ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Гидрометеорология /

Ўзбекистон Республикасининг 12.01.2022 й. ЎРҚ-745-сон "Гидрометеорология фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.10.2021 й. қабул қилинган, Cенат томонидан 19.11.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.01.2022 й.

N ЎРҚ-745



ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ

ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 12 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 19 ноябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади гидрометеорология фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Гидрометеорология фаолияти

тўғрисидаги қонунчилик


Гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги - атроф табиий муҳитнинг ҳамда атмосфера ҳавоси, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланишининг доимий комплекс кузатувлари, шунингдек атроф табиий муҳит ҳолатини баҳолаш ва прогнозлаш;


гидрометеорологик ахборот - гидрометеорологик ҳодисалар ва атроф табиий муҳит ҳолатининг кузатувлари натижалари, шунингдек ишлов бериш ҳамда таҳлил қилиш йўли билан олинган, фойдаланиш, тарқатиш ва сақлаш учун мўлжалланган ахборот;


гидрометеорологик жараёнлар - атмосферанинг ва гидросферанинг ҳолатини тавсифловчи гидрометеорологик ҳодисаларнинг вақт ва маконда изчил ривожланиши;


гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш - аҳолига, иқтисодиёт тармоқларига ва ижтимоий соҳага эҳтимол тутилган зарарни камайтириш учун гидрометеорологик жараёнларни атроф табиий муҳитга таъсир кўрсатиш орқали бошқариш (кўчкиларни мажбуран тушириш, дўл ёғишининг, ёғингарчиликларнинг, сел келишининг олдини олиш);


гидрометеорологик ҳодисалар - атмосферада, ер юзасида ва ундаги объектларда, ер усти сувларида рўй берадиган, гидрометеорологик шароитларни тавсифлайдиган жараёнларнинг намоён бўлиш шакллари (атмосфера босими, шамол, намлик, ҳаво ва сув ҳарорати, сув сатҳи ва сарфи, тошқинлар, селлар, аёзлар);


гидрометеорология фаолияти - метеорология, гидрология, гляциология, иқлимшунослик, агрометеорология, аэрология, авиация метеорологияси, атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги ва гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш соҳасидаги гидрометеорологик ахборотни тайёрлаш (кузатиш, йиғиш, унга ишлов бериш, уни таҳлил қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш), шунингдек уни тарқатиш жараёни;


ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборот - фойдаланувчининг талабларига мувофиқ тайёрланган ҳамда ишлов бериш, таҳлил қилиш, сақлаш ва тақдим этиш учун қўшимча ишлар ҳамда харажатлар талаб қилинадиган гидрометеорологик ахборот;


муҳофаза зонаси - гидрометеорологик станциялар ва постлар атрофида уларнинг ҳудуди чегарасидан икки юз метр масофада жойлашган, ёпиқ чизиқ билан чегараланган ер участкаси ёки сув акваторияси;


тезкор гидрометеорологик ахборот - аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солиши, шунингдек атроф табиий муҳитга, иқтисодиёт тармоқларига ва ижтимоий соҳага зарар етказиши мумкин бўлган хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисидаги зудлик билан тақдим этиладиган гидрометеорологик ахборот;


умумий гидрометеорологик ахборот - жамоатчилик фойдаланиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, юридик ва жисмоний шахсларга тақдим этиладиган гидрометеорологик ахборот.



4-модда. Гидрометеорология фаолиятининг

асосий принциплари


Гидрометеорология фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

глобаллик, тизимлилик ва узлуксизлик;

гидрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги натижасида олинган маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ҳамда тарқатиш усулларининг бирлиги ва қиёсийлиги;

гидрометеорологик ахборотнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ундан фойдалана олиш;

очиқлик ва хавфсизлик.



5-модда. Гидрометеорология фаолиятининг глобаллиги,

тизимлилиги ва узлуксизлиги принципи


Гидрометеорология фаолиятининг глобаллиги, тизимлилиги ва узлуксизлиги принципи атмосфера, гидросфера ҳамда тупроқнинг ўзаро боғлиқлик шартларини тавсифловчи гидрометеорологик ҳодисаларни комплекс ўрганишдан иборатдир.

Гидрометеорология фаолиятининг глобаллиги, тизимлилиги ва узлуксизлиги принципи гидрометеорологик ҳодисаларнинг доимий мониторингини ўтказиш ҳамда гидрометеорологик кузатувлар маълумотлари фондини узлуксиз равишда шакллантириб бориш йўли билан таъминланади.



6-модда. Гидрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит

ифлосланишининг мониторинги натижасида олинган

маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш,

уларни сақлаш ва тарқатиш усулларининг

бирлиги ва қиёсийлиги принципи


Гидрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги натижасида олинган маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва тарқатиш усулларининг бирлиги ва қиёсийлиги принципи ўлчов воситаларини стандартлаштириш ҳамда метрологик назорат талабларига риоя этишдан, гидрометеорологик кузатувлар маълумотларини йиғишга, уларга ишлов беришга ва уларни таҳлил қилишга доир миллий ҳамда халқаро тавсиялар ва қоидаларга асосланган бирхиллаштирилган усуллар ҳамда ёндашувлардан фойдаланишдан иборатдир.



7-модда. Гидрометеорологик ахборотнинг тўлиқлиги,

ишончлилиги ва ундан фойдалана олиш принципи


Гидрометеорологик ахборотнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ундан фойдалана олиш принципи қарорлар қабул қилиш учун гидрометеорологик параметрларнинг етарли тўпламидан, ушбу ахборотдан фойдаланиш пайтида унинг қимматини ва долзарблигини сақлаб қолишдан, фойдаланувчи томонидан ахборотни самарали тарзда ўзлаштириш ва тушунишдан иборатдир.

Гидрометеорологик ахборотнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ундан фойдалана олиш принципи фойдаланувчилар томонидан қарорлар қабул қилиш учун ушбу ахборотни услубий жиҳатдан тўғри йиғиш, унга ишлов бериш, уни таҳлил қилиш ва ўзгартириш ҳисобидан таъминланади.



8-модда. Гидрометеорология фаолиятининг очиқлиги

ва уни амалга ошириш хавфсизлиги принципи


Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлган очиқ ахборот ресурсларини шакллантиради ва улардан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда фойдаланилишини таъминлайди.

Гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш хавфсизлиги техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига оғишмай риоя этиш йўли билан таъминланади.



9-модда. Гидрометеорология фаолиятининг

объектлари


Атмосфера, гидросфера, тупроқ, шунингдек атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи компонентлар гидрометеорология фаолиятининг объектларидир.



10-модда. Гидрометеорология фаолиятининг

субъектлари


Гидрометеорология фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

ўлчов воситаларининг метрологик аттестациясига оид махсус сертификат асосида гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари;

ўлчов воситаларининг метрологик аттестациясига оид махсус сертификат асосида гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар;

гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар;

гидрометеорология соҳасидаги илмий-тадқиқот ва таълим ташкилотлари.

Гидрометеорология фаолиятининг субъектлари Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизматининг миллий тизимини ташкил этади.



2-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ФАОЛИЯТИ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


11-модда. Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик тизимларини ишлаб чиқиш;

гидрометеорологик кузатувлар ва ўлчовларнинг ягона давлат тизимини шакллантириш, такомиллаштириш ҳамда унинг ишлашини таъминлаш;

давлат бошқаруви органларини, шунингдек аҳолини атроф табиий муҳитнинг амалдаги ва прогноз қилинаётган ҳолати, ифлосланиши тўғрисидаги ахборот, шу жумладан тезкор ахборот билан таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик шахсларнинг гидрометеорологияга оид ишларни бажаришга доир фаолиятини мувофиқлаштириш;

инновация ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши соҳасида илмий фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

гидрометеорология фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг гидрометеорология соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги махсус

ваколатли давлат органининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази гидрометеорология фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

гидрометеорология фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;

кузатувлар олиб боради, гидрометеорологик ахборотни йиғади, унга ишлов беради, уни таҳлил қилади, сақлайди ва ундан фойдаланади;

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорологик ахборот давлат фондининг шакллантирилишини, тўлдирилишини, сақланишини ва ундан фойдаланилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, юридик ва жисмоний шахсларни кузатиб борилаётган ҳамда кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборот билан, шу жумладан тезкор гидрометеорологик ахборот билан таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

гидрометеорологик кузатувларнинг давлат тизими ривожлантирилиши ва такомиллаштирилишини, гидрометеорологик тармоқнинг модернизация қилинишини таъминлайди;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш ягона давлат тизимига киради ҳамда фавқулодда вазиятларда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ амалга оширади;

гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши соҳасида илмий фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказади;

ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти объектларидан олисда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда жойлашган атроф табиий муҳитнинг барча объектларида ифлослантирувчи моддалар мавжудлиги даражасининг узоқ муддатли тизимли кузатуви тарзидаги фон мониторингини амалга оширади;

гидрометеорологик ахборот тайёрлаш ҳамда атроф табиий муҳит ҳолати ва ифлосланишининг мониторинги халқаро тизимларини мувофиқлаштиради ва интеграция қилади;

гидрометеорология фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

гидрометеорология фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



14-модда. Давлат бошқаруви органларининг

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги

ваколатлари


Давлат бошқаруви органлари гидрометеорология фаолияти соҳасида ўз ваколатлари доирасида:

тармоқ аҳамиятига эга бўлган гидрометеорология фаолиятининг амалга оширилишини ташкил этади ва ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради;

ўз тасарруфидаги гидрометеорологик станциялар ва постлар ишини қонунчиликка мувофиқ таъминлайди.

Давлат бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



15-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги

ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари гидрометеорология фаолияти соҳасида ўз ваколатлари доирасида:

ҳудудий аҳамиятга эга бўлган гидрометеорология фаолиятининг амалга оширилишини ташкил этади ва ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради;

гидрометеорология фаолияти соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳудудий дастурларни молиялаштиради ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиради, шу жумладан ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини ҳамда гидрометеорология фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги давлат органларининг ҳудудий бошқармаларини ушбу дастурларни бажаришга жалб этишни амалга оширади;

давлат гидрометеорологик кузатувлар тармоғини ва атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторингини ташкил этиш учун ер участкаларини ажратади;

махсус ваколатли давлат органига гидрометеорология фаолиятини амалга оширишда ҳамда хавфли гидрометеорологик ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига ва ижтимоий соҳага салбий таъсирини юмшатишда кўмаклашади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



16-модда. Юридик шахслар томонидан гидрометеорология

фаолиятини амалга ошириш


Юридик шахслар гидрометеорология фаолиятини гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

Юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган гидрометеорология фаолияти гидрометеорология фаолиятининг асосий принципларига мос бўлиши керак.

Гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ махсус ваколатли давлат органи билан шартнома асосида ахборот алмашиши мумкин.

Юридик шахсларнинг гидрометеорология фаолияти махсус ваколатли давлат органи томонидан мувофиқлаштирилади.



3-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИК АХБОРОТНИ ТАЙЁРЛОВЧИЛАР

ҲАМДА УНДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР, УЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17-модда. Гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар

ҳамда ундан фойдаланувчилар


Гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар қуйидагилардан иборат:

махсус ваколатли давлат органи;

гидрометеорология соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари;

гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи, гидрометеорологик кузатувларнинг идоравий тармоғига эга бўлган юридик шахслар.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчилардир.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ гидрометеорологик ахборот чет эл юридик ва жисмоний шахсларига тақдим этилиши мумкин.



18-модда. Гидрометеорологик ахборотни

тайёрловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш;

ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборотни қатъий белгиланган ҳақ эвазига тақдим этиш;

гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслардан гидрометеорологик ахборотни олиш;

гидрометеорология соҳасидаги илмий маҳсулотга ва бошқа маҳсулотга доир муаллифлик ҳуқуқларини ҳамда турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;

ахборотни олиш шартлари фойдаланувчи томонидан бузилган тақдирда гидрометеорологик ахборотни фойдаланувчига тақдим этишни рад этиш.

Гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар:

норматив ҳужжатлар, шу жумладан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ гидрометеорологик ҳодисалар ва жараёнларнинг кузатувларини амалга ошириши;

гидрометеорологик ахборотни тайёрлаш ва тақдим этиш тўғрисидаги шартнома шартларига риоя этиши;

бажарилган гидрометеорологияга оид ишларнинг ҳисобини юритиши ва белгиланган тартибда ахборот тақдим этиши;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ, ишончли ҳамда фойдалана олинадиган гидрометеорологик ахборотни тақдим этиши;

хавфли гидрометеорологик ҳодисаларнинг, табиий офатларнинг, атроф табиий муҳит ифлосланишининг ривожланиши таҳдидининг олдини олиш учун кузатувлар натижаларини махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



19-модда. Гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ гидрометеорологик ахборотни олиш;

гидрометеорологик ахборотни тайёрловчини танлаш;

гидрометеорологик ахборотни олишни рад этиш ҳамда ушбу ахборотни тайёрловчи билан тузилган шартномани норматив ҳужжатлар, шу жумладан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилган ва шартнома шартларига риоя этилмаган тақдирда бекор қилиш.

Гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчилар гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар фаолиятининг технологик жараёнларига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.

Гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчилар:

ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборотдан белгиланган мақсадга ва ушбу ахборотни муҳофаза қилиш режимига мувофиқ фойдаланиши;

гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар билан тузилган шартномалар шартларига риоя этиши шарт.

Гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


20-модда. Ўзбекистон Республикасининг Гидрометеорологик

ахборот давлат фонди


Давлат гидрометеорологик кузатувлар тармоғидан олинган барча маълумотлар махсус ваколатли давлат органи тасарруфидаги Ўзбекистон Республикасининг Гидрометеорологик ахборот давлат фондини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг Гидрометеорологик ахборот давлат фонди ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фондига киради ва архив иши тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ сақланади.



21-модда. Гидрометеорологик ахборотни

тақдим этиш тартиби ва шартлари


Гидрометеорологик ахборот ундан фойдаланувчиларга гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тақдим этилади.

Расмий огоҳлантиришлар, прогнозлар ва аҳолининг турмуш фаолияти хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий зарарнинг олдини олиш билан боғлиқ бошқа гидрометеорологик ахборот гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчиларга фақат махсус ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилади.

Умумий гидрометеорологик ва ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборот вазирликларга ва идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўзаро маълумотлар алмашиш тўғрисидаги қўшма дастурлар (келишувлар) асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилади.

Умумий гидрометеорологик ва тезкор гидрометеорологик ахборот ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилмаган гидрометеорологик ахборотдан фойдаланувчиларга махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига ва Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталига жойлаштириш йўли билан тақдим этилади.

Ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборот ундан фойдаланувчиларга шартнома асосида тақдим этилади.



22-модда. Ихтисослаштирилган гидрометеорологик

ахборотни тақдим этиш ва гидрометеорология

фаолияти соҳасида бошқа хизматлар кўрсатиш


Махсус ваколатли давлат органи томонидан ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборотни тақдим этиш ва гидрометеорология фаолияти соҳасида бошқа хизматлар кўрсатиш таҳлилий материалларни тайёрлаш, лаборатория ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўли билан амалга оширилади.

Тадқиқот мавзуси бўйича тегишли гидрометеорологик ахборотдан олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларнинг сўрови асосида бепул фойдаланишга, башарти Ўзбекистон Республикасининг Гидрометеорологик ахборот давлат фонди материаллари билан мустақил равишда ишланса, рухсат берилади.

Ихтисослаштирилган гидрометеорологик ахборот давлат ҳокимияти органларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига, прокуратура органларига, судларга, шунингдек гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш бўйича фаолият олиб борувчи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига сўров бўйича бепул тақдим этилади.



23-модда. Давлат гидрометеорологик кузатувлар

тармоғини муҳофаза қилиш


Ер участкаларини уларда махсус ваколатли давлат органининг гидрометеорологик станциялари ва постларини жойлаштириш учун ажратиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Гидрометеорологик ахборотнинг узлуксизлигини, тўлиқлигини, ишончлилигини ва фойдалана олинишини таъминлаш мақсадида гидрометеорологик станциялар ҳамда постлар ҳудудларининг чегараларида табиий шароитларнинг сақланишини таъминлайдиган муҳофаза зоналари белгиланади.

Гидрометеорологик станциялар ва постларнинг муҳофаза зоналари доирасида жойлашган ер участкаларидан ҳамда сув акваторияларидан муҳофаза зоналарида ишларни бажариш қоидаларига мувофиқ фойдаланилади.

Гидрометеорологик станциялар ва постларнинг муҳофаза зоналари доирасида жойлашган ер участкаларидан ҳамда сув акваторияларидан фойдаланувчиларнинг мазкур ер участкаларидан ҳамда сув акваторияларидан фойдаланиши муҳофаза зоналарида ишларни бажариш қоидаларига мувофиқ чекланиши мумкин.

Гидрометеорологик станциялар ва постларнинг муҳофаза зоналарида қуйидагилар тақиқланади:

давлат гидрометеорологик кузатувлар тармоғининг бут сақланиши ва ундан фойдаланиш таъминланмайдиган ишларни махсус ваколатли давлат органининг розилигисиз амалга ошириш;

гидрометеорологик ахборотнинг ишончлилигида акс этиши мумкин бўлган хўжалик фаолиятини юритиш, объектларни қуриш, бошқа ишларни амалга ошириш.

Гидрометеорологик кузатувлар таянч пунктларининг (гидрометеорологик станциялар ва постларнинг) ер участкалари олиб қўйилмайди ҳамда уларни бошқа жойга кўчириш тақиқланади.

Гидрометеорология фаолиятида фойдаланиладиган давлат мол-мулки хусусийлаштирилмайди.

Давлат гидрометеорологик кузатувлар тармоғининг фаолияти халқаро стандартларга ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24-модда. Гидрометеорология фаолиятини

молиялаштириш


Гидрометеорология фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



25-модда. Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги

халқаро ҳамкорлик


Ўзбекистон Республикасининг Миллий гидрометеорология хизмати халқаро гидрометеорология тармоғининг ажралмас қисмидир.

Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда қонунчилиги асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ягона халқаро гидрометеорологик кузатувлар тармоқларини шакллантиришга ва ривожлантиришга, атроф табиий муҳитнинг ҳолати ҳамда унинг ифлосланиши устидан назоратни амалга оширишга, ахборот алмашишга кўмаклашади.

Махсус ваколатли давлат органи халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг гидрометеорология хизматлари билан ҳамкорлик қилиш чоғида гидрометеорология фаолияти билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади, шунингдек гидрометеорология фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг гидрометеорология фаолиятини мувофиқлаштиради.

Махсус ваколатли давлат органининг гидрометеорология фаолияти масалалари бўйича халқаро ҳамкорликда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва қонунчилигида белгиланади.



26-модда. Низоларни ҳал этиш


Гидрометеорология фаолияти соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



27-модда. Гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



28-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини

таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



29-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 январь


"Халқ сўзи", 2022 йил 13 январь





















































Время: 0.2252
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск