ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Радиациявий хавфсизлик /

Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.03.2022 й. 141-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 28 мартдаги

141-сон қарорига

ИЛОВА



Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини

жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга

рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан (кейинги ўринларда - майдонча) фойдаланишга рухсатнома (кейинги ўринларда - рухсатнома) бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


сақлаш пункти - ядровий қурилмалар сирасига кирмайдиган ҳамда ядровий материалларни ва радиоактив моддаларни сақлаш, радиоактив чиқиндиларни сақлаш ёки кўмиб ташлаш учун мўлжалланган стационар объектлар ҳамда иншоотлар;


эксперт ташкилоти - атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият хавфсизлигини асослаш юзасидан экспертиза қисми бўйича атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга (кейинги ўринларда - лицензия) эга бўлган юридик шахс;


эксперт - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси) томонидан рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тайёрлаш учун жалб қилинадиган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс;


ядровий қурилмалар - атом электр станциялари, тадқиқот ядро реакторлари, критик ва субкритик ядровий стендлари бўлган иншоотлар ҳамда мажмуалар, ядровий ёқилғидан ва ядровий материаллардан фойдаланиш ҳамда уларни ташиш учун мўлжалланган қурилмалар.


3. Рухсатнома майдончадан бир марта фойдаланиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан берилади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тегишли хулосалар тайёрлаш мақсадида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш, рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш учун мазкур соҳада малакали экспертларни ҳам жалб этишга ҳақли.


4. Рухсатнома мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича берилади.


5. Рухсатнома Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда берилади.


6. Рухсатнома ариза берувчи билан бирга фаолият юритаётган, шунингдек, ариза берувчининг таъсисчиларидан бири ҳисобланган юридик шахсларга нисбатан амал қилмайди.



2-БОБ. РУХСАТНОМАНИ БЕРИШ

ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар рухсатномани бериш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

ариза берувчи томонидан майдончадан ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига, амалдаги стандартлар, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормаларга, атроф муҳитни, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши;

ариза берувчида ушбу Низомнинг 3-бобида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги;

юридик шахс қайта ташкил этилиб, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, ариза берувчи (унинг ҳуқуқий вориси) томонидан қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини хабардор қилиш;

рухсатномани бериш, уни қайта расмийлаштириш, шунингдек, қайта тиклаш учун йиғим суммасини тўлаш.



3-БОБ. РУХСАТНОМА ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


8. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

майдончани танлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори;

мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги ариза;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг (ишнинг) хавфсизлигини асослаш юзасидан қоғоз шаклида уч нусхада ҳужжатлар тўплами;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг лойиҳа ҳужжатлари таркибидаги ядровий қурилманинг ва (ёки) сақлаш пунктининг атроф муҳитга радиациявий таъсирини баҳолаш бўйича ҳужжатлар;

ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштиришни асослаш юзасидан техник-иқтисодий асословчи ҳужжатлар;

атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ "ҳаётий" даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастури;

майдончани танлаш жараёнида сифатни назорат қилиш дастури;

мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган йиғим суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

аризага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.


9. Ариза берувчидан мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди, рухсатномани бериш тўғрисидаги аризага илова қилинган ҳужжатларда ҳавола қилинган ҳужжатлар, агар бундай ҳужжатлардан умумий фойдаланиши чекланган ва илгари Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилмаган бўлса, бундан мустасно.


10. Ҳужжатлар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг масъул ходими томонидан илова қилинган ҳужжатлар билан бирга рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


11. Ариза берувчи нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ВА РУХСАТНОМА БЕРИШ


12. Ариза берувчининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Йиғим суммаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади. Ариза берувчи берилган аризадан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим қайтарилмайди.


13. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш жараёнида атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият хавфсизлигини асослаш юзасидан белгиланган тартибда экспертиза ўтказилишини, шунингдек, жойига чиққан ҳолда ариза берувчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури учун шароитларни баҳолашни (текширишни) ташкил этади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига ўн иш кунидан кам бўлмаган муддат берилади. Бунда аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.

Шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ариза берувчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури учун шароитларни баҳолаш (текшириш) натижаларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур кўрсатмалар беради.


14. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси хавфсизликни асослаш экспертизаси хулосаси олинган кундан бошлаб ўн иш кунида экспертиза хулосасини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинган санадан бошлаб хавфсизликни асослаш экспертизаси якунланган ҳисобланади.

Рухсатномани бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг Ҳайъат кенгаши томонидан ариза берувчи тақдим қилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини баҳолаш (текшириш) натижалари, шунингдек, хавфсизликни асослаш экспертизаси хулосаси асосида қабул қилинади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчи ёзма равишда уч иш куни ичида хабардор қилинади.


15. Қуйидагилар рухсатномани беришни рад этиш учун асос бўлади:

рухсатномани бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

ариза берувчининг ушбу Низом 7-бандида кўрсатилган рухсатномани бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги;

хавфсизликни асослаш экспертизаси натижаси бўйича салбий хулоса берилганлиги;

ариза берувчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури учун шароитларни баҳолаш (текшириш) натижалари салбий бўлганлиги.

Ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслик сабабли рухсатнома беришни рад этилишига йўл қўйилмайди.


16. Рухсатномани бериш рад этилган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги хабарномада рад этишнинг аниқ сабаблари ҳамда уларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиш учун хабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлмаган муддат кўрсатилиши лозим. Рухсатномани беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


17. Ариза берувчи томонидан рухсатнома беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф қилинган тақдирда, ариза берувчининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади (хавфсизликни асослаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш муддатлари бундан мустасно).

Ариза берувчининг аризасини қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.


18. Ариза берувчининг аризасини қайта кўриб чиқишда, илгари рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда кўрсатилмаган янги асослар бўйича рухсатнома беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


19. Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарда кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.


20. Ариза берувчи рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.



5-БОБ. РУХСАТНОМАНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

ҚАЙТА ТИКЛАШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, УНИ ТУГАТИШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ


21. Юридик шахс қайта ташкил этилиб, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, ариза берувчи (унинг ҳуқуқий вориси) қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ушбу маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш жараёнида мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


22. Рухсатнома қайта расмийлаштирилгунига қадар ариза берувчи ёки унинг ҳуқуқий вориси ўз фаолиятини Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси қўйилган аризанинг нусхаси асосида амалга оширади.

Рухсатномани қайта расмийлаштиришда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси берилган рухсатномалар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тегишли ҳужжатлар илова қилинган рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда рухсатномани расмийлаштиради.


23. Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ариза берувчининг аризасига кўра қайта тикланади.

Бунда янги рухсатнома Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ариза қабул қилинган кундан бошлаб, шунингдек, рухсатнома яроқсиз ҳолга келиб қолган тақдирда эса, унинг асл нусхаси олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда берилади.


24. Рухсатномани қайта расмийлаштиришда ва (ёки) қайта тиклашда, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда йиғим ундирилади. Йиғим суммаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади.


25. Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

рухсатнома талаблари ҳамда шартларининг бузилганлиги аниқланганда;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори рухсатнома олган юридик шахс томонидан бажарилмаганда.

Рухсатноманинг амал қилиши ўн кунгача муддатга Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан, ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса - суд томонидан тўхтатиб турилади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори рухсатнома эгасига рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай етказилади.

Суднинг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори рухсатнома эгасига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар рухсатнома эгаси томонидан бартараф этиш муддати белгиланиши шарт. Бунда кўрсатилган муддат рухсатнома эгаси рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаслиги керак.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар рухсатнома эгаси томонидан бартараф этилган тақдирда, рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Суднинг рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига қонунда белгиланган тартибда етказилади. Бунда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатноманинг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисидаги маълумотни ўзининг расмий веб-сайтига бир иш кунидан ошмаган муддатда жойлаштиради.

Агар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, рухсатнома эгаси мазкур муддат ўтгандан сўнг Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Рухсатнома эгаси ушбу бандда назарда тутилган рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, суд рухсатномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатнома эгаси олдида кўрилган зарар миқдорида жавобгар бўлади. Бунда суд томонидан рухсатноманинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан рухсатноманинг амал қилиши қайта тикланган деб ҳисобланади.

Рухсатнома эгаси ўз фаолияти вақтинча тўхтатиб турилган тақдирда, рухсатноманинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Агар рухсатнома эгаси рухсатноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ариза билан мурожаат этмаган бўлса, рухсатноманинг амал қилиши тугатилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши керак.


26. Рухсатнома қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

рухсатнома эгаси рухсатномани бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши, шунингдек, янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир ҳаракатларни (фаолиятни) амалга ошириш учун рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши бундан мустасно;

рухсатнома эгаси рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг рухсатномани бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

рухсатнома эгаси томонидан рухсатнома талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса;

рухсатнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Рухсатнома ушбу банднинг иккинчи - учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарорига биноан бекор қилинади.

Рухсатнома талаблари ва шартларини қўпол бузишга қуйидагилар киради:

нохуш ҳодисага, аварияга, инсон саломатлигига ва атроф муҳитга бевосита хавф солишга олиб келадиган ўрнатилган технологик регламентлар, технологик жараёнлар, йўриқномалар ва дастурларни бузиш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг сифати, келиб чиқиши ва ресурс хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс этган назорат, синов натижаларини ва бошқа ҳужжатларни қалбакилаштириш;

рухсатнома эгасининг атом энрегиясидан фойдаланиш объектининг хавфсизлиги ҳолатининг ўзгарганлиги тўғрисида нотўғри, тўлиқ бўлмаган ёки ноаниқ маълумотларни тақдим этиши, бундай маълумотларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этмаслиги;

атом энергиясидан фойдаланиш объектининг ишчиларини танлаш, тайёрлаш, мустақил ишга қабул қилиш ва ходимларнинг малакасини таъминлаш бўйича белгиланган тартибини бузиш;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига рухсатнома эгасининг ҳар қандай қайта ташкил этилиши, жойлашган жойи ёки номи ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотни ўз вақтида тақдим этмаслик.

Рухсатнома ушбу банднинг тўртинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатномани бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай рухсатнома эгасига рухсатномани бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асосларини қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Рухсатнома ушбу банднинг еттинчи хатбошида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, рухсатнома берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Суднинг рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги қарори рухсатнома эгасига ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, рухсатнома эгасига рухсатномани бекор қилиш асосларини қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси бекор қилинган рухсатномалар тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида рухсатномалар реестрига киритади.


27. Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

рухсатнома бериш тартиб-таомили бекор қилинганда;

рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

бажарилиши учун рухсатнома берилган бир марталик ҳаракат бажарилганда;

рухсатнома эгаси томонидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига рухсатноманинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилганда, мазкур муддат ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.

Рухсатноманинг амал қилиши тугатилган ҳолларда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан рухсатноманинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.


28. Рухсат этилган фаолиятни амалга ошириш натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш ёхуд бундай зарар хавфини келтириб чиқариш рухсатноманинг амал қилишини белгиланган тартибда тугатиш учун асос бўлади ва бу рухсатнома бериш талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.



6-БОБ. БЕРИЛГАН РУХСАТНОМАЛАР РЕЕСТРИ


29. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси берилган рухсатномалар реестрини юритади ва уларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


30. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

рухсатнома берилган сана ва рухсатнома рақами;

рухсатномани қайта расмийлаштириш, қайта тиклаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, уни тугатиш ва бекор қилишнинг асоси ва санаси.


31. Реестрдаги маълумотлар юридик ва жисмоний шахсларнинг танишиши учун очиқ бўлади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Рухсатнома бериш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади.


33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш

пунктини жойлаштириш учун майдончадан

фойдаланишга доир рухсатнома бериш

СХЕМАСИ

        

     

Босқичлар

    


   

Субъектлар

     


    

Тадбирлар

      


     

Бажариш муддатлари

    












1-босқич


Ариза берувчи


      

1. Рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ҳужжатларни бевосита ёки почта хизмати орқали ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан электрон шаклда тақдим этади.

      


Ариза берувчининг хоҳишига кўра












2-босқич


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси


     

1. Аризага илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги юзасидан дастлабки баҳолашни амалга оширади.



    

1. Ариза қабул қилгандан сўнг

10 иш куни мобайнида



2. Ҳужжатларни хавфсизлигини асослаш экспертизасидан ўтказишни, шунингдек, жойига чиққан ҳолда ариза берувчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури бўйича шарт-шароитларни баҳолаш (текшириш)ни ташкил этади.



2. Хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказиш тартибида белгиланган муддатларда



3. Хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

   


3. Хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказиш тартибида белгиланган муддатларда

     









3-босқич


Ариза берувчи


     

Хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказиш учун эксперт ташкилотига белгиланган шаклдаги буюртмани

ва техник топшириқни бевосита, унинг олингани тўғрисидаги хабарнома билан бирга почта хизмати орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.

      


Экспертизани амалга ошириш учун техник топшириқ тасдиқлангандан сўнг 5 иш куни мобайнида











Эксперт ташкилоти


    

Белгиланган тартибда хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказади.

     


Тасдиқланган техник топшириқда белгиланган муддатларда












4-босқич


Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси


      

1. Хавфсизликни асослаш экспертизаси хулосасини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.



          

1. 10 иш кунида



2. Рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.



2. 1 иш кунида



3. Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади ва рухсатномани беради.



3. 3 иш кунида



4. Рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ариза берувчига рад этишнинг аниқ сабаблари ва камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма хабарнома юборади (топширади).

      


4. 1 иш кунида









5-босқич


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси


         

Ариза берувчи томонидан рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ариза берувчининг тақдим этган аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилади.

    


Ариза тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда




     

        




Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири

      

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

        

Рухсатнома

       


(рухсатнома номи)

    


(ариза берувчининг номи (Ф.И.О.), идоравий мансублиги,

    


жойлашган жойи)

    


нинг аризасига асосан

         

Вазирлар Маҳкамасининг 20___ йил "___"_________даги ____-сон қарори билан тасдиқланган Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга доир рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ариза берувчига

        


да

(объект, участка номи ва унинг жойлашган жойи)


       


учун

(ҳаракат номи (фаолият тури)


       


берилди

(рухсатнома номи)


      

Махсус шартлар:

       


      


      


      


      

Рўйхат рақами ________________



Берилган вақти 20___ й. " ___" __________.











Ваколатли шахс









(имзо, Ф.И.О.)

М.Ў.









      

    




Низомга

3-ИЛОВА



Рухсатнома олиш тўғрисида

АРИЗА

     


1. Ваколатли орган номи

     

1.1. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси


        


2. Юридик шахс тўғрисида умумий маълумотлар

      

2.1. Тўлиқ номи:


   

2.2. Қисқартирилган номи:


     

2.3. Ташкилий-ҳуқуқий шакли:


     

2.4. Ўзбекистон Республикасидаги почта манзили:

        

почта индекси:


вилоят:


шаҳар:


туман:


кўча:


СТИР:


алоқа телефонлари


         

2.5. Объектнинг Ўзбекистон Республикасидаги жойлашган манзили (агар бир нечта объект мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг жойлашган манзилини шу шаклда мазкур аризага илова тарзида кўрсатиш лозим):

       

почта индекси:


вилоят:


шаҳар:


туман:


кўча:


уй рақами:


электрон почта манзили:


   


3. Юридик шахснинг фаолияти тўғрисида маълумот

         

3.1. Фаолиятнинг асосий тури:

      


      

3.2. Ариза берувчи рухсатнома сўраётган фаолият (ҳаракат) тури:

       


      

3.3. Ишчиларнинг тахминий сони:


та.


        

3.4. Фаолиятни амалга ошириш жойи:


         

3.5. Фаолиятни амалга ошириш муддати:


        


4. Юридик шахснинг раҳбарлари ёки уларнинг қонуний вакиллари

          

4.1. Раҳбар


Қонуний вакил


(кераклиги "Х" белги билан белгиланади)

         

4.2. Фамилияси:


       

4.3. Исми:


       

4.4. Отасининг исми:


       

4.5. Паспорт серияси ва рақами:


       

4.6. Ким томонидан берилган:


       

4.7. Паспортнинг берилган вақти:


4.8. Ишончноманинг берилган вақти:


      

4.9. Почта индекси:


4.10. Вилоят, шаҳар, туман:


      

4.11. Кўча:


4.12. Уй рақами:


     

4.13. Хонадон рақами:




         

алоқа телефони






(иш жойи)


(уяли)


      


5. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига

берилаётган аризанинг мазмуни

        

Мен



(раҳбарнинг Ф.И.О. ва юридик шахснинг номи)

        


шуни

тасдиқлайман (миз)ки, рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳақиқий, рост ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мос келади. Акс ҳолда, ёлғон маълумотлар берганлигим учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўламан (миз). Мазкур аризанинг 3.2. позициясида кўрсатилган фаолият турига рухсатнома беришингизни сўрайман.

      

Аризага илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати:

       

1. Қонуний вакилга берилган ишончноманинг нусхаси




2. Ариза кўриб чиқилгани учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат




3. Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандига асосан бошқа ҳужжатлар




   

        

Ариза бериш санаси 20___ й. "___"__________.

          

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг масъул


ходими имзоси (электрон имзоси)

        

     

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 29 март



















































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск