ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш / Товарнинг божхона қиймати /

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2022 й. 160-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 6 апрелдаги

160-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб

кириладиган товарнинг божхона қийматини

аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


божхона қиймати декларацияси - божхона юк декларациясининг ажралмас қисми бўлиб, товарнинг божхона қиймати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига божхона юк декларацияси билан бир пайтда топшириладиган ҳужжат;


божхона органларига божхона юк декларациясини тақдим этаётган шахс (кейинги ўринларда - декларацияловчи шахс) - божхона органларига божхона юк декларациясини ўз номидан тақдим этаётган декларант ёки божхона юк декларациясини тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига декларант номидан тақдим этишга ваколатли божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ёхуд бошқа шахс;


божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати - товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати;


моддий ташувчи - рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқа тарзда ишлатиш учун қўлланиладиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси;


рақамли дистрибуция - рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобил қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар.


3. Товарнинг божхона қиймати божхона қиймати декларацияси тўлдирган ҳолда товарларни декларациялашда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига маълум қилинади.


4. Товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлашнинг келтирилган усулларига мувофиқ декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинади.


5. Божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан танланган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулининг ва маълум қилинган божхона қиймати ҳисоблаб чиқарилишининг тўғрилигини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг (кейинги ўринларда - Кодекс) 319-моддасига мувофиқ амалга оширади.



2-БОБ. БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ

УСУЛЛАРИ ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


6. Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:

олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда - 1-усул);

айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда - 2-усул);

ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда - 3-усул);

қийматларни чегириб ташлаш асосида (кейинги ўринларда - 4-усул);

қийматларни қўшиш асосида (кейинги ўринларда - 5-усул);

захира усул (кейинги ўринларда - 6-усул).


7. 1-усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланади.

Агар олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллаш мумкин бўлмаса, ушбу Низомнинг 6-банди учинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган усуллар кетма-кетликда қўлланилади. Бунда ҳар бир кейинги усулнинг қўлланилишига, агар божхона қийматини аниқлашда олдингисидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади. 4 ва 5-усуллар тескари кетма-кетликда қўлланилиши мумкин.


8. 1-усул қийматли асосга эга бўлган ташқи савдо битимларига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда қўлланилади.


9. 2 ва 3-усуллар илгари 1-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга доир битим қийматидан божхона қийматини аниқлаш учун асос қилиб олинадиган база сифатида фойдаланишга асосланади. Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан амалда мавжуд бўлган ташқи савдо битимлари нархи ва товарларнинг Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали олиб ўтилиши тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотларни қўллайди.


10. 4 ва 5-усуллар божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришнинг қуйидаги асосларини назарда тутади:

4-усул товарларнинг дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолатда (ёки қайта ишланган ҳолатда, агар қайта ишланганлик ҳолати товарларнинг нархига таъсирини аниқлаш мумкин бўлса) сотиладиган нархга асосланади;

5-усул товар экспортер мамлакатда ишлаб чиқариш ва олиб чиқиш учун кетган харажатлар тўғрисидаги ахборотларга асосланади.

Мазкур усулларнинг қўлланилиши учун зарур бўлган маълумотларни олиш муайян қийинчиликлар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уларнинг кўллаш кетма-кетлиги декларант ёки божхона брокери томонидан ўзгартирилиши мумкин.


11. 6-усул ўзидан олдинги усуллардан ҳеч бирини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаганда қўлланилади. 6-усул бўйича божхона қиймати божхона органларида мавжуд бўлган нарх маълумотлари асосида аниқланади. Божхона органлари божхона қиймати декларациясида мавжуд бўлган ахборотларни йиғиш, умумлаштириш ва тизимлаштиришни таъминлайди.


12. Агар божхона органи товарнинг божхона қийматини мустақил равишда аниқлайдиган бўлса, у 1 - 5-усулларнинг шартларини қўллашда бир мунча қайишқоқликни назарда тутувчи 6-усулдан фойдаланади.



3-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

1-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


13. 1-усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, ушбу Низомнинг 25 ва 26-бандлари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.


14. Божхона қийматини аниқлашнинг 1-усули қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:

а) сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар мустасно;

б) товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилган бўлса;

в) сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);

г) товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига ушбу Низомнинг 25-бандига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;

д) товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;

е) битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.


15. Сотиб олувчининг олиб кириладиган товарларга доир ҳуқуқларига нисбатан муайян чекловлар мавжуд бўлганда 1-усул қўлланилмайди. Шу сабабли 1-усулнинг қўлланилишига имкон бермайдиган чекловларни ва ушбу усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларни аниқ фарқлай билиш зарур.

Қонун ҳужжатларида сотиб олувчининг баҳоланаётган товарга доир ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлганда ҳам 1-усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларнинг фақат учта тури белгиланган:

а) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган чекловлар. Мазкур ҳолатдаги чекловлар, масалан, муайян товарни импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига нисбатан чекловлар ва ҳоказоларни назарда тутади. Жумладан, ядровий, кимёвий, заҳарловчи моддалар, гиёҳвандлик моддалари импорти фақат қатъий чекланган доирадаги шахсларга рухсат этилади;

б) товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар. Мазкур ҳолатда товарнинг қайта сотилиши бўйича алоҳида шахслар учун ҳудудий чекловлар назарда тутилади.

Масалан, сотувчи товарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзининг сотувчиларига сотади ва барча ҳудудни уларнинг ҳар бирида алоҳида сотувчиси бўлган 10 та қисмга бўлади. Бунда сотувчиларнинг ҳар бири товарни фақат муайян ҳудудда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги шарт қўйилади;

в) товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар. Агар нархга жиддий таъсир кўрсатадиган шарт мавжудлиги ҳақида маълум қилинса, унда 1-усулнинг қўлланилиши фақат бундай шарт натижасида нархнинг миқдорий ўзгариши ҳужжатлар асосида белгиланган ҳолдагина мумкин бўлади. Агар нархга миқдорий таъсир қилишни белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, унда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш керак бўлади.

Масалан, сотувчи тиббий жиҳозни сотиб олувчига ундан Ўзбекистон Республикасида фақат хайрия мақсадларида фойдаланади деган шарт билан сотади. Бунда 1-усул қўлланилиши мумкин эмас, чунки сотиб олувчининг товардан фойдаланиш ҳуқуқига нисбатан чеклов мавжуд ва бу хилдаги шарт битим қийматига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усуллари қўлланилиши керак.

Барча чекловларни баҳолашда, уларнинг 1-усулдан фойдаланиши имкониятига таъсири нуқтаи назаридан асосий мезон бўлиб, бу битимнинг қийматига маълум бир шартнинг таъсир даражасидир. Чеклов битим нархига таъсир кўрсатмаса, у 1-усулдан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.

Агар сотиб олувчи ҳуқуқига нисбатан яна қандайдир бошқа чекловлар мавжуд бўлса, унда 1-усул қўлланилмайди.


16. 1-усул қиймат асосига эга бўлмаган ташқи савдо битимларига нисбатан қўлланилмайди. Жумладан:

а) товарнинг бепул етказиб берилиши.

Масалан, сотувчи сотиб олувчига намуна сифатида 5 дона тракторни етказиб берди. Мазкур ҳолатда олди-сотди шартномаси мавжуд эмас;

б) товар консигнация шартларида етказиб берилиши.

Масалан, етказиб берувчи ўз агентига бир туркум полиз маҳсулотларини қулайроқ шартларда сотиш учун етказиб беради. Ушбу ҳолатда агент полиз маҳсулотларини сотиб олмайди, яъни унинг эгасига айланмайди ва полиз маҳсулотларини сотишдан кўрилган фойдани етказиб берувчи олади (агентга унинг сотишга доир харажатлари ва иш ҳақи тўланиши ҳисобга олинган ҳолда);

в) товарни воситачига сотмасдан воситачи орқали товарни етказиб берилиши.

Масалан, юридик шахс бўлган компания Бельгия давлатида жойлашган ва Тошкент шаҳрида ўз номидан фаолият юритмайдиган ўз филиалига эга. Улар ўртасидаги товар етказиб берилиши олди-сотди битими тушунчасига кирмайди;

г) товарнинг айирбошлаш ёки компенсацион операциялар доирасида етказиб берилиши, агар товарлар нархи кўрсатилмаган бўлса;

д) товарнинг ижара шартномаси (лизинг) бўйича етказиб берилиши. Мазкур ҳолатда товарга нисбатан мулк ҳуқуқи ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтмайди, мулкдор товардан фойдаланганлик ҳуқуқи учун фойданинг бир қисмини олади ва товарни муайян вақтдан сўнг унинг эгасига (ижарага берувчига) қайтариб берилиши мумкин;

е) товарнинг вақтинча олиб кириш мақсадида етказиб берилиши.

Масалан, мулкдор (етказиб берувчи) муайян вақтдан сўнг етказиб берувчига қайтарилиши лозим бўлган машинани вақтинча фойдаланиш учун истеъмолчига вақтинча олиб кириш шартларида етказиб беради;

ж) товарни ташқи савдо контрактида (шартномасида, келишувида) назарда тутилган кафолатлар ҳисобига етказиб берилиши.

Масалан, кафолат муддати давомида етказиб берилган ускунанинг алоҳида механизмлари ишдан чиқди. Уларни алмаштириш учун янги деталлар етказиб берилади.


17. Агар битимни тузишда баҳоланадиган товарлар қийматини аниқлашга ва бинобарин, битим қийматининг божхона мақсадлари учун қабул қилинишига тўсқинлик қиладиган шартлар битим шартлари сифатида илгари сурилган бўлса, бундай ҳолатда 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас. Шундай шартлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

сотувчи импорт қилинадиган товарларга нархни сотиб олувчи муайян миқдорлардаги бошқа турдаги товарларни ҳам товарнинг ҳар бир турига нарх кўрсатилмаган ҳолда сотиб олади деган шарт асосида белгилайди.

Масалан, 5 000 пул бирлиги суммасидаги чарм буюмлари етказиб берилмоқда. Етказиб берувчи импорт қилувчининг қиймати номаълум бўлган 2 минг жуфт пойабзални ҳам қўшимча равишда сотиб олишини шарт қилиб қўяди;

импорт қилинадиган товарларнинг нархи худди шундай товарлар сотиб олувчининг импорт қилинадиган товарларнинг сотувчисига сотадиган бошқа товарларнинг нархи ёки нархларига боғлиқ бўлади.

Масалан, сотувчи 1 000 пул бирлиги суммасидаги электр жиҳозларини сотмоқда. Сотиб олувчи эса ушбу сотувчига бундай товарларни ишлаб чиқариш учун релени сотмоқда. Бунда, сотувчи реленинг нархини - 10 000 пул бирлиги деган шартни қўяди. Шундай қилиб, электр ускуналари нархи реле нархининг таъсири "синовидан ўтади";

нарх импорт қилинадиган товарларга алоқаси бўлмаган ҳақ тўлаш шакли асосида белгиланади.

Масалан, импорт қилинадиган товарлар сотувчи тайёр маҳсулотларнинг муайян миқдорини олиш шарти асосида етказиб берадиган ярим тайёр маҳсулотлардан иборат. Сотувчи 10 000 пул бирлигига ёғоч-тахта сотаяпти. Сотиб олувчи ёғоч-тахтадан жами 1 000 дона столни ишлаб чиқаради. Сотувчи шундай шарт қўядики, унда сотиб олувчи ёғоч-тахта учун ҳақ тўлаш ҳисобига 500 та столни етказиб беради, бу ҳолатда столларнинг қиймати аниқланмаган бўлади;

олди-сотди шартномаси фақат ушбу сотувчидан сотиб олиш шартини назарда тутади;

Бундай шартлар мавжуд бўлса, уларнинг битим қийматига таъсир этган ёки этмаганлигини ва бундай таъсирни миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкинлигига ойдинлик киритилиши керак. Фақатгина шартнинг қийматга таъсири миқдорий жиҳатини аниқлаш мумкин бўлса ҳамда маълум қилинган нарх ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх бўлса, 1-усулни қўллаш мумкин.

Бундай ҳолатда битим шартларини кўриб чиқишда, шунингдек, умум қабул қилинган хусусиятга эга бўлган ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча иштирокЧиларига татбиқ этиладиган (ёки уларга тақдим этилиши мумкин бўлган) ва танланган тусдаги ҳамда умум қабул қилинмаган шартларни ҳам фарқлай билиш лозим. Қуйида ташқи иқтисодий фаолиятда мавжуд бўлган, 1-усул қўлланилишига рухсат этилган товар етказиб беришнинг умум қабул қилинган шартлари келтирилган:

етказиб беришнинг барча умум қабул қилинган шартлари (аввало, ИНКОТЕРМСга киритилган етказиб бериш шартлари);

битимларни тузиш ва етказиб беришнинг "экспертни жалб этиш (эксперт хулосаси мавжудлиги) шарти билан харид қилиш", "товарни маълум бир санага қадар етказиб бериш шарти билан харид қилиш" каби умум қабул қилинган шартлари, шунингдек, ташқи савдо операциялари учун умумий бўлиб ҳисобланадиган ва битим нархига таъсир қилмайдиган (товар сонига қараб чегирмалар бериш, мазкур сотувчининг "ишончлилиги" ва ҳ.к. каби) бошқа шартлар. Масалан, агар мазкур сотиб олувчига товарни ҳар доим айнан шу сотувчидан сотиб олганлиги учун қийматидан чегирма қилиниши умум қабул қилинган амалиёт деб ҳисобланадиган бўлса, унда бундай чегирма ва бинобарин битим қиймати тан олиниши керак ва 1-усул қўлланилиши лозим;

сотиб олувчи томонидан сотувчига Ўзбекистон Республикасида тайёрланган техник топшириқлар ёки чизмаларни тақдим этиш;

сотиб олувчи ўз ҳисобидан (эҳтимол, ҳатто сотувчи билан келишган ҳолда) импорт қиладиган товарларни сотиш билан боғлиқ қандайдир ҳаракатларни амалга ошириш, масалан, сотиб олувчи ҳақини тўлайдиган реклама бўйича фаолият.


18. Агар тузилган келишув шартларига кўра, сотиб олувчи товарнинг кейинчалик қайта сотилиши, тасарруф этилиши ёки ундан фойдаланилишидан сўнг тушган тушумнинг бир қисмини сотувчига ўтказиши керак бўлса-ю, лекин, бундай қисм миқдори ёки уни аниқлаш усули шартномада кўрсатилмаган бўлса, 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас.

Агар келишув шартларига кўра, тушумнинг ўтказиладиган қисми миқдорини ҳисоблаб чиқариш мумкин бўлса, унда божхона қиймати икки босқичда аниқланади.

Биринчи босқичда божхона қиймати товар олиб кирилиши вақтида 1-усул билан аниқланади ва унинг эркин муомалага чиқарилиши белгиланган тартибда божхона органининг белгиси қўйилган ҳолда амалга оширилади.

Иккинчи босқичда товарни кейинчалик қайта сотилиши, тасарруф этилиши ёки ундан фойдаланилгандан сўнг декларант ёки божхона брокери олинган тушум миқдори ва сотувчига ўтказиладиган маблағ тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этади.

Ушбу маълумотлар асосида божхона қиймати ва шунга мувофиқ, ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасига тузатишлар киритилади.


19. Декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак. Божхона қиймати декларациясида кўрсатилган сотиб олувчи томонидан ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган суммалар ҳужжатлар асосида тасдиқланган бўлиши шарт.

Бунда, тўловлар бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.

Бевосита тўловлар деганда, Ўзбекистон Республикасининг валюта қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳар қандай шаклда тўғридан-тўғри амалга оширилишини назарда тутса, билвосита тўловлар сотувчи топшириғига кўра ёки учинчи шахслар томонидан амалга оширилиши тушунилади.

Ушбу талабга мувофиқ божхона қиймати фақатгина унинг божхона қиймати декларациясида кўрсатилган ҳамма элементлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, 1-усул билан аниқланиши мумкин, шу жумладан:

битим нархи - тўлаш учун ҳисобварақ-фактура (инвойс) орқали;

битим қийматига қўшимча ҳисобланмалар - тўлов ва товарнинг кузатув ҳужжатлари орқали;

ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) харажатларнинг суммалари - тўлов, товарнинг кузатув ва божхонага доир ҳужжатлар орқали.

1-усул ҳужжатлар асосида тасдиқланмаса қўлланилиши мумкин эмас.

Товарнинг экспорт қилинадиган мамлакатдан божхона чегараси орқали Ўзбекистон Республикасига олиб ўтилиши ва сотиб олувчидан ушбу товар эвазига пуллик ҳисобларнинг (тўловларнинг) қабул қилинган шаклларига мувофиқ тенг миқдордаги пул суммасини ёки товарни олиш учун асос бўладиган қийматга доир баҳолаш ёки унинг ҳисоблаб чиқариш усулини ўз ичига олган ташқи савдо контрактининг (шартноманинг, келишувнинг) мавжудлиги 1-усулни қўллаш шарти бўлиб ҳисобланади.

Масалан, сотиб олувчилар занжири мавжудлигида божхона қийматининг аниқланишини қуйидаги жадвалда кўриш мумкин.

Битим қатнашчилари

Сотувчи

1-сотиб олувчи

2-сотиб олувчи

3-сотиб олувчи

Давлатлар

(А) Хитой

(Б) Канада

(В) АҚШ

(Г) Ўзбекистон

Савдо битими қиймати

10 000 $

15 000 $

20 000 $

?

Товар Хитойдаги сотувчидан Канада ва АҚШдаги сотувчилар орқали Ўзбекистонга олиб кирилади ва эркин муомалага чиқариш учун декларацияланади. Бунда, битим нархи қуйидаги тарзда ўзгаради:

А дан Б гача - 10 000 АҚШ доллари;

Б дан В гача - 15 000 АҚШ доллари;

В дан Г гача - 20 000 АҚШ доллари.

Сотиб олувчилар занжири мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида товарни эркин муомалага чиқарадиган шахснинг харид нархи битим нархи сифатида олинади. Ушбу мисолда "3 (Г)" - сотиб олувчининг 20 000 АҚШ долларига тенг харид нархини битим нархи сифатида қабул қилиш керак.


20. Ўзаро боғлиқ шахслар деганда, куйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

битим тарафлари юридик шахсга биргаликда эгалик қилувчилар бўлса;

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

битим тарафларининг бири битим бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида беш фоизини ташкил этувчи ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса.

Битим тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, бундай ўзаро боғлиқликнинг битим нархига таъсири тўғрисидаги ҳужжат ва маълумотлар декларант ёки божхона брокери томонидан кўрсатилади.

Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасида алоқадорликнинг мавжудлиги битимнинг маълум қилинган қийматини тан олмаслик ва 1-усулни қўллашни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Олиб кириладиган товарга доир битим тарафларининг ўзаро боғлиқлик белгилари мавжуд бўлган тақдирда божхона органи битимнинг амалдаги ҳолатларини ўрганиб чиқиши керак.

Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, ушбу битим божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади. Акс ҳолда, божхона органи декларантга ёки божхона брокерига мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади, агар декларант ёки божхона брокери битимнинг қиймати баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин ёки олиб кирилганидан сўнг ўттиз календарь кун ичида товарнинг олиб кирилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқинлигини исботлай олса:

Ўзбекистон Республикасида ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;

айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг 4-усули бўйича аниқланган божхона қийматига;

айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг 5-усули бўйича аниқланган божхона қийматига.

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган, ушбу банднинг ўн бешинчи - ўн еттинчи хатбошиларида кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:

тижорат шартлари;

миқдори;

ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган харажатлар;

ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса.

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас.

Божхона органлари сотувчи билан сотиб олувчи ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлган ҳолатларни текшириш учун ушбу Низомнинг 9-бобида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширади.


21. Кўриб чиқилаётган битим шартларига мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг 1-усули қўлланилиши мумкинлиги белгилангандан сўнг маълум қилинган қийматга тузатиш киритиш ушбу Низомнинг 25-бандига мувофиқ амалга оширилади.

Божхона қийматини аниқлашнинг бошланғич нуқтаси ҳар доим ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган қийматни, яъни сотиб олувчи сотувчига ҳақи тўланган ҳақиқий харажатларни белгилаш ҳисобланади.

Ҳар қандай ҳолатда битимнинг қийматини тасдиқлаш учун декларант ёки божхона брокери божхона қиймати декларациясини тўлдиришда, ушбу товарга ҳақ тўлаш учун сотувчи томонидан қўйилган ҳисобварақ-фактурани (инвойсни) ҳақи тўланган ёки тўланмаганлигидан қатъи назар тақдим қилиши шарт.

Агар божхона расмийлаштируви вақтида товар ҳақининг тўланиши амалга оширилган бўлса, у ҳолда сотувчи томонидан қўйилган ва сотиб олувчи томонидан ҳақи тўланган ҳисобварақ-фактура (инвойс) тасдиқ сифатида тақдим этилади.

Агар товарни божхона расмийлаштируви вақтида сотиб олувчи сотувчи томонидан қўйилган ҳисоб ҳақи тўланмаган бўлса, унда божхона органига ҳақи тўланмаган ҳисобварақ-фактура (инвойс) тақдим этилади ва унга асосан божхона қиймати декларациясида кўрсатилган сумманинг ҳисобварақ-фактурадаги (инвойсдаги) суммага мувофиқлиги текширилади.

Бундай ҳолда агар шартнома шартлари бўйича фактура қийматидан чегирмалар назарда тутилган бўлса ва божхона расмийлаштируви вақтига қадар ушбу чегирмалар инобатга олинган ҳолда ҳисоб тўланган бўлса, божхона қийматини аниқлаш учун амалда тўланган сумма асос этиб қабул қилинади (яъни чегирмалар инобатга олинади). Божхона органи ушбу тўловни тасдиқловчи банк ҳужжатларини талаб қилиш ҳуқуқига эга, сотиб олувчи эса кўрсатилган ҳужжатларни божхона органига тақдим этиши лозим.

Ҳақи тўланмаган ҳисобларда тўлов шартлари бўйича чегирмалар қабул қилинмайди. Ҳисоб ҳақи тўланиши амалга оширилгандан кейин божхона қийматига тузатишлар киритилиши мумкин.

Ҳисоб бўлмаганда 1-усул қўлланилмайди ва божхона қийматини аниқлашнинг кейинги усуллари орқали бошқа усуллар билан аниқланади. Агар тақдим этилган ҳисобварақ-фактура (инвойс) божхона органида шубҳа уйғотса (қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бўлиши талаб этиладиган муҳрларнинг мавжуд эмаслиги, сотувчи ёки сотиб олувчининг реквизитлари йўқлиги, маълумотларнинг ноаниқ ифодаланиши), божхона органи битим қийматини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни (банк, тижорат ҳужжатлари ва бошқалар) талаб қилиши лозим.


22. Товарнинг божхона қийматини маълум қилишда декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллашни рад этишга асос бўлиб ҳисобланмайди.

Бундай ҳолларда божхона органи ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви), товарнинг кузатув ҳужжатлари, товарнинг ташқи кўринишида (қадоғида, ўрамида ва ҳ.к.) мавжуд бўлган товар ҳақидаги маълумотлар асосида унинг ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати ва бошқа зарур бўлган маълумотларни аниқлаши керак.

Декларант ёки божхона брокери божхона юк декларациясининг тегишли бандида товар тавсифи тўғрисидаги маълумотларни киритиш билан бирга унинг ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган мамлакати ҳақидаги ахборотларни ҳам киритиши шарт.


23. Сотувчи товарга эгалик қилиш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидаги дастлабки сотиб олувчидан бошқа сотиб олувчига ўтказиши божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллашни рад этишга асос бўлмайди.

Бунда, сотувчи янги тақдим этган товарнинг кузатув ҳужжатлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидаги дастлабки сотиб олувчига тақдим этган товарнинг кузатув ҳужжатлари асос сифатида қабул қилинади, бундан сотувчи тижорат шартларини ўзгартирган ҳолатлар мустасно.

Агар декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган қийматни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаса, 1-усул қўлланилмай, божхона қийматини аниқлашнинг кейинги усуллари кетма-кетликда қўлланилади.


24. Божхона кўздан кечируви ёки кўригини ўтказиш жараёнида товарнинг миқдори товар кузатув ҳужжатларида кўрсатилганига нисбатан фарқ аниқланганда, бироқ унинг қиймати божхона қийматини маълум қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар билан тасдиқланса, товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усули қўллашни рад этишга ҳақли эмас.

Бундай товарнинг божхона қиймати олиб кириладиган товарга доир битим доирасида келган туркуми учун тақдим этилган ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар асосида 1-усул билан аниқланиши мумкин.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига (кейинги ўринларда - ТИФ ТН) мувофиқ 3405100000 коди билан таснифланувчи "Оёқ кийим учун крем" товарининг асосий ўлчов бирлиги "кг", сотилиши эса бозорда "дона"да амалга оширилади. Шартномага мувофиқ ушбу товардан 10 000 дона олиб келинган. Божхона кўриги давомида ҳужжатларга мувофиқ 10 000 дона товарнинг оғирлиги 1 000 кг.ни ташкил этиши кўрсатилган бўлсада, 1 200 кг.ни ташкил этди. Мазкур ҳолатда ортиқча чиққан 200 кг. 1 667 донани ташкил этиши аниқланади ва ҳужжатлар билан тасдиқланган 8 333 донаси учун кўрсатилган қиймат асосида 1-усул қўлланилиши мумкин. 1667 дона ортиқча чиққан қисми эса кейинги усулларни кетма-кетликда қўллаш орқали аниқланиши керак.

Товар кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган миқдордаги товарларнинг божхона қиймати, агар улар бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаса, божхона қийматини аниқлашнинг кейинги усуллари кетма-кетликда қўлланилади.


25. Божхона органи битим қийматини декларант ёки божхона брокери тақдим этган ҳужжатларга мувофиқ қабул қилгандан сўнг товарнинг божхона қийматини ҳисоблаб чиқариш учун ундан қўшимча ҳисобланмалар ёки чегирмаларни аниқлаши зарур. Битим қийматининг таркиби товарни етказиб бериш шартларига боғлиқ бўлади.

Қийматга қўшимча ҳисобланмалар сифатида Кодекснинг 304-моддасида белгиланган қуйидаги харажатлар киритилади:

а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:

ташиш қиймати. Ташиш қийматига, агар бу харажатлар етказиб бериш шартларига мувофиқ битимнинг нархига киритилмаган бўлса, товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача ташиш харажатлари киритилади. Бунда, агар ташиш турли хил транспорт воситаларида амалга оширилса, харажатлар ҳар бир транспорт воситаси тури учун ҳисобга олинади.

Ташиш харажатларига шунингдек, фрахт учун қўшимча тўловлар, товарни олиб кирганлик учун тўлов (товар кузатув ҳужжатларини расмийлаштируви учун харажатлар), уларни ташиш вақтида товарларга ишлов бериш харажатлари (товарнинг сақланишини таъминланиши учун керакли ҳароратни, намликни ушлаб туриш, ҳаво айланиши, йўлда ҳайвонларнинг озуқа билан таъминлаш ва муолажа қилиш ва ҳ.к. учун қилинадиган харажатлар) киритилади.

EXW ва FAS етказиб бериш шартларида сотиб олувчи экспорт мамлакатидан олиб чиқишда товарни божхона расмийлаштируви учун сарфланган харажатлари инобатга олинади.

Агар етказиб бериш беғараз ёки сотиб олувчи ўзининг транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, унда транспорт воситаларининг тегишли турлари учун амалда бўлган юкларни ташиш вақтидаги тарифларидан келиб чиқиб ҳисобланган ташиш харажатлари суммаси божхона қийматига қўшилади. Истисно тариқасида, автомобиль транспортида ташиш тарифлари тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда, ташиш қийматига оид ташкилот (жамият)нинг тегишли бухгалтерлик ҳисоблаб чиқариш ҳужжатларига асосан ташиш харажатларининг суммасини белгилашга рухсат этилади;

товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари. Ушбу харажатлар агар улар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган жойигача юзага келган бўлса, божхона қийматига киритилади.

Масалан, агар етказиб бериш шартларига биноан товарни етказиб бериш сотувчининг мажбуриятига кирмаса ва шундан келиб чиқиб, тегишли харажатлар товар қийматига қўшилмаган бўлса, у ҳолда етказиб бериш сотиб олувчининг ҳисобидан амалга оширилади. Товарни йўлда бир транспорт воситасидан бошқа транспорт воситасига қайта юклаш (агарда етказиб бериш турли хил транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса), уларни йўлда бир жойга тушириш ва ҳ.к. каби барча харажатлар божхона қийматига қўшилиши керак;

суғурта қиймати. Суғурта қийматига товарни етказиб бериш билан боғлиқ бўлган суғурталаш харажатлари киради, яъни товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш даврида суғурталаш;

б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:

воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно. Товарни харид қилишдаги воситачилик ҳақлари деганда, сотиб олувчи (комитент) комиссионерга ўзига керакли бўлган товарни топиб бериш ва баҳоланаётган (олиб кирилаётган) товарни сотиб олишда чет элда уни тақдим этиш бўйича тўлаб бериладиган ҳақлар тушунилади;

контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар ТИФ ТНга мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.

Ушбу банднинг "а" - "д" кичик бандларида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

Ушбу бандда кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.


26. Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, агар улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса, чиқариб ташланади:

саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари;

товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.

Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, бундан Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.



4-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

2-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


27. 2-усул божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати қабул қилинишини назарда тутади.


28. Айнан бир хил товар деганда:

баҳоланаётган товар билан физик хусусиятларига, сифатига ва бозордаги қадрига кўра бир хил бўлган;

баҳоланаётган товар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, шу мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун сотилган;

баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни ўша шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади.


29. Агар товарнинг битим қиймати Ўзбекистон Республикасида бажарилган лойиҳалашнинг, тажриба-конструкторлик ишларининг, бадиий безатишнинг, дизайннинг, эскизларнинг ёки чизмаларнинг қийматини ўз ичига олган бўлса, айнан бир хил товар деб ҳисобланмайди.


30. Товарнинг ташқи кўринишидаги жузъий фарқлар, агар бундай товар қолган жиҳатлари билан ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган шартларига мувофиқ бўлса, унга айнан бир хил деб қарашни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

Масалан, бир ҳолатда боғ ва полиз учун инсектицидли пуркагич қисмларга бўлинган ва суюқликсиз (кимёвий моддасиз) етказиб берилади. Иккинчи ҳолатда худди шундай пуркагичлар эса заҳарловчи кимёвий моддалар билан тўлдирилган ва йиғилган ҳолда етказиб берилади.

Пуркагич икки йиғилган қисмдан иборат:

а) насос ва қопқоғига бириктирилган учлик;

б) заҳарловчи кимёвий моддалар учун идиш.

Қисмларга бўлинган пуркагичларни ишчи ҳолатга келтириш учун идиш суюқлик билан тўлдирилади ва қопқоғи беркитилади. Шундай қилиб, ишлатиш учун тайёрланган пуркагичлар таққосласа бўладиган (ўхшаш) ҳолга келиб, ҳар жиҳатдан, шу жумладан, айнан бир хил товарларнинг физик хусусиятлари ва бозордаги қадрини ўз ичига олади, бундан бир мамлакатда у қисмларга ажратилган, бошқасида эса йиғилган ҳолда тақдим этилганлиги мустасно. Йиғишга доир операция айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сифатида кўриб чиқилаётган йиғилмаган ёки йиғилган товарлардаги фарқларнинг бартараф этилишига олиб келади. Шундай қилиб, товарларнинг бир ҳолатда йиғилган ҳолда, бошқа ҳолатда эса - қисмларга бўлинган ҳолда етказиб берилиши уларни айнан бир хил товарлар сифатида кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди.


31. Агар айнан бир хил товар божхона ҳудудига:

баҳоланаётган товар олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида олиб кирилган бўлса;

тахминан ўша миқдорда ва (ёки) ўша тижорат шартларида олиб кирилган бўлса, айнан бир хил товар юзасидан тузилган битимнинг қиймати баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида қабул қилинади.


32. Агар товарни ўша миқдорда ва ўша тижорат шартларида божхона ҳудудига олиб кириш ҳоллари мавжуд бўлмаса, бошқача миқдорда ва бошқа тижорат шартларида олиб кирилган айнан бир хил товарнинг ушбу фарқлар ҳисобга олиниб битимнинг нархига тузатишлар киритилган ҳолдаги қийматидан фойдаланиш мумкин.


33. Агар айнан бир хил товар учун ушбу Низомнинг 25-банди учинчи хатбошисининг "а" кичик бандида кўрсатилган харажатларнинг қиймати баҳоланаётган товар учун шундай харажатларнинг қийматидан масофа ва транспортнинг турларидаги тафовут туфайли анча фарқ қилса, айнан бир хил товарга доир битимнинг қийматига кўра аниқланадиган божхона қийматига тегишли тарзда тузатишлар киритилиши керак.


34. Баҳоланаётган товарнинг божхона қийматига тузатишлар киритиш декларант ёки божхона брокери томонидан тўғри ва ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар асосида амалга оширилиши лозим.

Масалан, Хитой давлатидан "LG" кир ювиш машинаси олувчи "X" томонидан бепул импорт қилинади. Худди шу турдаги машина Корея Республикасидан сотиб олувчи "Y" томонидан савдо келишувига мувофиқ импорт қилинади.

Товар

Жўнатувчи давлат

Товар номи, қиймати ва миқдори

Импортер

"А"

Етказиб берувчи

(Хитой Халқ Республикаси)


Бепул етказиб бериш "LG" кир ювиш машиналари (10 дона)

Олувчи

(X)

"Б"

Сотувчи

(Корея Республикаси)

Айнан бир хил товарни етказиб бериш бўйича савдо битими

(100 дона) Божхона қиймати = 2 450 АҚШ доллари

Сотиб

олувчи

(Y)

"А" товар учун 1-усулни қўллаш мумкин эмас, чунки товарни олиб кириш учун савдо битими мавжуд эмас. "Б" товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун 1-усул қўлланилган. Олувчи "X" ва сотиб олувчи "Y" томонидан олиб кирилган кир ювиш машиналари айнан бир хил товарлар ҳисобланади. "Б" товарнинг божхона қиймати 1-усулда аниқланганлиги сабабли, уни бепул етказиб бериладиган товарларга, уларнинг миқдорига қараб зарур тузатишлар киритилган тарзда 2-усул билан аниқлаш учун фойдаланиш мумкин.


35. 2-усулни қўллашда айнан бир хил товарга доир бир нечта битим аниқланса, баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун баҳоси энг паст бўлган айнан бир хил товарга доир битим қўлланилади.


36. 2-усулни қўллашда баҳоланаётган товар учун илгари расмийлаштирилган айнан бир хил товарнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланилаётган бўлса ва бундай товар расмийлаштирилган божхона юк декларациясида уларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилган бўлса, божхона органи бундай божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишни рад этишга ҳақли эмас.

Мазкур қоидалар 2-усул билан баҳоланаётган товар бўйича расмийлаштирилган божхона юк декларациясида товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилиб, асос сифатида фойдаланилаётган товарнинг келиб чиқиш мамлакати маълум бўлган божхона қийматига ҳам татбиқ этилади.

Бунда товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашда ушбу Низомнинг 22-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қоидалари қўлланилади.


37. 2-усулни кўллашда божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этилган (бундай товарларнинг божхона қиймати 1-усул билан аниқланган бўлса ҳам) ёки товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаганлиги сабабли шартли чиқариб юборилган товарларнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

3-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


38. 3-усул божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати ушбу бобда кўрсатилган шартларга риоя этган ҳолда асос сифатида қабул қилинишини назарда тутади.


39. Ўхшаш товар сифатида:

баҳоланаётган товар билан ҳар жиҳатдан бир хил бўлмаса-да, у билан ўхшаш хусусиятларга эга бўлганлиги ва таркиб жиҳатдан ўхшашлиги туфайли бир хил вазифаларни бажара оладиган ҳамда тижорат нуқтаи назаридан, шу жумладан сифати, бозордаги қадри, товар белгисининг мавжудлигига кўра унинг ўрнини боса оладиган;

баҳоланаётган товар олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида олиб кирилган;

баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун сотилган;

баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади. Баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар мавжуд бўлмаган тақдирда бошқа шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар қабул қилинади.


40. Агар битимнинг қиймати Ўзбекистон Республикасида бажарилган лойиҳалашнинг, тажриба-конструкторлик ишларининг, бадиий безатишнинг, дизайннинг, эскизларнинг ёки чизмаларнинг қийматларини ўз ичига олса, товар ўхшаш товар деб ҳисобланмайди.


41. 3-усулдан фойдаланилаётганда ушбу Низомнинг 31 - 37-бандлари қоидалари қўлланилади.


42. 3-усулдан фойдаланишда 2-усулни қўллашдаги каби тамойиллар қўлланилади.

Масалан, бир-бирига ўхшаш чегараларга эга резина шиналар бир мамлакатда жойлашган икки хил ишлаб чиқарувчилардан импорт қилинмоқда. Ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўз савдо белгисидан фойдаланишига қарамасдан резина шиналар бир хил стандартларга, сифатга ва бир хил қадрга эга ҳамда импорт қилувчи мамлакатнинг автомобиль саноатида фойдаланилади. Ушбу маълумотлар асосида қуйидагича хулосалар чиқарилиши мумкин:

а) ушбу резина шиналар турли савдо белгиларига эга бўлганлиги сабабли уларни айнан бир хил товарлар сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас;

б) шу билан бирга, гарчи бу шиналар ҳар жиҳатдан бир хил бўлмаса-да, улар ўхшаш функцияларни бажаришга имкон берадиган ўхшаш хусусиятларга ва таркибий материалларга эга. Товарларнинг бир хил стандартларни ҳисобга олиб ишлаб чиқарилганлиги, сифати ва бозордаги қадри жиҳатидан бир хиллиги ва савдо белгисига эга эканлиги сабабли уларни ўхшаш товарлар сифатида кўриб чиқиш керак бўлади.


43. Тузатишлар киритишга нисбатан қўйиладиган талаблар 2-усул бўйича тузатишлар киритишга қўйиладиган талаблар сингари бўлади.

Масалан:

Товар

Жўнатувчи давлат

Товар номи, қиймати, миқдори ва етказиш санаси

Импортер

"А"

Етказиб берувчи

(Хитой Халқ Республикаси)

Бепул етказиб бериш (кафолат ҳисобига) "Samsung" кир ювиш машинаси - 10 дона (етказиб бериш санаси 01.01.2020 й.)

Олувчи

(X)

"Б"

Сотувчи

(Корея Республикаси)

Ўхшаш товарни етказиб бериш бўйича савдо битими "LG" кир ювиш машинаси - 1000 дона;

Божхона қиймати = 245 000 АҚШ доллари (етказиб бериш санаси 05.10.2019 й.)

Сотиб олувчи

(Y)

"В"

Сотувчи

(Хитой Халқ Республикаси)

Ўхшаш товарни етказиб бериш бўйича савдо битими "Koning" кир ювиш машинаси - 20 дона;

Божхона қиймати = 4 300 АҚШ доллари (етказиб бериш санаси 20.11.2019 й.)

Сотиб олувчи

(W)

"Г"

Сотувчи (Германия)

Ўхшаш товарни етказиб бериш бўйича савдо битими "Bosch" кир ювиш машинаси-1500 дона;

Божхона қиймати = 450 000 АҚШ доллари (етказиб бериш санаси 25.12.2019 й.)

Сотиб олувчи

(Z)

     

Ушбу ҳолатда айнан бир хил бўлмаган товарлар тақдим этилган, чунки товарлар турли савдо белгисига ва ташқи безакларидаги туб фарқларга эга. Бунда бир хил хусусиятларга эга ва бир хил материаллардан тайёрланган ўхшаш товарлар назарда тутилмоқда. Савдода улар ўзаро бир-бирининг ўрнини босади.

"Б", "В" ва "Г" позициялардаги товарлар 1-усул бўйича аниқланган божхона қийматига эга.

"А" позициядаги товар учун 1-усул қўлланилмайди, чунки сотиб олиш ҳолати мавжуд эмас. 2-усул ҳам қўлланилмайди, чунки айнан бир хил товарларнинг божхона қиймати мавжуд эмас. Шундай қилиб, мазкур ҳолатда 3-усул қўлланилиши лозим. "Б", "В", "Г" позициялардаги товарларнинг божхона қиймати аниқланганлиги сабабли уни бепул етказиб берилган "А" позициядаги товарнинг божхона қийматини ҳисоблаб чиқариш учун асос сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Бироқ, ушбу ҳолатда ўхшаш товарларга доир 3 та битимдан энг паст нархга эга бўлганини танлаш зарур. Бундай ҳолатда "В" позициядаги етказиб берилгани энг мақбули бўлади, чунки товар бирлигининг нархи 215 АҚШ долларидан иборат. Шундай қилиб, зарур тузатишлар киритилгандан сўнг, "А" позициядаги етказиб берилган товарни баҳолаш учун "В" позициядаги товарнинг божхона қийматидан фойдаланиш керак.

Агар декларант ёки божхона брокери ихтиёрида айнан бир хил ва ўхшаш товарларнинг божхона қиймати тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш лозим.



6-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

4-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


44. 4-усул баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида:

божхона ҳудудида дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолатда;

баҳоланаётган товар божхона ҳудудига олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида катта миқдорларда (бир нечта туркумларда);

шундай товарни сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган шахсга сотилаётган, баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар бирлигининг нархи қабул қилинишини назарда тутади.


45. Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар бирлигининг нархидан қуйидаги харажатлар чегириб ташланади:

тўланадиган ёхуд тўлашга келишилган воситачилик ҳақи ёки фойда учун устамалар ҳамда олиб кирилган ўша классдаги ва турдаги товарни божхона ҳудудида сотиш билан боғлиқ бўлган умумий харажатлар;

товарларни олиб кириш ёки сотиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасида тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва бошқа тўловларнинг суммалари;

божхона ҳудудида транспортда ташиш, суғурталаш, юклаш ва тушириш учун сарфланган харажатлар.


46. Ўша классдаги ёки турдаги товар иқтисодиётнинг муайян тармоғи маҳсулотига тааллуқли бўлган товарлар гуруҳини, шу жумладан айнан бир хил ва ўхшаш товарларни англатади.


47. Ички бозорда товарнинг сотилиш нархини танлашда кўрилаётган товарнинг импорт қилинганидан кейинги биринчи тижорат босқичидаги нархини, яъни олиб кирилган товарнинг биринчи марта қайта сотилишидаги нархини ҳисобга олиш керак бўлади.


48. Божхона қиймати белгиланиши лозим бўлган товар гуруҳини танлаш қуйидаги жадвалда келтирилган.

Сотувлар ҳажми

Бир бирлик нархи

Сотилганлар сони

Ушбу нарх бўйича сотилган умумий миқдор

1 - 10 та бирлик

100

3 та бирликдан 5 та сотилган

5 та бирликдан 10 та сотилган

65

11 - 25 та бирлик

95

11 та бирликдан 5 та сотилган

55

25 тадан ортиқ бирлик

90

30 та бирликдан 1 та сотилган

50 та бирликдан 1 та сотилган

80

         

Бир нарх бўйича сотилган товарнинг энг кўп миқдори 80 тани ташкил этади, шундай қилиб, энг кўп жамланган туркумдаги товар бирлигининг нархи 90 га тенг бўлади.

Товарнинг сотиш нархидан божхона қийматини аниқлаш учун ушбу Низомнинг 45-бандида кўрсатилган харажатларнинг товар бирлигига тегишли қисмини чиқариб ташлаш керак. Масалан, бу, 18 пул бирлиги - савдо устамаси, 5,4 пул бирлиги - божхона божлари ва солиқлар, 0,6 пул бирлиги - транспорт харажатлари бўлсин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган ва товар бирлигига тўғри келадиган барча харажатларнинг жами суммаси 24 пул бирлигини ташкил этади. Товар бирлиги нархи 90 дан 24 пул бирлигини чиқариб ташлаш зарур. Шундай қилиб, товар бирлигининг божхона қиймати 66 пул бирлигини ташкил этади. Божхона қийматини олиб кириладиган товарлар миқдорига тузатиш киритиб, баҳоланаётган товарлар туркумининг божхона қийматини аниқлаш мумкин.


49. 4-усул бўйича божхона қийматини аниқлаш мақсадида фойдаланиш учун товар бирлиги нархини белгилашда импорт қилинадиган мамлакатда сотувчига товар ва хизматларни товарлар ишлаб чиқарилиши ва уларнинг импорт қилинадиган мамлакатга экспортга сотилиши муносабати билан фойдаланиш учун бевосита ёки билвосита бепул ёки камайтирилган нарх бўйича етказиб беришни амалга оширадиган шахсга қандайдир сотилиши эътиборга олинмаслиги керак.


50. Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин тўқсон календарь кун ичида сотилганлиги фактлари мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 44 ва 45-бандлари қоидалари инобатга олинган ҳолда баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар бирлигининг қайси нархи бўйича Ўзбекистон Республикасида энг катта туркумда, ўзгармас ҳолатда, баҳоланаётган товар олиб кирилган кунга энг яқин муддатда, лекин баҳоланаётган товар олиб кирилган кундан эътиборан тўқсон кундан кечиктирмай сотилаётган бўлса, ўша нарх қабул қилинади.


51. Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона ҳудудида ўзгармас ҳолатда сотилганлиги фактлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда баҳоланаётган товарнинг божхона қиймати товарга кейинчалик ишлов берилганидан кейин олинган, шундай товарни сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган шахсга божхона ҳудудида энг катта миқдорда сотиладиган маҳсулот бирлигининг нархи асосида, декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра аниқланади. Бунда товарнинг божхона қийматига ушбу Низомнинг 45-бандида назарда тутилган тузатишлар киритилади.



7-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

5-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


52. 5-усул баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида товарнинг қуйидагиларни қўшиш орқали ҳисоблаб чиқарилган нархи қабул қилинишини назарда тутади:

а) баҳоланаётган товарни тайёрлашда сарфланган материалларнинг қиймати ҳамда ишлаб чиқариш ва (ёки) ишлов бериш харажатлари;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида акс эттирилмаган умумий харажатларнинг ҳажми ва баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган айни ўша классдаги ва турдаги товарни Ўзбекистон Республикасида сотишда одатда экспорт қилувчи томонидан олинадиган фойда;

в) ушбу Низомнинг 25-банди учинчи хатбошисининг "а" кичик бандида кўрсатилган харажатлар.


53. 5-усул бўйича божхона қиймати фақат Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олинган ҳужжат ва маълумотлар асосида аниқланади. Қоидага кўра, товарни ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясидан ташқарида бўлади. Шу сабабли 5-усулдан фойдаланиш одатда шундай шартлар билан чекланган бўладики, улар сотиб олувчи билан сотувчи ўзаро боғлиқ бўлади ва ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон Республикасининг божхона органига ушбу Низомнинг 52-бандида кўрсатилган зарур маълумотларни тақдим этишга тайёр бўлади.


54. Божхона қийматини аниқлаш мақсадида товар ишлаб чиқарувчиси томонидан тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар унинг мамлакатида ишлаб чиқарувчининг розилиги билан ва манфаатдор мамлакат ҳукумати олдиндан етарли даражада хабардор қилинганлиги ва у бундай текширувга қарши эътироз билдирмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси вакиллари томонидан тасдиқланиши мумкин.


55. Баҳоланадиган товарни тайёрлашда материаллар қиймати ҳамда ишлаб чиқариш ва (ёки) қайта ишлашга сарфланадиган харажатлар, ишлаб чиқарувчи томонидан ёки унинг номидан тақдим этилган баҳоланган товарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжат ва маълумотлар асосида аниқланиши керак. Бундай ҳисоботлар товар ишлаб чиқарилган мамлакатда қўлланиладиган ҳисобга олишнинг умумий қабул қилинган тамойилларига мувофиқ келадиган шарт билан, улар ишлаб чиқарувчининг тижорат ҳисоботларига асосланиши керак.


56. Умумий харажатлар ҳажми ушбу Низомнинг 52-банди "а" кичик бандида акс эттирилмаган товарнинг ишлаб чиқарилиши ва экспортга сотилишига доир бевосита ва билвосита харажатларни қамраб олиши керак.


57. Агар импорт қилинадиган товар учун қўлланилган 1 - 4 усуллар божхона қийматини аниқлаш имконига олиб келмаса, у ҳолда хорижий ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган калькуляция ҳужжатлари асосида божхона қийматини аниқлаш имконияти мавжуд бўлиб, бунда қуйидаги харажатлар, масалан, материал учун харажатлар, умумий (қўшимча) харажатлар, олиб кириладиган товарнинг ҳисоблаб чиқарилган қиймати бўйича божхона қиймати қўшилиши керак. Шубҳа туғилган ҳолатларда, ушбу Низомнинг 54-бандида назарда тутилган шартларга риоя қилинган ҳолда калькуляция ҳужжатлари текширилиши мумкин.


58. Экспортер томонидан олинадиган фойда миқдори товарни Ўзбекистон Республикасига сотишда баҳоланаётган товар билан ўша синфдаги ёки турдаги, келиб чиқиш мамлакати худди шу бўлган ишлаб чиқарувчи томонидан ёки унинг номидан тақдим этиладиган ҳужжат ва маълумотлар асосида аниқланиши лозим. Ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг экспорт мамлакатидаги ишлаб чиқарувчилар товарларни импорт мамлакатига олиб чиқиш учун амалга оширадиган, баҳоланаётган товарлар синфидаги ёки шу турдаги товарларнинг сотилишидаги кўрсаткичларга мувофиқлигига эътибор қаратиш зарур.


59. Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотларни таҳлил этишда, шуни қайд қилиш керакки, "фойда ва харажатлар миқдори" бир бутун сифатида кўриб чиқилиши лозим. Бундан шу келиб чиқадики, агар бирон-бир алоҳида ҳолатда ишлаб чиқарувчи фойдасининг миқдори унчалик катта бўлмаса ҳамда унинг умумий харажатлари юқори бўлса, унда унинг фойдаси ва бирга олинган умумий харажатлари, одатда шундай синфдаги ёки турдаги товарлар сотилишида акс этадиган бундай кўрсаткичларга мувофиқ келиши мумкин. Бундай вазият, масалан, маҳсулот импорт мамлакатидаги бозорга чиққанда ва ишлаб чиқарувчи ушбу бозорни ўзлаштириш билан боғлиқ юқори умумий харажатларни қисман шунинг ҳисобига қоплаш учун фойдани ноль ёки паст даражани қабул қилганда вужудга келиши мумкин.


60. Агар ишлаб чиқарувчи алоҳида тижорат ҳолатлари туфайли импорт қилинадиган товарларни сотилишидан фойда олаётганлигини кўрсата олса, унда унинг фойданинг амалдаги кўрсаткичларини оқлаш учун жиддий тижоратга доир далиллари мавжуд бўлиб, унинг нархларга оид сиёсати саноатнинг ушбу тармоғидаги оддий нарх сиёсатини акс эттириши шарти билан бундай кўрсаткичларни эътибор учун қабул қилиш керак бўлади. Бундай вазият, масалан, ишлаб чиқарувчи талабнинг кутилмаганда пасайиб кетиши натижасида нархни пасайтиришга мажбур бўлганида ёки у импорт қиладиган мамлакатида ишлаб чиқариладиган товарлар тоифасини тўлдириш тартибида сотадиган ва ўзининг рақобатга бардошлилигини сақлаб қолиш мақсадида кам фойдага рози бўладиган ҳолда вужудга келиши мумкин.


61. Ушбу Низомнинг 25-банди учинчи хатбошисининг "а" кичик бандида кўрсатилган харажатларга қуйидаги товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар киради:

ташиш қиймати;

товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;

суғурта қиймати;

Ушбу харажатлар ҳам ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.


62. Божхона қийматини 5-усул билан аниқлаш мақсадлари учун ишлаб чиқарувчи томонидан ёки унинг номидан тақдим этиладигандан ташқари ҳужжат ва маълумотлардан фойдаланилаётган бўлса, божхона органи бундай ахборотларнинг манбасини, фойдаланилган маълумотлар ҳамда улар асосида амалга оширилган ҳисоботлар тўғрисида декларант ёки божхона брокерини, агар у бу ҳақда сўраса, хабардор қилиши шарт.


63. Божхона қийматини 5-усул билан аниқлашда ҳеч қандай харажатлар ва материалларнинг қиймати икки маротаба ҳисобга олинмаслиги керак.



8-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

6-УСУЛ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ


64. Агар товарнинг божхона қийматини ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган божхона қийматини аниқлаш усулларини кетма-кетликда қўллаш натижасида декларант ёки божхона брокери томонидан аниқлаш мумкин бўлмаса, баҳоланаётган товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлаш усулларининг муддатларни қўллаш, товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини, айнан бир хиллигини ёки ўхшашлигини аниқлашга доир талабларини бир мунча қайишқоқлик билан қўллаш орқали аниқланади.


65. 6-усулни қўллашда божхона органи декларант ёки божхона брокерига ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этади. Божхона органи захира усулни тўғри қўллаш мақсадида шундай ахборотни йиғиб боради.

Бунда божхона органи божхона расмийлаштируви жараёнида декларант ёки божхона брокерига ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотни электрон тарзда тақдим этилишини таъминлайди.


66. Қуйидагилар божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборот ҳисобланади:

божхона юк декларациялари электрон база маълумотлари;

муқобил манбаларидан олинган нархлар (масалан, ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, биржа котировкалари, прайс-варақлардан, улар уюшмалари ёки бирлашмаларининг йиғма нарх маълумотномаларидан, товарларни ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар ваколатхоналарининг, уларнинг расмий рўйхатдан ўтказилган дилерлари ёки дистрибьюторларининг маълумотларидан, давлатлараро маълумот алмашинуви йўлга қўйилган давлатлардан олинган нарх маълумотлари, баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибдаги баҳолаш ҳисоботлари, ички бозорни ўрганиш далолатномалари, шунингдек, нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нарх тўғрисидаги маълумотларнинг бошқа ишончли манбалари).


67. 6-усулдан фойдаланишда ҳужжатлар билан тасдиқлашга доир талаблар қуйидагиларни бошқа усулларга нисбатан бир мунча қайишқоқликка йўл қўяди:

жаҳон нархларига доир, ички бозордаги нархларига доир ахборот маълумотномаларидан фойдаланишни;

воситачилик ҳақлари, чегирмалар, фойдалар, транспорт тарифлари умум қабул қилинган даражаларининг статистик маълумотларидан фойдаланиш.

Бунда баҳоланаётган товарларнинг етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда маълумотларга тегишли тузатишлар киритилиши шарт.


68. Товарнинг божхона қийматини 6-усулда аниқлаш учун асос сифатида қуйидагилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди:

а) Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ўхшаш товарнинг сотилиш нархидан;

б) икки ва ундан ортиқ муқобил қийматларнинг энг юқори қийматидан;

в) экспорт қилувчи мамлакатнинг ички бозоридаги товар нархидан;

г) божхона қийматини аниқлаш учун қийматларни қўшиш усулини қўллашда фойдаланилмайдиган ишлаб чиқариш чиқимларидан;

д) экспорт қилаётган мамлакатдан учинчи мамлакатларга етказиб берилаётган товарнинг нархидан;

е) энг паст божхона қийматларидан;

ж) товарнинг ўзбошимчалик билан белгиланган ёки тўғри тасдиқланмаган нархидан.

Ушбу банднинг "б", "е" ва "ж" кичик бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб, товарнинг божхона қийматини 6-усул билан аниқлашда божхона органи ўртача божхона қийматига асосланиши керак.


69. Қуйидагилар усулларда белгиланган қоидаларни қўллашда йўл қўйилиши мумкин бўлган оқилона қайишқоқ ёндашувига мисоллар бўла олади:

а) айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга нисбатан қайишқоқлик қуйидагилар юзасидан йўл қўйилиши мумкин:

олиб кириш муддатларига нисбатан;

баҳоланиши лозим бўлган товарни экспорт қилувчи мамлакатдаги бошқа ишлаб чиқарувчи, шунингдек, экспорт қилувчи мамлакатдан бошқа бир ўзга мамлакатда ишлаб чиқарилган олиб кирилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида фойдаланганда;

илгари 4 ва 5-усуллар билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона қийматидан фойдаланилганда.

б) 4-усулга нисбатан қайишқоқлик қуйидагилар юзасидан йўл қўйилиши мумкин:

ички бозорда товарни сотиш муддатларига нисбатан;

қандай ҳолда импорт қилинганлигига, яъни муайян қайта ишлашга йўл қўйилганлигига нисбатан.


70. Божхона органи божхона қийматини аниқлашнинг 2 ёки 3-усул асосидаги 6-усулни қўллашда баҳоланаётган товар учун илгари расмийлаштирилган айнан бир хил товарнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланилаётган бўлса ва бундай товар расмийлаштирилган божхона юк декларациясида уларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилган бўлса ёки 2 ёхуд 3-усул асосидаги 6-усул билан баҳоланаётган товар бўйича расмийлаштирилган божхона юк декларациясида товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилиб, асос сифатида фойдаланилаётган товарнинг келиб чиқиш мамлакати маълум бўлса, бундай усуллар билан божхона қиймати аниқлашда ушбу Низомнинг 36-банди қоидалари қўлланилади.


71. 2 ёхуд 3-усул асосидаги 6-усулни қўллашда божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этилган (бундай товарларнинг божхона қиймати 1-усул билан аниқланган бўлса ҳам) ёки товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаганлиги сабабли шартли чиқариб юборилган товарларнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.


72. Божхона органи божхона қийматини аниқлашнинг 4-усул асосидаги 6-усулни қўллаш учун ушбу Низомнинг 44 - 51-бандлари ва 69-бандининг "б" кичик банди қоидаларига мувофиқ ички бозорда шаклланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг нархларини савдо ҳудудларига чиқиш ёки муқобил манбалар орқали ўрганади ва ўрганишни ваколатли шахс ҳамда декларацияловчи шахсларни жалб этган ҳолда амалга оширади. Зарурият туғилган ҳолларда божхона органи ваколати доирасида мазкур ўрганишга бошқа шахс ва экспертларни ҳам жалб этиши мумкин.


73. Ўрганиш якунлари бўйича иштирокчилар томонидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ далолатнома тузилади. Далолатномага нархлари ўрганилган товарларнинг фотосуратлари, муқобил манбалардан олинган маълумотлар илова қилиниши мумкин.


74. Далолатномага қуйидаги маълумотлар киритилади:

ўрганиш иштирокчиларининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва лавозими;

ўрганиш санаси;

ўрганиш амалга оширилаётган ҳудуд номи ва манзили (бозор ва (ёки) савдо дўкони), агар муқобил манба ахборотлари асосида ўрганилаётган бўлса, у тўғрисида маълумот (масалан, интернет сайти манзили ва ҳ.к.);

товарнинг номи (маркаси, модели ва ҳ.к.);

товар бирлигининг ички бозорда сотилиш қиймати;

товар бирлигининг ички бозорда сотилиш миқдори;

товарнинг ички бозорда сотилишдаги ўлчов бирлиги;

товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўлчов бирлиги.

Далолатнома ўрганиш иштирокчилари имзоси билан тасдиқланиши керак.

Агар ички бозорда товарларнинг сотилиши бевосита бозор ёки савдо дўконлари жойлашган ҳудудга чиқиш орқали ўрганилаётган бўлса, бундай ҳолда бозор ва (ёки) савдо дўкони сотувчиси ҳам имзолайди, акс ҳолда далолатномада бу учун ажратилган банд тўлдирилмайди.


75. Ички бозордаги айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг нархлари бўйича товарнинг божхона қиймати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ иқтисодий-математика усулларини кўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқариш асосида аниқланади.


76. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сарфланган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, 4-усул асосидаги 6-усул билан божхона қийматини аниқлаш учун баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ эксперт баҳолаш қўлланилишига йўл қўйилади. Бунда товар бирлигининг божхона қиймати аниқланиб, кейинчалик бутун туркумнинг божхона қиймати қайта ҳисоблаб чиқарилади.


77. Баҳолаш ҳисоботида товарнинг нархи ички бозорда шаклланган нарх асосида баҳоланган бўлса, товарнинг божхона қиймати ушбу Низомнинг 75-банди қоидалари қўлланилади.


78. Агар эксперт баҳолаш ҳисоботида нархлар ички бозорда шаклланган нархлардан бошқа муқобил манба ахборотларидан олинган нархлар асосида баҳоланган бўлса, иқтисодий-математика усуллари қўлланилмаган ҳолда бундай нарх божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида қабул қилиниб, божхона қийматига товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар қўшилади.


79. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш учун мазкур ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкин.


80. Божхона органи ушбу Низомнинг 64 - 79-бандларига мувофиқ аниқланган товарнинг божхона қиймати ҳамда шундай қийматни аниқлаш учун фойдаланилган усул тўғрисида декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра унга ёзма ёхуд электрон шаклда хабардор этади.



9-БОБ. СОТУВЧИ БИЛАН СОТИБ ОЛУВЧИ ЎРТАСИДА

ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИК МАВЖУД БЎЛГАН ҲОЛЛАРНИ

ЎРГАНИШ ВА БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


81. Сотувчи ва сотиб олувчининг ўзаро боғлиқлиги мавжуд бўлган ҳолларда божхона органи қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

аввал ушбу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси билан битимлар мавжудлиги ва улар юзасидан бирон-бир эътирозлар бўлганлигини текшириш;

божхона органида мавжуд бўлган мазкур битимга бевосита ёки билвосита тегишли бўлган ахборотни таҳлил этиш.

Божхона органлари зарур ахборотга эга бўлгач, ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар юзасидан тузилган битимлар ёхуд 4 ёки 5-усуллар билан аниқланган божхона қиймати билан мустақил равишда назоратли таққослашларни амалга ошириши мумкин. Агар бундай ахборот ўзаро боғлиқлик битим қийматига таъсир қилмаган деб хулоса чиқариш учун етарли бўлган тақдирда маълум қилинган қиймат божхона органи томонидан декларантдан ёки божхона брокеридан қўшимча ахборотни сўрамасдан қабул қилинади ва божхона қийматини аниқлаш учун 1-усул қўлланилади. Кейинги текширув (таҳлил) ўтказилмайди;

ўзаро боғлиқликнинг товар қийматига таъсирини таҳлил этиш.

Текширув (таҳлил) жараёнида сотувчи билан сотиб олувчининг тижорат муносабатларининг хусусияти ва ташкил этилиши, товарни сотиш шартлари, буюртмалар қай тарзда берилганлиги, товар қиймати қандай ҳисоблангани, нархнинг қандай белгилангани ва ҳисобварақ-фактурага киритилганлиги, ҳақ тўлаш қай тарзда амалга оширилгани, тўловларнинг қандай ўтказилганлиги ва ҳ.к.лар кўриб чиқилади.

Агар текширув (таҳлил) жараёнида сотувчи билан сотиб олувчи гарчи ўзаро боғлиқ шахслар бўлса-да, уларнинг бир-биридан товарларни сотиб олиш ва сотиш улар ўртасида бундай ўзаро боғлиқлик бўлмаган ҳолда содир этилганлиги аниқланса, унда бундай ўзаро муносабатлар қийматга таъсир этмаган бўлади. Масалан, агар қийматнинг ушбу саноат тармоғидаги нархни белгилашга доир оддий амалиётга мувофиқ ёки сотувчининг сотиш нархини у билан боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга сотишидаги каби йўл билан нарх белгиласа, бу контрагентларнинг ўртасидаги ўзаро муносабатлари қийматга таъсир кўрсатмаганлигини тасдиқлайди.

Агар текширув (таҳлил) сотувчи ва сотиб олувчининг ўзаро боғлиқлиги битим қийматига таъсир қилмаганлигини тасдиқласа, бундай қиймат мақбул деб топилади ва божхона қийматини аниқлаш учун 1-усул қўлланилади. Акс ҳолда 2 - 6-усуллар қўлланилади;

декларантга ёки божхона брокерига ўзаро боғлиқликнинг битим қийматига таъсир этмаганлигини исботлаш имкониятини бериш ва декларант ёки божхона брокери тақдим этган далилларни кўриб чиқиш;

агар божхона органида декларант ёки божхона брокери маълум қилган битим қийматини қабул қилмасликка асослар мавжуд бўлса бундай асосларни ёзма шаклда хабардор қилиш;

декларантнинг ёки божхона брокерининг аризасига биноан шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги битим қийматига таъсири текшируви (таҳлили) натижаларини кутмасдан божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш;

ушбу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини махсус ҳисобга олиш.


82. Божхона органи ўзаро боғлиқликнинг мавжудлиги ва шу жумладан, унинг битим қийматига таъсири юзасидан етарли даражадаги асосли шубҳалар бўлмаганда ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини махсус назорат остига олиб қўйиши мумкин. Бундай назорат ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг бошқа битимларни расмийлаштиришидаги фаолиятини кузатиш учун керак ва шундан кейингина зарур бўлган ҳолатда ва зарур бўлган маълумотлар йиғилганда текширув (таҳлил) ўтказилади.


83. Текширувнинг (таҳлилнинг) ўтказилиши ва ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги битим шароитларини ўрганиш сотувчи ва сотиб олувчининг ўзаро боғлиқлиги аниқланган барча ҳолатларда ҳам амалга оширилмаслиги керак. Бу тарздаги ўрганиш фақат божхона органида қийматнинг қабул қилиниши мақбуллиги юзасидан етарли даражадаги асосли шубҳалар мавжуд бўлгандагина талаб этилади. Қийматнинг қабул қилиниши мақбуллиги юзасидан божхона органида шубҳа уйғонмаганда бундай нарх декларантга ёки божхона брокерига қўшимча ахборотларни сўраб мурожаат қилмасдан қабул қилинади (масалан, агар божхона органи бундан илгари контрагентлар ўртасидаги мавжуд алоқани ўрганган ёки етарли маълумотларга эга бўлса).


84. Битимнинг бир қиймати ёки божхона қийматининг бошқа қийматга қанчалик "жуда яқинлигини" аниқлашда бир қатор омилларни эътиборга олиш керак. Ушбу омиллар импорт қилинадиган товарлар хусусиятини; тармоқнинг ўзига хос хусусиятларини; товар импорт қилинадиган мавсумни, шунингдек, қийматлар фарқи тижорат аҳамиятига эга ёки эга эмаслиги ҳисобга олиши зарур. Мазкур омиллар турли ҳолатларда бир хил бўлмаслиги мумкинлиги сабабли, масалан, қатъий белгиланган фоиз каби, универсал стандартни қўллаш ҳар бир алоҳида ҳолда имконсиз бўлар эди.

Масалан, бир турдаги товарга нисбатан қийматлардаги унча жиддий бўлмаган фарқи мақбул бўлмаслиги мумкин, айни бир вақтда эса бошқа бир хилдаги товарга нисбатан қийматлардаги анча жиддий бўлган фарқи жуда мақбул бўлиб қолиши мумкин.


85. Ҳар бир аниқ ҳолатда махсус текширув (таҳлил) ўтказилиши ва ушбу ишга вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилиниши лозим.



10-БОБ. МОДДИЙ ТАШУВЧИ ОРҚАЛИ ОЛИБ

КИРИЛАДИГАН РАҚАМЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИНГ

БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


86. Моддий ташувчи орқали олиб кириладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қиймати аниқлашда ушбу Низомнинг 3 - 8-боблари қоидалари қўлланилади.


87. Божхона ҳудудига олиб кирилаётган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича ускуналар учун дастурий таъминотни ўз ичига олган моддий ташувчининг божхона қийматини аниқлашда, агар баҳоланаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан дастурий таъминотнинг қиймати ва (ёки) моддий ташувчининг қиймати ажратиб чиқарилса, фақат моддий ташувчининг қиймати ҳисобга олинади.


88. Агар дастурий таъминот моддий ташувчи бўлмаган товарнинг таркибига кирса ҳамда у бундай дастурий таъминотсиз ўзига хос бўлган вазифаларни бажара олмайдиган ушбу товарнинг ишлашига қаратилган бўлса, дастурий таъминотнинг қиймати товарнинг қийматидан ажратиб чиқарилмайди.


89. Рақамли дистрибуция усуллари орқали олиб кириладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қиймати аниқланмайди.



11-БОБ. ДЕКЛАРАЦИЯЛАНМАСДАН ЁКИ

ДЕКЛАРАЦИЯДА НОТЎҒРИ КЎРСАТИЛИБ ОЛИБ

КИРИЛГАН ТОВАРЛАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

АНИҚЛАШ ВА ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


90. Агар қонун ҳужжатларида божхона чегарасидан товарларни декларацияламасдан олиб ўтилиши, бироқ, уларнинг божхона қиймати аниқланиши назарда тутилган бўлса, бундай товарларнинг божхона қийматини аниқлашда ушбу Низомнинг 3 - 8-боблари қоидалари қўлланилади.


91. Божхона чегарасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга хилоф равишда ўтказилаётган товарларнинг божхона қиймати бозор нархидан келиб чиқиб аниқланиши лозим. Бундай товарларнинг божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришда баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланган нарх бўйича божхона қийматини аниқлашда ушбу Низомнинг 76 - 78-бандлари қоидалари қўлланилади.


92. Товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона органлари томонидан товарнинг божхона қиймати миқдорини аниқлаш мақсадида текширув ўтказилиши мумкин, бунда товарларнинг божхона қиймати қайта кўриб чиқилади.


93. Қуйидагилар қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади:

Кодекснинг 320-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар;

товарнинг божхона қийматини маълум қилишда тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларда номувофиқликларнинг мавжудлиги (экспорт, реэскпорт ва транзит давлатларидан олинган товар кузатув ва тижорат ҳужжатларини солиштириш, экспертиза ўтказиш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш натижасида аниқланган ҳолатлар);

ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг қайта таснифланиши натижасида бир товар туридан (номидан) бошқа товар турига (номига) ўтиши.

Ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича божхона қийматини қайта кўриб чиқишга йўл қўйилмайди.


94. Божхона қийматини қайта кўриб чиқиш учун божхона органи бошлиғининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг текширув мақсади, уни ўтказиш муддатлари, текширувчи божхона органи мансабдор шахсларининг таркиби ва текширилаётган давр кўрсатилган қарори асос бўлади.


95. Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона қийматини қайта кўриб чиқилиши айни бир ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) бўйича кўпи билан бир марта ўтказилади.


96. Божхона қийматини қайта ҳисоблаб чиқаришда, божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг ўртача божхона қиймати тўғрисидаги ахборотдан фойдаланади, бундан хорижий божхона органларидан олинган ҳужжат ва маълумотлар асосида ва баҳолаш ҳисоботига мувофиқ божхона қийматини қайта ўрганиш мустасно.


97. Божхона қийматини қайта кўриб чиқилиши давомида қўшимча равишда божхона тўловларининг ҳисобланишига сабаб бўлувчи божхона қийматининг миқдорига таъсир этувчи ҳолат аниқланган тақдирда, божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан уч йил ичида амалга оширилиши мумкин.


98. Божхона қийматини қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра божхона қиймати қайта ҳисоблаб чиқаришни, шунингдек, божхона тўловларининг қайта ҳисобланган суммаси аниқланиши ва улар бўйича қўшимча маблағ ундирилиши ёки ортиқча ундирилган маблағ қайтарилиши мумкин.


99. Божхона қийматини қайта қўриб чиқиш натижасида божхона тўловлари қўшимча ҳисобланганда, агар тўловчининг божхона тўловлари қўшиб ҳисобланишига эътирозлари бўлмаса, Кодекснинг 348-моддасига мувофиқ божхона тўловлари бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома тақдим этилган кун, тўловчи эътироз билдирган тақдирда эса, суднинг божхона тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган сана қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади.


100. Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш Кодекснинг 349, 350, 351 ва 352-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


101. Божхона органлари божхона қиймати қайта кўриб чиқилган ташқи савдо контрактларининг (шартномалари, келишувлари) ҳисобини олиб бориш мақсадида божхона органларининг ахборот тизимида жорий этилган дастур ёрдамида реестрини юритади ва реестрга киритилган ташқи савдо контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича қайтадан текширув ўтказилишига йўл қўйилмайди.



12-БОБ. БОЖХОНА БОЖЛАРИ ВА СОЛИҚЛАР

ТЎЛАШДАН ШАРТЛИ ОЗОД ЭТИЛГАН ҲОЛДА

ВАҚТИНЧА ОЛИБ КИРИЛГАН ТОВАРЛАРНИ

ЭРКИН МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШДА БОЖХОНА

ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


102. Божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни эркин муомалага чиқариш билан якунланган тақдирда товарларнинг божхона қиймати товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган кунда аниқланган божхона қиймат қўлланилади.


103. Вақтинча олиб кириш божхона режимида бўлиш даврида товарнинг табиий тарзда эскириши ёки уни ташиш ва (ёки) сақлашнинг нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгариши, шунингдек, авария ёхуд енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида шикастланган ёки бузилган ва декларант ёхуд божхона брокери томонидан божхона органига ушбу ҳолатларга тааллуқли бўлган тақдим этиладиган маълумот тўғри ҳамда ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни тақдим этса, бундай товарларнинг божхона қиймати уларни эркин муомалага чиқаришда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


104. Товарларнинг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланган нарх бўйича божхона қийматини аниқлашда ушбу Низомнинг 76 - 78-бандлари қоидалари қўлланилади.



13-БОБ. АВАРИЯ, ЕНГИБ БЎЛМАС КУЧ ТАЪСИРИ

ОҚИБАТИДА ЁКИ НОМАЪЛУМ САБАБЛАРГА КЎРА

ШИКАСТЛАНИШИ ЁХУД БУЗИЛИШИ, ЯРОҚСИЗ

ҲОЛАТГА КЕЛИШИ, ЙЎҚОЛИШИ ВА КАМОМАДИ

АНИҚЛАНГАН ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


105. Декларант ёки божхона брокери декларацияланадиган товарнинг божхона қиймати маълум қилингунига қадар аниқланган товар туркумининг авария, енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида ёки номаълум сабабларга кўра шикастланиши ёхуд бузилиши, яроқсиз ҳолатга келиши, йўқолиши, камомади ҳажмларига мос бирликка келтирилган божхона қийматини маълум қилиш ҳуқуқига эга. Бундай аниқланган ҳолатлар экспертиза хулосаси, божхона кўриги далолатномаси ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарт.


106. Мазкур товарларнинг божхона қиймати баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомнинг 76 - 78-бандларида назарда тутилган тартибда тўлиқ ёки шундай шикастланиши ёхуд бузилиши, яроқсиз ҳолатга келиши, йўқолиши, камомади аниқланган қисми учун аниқланади.


107. Агар мазкур товарлар етказиб бериш шартларига мувофиқ суғурталанган бўлса, бундай суғурталаш қиймати кўрсатилган ҳужжатлар божхона органига тақдим этилиши шарт ва улар аниқланадиган божхона қийматига қўшилади.



14-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ ТЎЛАШ

БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

ТОВАРЛАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


108. Олиб кириладиган товарга божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар қўлланилаётганда уларнинг божхона қиймати ушбу Низомнинг 3 - 7-боблари қоидаларига мувофиқ маълум қилинмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 8-боби қоидалари қўлланилади. Бундай товарларнинг божхона қиймати божхона юк декларациясида маълум қилинади.


109. Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар нотўғри қўлланилган ёки мақсадсиз фойдаланилган деб топилган тақдирда, божхона расмийлаштируви вақтида аниқланган божхона қиймати асосида божхона тўловларини тўлаш мажбурияти тикланади ва божхона қиймати қайта кўриб чиқилмайди.



15-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


110. Маълум қилинган божхона қийматини текшириш зарурати юзага келганда, шу жумладан, қўшимча ахборотнинг олиниши товарни ушлаб туриш учун асос бўла олмайди.


111. Божхона органи декларантга ёки божхона брокерига маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш учун қўшимча муддат бериши мумкин, бундай муддат Кодекснинг 321-моддаси тўртинчи хатбошида назарда тутилган олтмиш календарь кунидан ошмаслиги керак.


112. Божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда улардаги маълумотлар тўғрилиги учун декларант ёки божхона брокери жавобгар бўлади.


113. Божхона қиймати декларацияси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар божхона органига ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тақдим этилади. Бошқа тилда тўлдирилган ҳужжатлар божхона органига декларант томонидан тасдиқланган ўзбек, рус ёки инглиз тилидаги таржимаси билан бирга тақдим этилиши керак.

Ҳужжатлар асл нусхада ёки декларант томонидан тасдиқланган нусха кўринишида тақдим этилади.

Электрон божхона қиймати декларацияси ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар божхона органларига белгиланган формат ва тузилишга мувофиқ тақдим этилиши лозим.

Агар илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон формати белгиланмаган бўлса, ушбу ҳужжатларнинг сканер қилиш орқали олинган нусхалари тақдим этилади.


114. Божхона органлари электрон божхона расмийлаштирувини амалга оширишда олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини назорат қилиш мақсадида хавфни бошқариш ҳамда божхона қийматининг эҳтимолий диапазонини автоматик ҳисоблаб чиқадиган ахборот тизимлари, шунингдек, бошқа ахборот тизимларидан фойдаланади.

Ушбу тизимлар томонидан автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) энг кўп импорт қилинган товарлар бўйича уларнинг энг қуйи нархлари, шу жумладан асосий таркибини ташкил этувчи хомашё нархидан паст бўлмаган индикатив нархлар шакллантирилади.

Олиб кириладиган товарларнинг божхона қиймати хавфни бошқариш ахборот тизими орқали назорат қилинишида индикатив нархлардан фойдаланилиши мумкин.

Бунда, товарнинг божхона қиймати биринчи навбатда декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этиладиган тегишли маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқпанган ахборотга асосланган ҳолда аниқланади.

115. Декларант ёки божхона брокери божхона органининг қароридан норози бўлганда, у юзасидан юқори турувчи божхона органлари ёки судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


116. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Ички бозордаги шаклланган айнан бир хил

ёки ўхшаш товарларнинг нархларини

ўрганиш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА

Ушбу далолатнома биз

томонидан


(божхона органи ходими Ф.И.О., иш жойи, лавозими)


(ваколатли шахс Ф.И.О., иш жойи, лавозими, ишончнома асосида бўлса рақами ва санаси)

иштирокида

(декларацияловчи шахс (бошқа шахс ва эксперт) Ф.И.О., иш жойи, лавозими, ишончнома асосида бўлса рақами ва санаси)



да

(йил, кун, ой)



(ўрганиш жойи номи (бозор,савдо дўкони, муқобил манба))

ўрганиб чиқилди ва куйидагилар аниқланиб, тузилди:

Т/р

Товар номи (модел, маркаси ва бошқалар)

Товар бирлигининг ички бозорда сотилиш қиймати

Товар бирлигининг ички бозорда сотилиш

миқдори

Товарнинг ички бозорда сотилишдаги ўлчов бирлиги

Товарнинг ТИФ ТНга мувофиқ ўлчов бирлиги






_________________________________

_________________________________


_________________________________


(божхона органи ходими лавозими)

(Имзо)


(Ф.И.О.)





































_________________________________

_________________________________


_________________________________


(ваколатли шахс лавозими)

(Имзо)


(Ф.И.О.)





































_________________________________

_________________________________


_________________________________


(декларацияловчи шахс лавозими)

(Имзо)


(Ф.И.О.)





































_________________________________

_________________________________


_________________________________


(Бозор ва (ёки) савдо дўкони номи ва жойлашган ҳудуди ва шахснинг лавозими)

(Имзо)


(Ф.И.О.)






Низомга

2-ИЛОВА



Олиб кириладиган товарнинг божхона

қийматини аниқлашнинг 4-усул асосидаги

6-усулни қўллаш бўйича

ТАВСИЯЛАР


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сарфланган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, 4-усул асосидаги 6-усул билан божхона қийматини аниқлаш учун иқтисодий-математика усулларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилган баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ эксперт баҳолаш қўлланилишига йўл қўйилади. Бунда товар бирлигининг божхона қиймати аниқланиб, кейинчалик бутун туркумнинг божхона қиймати қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Божхона тўловларининг адвалор (фоиздаги) ставкалари белгиланган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун мисол қуйидаги тарзда шакллантирилади:

Қисқартмаларни белгилаймиз:

Бқ - товар бирлигининг божхона қиймати;

Сн - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи марта сотилган мазкур товар бирлигининг қиймати.

Товар бирлигининг қийматидан (Сн) божхона ҳудудида амалга оширилган қуйидаги харажатлар чегирилади:


1. Импорт божхона божи (Бб). Бб = к*Бқ, бунда к - импорт божхона божи ставкаси коэффициенти. Масалан, бож ставкаси 10 фоиз бўлса, коэффициент 0,1 га тенг. Бошқа турдаги тўловлар коэффициентлари ҳам шу тартибда аниқланади.

Божхона божи коэффициентини аниқлашда тариф преференциялари инобатга олинади.


2. Акциз солиғи (Ас). Ас = т*Бқ, бунда т - акциз солиғи ставкаси коэффициенти.


3. Қўшилган қиймат солиғи (Ққс). Ққс = п*(Бқ+к*Бқ+т*Бқ) формуласи бўйича аниқланади, бунда n - КҚС ставкаси коэффициенти.


4. Товарни биринчи марта қайта сотишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинадиган тижорат фойдаси (Тф).

Тф = р*(Бқ+Бб+Ас+Ққс),

бунда р - тижорат фойдаси коэффициенти.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги транспорт ва бошқа харажатлар (Тбх).

Тбх = г*(Бқ+Бб+Ас+Ққс), бунда r - транспорт ва бошқа харажатлар коэффициенти.

Олиб кириладиган товар бирлиги божхона қиймати:

Бқ = Сн - Бб - Ас - Ққс - Тф - Тбх

Сн = Бқ+Бб+Ас+Ққс+Тф+Тбх.

Тенгламага Бб, Ас, Ққс, Тф, Тбх маълумотлари кўрсаткичларини киритамиз ва Сн = Бқ*[(1+к+т)*(1+п)]*(1+р+г) олинади;

Демак,

Бқ =

Сн


[(1 +k+m) * (1 +n)] * (1 +p+r)


    

Қулайлик учун [(1+к+т)*(1+п)]*(1+р+г) коэффициентини харажатлар умумий коэффициенти деб номлаймиз ва Ухк1 ҳарфлари билан белгилаймиз. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарнинг биринчи марта сотилиши нархи тўғрисида маълумотлар бўлганда ҳар бир товар тури учун умумий харажатлар коэффициентини ҳисоб-китоб қилишга эътибор берилади:

Бқ = Сн / Ухк1.


1-мисол. Улгуржи бозорда бир дона чарм куртканинг қиймати шартли равишда 5 000 000 сўм туради, божхона божи ставкаси - 20%, бироқ товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлганлиги ҳамда тариф преференцияси қўлланилмаганлиги сабабли божхона божи ставкаси икки баробар миқдорда белгиланади (к = 0,4), акциз солиғи - белгиланмаган (m = 0), ҚҚС - 15% (n = 0,15).

Тижорат фойдаси шартли равишда ҚҚС ставкасига тенг деб қабул қилинади - 15% (р = 0,15), транспорт ва бошқа харажатлар - 5% (r = 0,05)га тенг. Божхона қийматини аниқлаш учун:


1) Мазкур турдаги товар учун умумий харажатлар коэффициентини аниқлаймиз:

Ухк1 = [(1+к+т)*(1+п)]*(1+р+г).

Қийматларни қўйиб, қуйидагини оламиз:

Ухк1 = [(1+0,4+0)*(1+0,15)]*(1+0,15+0,5) = 1,9;


2) Божхона қийматини аниқлаймиз:

Бқ = 5 000 000/1,9 = 2 631 578,95 сўм.

Яъни олиб кирилган бир дона чарм куртканинг қиймати тахминан 2 631 578,95 сўмни ташкил қилади.

Изоҳ: ҳисоблаш тескари усул билан текширилса уч фоизгача янглишишга йўл қўйилади.


2-мисол. Улгуржи бозорда бир килограмм шакар маҳсулотининг қиймати шартли равишда 5 760 сўм. Бунда божхона божи ставкаси - 20%, бироқ товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлганлиги ҳамда тариф преференцияси қўлланилмаганлиги сабабли божхона божи ставкаси икки баробар миқдорда белгиланади (к = 0,4), акциз солиғи - 20% (m = 0,20), ҚҚС ва тижорат фойдаси - 15% (n = р = 0,15), транспорт ва бошқа харажатлар - 5 фоиз (r = 0,05)га тенг.

Божхона қийматини аниқлаш учун:


1) Мазкур товар тури учун умумий харажатлар коэффициентини аниқлаймиз.

Ухк1 = [(1+к+т)*(1+п)]*(1+р+г) =

= [(1+0,4+0,2)*(1+0,15)*(1+0,15+0,05) = 2,2;


2) Божхона қийматини аниқлаймиз:

Бқ = Сн / Ухк1

Бқ = 5 760/2,2 = 2 618,18

Бир килограмм шакар маҳсулотининг божхона қиймати тахминан 2 618,18 сўмга тенг.

Товарларнинг специфик хусусиятлари, божхона божи, солиқ ва йиғим ставкалари турларининг ўзгариши ва янгилари жорий этилиши муносабати билан божхона органлари олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 4-усул асосидаги 6-усулни қўллаш бўйича янги тавсиялар ишлаб чиқади ва ушбу тавсиялар божхона қийматини аниқлашда барчага татбиқ этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 апрель










































Время: 0.1807
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск