаси фьючерс бозорига кириш пайтида клиринг иштирокчиси бадалларидан шаклланади ва унинг ҳажми ҲККП томонидан белгиланган.

Захира жамғармаси биржа томонидан шакллантирилади ва унинг ҳажми биржа бошқаруви томонидан ўрнатилади.


48. ҲККПда клиринг иштирокчисини рўйхатга олишда:

махсус рўйхатга олиш рақами берилади;

мақомдан келиб чиқиб тегишли тоифа берилади;

фойдаланувчига индивидуал рақам берилади ва ўзининг, шунингдек, мижозларининг маблағлари ҳисобини юритиш учун шахсий ҳисобварақлар очилади.


49. Клиринг иштирокчиси тўғрисидаги маълумотлар клиринг иштирокчиси реестрига киритилади.


50. Фьючерс савдоларида иштирок этиш учун мижоз клиринг иштирокчиси ёки биржа аъзоси орқали ўзининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига депозит маржасини киритади.


51. Ҳар бир клиринг иштирокчисининг шахсий ҳисобварағи учун ҲККП очиқ позициялар бўйича кафолат маблағларини киритиш юзасидан қарздорликнинг миқдорини аниқлайди.


52. Савдо сессияси мобайнида депозит маржа сифатида талаб этиладиган қарздорлик миқдори шахсий ҳисобварақларда кўрсатилган очиқ позициялар ва савдога киритилган талабномалар бўйича аниқланади.


53. Савдо сессияси мобайнида тузилган шартномалар реестри ҲККПга белгиланган муддатларга мувофиқ тақдим этилади.


54. Шартномалар реестрини қабул қилгандан сўнг ҲККП шартноманинг параметрларини тегишли фьючерс контракти таснифида келтирилган параметрлар билан солиштиради.


55. Фьючерс шартномалари бўйича ҳар бир савдо сессиясидан кейин ҲККП томонидан ўтказиладиган клиринг сеанси давомида:

контракт таснифига кўра айнан бир базавий актив ва уни бажариш бўйича фьючерс контрактлари учун ҳисоб-китоб нархлари аниқланади;

бажариш санаси етиб келган фьючерс контракти бўйича бажариш чоралари кўрилади;

клиринг иштирокчисининг ҳар бир ҳисобварақ бўйича очиқ позициялар миқдори аниқланади;

клиринг иштирокчиси билан тузилган шартнома (шу жумладан, акцепт қилиш йўли билан тузилган шартнома) бўйича ҳисобварақдан биржанинг йиғимлари ва бошқа маблағлар ечилади;

савдо сессиясидан кейин очиқ қолган ҳар бир позиция ёки савдо сессияси мобайнида ёпиқ бўлган позициялар учун вариацион маржа ҳисобланади;

вариацион маржани аниқлаш натижаларига кўра ҳар бир ҳисобварақ бўйича қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун маблағ суммаси аниқланади. Агар клиринг иштирокчисининг вариацион маржаси қолдиғи ижобий бўлса, унда мазкур маблағлар унинг савдо ҳисобварағига ўтказилади. Агар клиринг иштирокчисининг вариацион маржаси қолдиғи салбий бўлса, унинг шахсий ҳисобварағидан маблағлар ечилади;

ўзаро ҳисоб-китоблар якунига кўра кафолат таъминоти суммаси ҳисоблаб чиқилади ва мазкур сумма клиринг иштирокчиси томонидан очиқ позицияларни таъминлаш учун киритилиши талаб этилади.


56. Ҳар бир фьючерс контракти бўйича ҳисоб-китоб нархлари алоҳида белгиланган тартиб бўйича аниқланади.


57. Агар мазкур савдо сессияси давомида айнан бир контракт бўйича шартнома тузилмаган бўлса, мазкур шартнома бўйича ҳисоб-китоб нархи охирги савдо сессиясида тузилган шартномалардан келиб чиқиб аниқланади.


58. Клиринг иштирокчиси томонидан фьючерс контрактлари бўйича бажарилиши керак бўлган мажбуриятлар ҲККП томонидан клиринг иштирокчисининг ҳисобида юритилувчи позициялар, шу жумладан, тузилган фьючерс шартномалари ва очиқ позицияларни инобатга олган ҳолда аниқланади.


59. Вариацион маржа мусбат бўлганда, ушбу маблағ ҲККП томонидан қисқа позиция очган клиринг иштирокчисининг ҳисобварағидан ечилади, агар манфий бўлса, маблағ узун позиция очган клиринг иштирокчисининг ҳисобварағидан ечилади.


60. Клиринг сессияси натижасига кўра киритилган депозит маржа тузилган фьючерс шартномалари ва очиқ позициялар бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, ҲККП клиринг иштирокчисига қўшимча пул маблағларини киритиш тўғрисида хабарнома юборади.


61. Қўшимча маблағларни киритиш бўйича қўйилган талаблар клиринг иштирокчиси томонидан бажарилмаган тақдирда, ҲККП алоҳида услубга мувофиқ мустақил равишда очиқ позицияларни мажбурий ёпишни амалга оширади. Ҳар бир позицияни мажбурий ёпиш учун тўлов контракт таснифида белгиланган миқдорда клиринг иштирокчисидан ундирилади. Мажбурий ёпиш учун маблағ клиринг иштирокчисининг шахсий ҳисобварағидан ундирилади. Позицияларни мажбурий ёпиш алоҳида услуб бўйича амалга оширилади.


62. Клиринг иштирокчиси ҲККП олдида қарздорликни ўз вақтида қопланмаса, ҲККП биржага клиринг иштирокчисини фьючерс савдолари секциясидан чиқариш тўғрисида хабарнома юборади.


63. Белгиланган вақтда ёпилмаган клиринг иштирокчиси қарздорлиги захира жамғармаси, суғурта жамғармасидан ундирилади.


64. Биржа бир календарь ой мобайнида қопланмаган қарздорликни ундириш бўйича даъво аризасини судга киритишга ҳақлидир.



6-БОБ. ФЬЮЧЕРС КОНТРАКТИ ИЖРОСИНИ

ТАЪМИНЛАШ


65. Фьючерс контрактлари бўйича тузилган шартномалар асосида шаклланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар офсет битимларини тузиш ёки товарни етказиб бериш йўли билан бекор қилинади.


66. Офсет битимни амалга оширишда, ҲККП тегишли ҳисобварақда аввал очилган очиқ позициялар бўйича ҳисобга олиш ёзувини бекор қилади.


67. Етказиб бериш контракти бўйича мажбуриятлар мазкур Низом ва контракт таснифида белгиланган шартлар асосида бажарилади.


68. Клиринг иштирокчиси ёки унинг мижози томонидан контракт таснифида келтирилган шарт (шартлар)нинг бузилиши мазкур контракт бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлигини англатади.


69. Фьючерс контракти бўйича базавий активни етказиб беришни хоҳлаган сотувчилар ёки базавий активни ҳақиқатдан олмоқчи бўлган харидорлар фьючерс контрактида белгиланган сўнгги савдо куни (экспирация)дан камида уч кун олдин ҲККПга етказиб бериш ёки харид қилиш учун хабарнома ва мазкур позицияларни очиқ қолдириш бўйича ўзларининг мурожаатларини юборишлари керак бўлади.


70. Кўрсатилган муддат ичида хабарномани юборилмаслик ёки етказиб бериш ёхуд харид қилиш бўйича хабарномани кеч юбориш ҲККП томонидан позицияларни тарафларни олдиндан хабардор қилмаган ҳолда мажбурий равишда ёпишга асос бўлади.


71. Фьючерс контракти бўйича савдоларнинг охирги кунида савдо иштирокчилари томонидан ёпилмасдан қолдирилган ва етказиб бериш ёки харид қилиш бўйича хабарнома мавжуд бўлган позициялар ҲККП томонидан "етказиб бериш кутиляпти" мақомига ўзгартирилади. Шу билан бирга ҲККП мазкур контрактлар бўйича базис ва етказиб бериш графигини қарама-қарши позицияларни ушлаб турган тарафнинг талабига мувофиқ аниқлайди.


72. ҲККП томонидан шакллантирилган етказиб бериш ёки харид қилиш бўйича хабарномалар биржа аъзоларининг электрон манзилига ҳамда шахсий кабинетига юборилади.


73. ҲККП етказиб бериш ёки харид қилиш учун хабарномалар асосида "сотувчи-харидор" контрагентлар рўйхатини шакллантиради.


74. "Сотувчи-харидор" контрагентлар рўйхати асосида ҲККП фьючерс контрактлари бўйича базавий активни етказиб бериш шартномасини расмийлаштиради.


75. Етказиб бериш нархи сифатида мазкур фьючерс контракти бўйича сўнгги савдо кунида шаклланган ҳисоб-китоб нархидан фойдаланилади.


76. Фьючерс бозорида сотувчи сифатида товар ишлаб чиқарувчиси бўлган тақдирда, у товарни фьючерс контракти бўйича олди-сотди шартномаси асосида етказиб бериши мумкин. Бунда фьючерс контракти асосида олди-сотди шартномаси бўйича етказиб берилаётган маҳсулотнинг ҳажми биржа савдолари орқали сотилган деб ҳисобланади.


77. Қисқа очиқ позициялар бўйича мажбуриятга эга, лекин реал товарга эга бўлмаган фьючерс бозорининг сотувчилари ўз мажбуриятини бажариш учун етказиб беришнинг биринчи ойида зарур ҳажмда товарларни биржанинг спот бозорида харид қилишлари мумкин.


78. Базавий активни етказиб бериш ёки қабул қилиш бўйича мажбуриятларни бажариш имкони бўлмаган тақдирда, клиринг иштирокчисидан депозит маржанинг маблағлари ҳисобидан жарима ундирилади.


79. Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари пайдо бўлган тақдирда ва мазкур ҳолат фьючерс контрактининг муомалада бўлишига сезиларли даражада таъсир кўрсатса ёки уни бекор қилишга олиб келган тақдирда, биржанинг ижро этувчи органи (бошқаруви) мазкур фьючерс контракти бўйича савдоларни уч савдо кунига кўчириши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


80. Фьючерс савдоларини ўтказиш қоидаларида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

товар-хом ашё биржалари аъзолари томонидан мижозларни лозим даражада текшириш;

шубҳали операцияларни аниқлаш ва улар тўғрисида хабар бериш;

манипуляцияларнинг олдини олиш, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган иштирокчиларнинг жавобгарликлари, уларга нисбатан жарима ва санкциялар қўллаш.


81. Биржа аъзолари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш мақсадида биржада ваколатли ходим (бўлим) тайинланади.


82. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида биржа:

мижозларни электрон анкеталаш ва уларнинг таваккалчилик даражасини баҳолаш модулини;

мижозлар маълумотларини Рўйхат билан автоматлаштирилган тарзда солиштириш модулини;

мижозларнинг операцияларини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, маблағларни ишга солмай тўхтатиб қўйиш ва қайта тиклаш модулини;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган мезонларга мувофиқ шубҳали операцияларни аниқлаш жараёнини ишлаб чиқади.

Биржа аъзолари мижозлар маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.


83. Фьючерс шартномаларини тузиш ва бажариш билан боғлиқ бўлган низолар биржанинг Арбитраж комиссияси томонидан ҳал этилади.


84. Биржа аъзоси томонидан мазкур Низом талаблари, фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартиби талаблари бузилган тақдирда, унга нисбатан белгиланган тартибда чоралар қўлланилиши мумкин.


85. Ушбу Низом қоидалари талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини

ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати




1-босқич


Биржа, сотувчи корхоналар


Фьючерс контракти биржанинг Листинг комиссияси томонидан очилиб, биржада муомалага чиқарилади.


Савдолар ўтказилишидан олдин




2-босқич


Биржа


Биржада фьючерс шартномалари фьючерс савдоларида иштирок этиш учун биржа томонидан ташкил этиладиган алоҳида ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификат олган ҳамда биржадан аккредитациядан ўтган биржа аъзолари орқали тузилади.


Савдолар ўтказилишидан олдин




3-босқич


Биржа аъзолари


Биржа аъзолари фьючерс шартномаларини ўз номидан ва ўз ҳисобидан ёки мижознинг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан тузишлари мумкин. Мижоз ва биржа аъзоси ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади.


Савдолар ўтказилишидан олдин




4-босқич


Биржа аъзоси, Ҳисоб-китоб клиринг палатаси


Клиринг иштирокчилари томонидан фьючерс савдоларида иштирок этиш учун хизмат кўрсатаётган биржа аъзоларига ва уларнинг мижозларига ҲККПда шахсий ҳисобварақлари очилади.


Савдолар ўтказилишидан олдин





5-босқич


Биржа, Ҳисоб-китоб клиринг палатаси


Фьючерс контракти бўйича клиринг иштирокчилари томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ҲККП клиринг иштирокчиси ёки биржа аъзоси томонидан очиладиган позициялар миқдори, фьючерс контрактлари бўйича нархларнинг ўзгариш лимитлари, кафолатлаш маблағлари миқдорини белгиланиши мумкин.


Савдолар ўтказилишидан олдин




6-босқич


Клиринг иштирокчиси


Фьючерс савдоларида иштирок этиш учун мижоз клиринг иштирокчиси ёки биржа аъзоси орқали ўзининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига депозит маржасини киритади.


Савдолар ўтказилишидан олдин




7-босқич


Биржа


Фьючерс савдолари белгиланган савдо сессиялари жадвалига мувофиқ электрон шаклда икки томонлама қарама-қарши аукцион асосида ўтказилади.


Савдолар жараёнида




8-босқич


Биржа


Савдо сессияси давомида ижро этилган талабномалар бўйича шартномалар биржа томонидан рўйхатга олинади ва шартномалар реестрига киритилади.


Савдолар жараёнида




9-босқич


Ҳисоб-китоб клиринг палатаси


ҲККП савдо сессиясидан кейин очиқ қолган ҳар бир позиция ёки савдо сессияси мобайнида ёпиқ бўлган позициялар учун вариацион маржа ҳисобланади.


Савдолар ўтказилгандан сўнг




10-босқич


Ҳисоб-китоб клиринг палатаси


Вариацион маржа мусбат бўлганда, ушбу маблағ ҲККП томонидан қисқа позиция очган клиринг иштирокчисидан узун позиция очган клиринг иштирокчиси ҳисобварағига ўтказилади, агар манфий бўлса, маблағ узун позиция очган клиринг иштирокчисидан қисқа позиция очган клиринг иштирокчиси ҳисобварағига ўтказилади.


Савдолар ўтказилгандан сўнг




11-босқич


Клиринг иштирокчиси


Фьючерс контрактлари бўйича тузилган шартномалар асосида шаклланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар офсет битимларини тузиш ёки товарни етказиб бериш йўли билан бекор қилинади.


Савдолар ўтказилгандан сўнг




12-босқич


Биржа, Ҳисоб-китоб клиринг палатаси


Офсет битимини амалга оширишда ҲККП тегишли ҳисобварақда олдин очилган очиқ позициялар бўйича ҳисобга олиш ёзувини бекор қилади.

Фьючерс бозорида сотувчи сифатида товар ишлаб чиқарувчи бўлган тақдирда, у товарни фьючерс контракти бўйича олди-сотди шартномаси асосида етказиб бериши мумкин.


Савдолар ўтказилгандан сўнг




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 28 декабрь












































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск