ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Атом энергетикаси /

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш хамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.01.2022 й. 13-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 10 январдаги

13-сон қарорига

ИЛОВА



Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият

олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар

ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш,

қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш хамда

уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини (кейинги ўринларда - ходимлар) тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ариза - атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг ўз ходимларини мазкур Низомда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаати;


атом энергиясидан фойдаланиш объектлари - ядровий қурилмалар, сақлаш пунктлари, ядровий материаллар, радиация манбалари, радиоактив моддалар, ядровий ёқилғи, ядровий реакторларнинг иссиқлик ажратувчи тўпламлари, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, радиоактив чиқиндилар;


атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган (кейинги ўринларда - махсус ваколатли орган) - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;


аттестация гувоҳномаси - ходимларнинг мазкур Низомда белгиланган тартибда аттестациядан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


аттестация комиссияси - махсус ваколатли органда, унинг ҳудудий бошқармаларида, кон-техника инспекцияларида ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларда ташкил этиладиган ва доимий асосда ишлайдиган ходимларни аттестациядан ўтказувчи комиссия;


бошқа юридик шахслар - қуйидаги соҳаларда фаолият олиб борувчи юридик шахслар:

ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш, радиациявий манбалардан фойдаланиш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари, радиациявий манбалар учун ускуналарни конструкциялаш ҳамда тайёрлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертиза ўтказиш;

радиоактив моддалар ва ядровий материаллар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан, улардан фойдаланиш, уларни транспортда ташиш ва сақлаш;

радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан, уларни қайта ишлаш, транспортда ташиш, сақлаш ва кўмиб ташлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида илмий тадқиқотлар ўтказиш;

ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктлари учун ядровий материаллар, ускуналар ҳамда технологияларни олиб кириш ва олиб чиқиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ишлатиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;


давлат ва (ёки) нодавлат таълим ташкилоти (кейинги ўринларда - таълим ташкилоти) - атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ишлатиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи, белгиланган тартибда махсус ваколатли орган лицензиясига эга бўлган юридик шахс;


малака ошириш - касбий билим ва кўникмаларни янгилаш ҳамда чуқурлаштиришга йўналтирилган фаолият;


малака талаблари - тингловчиларнинг касбий билим ва амалий кўникмалари даражасига қўйиладиган талаблар мажмуи;


ходимларни тайёрлаш - ходимларнинг ядро, радиация, ёнғин ва саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича нормалар ва қоидалар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича йўриқнома ва қоидалар талабларига амал қилган ҳолда, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари билан боғлиқ ишларни бажаришда талаб этиладиган даражадаги хавфсизлик маданияти ва компетенцияларини шакллантириш фаолияти;


ходимларни қайта тайёрлаш - атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида тайинланган лавозими бўйича махсус касбий билимларга эга бўлмаган ходимларни етарли даражадаги касбий билимлар, амалий кўникмалар ва тажрибаларни ўзлаштиришга йўналтирилган фаолият;


ўқув дастури - атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ишлаш учун тайёрланаётган номзод томонидан лавозим йўриқномаси ёки малака талаблари ҳамда меҳнатни муҳофаза килиш бўйича йўриқномага мувофиқ лавозим мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур касбий билим, амалий кўникма ва компетенцияларга эга бўлишнинг умумий тартибини белгиловчи ходимларни тайёрлашни ташкил этишга йўналтирилган ҳужжат;


ўқув режаси - ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгилайдиган ҳужжат;


эксплуатация қилувчи ташкилот - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;


эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимлари - атом энергиясидан фойдаланиш объектларида муайян фаолият билан шуғулланувчи ходимлар;


ядровий қурилмалар - атом электр станциялари, тадқиқот ядро реакторлари, критик ва субкритик ядровий стендлари бўлган иншоотлар ҳамда мажмуалар, ядровий ёқилғидан ва ядровий материаллардан фойдаланиш ҳамда уларни ташиш учун мўлжалланган қурилмалар.



2-БОБ. ХОДИМЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТАРТИБИ


3. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш махсус ваколатли орган лицензиясига эга давлат ва (ёки) нодавлат таълим ташкилотлари билан тегишли ташкилот ўртасида тузиладиган шартнома (буюртма)лар асосида мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Бунда нодавлат таълим ташкилотлари таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга ҳам эга бўлиши шарт.


4. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар учун тўланиши керак бўлган тўловларнинг миқдори тегишли ўқув курсларининг давомийлигидан ҳамда уларнинг шаклидан келиб чиқиб, шартнома тузувчи тарафлар томонидан белгиланади ҳамда белгиланган тартибда таълим ташкилотлари томонидан тўғридан-тўғри ва (ёки) масофавий шаклда амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ишлатиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш камида 72 соатлик ўқув курсларида ўқитиш орқали амалга оширилади.


5. Ходимларни:

а) тайёрлаш - ишга янги қабул қилинганда;

б) қайта тайёрлаш:

танланган ёки турдош касб бўйича бошланғич касбий таълим бўлмаганда;

тегишли касбий таълимни талаб қилувчи бошқа лавозимга ўтказишда;

в) малакасини ошириш - уларни лавозим мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлган касбий билимлари ва амалий кўникмаларини сақлаб туриш мақсадида уч йилда камида бир марта амалга оширилади.


6. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш даврида ходимларга уларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади. Агар мазкур тадбирлар учун ходимлар доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга юборилса, мазкур ходимларни юбораётган ташкилот томонидан қонунчиликда белгиланган барча зарур шарт-шароитлар яратилиши лозим.


7. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув дастурлари таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади ва махсус ваколатли орган ҳамда ходимларнинг вакиллик органлари (меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва касаба уюшмалари) билан белгиланган тартибда келишилгандан кейин тасдиқланади.


8. Ўқув курслари тўлиқ тамомлангандан сўнг ходимлар таълим ташкилотларида синовдан ўтказилади. Синов ёзма, тест кўринишида ўтказилиши мумкин.


9. Синовдан ўта олмаганларга бир ой давомида синовни қайта топширишга рухсат берилади. Синовни қайта топшириш мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади. Қайта синовдан ўта олмаганлар ўқув курсидан такроран ўтадилар.


10. Таълим ташкилотлари қайта синовдан ўта олмаган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларга уч иш куни мобайнида қайта синов натижалари тўғрисидаги далолатномани илова қилган ҳолда юборади. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар мазкур маълумотлар асосида ўз ходимлари билан тузилган меҳнат шартномасини ўрнатилган тартибда бекор қилиш ёки ходимни қуйи лавозимга ўтказиш масаласини кўриб чиқишга ҳақлидир.


11. Ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш якунига кўра синовдан ўтганларга ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклда гувоҳнома, ходимлар малакасини ошириш якунига кўра синовдан ўтганларга мазкур Низомга 3-иловада келтирилган шаклда сертификат расмийлаштирилади.


12. Махсус ваколатли орган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар базасини марказлаштирилган тартибда шакллантиради ва юритади.


13. Таълим ташкилотлари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларини битирган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни йилнинг ҳар чорагида махсус ваколатли органга тақдим этади.



3-БОБ. ХОДИМЛАРНИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий талаблар


14. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимлари уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш имкониятини баҳолаш мақсадида аттестациядан ўтказилади.


15. Ходимларни аттестациядан ўтказиш махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларда ташкил этиладиган аттестация комиссиялари томонидан бирламчи, даврий ёки навбатдан ташқари кўринишларда мазкур Низомга 4 ва 5-иловалардаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.


16. Ходимларни бирламчи аттестациядан ўтказиш ишга янги қабул қилинганда ёки лавозимга тайинланганда уч ой муддатда амалга оширилади.


17. Ходимларни даврий аттестациядан ўтказиш қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг раҳбар ходимлари, шунингдек, эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиялари раислари ва раис ўринбосарлари - беш йилда бир марта;

эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг ядровий ва радиациявий хавфсизликнинг идоравий (ишлаб чиқариш) назоратини, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида технологик жараённи амалга оширувчи, ядровий материаллар ва радиоактив моддаларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш, шунингдек, уларнинг жисмонан ҳимоя қилинишини таъминловчи, ядровий материаллар, радиоактив моддалар ёки улар асосидаги маҳсулотларни ташувчи ходимлар, шунингдек, эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиялари аъзолари - уч йилда бир марта;

эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борувчи, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошларида назарда тутилмаган муҳандис-техник ва бошқа ишчи ходимлари - бир йилда бир марта.


18. Ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган ходимлар махсус ваколатли органнинг аттестация комиссияси, учинчи хатбошида кўрсатилган ходимлар махсус ваколатли органнинг ҳудудий бошқармалари аттестация комиссияси, тўртинчи хатбошида кўрсатилган ходимлар эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиялари томонидан бирламчи, даврий ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади.


19. Махсус ваколатли органнинг аттестация комиссияси таркибига:

махсус ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари - Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғи (аттестация комиссиясининг раиси);

Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари (аттестация комиссияси раисининг ўринбосари);

махсус ваколатли органнинг бошқарма бошлиқлари;

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси вакили киритилади.


20. Махсус ваколатли органнинг ҳудудий бошқармалари аттестация комиссиялари таркибига:

тегишли ҳудудий бошқарма бошлиғи (аттестация комиссиясининг раиси);

эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари (аттестация комиссияси раисининг ўринбосари);

махсус ваколатли органнинг тегишли давлат инспекторлари йўналишлар бўйича;

атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи вакили;

тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари ва (ёки) ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари вакили киритилади.


21. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиялари таркибига:

эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки бош муҳандиси (аттестация комиссиясининг раиси);

махсус ваколатли орган томонидан ушбу ташкилотда давлат назоратини олиб бориш юклатилган давлат инспектори (аттестация комиссияси раисининг ўринбосари);

ишлаб чиқариш ва ички назоратни олиб борувчи ходимлар, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва раҳбарлари, авария-қутқарув хизмати вакиллари ва бошқа юқори малакали мутахассислар;

ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари вакили ва (ёки) ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси киритилади.


22. Аттестация комиссиясининг раиси:

аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;

аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;

эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган ходимлари рўйхатини тасдиқлайди;

аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.

Аттестация комиссиясининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.


23. Махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларда уларнинг тегишли таркибий бўлинмаси (масъул ходими) аттестация комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади. Ишчи орган:

аттестацияни ўтказиш жадвалини тузади ва тасдиқлаш учун аттестация комиссияси раисига тақдим этади;

ходимлар анкеталарини шакллантиради ва тайёрлайди;

аттестация комиссияси саволларини тузади;

аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда ходимга бевосита топширади ёки почта орқали юборади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа функцияларни амалга оширади.


24. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиялари аъзоларининг рўйхати аттестацияни ўтказиш муддатидан камида ўн кун аввал махсус ваколатли орган билан келишилади.



2-§. Махсус ваколатли орган ва унинг ҳудудий

бошқармалари аттестация комиссиялари томонидан

ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби


25. Ходимларни аттестациядан ўтказиш учун эксплуатация қилувчи ташкилот тегишлилиги бўйича махсус ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бошқармалари аттестация комиссиясига мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ қогоз ёки электрон шаклда ариза билан аттестация ўтказиш муддатидан уч ой олдин мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

мазкур Низомга 7-иловадаги шакл бўйича расмийлаштирилган сўровнома;

ходимларнинг тайёрлаш (қайта таёрлаш) ва малака ошириш ўқув курсини тамомлаганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки сертификати нусхаси;

ходимларнинг иш жойидан (ишламаётганлар учун охирги иш жойидан) берилган меҳнат фаолияти тўғрисидаги тавсифнома.


26. Эксплуатация қилувчи ташкилот аттестация комиссиясига ходимларни аттестациядан ўтказиш учун нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


27. Аттестация комиссияси ариза тушган кундан бошлаб уч иш кунида ходимни аттестацияга қўйиш ёки қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Тақдим этилган ариза мазкур Низомнинг 25-банди талабларга жавоб бермаган тақдирда, аттестация комиссияси томонидан аттестацияга ходимларни қўйишни рад этиш тўғрисида рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган қарор қабул қилинади ва ушбу қарорнинг нусхаси бир иш кунида ташкилотга юборилади.

Рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, аризани қайта кўриб чиқишга тақдим этиш учун ўн кундан кам, бироқ бир ойдан ортиқ бўлмаган муддат берилади.


28. Аттестация комиссияси аттестация ўтказиладиган жой ва вақти тўғрисида ташкилотни камида ўн беш кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозим.


29. Ариза мазкур Низомнинг 25-банди талабларига мувофиқ бўлган тақдирда, ходимлар ташкилотдан ҳужжатлар олинган кундан бошлаб тўртинчи ойнинг биринчи 10 кунлигидан кечикмай аттестациядан ўтказилиши шарт.


30. Ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган ҳамда аттестацияга узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки ходим фаолият юритаётган эксплуатация қилувчи ташкилот ва бошқа юридик шахс раҳбарлари маълумотномаси) кўра келмаган ходимлар аттестация комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.

Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган ходимлар бўйича улар ишлаётган ташкилот раҳбарларига билдиришнома юборилади ва ушбу ҳолат такрорланган тақдирда, аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида ходимларни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.


31. Ходим унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат)ни кўрсатган ҳолда аттестациядан ўтишга киритилади.


32. Аттестация жараёни махсус ваколатли органнинг расмий веб-сайтида онлайн трансляция килинади, техник жиҳатдан трансляция қилиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда ушбу жараён аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади.


33. Аттестация комиссиясининг йиғилиши аттестация комиссиясининг тасдиқланган таркибининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади.

Ходимларнинг ҳужжатлари аттестация комиссияси аъзоларига таништирилади.


34. Аттестациядан ўтказиш жараёнида ходимларга қуйидагилар тақиқланади:

норматив-ҳуқуқий ва норматив техник ҳужжатлар, махсус адабиётлар ёки бошқа материаллардан фойдаланиш;

уяли алоқа ёки бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

узрли сабабларсиз аттестация ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.

Ушбу талабларни бузган ходимлар аттестация ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.

Бегона шахсларга аттестацияда иштирок этишга рухсат берилмайди.


35. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади, ядровий қурилмаларнинг технологик жараёниии амалга оширувчи ходимларнинг аттестациядан ўтказилиши бундан мустасно. Ҳар бир ходимга 10 та саволдан иборат имтиҳон варақаси берилади.


36. Ядровий қурилмаларнинг технологик жараёнини амалга оширувчи ходимлар аттестацияси эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг моддий-техник базаларидан фойдаланган ҳолда, назарий (тест шаклида) ва амалий (технологик жараёнларни хавфсиз олиб боришнинг амалий кўникмалари) назорат машқлари орқали ўтказилади.

Тест саволларининг камида етмиш беш фоизига жавоб берган ходимлар амалий назорат машқларига қўйилади.


37. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисида иштирок этган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овоз бериш ходимларнинг иштирокисиз ўтказилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


38. Аттестация комиссияси аттестация натижаларини ҳисобга олиб:

ходимларни аттестациядан ўтди деб эътироф этиш ва уларга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;

ходимларни аттестациядан ўтмади деб эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилади.


39. Аттестация натижалари овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.


40. Аттестация натижалари аттестация комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари томонидан имзоланадиган, мазкур Низомга 8-иловада келтирилган шаклга мувофиқ баённома билан расмийлаштирилади.

Аттестация комиссиясининг тасдиқланган баённомасининг нусхаси аттестация комиссиясининг ишчи органи томонидан ходимларнинг иш жойига расман юборилади.


41. Баённома тайёрланган кундан бошлаб уч иш кунида аттестациядан ўтган ходимларга мазкур Низомга 9-иловада келтирилган шаклга мувофиқ аттестация гувоҳномаси расмийлаштирилади.

Аттестация гувоҳномасининг амал қилиш муддати ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган аттестацияни ўтказиш даврийлигига мутаносиб равишда белгиланади.


42. Ходимларнинг аттестация гувоҳномаси аттестациядан ўтган ходимлар реестрида ҳисобга олинади. Аттестациядан ўтган ходимлар реестри мазкур Низомга 9-иловада келтирилган шаклда юритилади.


43. Аттестация гувоҳномаси йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда, ходимларнинг аризасига кўра уч иш кунида аттестация комиссияси томонидан унинг дубликати берилади.


44. Аттестация гувоҳномаси дубликатида унинг аввалги ҳисобга олиш рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, юқоридаги бурчагига "ДУБЛИКАТ" ёзуви киритилади.


45. Аттестациядан ўтмаган ходимларни такрорий аттестациядан ўтказиш учун ташкилот аттестация ўтказилган кундан камида икки ой ўтгач мурожаат қилиши мумкин.

Бунда аттестациядан ўтмаган ходимлар эгаллаб турган лавозимидан вақтинча четлаштирилиши лозим.


46. Иккинчи марта хам аттестациядан ўтмаган ходимларни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш тўғрисида аттестация комиссияси томонидан қарор қабул қилиниб, ташкилотга ушбу ходимларни меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёки бошқа ишга ўтказиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома юборилади.


47. Ходимларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги аттестация гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда, ходимлар даврий аттестациядан ўтказилади.


48. Ташкилот раҳбари ходимларнинг аттестация комиссияси томонидан белгиланган муддатларда аттестацияда иштирокини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.



3-§. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик

шахсларнинг аттестация комиссиялари томонидан

ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби


49. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссиясида ўз ходимларини аттестациядан ўтказиш ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган ва касаба уюшмаси қўмитаси (ёхуд унинг вакили) билан келишилган жадвал асосида амалга оширилади. Аттестациядан ўтиши лозим бўлган ходимлар жадвал билан таништирилиши лозим.


50. Аттестация саволлари махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


51. Аттестациядан ўтиши лозим бўлган ходимлар аттестация ўтказиладиган жой ва вақти тўғрисида аттестация комиссияси томонидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилинади.

Аттестацияни ўтказиш мазкур Низомнинг 29-36-бандларида белгиланган тартибда ўтказилиши лозим.


52. Аттестация комиссияси ходимларнинг билимларини ҳисобга олиб:

ходимларни аттестациядан ўтди деб эътироф этиш ва уларга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;

ходимларни аттестациядан ўтмади деб эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилади.


53. Аттестация натижалари аттестация комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари томонидан имзоланадиган, мазкур Низомга 7-иловада келтирилган шаклга мувофиқ баённома билан расмийлаштирилади ва ходимларнинг шахсий варақасига тегишли қайд киритилади.


54. Ташкилот раҳбари аттестациянинг ўз вақтида ўтказилишига жавобгар ҳисобланади.



4-§. Ходимларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш тартиби


55. Ходимларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш тегишли аттестация комиссияси томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талаблари ўзгарганда;

илгари қўлланилмаган хавф туғдирувчи янги техник қурилмалар ёки технологиялар киритилганда;

ходим олти ойдан ортиқ муддатга ишдан ажралган ҳолларда;

ходим радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида белгиланган талаблар бўйича етарли даражада билимга эга эмаслиги аниқланганда, махсус ваколатли органнинг радиация ва ядро хавфсизлиги ҳолатини текшириш ваколатига эга бўлган масъул шахсининг ёзма кўрсатмасига мувофиқ.


56. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг қуйидаги ходимлари махсус ваколатли орган аттестация комиссиясида навбатдан ташқари аттестациядан ўтиши лозим:

авария ёки оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса содир бўлган ташкилот раҳбарлари ҳамда бу ҳодисага алоқадор ходимлар;

авария ёки оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисанинг содир этилишида айбдор бўлган шахсни ёки жабрланувчини касбий тайёргарликдан ўтказган ташкилот раҳбарлари ҳамда ўқитишга тааллуқли бўлган ходимлар.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳолатларда аттестация ходимларнинг тоифаларидан қатъий назар, махсус ваколатли органнинг аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.


57. Ходимларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш мазкур Низомнинг 3-боби 2-параграфида белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-§. Апелляцияни кўриб чиқиш тартиби


58. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган шахслар аттестация ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш кунида махсус ваколатли орган ҳузурида тузиладиган апелляция комиссиясига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссияси таркиби махсус ваколатли орган раҳбари томонидан тасдиқланади. Аттестация комиссиясининг аъзолари апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.


59. Апелляция комиссияси берилган апелляцияни етти иш кунида уни берган ходимлар иштирокида кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида уларга ёзма хабар юборади.


60. Агар аттестация давомида ходимларнинг билими нотўғри баҳоланганлиги аниқланса, апелляция комиссияси аризани қаноатлантиради ва аттестация натижаларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади, ходимларнинг апелляцияси бошқа асосларга кўра тўғри (асосли) деб топилса, апелляция комиссияси уларни мазкур Низомда белгиланган тартибда қайта аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аттестация мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилмаганлиги ҳамда ходимларнинг билими тўғри баҳоланганлиги аниқланган тақдирда, апелляция комиссияси апелляция шикоятини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


61. Аттестация комиссияси ёки апелляция комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


62. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик

шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар


Махсус ваколатли орган - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси лицензиясига эга давлат ва (ёки) нодавлат таълим ташкилотлари билан ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини опшриш бўйича шартнома (буюртма) тузади.

Бунда нодавлат таълим ташкилотлари таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш хуқуқини берадиган лицензияга ҳам эга бўлиши шарт.


Келишувга биноан










2-босқич

Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари


Атом энергиясидан фойдаланиш объектларини ишлатиш учун зарур бўлган ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни белгиланган тартибда тўғридан-тўғри ва (ёки) масофавий шаклда амалга оширади.


Камида 72 соатлик ўқув курслари










3-босқич

Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари .


1. Ходимларни ёзма, тест кўринишида синовдан ўтказади.



1. Ўқув курслари тамомлангандан сўнг.


2. Қайта синовдан ўтказади.



2. 1 ой давомида.


3. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларга қайта синов натижалари тўғрисидаги далолатномани юборади.



3. 3 иш кунида


4. Тайёрлаш ва қайта тайёрлаш якунига кўра синовдан ўтган ходимларга гувоҳнома, малакасини ошириш якунига кўра синовдан ўтган ходимларга сертификат расмийлаштирилади.



4. 3 иш кунида


5. Махсус ваколатли органга ўқув курсларини битирган ходимлар тўғрисида маълумотларни тақдим этади.


5. Йилнинг ҳар чорагида


      





Низомга

2-ИЛОВА

ЎзбекистонРеспубликасининг

Давлат герби


O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

Тayyorlash (qayta tayyorlash) bo`yicha ta`lim olganlik to`g`risida

GUVOHNOMA


QT N 000000000

          

(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil ________ _________________________dan 20____ yil _________ ________________________gacha


da

(ta`lim tashkilotining nomi)


_____________ soatga mo`ljallangan



(kurs hajmi)


tayyorlash (qayta tayyorlash) kursini tamomladi

tayyorlash, qayta tayyorlash kursining nomi)


Ta`lim tashkiloti rahbari:





(imzo)


(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro`yxatdan o`tkazish raqami: ____________________


Berilgan sanasi: ______________________________

                                                               (kun, oy, yil)

        





Низомга

3-ИЛОВА

ЎзбекистонРеспубликасининг

Давлат герби


O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

Malaka oshirish bo`yicha ta`lim olganlik to`g`risida

SERTIFIKAT


MO N 000000000


(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil ________ _________________________dan 20____ yil _________ ________________________gacha


da

(ta`lim tashkilotining nomi)


_____________ soatga mo`ljallangan



(kurs hajmi)


malaka oshirish kursini tamomladi

(malaka oshirish kursining nomi)


Ta`lim tashkiloti rahbari:





(imzo)


(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro`yxatdan o`tkazish raqami: ____________________


Berilgan sanasi: ______________________________

                                                               (kun, oy, yil)

   





Низомга

4-ИЛОВА



Махсус ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармалари

аттестация комиссиялари томонидан ходимларни

аттестациядан ўтказиш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар


Ходимларни аттестациядан ўтказиш учун тегишлича махсус ваколатли орган - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг аттестация комиссияларига аттестациядан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.


Аттестацияни ўтказиш муддатидан 3 ой олдин










2-босқич

Махсус ваколатли орган - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудии бошқармаларининг аттестация комиссиялари


1. Аризани кўриб чиқади ҳамда ходимларни аттестацияга қўйиш ёки қўйишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.



1. Аризани қабул қилгандан сўнг 3 иш кунида


2. Аттестацияга қўйишни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган қарор нусхасини ташкилотга юборади.



2. 1 иш кунида


3. Аттестацияни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ташкилотни ёзма равишда хабардор қилади.


3. Аттестация ўтказилишидан камида 15 кун олдин








3-босқич

Махсус ваколатли орган - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг аттестация комиссиялари


1. Аттестацияни суҳбат шаклида ўтказади.


2. Ядровий қурилмаларнинг технологик жараёнини амалга оширувчи ходимлар аттестациясини тегишли ташкилотлар моддий-техник базаларидан фойдаланган ҳолда назарий ва амалий назорат машқлари орқали амалга оширади.


Ҳужжатлар олинган кундан бошлаб тўртинчи ойнинг биринчи 10 кунлигидан кечикмай










4-босқич

Махсус ваколатли орган - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг аттестация комиссиялари


1. Аттестация натижаларини ҳисобга олиб, ходимларни аттестациядан ўтди ёки ўтмади деб эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилади.



1. Аттестация натижалари бўйича овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол


2. Қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради.



2. 1 иш кунида


3. Аттестациядан ўтган ходимларга аттестация гувоҳномасини расмийлаштиради ва аттестациядан ўтган ходимлар реестрида тегишли маълумотларни қайд этади.



3. 3 иш кунида


4. Аттестациядан ўтмаган ходимларни эгаллаб турган лавозимидан вақтинча четлаштириш тўғрисида эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларга билдиришнома юборади.



4. 1 иш кунида








5-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар


Аттестациядан ўтмаган ташкилотлар ходимларини такрорий аттестациядан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.


Камида 2 ой ўтгач. бироқ 6 ойдан кам бўлган муддатда



       





Низомга

5-ИЛОВА



Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик

шахсларнинг аттестация комиссиялари томонидан

ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссияси ишчи органи


1. Аттестация ўтказиш жадвалини тузади ва тасдиқлаш учун аттестация комиссияси раисига тақдим этади.



1. Аттестация ўтказишдан 3 ой олдин




2. Аттестациядан ўтиши лозим бўлган ходимларни жадвал билан таништиради.



2. Аттестация ўтказишдан 2 ой олдин


3. Аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда ходимларга бевосита топширади ёки почта орқали юборади.



3. Аттестация ўтказишдан камида 15 кун олдин








2-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссияси


1. Аттестацияни суҳбат шаклида ўтказади.


2. Ядровий қурилмаларнинг технологик жараёнини амалга оширувчи ходимлар аттестациясини тегишли ташкилотлар моддий-техник базаларидан фойдаланган ҳолда назарий ва амалий назорат машқлари орқали амалга оширади.


Аттестация ўтказиш жадвалида кўрсатилган муддатларда










3-босқич

Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларнинг аттестация комиссияси


     



1. Аттестация натижаларини ҳисобга олиб, ходимларни аттестациядан ўтди ёки ўтмади деб эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилади.



1. Аттестация натижалари бўйича овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол


2. Қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради.



2. 1 иш кунида


3. Аттестациядан ўтмаган ходимни иккинчи марта аттестациядан ўтказади.


3. Камида 2 ой ўтгач, бироқ 6 ойдан кам бўлган муддатда


         



      





Низомга

6-ИЛОВА

га

(махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бошқармаси номи)



дан

(ташкилот номи)


АРИЗА

Сиздан


да


(ташкилот номи)



лавозимида

(лавозим номи)


фаолият юритаётган (янги ишга қабул қилинган ёки бошқа лавозимга тайинланган)


ни

(ходимнинг Ф.И.О.)



соҳасида

(тегишли соҳа йўналиши номи)


аттестация (такрорий аттестация)дан ўтказиб беришингиз сўралади.


Илова:


1. Ходимнинг сўровномаси;


2. Тайёрлаш (қайта тайёрлаш), малакасини ошириш ўқув курсини тамомлаганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки сертификат нусхаси;


3. Иш жойидан (ишламаётганлар учун охирги иш жойидан) берилган меҳнат фаолияти тўғрисидаги тавсифнома.

Ташкилот раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)

20__ й. "___"______________





Низомга

7-ИЛОВА



СЎРОВНОМА

1. Фамилияси



Исми

Фотосурат ўрни


Отасининг исми


2. Туғилган санаси




(йили, куни, ойи рақамлар билан ёзилади)


3. Паспорт серияси рақами


рақами


Берилган санаси


Ким томондан берилган


4. Маълумоти:



қув юрти номи ва факультети)

Тамомлаган йили


диплом N


Диплом бўйича мутахассислиги


Илмий даражаси, илмий унвони


5. Меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар:

Т/р

Ишга кирган вақти


Ишдан кетган вақти


Ташкилот номи, идоравий

мансублик, шаҳар номи


Лавозими


Асосий

вазифалари


1.






2.






6. Тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларини тамомлагани ҳақидаги маълумотлар

Т/р

Ўқув курси

номи


Ўқув курси ўтказган

ташкилот, шаҳар


Ўқув курслари тамомлаганини тасдиқловчи

ҳужжат номи, рақами ва берилган санаси


Изоҳ








7. Ишлаб чиққан норматив ҳужжатлари, илмий ишлар

Т/р

Ишлаб чиққан йили


Номи, белгиси


Изоҳ






8. Уй манзили:


9. Алоқа телефони





Факс:





(коди)


(рақами)



(коди)


(рақами)

10. Сўровнома тўлдирилган сана: 20__ й. "___"______________


Шахсий имзо __________________________






Низомга

8-ИЛОВА



Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб

борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа

юридик шахсларнинг ходимларини аттестациядан

ўтказиш комиссиясининг ________-сон


БАЁННОМАСИ

_______________ (шаҳар, туман)

20__ йил "___"______________

Аттестация комиссияси раиси:


(Ф.И.О.)


(имзо)


Аттестация комиссияси раисининг ўринбосари:


(Ф.И.О.)


(имзо)


Аттестация комиссияси аъзолари:


(Ф.И.О.)


(имзо)



(Ф.И.О.)


(имзо)


Аттестация комиссияси котиби:


(Ф.И.О.)


(имзо)


         

(аттестация комиссиясининг номи)

аттестация комиссияси 20__ йил "___"______________даги мажлис якунлари бўйича


ҚАРОР ҚИЛАДИ:

Т/р

Аттестациядан ўтказилган

ходимнинг Ф.И.О.


Ходим фаолият

юритаётган ташкилот


Ходимнинг

лавозими


Аттестация

комиссиясининг

хулосаси











Аттестация комиссияси раиси



(имзо)

Аттестация комиссияси котиби



(имзо)

Аттестациядан ўтказиш комиссиясининг ______-сон баённомаси билан танишдим.

20__ йил "___"______________







(аттестациядан ўтувчи Ф.И.О.)


(имзо)

      





Низомга

9-ИЛОВА



Аттестациядан ўтган ходимга бериладиган

аттестация гувоҳномасининг шакли

     

(ким томондан берилган)

__________-сон

АТТЕСТАЦИЯ ГУВОҲНОМАСИ

Берилди ушбу гувоҳнома



(фамилияси)

        

(исми)


га

(отасининг исми)


Ходим


да


(иш жойи)



бўлиб ишлайди.

(лавозими)



да

(аттестация комиссиясининг номи)


Аттестация комиссияси раиси:





(имзо)


(Ф.И.О.)

Берилган вақти: 20__ йил "___"______________                                     М.Ў.

ХОДИМНИНГ БОШҚА ИШГА ЎТКАЗИЛИШИ ЁКИ БОШҚА

ЛАВОЗИМГА ТАЙИНЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР

Т/р

Ишга ўтказилган жойи


Касби

(лавозими)


Ташкилот раҳбарининг

Ф.И.О.


Ташкилот

раҳбарининг

имзоси

1.






2.






      





Низомга

10-ИЛОВА



Аттестациядан ўтган ходимлар реестрининг шакли

          

(аттестация комиссиясининг номи)

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТГАН ХОДИМЛАР РЕЕСТРИ



20__ й. "___"______________ да бошланди.

20__ й. "___"______________ да тугади.



Аттестациядан ўтган ходимлар реестрининг

навбатдаги варақларини расмийлаштириш

Т/р

Аттестациядан ўтган

ходимнинг Ф.И.О.


Ходимнинг

лавозими (касби),

иш стажи


Аттестациядан ўтиш

вақти ва даврийлиги


Аттестациядан

ўтиш соҳаси


Аттестация

комиссиясининг

хулосаси


1.







2.







Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 10 январь















































Время: 0.2116
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск