Внимание!

NB! Мазкур Регламентга 2024 йил июнь ойидан киритиладиган ўзгартиришларни ЎзР ВМ 06.03.2024 й. 115-сон Карорига каранг


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Кимё ва нефть-кимё саноати /

Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник Регламент (ЎзР ВМ 01.03.2022 й. 91-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 мартдаги

91-сон қарорига

1-ИЛОВА



Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник

РЕГЛАМЕНТ


1-БОБ. ҚЎЛЛАНИШ МАҚСАДИ ВА СОҲАСИ


1. Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент (кейинги ўринларда - Техник регламент) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инсонлар ҳаёти ва (ёки) соғлиғи, ҳайвонлар ва ўсимликлар, атроф муҳитни, мулкни ҳимоя қилиш, минерал ўғитларнинг қўлланилиши ва хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Мазкур Техник регламент Техник регламентга 1-иловага мувофиқ рўйхатда келтирилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган, олиб кириладиган (импорт қилинадиган) минерал ўғитларга ҳамда минерал ўғитларни сақлаш, ташиш ва тамғалаш жараёнларига нисбатан қўлланилади.


3. Техник регламент талаблари органик ва органик-минерал ўғитларга нисбатан қўлланилмайди.


4. Қуйидаги хавфли омиллар минерал ўғитлар ва уларнинг таркибий қисмларига хос ҳисобланади:

ёнғин ва портлаш хавфи;

оксидловчи хусусиятлар;

коррозия хусусиятлари;

инсон учун хавфлар: перорал, дермал ва ингаляцион токсиклик, тери ва шиллиқ қатламларга ялиғлантирувчи таъсир, тери-резорбтив таъсир, аллергенлик, инсон организмида биоаккумуляция ва атроф муҳит объектларида (сув, тупроқ, ўсимликлар) тўпланиш хусусиятлари;

радиоактив хавфлилик;

экотизимга таъсир.



2-БОБ. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР


5. Техник регламентни қўллаш мақсадида қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


ваколатли орган - кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича ваколатли давлат органи;


идентификация - мувофиқликни баҳолаш мақсадида тақдим этилган минерал ўғитларнинг тамғасида кўрсатилган муҳим белгиларга айнан мослигини аниқлаш;


импорт қилувчи - норезидент бўлган хорижий ҳамкорлардан олинган минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин муомалага чиқарувчи ва ушбу ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган хўжалик юритувчи субъект;


ишлаб чиқарувчи - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ёки ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан шуғулланувчи ҳамда ушбу минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар бўлган юридик шахс, жумладан, якка тартибдаги ёки хорижий тадбиркор;


ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили - ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хорижий ишлаб чиқарувчи билан тузилган шартнома асосида мувофиқликни баҳолашда ва минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқаришда ушбу ишлаб чиқарувчи номидан иш юритадиган ҳамда минерал ўғитларнинг уларга нисбатан қўлланиладиган бошқа техник регламент талабларига номувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланган жисмоний шахс;


кимёвий хавфсизлик - зарарли кимёвий моддалар миқдорининг (концентрациясининг) ошиб кетиши натижасида фойдаланувчи (истеъмолчи) ҳаётига хавф соладиган ёки соғлиғига зарар етказадиган йўл қўйиб бўлмайдиган хавф-хатар мавжуд бўлмаган маҳсулот ҳолати;


юмшоқ контейнер - автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида қуруқ (қаттиқ) минерал ўғитларни ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган полимер қадоқ ("big bag");


микроэлементли ўғит - таркибида макро ва микроэлементлар бўлган минерал ўғит;


микроўғит - озиқлантирувчи элементлари микроэлементлар ҳисобланган минерал ўғит;


минерал ўғит - таркибида минерал шаклидаги озиқлантирувчи элементлар бўлган, ишлаб чиқариш ёки қазиб олиш йўли билан олинган ўғит;


минерал ўғитларнинг хавфсизлиги - минерал ўғитлар хавфли хусусиятларининг одамга, атроф муҳитга ва мулкка йўл қўйиб бўлмайдиган хавфли таъсири пайдо бўлишини истисно қиладиган огоҳлантирувчи чоралар тизими;


минерал ўғит турлари - таъсир этувчи моддаси бўйича аниқланадиган минерал ўғит тоифалари;


озиқлантирувчи элемент, таъсир этувчи модда - ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган ўғитнинг кимёвий элементи;


огоҳлантирувчи тамға - ўзида ахборотлар (қисқа матн, алоҳида график ёки рангли белгилар ва уларнинг комбинацияси кўринишидаги) мажмуини ифодалайдиган, қадоққа ёки ёрлиққа туширилган маълумотларнинг таркибий қисми;


полимер қобиқ (қатлам, қоплама) - юмшоқ қадоқнинг (контейнернинг) қаттиқ минерал маҳсулотни чанг ва намдан, ифлосланиш ҳамда тўкилишдан (сочилиш, чангиш) ҳимояловчи ички плёнкасимон полимер қатлами;


тамға - маҳсулотни идентификациялаш ва у ҳақидаги маълумотларни истеъмолчига етказиш мақсадида қадоққа ёки ёрлиққа босиладиган матн, шартли белги ва (ёки) график тасвир кўринишидаги маълумот;


хавфсизлик паспорти - минерал ўғитнинг хавфли хусусиятлари, ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили), ушбу минерал ўғитнинг импортчиси тўғрисидаги ахборотлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида минерал ўғитлардан хавфсиз фойдаланиш учун огоҳлантирувчи чоралар ва хавфсизлик талаблари тўғрисидаги ахборотлардан иборат бўлган белгиланган шаклдаги ҳужжат;


ўғит - ўсимликларни озиқлантирадиган ва тупроқ ҳосилдорлигини оширадиган модда.



3-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ

ИДЕНТИФИКАЦИЯЛАШ ҚОИДАЛАРИ


6. Минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили), импорт қилувчи, давлат назорати органи ҳамда бошқа манфаатдор шахслар томонидан идентификацияланади.


7. Минерал ўғитлар минерал ўғитнинг ташқи кўриниши ва таркиби, озиқлантирувчи элементлари миқдори, жумладан, макро ва микроэлементлар қадоғида ёки ёрлиғида ва кузатув ҳужжатларидаги маълумотларга, минерал ўғит намунасини лаборатория синовларидан ўтказишда олинган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш орқали идентификацияланади.



4-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ БОЗОРДА

МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ ҚОИДАЛАРИ


8. Минерал ўғитлар Техник регламент талабларига мувофиқ бўлганда ҳамда уларнинг ушбу Техник регламент 10-бобига асосан мувофиқлиги баҳоланганда, Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) минерал ўғитларни божхонада расмийлаштиришда декларация билан бирга рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома тақдим этиш талаб этилади (синовлар ва рўйхатдан ўтказиш учун олиб кирилган минерал ўғитлар бундан мустасно).


9. Техник регламент талабларига мувофиқлиги тасдиқланмаган минерал ўғитлар миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланмаслиги лозим.


10. Миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланмаган минерал ўғитларнинг Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди.



5-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИНГ

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


11. Минерал ўғитлар ушбу бобда белгиланган хавфсизлик талаблари ва Техник регламентга 2-иловага мувофиқ радиациявий ва кимёвий хавфсизлик нормаларига жавоб бериши керак.


12. Минерал ўғитлар хавфсизлик паспорти ва огоҳлантирувчи тамғада келтирилган хавфли омиллар бўйича таснифланиши лозим.


13. Савдо тармоқларида (улгуржи ва чакана савдо корхоналари ва ташкилотларида сотиш учун мўлжалланган минерал ўғитлар қадоқланган бўлиши лозим. Чакана савдода истеъмол қадоғи бузилган минерал ўғитларни сотишга йўл қўйилмайди.



6-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ САҚЛАШ

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


14. Минерал ўғитлар муайян ўғит турига берилган хавфсизлик паспортида кўрсатилган сақлаш шароитларига қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ сақланади.


15. Қадоқланмаган минерал ўғитларни сақлаш учун махсус ёпиқ бинолар (омборхоналар) ёки сиғимлардан (силослар, омборхоналардан) фойдаланиш лозим.

Қадоқланган (идишга солинган) минерал ўғитларни қаттиқ қопламали очиқ майдонларда ёки бостирмалар остида сақлашга рухсат этилади.

Атроф муҳит муҳофазаси талабларига амал қилиниши ва ўғитларнинг физик-механик ва кимёвий хусусиятлари сақланиши шарти билан минерал ўғитларнинг суткалик захирасини вақтинча майдончаларда (далада) сақлашга рухсат этилади.


16. Ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган ўғитлар (селитра ва улар асосидаги ўғитлар) қадоғи (идиш) борлигидан қатъи назар, алоҳида омборхоналарда ёки омборхонанинг ён томонига жойлаштирилган ва омборхонанинг қолган қисмидан ёнғинга қарши яхлит девор билан ажратилган минерал ўғитлар омборхоналарининг секцияларида сақланади.

Минерал ўғитлар портловчи материаллар омборхоналарида саноат мақсадидаги портловчи материаллар муомаласи соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.


17. Минерал ўғитлар омборхоналар ва сиғимларда сақлаш меъёрлари қадоқ (идиш) турига ва сақланадиган ўғитларнинг хусусиятларига қараб, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


18. Сақланадиган минерал ўғитлар миқдори омборхоналар ва сиғимларнинг лойиҳада назарда тутилган сиғимидан ошмаслиги керак.


19. Минерал ўғитларни сақлаганда, қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилиши зарур:

уларнинг бутлигини (миқдори ва истеъмолчилик хусусиятларининг ўзгармаслигини) таъминлаш;

инсон организмига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сақланаётган моддалар билан ходимларнинг алоқасини бартараф этиш ёки уни минимумга етказиш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг манбаи бўлган чиқиндиларни ўз вақтида утилизация қилиш, атроф муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик;

ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган ўғитларни сақлаганда, ёнғин хавфсизлигининг юқори даражадаги чораларини таъминлаш: двигателларнинг чиқинди газларни чиқариш қувурларида учқун сўндиргичлардан фойдаланиш, очиқ оловдан фойдаланиш имкониятини тақиқлаш ва бартараф қилиш, омборхоналар ва иш жойларини ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари ҳамда ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари билан жиҳозлаш.


20. Суюқ ўғитларни сиғимларда (силослар, омборхоналарда) сақлаганда, сиғимлар (герметик тагликлар ёки бошқа воситалар) аварияли емирилган тақдирда, тўкилган маҳсулот ҳажмини чеклашга йўналтирилган тегишли қўшимча техник чоралар ва воситаларни назарда тутиш лозим.


21. Омборхоларда минерал ўғитлар билан боғлиқ ишлар индивидуал ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда амалга оширилади.


22. Минерал ўғитлар омборхоналаридан озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак, хўжалик ва маиший мақсадда қўлланадиган турли буюмлар ва техникани сақлаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.


23. Шахсий томорқаларда ва кундалик турмушда қўллаш учун харид қилинган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчининг идишида (қадоғида), ҳайвонлар ва болалар ололмайдиган жойда, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сув ва бошқа халқ истеъмоли товарлари сақланадиган жойлардан изоляцияланган хўжалик қурилмаларида (ёрдамчи хоналарда) сақланиши шарт.



7-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ ТАШИШ

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


24. Қаттиқ минерал ўғитлар ёпиқ ва ярим очиқ темир йўл вагонларида, кемаларнинг ёпиқ транспорт сиғимларида (трюм, танкларида) ва автомобиль транспортида мажбурий тарзда борти ёпилган ҳолда ташилади.

Полимер қопламали юмшоқ контейнерларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни ярим очиқ вагонларда, кемаларнинг очиқ палубаларида ва автомобиль транспортида бортини ёпмаган ҳолда ташишга рухсат этилади.

Қадоқланмаган қаттиқ минерал ўғитларни фақат саноатда қайта ишлайдиган ва ишлаб чиқариш жараёнида реагент/материал сифатида фойдаланадиган ишлаб чиқариш корхоналарига махсус сочилувчан моддаларни ташишга мўлжалланган вагонлар ва автомобиль транспортида ташишга рухсат этилади.

Полимер қопларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни автомобиль транспорти бортини ёпмаган ҳолда ташишга рухсат этилади.


25. Битта вагонда, кемаларнинг ёпиқ транспорт сиғимларида (трюм, танкларида) ва автомобиль транспорти бортида минерал ўғитлар билан бир вақтда бошқа юкларни ташишга йўл қўйилмайди.


26. Хафли юклар сифатида таснифланувчи, жумладан, ёнғин ва портлаш хусусиятларига эга бўлган минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган хавфли юкларни ташиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ ташилиши лозим.


27. Суюқ минерал ўғитлар (аммиакли сув, углеаммиакат, суюқ комплекс минерал ўғитлар) хавфсизлик паспортида келтирилган қоидаларга мувофиқ суюқ ҳолда, контейнер ва идишларда темир йўл ва автомобиль транспортида ташилади.

Суюқ минерал ўғитлар суюқ ҳолда сув транспортида муайян минерал ўғит тури учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқ ташилади.

Истеъмолчи қадоғига қадоқланган суюқ комплекс минерал ўғитлар транспорт ўрамларида тагликда, контейнерлар ёки идишларда хавфсизлик паспортида келтирилган қоидаларга мувофиқ темир йўл ва автомобиль транспортида ташилади.


28. Суюқ минерал ўғитларни ташиш учун сиғимларни тўлдириш даражаси йўл давомида ҳароратнинг эҳтимолий ўзгариши натижасида маҳсулот ҳажмининг кенгайиши инобатга олинган ҳолда ҳисобланади.


29. Минерал ўғитлар ҳаво транспортида муайян минерал ўғит тури учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқ ташилади.



8-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ ТАМҒАЛАШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


30. Минерал ўғитларнинг тамғаси қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак:

минерал ўғитнинг номи ва қўлланиш мақсади;

озиқлантирувчи элементларнинг номи ва миқдори, жумладан, микро ва макроэлементлар;

ишлаб чиқарувчининг номи (фирма номи) ва жойлашган жойи (юридик шахс учун - юридик шахснинг манзили, амалдаги манзили, жисмоний шахс учун - фамилияси, исми ва отасининг исми (мавжуд бўлса), яшаш манзили, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида маълумот), минерал ўғит ишлаб чиқарилган мамлакат номи;

ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (мавжуд бўлса);

минерал ўғитни ишлаб чикариш ва етказиб бериш учун асос бўлган ҳужжатнинг ифодаланиши;

минерал ўғитнинг маркаси ва (ёки) нави (мавжуд бўлса);

партия рақами (қадоқланган минерал ўғит учун);

минерал ўғитнинг номинал миқдори (оғирлиги ёки ҳажми) (қадоқланган минерал ўғит учун);

минерал ўғитни ташиш, қўллаш ва сақлаш бўйича тавсиялар;

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган минерал ўғитнинг рўйхатга олиш рақами;

минерал ўғит ишлаб чиқарилган сана ёки юкланган (ортилган) сана;

қадоқлаш санаси (ой, йил - қадоқланган минерал ўғит учун, агар уларнинг қадоқланиши ушбу минерал ўғитнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаган шахс томонидан амалга оширилган бўлса);

минерал ўғитни сақлаш шартлари;

минерал ўғитнинг кафолатланган сақлаш муддати;

минерал ўғитнинг идентификация штрихли коди (кўндаланг сканерлаш орқали оптик ўқиладиган, ҳар хил қалинлик ва оралиқдаги параллель штрихлар ёрдамида терилган белгиларни ифодаловчи код) - чакана савдо тармоғи орқали сотиладиган минерал ўғитлар учун;

минерал ўғитни қўллаш бўйича чекловлар (ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан мослиги, фитотоксиклик);

минерал ўғит билан ишлашда, уни ташиш ва сақлашда эҳтиёт чоралари, шу жумладан, тўкилган ва сочилган минерал ўғитни зарарсизлантириш усуллари;

минерал ўғитнинг идишларини зарарсизлантириш ва утилизация қилиш усуллари;

ўткир заҳарланишнинг клиник кўриниши тавсифи (маълумотлар мавжуд бўлса), тиббий тавсиялар, жумладан, заҳарланишда антидот (мавжуд бўлса) ва биринчи ёрдам чораларини кўрсатган ҳолда.


31. Агар минерал ўғит хавфли минерал ўғит сифатида тавсифланса, минерал ўғитнинг тамғаси шунга мос огоҳлантирувчи тамғани ўз ичига олган бўлиши керак.


32. Қадоқланган минерал ўғитларнинг тамғалари уларнинг бутлигини таъминлайдиган бириктириш усулида қадоққа ёки ёрлиққа туширилади.

Тамғани тўлиқ ҳажмда тушириш учун қадоқда ёки ёрлиқда жой етарли бўлмаса, маълумотларнинг бир қисми қадоқнинг ёки ёрлиқнинг ҳар бир бирлигига илова қилинадиган ва Техник регламентнинг 30-бандига мувофиқ маълумотлар келтирилган илова-вараққа туширилади ёки тамға қадоқнинг иккала томонига туширилади.


33. Қадоқланмаган минерал ўғитларни етказиб беришда Техник регламентнинг 30-бандида кўрсатилган маълумотлар (партия рақами, номинал миқдори, қадоқлаш санаси ва минерал ўғитнинг идентификация штрихли коди бундан мустасно) кузатув ҳужжатлари тўпламида тақдим этилади.


34. Минерал ўғитларнинг транспорт тамғаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган хавфли юкларни ташиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим.


35. Минерал ўғитларнинг тамғасидаги маълумотлар давлат тилида баён этилиши керак. Давлат тилида баён этилган маълумотлар билан айнан бир хил бўлганда, маълумотларнинг бошқа тилларда такрорланишига рухсат берилади.


36. Минерал ўғитларнинг тамғаси аниқ, тушунарли, осон ўқиладиган, ювилиб кетмайдиган, иқлим омилларининг таъсирига чидамли ҳарфлар ёки рамзлар билан туширилган бўлиши ва кўз тушадиган жойга жойлаштирилиши керак.



9-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИНГ ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИГА МУВОФИҚЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ


37. Минерал ўғитларнинг Техник регламентга мувофиқлиги унинг талабларини бевосита бажариш орқали ёки ихтиёрий равишда қўллаш натижасида Техник регламент талабларига риоя қилишни таъминлайдиган стандартлар рўйхатига киритилган стандартлар талабларини бажариш орқали таъминланади.


38. Минерал ўғитларни синаш ва ўлчаш усуллари Техник регламент талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш объектларининг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синаш, ўлчаш қоидалари ва усуллари, жумладан, намуналарни олиш қоидаларини ўз ичига олган стандартлар рўйхатига киритилган стандартларда белгиланади.



10-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАР МУВОФИҚЛИГИНИ

БАҲОЛАШ (ТАСДИҚЛАШ)


39. Минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги сертификатлаштириш шаклида баҳоланади (тасдиқланади).


40. Мувофиқликни баҳолаш (тасдиқлаш) минерал ўғитлар ваколатли орган томонидан Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан синовдан ўтказилиб, рўйхатга олингандан кейин амалга оширилади.


41. Минерал ўғитларни синовдан ўтказиш ва рўйхатга олишда ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг ваколатли вакиллари ёки импорт қилувчилар ваколатли органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.


42. Ваколатли орган аризага асосан:

тақдим этилган ҳужжатларни ва улардаги маълумотларни кўриб чиқади ва текширади;

минерал ўғитларни синовдан ўтказади;

минерал ўғитни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилади;

минерал ўғитга индивидуал рўйхатга олиш рақамини беради;

минерал ўғитни Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқариш учун рухсат берилган минерал ўғитларнинг ягона реестрига киритади ва Техник регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.


43. Минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати чекланмаган.



11-БОБ. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ МИЛЛИЙ

МУВОФИҚЛИК БЕЛГИСИ БИЛАН ТАМҒАЛАШ


44. Техник регламент талабларига мувофиқ ишлаб чиқариладиган ҳамда импорт орқали олиб келинадиган, Техник регламентнинг 10-бобига асосан мувофиқлиги баҳоланган минерал ўғитлар миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.


45. Минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилишидан олдин миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.


46. Миллий мувофиқлик белгиси минерал ўғитнинг ҳар бир қадоғига ёки ёрлиғига (белгини қадоққа тушириш имкони бўлмаганда) туширилади ҳамда минерал ўғит партиясига илова қилинадиган кузатув ҳужжатларида ҳам кўрсатилади.


47. Миллий мувофиқлик белгиси минерал ўғитдан тўлиқ фойдаланиш ёки уни утилизация қилиш пайтигача сақланиб турадиган, аниқ ва тушунарли тасвирни таъминлайдиган ҳар қандай усулда туширилади.



12-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


48. Техник регламент талабларига амал қилиш бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

49. Техник регламент талабларига амал қилиниши бўйича давлат назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


50. Ваколатли давлат органлари Техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқаришни чегаралаш ва тақиқлаш, шунингдек, уларни муомаладан чиқариш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда барча чораларни қўллайди.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51. Техник регламент кучга кирган пайтдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида минерал ўғитлар хавфсизлигига қўйиладиган талабларни белгилайдиган амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Техник регламентга мувофиқлаштирилгунга қадар Техник регламентга зид бўлмаган қисмида қўлланилади.


52. Минерал ўғитга берилган мувофиқлик сертификати Техник регламент кучга киргунга қадар ҳақиқий ҳисобланади.


53. Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Умумий техник регламентга

1-ИЛОВА



Техник регламент талаблари

қўлланиладиган минерал ўғитлар

РЎЙХАТИ

Минерал ўғитлар номи

ТИФ ТН коди

1. Азотли ўғитлар

2814 20 000 0 дан 2827 10 000 0 дан 2834 29 800 0 дан 3102 дан

2. Фосфорли ўғитлар

2510 20 000 0 дан 2835 25 000 0 дан 2835 26 000 0 дан 3103 дан

3. Калийли ўғитлар

2827 39 850 0 дан 2833 29 800 0 дан 3104 дан

4. Таркибида бир нечта асосий озиқавий элементлар, жумладан, макроэлементлар ва микроэлементлар бўлган комплекс минерал ўғитлар

2834 21 000 0 дан 2835 24 000 0 дан 3105 дан

5. Микроўғитлар

2810 00 дан 2827 дан 2833 дан 2840 дан 2841 70 000 0 дан

   

Изоҳ. Мазкур рўйхатни қўллаш мақсадида минерал ўғитлар номидан, шунингдек, ТИФ ТН кодларидан бирдек фойдаланиш лозим.




Умумий техник регламентга

2-ИЛОВА



Минерал ўғитларнинг радиациявий ва кимёвий

хавфсизлик нормалари


1. Минерал ўғитларнинг радиация хавфсизлиги нормалари:

а) минерал ўғитларда табиий радионуклидларнинг солиштирма активлиги қуйидаги қийматдан ошмаслиги керак:


АU + 1,5 АTh < 1,0 kBq/kg,


бунда АU ва АTh - мос равишда уран ва торий қаторларининг бошқа аъзолари билан радиоактив мувозанатда бўлган уран-238 (радий-226) ва торий-232 (торий-228)нинг солиштирма активликлари;

б) кимёвий синтез йўли билан ишлаб чиқариладиган азотли ўғитларда радиоактивлик нормага солинмайди;

в) минерал ўғитларда калий-40 изотопининг рухсат этилган миқдори белгиланмайди.


2. Кимёвий хавфсизлик нормалари:

а) карбамидда биуретнинг масса улуши - кўпи билан 1,4%;

б) аммиакли селитранинг масса улуши 10% бўлган сувли эритманинг pH қиймати - камида 5,0;

в) аммиакли селитранинг гранулометрик таркиби (фракцияларнинг масса улуши):

1 mm кичик - кўпи билан 5%;

0,5 mm кичик - кўпи билан 3%;

г) 25-50°С ҳароратда аммиакли селитранинг ғоваклилиги (ёғни тутиб қолиш қобилияти) - кўпи билан 4%;

д) аммиакли селитрада ёнувчи моддалар миқдори:

масса бўйича таркибида камида 31,5% азот бўлган минерал ўғитлар учун - кўпи билан 0,2%;

масса бўйича таркибида 28 дан 31,5%гача азот бўлган минерал ўғитлар учун - кўпи билан 0,4%;

е) аммиакли селитрада хлорнинг масса улуши - кўпи билан 0,02%;

ж) аммиакли селитрада мис миқдори - кўпи билан 10 mg/kg.




Умумий техник регламентга

3-ИЛОВА



Минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома


(шакл)


МИНЕРАЛ ЎҒИТ РЎЙХАТГА ОЛИНГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА

ГУВОҲНОМА


20__ й. "____" ______________  ______-сон

Ушбу гувоҳнома



(юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида

маълумот ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахснинг Ф.И.О.,


жойлашган жойи, жумладан, амалдаги манзили - юридик шахс учун ёки яшаш жойи - якка тартибдаги


тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахс учун - кераклиси кўрсатилсин,



берилган.

Телефон, факс, электрон почта манзили)



Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентга (UzTR.___-___:20__) мувофиқ

(юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахснинг Ф.И.О.,


жойлашган жойи, жумладан, амалдаги манзили - юридик шахс учун ёки


яшаш жойи - якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахс учун, - кераклиси кўрсатилсин,



томонидан ишлаб чиқарилган

телефон, электрон почта манзили)




(минерал ўғит номи)

Ўзбекистон Республикасида


- рақами билан рўйхатга олинган

ва Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқаришга рухсат берилади.

Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича ваколатли давлат органи раҳбари






(имзо)

(Ф.И.О.)


М.Ў.


Изоҳ. Минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома давлат тилида тузилиши керак. Давлат тилида баён этилган маълумотлар билан айнан бир хил бўлганда, минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг бошқа тилларда берилишига рухсат этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 март































Время: 0.0282
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск