ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта махсус таълим /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 02.03.2022 й. 3351-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 01.03.2022 й. 3-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 2 мартда 3351-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2022 йил 1 мартдаги

3ҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль

тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби

ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида (бундан буён матнда юридик техникум деб юритилади) таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


кредит - таълим олиш натижаларига кўра ўқувчи томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги;


таълим модули (бундан буён матнда модуль деб юритилади) - бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, ўқувчида билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);


модулларнинг ўқув дастури (силлабус) (бундан буён матнда ўқув дастури деб юритилади) - ҳар бир ўқув фанининг мазмуни ва ўқитиш тартибини, ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим ҳамда кўникмалар ҳажмини белгилаб берадиган расмий педагогик ҳужжат;


GPA (Grade Point Average) - таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:

GPA=

K1 * U1 + K 2 * U2 + K3 * U3 … + Kn * Un

, бунда:

K1 + K2 + K3 … + Kn

K - ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;

U - ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган балл.

Бунда, ўқувчи фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.


2. Юридик техникум ўқувчилари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг мақсади - юқори малакали, рақобатбардош, замонавий халқаро стандартларга жавоб бера оладиган юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда ўқувчиларнинг мустақил таълим олишини таъминлаш, шунингдек модулларни ўзлаштиришида бўшлиқлар ҳосил бўлишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.


3. Ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ўқувчиларда давлат таълим стандартларига мувофиқ тегишли билим, кўникма ва малакалар шаклланганлиги даражасини назорат қилиш ва таҳлил қилиб бориш;

ўқувчилар билими, кўникма ва малакаларини ёки компетенцияларини баҳолашнинг асосий тамойиллари бўлган давлат таълим стандартларига асосланганлик, холислик, аниқлик, ҳаққонийлик, ишончлилик, билимларни баҳолашда шаффофликни таъминлаш;

ўқув материалининг ўқувчилар томонидан тизимли равишда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил этиш ҳамда таҳлил қилиш;

ўқувчиларда мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, фикрларни ёзма ва оғзаки, жумладан хорижий тилда равон баён этиш, ахборот ресурслари манбаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ўқув режаси доирасида комплекс ҳамда узлуксиз тайёргарлигини таъминлаш.


4. Ўқув дастурини ўзлаштириш ўқув юклама ҳажмини аниқлашнинг шартли бирлиги (кредит)ни қўллаган ҳолда белгиланади.

Бир кредит таркиби, ҳар бир модуль бўйича кредитлар миқдори, шунингдек ҳар бир курсни ва умуман ўқиш даврини тамомлаш учун ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитларнинг умумий миқдори Тошкент давлат юридик университети (бундан буён матнда ТДЮУ деб юритилади) Кенгаши томонидан белгиланади.


5. Ўқувчи ўқув дастурини ўзлаштирган (GPA кўрсаткичини тўплай олган) тақдирда, у тегишли модуль бўйича кредитларнинг зарур миқдорини тўплаган деб ҳисобланади.


6. Кафедра мудири ҳар бир модуль бўйича алоҳида модуль раҳбарини, яъни модулни ўқитишнинг сифати, ўқув материалини шакллантириш, шунингдек барча турдаги назорат саволларини тузиш, ўқувчилар билимининг белгиланган мезонлар асосида баҳоланишини таъминлашга масъул бўлган педагог ходимни белгилайди.


7. Ўқувчилар ўқув йилининг биринчи ҳафтаси мобайнида юридик техникумнинг факультет декани томонидан мазкур Низом талаблари билан тўлиқ таништирилиши шарт.


8. Юридик техникум томонидан ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолаш бошқа маҳаллий ёки хорижий ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари билан ташкил этилган қўшма таълим дастурлари доирасида ҳамда қўшма таълим дастурлари бўйича шартномада назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин.


9. Касаллиги ёки бошқа ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабаблар туфайли (йўл-транспорт ҳодисаси, яқин қариндошининг вафоти, никоҳ тузилиши, фарзанд туғилиши) оралиқ ва (ёки) якуний назорат турларида (бундан буён матнда назорат тури деб юритилади) белгиланган муддатда иштирок этмаган ўқувчига факультет декани томонидан ушбу ҳолатларга аниқлик киритган ҳолда ва асослантирувчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда юридик техникум директорининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари (бундан буён матнда директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари деб юритилади) томонидан тасдиқланган жадвал асосида назорат турлари қайта ўтказилади.


10. Назорат турини ўтиш рейтинг баллини кўтариш мақсадида қайта топширишга рухсат берилмайди.



2-БОБ. ЎҚУВЧИЛАР БИЛИМИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


1-§. Ўқувчилар билимини назорат қилиш турлари


11. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасининг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини аниқлаш учун юридик техникумда оралиқ ва якуний назорат ёки фақат якуний назорат ўтказилади.


12. Модулнинг назорат турлари ва шакллари, назоратлар сони ҳамда тегишли назорат тури учун максимал ва саралаш баллари тўғрисидаги маълумотлар ўқув дастурида белгиланади.

Ўқув дастури таълим жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимига (бундан буён матнда электрон таълим платформаси деб юритилади) ўқув семестри бошланишидан олдин киритилади.

Назорат турларини ўтказиш жадваллари ҳар семестрнинг иккинчи ҳафтасидан кечиктирмай Ўқув-методик бўлим томонидан ишлаб чиқилади ва директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Назорат турларини ўтказиш жадваллари тасдиқлангандан сўнг бир иш куни ичида факультет декани томонидан электрон таълим платформасига жойлаштирилиши ҳамда ўқувчилар эътиборига етказилиши таъминланади.


13. Оралиқ назорат семестр давомида модуль ўқув дастурининг тегишли (модулнинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугаганидан кейин ўқувчининг ўзлаштирган билим ва амалий кўникмаси даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.


14. Якуний назорат муайян модуль бўйича ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни ўзлаштирганлик даражасини, уларда модуллар бўйича эгаллаши зарур бўлган компетенциялар шаклланганлигини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.


15. Назорат турлари ўқувчининг ўқув адабиётлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, процессуал ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш бўйича амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (case-study), мантиқий фикрлаш, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган.


16. Назорат турлари бўйича саволлар ва топшириқлар модуль раҳбари ҳамда дарс машғулотларини олиб борувчи педагог ходим томонидан биргаликда ишлаб чиқилади.

Кафедра мудири назорат турлари бўйича саволларнинг сифатли тайёрланиши ва ҳар семестрнинг биринчи ҳафтасида факультет деканига тақдим қилинишини таъминлайди.


17. Факультет декани назорат турлари бўйича саволларни қабул қилган кундан бошлаб беш иш куни ичида унинг ўқув дастурида белгиланган талабларга мувофиқлигини текширган ҳолда Ўқув-методик бўлимга тақдим қилади.


18. Назорат турлари бўйича саволлар, қоида тариқасида, мантиқий саволлар ва муаммоли вазиятларни ёки фақат муаммоли вазиятни (case-study) ўз ичига олади.

Саволлар:

ўқувчиларнинг ўтган ўқув йилларида тайёрланган ёзма ишлардан фойдаланиш имкониятини истисно қилиш учун заруратга кўра янгиланиши;

ўқувчиларнинг ўқув дастури доирасида ўзлаштирган билимларини ифода этиши;

муаммоли вазиятлар бўйича мунозарага киришишга қаратилган бўлиши;

аниқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатмаларига асосланган ва амалиёт билан бевосита боғлиқ бўлиши;

мазмуни ўқув дастурига мувофиқ бўлиши;

ўз ичига ўқув дастурининг тегишли бўлимларини тўлиқ қамраб олувчи маълумотларни мужассам қилган бўлиши;

ҳуқуқий манбалар асосида ўз нуқтаи назарини асослаш ва процессуал ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш кўникмалари шаклланганлигини аниқлашга қаратилган бўлиши;

ўқувчиларнинг модулни ўзлаштириш даражасини, таҳлил қилиш кўникмаларини, мустақил фикрлаш ва келажакдаги касбий фаолиятларида мустақил қарорлар қабул қилиш қобилиятларини аниқлашга қаратилган бўлиши лозим.



2-§. Назорат турларини ўтказиш


19. Агар ТДЮУ Кенгаши қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, назорат турлари ўқув режада белгиланган ҳар бир модуль бўйича, унинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, семестрда камида бир маротаба, аудиторияда ёзма шаклда, аудитория раҳбари ва кузатувчиси назорати остида ўтказилади.


20. Назорат турлари, қоида тариқасида, 2 соат (120 дақиқа) мобайнида ўтказилади.

Тегишли назорат турининг бошланиш ва тугаш вақти аудитория кузатувчиси томонидан аудитория доскасида акс эттирилиши зарур.


21. Назорат турларида иштирок этадиган аудитория раҳбари ва кузатувчилари таркиби ҳар бир назорат тури ўтказилишидан уч иш куни олдин факультет декани тавсиясига кўра педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимлар орасидан юридик техникум директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Факультет декани аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларнинг рўйхатини тасдиқланган кундан бошлаб бир иш куни ичида юридик техникум таркибий тузилмалари эътиборига етказади.

Келмаган аудитория раҳбари ва (ёки) кузатувчини алмаштириш мажбурияти факультет декани зиммасига юклатилади.


22. Назорат турларини олиб бориш жараёни видеоёзувда қайд қилинади.


23. Ўқувчилар назорат турлари ўтказилаётган аудиторияга фақат ўқувчилик гувоҳномаси ёки биометрик паспортини (идентификация ID-картасини) кўрсатган ҳолда киритилади.


24. Назорат турларини ўтказиш вақти бошлангандан сўнг келган ўқувчилар тегишли назоратда иштирок этишга қўйилмайди.

Назорат турларини ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, ўзга ўқувчининг ишини кўчириши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ҳамда бошқа ахборот-коммуникация воситаларини олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Шахсий буюмлар аудиториядаги алоҳида столга қўйилиши керак.

Модулнинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли модуль бўйича масъул педагог томонидан назорат турини ўтказишда калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.

Назорат турлари бўйича белгиланган вақт тугагач ўқувчи аудиторияни дарҳол тарк этиши лозим.

Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган талабларни бузган ўқувчилар назорат туридан четлаштирилади ва далолатнома тузилади ҳамда ўқувчиларнинг назорат иши бекор қилиниб, унга ноль рейтинг балли қўйилади.


25. Назорат ўтказилаётган аудиторияга аудитория раҳбари ва кузатувчилардан бошқа шахсларнинг (юридик техникум директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари, Ўқув-методик бўлим бошлиғи ва факультет декани бундан мустасно) кириши қатъиян тақиқланади.


26. Аудитория раҳбари ва кузатувчилари назорат турларини ўтказишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат турлари бошланганидан кейин ўқувчиларни аудиторияга киритмаслик;

назорат турлари ўтказилаётган вақтда ўқувчиларнинг ўрнини алмаштириш.


27. Аудитория раҳбари ва кузатувчилари назорат турларини ўтказишда қуйидагиларга мажбур:

ўқувчиларни назорат турлари бошланишидан аввал уни ўтказиш тартиби ва давом этиш вақти ҳақида хабардор қилиш;

ўқувчиларга назорат турлари бошланишидан олдин фойдаланиш тақиқланган барча предметларни кузатувчиларга топширишлари зарурлигини тушунтириш;

ўқувчиларни аудиторияда бир-бирларидан кўчиришлари учун имкон бўлмайдиган ҳолда жойлаштириш;

назорат турлари ўтказилаётган вақт давомида ўқувчилар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаш;

назорат турларини ўтказишда мазкур Низомда белгиланган қоидаларни бузган ўқувчиларни далолатнома тузган ҳолда назорат туридан четлаштириш.


28. I гуруҳ ногиронлиги бўлган, шу жумладан кўзи ожиз ўқувчилар мазкур Низомда назарда тутилган назорат турларини ёзма шаклда бажариш имконияти мавжуд бўлмаганда, у назорат тури бошланишидан камида икки ҳафта олдин директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосарига мурожаат қилади.

Бунда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ўқувчи тегишли назорат турини оғзаки имтиҳон шаклида юридик техникум директорининг буйруғи билан тузиладиган юридик техникумнинг 5 нафар педагог ходимлари таркибидан иборат комиссияга топширади.

Комиссия таркиби ҳар ўқув йили учун бир маротаба тасдиқланади. Комиссия унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Комиссия томонидан қўйилган балл баённома билан расмийлаштирилади.


29. Назорат турларини ўтказиш давомида ўқувчиларнинг саволлар мазмуни билан боғлиқ эътирозлари кўриб чиқилмайди.


30. Назорат турлари учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг, ўқувчи ўз назорат ишини аудитория кузатувчисига топширади. Назорат ишлари сони аудитория кузатувчиси томонидан қайта саналади, назорат иши варақлари унинг имзоси билан тасдиқланади ва назоратда қатнашган ўқувчилар рўйхати ҳамда аудиториядан четлаштириш тўғрисидаги далолатномалар (агар мавжуд бўлса) билан биргаликда Ўқув-методик бўлимга топширилади.



3-БОБ. НАЗОРАТНИНГ ХОЛИСЛИГИ

ВА ШАФФОФЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


31. Назорат турлари бўйича ўқувчилар томонидан ёзилган назорат ишларининг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида унинг белгиланган қисмига Ўқув-методик бўлим бошлиғи томонидан тегишли белги ва рақамлар ёки электрон таълим платформаси томонидан автоматик равишда идентификация кодлари бериш йўли билан шифрланади.


32. Ўқув-методик бўлим педагогларнинг йиллик шахсий иш режасида белгиланган ўқув юкламасидан келиб чиқиб, модуллар бўйича шифрланган назорат ишларини текшириш учун тақсимлайди.

Назорат ишларини текшириш муддатлари Ўқув-методик бўлим тавсияси асосида директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан белгиланади.


33. Назорат ишларини текшириш педагог ходимлар томонидан юридик техникум биносининг ички қисмида, махсус ажратилган хонада амалга оширилади. Назорат ишини махсус ажратилган хона ташқарисига олиб чиқиш тақиқланади. Махсус ажратилган хона ичкарисига юридик техникум директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари, Ўқув-методик бўлим бошлиғи, факультет декани ва текширувчи педагог ходимлардан ташқари бошқа шахсларнинг кириши ман этилади.

Педагог ходим томонидан назорат ишлари баҳолаш мезонлари асосида текширилади ва назорат ишининг биринчи варағи устига балл қўйилади. Балл аниқ ифодаланган шаклда педагог ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қўйилиши керак.

Педагог ходим томонидан ҳар бир текширилган назорат ишига тақриз берилади ҳамда унда иш мазмунининг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган хатоликлар акс эттирилиши лозим.

Шифрланган назорат ишини баҳолашнинг холислиги ва шаффофлигига таъсир кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда, шу жумладан сўзнинг устига ёки тагига чизиш ёхуд атрофини чизиб қўйиш, ишда текширувчи шахс номига мурожаатнинг мавжуд бўлиши, матннинг турли қисмларига (шу жумладан, очиқ қолдирилган жойларига) график белгилар қўйиш, иш матнида ўқувчининг фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиш ҳолатлари мавжуд бўлганда, назорат иши учун ноль рейтинг балл қўйилади.


34. Ўқувчи томонидан назорат ишини бажаришда академик ҳалоллик талабларининг бузилишига, жумладан муаллифликни ўзлаштириш (плагиат)га йўл қўйилмайди. Назорат ишида қоғоз ёки электрон кўринишда нашр қилинган ўзга матндан олинган манбага ҳеч қандай ҳавола қилмаган ҳолда ишлатиш ёки олинган манбага ҳавола қилинган бўлсада, лекин ўзлаштиришларнинг ҳажми ва характери ўқувчининг назорат ишини ёки унинг асосий қисмини мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўзлаштирилган бўлса, плагиат деб топилади.

Плагиат икки хил кўринишда бўлиши мумкин:

ўзга матнни сўзма-сўз баён қилиш;

парафраза - ўзлаштирилган ўзга матннинг мазмунини ўзгартирмасдан сўз ва ибораларни алмаштириб баён қилиш.

Назорат иши матнидаги ўзганинг муаллифлик ишидан олинган ҳар қандай матнда муаллиф, ишнинг номи ва ишнинг бошқа реквизитларини кўрсатган ҳолда ҳаволалар келтирилиши шарт. Назорат ишини текширишда муаллифликни ўзлаштириш (плагиат) ҳолатлари аниқланиши, шунингдек икки ёки ундан ортиқ ёзмаишнинг мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўхшаш бўлиши ушбу барча ўхшаш назорат ишларига, шу жумладан баҳоланган ўхшаш назорат ишига (ишларига) ҳам ноль рейтинг балл қўйишга асос бўлади.


35. Назорат ишларини текшириш натижалари бўйича тегишли баллар ишни текширган педагог ходим томонидан дарҳол электрон таълим платформасига киритилади ва назорат ишлари Ўқув-методик бўлимга топширилади.


36. Ўқув-методик бўлим томонидан назорат ишлари натижалари асосида рейтинг қайдномаси ёки электрон таълим платформасида ўқувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми идентификация қилинган ҳолда жамловчи электрон рейтинг қайдномаси шакллантирилади.

Рейтинг қайдномасига тегишли маълумотларнинг тўғри киритилиши учун электрон таълим платформасига назорат ишларини текшириш ва балларни киритишга масъул бўлган педагог ходим жавобгар бўлади.

Жамловчи рейтинг қайдномасида тегишли маълумотларнинг тўғри акс эттирилиши учун Ўқув-методик бўлим бошлиғи жавобгар бўлади.


37. Назорат ишларини баҳолашнинг холислигини ўрганиш мақсадида ТДЮУ томонидан назорат ишлари тасодифий танланган ҳолда қайта текширилиши мумкин. Бунда, ТДЮУ ректори буйруғи билан ТДЮУ профессор-ўқитувчилари жалб қилинади ва улар баҳолаш мезонлари асосида ўқувчиларга қўйилган рейтинг балларининг холислигини аниқлайди.

Бунда, назорат ишлари ТДЮУ профессор-ўқитувчилари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда қайта текширилади ёки ТДЮУнинг сўров хатига асосан ТДЮУга қайта текшириш учун юборилиши мумкин.

Танланган назорат ишларини қайта текшириш натижасида уларга қўйилган баллар ўзгартирилган тақдирда қолган барча назорат ишлари қайтадан текшириб чиқилиши шарт.


38. Ўқув-методик бўлим бошлиғи назорат турлари натижалари бўйича рейтинг қайдномаларини кўриб чиқиб, балларнинг ҳаққонийлигига шубҳа уйғотувчи ҳолатларни (аксарият баллар максимал ёки минимал баллар билан баҳоланган) аниқласа, бу ҳақда директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосарини дарҳол хабардор қилиши лозим. Директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари юридик техникум директори буйруғи асосида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан назорат ишларини қайта текширтириш ҳуқуқига эга.

Экспертлар гуруҳи ишига раҳбарликни, қоида тариқасида, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари амалга оширади. Экспертлар сифатида келишув асосида бошқа таълим муассасаларининг педагог ходимлари ёки амалиётчи мутахассислар иштирок этиши мумкин. Экспертларнинг шахси ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Экспертларнинг асосий вазифаси назорат ишларини мазкур Низомда белгиланган баҳолаш мезонлари асосида қайта текшириб, қўйилган балларнинг назорат ишига мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини аниқлаш ҳисобланади.

Қайта текшириш натижаларига кўра, экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан имзоланган хулоса тегишли балларни ўзгартириш учун асос ҳисобланади. Хулоса Ўқув-методик бўлимга жамловчи қайдномани тайёрлаш учун тақдим этилади.

Экспертлар гуруҳининг хулосаси расмийлаштирилгунга қадар назорат ишлари натижалари якуний эмас деб ҳисобланади ва ўқувчиларга эълон қилиниши мумкин эмас. Хулоса расмийлаштирилгунга қадар натижалар махфийлиги учун Ўқув-методик бўлим бошлиғи жавобгар ҳисобланади.


39. Ўқувчилар назорат турлари бўйича олган балларини электрон таълим платформаси орқали кузатиб боради.


40. Назорат турлари бўйича қўйилган баллдан норози бўлган ўқувчилар натижалар эълон қилингандан бошлаб 72 соат давомида факультет декани номига апелляция беришлари мумкин.

Апелляцияни кўриб чиқиш учун факультет декани билдиргисига асосан директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган юридик техникумнинг назорат ишларини текшириш ва баҳолашда иштирок этмаган педагог ходимлари таркибидан камида бешта аъзодан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Назорат турлари натижалари юзасидан берилган апелляция апелляция комиссияси томонидан барча модуллар бўйича назорат турлари натижалари эълон қилингандан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Апелляция комиссиялари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияларининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва унда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Ўқувчининг апелляцияси апелляция комиссияларида оралиқ ва якуний назорат тури бўйича баллар қўйган педагог ходимнинг ҳамда апелляция берган ўқувчининг иштирокида кўриб чиқилади.

Апелляцияни кўриб чиқишда апелляция комиссиялари назорат ишларини ҳар томонлама ўрганади.

Ўқувчининг апелляциясини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссиялари қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш ва қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, қўйилган балларни ўзгартириш бўйича юридик техникум директорига таклиф киритиш.

Ўқувчининг апелляциясини кўришда унинг илгари олган рейтинг баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


41. Текширилган назорат ишлари Ўқув-методик бўлимда (электрон таълим платформасида) уч йил мобайнида сақланади.

Назорат ишлари ҳужжатлар йиғмажилдларига киритилмайди ва алоҳида сақланиши талаб этиладиган ҳужжат ҳисобланмайди.

Назорат ишлари уч йиллик муддат ўтганидан сўнг йўқ қилинади (электрон тизимдан ўчириб ташланади).



4-БОБ. НАЗОРАТ ТУРЛАРИНИ БАҲОЛАШ

ТАРТИБИ ВА МЕЗОНЛАРИ


42. Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш Европа кредит трансфер тизимига (European Credit Transfer and Accumulation System - ECTS) асосан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ амалга оширилади.


43. Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича эгаллаган билим, малака ва кўникмалари, шунингдек ўқув семестри мобайнидаги ҳар бир модуль бўйича ўзлаштириши 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади.

100 балл назорат турлари бўйича қуйидагича тақсимланади:

оралиқ назоратга модуль бўйича тўпланиши мумкин бўлган максимал баллнинг - 40 фоиз (40 балл)гача;

якуний назоратга модуль бўйича тўпланиши мумкин бўлган максимал баллнинг - 60 фоиз (60 балл)гача, оралиқ назорати белгиланмаган тақдирда 100 фоиз (100 балл)гача ажратилади.

ТДЮУ Кенгаши томонидан назорат турлари бўйича баллар миқдори ўзгартирилиши мумкин.


44. Ўқувчининг модуль бўйича ўзлаштиришини баҳолаш қуйидаги намунавий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) "А", "А-" аъло баҳо (86 - 100 %) олиш учун ўқувчи:

ўқув дастурининг барча бўлимлари бўйича тизимли, тўла ва чуқур билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;

терминологиядан (шу жумладан, хорижий тилда ҳам) аниқ, ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;

муаммоли саволларни аниқлаши, ўз ҳуқуқий позициясини асослаб бера олиши;

модулнинг таянч тушунчаларини билиши ва уни қисқа вақт ичида масалаларни ечишда самарали қўллай олиши;

ностандарт вазиятларда муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олиш қобилиятини кўрсата олиши;

амалий масалаларни қисқа, асосланган ва рационал равишда ҳал этиши;

модуль ўқув дастурида тавсия этилган асосий ва қўшимча адабиётларни тўлиқ ва чуқур ўзлаштириши;

ўрганилаётган модуль бўйича назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англаш, уларни қўллай олиши;

семинар, амалий машғулотларида бутун семестр мобайнида ижодий ва мустақил қатнашиши, гуруҳли муҳокамаларда фаол бўлишилозим;

б) "В+", "В", "В-" яхши баҳо (71 - 85 %) олиш учун ўқувчи:

ўқув дастурининг барча бўлимлари бўйича тизимли, тўла ва чуқур билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;

терминологиядан (шу жумладан, хорижий тилда ҳам) аниқ, ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;

ўз фикрини исботлашда юзага келган ноаниқликларни мустақил бартараф эта олиши;

модулнинг таянч тушунчаларини билиши, қисқа вақт ичида илмий ва касбий вазифаларни қўйиш ҳамда ҳал қилишда ундан унумли фойдаланиши;

стандарт вазиятларда муаммоларни ўқув дастури доирасида мустақил ҳал қила олиши;

амалий машғулотларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхши билишини намойиш қилиши, ушбу билимларни янги вазиятларда тўғри (лекин доим ҳам рационал эмас) қўллай олиши, бунда бажарилган иш натижаларини етарли даражада расмийлаштира олмаслиги;

модуль ўқув дастурида тавсия қилинган асосий адабиётларни ўзлаштириши;

ўрганилаётган модуль бўйича назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англай олиши ва уларни қўллай олиши;

бутун модулни ўзлаштириш давомида семинар, амалий машғулотларида ижодий ва мустақил қатнашиши, гуруҳли муҳокамаларда фаол бўлиши лозим;

в) "С+", "С", "С-" қониқарли баҳо (55 - 70 %) олиш учун ўқувчи:

давлат таълим стандартлари доирасида етарли билим ҳажмига эга бўлиши;

терминологияни ишлатиши, саволларга жавобларни тўғри баён қилиши, лекин бунда айрим хатоларга йўл қўйиши;

жавоб беришга ёки айрим махсус кўникмаларни намойиш қилишда қийналганда, модуль ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича асосий тушунчага эга эканлигини намойиш этиши;

модулнинг умумий тушунчалари бўйича қисман билимга эга бўлиши ва уни стандарт (намунавий) вазиятларни ҳал этишда қўллай олиши;

педагог ходим раҳбарлигида стандарт вазиятларни ҳал эта олиши;

ўқилаётган модуль бўйича асосий назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англаши, уларга баҳо бера олиши;

семинар, амалий машғулотларида педагог ходим раҳбарлигида қатнашиши лозим;

г) ўқувчининг билим даражаси "Д" қониқарсиз баҳо билан (50 - 55 % гача) баҳоланади, агар:

давлат таълим стандартлари доирасида фақат айрим фрагментар билимларга эга бўлса;

терминларни ишлата олмаса ёки жавоб беришда жиддий мантиқий хатоларга йўл қўйса;

семинар, амалий машғулотларда пассив қатнашган бўлса;

д) ўқувчи ўзлаштириши қуйидаги ҳолларда билим даражаси "Ф" (0 - 49 % гача) баҳоланади, агар:

тегишли модуль бўйича билимларга эга бўлмаса;

амалий кўникмаларга эга бўлмаса, хатоларини ҳатто педагог ходим тавсиялари ёрдамида ҳам тўғрилай олмаса.

Модуль хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир модуль бўйича баҳолаш мезонлари тегишли ўқув дастурида акс этади.


45. Модуллар бўйича семестр учун ўқувчи рейтинги қуйидагича аниқланади:

Rf=

V x O1

,

100

бунда:

Rf - ўқувчининг рейтинги;

V - семестрда модуль учун ажратилган умумий юклама (соатларда);

O1 - модуль бўйича ўзлаштириш даражаси (балларда).



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


47. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича ўзлаштириш

даражасини Европа кредит трансфер тизими (European

Credit Transfer and Accumulation System - ECTS) асосида

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Баҳо


Баллда ифодаланиши


Тавсифи


A


100 - 93

Аъло

A-


92 - 86

B+


85 - 82

Яхши

B


81 - 77

B-


76 - 71

C+


70 - 67

Қониқарли

C


66 - 60

C-


59 - 56

D


55 - 50

Қониқарсиз

F


49 - 0

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 март




















































Время: 0.0169
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск