Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.02.2022 й. ПҚ-123-сон "Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.02.2022 й.

N ПҚ-123



ДАВЛАТ МУАССАСАЛАРИНИ

ИСЛОҲ ҚИЛИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, давлат муассасалари фаолиятида замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик тамойилларини жорий этиш ҳамда хусусий капитал иштироки учун кенг имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини яратиш мақсадида:


1. Белгилансинки:

а) бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади;

б) давлат муассасалари мажбурий тартибда Ягона ғазна ҳисобварағида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

в) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз расмий веб-сайтларида ўзларининг таркибига кирувчи давлат муассасаларининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди;

давлат муассасаларининг ҳудудлар ва юқори турувчи органлари кесимидаги маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) веб-сайтига жойлаштирилади;

Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (бундан тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар мустасно) эълон қилиш амалиёти жорий этилади;

г) давлат муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда ҳамда муассаса устави (низоми)да унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли "давлат муассасаси" эканлиги кўрсатилади;

д) хўжалик жамиятлари устав фонди (устав капитали)даги давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари, Марказий банк ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли акциялар ва улушлар давлат улушлари ҳисобланади;

е) давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятларининг устав фонди (устав капитали)даги улушлар ва акциялар давлат улуши ҳисобланмайди.


2. Агентлик, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлган давлат муассасаларини 2022 йил 1 мартдан 2023 йил 1 августга қадар эксперимент тариқасида ташқи, шу жумладан мол-мулкнинг мавжудлиги, мажбуриятлар бажарилишининг амалдаги ҳолати ва оқибатларини ўрганиш масалалари юзасидан аудиторлик текширувидан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат муассасаларига хўжалик жамиятларини таъсис қилишни ҳамда уларнинг устав фонди (устав капитали)да иштирок этишни тақиқлаш.

Адлия вазирлиги ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини таъминласин.

3. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига (кейинги ўринларда - Давлат тендер комиссияси) давлат муассасаларини (бундан хусусийлаштирилмайдиган давлат муассасалари мустасно) хўжалик жамиятларига ўзгартириш, шунингдек, давлат муассасаларини тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун муассисларга кўрсатма ва таклифлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Давлат тендер комиссияси:

а) бир ой муддатда фаолият кўрсатмаётганлиги сабабли тугатиладиган давлат муассасалари рўйхати ва уларни тугатиш жадвалини тасдиқласин;

б) 2022 йил 1 сентябрга қадар:

барча давлат муассасаларини хатловдан ўтказиб, уларнинг даромад келтирадиган фаолиятини кўриб чиққан ҳолда ташкилий-ҳуқуқий шакллари қонунчилик ҳужжатларига мослигини ўрганиб чиқсин;

битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасаларини ва уларга тегишли носоҳавий активларни хусусийлаштириш ёки уларни белгиланган тартибда тугатиш бўйича чораларни кўрсин.


5. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йилдан бошлаб, ҳар йили 1 майга қадар давлат муассасалари фаолиятини таҳлил қилиб, битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасаларини хусусийлаштириш ёки тугатиш бўйича таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб борсин.

6. Молия вазирлиги:

икки ой муддатда давлат молиясини бошқариш ахборот тизимини (кейинги ўринларда - "ДМБАТ") бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини комплекс автоматлаштириш учун мўлжалланган дастурий мажмуага (кейинги ўринларда - "UzASBO") интеграция қилган ҳолда, ушбу тизимлардан мазкур қарорнинг 1-банди "в" кичик бандида назарда тутилган маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинишини;

уч ой муддатда ҳар бир давлат муассасасига Ягона ғазна ҳисобварағида шахсий ғазна ҳисобварақлари очилишини;

2022 йил 1 апрелга қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Агентлик, Давлат хизматлари агентлигининг маълумотлар базаларини "ДМБАТ" ва "UzASBO"га интеграция қилинишини таъминласин.


7. Вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

2022 йил 1 апрелга қадар ўз таркибидаги давлат муассасаларининг қонунчиликда белгиланган тартибда, давлат божи ундирилмасдан Давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилишини;

ўз таркибидаги давлат муассасаларининг молиявий кўрсаткичлари, жумладан маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлар тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида, йил якунлари бўйича эса кейинги молия йилининг 25 февралига қадар Агентликнинг ахборот тизимида жойлаштириб борилишини таъминласин.


8. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда тугатилган давлат муассасалари ва корхоналарига тегишли бўлган, Агентлик ва Молия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериладиган акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги акция пакетлари рўйхатини тасдиқласин.


9. Агентлик:

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 октябрга қадар ушбу қарорнинг 2-банди иккинчи хатбошисидан келиб чиқиб, эксперимент натижаларини пухта таҳлил этган ҳолда давлат муассасаларини мажбурий ташқи аудиторлик текширувидан ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 майга қадар давлат муассасалари тўғрисидаги низом лойиҳасини ҳамда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 октябрга қадар ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 9 февраль








































Время: 0.0145
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск