Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Маъмурий ишлари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.11.2021 й. 34-сон "Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2021 й.

N 34



МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, маъмурий ишларнинг кассация тартибида қайта кўрилиши биринчи ва апелляция инстанцияси судлари ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилиги, улар томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини ва процессуал қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 224-моддасига мувофиқ, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқи қуйидагиларга тегишли:

аризачи, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакилларига;

тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган давлат органлари ва бошқа шахсларга (МСИЮтК 47-моддасининг биринчи қисми);

ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсга;

прокурорга.

Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли (МСИЮтК 62-моддасининг иккинчи қисми).

Ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий вориси томонидан берилган кассация шикоятига ҳуқуқ ўтганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Прокурор ўзининг иштирокида кўрилган иш бўйича кассация протести келтиришга (МСИЮтК 224-моддаси), прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича эса, тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлганда кассация протести келтиришга (МСИЮтК 230-1-моддаси) ҳақли.


3. Қонунга мувофиқ, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади (МСИЮтК 226-моддаси, 227-моддасининг биринчи қисми).


4. МСИЮтК 116-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация шикояти (протести) бериш муддати апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади ва мазкур муддат охирги ойининг тегишли санасида тугайди. Бунда апелляция инстанцияси судининг мажлисида фақат суд ҳужжатининг хулоса қисми эълон қилиниши кассация шикояти (протести) бериш муддати ҳисобланишига таъсир кўрсатмайди, лекин уни тиклаш ҳақидаги илтимосномани ҳал қилишда инобатга олинади.

Агар кассация шикояти (протести) почта орқали процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар жўнатилган бўлса, муддат ўтмаган ҳисобланади. Бундай ҳолда кассация шикояти (протести) бериш санаси алоқа хати қабул қилинганлигини тасдиқловчи конвертдаги штамп, буюртма хат қабул қилинганлиги ҳақидаги квитанция ёхуд бошқа ҳужжат бўйича белгиланади.


5. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан манфаатдор шахс илтимосномаси бўйича, башарти у кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддат ўтказиб юборилиши сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин (МСИЮтК 227-моддасининг иккинчи қисми).

Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома кассация шикояти (протести) билан бирга берилади. Қайд этилган процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги илтимос бевосита кассация шикоятида (протестида) бўлиши мумкин.


6. Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳаракатларни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабабларга киритилиши мумкин (масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемиялар, пандемия, карантин, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахснинг суд ҳужжатидан бехабарлиги).

Жисмоний шахснинг касаллиги, ноилож аҳволи, унинг оилавий аҳволи (оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги), шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда кассация шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Юридик шахс вакилининг хизмат сафарида, меҳнат таътилида бўлиши, ҳуқуқшуноснинг бўлмаслиги, вакилнинг ёрдами учун тўлашга ёки давлат божини тўлашга пул маблағларининг мавжуд эмаслиги юридик шахс томонидан кассация шикояти бериш муддати ўтказилганлигининг узрли сабаблари сифатида кўрилиши мумкин эмас.


7. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги масала кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилаётганда муҳокама қилинади.

Муддат ўтказилганлиги муносабати билан кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги судьянинг ажрими устидан МСИЮтК 248-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят (протест) берилиши мумкин.


8. МСИЮтК 228-моддасида кассация шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмунига доир талаблар белгиланган, шу муносабат билан кассация шикояти (протести) келиб тушганидан сўнг, судья кассация шикояти (протести) берган шахс томонидан процессуал қонуннинг ушбу талабларига риоя қилинганлигини текширади.

Кассация шикояти (протести) ва унга илова қилинган ҳужжатлар нусхаларини ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилиши ёки топширилиши қонун бўйича кассация шикояти (протести) берган шахснинг мажбуриятига киритилган ва буюртма хат юборилганлиги ҳақидаги квитанция, улар қабул қилинганлиги ҳақидаги тилхат ва бошқалар билан тасдиқланади.

Агар кассация шикояти (протести) МСИЮтК 228-моддаси биринчи қисми ва иккинчи қисмининг 1 - 5-бандларида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда берилган ёки унга унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигига доир далиллар илова қилинмаган бўлса, судья кассация шикоятини (протестини) қайтаради.


9. Қонунга кўра (МСИЮтК 230-моддаси), кассация шикоятига:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

кассация шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, кассация шикоятига вакилнинг имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ва апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза, шикоят (протест) ва судга тақдим этиш чоғида уларга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.


10. Кассация шикояти берган шахс томонидан давлат божи тўлашнинг қонун билан белгиланган тартиби ва миқдорларига риоя қилинганлиги ҳақидаги масалани ҳал қилишда судья "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддасининг 3-банди, 10-моддаси ва қайд этилган Қонунга илова "Давлат божи ставкаларининг миқдорлари"га амал қилиши лозим.

Давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақидаги илтимоснома судья томонидан кассация шикоятини қабул қилишда ҳал қилиниши лозим.


11. Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикояти (протести) бўйича ишни суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ишни талаб қилиб олиш ҳақидаги масала судья томонидан кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда ҳал қилинади.


12. Келиб тушган кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан ўрганиб чиқилади ва у беш кунлик муддатда МСИЮтК 231-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ва ишни талаб қилиб олиш тўғрисида;

кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисида;

кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида.

Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси беш кунлик муддатда кассация шикоятини (протестини) берган шахсга юборилади.


13. Кассация шикоятини (протестини) кассация инстанцияси суди иш юритувига қабул қилиш тўғрисидаги судьянинг ажрими МСИЮтК 232-моддасининг иккинчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


14. Шуни назарда тутиш лозимки, МСИЮтК 233 ва 234-моддаларида назарда тутилмаган асослар бўйича кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қайтаришга йўл қўйилмайди.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, қайтариш тўғрисидаги ажримда МСИЮтК тегишли нормаси (моддаси ва муайян банди) кўрсатилиши, шунингдек, кассация шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилиши лозим.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган ҳолда, у судга дастлаб тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади.


15. Қонунга кўра (МСИЮтК 234-1-моддаси), кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги масала иш судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажримда суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади ҳамда бу ҳақда ишда иштирок этувчи шахслар, иш кассация протести бўйича кўрилаётганда эса, прокурор ҳам хабардор этилади.

Агар суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган бўлса, бу ҳақда кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади ва у ишда иштирок этувчи шахсларга ҳамда видеоконференцалоқа ўтказилишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади (МСИЮтК 144-моддасининг иккинчи қисми).


16. Шуни назарда тутиш лозимки, ишда иштирок этувчи шахс кассация шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини олганидан сўнг, унга нисбатан ёзма фикр юборишга ва ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилишга ҳақли.

Кассация шикояти (протести) бўйича ёзма фикр суд мажлисида ҳам берилиши мумкин.


17. Ишда иштирок этувчи шахслар илтимосномаси мавжуд бўлганда, судья МСИЮтК 236-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжатлари ижросини иш бўйича кассация инстанцияси судида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида судья кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда ёхуд алоҳида ажримда кўрсатиши мумкин.

Суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида ёхуд кассация инстанцияси судининг алоҳида ажримида кўрсатилиши лозим.

Зарур ҳолларда судья (суд) ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича, кассация инстанцияси судида иш юритиш тамомлангунига қадар иш бўйича МСИЮтК 93-моддасида назарда тутилган дастлабки ҳимоя чораларини қўллашга ҳақли.

18. Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш ва кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш учун турлича асослар назарда тутилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам жиддий фарқ қилади.

Хусусан, кассация шикояти (протести) МСИЮтК 237-моддасида назарда тутилган асослар бўйича кўрмасдан қолдирилганда, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингандан сўнг, шикоят (протест) янгидан тақдим этилиши мумкин. МСИЮтК 238-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилганда, айни бир шахс томонидан айни шу асослар бўйича такроран берилган кассация шикояти (протести) кўрмасдан қайтарилади.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.


19. Кассация инстанцияси суди томонидан иш МСИЮтК 239-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

Қонунда суд томонидан ишни кассация тартибида кўриш вақти ва жойи ҳақида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиниши шартлиги белгиланганлиги сабабли, ушбу талабнинг бажарилмаганлиги суд муҳокамаси кейинга қолдирилишига олиб келади.

Шуни назарда тутиш лозимки, агар кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаганлигини узрли деб топса, улар тегишли тартибда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда ҳам ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги узрсиз деб топилган ҳолда, кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) бўйича ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ҳақли.


20. МСИЮтК 240-моддасига мувофиқ, кассация шикояти берган шахс суд ҳужжати чиқарилгунига қадар шикоятдан воз кечишга, протест келтирган прокурор ва юқори турувчи прокурор протестни чақириб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечиш (протестни чақириб олиш) муносабати билан кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш масаласи кассация инстанцияси суди томонидан суд мажлисида ҳал қилинади. Бунда суд шикоятдан воз кечган (протестни чақириб олган) шахснинг ваколатини текшириши шарт. МСИЮтК 62-моддаси мазмунига кўра, ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, агар ишончномада бундай ҳуқуқ махсус кўрсатилмаган бўлса, кассация шикоятидан воз кечишга ҳақли эмас.

Агар кассация шикоятидан воз кечиш қонунга зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд шикоятдан воз кечишни рад этишга ва ишни кассация тартибида кўришга ҳақли.

Шикоятдан воз кечиш қаноатлантирилган, шунингдек, протест қайтариб олинган ҳолларда, кассация инстанцияси суди иш бўйича кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради, иш бўйича бошқа шикоят (протест) мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.


21. Тушунтирилсинки, ишни кассация тартибида кўришда суд янги далилларни текшириш ва янги фактларни аниқлашга ҳақли бўлмасдан, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги ва процессуал қонун талабларига риоя қилинганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.

Агар ишни кўриш чоғида суд ҳужжатлари иш ҳолатлари ҳар томонлама ва тўлиқ ҳамда иш бўйича далиллар текширилмасдан чиқарилганлиги аниқланса, кассация инстанцияси суди МСИЮтК 244-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига амал қилган ҳолда, иш бўйича чиқарилган суд қарорларини бекор қилишга ва ишни биринчи ёки апелляция инстанцияси судига янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.


22. МСИЮтК 242-моддасига мувофиқ, кассация шикояти (протести) бўйича иш кассация инстанцияси суди томонидан ишни муҳокамага тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилади.

Алоҳида ҳолларда кассация шикоятини (протестини) кўриш муддати ишни кўриб чиқаётган судлов ҳайъати томонидан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин (МСИЮтК 242-моддасининг иккинчи қисми).

23. Қонунга кўра, ишни кассация тартибида кўришда қуйидагилар аниқланиши лозим:

суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарорида баён қилинган хулосаларининг иш ҳолатларига мувофиқлиги;

моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги ва (ёки) процессуал қонун талабларига амал қилинганлиги;

биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмун ва шакл жиҳатидан қонун талабларига мувофиқлиги.


24. Кассация инстанцияси суди томонидан иш юритишни тўхтатиб туриш МСИЮтК 9-бобида назарда тутилган асослар ва тартибда амалга оширилади.

Иш юритиш тикланганлиги тўғрисида кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради ва суд муҳокамаси куни тўғрисида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилади.


25. Кассация шикоятини (протестини) мазмунан кўриш натижаси бўйича кассация инстанцияси суди қарор қабул қилади.

Кассация инстанцияси суди қарори ишни кўриш тугаши биланоқ дарҳол қабул қилинади. Айрим ҳолларда асослантирилган қарорни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ унинг қарор қисмини суд ўша суд мажлисининг ўзида эълон қилиши керак.

Кассация инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.


26. Кассация инстанцияси суди кассация шикоятидаги (протестидаги) ҳар бир важни, унинг асосли ёхуд асоссизлиги ҳақидаги хулосани қарорда баён этган ҳолда, муҳокама қилишга мажбур.

Кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида ишни шикоят (протест) бўйича кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар, шунингдек, суд харажатлари тақсимланиши кўрсатилиши керак.

Суд қарори ўқиб эшиттирилганидан сўнг, суд мажлисида иштирок этувчи шахсларга қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг устидан шикоят бериш тартиби, шунингдек, суд мажлиси баённомаси билан танишиш муддати тушунтирилади.


27. МСИЮтК 244-моддасига мувофиқ, суд ҳужжатларини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги;

суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.


28. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш деганда, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўлламаслик ёхуд қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўллаш ёхуд қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати нотўғри талқин қилинганлиги тушунилиши керак.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, бу фақат ишни нотўғри ҳал этилишига олиб келгандагина, суд ҳужжатларини бекор қилишга асос бўлади, МСИЮтК 244-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


29. МСИЮтК 243-моддасига мувофиқ, кассация инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

ҳал қилув қарори, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

ҳал қилув қарори, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга;

ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;

ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга;

суд ҳужжатларининг баъзиларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

МСИЮтК 244-моддаси тўртинчи қисмининг 9-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

30. Кассация инстанцияси суди, агар биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан суд ҳужжатлари қонунга мувофиқ чиқарилган деган хулосага келса, шикоятни (протестни) қаноатлантирмасдан қолдиришга, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни эса, ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.


31. Шуни назарда тутиш лозимки, МСИЮтК 244-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослардан бирор-бири аниқланганда, кассация инстанцияси суди суд ҳужжатларини бекор қилиши ва ишни янгидан кўриш учун биринчи ёки апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.


32. Кассация инстанцияси суди МСИЮтК 105 ва 108-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарори, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга, аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳақлидир.


33. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш масаласининг ҳал этилмаслиги ёки нотўғри ҳал этилиши, ўз-ўзидан суд ҳужжатларини бекор қилишга ёхуд ўзгартиришга асос бўлмайди. Бундай ҳолда кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини МСИЮтК 115-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


34. Кассация инстанцияси суди МСИЮтК 163, 164-моддаларида назарда тутилган ҳолларда:

қарорни тушунтиришга;

қарор матнида йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни тузатишга ҳақли.

Ушбу масалалар суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлиси ўтказилиши вақти ва жойи ҳақида хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ, мазкур шахсларнинг келмаслиги бу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.


35. МСИЮтК 173, 247-моддаларига мувофиқ, биринчи инстанция судининг ажрими ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан, агар бу қонунда назарда тутилган ёки у ишнинг келгусидаги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган бўлса, кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Биринчи инстанция суди ажрими ва апелляция инстанцияси суди қарори устидан кассация тартибида шикоят (протест) бериш ва кўриш суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) бериш ва кўриш учун назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилади.


36. МСИЮтК 247-моддасининг учинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди ажрими ва апелляция инстанцияси суди қарори устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

ажримни ва қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, кассация шикоятини (протестини) қаноатлантирмасдан қолдиришга;

ажримни ва қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўришга юбормасдан янги қарор қабул қилишга;

ажримни ва қарорни бекор қилишга ва аризани, ишни кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишга;

апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш, апелляция инстанцияси судида иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва апелляция шикоятини (протестини) ишни апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборишга;

суд ҳужжатларининг баъзиларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга.

Ариза биринчи инстанция судининг иш юритишга қабул қилингандан сўнг чиқарилган ажрим бекор қилинганда (масалан, аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш ва ҳ.к.), кассация инстанцияси суди ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.


37. Қонунга кўра, кассация инстанцияси суди судьясининг кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрими кассация шикоятини берган (протестини келтирган) шахснинг аризаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосарининг ажрими билан бекор қилиниши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосарининг протести бўйича бекор қилиниши ва иш кассация тартибида мазмунан кўриб чиқилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан кассация шикояти бериш муддати давомида, ушбу муддат тугаган ҳолда эса, ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин.


38. МСИЮтК 224-моддасида кўрсатилган шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари МСИЮтК 244-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтиришга ҳақли.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати давомида, ушбу муддат ўтган ҳолда эса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин. Ушбу муддатлар ўтгандан сўнг берилган аризалар кўриб чиқилмайди ва ўтказиб юборилган муддатлар тикланмайди.

Иш такроран кассация тартибида беш нафар судьядан иборат таркибда умумий асосларда кўриб чиқилади.


39. Кассация инстанцияси суди давлат органи ёки бошқа орган, ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилиши факти аниқланганда, уларнинг суд процессида иштирокидан қатъий назар, хусусий ажрим чиқаришга ҳақли. Агар суд уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, бу ҳақда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар беради.

Хусусий ажрим чиқарилганлиги ҳақида суд мажлисида эълон қилинади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.


40. Кассация шикояти иш кассация инстанцияси судида кўрилгандан сўнг келиб тушганда, уни берган шахсга ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.


41. Маъмурий ишларни ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар чоракда умумлаштириш тавсия этилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил




































Время: 0.1942
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск