ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.02.2022 й. ПФ-74-сон "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.02.2022 й.

N ПФ-74



НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ

ҲАМДА АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ҚАТЛАМЛАРИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида:


1. 2022 йил 1 майдан бошлаб ногиронлик пенсиялари, шу жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсияси ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақасининг энг кам миқдори 698 000 сўм этиб белгилансин.

2. Белгилансинки, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг (кейинги ўринларда - ўзгалар парваришига муҳтож болалар) парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови (кейинги ўринларда - парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

Бунда, парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

б) парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.


3. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.К.Инаков) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев) билан биргаликда қуйидаги маълумотларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон шаклда тақдим этиб боришни таъминласин:

2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги маълумотларни;

2022 йил 1 октябрдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотларни.


4. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.К.Инаков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев) билан биргаликда 2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда "проактив шакл"да тайинлаш тизимини жорий этсин.


5. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов):

ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирлар билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қўшимча даромадлари ҳамда жамғармага республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган трансфертлар ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;

келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур Фармоннинг амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва бундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.


7. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.


8. Ушбу Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков белгилансин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 17 февралдаги

ПФ-74-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган

18 ёшгача болаларнинг касалликлари

РЎЙХАТИ


1. Бош ва орқа мия жароҳатлари ҳамда туғуруқ жароҳатлари оқибатида бош ва орқа мия қон айланишининг оғир бузилишлари, перивентрикуляр лейкомаляция, марказий асаб тизимининг вирусли инфекциялари натижасида чуқур ҳаракатлар бузилиши билан асоратланган ҳолатлар.


2. Жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолатлар: ички аъзолар, суяк-мушак тизими, мия қутиси, қулоқ-томоқ-бурун аъзолари ва суяк-мушак тизимининг туғма аномалияси (ривожланиш нуқсонлари ва деформацияларнинг оғир шакллари) билан туғилган чақалоқларда узоқ назоратни ва коррекцияни талаб қиладиган ҳолатлар.


3. Бириктирувчи тўқиманинг тизимли шикастланиши: тизимли қизил югурик, дерматополимиозит, тизимли бошланувчи ювенил артрити, ювенил ревматоид артрити ва тугунчали периартеритнинг оғир турлари.


4. Церебрал фалаж ва бошқа фалажли синдромлар (истисно: G81.0 -G81.9-гемиплегия, G83.1-оёқлар моноплегияси ва G83.2-қўл моноплегияси).


5. Болалар церебрал фалажи, перивентрикуляр лейкомаляция. (Истисно: G80.2-болалар гемиплегияси).


6. Тез-тез қайталанувчи эпилепсиянинг шахс ўзгариши ва ақл пастлиги билан кечиши.


7. Келиб чиқиши ҳар хил бўлган ақлий заифликнинг чуқур ва оғир тури. Аутизм.


8. Сурункали оғир шизофрения ва бошқа руҳий бузилишлар, хулқ-атвор бузилишлари.


9. Полиомиелит касаллигининг оғир асоратлари.


10. Ўткир бўшашган шол.


11. Туғма гидроцефалия (кучли мия қутиси гипертензияси, тез-тез такрорланувчи талваса хуружлари, кўз тубидаги асоратлар, парезлар, плегиялар, ақлий, нутқий, мотор ривожланишида орқада қолишлар).


12. Кўриш ўткирлигининг яхши кўрадиган кўзда 0-0,03 га (коррекция билан) пасайиши.


13. Туғма ва орттирилган тусдаги сурункали бронх-ўпка касалликларида II-III даражали турғун нафас етишмовчилиги. Астманинг гормонга боғлиқ асоратли тури.


14. Тез-тез қайталанувчи оқма яралар ва функционал бузилишлар билан кечадиган суяк ва бошқа таянч тизими сили, силга қарши дори воситаларига турғунлиги бўлган, даволаниш натижа бермаган ва паллиатив давога муҳтож бўлган сил касалликлари; бош мия фаолиятининг кескин бузилиши билан кечадиган сил менингоэнцефалити, жарроҳлик йўли билан даволанишга ҳаётий қарши кўрсатмалари бўлган, кескин функционал бузилишлар билан кечадиган бош ва орқа мия туберкулемалари.


15. Жигарнинг туғма, ирсий, орттирилган касалликларида кучли турғун қайта тикланмайдиган функционал бузилишлар.


16. Сурункали буйрак етишмовчилигининг III босқичи.


17. Инкурабел ёмон сифатли ўсмаларнинг оғир шакли.


18. Бир неча бор жарроҳлик амалиётидан кейин тузатиб бўлмайдиган доимий нажас ва сийдикни тута олмаслик, йўғон, тўғри ичак ва орқа чиқарув тешигининг туғма ва орттирилган оқмалари, сийдик таносил аъзолари оқмалари.


19. Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима касалликларида яққол қайта тикланмайдиган функционал бузилишлар:

бир ёки иккала оёқ ва қўлларда туғма ва орттирилган оғир даражадаги скелет деформациялари ва ампутацион чўлтоқлар;

таянч-ҳаракат аппаратининг ривожланиш нуқсонлари туфайли мустақил ҳаракат ва ўз-ўзига хизмат қилиш имконияти йўқлиги.


20. Қон айланиш тизими туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари, маълум бир ёшгача операция қилиб бўлмайдиган ҳолатлар, юрак ва йирик қон томирларида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолатлар) ифодаланган даражадаги функция бузилишлари билан.


21. Ички секреция безлари функциясининг етишмовчилиги:

қандли диабетнинг1 тури (инсулинга боғлиқ қандли диабет);

қандсиз диабет (питиутрин-резистент шакли), Иценго-Кушинга синдроми, сурункали буйрак усти безларининг бошқа бузилишлари (Адиссон кризи), тотал адреноэктомиядан кейинги ҳолат, буйрак усти бези пўстлоғининг оғир туғма дисфункцияси, соматотроп етишмовчилик (гипофизар нанизм), туғма ва орттирилган гипотиреознинг оғир шакли, гипопаратиреоз, тиреотоксикоз.


22. Миопатиялар, орқа мушак атрофияси, тугалланмаган остеогенез, ирсий нейродегенератив касалликлар - лейкодистрофия, гепатолентикуляр дегенерация. Ички аъзолар ва тизимларнинг оғир бузилишлари, психомотор ва нутқий ривожланишдаги бузилишлар билан кечувчи ирсий рахитсимон касалликлар, Марфан синдроми ва Элерс-Данло синдроми.


23. Кўплаб туғма нуқсонлар, ички аъзолар фаолиятининг бузилишлари, психомотор ва нутқий ривожланишда орқада қолиш билан кечувчи хромосом бузилишлар: Клайнфельтер синдроми, Шершевский-Тернер синдроми, Патау синдроми, Эдвардс синдроми ва бошқалар.


24. Ўткир ва сурункали лейкозлар, гемобластозлар, хавфли гистиоцитоз, миелодиспластик синдромлар.


25. Қон ишлаб чиқариш туғма ва орттирилган апластик анемиялари.


26. Оғир геморрагик синдром билан кечувчи, доимо қайталаниб турувчи сурункали тромбоцитопатиялар, ирсий ва орттирилган шакллари, йилига 3 маротабадан ортиқ ҳуруж қиладиган геморрагик синдромлар.


27. Гемофилия.


28. Талассемия.


29. Туғма иммунитет танқислиги ҳолатлари: оғир мужассамлаштирилган антитаначалар етишмовчилиги устун бўлган иммунитет танқислиги ҳолатлари, полиморфядроли нейтрофиллар функционал бузилишлари, септик грануламатоз - жигар, ўпка, лимфа тугунлари ва бошқа аъзоларнинг қайталаниб турувчи бактериал шикастланиши билан кечиши.


30. ОИТС - орттирилган иммунитет танқислиги синдромининг IV босқичи.


31. Буллёз эпирдемиолиз.


32. Кистозли фиброз (муковисцидоз): 7 ёшгача бўлган болалар доимий ёрдамга муҳтож; 7 ёшдан катта болаларда - оғир асоратли ҳолатларда.


33. Ички аъзолар фаолиятининг бузилишлари, психомотор ва нутқий ривожланишда орқада қолиш билан кечувчи ирсий гликоген тўпланиши ва гликосфинголипид метоболизмининг бузилиши касалликлари:

Помпе касаллиги;

Гоше касаллиги;

Фабри касаллиги;

Краббе касаллиги;

Ниман-Пик (А ва В тури) касаллиги;

Мукополисахаридозлар.


34. Ички аъзолар фаолиятининг бузилишлари, психомотор ва нутқий ривожланишда орқада қолиш билан кечувчи Даун касаллиги.


Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ҳукумат қарори билан ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 18 февраль


"Халқ сўзи", 2022 йил 18 февраль










































Время: 0.0040
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск