Малое предприятие

Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида Ягона низом (ЎзР ВМ 21.02.2022 й. 80-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 21 февралдаги

80-сон қарорига

1-ИЛОВА



Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият

турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида

ЯГОНА НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолиятни "Лицензия" ахборот тизими орқали лицензиялаш, лицензиатлар фаолиятини назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

Лицензия олиш талаб қилинадиган фаолиятни "Лицензия" ахборот тизими ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали лицензиялаш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу Низом қоидалари 2 - 33-иловаларда келтирилган лицензияланадиган фаолият турларининг паспортларида (кейинги ўринларда - Паспорт) назарда тутилган лицензияланадиган фаолият турларига нисбатан татбиқ этилади.

2. Амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турлари Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланади.

Амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турлари билан лицензия олмасдан шуғулланиш тақиқланади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


лицензиат - фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


лицензия - жисмоний ёки юридик шахсга бериладиган, лицензия талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда, фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;


лицензиялаш - лицензия бериш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, лицензияни бериш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ҳамда тўхтатиш, шунингдек, лицензияни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ тартиб-таомиллар мажмуи;


фаолиятнинг лицензияланадиган тури - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган, қонун билан белгиланадиган фаолият тури;


лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури - фаолиятнинг лицензияланадиган тури таркибига киритиладиган фаолият турининг йўналиши;


талабгор - лицензияни олиш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;


лицензияловчи орган - фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга оширадиган давлат органи (унинг ҳудудий бўлинмаси) ёки бошқа ташкилот;


"Лицензия" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Лицензия" АТ) -лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган махсус электрон тизим;


лицензия талаблари ва шартлари - фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан шуғулланишда лицензиат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, мазкур Низомда ва у билан тасдиқланган Паспортларда белгиланган талаблар ва шартлар мажмуи;


лицензиялар реестри - берилган, узайтирилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, тўхтатилган, бекор қилинган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари.


4. Талабгор лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни "Лицензия" АТ ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон шаклда юборади.

Аризалар "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатьи назар ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг лицензияловчи органга тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.


5. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.

Талабгор лицензия олиш учун тақдим қилган аризасининг кўриб чиқилиш ҳолатини "Лицензия" АТ орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.


6. Лицензия лицензияловчи орган томонидан берилади. Паспортларда лицензиялаш тегишли ваколатли орган (кейинги ўринларда - келишиладиган орган) билан келишилиши зарурлиги белгиланиши мумкин.


7. Лицензия чекланмаган муддатга берилади, Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.



2-БОБ. ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


8. Қуйидагилар лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Паспортларнинг 9-бандида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этиш;

лицензия олиш, қайта расмийлаштириш ва муддатини узайтириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш;

Паспортларда тегишли фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун ходимларга нисбатан талаб мавжуд бўлган тақдирда, ходимлар билан янги меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек, амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда юритиш;

юридик шахс ҳисобланган лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёҳуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш кунида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилиши;

жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтгандан кейин беш иш кунида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилиш.


9. Фаолиятнинг лицензияланадиган тури ва (ёки) лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури учун алоҳида талаб ва шартлар Паспортларда белгиланади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН АРИЗА

БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


10. Талабгор ёки унинг номидан иш юритиш ваколатига эга бўлган шахс ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда - ЭРИ) фойдаланган ҳолда (талабгор-жисмоний шахслар учун ЭРИ ўрнига Мобил-ID тизимидан ҳам фойдаланиш мумкин) лицензия олиш учун "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда фаолиятнинг лицензияланадиган турини, шу жумладан, ҳар бир кичик турини танлаб, электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада фаолиятнинг лицензияланадиган туридан келиб чиқиб қуйидагилар акс эттирилади:

юридик шахс бўлган талабгор учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);

жисмоний шахс бўлган талабгор учун - фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);

талабгор амалга оширмоқчи бўлган фаолиятнинг лицензияланадиган тури ёки мазкур фаолиятнинг кичик тури;

фаолиятни амалга ошириш манзили;

Паспортларнинг 5-бандида белгиланган бошқа маълумотлар.

Паспортларда аризага айрим ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги кўрсатилиши мумкин. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши керак.


11. Талабгордан ушбу Низомнинг 10-банди ва фаолият тури бўйича Паспортларнинг 5-бандида кўрсатилмаган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


12. Талабгор ариза бериш вақтида амалга оширмоқчи бўлган фаолиятининг лицензия талаблари ва шартларига мослигини ва уларга риоя этишини тасдиқлаши лозим.


13. Талабгор аризага нотўғри маълумотлар киритилганлигини аниқлаган тақдирда, маълумотларни аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимни тўлашдан олдин, йиғим ундирилмайдиган ҳолатларда эса аризани лицензияловчи органга юборишдан олдин ўзгартиришга ҳақли.


14. Аризани кўриб чиқиш учун Паспортларнинг 6-бандида белгиланган миқдорда йиғим ундирилади. Бунда Паспортларда айрим фаолият турлари бўйича аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмаслиги назарда тутилиши мумкин.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

11,25 фоизи - ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади.


15. Аризага киритилган маълумотлар "Лицензия" АТ орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.

Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги "Лицензия" АТ орқали аниқланганда;

Паспортларнинг 6-бандида назарда тутилган йиғим тўланмаганда (йиғим тўланиши назарда тутилмаган ҳоллар бундан мустасно);

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;

лицензия реестрида талабгорнинг айни бир хил фаолият бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда;

талабгорнинг айни бир хил фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;

талабгорнинг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига асосан муайян муддатга тақиқланганда.

Мазкур бандда кўрсатилганлардан ташқари бошқа асослар билан аризани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.


15-1. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг аризаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

16. Йиғим тўланганидан сўнг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали автоматик тарзда лицензияловчи органга юборилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайдиган ҳолларда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар "Лицензия" АТ орқали дастлабки тарзда таққосланиб текширилгандан сўнг талабгор томонидан "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга юборилади.

Паспортларнинг 10-бандида белгиланган тақдирда, талабгор томонидан киритилган ҳужжатлар келишиладиган органларга ҳам бир вақтнинг ўзида юборилиши мумкин.


17. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Паспортларнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади.

Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни "Лицензия" АТ орқали мустақил равишда олиши, объектларни жойига чиқиб ўрганиши, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари таркибидан ёки ўз ҳисобидан бошқа шахсларни жалб қилган ҳолда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиши, шунингдек, талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.


18. Талабгорнинг аризасини кўриб чиқишда бошқа органлар билан келишиш ва уларнинг хулосаларини олиш талаб этилса, келишиладиган органлар Паспортларнинг 10-бандида белгиланган муддатларда, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса аризани кўриб чиқишнинг умумий муддати тугашидан 5 иш кунидан олдин, тегишли келишувни ёки хулосани тақдим этиши лозим.

Келишиладиган органлар томонидан тегишли келишувни ёки хулосани тақдим этиш учун объектларни жойига чиқиб ўрганиши талаб этилса, фақат ўзининг фаолият йўналишига тегишли бўлган қисми бўйича ўрганиш ўтказиши мумкин. Талабгор ўз объектларини жойига чиқиб ўрганиш учун лицензияловчи ва келишиладиган органларга тегишли шароитларни яратиб бериши керак.

Келишиладиган органлар белгиланган муддатларда хулоса тақдим этмаган ҳолларда ариза ушбу органлар билан келишилган, хулосалар эса ижобий ҳисобланади. Бундай ҳолатда келишиладиган органлар юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади. Бунда тегишли келишиладиган органларнинг хулосаларисиз лицензия бериш имкони бўлмаганда, талабгорнинг аризасини кўриб чиқиш муддати ва тартиби бузилганлиги учун келишиладиган органлар жавобгар ҳисобланади.


19. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни "Лицензия" АТ орқали ушбу қарорни қабул қилиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахснинг ЭРИси билан тасдиқлаш орқали қабул қилади.

Қарор "Лицензия" АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.


20. Агар лицензияловчи орган Паспортларнинг 8-бандида белгиланган аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида талабгорга лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, талабгор бу ҳақида лицензияловчи органни "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилган ҳолда лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Талабгорнинг лицензияни олишни кутишга розилигини билдириши, унинг кейинчалик лицензияловчи органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда талабгор белгиланган давлат божи тўловини амалга оширгандан кейин "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади. Бунда талабгор фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ва лицензияловчи органлар юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.


21. Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

лицензия берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмаслиги;

талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

Паспортларга мувофиқ ўтказилиши шарт бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асосланган салбий хулоса олинганлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


22. Талабгорнинг лицензия бериш ҳақидаги аризасини биринчи марта кўриб чиқиш жараёнида қуйидаги камчиликлар аниқланганда, уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат бермасдан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди:

лицензия берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда;

ходимларнинг касбий малакаси қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ фойдаланиладиган бино ва иншоотлар санитария-эпидемиологик ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаганда.

Ушбу бандда кўрсатилган камчиликлар аниқланганда лицензияловчи орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат берган ҳолда хабарнома юборади. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензияловчи орган томонидан "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП воситасида электрон шаклда талабгорга бир иш куни ичида юборилади.


23. Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек, талабгор кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Лицензияловчи орган аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга малакали ходимларни излашда, ҳужжатлар ҳамда дастурларни маромига етказиш учун мутахассисларни жалб этишда, шунингдек, лицензияни олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда ёрдам кўрсатиши ва тавсиялар бериши керак, бундан талабгорнинг таклиф этилган ёрдамни рад этиши ҳоллари мустасно. Лицензияловчи органнинг камчиликларни бартараф этишга қаратилган кўрсатма ва тавсиялари камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада батафсил ёритилади.


24. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома юборилган тақдирда, лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати хабарномада кўрсатилган муддатга тўхтатиб турилади.


25. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин тақдим этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда лицензияни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


26. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари ва талабгор мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади. Талабгор рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги қарор олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


27. Талабгор лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги ариза ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.

Талабгорнинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар улар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Талабгорнинг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим, агар улар лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда белгиланган ҳужжатларни такроран тақдим этиш мумкин бўлган муддатда тақдим этилган бўлса, ундирилмайди.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан талабгорга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Талабгор лицензия бериш рад этилганлиги, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


28. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида шу куннинг ўзида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўлаш учун ҳисобварақ кўрсатилган хабарнома юборади.

Хабарнома юборилганлиги тўғрисида маълумот ҳамда талабгорнинг шахсий кабинетига юбориладиган бошқа маълумотлар талабгорнинг хоҳишига кўра мобил алоқа қурилмасига SMS-хабар шаклида ҳам юборилиши мумкин.


29. Талабгор хабарнома юборилган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.

Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТ орқали автоматик тарзда талабгорга юборилади. Бунда талабгор лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат божи тўлови амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади, башарти Паспортларнинг 7-бандида бошқача тақсимот назарда тутилмаган тақдирда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

11,25 фоизи - ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - давлат бюджетига йўналтирилади.


30. Давлат божи тўланганидан сўнг "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.


31. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТда фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури бўйича алоҳида юритиладиган лицензиялар реестрига автоматик равишда киритилади.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ ВА ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ


32. Юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъекти қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёҳуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш кунида лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтгандан кейин беш иш кунида лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.

Янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг кичик тури учун тугатилганда ёки фаолият турлари бирлаштирилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

Амал қилиш муддати чекланган лицензияни қайта расмийлаштиришда илгари берилган лицензиянинг амал қилиш муддати ўзгармайди.


33. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ҳужжатлар лицензияловчи органга "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.


34. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи органга тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида лицензия қайта расмийлаштириб берилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширади.

Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Ушбу Низомнинг 32-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда лицензияловчи орган томонидан лицензияни қайта расмийлаштиришни рад этиш тақиқланади.


35. Амал қилиш муддати чекланган лицензияларнинг амал қилиш муддати лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензиянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар берилиши керак. Бунда лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилгунга қадар лицензияланадиган фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади, бунда лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг ярми ундирилади.


36. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун ундириладиган йиғим ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган миқдорларда давлат божи ундирилади ва ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.


37. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги қарор Паспортларнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади.


38. Лицензиялар лицензиатнинг аризасига асосан лицензияловчи орган томонидан қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши мумкин:

лицензия асосида амалга ошираётган фаолиятини лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтиришда;

лицензия асосида фаолият юритаётган юридик шахслар томонидан ташкил этилган филиаллар ва ваколатхоналарнинг ушбу фаолият билан шуғулланишида;

юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектининг фаолиятни амалга ошириш жойи ўзгарганда.

Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошларида назарда тутилган асослар лицензиат фаолиятини амалга ошириш жойига нисбатан лицензия талаблари ва шартлари Паспортларнинг 9-бандида белгиланган тақдирда, лицензияни ўзгартириш тартибида ариза тақдим этилади. Лицензиат фаолиятини амалга ошириш жойига нисбатан талаблар ва шартлар белгиланмаган тақдирда, лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза тақдим этилади.

Лицензияни ўзгартириш лицензияни бeриш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади, бунда аризани кўриб чиқиш учун йиғимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида тегишли лицензияни берганлик учун тўланадиган сумманинг эллик фоизи миқдорида давлат божи ундирилади ва ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.


39. Лицензиат лицензия асосида амалга ошираётган фаолиятини лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтириш ҳуқуқига эга, бунда лицензиат лицензияни ўзгартириш ҳақида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали ариза тақдим этиши лозим.

Лицензиат маълум бир соҳада лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўла туриб, худди шу соҳадаги алоҳида фаолиятнинг кичик турига лицензия бериш тўғрисида мурожаат қилса, у томонидан лицензияловчи органга фақат қўшимча лицензия талаблари ва шартларини қаноатлантирадиган маълумотлар тақдим этилади. Бунда лицензияловчи орган томонидан фақат қўшимча қилинаётган фаолиятнинг кичик тури учун лицензия талаб ва шартларига лицензиатнинг мувофиқлиги ўрганилади.

Лицензиат томонидан фаолиятнинг кичик тури бўйича лицензия талаблари ва шартларини қаноатлантирадиган маълумотлар тўлиқ тақдим этилганда, лицензияловчи орган томонидан лицензиатнинг аввалги лицензиясига лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик турига оид маълумотлар киритилган ҳолда ўзгартиришлар киритилади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, БЕКОР ҚИЛИШ ВА ТЎХТАТИШ


40. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган ташаббуси билан тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда.


41. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича судга даъво ариза киритиши лозим.

Лицензиатлар ушбу Низомнинг 40-бандида назарда тутилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи органлар ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.


42. Лицензияланадиган фаолият билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахслар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатганда лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга мурожаат қилиши мумкин. Бунда жисмоний ёки юридик шахслар томонидан олти ой муддат ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга мурожаат қилинмаган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатилади.


43. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори "Лицензия" АТ орқали ушбу қарорни қабул қилиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахснинг ЭРИси билан тасдиқлаш орқали қабул қилинади.

Қарор "Лицензия" АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда лицензиатнинг шахсий кабинетига юборилади.

Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ҳақидаги қарор қабул қилинган куннинг ўзида бу ҳақида "Лицензия" АТдаги лицензиялар реестрига тегишли ёзув киритилади.


44. Лицензияловчи органлар ёки суд лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг лицензиат томонидан бартараф этилиши учун етарли, аммо беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаган муддат тақдим этади.


45. Лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши ҳақида қарор келиб тушганидан сўнг қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши ва қарорда кўрсатилган муддат якунлангунига қадар лицензияловчи органга "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома ва асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда маълумот юбориши лозим.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарор суд томонидан қабул қилинган бўлса, камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома ва асословчи ҳужжатлар қарорда кўрсатилган муддат якунлангунига қадар судга тақдим этилиши лозим.


46. Камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида лицензияловчи орган маълумотларни таҳлил қилиши, заруратга кўра камчиликлар бартараф этилганлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиши лозим.


47. Таҳлил ёки ўрганишлар натижасида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензияловчи орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни "Лицензия" АТ орқали қабул қилади.

Бунда лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисидаги қарор уч иш кунида қабул қилинмаса, жисмоний ва юридик шахслар ушбу муддат тугагандан сўнг лицензияловчи органни "Лицензия" АТ орқали электрон шаклда хабардор қилган ҳолда фаолиятини давом эттириши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисидаги қарор "Лицензия" АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.


48. Суднинг лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарори тегишли лицензияловчи органга келиб тушганда, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисидаги маълумотни "Лицензия" АТга бир иш кунидан ошмаган муддатда жойлаштиради.


49. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш қуйидаги ҳолларда лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек, янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши мустасно;

якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

жисмоний шахснинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

лицензия берганлик учун лицензиат тўлаши лозим бўлган давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда.


50. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш учун лицензияловчи органга "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали хабарнома юборади.

Лицензияловчи орган хабарномага асосан ёки мазкур Низомнинг 49-банди учинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар юзага келганда лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензиатга маълум қилади. Шунингдек, лицензиянинг амал қилиши бекор қилинганлиги ҳақида "Лицензия" АТдаги лицензиялар реестрига маълумот киритади.


51. Лицензияловчи орган қуйидаги ҳолларда лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

лицензиат лицензия талаблари ва шартларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса. Лицензиянинг бекор қилинишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликлар Паспортларда назарда тутилади;

лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритилганлиги ҳақидаги маълумоти судга даъво аризаси киритилган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга "Лицензия" АТ орқали лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритиш сабаблари ва қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда етказилади.

Суднинг лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади ҳамда лицензияловчи орган ушбу маълумотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.

Лицензия ушбу банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, лицензия берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.


52. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;

лицензиянинг амал қилиш муддати тамом бўлганда;

лицензияга эга бўлган жисмоний шахс вафот этганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур хатбошида назарда тутилган муддат давомида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга мурожаат қилинмаган тақдирда.

Лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиш муддат тугатганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.

Лицензиянинг амал қилиши ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тўхтатилган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензиатга хабарнома юборади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАНАДИГАН ФАОЛИЯТЛАРНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


53. Лицензиялар реестрига киритилган ҳамда фаолиятини амалга ошираётган лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши лицензияловчи орган (ёки унинг ҳудудий бўлинмалари) томонидан назорат қилинади.


54. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда лицензияловчи органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиатларни лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

текширув натижалари асосида лицензиатлар йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, шунингдек, судга лицензиянинг амал қилишини олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, лицензияни бекор қилиш ташаббуси билан мурожаат қилиш;

лицензия бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича юридик шахсларга жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уни мажбурий ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиш.


55. Назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

"Лицензия" АТ орқали масофавий назорат;

лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ва қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда текшириш;

статистик ахборотларни ва лицензиатлардан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.


56. Лицензияловчи орган масофавий назоратни "Лицензия" АТ имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лицензиатнинг ходимлари тўғрисидаги маълумотлар, лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, бошқа ваколатли органлар ва идоралардан олинган ахборотлар асосида амалга оширади.

Масофавий назоратни амалга оширишда лицензиялар реестрига киритилган лицензиатларнинг лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари тўғрисида "Лицензия" АТ орқали автоматик равишда келадиган хабарлар лицензияловчи органнинг шахсий кабинетига келиб тушади. Ушбу хабар орқали лицензияловчи орган лицензиатларнинг фаолиятини таҳлил қилади ва ўрганади. Бунда лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича лицензиатларга кўрсатма бериши шарт.

Лицензиатлар масофавий назорат асосида лицензияловчи орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида бажариши ва бу ҳақида лицензияловчи органга хабар бериши лозим.

Кўрсатма лицензиатлар томонидан ўз вақтида ижро этилмаганда ёки бажарилиши таъминланмаганда лицензияловчи орган "хавфни таҳлил қилиш" тизими асосида уларнинг фаолиятини текшириши мумкин.


57. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:

"хавфни таҳлил этиш" тизими;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари;

"Лицензия" АТ орқали юборилган лицензиялаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузишга доир ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида жисмоний шахсларнинг маълумотлари.


58. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда амалга оширилади.


59. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш ўн кунгача бўлган муддатда ўтказилиши лозим.

Лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишдан бош тортиш лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳаракат ҳисобланади.


60. Тегишли фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатлари билан боғлиқ қонун бузилишлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида аниқланган тақдирда, уларни рағбатлантириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАНЛАР ҚАРОРИ

ВА УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ)

УСТИДАН ШИКОЯТ БЕРИШ ВА УНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


61. Талабгор/лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг:

қарорлари ва ҳужжатлари устидан;

мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиши мумкин.


62. Талабгор/лицензиат шикоятни:

ҳудудий даражадаги лицензияловчи органга нисбатан унинг юқори турувчисига;

республика даражасида лицензияловчи органга нисбатан ушбу идорада ташкил этилган Шикоятларни кўриб чиқиш бўйича апелляция кенгашига (кейинги ўринларда - Апелляция кенгаши) тақдим этади.

Талабгор/лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарори ҳамда унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шикоят бошқа ваколатли органларга ҳам берилиши мумкин.


63. Республика даражасида Апелляция кенгаши таркиби лицензияловчи органнинг раҳбари томонидан беш нафар таркибда тасдиқланади. Апелляция кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакили кузатувчи сифатида иштирок этади.

Апелляция кенгаши йиғилиши унинг аъзоларининг тўртдан уч қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.


64. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шикоят қарор (бошқа ҳужжат) тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан ёки талабгор/лицензиатга лицензияловчи органлар қарори ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи орган томонидан тикланиши мумкин.


65. Шикоят ёзма, оғзаки (шахсий қабул ёки ишонч телефони орқали) ёки электрон шаклда ("Лицензия" АТдаги шахсий кабинет, электрон почта ёки ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали) берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарорни қабул қилган ёки ҳаракатни амалга оширган ваколатли органнинг номи;

шикоят берган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун эса - унинг номи ва жойлашган жойи (почта манзили), СТИР;

шикоят берган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

шикоят берилган сана.

Шикоят ёзма шаклда берилганда шикоят қилувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.


66. Жисмоний шахс оғзаки шикоят (шахсий қабул орқали) қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса - ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган шикоятларда талабгор/лицензиатнинг электрон манзили ва ягона идентификатори (ЖШ ШИР/СТИР) ҳамда бошқа реквизитлар кўрсатилиши керак.

Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги талабгор/ лицензиатнинг шикоятини кўриб чиқиш натижаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда қабул қилишга бўлган розилигидир.


67. Шикоятни олган юқори турувчи ваколатли орган ва Апелляция кенгаши шикоят берилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) тўғрисидаги тегишли ахборотни шикоят олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида ўрганиш учун сўраб олиши лозим.

Апелляция кенгашининг шикоят бўйича йиғилиш материалларини тайёрлаш республика даражасидаги лицензияловчи органнинг юридик хизмати томонидан амалга оширилади.


68.

...
Время: 0.0194
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск