ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Геодезия ва картография /

Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.04.2022 й. 183-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 14 апрелдаги

183-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат геодезия назоратини амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

     

    

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) - ахборотни қайд этиш тури ва усулидан қатъи назар, геодезия ва картография фаолияти амалга оширилаётганда олинган геодезия, нивелир, гравиметрия ўлчовларининг, аэрокосмик ва картографик тасвирларнинг барча якуний ва оралиқ натижалари;


геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) экспертизаси - геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек, геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришнинг техник лойиҳалари (дастурлари) талабларига мувофиқлигини аниқлаш;


геодезия ва картография фаолияти субъектлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда - Кадастр агентлиги), Мудофаа вазирлиги, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар, геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) сақловчи юридик ва жисмоний шахслар;


давлат геодезия назорати - геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ваколатли органлар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи.


3. Давлат геодезия назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш, давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини таъминлаш давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари ҳисобланади.


5. Кадастр агентлиги - геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда - махсус ваколатли давлат органи) ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги геодезия ва картография фаолияти субъектлари бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Махсус ваколатли давлат органи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларга методик ва бошқа ёрдам кўрсатади.


7. Махсус ваколатли давлат органи геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик юзасидан профилактик тадбирларни амалга оширади.


8. Махсус ваколатли давлат органи томонидан геодезия ва картография соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар давлат геодезия назоратини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органининг асосий вазифалари ҳисобланади:

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига, геодезия ҳамда картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;

геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш;

давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини назорат қилиш.


10. Махсус ваколатли давлат органи давлат геодезия назоратини амалга оширишда ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат қилади;

картографияга доир материалларда ҳамда бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси ва ҳудуди тўғри акс эттирилганлиги устидан назорат қилади;

геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатдан ўтказади;

геодезия пунктларини ҳисобга олади;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан давлат картография-геодезия фонди ҳамда идоравий картография-геодезия фондлари материалларининг (маълумотларининг) сақланиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари давлат тизимларининг ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори, маҳаллий координаталар ҳамда бошқа координаталар тизимларининг қўлланилиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилиши, шунингдек, бу субъектларнинг ушбу фонддан олган материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиши устидан назорат қилади;

геодезия ва картографияга оид бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларга доир талабларни белгилайди;

геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлар навбатчи харитаси юритилишини назорат қилади;

рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига амал қилинганлигини доимий назорат қилади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11. Геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни ташкил қилиш тартиби ҳамда давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ГЕОДЕЗИЯ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ

ОРГАНИНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИ


12. Давлат геодезия назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.


13. Давлат геодезия назорати Кадастр агентлигининг қуйидаги мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади:

Кадастр агентлиги директори - геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори;

Кадастр агентлиги директори ўринбосари - геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспекторининг ўринбосари;

Кадастр агентлигининг геодезия назоратига масъул бошқармаси бошлиғи - геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг катта давлат инспектори;

Кадастр агентлигининг геодезия назоратига масъул бошқармаси ходимлари - геодезия назорати бўйича давлат инспекторлари.


14. Давлат геодезия назоратини амалга оширишда Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлими мутахассислари жалб қилиниши мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ ГЕОДЕЗИЯ НАЗОРАТИ

ТАДБИРЛАРИ ИШТИРОКЧИЛАРИ, УЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахслари, геодезия ва картография фаолияти субъектлари (уларнинг вакиллари) давлат геодезия назоратининг иштирокчилари ҳисобланади.


16. Давлат геодезия ва картография фаолияти соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

геодезия ва картография ишлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмасдан ёхуд фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда олиб борилаётган бўлса, ушбу ишларни белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш;

геодезия ва картография ишлари ҳамда топография хариталари, режалари, геодезия пунктлари координатлари ва баландликлари тўғрисидаги маълумотларни сақлаш билан боғлиқ хоналарга белгиланган тартибда кириш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари раҳбарлари ёки мансабдор шахсларига геодезия ва картография ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш, шунингдек, ушбу ишларни бажариш ва аэрокосмик суратга олишлар натижалари бўйича олинган материаллар (маълумотлар)ни тўплаш, ҳисобини юритиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

давлат геодезия назоратини амалга ошириш билан боғлиқ текширишларни ўтказиш учун экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектларидан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур ахборотларни сўраб олиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектларининг геодезия ва картографияга доир ахборот ресурслари, географик ахборот тизимлари, маълумотлар (геомаълумотлар) базалари, реестрларидан фойдаланиш, улардан маълумотлар ва (ёки) ахборотларни текин олиш;

рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига жисмоний ва юридик шахсларнинг риоя этишини текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган, қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;

рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахслардан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида геодезия ва картография фаолияти субъектлари йўл қўйган рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига доир қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;

геодезия ва картография фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида, шунингдек, фаолиятини (ҳаракатларини) амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида судга ариза бериш;

рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима солиш тўғрисида судга ариза бериш;

рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатларни амалга ошириш учун судга давлат божи тўламасдан аризалар бериш.

Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:

давлат геодезия назорати амалга оширилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга текшириш ўтказиш махсус гувоҳномасини кўрсатиш;

юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилини ёхуд жисмоний шахсни давлат геодезия назорати мақсади ва уни амалга ошириш асослари билан таништириш;

юридик ва жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

ўтказилган давлат геодезия назорати натижаларини далолатнома (кейинги ўринларда - далолатнома) билан расмийлаштириш ва бир нусхасини юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга тақдим этиш.

Махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахсларининг зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


18. Давлат геодезия назоратини ўтказишда геодезия ва картография фаолияти субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат геодезия назорати инспекторларининг назорат масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;

давлат геодезия назоратини ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

давлат геодезия назорати инспекторининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;

давлат геодезия назорати материаллари билан танишиш ва далолатномани олиш;

текширишларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзувлар киритилишини (ёки электрон тизимда қайд этилишини) талаб қилиш;

давлат геодезия назорати инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.

Геодезия ва картография фаолияти субъектлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Давлат геодезия назоратини ўтказишда геодезия ва картография фаолияти субъектлари қуйидагиларга мажбур:

давлат геодезия назорати билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;

давлат геодезия назоратини ўтказаётган давлат геодезия назорати инспекторларига текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот жисмларида сақланадиган, ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш;

давлат геодезия назорати инспекторининг талабига кўра геодезия ва картография фаолиятига оид шартномалар, шартномада кўрсатилган ишларни бажарилганлигини, техник лойиҳа ва ҳисоботлар, зарур ҳолатларда бажарилган ишлардан намуналар кўрсатиш.

Геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



5-БОБ. ДАВЛАТ ГЕОДЕЗИЯ НАЗОРАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


20. Давлат геодезия назорати "Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


21. Махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат геодезия назорати қуйидаги асосларга кўра белгиланган тартибда ўтказилади:

геодезия ва картография ишларини рўйхатдан ўтказилмаганлиги;

картография материалларида ва бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини нотўғри акс эттирилганлигини;

геодезия ва картография фаолиятининг субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритилмаганлиги;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилишини таъминламанганлиги;

давлат геодезия тармоғи пунктларининг қайта тикланишини таъминлаш бўйича тадбирларнинг бажарилмаганлиги;

рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига амал қилинмаганлиги;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилмаганда;

геодезия ва картография фаолияти субъектларининг давлат картография-геодезия фондидан олинган материаллардан (маълумотлардан) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилмаганлиги аниқланганда;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг геодезия тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги асосланган мурожаатларига мувофиқ;

оммавий ахборот воситалари ёки бошқа ташқи манбаларда (ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда) геодезия ва картографияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан геодезия ва картографияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда;

назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизими орқали ҳуқуқбузарликлар аниқланганда.


22. Давлат геодезия назорати махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғига асосан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу назоратни амалга ошириш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.


23. Агар давлат геодезия назоратида махсус ваколатли давлат органининг икки ёки ундан ортиқ назоратчи мансабдор шахслари қатнашганда, буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган мансабдор шахс назорат жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга жавобгар шахс ҳисобланади.


24. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари давлат геодезия назорати тадбирларида ўз ваколатлари доирасидан четга чиқмаслиги ҳамда назорат предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилмаслиги лозим.


25. Геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) қалбаки ёки сохталиги ҳақида шубҳа туғилган ҳолларда, давлат геодезия назоратини амалга ошираётган махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан уларни ҳақиқийлиги ёки тўғрилигига аниқлик киритиш мақсадида олиб қўйилиши мумкин.


26. Ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан баённома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

баённома тузилган вақти ва жойи;

баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

ҳужжатлари олиб қўйилган шахс тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахс номи, унинг мансабдор шахси ёки ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган вакили ёхуд жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили ва шу кабилар);

ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, агар улар бўлса;

олиб қўйилаётган ҳужжатнинг номи (мазмуни), санаси, рақами, уни қабул қилган (расмийлаштирган) орган, ташкилот номи ҳамда ҳужжатнинг варақлари сони.

Ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома икки нусхада расмийлаштирилади ва унинг бир нусхаси юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга имзо қўйдириб топширилади.

Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс ҳужжатлар олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани имзолаш ва (ёки) олишдан бош тортган ҳолларда, бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади ва юридик ёки жисмоний шахсга почта орқали буюртма хат билан юборилади.


27. Давлат геодезия назорати доирасидаги ҳаракатларни юридик ёки жисмоний шахс рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ёхуд назорат тадбири ўтказилаётган жойнинг ўзида расмийлаштириш имкони бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки махсус ваколатли давлат органининг биносида расмийлаштирилиши мумкин.


28. Давлат геодезия назоратини ўтказишда зарур ҳолларда белгиланган тартибда малакали мутахассислар ва таржимонлар жалб этилиши, шунингдек, экспертиза тайинланиши мумкин.


29. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги буйруқ махсус ваколатли давлат органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан давлат геодезия назорати инспекторининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.


30. Малакали мутахассислар ва таржимонни жалб қилиш учун махсус ваколатли давлат органи томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилинади.


31. Малакали мутахассислар ва таржимонлар шартнома асосида махсус ваколатли давлат органининг маблағлари ҳисобидан жалб қилиниши мумкин, маблағ ажратиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.


32. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан давлат геодезия назорати натижалари бўйича қуйидагилар кўрсатилган ҳолда камида уч нусхада далолатнома тузилиши керак:

назорат тадбири ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана;

назорат тадбири ўтказиш учун асос;

назорат тадбирини ўтказган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг манзили ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик оқибатларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма.

Далолатномага махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахси томонидан геодезия назорати тадбирида олинган фотосуратлар, видеоёзувлар ва бошқа материаллар илова қилинади.


33. Давлат геодезия назоратини ўтказиш натижасида геодезия ва картография тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилишлари аниқланмаган бўлса, бу ҳақида далолатномада қайд этилади.


34. Далолатноманинг барча нусхалари махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан имзоланади ҳамда унинг бир нусхаси юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.


35. Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс далолатномани олишдан бош тортганда, далолатномага тегишли ёзув киритилади ва унинг бир нусхаси юридик ёки жисмоний шахсга уч иш кунидан кечиктирмасдан почта орқали буюртма хат билан юборилади ва юборилганидан эътиборан уч кун ўтгач, топширилган ҳисобланади.


36. Давлат геодезия назорати ўтказилган шахс (унинг вакили) далолатномада баён этилган ҳолатларга ва (ёки) текширувчиларнинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, далолатномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида Кадастр агентлигига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.


37. Геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда ваколатли органга топширишга ҳақли.


38. Далолатнома геодезия ва картография фаолияти субъектига топширилган кун ёки унга юборилган кун давлат геодезия назорати тадбири якунланган вақт деб ҳисобланади.


39. Далолатнома махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши лозим.


40. Давлат геодезия назоратини ўтказиш материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


41. Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун геодезия ва картография фаолияти субъектининг раҳбари ҳамда мансабдор шахси ёки жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, ваколатли органнинг геодезия назоратини амалга оширган мансабдор шахси аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Давлат геодезия назорати натижасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш тааллуқлилиги бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш пайтида махсус ваколатли давлат органи (мансабдор шахси) томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келинган тақдирда, тегишли материаллар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


43. Махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек, давлат геодезия назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар фаолиятига асоссиз аралашиш ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва бу қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


44. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Давлат геодезия назоратини амалга ошириш

СХЕМАСИ

         

     

Босқичлар

   


      

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

      


     

Бажариш

муддатлари

     








1-босқич


      

Махсус ваколатли

давлат органи

      


Давлат геодезия назоратини амалга оширади.


Доимий











2-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


    

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилгандан сўнг, давлат геодезия назоратини амалга ошириш тўғрисидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи қабул қилинади.

     


Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши кузатилганда











3-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


         

Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари давлат геодезия назоратини амалга оширади ва натижалари бўйича далолатнома тузади.

    


10 иш куни

мобайнида











4-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


       

Далолатномани имзолайди ҳамда унинг бир нусхасини юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширади.

       


1 иш куни

мобайнида











5-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


       

Юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёхуд жисмоний шахс далолатномани олишдан бош тортганда, далолатномага тегишли ёзувни киритади ва унинг бир нусхасини юридик ёки жисмоний шахсга почта орқали юборади.

     


3 иш кунидан

кечиктирмай











6-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


        

Рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳуқуқбузарликлар "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ кўриб чиқилади.

       


Белгиланган

тартибда








7-босқич


Махсус ваколатли

давлат органи


         

Геодезия соҳасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чорасини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига мувофиқ амалга оширилади.

       


Белгиланган

тартибда

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 апрель






















































Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск