ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2022 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 25.01.2022 й. ЎРҚ-747-сон "Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.09.2021 й. қабул қилинган, Cенат томонидан 15.12.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.01.2022 й.

N ЎРҚ-747



ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинган

Cенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги ЎРҚ-263-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 343-модда; 2016 йил, N 12, 383-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 7, 431-модда; 2019 йил, N 5, 267-модда, N 9, 592-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 6-модда қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигини ва унинг ҳудудий бўлинмаларини - вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган ҳамда давлатнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганлар ва оилалар аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан хабардор қилади";


2) 8-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари";


3) қуйидаги мазмундаги 17-1-модда билан тўлдирилсин:


"17-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари

агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари


Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

вояга етмаганларнинг ўз иқтидори ва истеъдодини тўлақонли намоён этишига, шунингдек уларнинг ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришига монелик қиладиган омилларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида иштирок этади;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ижтимоий-педагогик жиҳатдан реабилитация қилишга ва уларнинг мослашувига кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги ЎРҚ-371-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 5, 129-модда; 2015 йил, N 8, 310-модда; 2016 йил, N 12, 383-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 2, 47-модда, N 5, 267-модда, N 9, 589, 591-моддалар, N 10, 674-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 9-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари";


2) қуйидаги мазмундаги 19-1-модда билан тўлдирилсин:


"19-1-модда. Ўзбекистон Республикаси

Ёшлар ишлари агентлигининг ва унинг ҳудудий

бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашда ҳамда бартараф этишда кўмаклашади;

ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни (ёшларни) ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

ёшлар ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги ЎРҚ-406-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 9, 271-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда; 2018 йил, N 7, 431-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги мазмундаги 7-1-модда билан тўлдирилсин:


"7-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этади;

ёшларга оид давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таҳлил қилади, шунингдек уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

хорижда ўқийдиган ёшлар билан ишларни тизимли асосда ташкил этади;

ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш масалалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамкорлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ҳамда ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурларнинг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш талаби билан сўровлар юборишга ҳақли.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари махсус ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилади".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ЎРҚ-444-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 508-модда; 2019 йил, N 9, 591-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 7-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари";


2) қуйидаги мазмундаги 12-1-модда билан тўлдирилсин:


"12-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари

агентлигининг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи

ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

болаларнинг ҳар томонлама, уйғун ривожланишига ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланишига кўмаклашувчи ахборотдан эркин фойдаланиш учун уларга шароитлар яратади;

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида якка тартибдаги профилактика ишларини амалга оширишда иштирок этади;

болаларнинг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, шунингдек маънавий-ахлоқий тарбиясига доир фаолиятда иштирок этади;

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин".


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 январь


"Халқ сўзи", 2022 йил 26 январь

















































Время: 0.0282
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск