ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейга ўқишга қабул қилиш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 27.01.2022 й. 3346-сон билан рўйхатга олинган 27.01.2022 й. АВ 1-сон, ДТМ 01/ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 27 январда 3346-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги ва

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест марказининг

2022 йил 27-январдаги

1 ва 01/ҚҚ-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университети қошидаги

академик лицейга ўқишга қабул қилиш учун тест

синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейга (бундан буён матнда академик лицей деб юритилади) ўқишга қабул қилиш учун тест синовларини ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абитуриент - академик лицейга ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва тест синовларида иштирок этувчи жисмоний шахс;


абитуриент рухсатномаси - паспорт, идентификация ID-картаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишига рухсат берадиган ҳужжат;


Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили - Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (бундан буён матнда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги деб юритилади) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, тест синовлари ўтказиладиган тегишли бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;

бино раҳбари - Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарликни бажарувчи, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;

гуруҳ назоратчиси - Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарликни амалга ошириш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ва тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган шахс;

тест топшириқлари китоби - белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;


жавоблар варақаси - тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танланган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат;


қабул комиссияси - академик лицейга ўқишга қабул қилишни ташкил этиш, шу жумладан абитуриентларга маслаҳат хизматлари кўрсатиш мақсадида ҳар йили тузиладиган комиссия.


2. Академик лицейга ўқишга қабул қилишни ташкил этиш учун Тошкент давлат юридик университети ректори буйруғи билан қабул комиссияси тузилади.


3. Қабул комиссияси тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

қабул комиссиясининг эълонлар тахтасига ҳамда академик лицейнинг расмий веб-сайтига ҳар йили 20 июнга қадар мазкур Низом, таълим йўналишлари, таълим шакли ва ўқитиш тили бўйича қабул квоталари, уларга мувофиқ тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси ҳамда тест топшириладиган таълим йўналишлари рўйхатини жойлаштириш;

қабул жараёнини уюшқоқлик билан, тартибли ташкил этиш, абитуриентларга уларнинг тест синовлари жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар бериш;

абитуриентни тест синовлари қоидалари билан тўлиқ таништириш;

рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг тест синови жараёнига қатнашишини назоратга олиш;

рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг маълумотларини 24 соат ичида текшириш ва тасдиқлаш, агарда киритилган маълумотларда камчиликлар мавжудлиги аниқланса, уларни абитуриентлар билан боғланган ҳолда бартараф этиш.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


4. Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтадилар.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ҳам илова қилишлари лозим.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар томонидан киритилмаган имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар инобатга олинмайди.

Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзлари томонидан киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун масъул ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтишда қабул комиссияси томонидан маълумотлари тасдиқланмаган абитуриентларга абитуриент рухсатномаси берилмайди ва улар тест синовларига қўйилмайди.


5. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш ҳар йили 20 июндан 10 июлга қадар (шу куни ҳам) амалга оширилади.

Ушбу муддатларда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш имконияти бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан келишган ҳолда рўйхатдан ўтказиш муддатини бу ҳақда абитуриентларни камида ўн кун аввал хабардор қилган ҳолда ўзгартириши мумкин.

6. Рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони ҳақидаги кунлик маълумотлар Академик лицейнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.


7. Рўйхатдан ўтишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг абитуриентлар томонидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтига киритилган маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъиян тақиқланади.

8. Абитуриент рухсатномаси тест синовларини ўтказиш белгиланган санадан уч иш куни олдин Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтидан ёки қабул комиссиясидан олиниши мумкин.

9. Абитуриентлар абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Абитуриент учун мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.


10. Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги ёки сохталиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли чоралар кўриш учун юборилади.



3-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИНИ ЎТКАЗИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ


11. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

12. Тест синовлари катта сиғимдаги биноларда очиқлик ва шаффофлик таъминланган ҳолда ўтказилади.

Тест синовлари ўтказиладиган бинолар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан белгиланади.

13. Тест синовларини мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъулият бино раҳбари, гуруҳ назоратчилари ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили шунингдек, қабул комиссияси зиммасига юкланади.

14. Тест синовларини ўтказиш жадвали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тасдиқланади.

15. Тест синовлари ўтказиладиган биноларда тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида бино электрон соат, овоз кучайтириш воситалари, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилади.


16. Тест синовлари ўтказиладиган биноларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вакилига тест материалларини сақлаш, тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган етарли миқдорда стол, стуллар, компьютер, сканер, стационар телефон алоқаси, доимий видеокузатув ва сейф билан таъминланган махсус хона (штаб) тайёрланади.

17. Тест синовлари ўтказиладиган биноларда тест синовларини ўтказиш учун зарур бўлган техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилиши, тест синовлари ўтказиладиган бинолар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб бериши шарт.


18. Тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида 30 нафар абитуриентдан иборат гуруҳлар ташкил этилади.

Бино ва гуруҳларнинг алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.


19. Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол ва стул билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим.

Ҳар бир гуруҳга икки нафаргача гуруҳ назоратчилари бириктирилади.


20. Бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори буйруғи асосида тайинланади.

21. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили:

бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларига умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатади;

тест синовларининг бошланиши ва тугашини қатъий назорат қилиш, тезкор ахборотларни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига юбориш, тест синовларини адолатли, холисона ва мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ўтишини таъминлайди.

22. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун қабул комиссиясига кўрсатма бериш, мазкур Низом талабларига амал қилмаган бино раҳбарини, гуруҳ назоратчисини ва абитуриентни тест синовлари жараёнидан четлаштириш, шунингдек четлаштирилган бино раҳбари ёки гуруҳ назоратчилари ўрнига бошқа бино раҳбари ёки гуруҳ назоратчиларини тайинлаш ҳуқуқига эга.

23. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг буйруғи билан алмаштирилиши мумкин.


4-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


24. Тест синовлари ҳар йили июл ойида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 09:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.

Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт белгиланади.


25. Тест синовлари ўтказиладиган кунда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилган рухсатнома асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили, бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчилари тест синовлари ўтказилаётган ҳудудга кириши мумкин.

Бунда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг рухсатномаси бўлмаган шахслар тест синовлари ўтказилаётган ҳудудга кириши тақиқланади.

26. Қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этилган рухсатнома асосида ҳамда унда белгиланган муддатда тест синовлари ўтказиладиган бинодаги штабда тест синовлари жараёни кузатувчиси сифатида иштирок этади.

27. Абитуриентлар бинога паспорт, идентификация ID-картаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва абитуриент рухсатномаси билан тегишли навбат бўйича киритилади.


28. Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган кунда биринчи сменада соат 8:30 гача (иккинчи сменада 14:30 гача) тест синовлари ўтказиладиган бинога киритилади. Биринчи сменада соат 8:30 дан кейин (иккинчи сменада 14:30 дан кейин) абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган бинога киритилмайди.


29. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили, бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари соат 6:00 га қадар тест синовлари ўтказиладиган бинога етиб келади ва тест синовларини ўтказиш тартибига қатъий риоя қилишни ташкил қилади.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг рўйхатини ва уларнинг рухсатномаларини ҳамда абитуриентлар рўйхатини назорат хизмат постларига етказишни таъминлайди, қуръа ташлаш йўли билан гуруҳ назоратчиларини гуруҳларга тақсимлашни амалга оширади, шунингдек тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштиради.

30. Бино раҳбари гуруҳ назоратчиларига биринчи сменада соат 06:00 дан 06:30 гача (иккинчи сменада соат 13:00 дан 13:30 гача) уларнинг рухсатномаларини тарқатади ва тақсимотини расмийлаштиради ҳамда биринчи сменада соат 06:30 дан 07:00 гача (иккинчи сменада соат 13:00 дан 13:30 гача) абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини (икки нусхада) ва тест материалларини тарқатади ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштиради.


31. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога кириш жойларида текширув вақтида абитуриент ва гуруҳ назоратчиларида микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар мавжудлиги, шунингдек бармоқ излари ва фотосурати текширилган вақтда шахси тасдиқланмаганлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вакилини хабардор қилиниб, уларни тест синовларига киритмаслик тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.

32. Гуруҳ назоратчилари биринчи сменада соат 8:30 гача (иккинчи сменада соат 14:30 гача) абитуриентларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини гуруҳ рўйхати билан текширган ҳолда тест синовлари ўтказиладиган бинога киритади. Абитуриентлар рўйхатда кўрсатилган ўринга ўтиради.

Тест синовларини ўтказиш вақтида имтиҳонга келмаган абитуриентлар ўрни бўш қолади.


33. Гуруҳ назоратчилари абитуриентлар гувоҳлигида тест материаллари жойлаштирилган қутилар ва абитуриентлар рўйхати ҳамда жавоб варақалари солинган пакетларнинг муҳрланганлигига ишонч ҳосил қилиб, шундан сўнг уларни очади.

Гуруҳ назоратчилари тест синовлари китоблари ҳамда жавоб варақаларини тартиб билан тарқатади.


34. Гуруҳ назоратчилари тест синовлари бошлангунга қадар абитуриентларни жавоблар варақаларини тўлдириш қоидалари билан таништиради ва абитуриентлар томонидан тегишли бўлимга ўзи тўғрисидаги шахсий маълумотлар киритилади.


35. Бино раҳбари абитуриентларни тест топшириқлари китобининг муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш зарурлиги ҳамда жавоблар варақасини кўк рангдаги пастали шарикли ручкадан бошқа рангда фойдаланиб тўлдириш, жавоблар варақасини букиш, маркер чизиғига ёзиш, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўяш тест синовларини ўтказиш талабларини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиради.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиларига тест синовлари ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган абитуриентларни четлаштириш бўйича кўрсатма беради.

36. Абитуриент томонидан биринчи сменада соат 08:30 дан 09:00 гача (иккинчи сменада соат 14:30 дан 15:00 гача) тест материалларининг нуқсонсизлиги текширилиши, агарда тест материалларида нуқсонлар аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериши лозим.

Шунингдек, абитуриент жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаши ҳамда тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириши керак.


37. Гуруҳ назоратчиси биринчи сменада соат 09:00 гача, иккинчи сменада соат 15:00 гача қуйидаги ишларни амалга оширади:

абитуриентларга тест топшириқлари китоби ва жавоб варақаларини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдиради, шунингдек абитуриентлар рўйхати тўлдирилган рўйхатнинг бир нусхасини бино раҳбарига беради;

тест топшириқлари китобида нуқсон мавжудлиги аниқланса, унинг биринчи бетига "яроқсиз" деб ёзади, алмаштирилган вақтини кўрсатади ҳамда абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзган ҳолда имзолайди ва ушбу ҳолат ҳақида далолатнома тузилади.

Бунда, мурожаат қилган абитуриентга "яроқсиз" деб топилган тест топшириқлари китоби ўрнига гуруҳдаги тест синовларида қатнашмаган абитуриент учун ажратилган тест топшириқлари китобини беради. Агарда гуруҳда ортиқча тест топшириқлари китоби бўлмаса, бино раҳбаридан захирадаги шу таълим йўналиши ва тилига мос бўлган тест топшириқлари китобини беришни сўрайди. Мазкур жараён далолатнома билан расмийлаштирилади;

абитуриент тест синовига келмаган тақдирда гуруҳ рўйхатига "қатнашмади" деган ёзув киритади.


38. Бино раҳбари биринчи сменада 09:00 да (иккинчи сменада 15:00) тест синовлари бошланганлигини эълон қилади.


39. Абитуриент жавоблар варақасини тўғри тўлдирилиши учун шахсан масъул ҳисобланади. Жавоблар варақасининг тегишли бўлимларини тўғри тўлдирмаган абитуриентларнинг эътирозлари кўриб чиқилмайди.


40. Абитуриент ўзи танлаган ва тест топшириқлари китобидаги жавобга мос келадиган жавоблар варағидаги тегишли доирани тўлдиради. Бунда, ҳар бир тест топшириғи бўйича тўғри жавобга фақат битта доира тўлдирилади.

Агар, жавоблар варақасидаги "белгилаш учун намуна" қоидасига риоя этилмаса, шу жумладан битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл ҳисобланмайди.


41. Абитуриентларга тест синовлари материалларини бир-бирига узатиш ва бошқаларга ёрдам бериш, шунингдек ўзаро гаплашиш тақиқланади.


42. Тест синовига микрокалькулятор, луғат, китоблар, шпаргалкалар, уяли телефон, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб киришга ҳаракат қилган ёки олиб кирган, тест синови жараёнида тест синови материалларини бошқаларга узатган ёки ёрдам берган, тест синови учун ажратилган вақт тугаганидан кейин тест синови материалларини топширмаган, тест синови материалларини бино ташқарисига олиб чиққан абитуриент тест синови ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.


43. Тест синовлари давомида абитуриентларга тест синовлари ўтказиладиган бинодан чиқиш тақиқланади. Ўзбошимчалик билан тест синовлари ўтказиладиган бинони тарк этган абитуриентлар тест синовлари ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади. Соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда тест синовлари материалларини қолдириб, кузатув остида тест синовлари ўтказиладиган жойдан чиқишига рухсат берилади.


44. Тест синовлари ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилади ва бу ҳақда тест синовларидан четлаштириш бўйича бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиси томонидан далолатнома расмийлаштирилади.


45. Тест синовларидан четлаштирилган абитуриентларнинг жавоблар варақаси текширилмайди.


46. Бино раҳбари тест синовлари вақти тугаганлигини эълон қилади ва гуруҳ назоратчиларига тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақларини йиғишга кўрсатма беради.


47. Тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг абитуриентлар тест материалларини топширади, белгиланган муддатдан олдин жавоб беришни тугатган абитуриентлар, тест материалларини муддатидан олдин топширишлари мумкин.


48. Гуруҳ назоратчилари абитуриентлардан тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига шикаст етмаганлигини текшириб қабул қилиб олади.

Тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг жавоблар варақалари, "яроқсиз" деб топилган тест топшириқлари китоби, абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатининг иккинчи нусхаси жавоблар варақаси пакетига солинади ва пакет муҳрланади.

Ишлатилган ва ишлатилмаган тест топшириқлари китоблари тест материаллари қутисига жойлаштирилади.


49. Гуруҳ назоратчиси тест синовлари учун белгиланган вақт тугагандан сўнг 20 дақиқа ичида жавоблар варақаси пакети ва тест топшириқлари китоби қутиларини муҳрлайди ҳамда муҳрланган жавоблар варақаси пакети ва тест топшириқлари китоби қутиларини бино раҳбарига топширади.

Бино раҳбари эса топшириш вақтини қайд этиб, тегишли реестрга имзо қўяди.


50. Бино раҳбари абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати, тест материаллари ҳамда бино бўйича тўпланган жавоб варақалари пакетлари солинган ва муҳрланган қутиларни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакилига (Давлат фельдъэгерлик хизматига) топширилишини таъминлайди.

51. Тест синовлари натижалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб сайтида эълон қилинади.


5-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИ НАТИЖАСИ БЎЙИЧА

БЕРИЛГАН АПЕЛЛЯЦИЯЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


52. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига Тошкент давлат юридик университети, юридик таълим муассасалари, факультетлари мутахассислари ва фанлар бўйича экспертлар киритилади.


53. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент апелляция комиссиясига тест синовлари натижаси эълон қилингандан бошлаб уч иш куни ичида ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.


54. Апелляция комиссиясига тақдим этилган апелляция шикояти у келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Абитуриент апелляция шикоятини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Апелляция шикояти кўриб чиқиладиган кун ҳақида абитуриентга хабарнома берилади.


55. Апелляция берган абитуриент хабарномада белгиланган вақтда апелляция комиссиясига ўзининг паспорт, идентификация ID-картаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан келиши шарт.


56. Абитуриент Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


57. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 27 январь



























































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск