ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг 01.02.2022 й. ЎРҚ-748-сон "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.08.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 21.10.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.02.2022 й.

N ЎРҚ-748



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БОЖХОНА КОДЕКСИГА ҚЎШИМЧА ВА

ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 21 октябрда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 670-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 2, 47-модда, N 5, 267-модда, N 9, 589-модда, N 10, 671-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1) қуйидаги мазмундаги 7-1-модда билан тўлдирилсин:


"7-1-модда. Ваколатли иқтисодий оператор


Қонунчиликда белгиланган тегишли талабларга жавоб берувчи юридик шахслар ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиши мумкин.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш тартиби, Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонлари ва ваколатли иқтисодий оператор томонидан амалга ошириладиган махсус соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ваколатли иқтисодий операторлар реестрини юритади ва унинг ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилишини ҳамда камида ҳар ойда янгилаб борилишини таъминлайди";


2) 22-модданинг:

иккинчи қисми:

"д" банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"д) зарур ҳужжатлар (бундан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно) ва маълумотлар тақдим этилмаган товарлар";

қуйидаги мазмундаги "ж" банд билан тўлдирилсин:

"ж) божхона юк декларацияси топширилгунига қадар чиқариб юборилган, шунингдек дастлабки, муваққат, тўлиқ бўлмаган ёки даврий божхона юк декларацияси расмийлаштирилган ҳолда тегишли божхона режимига жойлаштирилган товарлар";

учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур модданинг иккинчи қисми "а" бандида кўрсатиб ўтилган шартли чиқариб юборилган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши керак. Мазкур товарлардан улар шартли чиқариб юборилган пайтдан эътиборан уч йил ичида бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, берилган божхона имтиёзлари бекор қилиниб, божхона тўловларини тўлаш мажбурияти тикланади.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисми "д" бандида кўрсатиб ўтилган шартли чиқариб юборилган товарлар учун тақдим этилмаган мувофиқлик сертификатини ёки санитария-эпидемиология хулосасини олиш талаб этилса, ушбу товарлардан фойдаланиш, уларни учинчи шахсларга бериш, шу жумладан уларни сотиш ёки ўзга усулда бошқа шахсга ўтказиш орқали бериш тақиқланади, мазкур товарларни олиб киришга доир чекловлар ушбу товарларнинг сифати ва хавфсизлиги текширилиши муносабати билан белгиланган ҳолларда эса ҳар қандай шаклда фойдаланиш (ишлатиш) тақиқланади";


3) 32-модданинг:

иккинчи ва учинчи қисмлари чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисми иккинчи қисм деб ҳисоблансин;


4) 36-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташлансин;


5) 38-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини, шунингдек товарни етказиб бериш ёки топшириш тўғрисидаги контрактни (шартномани, келишувни) (товар ижара, лизинг шартномаси, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида вақтинча олиб чиқилган ҳолларда) тақдим этади";


6) 39-модданинг:

биринчи қисми чиқариб ташлансин;

иккинчи - еттинчи қисмлари тегишинча биринчи - олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

тўртинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш товарни божхона органига тақдим этмасдан амалга оширилади";


7) 40-модданинг иккинчи қисмидаги "божхона органининг рухсатномаси асосида" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


8) 58-модданинг:

бешинчи ва олтинчи қисмлари чиқариб ташлансин;

еттинчи ва саккизинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


9) 61-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташлансин;


10) 63-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини, шунингдек товарни етказиб бериш ёки топшириш тўғрисидаги контрактни (шартномани, келишувни) (товар ижара, лизинг шартномаси, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида вақтинча олиб кирилган ҳолларда) тақдим этади";


11) 64-модданинг:

биринчи қисми чиқариб ташлансин;

иккинчи - еттинчи қисмлари тегишинча биринчи - олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

учинчи қисми:

иккинчи хатбошисининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати ушбу ваколатхоналар ва шахсларнинг аккредитация муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади";

тўртинчи хатбошисининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати лизинг шартномасининг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади";

олтинчи хатбошисининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин;

"Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати мазкур келишувларнинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади";

саккизинчи хатбошисининг ўзбекча матнидаги "бундан буёнги" деган сўзлар "кейинги" деган сўз билан алмаштирилсин;

тўққизинчи хатбошисидаги "ривожланиш давлат дастурларига киритилган" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Вақтинча олиб кириш божхона режими муддатини узайтириш божхона юк декларациясининг тегишли бўлмасига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади";


12) 69-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Вақтинча олиб кирилган товарлар реэкспорт божхона режимига бир ёки бир нечта туркум билан жойлаштирилгандан сўнг олиб чиқилиши мумкин";


13) 72-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш;

қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилаш;

товарларнинг божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашга доир тақиқлар ва чекловлар остига тушиб қолишини истисно этиш;

олиб кирилган товар учун ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияларининг ушбу Кодекснинг 71-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Қайта ишлаш жараёни техник-иқтисодий асосларининг кўрсаткичлари ёки идентификациялаш усули ёхуд қайта ишлаш маҳсулотларнинг чиқиш нормаси ўзгарган тақдирда, товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши керак. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда, янги ариза бериш талаб этилмайди";


14) 74-модда:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш товарнинг ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги усуллардан бири ёки бир нечтаси ёрдамида амалга оширилиши мумкин:

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарга муҳрлар қўйиш ва зарур бўлганда штамплар қўйиш, рақамли тарзда ва (ёки) бошқача тарзда тамғалаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни батафсил тавсифлаш, уни фотосуратга тушириш ёки бошқа ўлчамда тасвирлаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарнинг олдиндан олинган намуналарини ёки нусхаларини ва унинг қайта ишланган маҳсулотини тадқиқ этиш натижаларини қиёслаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарнинг завод ва серия рақамлари тарзидаги мавжуд тамғаланишидан ёхуд бошқача тарздаги тамғаланишидан фойдаланиш.

Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш қонунчиликка мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш усули ваколатли шахс томонидан белгиланади";


15) 76-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси, агар ушбу нормалар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, товарни қайта ишлаш амалга ошириладиган ҳақиқий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, ваколатли шахс томонидан аниқланади ва тасдиқланади, шунингдек товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланаётганда божхона органлари ваколатли шахс тақдим этган қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланади.

Ваколатли шахс қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини аниқлашда давлат органларининг ва (ёки) ваколатли органларнинг хулосаларига асосланиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси аниқланганидан кейин белгиланади";


16) 109-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно";


17) 113-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган чет эл товарлари, шунингдек Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган ва божхона ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахсларга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эллик шахсларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет эллик шахсларга ушбу бобда белгиланган шартларда чакана ҳолда реализация қилинади";


18) 116-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги "божхона чегарасида жойлашган" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


19) 118-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига транзит декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади";


20) 121-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташлансин;


21) 128-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташлансин;


22) 129-модданинг:

учинчи қисми чиқариб ташлансин;

тўртинчи - еттинчи қисмлари тегишинча учинчи - олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

бешинчи қисмидаги "жойлаштиришга рухсатнома олиш тўғрисидаги аризанинг" деган сўзлар "жойлаштиришнинг" деган сўз билан алмаштирилсин;

олтинчи қисмидаги "Товарни давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштириш учун рухсатнома берган божхона органи" деган сўзлар "Божхона органи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


23) 131-модданинг иккинчи қисмидаги "рухсатнома берган" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


24) 132-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш божхона органи томонидан берилган тегишли рухсатнома асосида амалга оширилади";


25) 133-модда чиқариб ташлансин;


26) 134-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"134-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида)

қайта ишлашга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар


Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ваколатли шахс товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар), шунингдек ваколатли органларнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан божхона лабораторияларининг) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини белгилаш учун муайян қайта ишлаш технологик жараёнига асосланган хулосалари, бундан қайта ишлаш операцияси таъмирлашдан иборат бўлган ҳоллар мустасно;

қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб чиқишга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга доир контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) кўчирма нусхаси;

2) божхона ҳудудида қайта ишлаш учун:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар) (бундан устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (устав капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар мустасно);

товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялашнинг ваколатли шахс томонидан белгиланган усули;

ваколатли шахс томонидан аниқланган қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини баҳолаш усули, бундан қайта ишлаш операцияси таъмирлашдан иборат бўлган ҳоллар мустасно;

қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб киришга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқишга доир контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) кўчирма нусхаси.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ваколатли шахсдан ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди";


27) 135-модданинг учинчи қисмидаги "133 ва 134-моддаларида" деган сўзлар "134-моддасида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


28) 136-модданинг:

иккинчи қисми чиқариб ташлансин;

учинчи қисми иккинчи қисм деб ҳисоблансин;


29) 137-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга ёки божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак";


30) 144-модданинг матнидаги иккинчи жумла чиқариб ташлансин;


31) 157-модданинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан, товарларни қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаси доирасида;

жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан, товарларни қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаси доирасида, бундан жисмоний шахс манзилига келаётган товарлар мустасно";


32) 161-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"161-модда. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат

мақсадлар учун олиб ўтилаётган товарларнинг

божхона расмийлаштируви


Темир йўл транспортида божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларга, башарти божхона назорати қоидаларига риоя этилса, транспорт воситасини тарк этмаган ҳолда божхона операцияларидан ўтиш имконияти берилади.

Жисмоний шахс томонидан олиб ўтилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари уларнинг божхона расмийлаштирувини дарҳол амалга ошириш ёки божхона тўловларини дарҳол тўлаш имкони бўлмаган тақдирда вақтинча сақлаш учун жойлаштирилиши ёки божхона ҳудудидан олиб чиқилиши лозим.

Жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудига соддалаштирилган тартибда нотижорат мақсадлар учун олиб кирилаётган ва унинг ташқарисига олиб чиқилаётган товарларга божхона мақсадлари учун тегишинча эркин муомалага чиқарилган ёхуд экспорт божхона режимида олиб чиқилган товарлар сифатида қаралади.

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлар учун олиб кирилаётган, божсиз олиб кириш нормаларидан ортиқ бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади";


33) 162-модда бешинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур товарлар оғзаки тарзда декларацияланади, бундан олиб кирилиши ёки олиб чиқилиши қонунчиликка мувофиқ тақиқланган ёхуд чекланган товарлар, шунингдек қиймати ва (ёки) миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормасидан ошиб кетган товарлар мустасно";


34) 163-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажда нотижорат мақсадлар учун олиб ўтилаётган, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори товарларни божсиз олиб киришнинг қонунчиликда белгиланган нормасидан ортиқ бўлса, товарларнинг бундай ортиқ қисмига ягона божхона тўлови тўланади.

Товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, товарларни божсиз олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно.

Ягона божхона тўлови нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялашда, шакли ва тўлдирилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган божхона кирим ордери асосида жисмоний шахслар томонидан тўланади.

Божхона кирим ордерининг бир нусхаси божхона тўловларини тўлаган жисмоний шахсга топширилади (юборилади).

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадлар учун олиб ўтилаётган товарларга нисбатан божхона кирим ордерини тўлдириш ва ягона божхона тўловини ҳисоблаш божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади";


35) 167-модда биринчи қисмининг "а" ва "б" бандларидаги "ўн" деган сўз "ўттиз" деган сўз билан алмаштирилсин;


36) 169-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлар учун халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати ва (ёки) миқдори товарларни божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ бўлган товарларнинг ортиқ қисми учун ягона божхона тўлови тўланади";


37) 174-модданинг учинчи қисми:

биринчи хатбошисидаги "икки" деган сўз "уч" деган сўз билан алмаштирилсин;

"а" бандидаги "божхона ҳудудига кириб келаётган ва божхона ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган жисмоний шахсларга" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги "в" банд билан тўлдирилсин:

"в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган, божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини ёки Ўзбекистон Республикаси товарларини миллий валютада ва (ёки) чет эл валютасида чакана реализация қилиш учун мўлжалланган савдо дўкони. Мазкур турдаги бож олинмайдиган савдо дўконлари фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади";


38) 176-модданинг биринчи қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси" деган сўзлар "божхона органлари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


39) 195-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Тирик ҳайвонлар ва тез бузиладиган товарлар биринчи навбатда божхона кўригидан ўтказилади";

учинчи - саккизинчи қисмлари тегишинча тўртинчи - тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

бешинчи қисмининг учинчи хатбошиси "гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлардан кейин "ва уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


40) 197-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товар жўнатувчилар ва ташувчилар томонидан, шунингдек чет давлатларнинг божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўйилган пломбалар, муҳрлар ёки бошқа божхона идентификациялаш воситалари божхона идентификациялаш воситалари сифатида эътироф этилиши мумкин";


41) 201-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона органлари, агар божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари мавжуд деб тахмин қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлса, божхона назоратини амалга оширишга, шу жумладан божхона аудити усуллари асосида амалга оширишга ҳақли";

иккинчи қисмининг русча матнидаги "относящуюся" деган сўз "относящиеся" деган сўз билан алмаштирилсин;

бешинчи қисмидаги "бир йил" деган сўзлар "уч йил" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Божхона органлари божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилганлигини ваколатли шахс томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текшириш орқали божхона аудитини амалга оширади.

Божхона аудитини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади";


42) 206-модда қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Ваколатли шахслар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига aвтомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали олиб кирилиши кутилаётган товарлар ҳамда транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисидаги дастлабки ахборотни улар амалда етиб келгунига қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали божхона органларининг ахборот тизимига тақдим этиши шарт.

Ваколатли шахслар тақдим этиладиган дастлабки ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгар бўлади";


43) 207-модданинг бешинчи қисмидаги "бўлиб, у махфий ахборотдир" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


44) 218-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Божхона назорати остида ташилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддатлари ташувчи томонидан бузилган тақдирда, етказиш пунктидаги божхона органи томонидан ташувчидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади";

олтинчи - тўққизинчи қисмлари тегишинча еттинчи - ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


45) 220-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарни божхона назорати остида етказиб бериш устидан назорат транзит декларацияси ёрдамида амалга оширилади.

Транзит декларацияси божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, товар келиб тушадиган божхона органигача етказиб берилганлиги назоратини божхона органлари томонидан амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатдир.

Транзит декларацияси бир ёки бир нечта товарнинг кузатув ҳужжатлари бўйича ташиладиган товарнинг ҳар бир туркуми ёки товарларнинг бир нечта туркуми учун расмийлаштирилади.

Олиб чиқилаётган товарларни божхона назорати остида етказиб бериш устидан назорат божхона юк декларациясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади (бундан жисмоний шахслар томонидан доимий яшаш жойи ўзгарганлиги муносабати билан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган шахсий мол-мулк мустасно).

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда, транзит декларацияси сифатида мазкур шартномаларда белгиланган ҳужжатлардан фойдаланилади";


46) 223-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Божхона органлари чет эл товарларини ташиётган транспорт воситаларининг хавфларни баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда божхона кузатувини амалга ошириши мумкин";


47) 226-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"транзит декларациясини";


48) 248-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан бир иш куни ичида божхона органи томонидан амалга оширилади. Мазкур муддат хавфларни бошқариш тизимида белгиланган зарур тадбирларни, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди";


49) 256-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"транзит декларацияси";

учинчи ва тўртинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


50) қуйидаги мазмундаги 257-1-модда билан тўлдирилсин:


"257-1-модда. Транзит декларацияси


Транзит декларацияси товарлар ва (ёки) транспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда божхона органига тақдим этиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган товарларини жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳужжатдир.

Транзит декларацияси божхона органига электрон тарзда тақдим этилади";


51) 260-модда:

"а" банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) оғзаки шаклда:

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган товарларни божсиз олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарлари декларацияланаётганда;

қонунчиликда белгиланган нормадан ошмайдиган, ёзма шаклда декларациялаш шарт бўлган суммадаги нақд миллий ва чет эл валютаси";

"б" бандининг:

иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган товарларни божсиз олиб кириш нормасидан ошадиган товарларининг";

бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"қонунчиликда белгиланган нормадан ошадиган, ёзма шаклда декларациялаш шарт бўлмаган суммадаги нақд миллий ва чет эл валютаси";

"г" бандининг:

иккинчи хатбошисидаги "ўн" деган сўз "ўттиз" деган сўз билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошисидаги "бир" деган сўз "беш" деган сўз билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги "д" банд билан тўлдирилсин:

"д) ушбу модданинг "б", "в" ва "г" бандларида кўрсатилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда - электрон шаклда";


52) 261-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Транзит декларацияси божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади";


53) 265-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона декларацияси қабул қилинганидан сўнг ўзгартириш, қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва (ёки) бекор қилиш декларант божхона органига мурожаат этганидан кейин ёки божхона органининг талабига кўра амалга оширилади";


54) 266-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Электрон шаклдаги божхона юк декларациясида кўрсатилган маълумотларга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш божхона юк декларациясига тузатишлар киритиш шаклини расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади";

учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;


55) 271-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Товарларни ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш божхона органлари мансабдор шахсларининг иштирокисиз, божхона органларининг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин";


56) 274-модда қуйидаги мазмундаги 3-банд билан тўлдирилсин:

"3) товарлар транзит божхона режимида ташилаётганда:

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти - темир йўл транспортида;

товарларни ташишни амалга оширувчи шахс (ҳайдовчи ёки ваколатли шахс) - автомобиль транспортида";


57) 289-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушбу Кодекснинг 163 ва 169-моддаларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади";

учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;


58) 291-модда:

биринчи қисмининг:

еттинчи ва саккизинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;

тўққизинчи хатбошиси еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Божхона йиғимларининг миқдори божхона органлари томонидан божхона ҳаракатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларининг тахминий қийматидан ошиб кетиши мумкин эмас";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;


59) 297-модда иккинчи қисмининг:

6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6) давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар ва шахслар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) учун олиб кириладиган товарларга";

8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"8) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга";

13-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13) Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга";


60) 299-модданинг 3-банди чиқариб ташлансин;


61) 301-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади";


62) 320-модданинг:

олтинчи ва еттинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Агар декларант ёки божхона брокери божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига киритилган тузатишларга рози бўлмаса, товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш сабабларини ёзма равишда тушунтириб беришни божхона органидан сўраб олишга ҳақли";

тўққизинчи қисми чиқариб ташлансин;

ўнинчи қисми тўққизинчи қисм деб ҳисоблансин;


63) 321-модда олтинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилиб, у товарнинг божхона қийматига нисбатан узил-кесил қарор ҳисобланади";


64) 328-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона тўловлари божхона органларининг қонунчиликка мувофиқ шу мақсадлар учун очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига тўловчи томонидан тўланади.

Тўланган ва ундирилган божхона тўловларининг ҳисоби божхона органларининг ахборот тизимида юритилади.

Тўланган божхона тўловларидан олинган маблағлар товарлар чиқариб юборилган кундан ёки тўланиши божхона расмийлаштирувига боғлиқ бўлмаган божхона тўловлари учун божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилган кундан эътиборан беш иш куни ичида божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолат мустасно.

Ушбу Кодекснинг 262, 269 ва 270-моддаларига мувофиқ товарларни декларациялашда тўланган божхона тўловлари лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси расмийлаштирилиши якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Божхона тўловлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада тўланади";


65) 329-модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ошмаслиги, лекин ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак, бундан ушбу модданинг бешинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан бир юз йигирма календарь кун муддатга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидагилар бўйича берилади:

ишлаб чиқарувчи корхоналарга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича;

моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона божини тўлаш бўйича";


66) 331-модданинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"божхона органларига ариза тақдим этилган пайтда божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик мавжудлиги";


67) 332-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Божхона тўловларини ваколатли иқтисодий операторларга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда ҳамда ушбу Кодекс 329-моддасининг бешинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ўн тўрт календарь кунга берилганда ушбу муддат учун фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди";


68) 347-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги "тузатишлар киритиш шакли расмийлаштирилган кун" деган сўзлар "тузатишлар киритилган кун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


69) 351-модданинг иккинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"товарларнинг божхона назорати остида бўлишига доир талаблар бузилган ҳолда йўқотилган ёхуд фойдаланилган ёки бериб юборилган товарлар бўйича ҳисобланган божхона тўловлари тўланмаганда";

тўртинчи хатбошиси бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


70) 48-боб қуйидаги мазмундаги 352-1-модда билан тўлдирилсин:


"352-1-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорликни умидсиз деб эътироф этиш


Мажбуриятнинг суд қарорига кўра тугатилганлиги оқибатида ёхуд қарздор банкрот бўлганлиги, тугатилганлиги ёки вафот этганлиги оқибатида тўланиши мумкин бўлмаган божхона тўловлари бўйича қарздорлик умидсиз қарз деб ҳисобланади.

Божхона органларининг қарорига кўра божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик қуйидаги ҳолларда умидсиз қарз деб эътироф этилади:

1) юридик шахс тугатилганда - унинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзининг ўз мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) қарздорликни қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда ушбу юридик шахс муассислари (иштирокчилари) томонидан узиш мумкин бўлмаганлиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича;

2) якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда - божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзнинг қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича;

3) жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда - унинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзининг ўз мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда узилмай қолган қисми бўйича;

4) чет эл юридик шахси солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда - унинг божхона тўловлари бўйича қарздорлигининг доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан қарздорликни қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда узиш мумкин бўлмаганлиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича. Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган мазкур қарздорлик ушбу чет эл юридик шахси солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда тикланиши лозим.

Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ҳисобдан чиқариш тартиби ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади";


71) 368-модданинг иккинчи қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


72) 370-модданинг биринчи қисмидаги "товар божхона органига тақдим этилгунга қадар" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


73) 407-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"407-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини,

психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа

ашёларни назорат остида етказиб бериш


Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни божхона чегараси орқали назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ижозати ҳамда назорати остида божхона ҳудудига уларни олиб кириш, ушбу ҳудуддан олиб чиқиш ёки олиб кирилган ашёларни ундан олиб ўтишга йўл қўйиладиган тезкор-қидирув тадбиридир.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва бошқа ашёлар халқаро қонунга хилоф муомалада бўлишининг олдини олиш, шунингдек бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатларнинг ваколатли органлари билан келишувларга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланади, яъни қонунга хилоф равишда муомалага киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг, шунингдек бошқа ашёларнинг ўз назорати остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, бу ҳудуддан олиб чиқилишига ёки транзит тарзида олиб ўтилишига йўл қўяди.

Назорат остида етказиб бериш усули жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга нисбатан ўзи билан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиш контрабанда деб ҳисобланувчи ашёларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар бир алоҳида ҳолда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган томонидан қабул қилинади.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар божхона органлари билан келишилган ҳолда товарларни назорат остида етказиб беришни амалга оширади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида жиноят иши қўзғатилмайди.

Назорат остида етказиб беришни амалга оширувчи орган раҳбари қабул қилинган қарор ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини дарҳол хабардор қилади";


74) 408-модданинг номи ва биринчи қисмидаги "гиёҳвандлик воситаларини", "гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлар "гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


75) қуйидаги мазмундаги XI-1 бўлим билан тўлдирилсин:


"XI-1 БЎЛИМ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИНИНГ

ҚАРОРЛАРИ ВА УЛАР МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ) УСТИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ


409-1-модда. Шикоят қилиш ҳуқуқи


Ваколатли шахслар божхона органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликка ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган, божхона органларининг бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилган, юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга доир кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжат божхона органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган қарори деб эътироф этилади.


409-2-модда. Шикоят бериш тартиби ва муддатлари


Божхона органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи божхона органига шикоят қилиш божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Божхона органларининг текширувлар ва божхона аудити натижалари юзасидан қабул қилинган қарорлари устидан юқори турувчи божхона органига шикоят шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддат узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддат шикоят бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича юқори турувчи божхона органи томонидан тикланиши мумкин.


409-3-модда. Шикоятнинг шакли ва мазмуни


Шикоят ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ёзма ёки электрон тарзда юборилиши мумкин.

Шикоятда қуйидагилар кўрсатилади:

1) шикоят берилаётган божхона органининг номи;

2) шикоят бераётган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи ёки юридик шахснинг номи ва манзили;

3) шикоятдаги эътирозларни асослантирувчи ҳолатлар;

4) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

5) шикоят бераётган шахснинг талаблари;

6) шикоят берилган сана.

Шикоятда телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва шикоятни ўз вақтида кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Шикоят уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Шикоят шахснинг ваколатли вакили томонидан берилган тақдирда, шикоятга ушбу вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


409-4-модда. Шикоятни кўриб чиқишни рад этиш


Божхона органи қуйидаги ҳолларда шикоятни кўриб чиқишни рад этади:

шикоят ушбу Кодексда белгиланган шикоят бериш муддати тугаганидан кейин берилганда ва уни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома мавжуд бўлмаганда;

шикоят ушбу Кодекснинг 409-3-моддасида белгиланган талабларга мос бўлмаганда;

шикоят берган шахсдан шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар келиб тушганда;

шикоят бунга ваколатли бўлмаган шахс томонидан берилганда;

илгари айнан ўша асослар бўйича шикоят берилганда;

шикоят қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки судга берилганда.

Шикоятни кўриб чиқаётган божхона органи шикоят олинган ёхуд шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан беш кун ичида шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш ҳақида қарор қабул қилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида шикоят берган шахсга қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда хабар қилинади.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, божхона органининг шикоятни кўриб чиқишни рад этиши шахснинг ушбу Кодекснинг 409-2-моддасида белгиланган муддат доирасида такроран шикоят бериш ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.


409-5-модда. Шикоятни кўриб чиқиш тартиби


Шикоят берган шахс ўз далилларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни шикоятни кўриб чиқиш жараёнида шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар тақдим этишга ҳақли.

Шикоятни кўриб чиқаётган божхона органи ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчи шахснинг илтимосномасига кўра шикоятни эшитишни ташкил этиши мумкин.

Божхона органи шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича шикоят рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан ўн беш календарь куни ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текширув ўтказиш, қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш зарур бўлган тақдирда эса бир ойга қадар бўлган муддатда асослантирилган қарор чиқаради.


409-6-модда. Шикоятни кўриб чиқиш

натижалари бўйича қарор чиқариш


Божхона органи шикоятларни кўриб чиқиш учун апелляция комиссиясини ташкил этади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва шикоятни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

устидан шикоят қилинган қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида;

қарорни бекор қилиш ва, зарур ҳолларда, янги қарор қабул қилиш тўғрисида;

божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб эътироф этиш ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқариш ҳақида.

Апелляция комиссиясининг қарори шикоят берган шахсга уч кун ичида ёзма шаклда юборилади ёки топширилади, кўчирма нусхаси эса тегишли божхона органига юборилади.

Апелляция комиссиясининг ушбу Кодексда белгиланган асосда ва тартибда чиқарилган қарори божхона органлари томонидан ижро этилиши шарт.


409-7-модда. Божхона органига ёки

судга шикоят бериш оқибатлари


Божхона органларининг қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва ҳал этилади.

Ариза судга берилган тақдирда, божхона органи қарорининг шикоят қилинаётган қисмини ижро этиш ариза суд томонидан иш юритувга қабул қилинган кундан эътиборан ва суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 февраль

































Время: 0.1958
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск