ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 08.02.2022 й. ПҚ-122-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 8 февралдаги

ПҚ-122-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази (кейинги ўринларда - Бош марказ) ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли давлат органлари фаолиятини техник-криминалистик таъминлашни ташкил этадиган ва амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ИИВ) марказий аппаратининг бош бошқарма мақомига эга мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Бош марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, "Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида"ги, "Қурол тўғрисида"ги, "Суд экспертизаси тўғрисида"ги ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ИИВнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари (кейинги ўринларда - криминалистика бўлинмалари) тизимига қуйидагилар киради:

Бош марказ;

ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ва унинг тармоқ тузилмаларининг эксперт-криминалистика бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари);

ИИВ Академияси Криминалистик экспертизалар кафедраси;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг эксперт-криминалистика марказлари;

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг эксперт-криминалистика бўлими;

туман (шаҳар) ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) киради.


4. Бош марказ Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг тўлиқ номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланк, шунингдек, штампга эга бўлади.

Бош марказ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан таъсис этиладиган ўзининг рамзига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. БОШ МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Бош марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат суд-экспертиза муассасаси сифатида экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш;

тезкор-қидирув тадбирлари, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини техник-криминалистик жиҳатдан таъминлаш;

криминалистика бўлинмалари фаолиятини ташкилий-услубий жиҳатдан таъминлаш ва мувофиқлаштириш;

ахборот-маълумотлар ва криминалистик ҳисоблар, картотекалар ва коллекцияларни ташкил этиш ва юритиш;

илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини, уларнинг амалий апробациясини ташкил этиш ва ўтказиш, эксперт тадқиқотларини ўтказишни таъминлаш.


6. Бош марказ ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) давлат суд-экспертиза муассасаси сифатида қуйидаги экспертиза ва тадқиқотларни ўтказади:

дактилоскопия экспертизаси;

трасология экспертизаси;

хатшунослик экспертизаси;

ҳужжатларнинг техник экспертизаси;

баллистика экспертизаси;

совуқ қурол экспертизаси;

портрет экспертизаси;

физик-кимёвий экспертиза, шу жумладан ўсимлик ва синтетик гиёҳвандлик воситалари ва моддалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, кучли таъсир қилувчи моддалар, махсус кимёвий моддалар, қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмлари экспертизалари;

йўл-транспорт ҳодисаси механизми экспертизаси;

транспорт воситаларининг техник ҳолати экспертизаси;

транспорт трасологияси экспертизаси;

махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;

металл ва нометалл юзаларда ўчирилган маркировка белгиларини аниқлаш экспертизаси;

видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;

озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси;

қурилиш-техник экспертиза;

бухгалтерлик экспертизаси;

одам ДНКси биологик экспертизаси;

электр таъсирли қуроллар экспертизаси;

газли қуроллар экспертизаси;

фоноскопия экспертизаси;

видеорегистратор (видеокузатув ва қайд этиш) қурилмалари экспертизаси;

портлаш техник экспертизаси, шу жумладан портловчи моддалар экспертизаси, портлатиш жиҳозлари экспертизаси, портлатиш қурилмалари экспертизаси, пиротехника буюмлари экспертизаси, газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси, транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;

суд-компьютер-техник экспертизаси, шу жумладан компьютер-техник экспертизаси, мобиль қурилмалар экспертизаси, Интернет тармоғида булутли сервислар экспертизаси, рақамли маълумотлар базаси экспертизаси;

тегишли мутахассислар, зарур техник воситалар бўлганда бошқа турдаги экспертизалар;


б) тезкор-қидирув тадбирлари, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини техник-криминалистик жиҳатдан таъминлаш соҳасида:

эксперт тадқиқотлари, шунингдек, экспертларнинг тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларида иштирок этиш самарадорлигини ошириш мақсадида ички ишлар органларининг суриштирув, тергов ва тезкор бўлинмалари билан ҳамкорлик қилиш;

тезкор-қидирув ва тергов амалиётининг муайян ашёвий далилларнинг эксперт тадқиқотлари бўйича эҳтиёжларини ўрганиш ва заруратга кўра, янги турдаги экспертизалар ўтказишни ташкил этиш;

ваколатли давлат органлари учун қўшимча, қайта, комиссиявий ва комплекс экспертизаларни ўтказишда иштирок этиш;


в) криминалистика бўлинмалари фаолиятини ташкилий-услубий жиҳатдан таъминлаш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

криминалистика бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва унга услубий раҳбарлик қилиш, ишларини режалаштиришни ташкил этиш, фаолияти юзасидан ўрганиш, инспекторлик текширувларини амалга ошириш;

криминалистика бўлинмаларига эксперт тадқиқотларини ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

ички ишлар органлари экспертларининг хулосаларини тақриздан ўтказиш, эксперт тадқиқотларини ўтказишда йўл қўйилган хатолар юзасидан шарҳларни тайёрлаш;

эксперт-криминалистика фаолияти юзасидан услубий ва бошқа қўлланмалар, материалларни ишлаб чиқиш ҳамда криминалистика бўлинмаларига тарқатиш;

криминалистика бўлинмалари фаолияти самарадорлигини таҳлил ва мониторинг қилиш, шунингдек, эксперт тадқиқотларини ўтказиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

эксперт тадқиқотларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш, ўтказиш ва уларда иштирок этиш;

эксперт амалиётига фан ва техниканинг замонавий ютуқларини, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

ички ишлар органлари экспертларини фаолиятнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича, шунингдек, ички ишлар органларининг бошқа манфаатдор бўлинмалари ходимларини ўқитишни ташкил этиш;

криминалистика бўлинмалари ходимларининг билими, касбий тайёргарлиги, амалий тажрибаси даражасини ва экспертизаларни мустақил равишда бажариш салоҳиятини баҳолаш, шунингдек, суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида ИИВ Эксперт-малака комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш;

криминалистика бўлинмалари ходимларининг муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасининг, шунингдек, ҳуқуқий билимлари ва тайёргарлигининг юқори даражасини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш;

бошқа ваколатли органлар давлат суд экспертларини Бош марказ негизида эксперт-криминалистика фаолияти бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш;

ИИВ Академияси томонидан "эксперт-криминалистика фаолияти" мутахассислиги бўйича тайёрланган ўқув дастурларининг амалиётга мослигини келишиш, курсантларнинг самарали амалиёт ўташини ташкил этиш, уларнинг билим ва кўникмаларини даврий мониторинг ва таҳлил қилиш;

криминалистика бўлинмаларига касбий ва ахлоқий-психологик тайёргарлик ҳамда маънавий фазилатларга эга бўлган кадрларни танлаш;

криминалистика бўлинмалари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишларни амалга ошириш, уларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказиш, текширув натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш;


г) ахборот-маълумотлар ва криминалистик ҳисоблар, картотекалар ва коллекцияларни ташкил этиш ва юритиш соҳасида:

жиноий тажовуз объектлари ёки ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида олинган фотосуратлар, видеоёзувлар ва бошқа портрет маълумотларини ташувчи воситалардаги тасвирлар, фотороботлар, субъектив портретлар, қўлдаги бармоқ ва кафт излари бўйича ҳуқуқбузарларни идентификациялаш;

таниб олинмаган мурдаларнинг фотосурати, шунингдек, таниб олинмаган мурдаларнинг, руҳий касалликка чалинган ва бошқа сабабларга кўра ўзи ҳақида аниқ маълумотлар бера олмайдиган тирик шахсларнинг дактокарталари бўйича шахсини аниқлаш;

ички ишлар органларининг суриштирув, тергов ва тезкор бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг бошқа давлат органлари, илмий муассасалари ва ташкилотлари, ўқув юртлари билан ҳамкорлик асосида шахсни идентификациялаш тизимини такомиллаштиришни таъминлаш;

портловчи материаллар, қўлбола усулда тайёрланган портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, шу жумладан қўлбола усулда ясалган портлатиш қурилмалари, портлатгичлар (қўзғатиш воситалари), қўлбола портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини тайёрлашда ишлатиладиган моддалар, материаллар ва буюмларнинг ҳисобини, автоматлаштирилган дактилоскопик ҳисобини, шунингдек, тезкор вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда бошқа турдаги ҳисобларни шакллантириш ва юритиш;

шахс портрети бўйича идентификациялашнинг автоматлаштирилган картотекасини, автоматлаштирилган мультибиометрик маълумотлар картотекасини юритиш;

қалбаки пуллар, шу жумладан чет эл валюталари картотекасини юритиш;

ўсимлик ва синтетик гиёҳвандлик воситалари ва моддалари, психотроп ва кучли руҳий таъсир қилувчи моддалар коллекцияси, қалбаки ҳужжатлар ва қимматли қоғозлар картотекасини юритиш;

портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари ва уларнинг таркибий компонентлари бўйича ахборот-маълумот картотекасини, портловчи материаллардан фойдаланган ҳолда содир этилган террорчилик ҳаракатлари картотекасини, портловчи қурилмаларни тайёрлаш услублари ва махсус маълумотлар картотекасини, шунингдек, тезкор вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа турдаги картотекаларни юритиш;

ҳодиса содир бўлган жойдан олинган, шунингдек, фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролидан назорат тартибида отилган, қурол излари тушган ўқлар, гильза ва патронлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш;

ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа хилдаги қуроллар, уларнинг ўқ-дорилари, шунингдек, электрошок қурилмалари коллекциясини юритиш;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларида, шунингдек, техник восита ҳамда бутловчи эҳтиёт қисм сифатида фойдаланиш учун терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов даврида ашёвий далил сифатида процессуал тартибда олинган рақамли ахборот ташувчи қурилмалар (мобиль телефон, смартфон, планшет, компьютер техникаси, видеорегистратор, қаттиқ диск, флеш хотира ва ташқи жамлагичлар) коллекциясини шакллантириш ва юритиш;

шахснинг геном ахбороти бўйича ягона маълумотлар базасини юритиш;

ҳисоблар, картотекалар ва коллекцияларни юритиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

криминалистика бўлинмаларига криминалистик ҳисоблар, картотекалар ва коллекцияларни шакллантириш ҳамда юритиш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатиш;


д) илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини, уларнинг амалий апробациясини ташкил этиш ва ўтказиш, эксперт тадқиқотларини ўтказишни таъминлаш соҳасида:

илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба-конструкторлик ишланмаларида иштирок этиш ва бевосита бажариш;

эксперт тадқиқотларининг янги услубларини ишлаб чиқиш;

портлатиш қурилмаларини қўллаган ҳолда содир этилган террорчилик ҳаракатларининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш борасида таклифлар тайёрлаш;

эксперт амалиёти таҳлили асосида тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларини илмий-техник воситалар ва услублар билан техник-криминалистик жиҳатдан таъминлашни такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш;

содир этилган террорчилик ҳаракатларида қўлланилган портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари ва портлатиш усуллари бўйича таҳлилий материалларни тайёрлаш.

Бош марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. БОШ МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Бош марказ ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ИИВ бўлинмаларидан, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан бошқарув қарорларини қабул қилиш, ахборот-таҳлиллар ва ҳисобот маълумотларни тайёрлаш учун ўзаро ҳамкорлик асосида зарур бўлган ҳужжатлар, маълумот ва бошқа материалларни сўраб олиш;

криминалистика бўлинмаларининг ҳужжатлари ва материаллари билан танишиш, уларнинг ижроси юзасидан зарур бўлган маълумотларни олиш;

бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда, ИИВ ҳайъатида ва тезкор йиғилишларда кўриб чиқилиши учун ахборот-таҳлил материаллари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда ИИВнинг тегишли соҳавий хизматларини белгиланган тартибда жалб этиш;

эксперт-криминалистика фаолиятидаги махсус билимлар ва техник воситалар имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда давлат муассасасини таъсис этиш;

жисмоний ва юридик шахсларга эксперт-криминалистика фаолияти соҳасида шартнома асосида экспертиза, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш;

ҳисобот даврларига мувофиқ криминалистика бўлинмалари ишларининг якунларини умумлаштириш;

юкланган вазифаларни бажариш мақсадида ички ишлар органларининг маълумотлар базаларидан фойдаланиш;

халқаро ва миллий грант дастурларида иштирок этиш;

ички ишлар органларининг бошқа хизмат йўналишлари бўйича ҳужжатларнинг Бош марказ ваколатига кирувчи масалаларга оид қисмини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Бош марказ фаолиятига оид масалалар бўйича хизмат текширувлари материаллари ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

криминалистика бўлинмалари томонидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар, шарҳ ва топшириқлар юбориш;

криминалистика бўлинмалари раҳбарларининг соҳавий йўналишлар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

криминалистика бўлинмаларида қонунийликка ва хизмат интизомига риоя этилиши ҳолатини текшириш;

криминалистика бўлинмаларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш;

Бош марказ ваколатига оид масалалар бўйича илмий-амалий институтлар, муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

эксперт тадқиқотларини ўтказиш ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда тергов ҳаракатларини техник-криминалистик жиҳатдан таъминлаш масалалари борасида республика ва хорижий давлатларнинг экспертиза муассасалари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилиш;

криминалистика бўлинмалари фаолиятига ИИВнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан фуқароларни мутахассис сифатида шартнома асосида жалб этиш;

ички ишлар органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг криминалистика бўлинмаларига тегишли вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозит ҳисобварақларига жойлаштириш.

Бош марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Бош марказ қуйидаги мажбуриятларга эга:

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

заруратга кўра, ҳодиса содир бўлган жойда криминалистика бўлинмалари ходимларининг иштирокини таъминлаш;

ўз ваколатлари доирасида ички ишлар органлари эксперт-криминалистика фаолиятида қонунийликка қатъий риоя этилишини таъминлаш;

ички ишлар органлари эксперт-криминалистика фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

криминалистика бўлинмалари фаолияти ҳақида маълумот тайёрлаш ва ИИВ раҳбариятига тақдим этиш.

Бош марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Бош марказ унга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. БОШ МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Бош марказга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бош марказ бошлиғи Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.


11. Бош марказ бошлиғи:

Бош марказ фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади ва Бош марказга юкланган вазифалар, функциялар ҳамда мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

ўзининг ўринбосарлари ўртасида функционал мажбуриятларни белгилайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Бош марказнинг иш режаларини тасдиқлайди;

криминалистика бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

ўзининг ваколати доирасида ички ишлар органларида эксперт-криминалистика фаолиятини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар ва топшириқлар чиқаради ҳамда ИИВ раҳбариятига ички ишлар органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар лойиҳасини киритади;

эксперт-криминалистика фаолиятини амалга оширишда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради;

криминалистика бўлинмаларининг хизмат фаолияти натижаларини, уларнинг ишини текшириш материалларини кўриб чиқади;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, бошқа лавозимга ўтказиш, касбий тайёргарлиги, хизмат интизомига риоя этилишини ташкиллаштиради, криминалистика бўлинмалари ходимларини ўрнатилган тартибда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига юборади;

ИИВ раҳбариятига белгиланган тартибда Бош марказ ходимларига махсус унвонлар бериш, уларни рағбатлантириш, шу жумладан тақдирлаш, уларга нисбатан интизомий жазолар қўллаш ҳақида таклифлар киритади;

Бош марказ фаолиятига доир ҳужжатларни тасдиқлайди, маблағларни тасарруф этади, фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузади;

ички ишлар органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг криминалистика бўлинмаларига тегишли маблағларининг криминалистика бўлинмалари эҳтиёжи учун сарфланишини белгилайди;

ИИВ раҳбариятига фаолият натижаларидан келиб чиқиб, криминалистика бўлинмаларининг ходимлари, ишчи ва хизматчиларга лавозим маошининг 100 фоизи, генетик тадқиқотлар ўтказиш ва шахснинг геном маълумотлари бўйича давлат рўйхатига олиш билан шуғулланадиган алоҳида мутахассисликка эга шахсий таркибига - 200 фоизи миқдоригача ички ишлар органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг криминалистика бўлинмаларига тегишли маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устама ҳақ белгилаш ҳақида таклифлар киритади;

Бош марказ ходимларини белгиланган тартибда хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида Бош марказ ходимларига таътиллар беради;

белгиланган тартибда Бош марказда сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаро муҳофазаси тадбирларининг бажарилишини таъминлайди ва ташкил этади;

Бош марказда махфийлик тартиботига риоя этилишини ташкил этишга, шу жумладан маълумотларнинг техник хавфсизлиги бўйича тадбирлар ўтказилишига жавоб беради;

криминалистика бўлинмалари фаолиятини бевосита ёки ўзининг ўринбосарлари орқали назорат қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича криминалистика бўлинмалари ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонунийлигини, шунингдек, ходимлар томонидан ҳар бир аниқланган қонунийлик ва хизмат интизоми бузилиши ҳолатларининг белгиланган тартибда текширилишини таъминлайди;

криминалистика бўлинмаларининг штатлар сонини қайта тақсимлаш тўғрисида таклифлар киритади;

ИИВ Эксперт-малака комиссиясига раислик қилади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. Бош марказ бошлиғи бўлмаганда, унинг ваколатлари биринчи ўринбосар томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. КРИМИНАЛИСТИКА БЎЛИНМАЛАРИДА

КАДРЛАР БИЛАН ИШЛАШ ҚОИДАЛАРИ


13. Бош марказнинг офицер таркибидаги ходимлари Бош марказ бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Криминалистика бўлинмаларининг офицер таркибидаги барча раҳбар ва ходимлари белгиланган тартибда ички ишлар органлари ваколатли раҳбарлари томонидан Бош марказ билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


14. Криминалистика бўлинмалари штат тузилишига киритиладиган ўзгартиришлар Бош марказ бошлиғи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


15. Криминалистика бўлинмалари, қоида тариқасида, ИИВ Академиясининг "эксперт-криминалистика фаолияти" мутахассислигини тамомлаган ёки хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларига халқаро шартнома асосида криминалистика йўналишида таълим олиш учун юборилган битирувчилари орасидан жамланади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ходимлар сирасига кирмаган номзодлар криминалистика бўлинмаларининг лавозимларига биринчи марта тайинланаётган ҳолларда мажбурий тартибда эксперт-криминалистика фаолияти асослари ҳамда тегишли экспертиза турига оид умумий билимлари бўйича малака имтиҳонларини топширади ва муваффақиятли ўтган номзодларга ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига бириктириладиган эксперт-криминалистика фаолиятини амалга оширишга рухсатнома берилади.

Криминалистика бўлинмаларининг офицер таркибидаги лавозимларига фақат ИИВ Академиясининг "эксперт-криминалистика фаолияти" мутахассислигини тамомлаганлиги ёки хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларига халқаро шартнома асосида юборилиб, криминалистика йўналишида таълим олганлиги тўғрисидаги дипломга ёхуд эксперт-криминалистика фаолиятини амалга оширишга рухсатномага эга бўлган номзодлар тайинланади.

Эксперт-криминалистика фаолияти асослари ва тегишли экспертиза турига оид умумий билимлари бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш ҳамда эксперт-криминалистика фаолиятини амалга оширишга рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.


16. Криминалистика бўлинмаларига хизматга қабул қилиш ва уларда хизматни ўташ даврида, истисно тариқасида, ҳарбий-тиббий комиссия талаблари ҳамда касбий танлов тартиби, шунингдек, жисмоний тайёргарлик мезонлари соддалаштирилган ҳолда белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Иш юритиш ва махфийлик тартиботи бўйича тадбирлар Бош марказ томонидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


18. Криминалистика бўлинмалари криминалистик техника ва бошқа моддий-техника воситалари ҳамда ускуналар билан белгиланган тартибда жиҳозланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 9 февраль














































Время: 0.1879
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск