ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Алоҳида тоифадаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш /

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.03.2022 й. 3355-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 24.02.2022 й. 7-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 28 мартда 3355-сон

билан рўйхатга олинган

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2022 йил 24 февралдаги

7-сон буйруғига

ИЛОВА



Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга

тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига (бундан буён матнда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар деб юритилади) давлат соғлиқни сақлаш муассасалари (бундан буён матнда даволаш муассасаси деб юритилади) томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги қонунларига асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқдан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


чет эл фуқароси - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс;


фуқаролиги бўлмаган шахс - Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс;


шошилинч тиббий ёрдам - касалликларга чалинганда, бахтсиз ҳодисалар юз берганда, жароҳат олганда, заҳарланганда ва тез тиббий аралашув ҳар қандай шароитда кўрсатилишини талаб қиладиган бошқа ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Шошилинч тиббий ёрдам кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдамни ўз ичига олади;


кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам - бемор ҳаётига хавф соладиган аниқ белгилари бўлмаган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;


тез тиббий ёрдам - бемор ҳаётига хавф соладиган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда шошилинч кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;


режали тиббий ёрдам - профилактика тадбирлари ўтказишда, бемор ҳаётига хавф солмайдиган, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам талаб қилмайдиган касалликлар ва ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Бундай ёрдамнинг муайян вақт кеч кўрсатилиши бемор ҳаётининг ёмонлашишига, ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолишига сабаб бўлмайди.


2. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача тартиби белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.



2-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИГИ

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бепул шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам олиш;

пулли асосда режали тиббий ёрдам олиш;

шифокорни ва даволаш муассасасини танлаш;

санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;

мавжуд усуллар ва дори-воситалари ёрдамида тиббий ёрдам олиш;

тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланишини талаб қилиш;

тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;

ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда тақдим этиш мумкин бўлган шахсларни танлаш;

ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш;

тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрнини қонунда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил чақиртириш;

тиббий текширув натижалари, касалликнинг мавжудлиги ва унинг ташхиси, тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари, улар билан боғлиқ хавф, тиббий аралашувнинг мумкин бўлган турлари ва уларнинг оқибатлари ҳақида маълумот олиш;

тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бевосита ёки қонуний вакили орқали даволаш муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига нисбатан юқори бошқарув органига ёки судга шикоят қилиш.


4. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидагиларга мажбур:

тиббиёт ходимларига ўзларида жамоат саломатлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжудлиги тўғрисида хабар бериш, шунингдек бошқа одамлар билан алоқада бўлганда эҳтиёт чораларини кўриш;

тиббиёт ходимларини уларда олдин аниқланган дори воситаларини қабул қилишга аллергик реакциялар ва бошқа ножўя таъсирлар мавжудлиги ҳақида хабардор қилиш;

даволовчи шифокор томонидан белгиланган даволаш тадбирларига риоя қилиш.



3-БОБ. БЕПУЛ ВА ПУЛЛИ АСОСДА

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ


5. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга шошилинч тиббий ёрдам, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам ва тез тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.


6. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга режали тиббий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда даволаш муассасаси томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида амалга оширилади.

Бунда, "IT-visa"га эга бўлган хорижий фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари) тиббий хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш ҳуқуқига эга.

7. Тиббий хизматларга ҳақ тўлаш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан миллий валюта - сўмда амалга оширилади.



4-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


8. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасининг маслаҳат поликлиникасига мурожаат қилади.

Бунда, агар зарурат бўлса, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан ёхуд унинг хоҳишига кўра даволаш муассасаси томонидан таржимон жалб этилиши мумкин.

Таржимоннинг хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобидан қопланади.


9. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс даволаш муассасасига тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганда, даволаш муассасаси томонидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси, миллий паспорти ёки чет давлат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар), шунингдек ихтиёрий тиббий суғурта полиси маълумотлари (мавжуд бўлса) кўздан кечирилади ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар тиббий ҳужжатларда (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) ёзма ёки электрон шаклда қайд этилади.


10. Тиббий ёрдам кўрсатишдан олдин чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсдан, шунингдек агар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ўн тўрт ёшга тўлмаган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакилидан тиббий аралашувга ёзма равишда розилик олинади.


11. Тиббий аралашувга розилик чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ёхуд унинг қонуний вакилининг (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ўн тўрт ёшга тўлмаган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса) имзоси, шунингдек беморнинг ихтиёрий розилигини олган шифокор имзоси билан тасдиқланади.


12. Тиббий ёрдам кўрсатишда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс тиббий ёрдам кўрсатилишидан бош тортган тақдирда, бу ҳақда касаллик тарихида қайд этилади.

Бунда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда тиббиёт ходими томонидан унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур.


13. Наркологик касалликларга (сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик) чалинган ёки руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикасининг "Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида"ги ҳамда "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


14. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари) юқумли касалликларга қарши ихтиёрий равишда бепул профилактик эмланиши мумкин.


15. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг тиббий ҳужжатлари (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) давлат тилида тўлдирилади.

Бунда, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг илтимосига кўра, тиббий ҳужжатлар мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ жалб этилган таржимон томонидан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс кўрсатган тилга таржима қилиниши мумкин.


16. Таржима қилинган тиббий ҳужжатлар (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) даволаш муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади ва чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга (ёки қонуний вакилига) топширилади.


17. Даволаш муассасасининг мансабдор шахслари чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишда уларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқларини бузганлик ёки соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


18. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 март































Время: 0.0221
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск