ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Чорвачилик. Қоракўлчилик /

Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Дастур (ЎзР Президентининг 08.02.2022 й. ПҚ-120-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 8 февралдаги

ПҚ-120-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси

ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича

2022-2026 йилларга мўлжалланган

ДАСТУР


Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур (кейинги ўринларда - Дастур) чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини жадал ривожлантириш, республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш бўйича устувор мақсад ва вазифаларни белгилашга қаратилган.



1-БОБ. ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИ ВА УНИНГ

ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЖОРИЙ ҲОЛАТИ ТАҲЛИЛИ


Бугунги кунда республикамизда жами 18 032 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 7 614 таси қорамолчилик, 3 263 таси қўй ва эчкичилик, 142 таси йилқичилик, 52 таси туячилик, 1 163 таси паррандачилик, 4 829 таси балиқчилик, 715 таси асаларичилик ва 254 таси қуёнчилик йўналишида ташкил этилган.

Биргина қорамолчилик йўналишида 500 бошдан 1 000 бошгача чорва моли бўлган хўжаликлар сони 256 тага, 1 000 бош ва ундан юқори чорва моли бўлган хўжаликлар сони 136 тага етди.

2021 йилда барча тоифадаги хўжаликларда парвариш қилинаётган қорамолларнинг 91,8 фоизи (2018 йилда 95,5 фоиз) аҳоли хонадонларига, 8,2 фоизи (2018 йилда 4,5 фоиз) фермер хўжаликларига тўғри келган.

Аҳоли жон бошига гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 47,5 килограммга (1 кишига йиллик меъёр - 46,1 килограмм), сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 336 килограммга (1 кишига йиллик меъёр - 310,4 килограмм) етказилди.

2021 йилда аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида парваришланаётган 2,4 миллион бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилиб, зоти яхшиланган қорамоллар бош сони 54 фоизга етказилди.

Бундан ташқари, чет давлатлардан гўшт йўналишидаги тез етиладиган қорамолларнинг Абердин-ангус, Шароле, Герефорд ва Лимузин ҳамда сут йўналишидаги Джерсей, Швиц ва Монбильярд каби янги зотлари олиб келинди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида бундай зотларнинг 100 минг бошдан ортиғи парваришланмоқда.

Шунингдек, майда шохли молларнинг зотини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўйларнинг Меринос, Романов, Эдилбой, Дорпер зотлари ҳамда эчкиларнинг Ангор ва Занен зотлари чет давлатлардан олиб келтирилди.

Шу билан бирга, чорва молларининг наслини яхшилаш бўйича жами 497 та хўжалик наслчилик тоифасига ўтказилиб, уларнинг сони 1 640 тага етказилди.

2021 йилда чорвачилик субъектларига озуқабоп экинлар экиш учун ажратилган 339,7 минг гектар ер майдонларининг 37 минг гектарига янги беда (100 минг гектарда эски беда мавжуд), 158,5 минг гектарига силос учун маккажўхори, 31,8 минг гектарига оқ жўхори, 13,8 минг гектарига хашаки лавлаги экинлари экилган.

Шунингдек, ғалладан бўшаган 177 400 гектар ер майдонига такрорий озуқабоп экинлар экилган ҳамда чорва моллари учун озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 23,8 миллион тонна озуқа жамғарилди.

Бироқ, боқилаётган чорва молларининг бош сони ажратилган озуқа экин ер майдонлари меъёрига нисбатан (шартли бир бош чорва молига ўртача 0,5-0,6 гектар) 2,5 баравар кўп.

Озуқабоп экинлар учун ажратилган ҳар бир гектар экин ерларидан 10-12 тоннадан озуқа жамғариш имкониятлари мавжуд бўлса-да, ҳар бир гектардан 6-7 тоннадан озуқа жамғарилмоқда.

Аҳоли жон бошига тухум етиштириш 236 донага ва парранда гўшти 6,5 килограммга етказилди.

2021 йилда балиқ етиштириш ҳажми 400 минг тоннага етказилиб, киши жон бошига 3-4 килограмм балиқ маҳсулотлари етиштирилган.



2-БОБ. ДАСТУРНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


1 §. Республика аҳолисини озиқ-овқат

маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш

ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб

чиқариш имкониятларини кенгайтириш


Ушбу устувор йўналишда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали келгуси беш йилликда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга эришилади.

Республикада сут ва сут маҳсулотлари сифатини яхшилаш, қайта ишлаш қувватларини ва маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади ҳамда келгусида уларни экспортга йўналтириш чоралари кўрилади.

Аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, сут, тухум, парранда гўшти ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашда истеъмол талабининг ошиши ҳамда реал даромадларнинг ортишини ҳисобга олган ҳолда, чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми кўпайтириб борилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқаришни жадаллаштириш механизмларини амалиётга кенг кўламда татбиқ этиш, хўжалик юритиш ва ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини қўллаш;

илғор хорижий тажриба асосида чорвачилик соҳасининг паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва асаларичилик тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар салмоғини ошириш;

гўшт, сут, тухум, парранда гўшти, балиқ, қуён гўшти ва асал маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни халқаро сифат талабларига мослаштириш;

балиқ, қуён гўшти ва асал маҳсулотларининг тавсия этилган минимал истеъмол нормаларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, аҳолининг соғлом овқатланиш маданиятини ошириш;

чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда чорвачилик соҳаси билан иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ўртасидаги интеграцияни илм-фан ва бозор муносабатлари асосида тизимли равишда такомиллаштириш;

чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич ва кенг кўламда жорий этиш;

чорвачилик соҳасида агробизнес муҳитини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва замонавий менежментга асосланган хўжалик юритиш усулларини қўллаш мақсадида халқаро экспертларни жалб этиш ҳамда жаҳон тажрибаларига асосланган консалтинг хизматларини кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш.



2 §. Чорвачилик ва унинг тармоқларида

рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш

ҳажмини кўпайтириш ва қўшилган қиймат

занжирини яратиш


1. Чорвачилик ва унинг тармоқларида озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда озуқа ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш.

Ушбу устувор йўналиш чорвачилик соҳасида озуқабоп экинлар учун ажратилган ерлар ва мавжуд яйловлардан самарали фойдаланиш ҳамда озуқабоп экинлар уруғчилигини тизимли йўлга қўйиш механизмларини белгилаб беради.

Республикадаги мавжуд яйловларда чўлланиш жараёнларининг олдини олиш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш орқали чорва моллари учун табиий ҳамда арзон озуқа ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланилади.

Чорвачилик ва унинг тармоқларида озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда озуқа ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш, озуқабоп экинлар ва яйлов ўсимликлари уруғларини етиштиришга ихтисослашган уруғчилик хўжаликларини кўпайтириш ҳамда ҳосилдорлиги юқори бўлган навларни кўпайтириш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

чорвачилик хўжаликларида озуқабоп экинларни агротехник қоидалар асосида экиш, парваришлаш ва ўриб-йиғиб олишни илмий асосланган ҳолда ташкил этиш орқали чорвачилик озуқа базасини янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

озуқабоп экинларни жойлаштириш тартибини қайта кўриб чиқиш ва озуқабоп экин ерларини ишлаб чиқариладиган маҳсулот билан узвий боғлаш механизмларини ишлаб чиқиш;

озуқабоп экин навларини яратган муаллифларни рағбатлантириш механизмларини йўлга қўйиш;

пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахтачилик-ғаллачилик фермер хўжаликларидаги экин ерларида илмий асосланган ҳолда озуқабоп экинларни алмашлаб экишни йўлга қўйиш;

кучли озуқалар таркибини таҳлил қилиш учун ихчам лабораториялар ташкил этиш ва маҳсулот сифатини таҳлил қилишни тизимли тартибга солиш;

дуккакли ўсимликлар учун ер майдонлари ажратиш орқали хўжаликларда алмашлаб экиш амалиётини такомиллаштириш ҳисобига таркиби оқсилга бой бўлган озуқа жамғариш миқдорини ошириш ҳамда ер ва тупроқ унумдорлигини яхшилаш;

озуқавий қиймати юқори бўлган ҳосилдор яшил озуқалар, жумладан, маккажўхори экиладиган майдонларни кенгайтириш ва уларнинг ҳажмини ошириш ҳисобига чорва молларини озиқлантириш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;

чет давлатлардан келтирилган маҳсулдорлиги юқори ва наслли қорамолларнинг бош сонига нисбатан меъёр даражасида ва мутаносиб равишда озуқабоп экинлар учун суғориладиган ер майдонларини кенгайтиришни ташкил этиш.


2. Чорвачилик соҳасида наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, сунъий уруғлантиришни тизимли йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш.

Мазкур йўналиш барча тоифадаги хўжаликларда чорва молларининг наслини яхшилаш, чорвачилик фермер хўжаликларининг наслчиликка ихтисослашувини кенгайтириш, сунъий уруғлантириш кўламини ошириш орқали маҳаллий маҳсулдорлиги паст бўлган сигирлардан зоти яхшиланган насл олишни кўпайтиришга қаратилган.

Чорвачилик фермер хўжаликлари ва деҳқон хўжаликлари ўртасида кооперация тизимини йўлга қўйиш орқали аҳоли хонадонларидаги чорва молларининг зотини яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

наслли мол тайёрлаб, етказиб беришни кўпайтириш ҳамда сигирларни сунъий уруғлантириш ишларини янада самарали ташкил этиш ҳисобига аҳоли хонадонларидаги чорва моллари зотини яхшилаш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқиш;

аҳоли хонадонларида гўшт ва сут учун боқиладиган қорамол зотларини кўпайтириш ва сунъий уруғлантиришни янада кенг кўламда ташкил этиш орқали маҳаллий маҳсулдорлиги паст бўлган молларнинг бош сонини босқичма-босқич камайтиришнинг афзалликлари ва иқтисодий самараси тўғрисида аҳолининг амалий кўникмаларини ошириш чораларини кўриш;

чорвачилик фермер хўжаликлари, наслчилик хўжаликлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ишлаб чиқаришни илм-фан билан интеграциялаштириш ҳамда ҳамкорлик ишларини талаб даражасида ташкил этиш;

чорва молларининг республика иқлим шароитига мослашган зотларини чет давлатлардан келтириш, районлаштириш ва улардан юқори маҳсулдор насл олишни кўпайтириш, сунъий уруғлантириш ҳамда эмбрион кўчириб ўтказиш бўйича келгуси 5 йилликка мўлжалланган наслчилик режасини ишлаб чиқиш ва унинг амалга оширилишини таъминлаш.


3. Чорва молларини сақлаш ва парваришлашнинг сифатини ошириш ҳисобига маҳсулдорликни кўпайтириш.

Ушбу устувор йўналишда чорва молларини уй шароитида ва фермер хўжаликларида боқиш ва парвариш қилишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш чоралари белгиланади.

Сут ва гўшт маҳсулотларини сақлаш, озуқа тайёрлаш, микроиқлим шароитларини яратиш, сут сифатини жойида текшириш, органик чиқиндилардан тозалаш ва ушбу жараёнларни кенг йўлга қўйиш орқали чорвачилик хўжаликларида ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарасини жадаллаштириш чоралари кўрилади.

Чорва ҳайвонлари ва паррандаларни парваришлаш самарадорлигини ошириш орқали соҳада меҳнат сарфи камайтирилади ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари қисқартирилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

автоматлаштирилган ва компьютерлаштирилган технологик ускуналар ва жиҳозлар билан чорвачилик фермер хўжаликларини таъминлаш ва уларга қулай бозор шароитларини яратиб бериш;

ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини ошириш мақсадида чорвачилик хўжаликлари билан чорвачилик соҳасига алоқадор илмий-тадқиқот муассасалари, ўқув масканлари ва лабораториялар ўртасидаги интеграцияни йўлга қўйиш;

чорвачилик соҳасига оид технологик, маркетинг, иқтисодий, илмий ва амалий фойдали маълумотларни ўз ичига олувчи "Чорва" мобил иловасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

халқаро талаблардан келиб чиқиб, чорвачилик хўжаликларида Global GAP, HACCP ва бошқа халқаро ҳамда миллий миқёсдаги стандартларни жорий этиш;

чорва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан истеъмолчилар ўртасида интеграцияни кучайтириш ва сифат хавфсизлиги барқарорлигини таъминлаш.


4. Паррандачилик соҳасини ривожлантириш.

Ушбу йўналишда мамлакат аҳолисини юқори сифатли парранда гўшти ва тухум маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички ва ташқи бозорларга маҳаллий паррандачилик маҳсулотларини сотишни кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади.

Паррандаларни рационал озиқлантириш ишлари илмий асосда йўлга қўйилади. Донли озуқаларни етиштириш ва сотиб олиш бўйича кластер тизимини жорий этиш орқали корхоналар эҳтиёжини озуқалар билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Аҳоли хонадонларида парранда боқиш ишлари паррандачилик корхоналари билан кооперация тизими асосида ташкил этилади ҳамда аҳолининг бандлиги таъминланиб, даромадлари оширилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш, илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан паррандачилик кластерларини ташкил қилиш ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш;

паррандачилик соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш орқали паррандачилик маҳсулотларини, шу жумладан, озуқа ишлаб чиқариш, парранда чиқиндиларини қайта ишлаш, истеъмолга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш;

паррандачилик маҳсулотлари турларини кўпайтириш ва бозор муносабатларини янада кучайтириш мақсадида паррандачиликнинг куркачилик, беданачилик, ғоз ва ўрдакчилик ҳамда туяқушчилик каби йўналишларининг оммавийлигини ошириш чораларини кўриш;

парранда учун озуқа қўшимчалари, витаминлар, ветеринария дори-дармонлари ва дезинфекциялаш воситалари, паррандачилик соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

аҳоли хонадонларида парранда гўшти ва тухумга бўлган эҳтиёжларни янада барқарор таъминлаш мақсадида хонаки парранда турларини қишлоқ жойларида кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш.


5. Балиқчилик тармоғини ривожлантириш.

Ушбу устувор йўналиш доирасида интенсив технологияларни қўллаш орқали балиқ етиштириш ҳажмини изчил кўпайтириш, мамлакатимизнинг ички бозорини маҳаллий маҳсулот билан тўлдириш, тармоқ учун керакли барча жиҳозларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, республиканинг ички бозорида мавжуд бўлган хомашёлар асосида етарлича озуқа ишлаб чиқаришга эришиш ва балиқ маҳсулотлари экспортини кенгайтириш вазифалари белгиланади.

Балиқчилик хўжаликлари учун озуқа тайёрлаш, қайта ишлаш заводларини ташкил этиш ва интенсив технологияларни жорий этиш масалаларида малакали мутахассислар ва муҳандислар етишмаслиги муаммосини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

балиқ етиштиришнинг замонавий технологиялари ва интенсив усулларини кенг жорий этиш, шунингдек, табиий ва сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини кўпайтириш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажмини ошириш;

балиқларнинг тропик турларини чет давлатлардан келтириш ва иқлим шароитига мослаштириш, чавоқ ишлаб чиқариш ва сунъий урчитиш технологиясини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

халқаро талабларга мувофиқ сифат менежменти тизимининг замонавий усулларини жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини баҳолаш, сертификатлаш ва стандартлаштиришни тизимли ташкил этиш;

маҳаллий шароитда оқсилга бой баланслаштирилган озуқа ишлаб чиқариш технологиясини яратиш, интенсив аквакультура учун зарур озуқалар ишлаб чиқарувчи қувватларни кенгайтириш ва балиқларни илмий асосда озиқлантириш чораларини кўриш;

интенсив ва декоратив аквакультура, табиий сув ҳавзаларига саёҳат, рекреацион балиқ овлаш тизими бўйича "Fish-food-trip" экотуризм тижорат дастурини ишлаб чиқиш.


6. Асаларичилик тармоғини ривожлантириш.

Ушбу устувор йўналиш доирасида асаларичилик тармоғининг бошқарув тизими, мониторинг ва статистик база такомиллаштирилади ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг бошқа тармоқлари билан асаларичилик соҳасини узвий боғлаган ҳолда самарали иш ташкил этиш механизмларини жорий этиш белгиланади.

Мамлакатда ишлаб чиқарилган асал сифатини халқаро стандарт талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тармоқда асаларилар наслини ва маҳсулот сифатини яхшилаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали механизмлари жорий этилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

асаларичиликда интенсив технологияларни қўллаш орқали асаларичилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш;

асаларичилик тармоғида наслчилик ишини янада такомиллаштиришга йўналтирилган чораларни қўллаш, Ўзбекистон шароитига мослашган "Карпат" ва "Карника" асалари зотларини хориждан олиб кириш ва уларни кўпайтириш бўйича "Наслдор она асалариларнинг ҳимояланган ҳудудлари" чора-тадбирларини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш агротехнологиясини тизимли йўлга қўйиш ҳисобига соҳани тижоратлаштириш;

асал сифатини халқаро талабларга мослаштириш, деҳқончилик соҳасида қўлланиладиган кимёвий воситаларнинг асаларичилик соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

ўрмон хўжалиги ерлари ва қишлоқ хўжалиги экин майдонларида асалариларни мавсумий жойлаштириш бўйича "Асалари харитаси" чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва шу асосда асаларичилик хўжаликларининг ҳаракатланишини тартибга солиш механизмларини амалиётда қўллаш;

сунъий асал маҳсулотларига қўйилаётган амалдаги стандартларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳамда инсон саломатлигида табиий асалнинг аҳамиятини янада ошириш учун истеъмол маданиятини кучайтиришга қаратилган нормативларни ишлаб чиқиш.


7. Қуёнчилик тармоғини янада ривожлантириш ҳамда кооперация тизими асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш.

Ушбу устувор йўналиш доирасида сифатли қуён гўштини мамлакатда истеъмол қилиш даражасини кўтариш ҳамда республикада умумий гўшт маҳсулотлари ҳажмида унинг улушини ошириш назарда тутилмоқда.

Қуён гўштини саноат усулида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш ҳисобига қуён гўшти истеъмоли ошириб борилади.

Қуёнчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратиш учун ишлаб чиқарувчилардан гўшт маҳсулоти ва қуён терисини сотиб олувчи ҳамда қайта ишловчи ташкилотлар тармоғи янада кенгайтирилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

қуён боқишни илмий асосда йўлга қўйиш орқали республика ҳудудларида қуёнчилик наслчилик хўжаликларини ташкил этиш ва наслли қуёнлар бош сонини кўпайтириш чораларини кўриш;

гўшт йўналишидаги қуён зотларини маҳаллий шароитга мослаштириш ва ихтисослашган қуёнчилик бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш ҳисобига кооперация тизимини жорий этиш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш чораларини кўриш;

қуён гўштининг истеъмол маданиятини ошириш ва аҳолининг овқатланиш рационида қуён гўшти улушини кўпайтириш;

илм-фан ва ишлаб чиқаришни тизимли асосда узвий интеграциялаш, инновацион технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, қуёнчилик тармоғида юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

қуёнчилик билан шуғулланувчи оилавий хўжаликлар фаолиятини такомиллаштириш, уларни рағбатлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш.



3 §. Табиий ресурслардан самарали

фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза

қилишни тизимли йўлга қўйиш


Ушбу устувор йўналиш доирасида чорвачилик билан шуғулланувчи субъектларга ажратилган ерларнинг таназзулга учрашининг олдини олиш, табиий яйловларнинг ҳосилдорлигини ошириш орқали чўлланиш жараёнини секинлаштириш масалалари ҳал этилади.

Яйлов ерларидан мақсадли фойдаланиш орқали арзон озуқа маҳсулотлари етиштирилади ҳамда чорвачилик соҳасида сув ресурслари ва энергия истеъмоли тежамкорлигига эришилади.

Иқлим ўзгариши, табиатнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро жараёнларни эътиборга олган ҳолда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни табиий ресурслар барқарорлигини ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратиш муҳим ҳисобланади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

пичанзорлар ва яйловларни хатловдан ўтказиш ҳамда геоботаник тадқиқотлар ўтказишнинг Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

яйловлардан фойдаланганлик учун тўлов тизимини такомиллаштириш, яйловлардан фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини йўлга қўйиш, яйловларнинг давлат назоратини кучайтириш ва "Яйлов фонди"ни ташкил этиш;

табиий пичанзорлар, яйловлар ва суғориладиган экин ерларини мониторинг қилишнинг ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш ва ахборотлар алмашинувини кенгайтириш, ўсимликларни парвариш қилиш жараёнини кузатиш ва баҳолаш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш;

чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва органик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга доир "Биоэнергия ва ёқилғи" дастурини ишлаб чиқиш;

ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, маҳсулдорликни ошириб бориш ҳисобига чорва моллари бош сонининг ўсиш суръатларини мақбуллаштириш ва бу орқали атмосферага ажраладиган иссиқхона газларининг чиқишини камайтириш чораларини кўриш;

томорқа хўжаликларини қулай шароитларда иқлим ўзгаришига мослаштириш, биогумус, биоэнергия ва биоиситиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш.



4 §. Чорвачилик соҳасида инфратузилма

хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг

сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш


Ушбу устувор йўналиш доирасида деҳқон ва фермер хўжаликларида парвариш қилинаётган чорва молларига зоотехника ва ветеринария хизматларини кўрсатишни етарли даражада таъминлаш чоралари белгиланади.

Чорва ҳайвонларининг соғлиғини ҳимоя қилиш ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошқаришнинг миллий тизими Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини муҳофаза қилиш ташкилоти (OIE) нормаларига мувофиқлаштирилади.

Кичик чорвачилик хўжаликлари негизида маҳсулотларни қайта ишлаш тизимини кенгайтириш ва бунга аҳоли хонадонларини бириктириш, шунингдек, бозор тамойиллари асосида маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш мақсадида дастлабки қайта ишлаш ва қадоқлашнинг кичик қувватларини кенгайтиришга шароит яратиб берилади.

Ҳайвонларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишдан ташқари уларни идентификациялаш ва сертификатлаш, чорвачилик маҳсулотларининг келиб чиқиши ва уларни сақлаш усуллари тўғрисидаги ишончли маълумотлар асосида чорвачилик маҳсулотларининг сотув даражаси ва хавфсизлиги оширилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

озуқа ишлаб чиқариш ва ем-хашак тайёрлашнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш, органик материаллардан фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва етказиб бериш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тегишли турдаги ускуналар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

чорвачилик фермалари ва деҳқон хўжаликларидаги органик чиқиндилар ва иккиламчи маҳсулотларни қайта ишлаш кўламини кенгайтириш мақсадида кичик бизнес субъектларини жалб этиш.



5 §. Чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш

ва илмий-амалий тадқиқот ишларини такомиллаштириш


Ушбу устувор йўналиш доирасида илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларни соҳани ривожлантириш учун йўналтириш ва уларни таълим ва маслаҳат муассасалари орқали амалга оширишни таъминлаш чоралари кўрилади.

Илмий муассасалар фаолиятини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш орқали илмий кадрларнинг қўнимсизлигига барҳам бериш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда маҳаллий чорвачилик маҳсулотларини етиштиришнинг реал жараёнлари билан илм-фанни боғлаш чора-тадбирлари белгиланади.

Чорвачилик соҳаси ривожланган етакчи мамлакатлар олимлари билан илмий муассасаларнинг халқаро ҳамкорлиги доирасида кенг кўламдаги лойиҳалар ишлаб чиқилади. Халқаро ҳамкорликни ташкил этиш бўйича тажрибаларни ошириш, замонавий бозор иқтисодиёти шароити ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талабларига жавоб берадиган аниқ мавзудаги тадқиқотларни олиб бориш бўйича тизимли ишлар ташкил этилади.

Чорва ҳайвонларининг генетикаси, уларни парваришлаш ва боқиш усуллари, экологик муаммолар, қайта ишлаш масалаларида амалга ошириладиган тадқиқотларни маблағлар билан етарли миқдорда таъминлаш ва рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш, амалий ва инновацион тадқиқотларни чуқурлаштириш учун маҳаллий грант маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизимли чораларни кўриш;

халқаро фондлар ва молия институтлари иштирокида (FAO, UNDP, MASHAV, WORLD BANK, ICBA, GIZ) чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда бунда илм-фан ва таълим муассасаларининг иштирокини кенгайтириш;

чорвачилик соҳаси доирасида хизматлар ва ахборот-маслаҳат (extension) марказлари фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш ва мувофиқлаштиришни ташкил этиш.



3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Дастурда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш натижасида 2026 йилгача Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳасида қуйидаги натижаларга эришилади:

а) республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини ошириш йўналишида:

сут етиштириш ҳажми 11,5 миллион тоннадан 22 миллион тоннага, аҳоли жон бошига эса 336 килограммдан 560 килограммга оширилади;

қорамол гўштини етиштириш (тирик вазнда) 1 980 минг тоннадан 2 864 минг тоннага, қўй ва эчки гўшти - 400 минг тоннадан 650 минг тоннага, аҳоли жон бошига эса 47,5 килограммдан 69,4 килограммга етказилади;

чорва ҳайвонларини сақлаш, парвариш қилиш, боқиш жараёнлари билан боғлиқ ишларни автоматлаштириш ҳамда бино-иншоотларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш кўлами оширилади;

қўй ва эчкилар жунининг сифатини таҳлил қилиш ва баҳолаш тизими яратилади ҳамда жунни маҳаллий қайта ишлаш қувватлари оширилади;

б) чорвачилик ва унинг тармоқларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда озуқа ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш йўналишида:

асосий озуқабоп экинлар ҳосилдорлиги (беда - 10 тоннадан 20 тоннага ва силос учун маккажўхори - 32 тоннадан 70 тоннага) оширилади;

озуқабоп экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари сони 320 тадан 400 тага етказилади;

тоғ ва тоғолди яйловларига қурғоқчиликка чидамли бўлган ем-хашак ўсимликларини экиш билан уларнинг ҳосилдорлиги 8 центнердан 12 центнерга оширилади;

озуқабоп экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш, яйловларда озуқа манбаини кўпайтириш ва уруғчилик базасини мустаҳкамлаш ҳисобига чорвачилик озуқа базаси янада мустаҳкамланади;

в) чорвачилик соҳасида наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, сунъий уруғлантиришни тизимли йўлга қўйиш йўналишида:

умумий қорамоллар подасида соф зотли юқори маҳсулдор наслли қорамолларнинг улуши 9 фоиздан 33 фоизга оширилади;

умумий қорамоллар подасида зоти яхшиланган маҳаллий қорамолларнинг улуши 54 фоиздан 90 фоизга етказилади;

чорва ҳайвонларини шахсий томорқаларда сақлаш ва боқишнинг илмий асосланган ва инновацион усулларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади;

наслчилик иши ва сунъий уруғлантиришни тизимли ташкил этиш ҳисобига фермер хўжаликлари ва айниқса, аҳоли хонадонларидаги маҳаллий молларнинг зотдорлиги ва маҳсулдорлиги оширилади;

г) чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш йўналишида:

халқаро ва миллий стандартларга (Global GAP, HACCP ва бошқалар) жавоб берадиган фермер хўжаликларининг улуши 1 фоиздан 30 фоизга етказилади;

чорва ҳайвонларини парваришлашда компьютерлаштирилган дастурлардан фойдаланувчи чорвачилик хўжаликларининг улуши 50 фоизга етказилади;

гўштдор қорамолларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ишлаб чиқариш фаолиятида илмий ва ўқув муассасалари билан интеграцияси ривожлантирилади;

д) паррандачилик соҳасини ривожлантириш йўналишида:

парранда гўштини етиштириш ҳажми 210 минг тоннадан 536 минг тоннага оширилади;

тухум етиштириш миқдори 8,1 миллиард донадан 12,8 миллиард донага, аҳоли жон бошига эса 236 донадан 329 донага етказилади;

паррандачилик корхоналари фаолиятига тегишли биологик ва техник хавфсизлик талабларини белгиловчи ҳужжатлар ишлаб чиқилади;

е) балиқчилик тармоғини ривожлантириш йўналишида:

балиқ етиштириш ҳажми 400 минг тоннадан 1 миллион тоннага оширилади;

балиқчилик хўжаликларида сунъий сув ҳавзалари маҳсулдорлиги гектарига 30 центнердан 150 центнерга етказилади;

балиқ етиштиришнинг умумий ҳажмида қимматбаҳо балиқлар (форель, лосось, осётр, тиляпия ва бошқалар) улуши 2 фоиздан 10 фоизга етказилади;

балиқларнинг янги турларини иқлимлаштириш чоралари кўрилади ва балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳияти оширилади;

ж) асаларичилик тармоғини ривожлантириш йўналишида:

асал етиштириш ҳажми 25 минг тоннадан 52,5 минг тоннага оширилади;

асаларичилик маҳсулотларини ҳисобга олиш тизими ва статистик базаси шакллантирилади;

маҳаллий асаларичилик маҳсулотларининг сифатини ва халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш механизми яратилади;

асаларилар билан чанглатиш хизматлари йўлга қўйилади;

з) қуёнчилик тармоғини ривожлантириш йўналишида:

қуён гўштини етиштириш ҳажми 100 тоннадан 23 минг тоннага оширилади;

аҳоли жон бошига қуён гўштини истеъмол қилиш ҳажмини 3 килограммдан оширишга эришилади;

и) табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида:

республикамиздаги яйлов ерларининг деградацияга учраган майдонлари 70 фоиздан 50 фоизга қисқартирилади;

республикамизда озуқа экинлари етиштириш учун суғориладиган ерларнинг таназзулга учраган майдонлари 58 фоиздан 25 фоизга камайтирилади;

озуқабоп экинлар етиштириш учун фойдаланиладиган суғориладиган ерларнинг таназзулга учраши, шунингдек, яйлов ерларининг деградацияси ва чўлланиш жараёнларининг олди олинади;

яйловлардан назоратсиз фойдаланиш ишлари тартибга солинади ва яйловларни мувофиқлаштириш бўйича тегишли ваколатли органлар фаолияти такомиллаштирилади;

к) чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш йўналишида:

чорвачилик соҳасидаги фермер ва деҳқон хўжаликларининг барқарор ривожланиши учун ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади;

зоотехник хизматларни кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилади;

чорва ҳайвонларини ҳисобга олиш ва кузатиш механизмлари янада такомиллаштирилиб, йирик ва майда шохли молларни идентификациялаш тизимли йўлга қўйилади;

л) илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини ошириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида чорвачилик тармоқларини ривожлантириш вазифалари юкланган хўжалик бирлашмалари ва уюшмалар билан биргаликда тажриба-синов хўжаликлари ташкил этилади ва уларни давлат томонидан мувофиқлаштириш ишлари йўлга қўйилади.



4-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

ВА УЛАРНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


Чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш мазкур Дастурга иловада белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришишга асосланади.

Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳар йили 20 декабрга қадар келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбир ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Дастурнинг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши устидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мониторинг қилиб борилади.






Дастурга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси

ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича

2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурнинг

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

(ИНДИКАТОРЛАР)

      

     

Т/р


Кўрсаткичлар номи


2021 йил


2022 йил


2024 йил


2026 йил


      

1. Республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари

билан барқарор таъминлаш йўналишида

      

1.

Аҳоли жон бошига сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш (киши/кг)


336

360

400

560

2.

Аҳоли жон бошига гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш (киши/кг)


47,5

49,1

58,4

69,4

3.

Аҳоли жон бошига тухум етиштириш (киши/дона)


236

247

280

329

4.

Сут етиштириш ҳажми (минг тонна)


11 505

12 100

14 500

22 000

5.

Қорамол гўшти етиштириш (тирик вазнда, минг тонна)


1 980,5

2 110,5

2 372

2 864

6.

Қўй ва эчки гўшти етиштириш ҳажми (минг тонна)


400

425

527

650

7.

Бир бош сигирнинг ўртача сут маҳсулдорлиги (кг)


2 450

3 450

4 500

5 000

8.

Сўйишга мўлжалланган бир бош қорамолнинг ўртача тирик вазни (кг)


370

390

400

450

9.

Парранда гўшти етиштириш ҳажми (минг тонна)


210

330

583

536

10.

Тухум етиштириш миқдори (млн дона)


8 100

8 690

10 237

12 876

11.

Балиқ етиштириш (минг тонна)


400

600

800

1 000

12.

Асал етиштириш (минг тонна)


25,0

27,1

35,2

52,5

13.

Қуён гўшти етиштириш (минг тонна)


0,1

2,3

14

23

     

2. Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги

корхоналарининг қорамоллар бош сони ва маҳсулот

ишлаб чиқаришдаги улушининг ўсиши

     

14.

Қорамоллар бош сони (фоиз)


7,0

10

14,1

25

15.

Гўшт етиштириш (фоиз)


9,0

10,1

18,2

30

16.

Сут етиштириш (фоиз)


10,2

12,1

19,2

35

       

3. Озуқа базасини мустаҳкамлаш йўналишида

     

17.

Асосий озуқабоп экинлар (беда ва силос учун маккажўхори) ҳосилдорлигини ошириш (т/га)


10 т/га

32 т/га

12 т/га

40 т/га

15т/га

45 т/га

20 т/га

70 т/га

18.

Озуқабоп экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари сони (бирлик)


320

340

360

400

19.

Яйлов ерларида деградацияга учраган майдонларнинг қисқариши (фоиз)


70

65

55

50

     

4. Чорвачиликда наслчилик ва чорва моллари

маҳсулдорлигини ошириш йўналишида

     

20.

Умумий қорамоллар подасида соф зотли наслли қорамолларнинг улуши (фоиз)


9

11

16

33

21.

Умумий қорамоллар подасида зоти яхшиланган маҳаллий қорамолларнинг улуши (фоиз)


54

62

72

90

22.

Чорва ҳайвонларини сақлаш учун компьютерлаштирилган дастурлардан фойдаланувчи чорвачилик хўжаликлари сонини кўпайтириш (фоиз)


20

25

30

50

23.

Миллий ва халқаро (Global GAP, HACCP ва бошқ.) стандартларга жавоб берадиган фермер хўжаликларининг улуши (фоиз)


1

2

15

30

      

5. Қўйчилик ва эчкичилик тармоғида

     

24.

Гўшт-жун йўналишида наслли қўй ва эчкилар улуши (фоиз)


15

20

25

35

25.

Қурғоқчиликка чидамли бўлган ем-ҳашак ўсимликларини экиш билан тоғ ва тоғолди яйловларининг ҳосилдорлигини ошириш (центнер/га)


8

9

10

12

26.

Яйловларда тик қудуқлар қазишга рухсат бериш (минг/га)


-

200 минг га

500 минг га

800 минг га

    

6. Паррандачилик тармоғида

     

27.

Жаҳон савдо ташкилоти талабларига жавоб берадиган маҳсулот тайёрловчи паррандачилик ва фермер хўжаликлари сонини ошириш (фоиз)


-

2

40

90

28.

Қўшимча даромад олувчи ва қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлайдиган кичик паррандачилик хўжаликлари ва кооперативларни ташкил қилиш (бирлик)


-

Ҳар бир вилоятда

1 тадан

Ҳар бир туманда

1 тадан

Ҳар бир туманда

3 тадан

29.

Гўшт йўналишидаги иккинчи тартибли репродуктор наслчилик хўжалигини ташкил этиш (бирлик)


-

-

1

1

30.

Маҳсулотларни ўзлари қайта ишлайдиган паррандачилик корхоналари сонини ошириш ҳисобига парранда ва тухумдан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотларнинг улушини ошириш (фоиз)


-

10

30

80

      

7. Балиқчилик тармоғида

      

31.

Балиқ етиштиришнинг умумий ҳажмида қимматбаҳо балиқ (форель, лосось, осётр, тиляпия ва бошқалар) етиштирувчи хўжаликлар улушини ошириш (фоиз)


2

3

5

10

32.

Балиқчилик хўжаликларида сунъий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини ошириш (гектар/центнер)


30

38

80

150

33.

Инновацион тарзда ишлаб чиқаришни (балиқ ови, манзарали аквакультура, аквапоника, экотуризм ва бошқалар) йўлга қўйган балиқчилик хўжаликлари улушини ошириш (фоиз)


20

30

50

100

     

8. Асаларичилик тармоғида

       

34.

Маҳаллий шароитда она асалариларни етиштириш ҳисобига асалари оилалари сонини ошириб бориш (млн дона)


1,1

1,22

1,7

2,5

35.

Асаларичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш ҳисобига экспорт қилинадиган асалари пакетлари сонини кўпайтириш (минг дона)


311

350

500

1 000

36.

Мевали боғларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида шартнома асосида асаларилар билан чанглатиладиган майдонларни кўпайтириш (гектар)


1 000

2 000

10 000

30 000

37.

Қишлоқ хўжалиги экинлари (ғўза)нинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида шартнома асосида асаларилар билан чанглатиладиган майдонларни кўпайтириш (гектар)


-

10 000

150 000

300 000

      

9. Қуёнчилик тармоғида

       

38.

Аҳоли жон бошига қуён гўштини истеъмол қилиш ҳажмини ошириш (кг)


-

-

1,5

3

39.

Ишлаб чиқарувчилар билан шартнома асосида қуён гўштини сотишга ихтисослашган дўконлар тармоғини кенгайтириш (бирлик)


-

Ҳар бир вилоятда

1 та

Ҳар бир туманда

1 та

Ҳар бир туманда

1 та

40.

Қуёнчиликни ривожлантириш бўйича ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш (бирлик)


-

Ҳар бир вилоятда

1 та

Ҳар бир туманда

1 та

-

     

10. Атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида

     

41.

Республикада озуқа экинлари етиштириш учун суғориладиган ерларнинг таназзулга учраган майдонларини қисқартириш (фоиз)


58

55

35

25

42.

Биоэнергия ва маҳаллий ўғитдан фойдаланувчи фермер хўжаликлари сонини кўпайтириш (фоиз)


-

2

30

80

43.

Республикада умумий гўшт ишлаб чиқариш ҳажмида қорамол ва қўй гўштидан ташқари бошқа гўшт маҳсулотлари улушининг ўсиши (фоиз)


6

7

10

15

      

11. Инфратузилмани кенгайтириш

ва ривожлантириш йўналишида

       

44.

Чорвачилик фермаларини ветеринария ва зоотехника мутахассислари билан таъминлаш (фоиз)


40

50

70

100

45.

Яйловлардаги чорва молларини сув билан таъминлаш учун қудуқлар инфратузилмасини яхшилаш (фоиз)


-

5

40

80

46.

Суғурта турларидан фойдаланувчи фермер ва деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш (фоиз)


-

20

60

100

47.

Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини муҳофаза қилиш ташкилоти стандартларига жавоб берадиган чорвачилик фермалари сонини кўпайтириш (фоиз)


-

10

60

100

48.

Маҳсулотни қайта ишловчи фермер ва деҳқон хўжаликлари улушини кўпайтириш (фоиз)


3

10

20

40

49.

Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини идентификация қилиш ишларини ташкил этиш (фоиз)


3

10

30

60

    

12. Хўжалик юритишнинг замонавий

усулларини жорий этиш йўналишида

       

50.

Чорвачиликда ўрта ва кичик фермер хўжаликларининг улушини ошириш (фоиз)


5

7

15

25

51.

Тижорат мақсадида чорвачилик билан шуғулланадиган уй хўжаликлари сонини кўпайтириш (фоиз)


3

7

10

25

52.

Уюшган тадбиркорлик ёки кооперация асосида турли шаклларда иштирок этадиган уй хўжаликлари сонини кўпайтириш (фоиз)


-

3

5

30

53.

Чорвачилик соҳасида кооперативлар ёки кластер тизимидаги чорвачилик хўжаликлари улушини кўпайтириш (фоиз)


-

3

40

80

54.

Чорвачилик соҳасидаги кичик фермалар ва томорқа хўжаликлари ўртасида маълумотлар алмашиш ва консалтинг хизматлар кўрсатиш тармоқларидан фойдаланувчилар сонини кўпайтириш (фоиз)


-

10

30

60

55.

Асосий фаолият тури чорвачилик бўлган юридик шахсларда ишловчи ва меҳнат дафтарчалари мавжуд ходимлар сонини кўпайтириш (минг киши)


428,1

449,5

454,3

480,6

56.

Чорвачиликда чекланган даромад миқдори (млрд сўм)


21 698

23,867

37 619

53 540

57.

Чорвачиликда банд бўлган бир нафар кишига чекланган даромад миқдори (млн сўм)


50,7

53,1

81,0

111,4

        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 8 февраль






















































Время: 0.0077
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск