ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўсимлик дунёсини муҳофазаси қилиш, ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2022 й. 31-сон "Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" - ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.01.2022 й.

N 31




ОРОЛ ДЕНГИЗИНИНГ СУВИ ҚУРИГАН

ТУБИДА ВА ОРОЛБЎЙИ ҲУДУДЛАРИДА "ЯШИЛ

ҚОПЛАМАЛАР" - ҲИМОЯ ЎРМОНЗОРЛАРИНИ БАРПО

ЭТИШНИНГ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан "яшил қопламалар" - барпо этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини янада юмшатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4850-сон қарорига мувофиқ:

ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини (кейинги ўринларда - Концепция) 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"да ҳар йили Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш чора-тадбирларини амалга ошириш белгиланганлиги;

Концепцияни 2022-2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар икки йилда алоҳида-алоҳида "йўл хариталари" тасдиқланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг Орол денгизининг суви қуриган тубида ҳамда Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" -ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишни (кейинги ўринларда - "яшил қопламалар") давом эттириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар:

2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" - ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари 1-иловага мувофиқ;

2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш ҳажмлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиладиган майдонларни белгиланган тартибда хатловдан ўтказсин, бунда:

ҳар йили 10 декабрга қадар мазкур карорга 1-иловада белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб "яшил қопламалар" барпо этиладиган майдонларни илмий жиҳатдан асосланган таклифларга мувофиқ ҳудудлар бўйича аниқласин ва уларнинг харитасини ишлаб чиқсин;

ўрмонзор барпо этиш учун зарур бўлган қўшимча ер майдонлари белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида давлат ўрмон хўжаликларига ажратилишини ташкил этсин;

муайян майдонда "яшил қопламалар"ни барпо этиш ишлари истисноларсиз ушбу ер участкаси давлат ўрмон хўжаликларига ёки бошқа давлат органлари ва ташкилотларига белгиланган тартибда ажратилганидан кейин бошланишини назорат қилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

"яшил қопламалар" ўз муддатида барпо этилиши бўйича доимий мониторинг юритсин ва унинг бажарилишини мувофиқлаштирган ҳолда талаб этиладиган чўл ўсимликларининг уруғлари сифатли тайёрланишини ташкил этсин;

Орол денгизининг қуриган тубидаги тупроқ таркибини инобатга олиб чўл ва шўр тупроққа мослашган ўсимлик турларини, шу жумладан, қумли ерларда черкез ҳамда шўр ҳудудларда тамарикс ва атриплекс (лебеда) ўсимликларини экиш чораларини кўрсин;

Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган "яшил қопламалар"нинг ҳолатини, уларнинг яшовчанлигини мониторинг қилиш, парваришлаш ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг натижадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ва кенг жамоатчиликка ахборот бериб борилишини таъминласин.


6. Қуйидагилар Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" барпо этиш бўйича мазкур қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетларининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда "яшил қопламалар" - ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 15 февралдаги 132-сон қарорида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти томонидан "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси олдидаги қарздорлиги ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ажратилиши белгиланган 100 млрд сўм маблағдан 81 млрд сўм ўтказиб берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти юқорида қайд этилган қарорда назарда тутилган маблағларнинг қолдиқ қисми бўлган 19 млрд сўм мақсадли маблағлар 2022 йил 25 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳисобварағига ўтказиб берилишини таъминласин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" барпо этиш учун:

мазкур қарорнинг 6-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилаётган маблағлар ажратилиши юзасидан ҳар йили 10 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлар Кенгашларига таклиф киритсин;

қўшимча ходим ва ишчилар жалб этилишини, ишчилар озиқ-овқат, махсус кийим-кечак ва ичимлик сув билан узлуксиз таъминланишини, чўл ўсимликлари уруғлари захираси жамғариш ва экиш учун узлуксиз етказиб берилишини, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлашни, вақтинчалик бино ва иншоотлар қуришни, авиация, алоқа ва бошқа хизматларни жалб этишни ҳамда зарур техника ва асбоб-ускуналар сотиб олишни ва бошқа тадбирларни ташкил этсин;

Транспорт вазирлиги билан биргаликда, заруратга кўра, қўниш майдончалари ташкил этилишини, ишчи-ходимларни ҳудуддаги яшаш жойидан "яшил қопламалар" барпо этиш жойигача бўлган масофага ташиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли шартномалар асосида зарур автобус ва уруғ ташиш учун юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ажратилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" барпо этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ерларни ўзлаштириш, суғориш, бурғилаб сув чиқариш, сунъий сув ҳавзалари ва ер майдонларини томчилатиб суғориш тизимини яратиш ишларига ҳудудий ва таркибий тузилмаларнинг куч ва воситаларини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб этсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўн кун муддатда 2022 йил давомида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида "яшил қопламалар" барпо этиш мақсадида 4 та АН-2 самолётидан (1 та йўловчи ва 3 та қишлоқ хўжалигига мослашган) тегишли шартномалар асосида фойдаланиш ҳамда бошқа жалб қилинадиган техникаларга дизел ёқилғисини харид қилиш учун - 10 млрд сўм маблағни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратиш, 2023-2026 йилларда ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни ҳар йили 10 декабрга қадар ажратиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига таклиф киритилишини таъминласин.


11. "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги тегишли ўрмон хўжаликларини Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар" барпо этиш учун жалб этилган ишчи-ходимлар жойлашган вақтинчалик яшаш масканларига ажратилган ҳажмлар доирасида ва аҳолига белгиланган нарх асосида мавсум давомида суюлтирилган углеводород гази билан таъминлаш чораларини кўрсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Орол ҳалокатининг салбий оқибатларини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини ривожлантириш муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган амалий ва инновацион лойиҳаларни танловлар асосида шакллантириб, белгиланган тартибда молиялаштиришни ташкил этсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 18 январдаги

31-сон қарорига

1-ИЛОВА



2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви

қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил

қопламалар" - ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш

ҲАЖМЛАРИ

минг гектар

Т/р

Ҳудудлар номи

Жами

2022-2026

йилларда


Шу жумладан,

йиллар бўйича:


Чўл

ўсимликлари

турлари


Шундан экиш

усуллари бўйича:


2022

йилда


2023

йилда


2024

йилда


2025

йилда


2026

йилда


уруғдан


кўчатдан


1.

Қорақалпоғистон Республикаси


500

100

100

100

100

100

саксовул, қорабуроқ, қандим


475

25

2.

Бухоро вилояти


200

40

40

40

40

40

саксовул, черкез


180

20

3.

Навоий вилояти


250

50

50

50

50

50

саксовул, қандим, черкез


235

15

4.

Хоразм вилояти


50

10

10

10

10

10

саксовул


49

1

Жами


1000

200

200

200

200

200

х

939

61

       

Изоҳ. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда "яшил қопламалар" барпо этиш билан боғлиқ кўрсаткичларга Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" давлат унитар корхонасининг экспертиза хулосасига асосан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 18 январдаги

31-сон қарорига

2-ИЛОВА



2022-2026 йиллар давомида Орол денгизининг суви

қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида "яшил қопламалар"

барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш

ҲАЖМЛАРИ


тонна

Т/р

Ҳудудлар номи


Чўл ўсимликлари

турлари


Жами

2022-2026

йилларда


Шу жумладан,

йиллар бўйича:


2022

йилда


2023

йилда


2024

йилда


2025

йилда


2026

йилда


1.

Қорақалпоғистон Республикаси


саксовул, қорабуроқ, қандим

1900

380

380

380

380

380

2.

Бухоро вилояти


саксовул, черкез

800

160

160

160

160

160

3.

Навоий вилояти


саксовул, қандим, черкез

1000

200

200

200

200

200

4.

Хоразм вилояти


саксовул

200

40

40

40

40

40

Жами



3900

780

780

780

780

780

            

Изоҳ. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда "яшил қопламалар" барпо этиш билан боғлиқ кўрсаткичларга Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" давлат унитар корхонасининг экспертиза хулосасига асосан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 18 январь

























































Время: 0.0212
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск