ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 й. ПҚ-77-сон "Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
30.12.2021 й.
N ПҚ-77
ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИНИ
ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилда мамлакатимиздаги уста ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар сони 230 минг нафарга етди.
Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталоги яратилиб, фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 340 нафар усталар ушбу каталогдан ўрин олди. Шунингдек, 1,5 мингга яқин ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллабай ишлаш орқали фойдаланилмаётган имкониятларни тўла ишга солиш, ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини янада кенгайтириш, ҳунармандчилик маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш борасида қўшимча чоралар кўриш талаб этилмоқда.
Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, "уста-шогирд" анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-55-сон қарорига асосан, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:
лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилганлиги;
имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун - 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади;
имтиёзли кредитлар ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 миллион сўмгача оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кўзда тутилган шартларда ажратилади;
имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади;
олдинги йилларда ҳунармандларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг сўндирилган қисмидан ҳосил бўлган маблағлар айнан ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун қайта йўналтириб борилади;
ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг тижорат банкларига ўз вақтида қайтарилиши юзасидан "Ҳунарманд" уюшмаси тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади.
Бунда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредит ажратиш бўйича "oilakredit.uz" электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади.
3. 2022 йилдан бошлаб Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан:
"уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга - шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
шогирдларга - мустақил фаолиятини бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши, шунингдек, усталарга - интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилсин.
Бунда, субсидия ажратиладиган ҳунармандлар ва шогирдлар ҳисоби "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан юритилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг "Онлайн маҳалла" электрон платформаси билан интеграция қилинади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги ва "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган субсидияларни ажратиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. 2022 йилдан бошлаб "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари учун:
ижтимоий солиқ ставкаси йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин;
фаолият юритиш жойидан қатъи назар, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
5. Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилган 2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси") иловага мувофиқ тасдиқлансин.
"Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига шахсий жавобгарлик юклансин.
Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси "Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2023 йил 1 октябрга қадар Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильонларини (кейинги ўринларда - савдо павильонлари) ташкил этсин.
Белгилансинки:
савдо павильонлари 150 квадрат метрдан кам бўлмаган майдонда, Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳа асосида ташкил этилади;
савдо павильонларини ташкил қилиш (қуриш) маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
фойдаланишга топширилган савдо павильонлари "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудий бошқармаларига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади;
"Ҳунарманд" уюшмаси савдо павильонлари орқали ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда реализация ва экспорт қилиш ишларини тизимли ташкил этишга масъул бўлади;
савдо павильонлари хорижий ва маҳаллий туристлар учун мўлжалланган туристик маршрутларга киритилади.
7. Қурилиш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда савдо павильонларининг намунавий лойиҳаларини ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари асосида ишлаб чиқсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар Тошкент шаҳри туманлари, Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ҳамда ҳунармандчилик ривожланган туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказлари биноларида доимий фаолият кўрсатувчи миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ва савдо расталари фаолиятини йўлга қўйсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили "Ўзэкспомарказ" павильонларида "Craft fair Uzbekistan" халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркасини ташкил этиб борсин.
Белгилансинки, ярмаркани ташкил этиш билан боғлиқ бўлган харажатлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4539-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича ҳудудларга бириктирилиб, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича масъул этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналарининг туризм фаолиятига кўмаклашиш, жумладан ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини ҳар олти ойда бир маротаба Олий Мажлис Сенатида эшитиш амалиёти йўлга қўйилсин.
11. Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги "Ҳунарманд" уюшмаси, Бадиий академия, Фанлар академияси Санъатшунослик институти билан биргаликда 2022 йил 1 майга қадар ҳар бир ҳудуднинг миллий урф-одатлари, халқ амалий санъати ва миллий давлатчилик тарихини ўзида акс эттирган, шунингдек, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотадиган музейлардаги ноёб экспонатлар репликациялари асосида янги ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналарини тайёрлаб, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширсин.
12. Туризм ва спорт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси "Ҳунармандчилик марказлари" ва "Уста-шогирд" мактабларини туристик маршрутларга киритиш чораларини кўриб борсин.
13. Молия вазирлиги уч ой муддатда Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, "Катта Дўмбиробод" маҳалласида "Ҳунармандчилик маркази" ва "Уста-шогирд мактаби" биносини қуриш ишларини якунлаш ҳамда зарур асбоб-ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўмгача маблағ ажратсин.
Бунда, маблағлар ҳақиқатда бажарилган ишлар бўйича "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилади.
14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
маҳаллаларда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчилари ва "Ҳунарманд" уюшмаси қуйи тузилмаларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
ҳоким ёрдамчилари ва "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудлардаги масъул ходимлари билан биргаликда маҳаллаларда ҳунармандчилик лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш чораларини кўрсин.
15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "Ҳунарманд" уюшмаси ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминласин.
16. Савдо-саноат палатаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Савдо-саноат палатаси раиси А.И. Икрамов, "Ҳунарманд" уюшмаси раиси У.Т. Абдуллаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2021 йил 30 декабрдаги
ПҚ-77-сон қарорига
ИЛОВА
2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 30 декабрь